AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360
10,318/4,529
– 37
58/50
|
"Улуғ ва садоқатли муҳаббат". Хотиралар, Марям Ёқубова, Искандар Ёқубов
|
|
Цитата:
Ижод тайёргарлиги
Одил ака ўзларига қулай, тинч жойда ишлайверардилар. Бир парча оқ қоғоз ва биргина қалам бўлса бас. «Мен энди ижод билан шуғулланаман», дея бориб ўтирадиган алоҳида белгиланган ўринлари бўлмасди, жой танламасдилар. Фақат битта нарсани яхши кўрардилар: ижод вақтида осойишталик ҳукм сурса, атрофда чанг, бесаранжонлик сезилмаса бўлгани. Айрим вақтларда рўзғор ишлари билан овора бўлиб, стол чангини артишни унутсам, ишга ўтиришдан олдин уни ўзлари ҳафсала билан артардилар. Эътиборсизлигим учун танбеҳ бермас ёки бировимизга «Буни артиб қўй!» – демасдилар.
Тонг саҳар соат бешларда туриб, ўн беш-йигирма дақиқа бадантарбия қилардилар. Болаларни ҳам бунга мажбурлардилар. Сўнгра бир коса қайнатилган илиқ сувга озгина асал солиб, обдон эзиб эритар, уни аста, бўлиб-бўлиб, симириб-симириб ичардилар. Сўнгра соқолларини тоза қиртишлаб, кейин столга ўтирардилар. Дам олиш кунларида ҳам одатларини канда қилмасдилар. Соқоллари ўсиб, дарвешнамо юрганларини бирон марта кўрмаганман. Уйдан ташқарига чиқиш режалари бўлмаса ҳам одатдагидай эрталабдан ювиниб, соқолларини қиртишлаб, покиза бўлиб ижодга шўнғирдилар. Яхши асар ёзиш учун ёзувчи маънан, жисмонан ва руҳан бақувват бўлиши кераклигини яхши тушунардилар. Ижод қилиш учун ажратилган эрталабки соат 5 дан то 8 гача вақтларини ҳеч кимга бермасдилар. Жуда қизғанардилар. Зарурат бўлмаса, наҳорги ошларга бормасдилар. «Эрта тонгда асаблар ором олган, яхши ҳордиқдан кейин ақл янада пешланган, руҳ енгил, иштиёқ баланд бўлади»,– дердилар.
Одил ака тинмай ижод қилардилар. Одатларига кўра, тонгда бир оз ҳовлида айланиб келгач, ишга кетгунга қадар ҳам столга мук тушиб ишлардилар. Ижодга шунчалик шўнғирдиларки, бир неча марта нонуштага чақирсам ҳам ўрниларидан қўзғалмасдилар. Тонгги ижоддан кўнгиллари тўлгач, ёзиб ўтирган асарларининг бирон бобини папка ёки газета ичига жойлаб ишга кетардилар. Кетаётиб қўлимга тайёр қўлёзмаларни тутардилар. Қўлёзмаларни машинкада тердириш, устидан ўқиб, зарур жойларини тўғрилаш каби ишлар менинг зиммамда эди. Мен бундай масъулиятли ишни сидқидилдан бажарардим. Адибнинг сиёҳи қуримаган ижод намуналарини илк бор ўқиш мен учун жуда завқли эди.
«Бир жойда ўтиравериб бўғимларимиз ўз вазифасини унутиб қўймаслиги керак», – дея бир кунда икки ярим – уч чақирим пиёда юришни ҳам канда қилмасдилар. Бу сайру саёҳат давомида хаёлларида ёзилажак асарнинг хомаки нусхаси пишиб етиларди. «Кечқурунлари ишлашнинг хосияти камроқ», – десалар-да, барибир, ҳар куни кечда ҳам икки-уч соат ишлардилар.
1958 йили «Айтсам тилим куяди, айтмасам дилим» пьесасини ёзиб тугатдилар. Бу асар ҳам Ўзбек Миллий академик драма театрида муваффақиятли қўйилди. Ўша йилнинг охирларида Одил ака Мос¬квада чоп этиладиган «Литературная газета»нинг Ўзбекистон бўйича махсус мухбири лавозимида иш бошладилар. Газетанинг топшириқларини бажариш баробарида Ўзбекистоннинг барча вилоятлари, туманлари, ҳатто хўжаликларини айланиб чиққанлар, десам муболаға бўлмайди. Самарқанддан қайтган кунлари эртасига Хоразмга, у ердан қайтиб, Фарғона водийсига кетардилар. «Қадамим етмаган биронта хўжалик қолмади-ёв, чамамда», дердилар ҳар гал хизмат сафаридан қайтганларида. Улар шундай сафарлар чоғида ўша жойда яшайдиган аҳолининг турмуш тарзини ўрганар, одамлар билан самимий суҳбатлашар, янги асарлари учун мавзу ва қаҳрамонлар топиб келардилар. Ўйлайманки, бўлажак асарлари ана шу тинимсиз меҳнат, «югур-югурлар»нинг меваси эди.
|
|