Моё меню Общее меню Сообщество Правила форума Все прочитано
Вернуться   uForum.uz > ТЕМАТИЧЕСКИЕ ФОРУМЫ > Образование > Ижод хусусида сўз
Сообщения за день Поиск
Знаете ли Вы, что ...
...для каждой темы существует свой раздел. Изучите структуру форума. Если соответствующего раздела нет, то всегда есть раздел "Разное" :)
<< Предыдущий совет - Случайный совет - Следующий совет >>

Ижод хусусида сўз Ижод аҳли, уларнинг ғояси, ҳаёт қараши, мақсадлари, ютуқлари, орзу ва армонлари.... (Все о творчестве, о людях творчества, их идеях, взглядах, достижениях и целях, мечты…)


Ответить

 
Опции темы Опции просмотра
Старый 26.01.2016 15:43   #241  
Аватар для Asror Samad
Оффлайн
нафақахўр
филология фанлари номзоди, ёзувчи
Сообщений: 52
+ 111  50/19
– 0  1/1

Uzbekistan
АДИБНИНГ ТУҒИЛИШИ

Цитата:
“Санъатда... ижодкорнинг қалби ҳаётдан олинган қўғирчоққа жон ато этади, уни тирилтиради. “Қандай қилиб тирилтиради?” – деб сўрарсиз. Мен буни билмайман ва ўйлайманки, буни ҳеч ким билмайди, ҳатто санъаткорнинг ўзи ҳам ҳар қанча тиришмасин, буни сизга аниқ-таниқ тушунтириб беролмаса керак. Ва яна ўйлайманки, шу сир ижодга, санъаткорга алоҳида бир фавқулоддалик, ақл бовар қилмайдиган сеҳру жоду, оташнафаслик, борингки, истасангиз, алланечук илоҳийлик бахш этади. Ахир, биз ҳазрат Алишер Навоийни, ёхуд ҳазрат Аҳмад Яссавийни ўзимиз билан бир сафга қўйиб, уларни жўн, ўзимиз қатори одамлар дея олмаймиз-ку! Буни хаёлга келтиришнинг ўзи алланечук осийлик, ғалати бир шаккоклик бўлмайдими? Шундай экан, замондош адибу шоирларимизга ҳам бу иборани қўллашдан чўчимайлик” (Озод Шарафиддинов, “Эл ардоқлаган адиб” мақоласи).
Яна Гегелнинг истеъдод илоҳий неъматдир, деган гапига қайтишга мажбурмиз. Модомики, ҳамма нарсадан олдин Сўз яратилган экан, шу Сўзнинг сирли оҳанглари ва маъноларидан фойдаланган ва умуман касби сўз билан боғлиқ бўлган санъаткорлар илоҳий неъматнинг маҳсулларидир.
Яна шу нарсани таъкидлаш керакки, ҳар бир тасвир, ҳар бир деталь асар воқеасига боғланган бўлиши лозим. Агар тасвир асар воқеасига, персонажлар ҳолатига мос келмаса, у тасвир қуруқ ва кераксиз бўлиб қолиши табиий. “...“Тез ёрдам” машинаси қизил чироғини липиллатганча фарёд солиб ўтди. Қор тумани орасида унинг ноласи анчагача акс-садо бериб турди. Кейин “Меҳмонхона – Тошкент” деган пушти ранг чироқ ёниб турган бинодан қаҳ-қаҳа товуши, жаз садоси янгради” (“Қалбингга қулоқ сол” қиссаси).
Ёзувчи бу тасвир орқали бўлажак бир нохуш воқеага китобхонни тайёрлайди. Кўпгина детектив жанрдаги асарларда тасвир бўлмайди, воқеалар кетма-кетлиги ва шиддати тасвирга йўл қўймаса керак, шунинг учун ҳам детектив асарларнинг аксарияти бир ўқилгандан кейин эсда қолмайди. Тасвир эса, таъбир жоиз бўлса, асарнинг жилосидир.
Агар адибда ҳофиза қуввати бўлмаса, нозик таъб ва ингичка ҳиссиётнинг ўзи иш бермайди. Бинобарин, у кузатганларини, бошидан ўтганларини, ўзи гувоҳи бўлган воқеаларни, борингки, ўқиганлари ва эшитганларини хотирасида мустаҳкам сақлаши керак. Аммо ҳофиза қуввати эси паст одамдан ташқари ҳаммада бўлиши мумкин ва улар ўз хотираларини сўзлаб бераверадилар. Аммо уларнинг сўзлаб берганларида бадиий бўёқлар бўлмайди. Сўз санъаткорининг ҳофиза қуввати шу билан фарқ қиладики, у эсида сақлаб қолган воқеа-ҳодисаларга бадиий жило бериб, уни гўзал жонлантиради. Масалан, Ўткир Ҳошимов “Тушда кечган умрлар” романида болалагида эшитган воқеаларни хотирасида сақлаган ва уни бадиий жонлантирган. Бинобарин, олдинги фаслда айтдигимиз Носирхон тўра ва Абдуллажон фожиаси кексаларнинг айтиб берган ҳикоясидан Ўткир Ҳошимовнинг хотирасида элас-элас қолган. Унинг болалагида эшитган ҳикояси фабула эди холос. Агар у романга шу фабуланинг ўзинигина олиб кирганда Эшон ота, Қурбоной фожиаларини юрагимиз зирқираб ўқимасдик. Адиб ўзида бор бўлган ингичка ҳиссиёт ва нозик таъби билан фабулани сюжетда жонлантирган ва бадиий баркамол образлар яратган.
Лев Толстой Туркистонда генерал-губернатор бўлиб ишлаган барон Вревскийни Петербургда бир мартагина ҳарбий штабда кўрган, холос. Унинг қиёфасини, одамлар билан муомаласини, ҳодисаларга муносабатини, ҳатто диккайган мўйловини яхши эслаб қолганлиги туфайли ҳам “Анна Каренина“ асарида князь Вронскийни айнан унга ўхшатиб тасвирлаган, лекин унинг ички дунёсини, изтиробларини Толстой нозик таъб ва ингичка ҳиссиёти туфайли китобхонга етказа олган. Вревский Толстой учун, таъбир жоиз бўлса, бир мато эди, холос, аммо бу матодан қандай либос тикиш устасига боғлиқ.
Гоголь учун “Ревизор” комедиясини яратишда Пушкин сохта ревизорлар ҳақида айтиб берган латифа материал бўлиб хизмат қилди. Аммо Гоголнинг тасаввур кучи ва мантиқий фикрлаши ўша даврдаги давлатчиликнинг асос-асосларини фош қила олди.
Тасаввур эса, адибнинг энг муҳим сифати; у кўрганлари ва хотирасида сақлаганлари, тарихий далилларни тарихшунос каби расамади билан ифода этмайди, балки тасаввурида худди табиий манзарадек жонлантира олиши керак ва буни кейинги бобларда Ўткир Ҳошимов ижоди таҳлилида кўра биламиз. Бу ерда шуни айтишимиз керакки, “Икки эшик ораси” ва “Тушда кечган умрлар” романлари учун адибнинг кенг тасаввури ёрдамга келган; ахир, у 30-йиллар воқеасининг гувоҳи бўлмаган, қатағон йилларида ҳали туғилмаган, Иккинчи жаҳон уруши кетаётган даврда гўдак эди. Фақат ўша даврга оид тарихий ва бадиий манбаларни ўқиган. Аммо тасаввурнинг кучи билан кичкина фабулалардан катта бир романни майдонга келтирди. Бинобарин, фабула ўз-ўзидан ҳеч нарса, аммо у сюжетган кўчганда жонли воқелик касб этади. Ўрни келганда шуни айтиш керакки, арава босиб кетган одамнинг ҳолати ва азобларини тасвир қилиш учун Демян Бедний сингари ўзини арава тагига ташлаб кўриш шарт эмас.
Ответить 
Старый 26.01.2016 15:44   #242  
Аватар для Asror Samad
Оффлайн
нафақахўр
филология фанлари номзоди, ёзувчи
Сообщений: 52
+ 111  50/19
– 0  1/1

Uzbekistan
АДИБНИНГ ТУҒИЛИШИ

Цитата:

Тасаввур бобида Ўткир Ҳошимовнинг “Урушнинг сўнгги қурбони“ мисол бўла олади.
Ҳикоя 1972 йилда ёзилган. Назаримда, ёзувчининг бу ва шунга ўхшаган ҳикоялари яратажак романлари учун хамиртуруш эди.
Ҳикоянинг қисқача мазмуни шундай: иккинчи жаҳон урушининг оғир йилларида барча уруш даврларидагидек ўғри кўпайган эди. Ҳикоя қаҳрамони Шоикромнинг бўғоз сигирини жала ёғиб турган кечаси ўғирлаб кетишади. Бу гап ёзувчининг тўқимаси эмас, ҳақиқат. Айниқса, уруш йилларида ва ундан кейинги йилларда ҳам ўғрилар қор ёки ёмғир ёққан кунларда изғишар эди. Даҳлизларда қаторлашиб турган пойабзаллар борми, ҳовли юзасида қолган пақирми, қозонми, ҳатто оташкуракми, нима қўлга илинса, олиб чиқиб кетишарди. Шоикромнинг сигирини ҳам худди шундай кечада олиб чиқиб кетишган. Ҳовлисининг ярмига қулупнай эккан эди. Унга ҳам ўғри тушади. Ўша пайтда бир ҳовуч қулупнайга бир коса жўхори алмашинар экан. Сигири ўғирланганидан алами тарқамаган Шоикром касби монтёр бўлгани учун ошхона қозиғида осилиб турган бир ўрам симни токка улаб қулупнайзорга ташлаб қўяди. Ўзи эса уйга кириб, нақ остонадаги намат устига чўзилиб ётиб олади. Мудраб ётганда бола йиғисиданми ёки кимнингдир фарёдиданми, чўчиб уйғониб кетади. Айвон чироғини ёқиб қулупнайзорга қарайди, кимдир мук тушиб ётганини кўради. Бориб кўрсаки, онаси бир ҳовуч қулупнайни чангаллаганча мук тушиб ўлиб ётибди.
Адиб бу даҳшатли воқеани ўқувчига етказиш учун бутун маҳоратини тасвирга бағишлайди. Аллақачон баҳор сепини ёйса ҳам Шоикром ётган айвондан сандал йиғиштирилмаган. Адиб воқеани ана шу тасвирдан бошлаган. Албатта, танча ичида олов йўқ, сандалнинг ўзигина қўққайиб турибди, холос. Бу тасвирнинг маъноси ғарибликдан далолат беради. Уруш йиллари одамлар очликдан дийдираб туришган, шу ғарибона танча эҳтимол уларнинг паноҳи бўлгандир. Иккинчи жиҳатдан, уй бекасининг шалтоқ хотин эканлигидан хабар бергандек. Буни қуйидаги тасвир қувватлайди:
“Бўз устидан ёпилган, шинни доғи қотган қуроқ дастурхон ҳам, ҳозиргина гўжадан бўшаган сопол товоқ, банди куйган ёғоч қошиқ ҳам унинг кўзига хунук кўриниб кетди“. “Бўз кўрпа“, “қуроқ“, “гўжа“, “сопол товоқ“ сингари сўз ва сўз бирикмалари уруш давридаги аксарият хонадонларни кўз олдимизда гавдалантирса, бошқа тасвирлар уй бекасининг қандоқ хотин эканлигини англатади. Ана шу кичик деталлар орқали хонадоннинг аҳволини кўз олдимизга келтиргач, адиб ярим тун эканлигидан ва узоқларда ит улишидан дарак беради. Бемаҳалда хўрознинг қичқириши, тунда итнинг улиши жуда қадимдан келаётган тушунчалар бўлиб, ҳаёт тажрибасида уларнинг нималардан дарак бериши синалган. Адиб ана шу ҳаётий тажрибанинг нималигини билган ҳолда ит улиши деталини ишлатади ва бу нарса ўлимдан далолат бўлишига ишора қилади. Ана шу ишорани тасдиқлаш учун қуйидаги тасвирни келтиради:
“Айвон тўсинидаги узун михга илиғлиқ хира нур таратади. Чироқ атрофида ўралашган чивинлар бир зум тинмайди. Ҳовлининг ярмигача ариқ тортиб экилган қулупнай пушталари орасида сув ялтирайди“. “Хира нур“, чивинлар, сувнинг ялтираши сингари деталлар ва тасвир давомидаги “Қаёқдандир шамол келди. Ҳовли этагидаги ёнғоқ шохлари бир гувиллаб қўйди“ жумлалари нохушлик бўлишидан далолат бергандек. Катта нохушликнинг даракчилари мана бу тасвирлар: “Урушнинг қора қаноти узоқлаб кетган бўлсаям, эрта-индин Гитлернинг тўнғиз қўпиши кўриниб қолган бўлсаям, ҳамон унинг сояси одамлар бошига кўланка ташлаб турибди“. Чунки урушнинг сўнгги ойларида хонадонларда бот-бот азалар очиладиган бўлиб қолган эди.
Шоикромнинг онаси Умри холанинг “шарпадай унсиз“ юриши, “унсиз одимлар“ ташлаши, “бармоқлари тарс-тарс ёрилиб кетгани“ бўлажак фожиага ўқувчини тайёрлайди. Шоикром онасининг бармоқлари тарс-тарс ёрилиб кетганлигини энди кўриши эди. У онасининг бармоқларига қарганча: “Илгари ҳам шунақамиди, йўқмиди, эслай олмади...“, – деб хаёлидан ўтказади.
Энди мана бу тасвирга эътибор қилинг: (Умри холанинг) “Зинага ечган калишининг бир пойи тўнкарилиб қолган экан“. Шу ўринда Чеховнинг “Саҳнага қўйилган милтиқ отилиши керак“, деган гапи эсга тушади. Ана шу “тўнкарилган калиш“ ҳикоя охирроғида яна такрорланади ва энди уни эгаси ўнглаб киймайди, балки ўзи тўнкарилиб ётган бўлади.
Адиб ҳикояда тасвирдан тасвирга ўтган сари Шоикромнинг руҳий кечинмаларини кучайтира боради, фожиани яқинлаштира боради. Тасвирнинг кучи билан мукаммал ҳикоя яратиш, албатта, адибнинг улкан маҳоратидан далолатдир. Бу ҳикояни ўқир эканман, қайсидир адибларнинг ҳикояларига чоғиштиргим келди. Кимга, Меримегами, Антоновгами, Фолкнергами, Чеховгами, Абдулла Қаҳҳоргами? Йўқ, ҳеч қайси адибнинг бирон ҳикоясига чоғиштириб бўлмас экан, бу айнан Ўткир Ҳошимовнинг ҳикояси, унинг қиёси йўқ.
Хуллас, “...ёзувчи бўлиш учун рангларни рассомдек кўриш, товушларни бастакордек эшитиш, табиатдаги ҳидларни асаларидек сезиш керак” (Саид Аҳмад), воқеликни бутунасига ҳис қилиши ва уни таҳлил қила билиши, таcаввурнинг кенг имкониятларини ишга солиши, замон талабларини ҳушёрлик билан англаши лозим.
Ответить 
Старый 26.01.2016 15:45   #243  
Аватар для Asror Samad
Оффлайн
нафақахўр
филология фанлари номзоди, ёзувчи
Сообщений: 52
+ 111  50/19
– 0  1/1

Uzbekistan
АДИБНИНГ ТУҒИЛИШИ

Цитата:
Танлаш масаласида санъаткорни шартли равишда заргарга тенглаш мумкин; заргар зийнат ясар экан, унинг чиройли ва кўнгилни қувонтирадиган даражада бўлиши учун маъдан тошларни дид билан танлайди; масалан, олмосга жезними, мисними қўшиб зийнат ясаса, ўша зийнат харидоргир бўлмайди. Ёзувчи эса асарга киритилиши мумкин бўлган воқеаларни танлайди. Масалан, “Икки эшик ораси” романи ҳам тарихни, ҳам замонавий ҳаётни бадиий тадқиқ этади. Агар ёзувчи 30-40-йиллар тарихий воқеаларини, у керакми, керак эмасми, олиб кираверганда асар ўқишли бўлмас эди; ёзувчи асарнинг ғояси ва қолипига мос бўлган воқеаларнигина олиб кирган ва натижа ўлароқ роман жаҳоншумул асарлар қаторига кирган.
Воқеаларни баён қилиш ёзувчидан маҳорат талаб қилади. Ўша айтдигимиз нозик таъб ва ингичка ҳиссиёт бунда аҳамиятга эга. Масалан, муҳаббат мавзусига жуда кўп асарлар бағишланган; шеърлардан тортиб достонларгача, ҳикоя- дан тортиб романларгача. Аммо уларнинг орасида қалбни ларзага келтирадиганлари ҳам, китобхонни лоқайд қолдирадиганлари ҳам бор. Айтайлик, бу мавзунинг таъсирли чиқиши, юракни ларзага солиши учун ёзувчининг ширали, образли тили керак, шу тил орқали ҳаяжон ва изтироб, осуда ва воқеаларга бой баён услуби даркор.
Аммо хоҳ адиб бўлсин, хоҳ шоир бўлсин, хоҳ драматург ва санъаткор бўлсин, у китобхон ва томошабин дидига мослашиши ижодининг инқирозга юз тутишига сабаб бўлади. “Ёзувчи индивидларнинг индивиди. У ўз индивидуаллиги даражасидагина индивидуал ўзига хос асар ярата олади. У китобхонга тенглашишга эмас, балки китобхондан баландроқ туришга интилади. Шунинг учун ҳам китобхонни ҳайратга солади, ёзувчи китобхонга эмас, китобхон ёзувчига қараб ҳайрат бармоғини тишлайди ва ўзи илгари кўрмаган, билмаган нотаниш оламларга киради. Китобхон ўрнак излайди. Ёзувчи ўрнак беради...” (Иброҳим Ғафуров, “Ёзувчи ва китобхон” мақоласидан).
Хуллас, истеъдод эгаси ўткир зеҳнга, кучли ҳофиза қувватига, теран билимга, бой ҳаётий тажрибага, кузатувчанликнинг нозик зеҳнига, етук тафаккурга, ширали ва образли тилга эга бўлмоғи керак. “Истеъдодли одам ҳеч қачон бошқалар очган тайёр йўлдан бормайди, у ҳеч қачон ўз ихтиёрини оқимга топшириб қўймайди. Истеъдод — кашф этмоқ, турфа хил йўлларию сўқмоқлари сероб санъат мулкида ўз йўлини барпо этмоқдир” (Озод Шарафиддинов, “Эл ардоқлаган адиб”).
Адибнинг “Дафтар ҳошиясидаги битиклар” китобида: “Қаламкашга қишлоқнинг қалби, шаҳарнинг ақли керак”, дейди. Агар ёзувчининг бу гапини кенгроқ изоҳлаганда қуйидаги маънолар келиб чиқади:
қишлоқнинг қалби деганда кенгбағирлик тушунилади. Қишлоқда бекитиқча нарса йўқ; қишлоқ халқининг бағри ўз даласидек кенг ва поёнсиз. Ёзувчи ана шунақа кенг қалбга эга бўлиб, воқеликни холисона, бор бўйи билан кўрсата билиши керак;
аммо асар қоп эмаски, ҳамма нарсани аралаш-қуралаш тиқаверса (Озод Шарафиддинов), демак, воқеликдаги керакли нарсаларни танлаб олишда шаҳарнинг ақли ва фаросати керак бўлади.
Юқорида санаб ўтилган хислатларга эга бўлгандагина истеъдодли адиб дунёга келади.
Ответить 
Старый 26.01.2016 15:46   #244  
Аватар для Asror Samad
Оффлайн
нафақахўр
филология фанлари номзоди, ёзувчи
Сообщений: 52
+ 111  50/19
– 0  1/1

Uzbekistan
АДИБНИНГ ТУҒИЛИШИ

Цитата:
Олдинги гапимизга қайтадиган бўлсак, адибнинг ўсиб улғайган муҳити, оилада олган тарбияси унинг индивидида яққол кўринади.
Адабиётшунос Абдуғафур Расулов бир куни адибга: “Сизнинг бахтингиз шуки, ёмон одамларга кам дуч келгансиз”, дебди.
Эҳтимол. Ҳаётда ёмон одамларга камроқ учрашнинг ҳикмати, масалан, тарбия муҳитига ҳам боғлиқ бўлса керак. Агар болага ҳаддан ташқари эрк бериб қўйилса, албатта, у ғўрлиги туфайли, балки тантиқлик билан кўпроқ ўшандай одамларга дуч келиши мумкиндир.
Боланинг муҳит ичида тарбия топиши ҳақида “Дунёнинг ишлари” қиссасида чиройли бир новелла бор. Бу новелла “Хўжа” деб аталган. Новелладаги воқеага кўра, Раъно деган аёлнинг енгилтаклиги туфайли оила бузилган ва Хўжа деган бола икки киши орасида сарсон. Отанинг тарбияси бошқа, онаники бошқа. Бунинг устига Хўжа Чирчиққа, онасининг уйига, ўгай ота қарамига қочиб кетади ва охири чўнтаккесарлик билан қўлга тушиб, қамалади.
Ўткир қаттиққўл ота, меҳрибон она қўлида ва ғамгусор опаси, икки акасининг паноҳида тарбияланди. У оилада учинчи ўғил бўлган, ундан кейин яна бир укаси бор.
Ўткир Ҳошимов китобхонлар билан бир суҳбатида шундай деган эди: “Ота-она ирсияти (ген)даги феъл-атвор фарзандга ўтиши табиий. Ўзимда ҳам онамдан ўтган кўнгилчанлик ва отамдан юққан “қайсарлик“ бор“ (“Инсоф“, 182-бет).
Энди Ўткир Ҳошимовнинг таржимаи ҳолини манбаларга суянган ҳолда давом эттириш мумкин эди. Аммо ёзувчи таржимаи ҳолини унинг ўзи яратган “Дунёнинг ишлари” қиссасига суянган ҳолда давом эттириш авлороқ. Адибнинг ўзи бир суҳбатда “Бу қиссанинг бирон жойида ёлғон йўқ”, деди. Дарвоқе, қиссанинг “Муаллифдан” қисмида ўзи шундай ёзган:
“Бу қисса катта-кичик новеллалардан иборат. Бироқ уларнинг барчасида мен учун энг азиз одам — онам сиймоси бор. Бундаги одамларнинг ҳаммасини ўз кўзим билан кўрганман. Фақат баъзиларининг исми ўзгарди, холос”.

(Бу ўринда “новелла” деган атама устида бир қадар чекиниш қиламиз. Ўткир Ҳошимов мулла ёзувчилардан, у бирон сўзни беҳуда ишлатмайди. Биз ҳозирда “новелла” деган атамани адабиётшуносликка оид китобларда, мақолаларда ишлатмай қўйганмиз, унинг ўрнига “ҳикоя” атамасини истеъмол қиламиз. Итальянлардан ўтган “новелла” атамаси бизда чоп этилган луғатларда “нақл” деб кўрсатиладики, бу жанр хусусиятига мос эмас. Бинобарин, новелла, Гёте айтмоқчи, фавқулодда ҳодисаларни ифодаловчи жанр. Адиб унда қаҳрамоннинг қалб изтиробларини, ички кечинмаларини, қандайдир туйғуларини баён қилмайди, типик образ яратмайди, характерлар тўқнашуви ҳам йўқ. Унда фабула ҳатто сюжетга айланмай қолиши ҳам мумкин, аммо фабуладан ўткир хулосалар келиб чиқадики, ана шу новелла жанрининг хусусиятидир. Демак, биз ҳар бир нарсани ўз номи билан аташимиз керак.)

Агар хурмо дарахти қаердадир ўз жинсининг ҳидини олмаса ёки ўша жинси рўпарасида бўлмаса гулламайди ҳам, ўсмайди ҳам; қуриб қолади. Ўткирнинг онаси “Бодом ёлғиз бўлгани учун мева қилмайди”, деб тушунтирар экан. Агар буни одамга таққослайдиган бўлсак, у ёлғиз бўлса худбинлашиб кетади, одамови бўлади. Одамовилик эса мутаассибликка олиб боради. Бир донишманд ёлғизлик муҳаббат ва меҳрга ўргатади, деган экан. Ҳақиқатда ҳам ёлғизликда меҳр ҳам, муҳаббат ҳам тансиқ. Ёлғизликдагина инсон муҳаббат ва меҳрнинг қадрига етади. Шунга қарамасдан меҳр ва муҳаббат оғушида ўсиб-улғайиш ҳаётда ўзининг ажойиб самараларини берганлигини Ўткир Ҳошимов ҳаётидан билиш мумкин. Ўткир каттакон оилада, каттакон бир маҳаллада, серуруғ қариндошлар орасида тарбияланиб ўсган. У қиссада оқ, ойдин кечаларни кўп эслашини ёзади. Ўша оппоқ ойдин кечаларда онаси Ҳакима пошша ойи унга эртаклар айтиб берар, юлдузларнинг учиш сабабларини одамларнинг жонларига қиёсан тушунтирар, унга халқ қўшиқларидан хиргойи қилиб берарди.
“...Болалагимни эсласам, илиқ ёз кечалари кўз олдимга келади. Билмадим, эҳтимол ўша оқ, ойдин кечаларда онам илк бор қўлимга қалам тутқазгандир”.
(Ўткир Ҳошимовнинг онасини маҳалла-кўй, қариндош-уруғ, таниш-билишларнинг барчаси ўта ҳурмат билан Пошша ойи дейишар экан. Ундан катталар “Пошшахон” деб улуғлашаркан. Биз ҳам бундан буён шу атамадан фойдаланамиз).

Пошша ойи ақлли, камсуқум аёл эди. У фалончи ўғлим катта бўлганда фалон бўлади, деган эмас. Фақат болаларининг дуои жонларини қилган, уларни авайлаб ўстирган, ўзи емай едирган, киймай кийдирган, ҳатто жаҳлдор отанинг ғазабига ҳам болалари гуноҳи учун ўзини рўпара қилган ғамгусор оналардан эди.
Ўша қиссада адиб офтобни она дейишади, деган гапни айтган. Йўқ, масалан, Пошша ойини офтобга ўхшатиш ножоиз; Навоий айтганидек, офтоб ер юзини дафъатан қамраб ололмайди, нурларини аста-секин ёяди, қаердир барибир соя, зах бўлиб қолаверади. Пошша ойи эса қалбининг нурини барчага баробар сочган ва ҳеч кимни нуридан бебаҳра қилмаган оналардан эди. Ўткир бола экан, ана, ҳов анави катта юлдуз меники, дейди, Пошша ойи бўлса, майли, ўша сеники бўла қолсин, анави тўртинчиси меники, дейди. Нега, у жуда кичкина юлдуз-ку, деса, бечора, етимга ўхшаб турибди, шунинг учун меники, дейди Пошша ойи. Ҳатто ўша “етимча” юлдузга ҳам меҳр нурини узатмоқчи. Қиссани ўқигач, шундай хулосага келасиз: ”она меҳри бўлмаса эди, ёмонлар сони тобора кўпайиб бораверарди, она уларнинг кўпайишини ўз меҳри билан тўсиб туради” (Матёқуб Қўшжонов, “Онага таъзим”).
Шунга биноан “Дунёнинг ишлари”дан уч воқеа: уч воқеа дейману, аммо Пошша ойини таърифлаш учун Ўткир Ҳошимовнинг ўзи ёзган “Дунёнинг ишлари” китоби ҳам етарли бўлмаса керак. Эҳтимол, Ер юзида Пошша ойиларга ўхшаган оналар борлиги учун ҳам Аллоҳ қиёматни кечиктираёгандир.
Ўткир машинасида онасини қаергадир олиб кетаётганда кўчада инжиқлик қилиб йиғлаётган болага ва уни уришаётган онасига дуч келишади. Пошша ойи ўғлига машинани тўхтатишни буюради ва тушиб болани эркалай бошлайди. Гап шундаки, бола музқаймоқ егиси келгану онаси олиб берган, аммо у яна хархаша қилиб ўзини ерга отиб урибди. Унинг талаби болаларча: “иссиқ манож” экан. Онаси эса болани силтар, ҳатто кетига бир-икки шапати ҳам туширар экан. Пошша ойи машинадан туша солиб, увишган оёқларига ҳам қарамай оқсоқлана-оқсоқлана боланинг олдига бориб, уни ердан кўтариб олади. Боланинг ҳаммаёғи музқаймоқдан шалаббо бўлиб кетган, кийимларига лой теккан. Пошша ойи она-болани машина ичига олади. Машинаси ичига хорижий янги параллон қоплаган қайси ҳайдовчига бу нарса ёқарди дейсиз! Албатта, Ўткирнинг энсаси қотган, жаҳли чиққан, аммо онасига бегона аёл олдида ғиринг дея олмайди. Бола овунади.
“– Қизиқсиз, — дедим жаҳлимни босолмай, — ҳамманинг ишига аралашаверасизми?
— Нима ҳамманинг иши?
— Бировнинг боласи бўлса... Йиғласа, сизга нима? Йиғлаб-йиғлаб овунади.
— Нимага бировнинг боласи бўларкан! — Тўсатдан онамнинг жаҳли чиқиб кетди. — Йиғлаб турган боланинг бегонаси бўладими? Уялмайсанми шунақа дегани? Йиғлаб турган норасидага раҳми келмаган одам — одамми?”
Демак, Пошша ойи учун боланинг бегонаси ҳам, ўгайи ҳам йўқ ва барча оналар учун ҳам шундай бўлмоғи керак.
Ответить 
Старый 26.01.2016 15:47   #245  
Аватар для Asror Samad
Оффлайн
нафақахўр
филология фанлари номзоди, ёзувчи
Сообщений: 52
+ 111  50/19
– 0  1/1

Uzbekistan
АДИБНИНГ ТУҒИЛИШИ

Цитата:
Шу қиссадан иккинчи воқеа: бўш-баёвгина, ҳамиша бурни оқиб турадиган Той (аслида Тойир) деган болани ўртоқлари қийнайверишади. Шу жумладан, Ўткир ҳам. Той чиллак ўйинида ютқазиб қўйиб, зувлашга мажбур бўлади, аммо маълум бир манзилгача зувлаб боришга нафаси етмай қолгани учун ҳаккалайди, ҳаккалаб туриб, оёғи ерга тегиб кетади. Яна қайтадан зувлашга мажбур эди. Тойнинг ўжарлиги тутиб, “зувламайман”, деб ерга ётиб олганда, Пошша ойи кўриб қолиб, уни кўтариб олади, этаги билан бурнини артади, Ўткирга укангни нега хафа қиласан, деб танбеҳ беради. Гап шундаки, Тойирнинг онаси Нисо хола: “...кўзимга диққат билан тикилди.
— Айтган бўлсалар керак?
— Нимани?
— Айтмаганмилар?
— Нимани айтадилар? — дедим ҳайрон бўлиб.
— Ия, Тойиржон сизнинг укангиз-ку! — Нисо хола астойдил ажабланди. — Ўшанда сиз талпинчоқ бўлиб қолган эдингиз. Тойиржоннинг чилласи чиқмаган... Худонинг ҳам бандаларига атаган азоби кўп экан. Бир кечада касалга чалиниб қолдим. Кўкрагимга ёмон бир яра чиқиб, “ол кет, ол қўй” бўлиб ётибман денг... Айни қаҳатчилик, уруш, биров бировга ҳолинг нима кечди, дейиши маҳол... Ўзим-ку, майли, болам ўлиб қолади, дейман. Докага ангишвонадек ёғми, нонми ўраб чақалоқнинг оғзига солиб қўйишади. Шунда денг, бир куни Пошша опам келиб қолдилар. Айланиб-ўргилиб Тойиржонни бағриларига босиб эмиздилар. Шу ердан Бешқўрғонга саратонда куйиб ҳар куни уч марта қатнайдилар. Қирқ кун шундай қилдилар. Бир кўкрагини сиз эмасиз, биттасини Тойиржон. — Нисо хола ҳиқиллаб қолди. Ёш ғилтиллаган кўзини рўмолининг учи билан артди. — Қандоқ хотин эдилар-а! Нима билан рози қилишни билмайман. Сўрасам, уришиб бердилар. “Вой, гапингиз қурмасин, овсин, она сутиям сотиладими”, дейдилар. “Бировга яхшилик қилиб, кетидан тама қилган одамнинг савоби гуноҳга айланади”, дейдилар. Қандоқ эдилар-а!”
Нисо холанинг эътирофи Пошша ойининг қандоқ одам эканлигини рўйи рост айтиб турибди. Ўша пайтда Дўмбиробот қайда, Бешқўрғон қайда? Дўмбиробот — Шоштепа ва Фарҳод кўчаси оралиғида, Тошкент марказининг жануби-ғарбида, Бешқўрғон эса, ҳозирги “Олмазор” деб аталган метро ўрнида бўлган; Бунёдкор кўчаси билан Гавҳар кўчасининг кесишган жойида. Ҳозир-ку Ўткир Ҳошимов туғилиб, ҳануз истиқомат қилаётган Наққошлик кўчасидан “Олмазор” метросига машинада уч минутлик йўл. Аммо Пошша ойи Раҳимжон (“Дунёнинг ишлари”да Тойир)ни уч маҳал эмизиш учун саратон сариғида бир километр у ёққа, бир километр бу ёққа қатнаган. Шу азиятини бирон марта таъна қилмаган, пеш қилмаган, ҳатто Раҳимжонни эмизганлигини, унинг эмукдош укаси эканлигини Ўткирга айтмаган, умуман, ҳеч кимга билдирмаган. Ана қандоқ одам эди Пошша ойи! Бундай яхшиликлар қилишни ўзининг бурчи, деб биларди у. “Яхшилик қил – сувга сол, сув билмаса балиқ билур, балиқ билмаса, Холиқ билур“, деган мақол мазмуни унинг қонига сингиб кетган эди.
Адиб анча йиллардан кейиндир шундай хулосага келади: “Оналарнинг биз тушунмайдиган, бизнинг ўлчовимизга сиғмайдиган ўз олами борга ўхшайди”.
Бу олам ҳақиқатда ҳам сирли. Ҳатто илоҳий олам. Она меҳрининг ўзи ҳеч қанақа ўлчовга сиғмайди. Агар коинотшунос олимлар астойдил изланиш олиб бориб уринсалар, эҳтимол қуёшнинг, ойнинг нурларини бирон идишга сиғдиришлари мумкиндир, лекин она меҳрини бирон идишга сиғдиришнинг имкони йўқ. “Жаннат оналар оёғи остидадир”, деган ҳадиси шариф Пошша ойиларга ўхшаган оналар учун айтилган бўлса не ажаб!
Пошша ойининг “қарзини узган” пайтлари ҳам бўлган. Ёзувчи “Қарз” деган бобда шу ҳақда ҳикоя қилади. Пошша ойининг фарзандлари бир куни ҳазил тариқасида ҳар ойлик нафақангизни сандиққа босяпсизми, дейдилар. Қарзларим бор, ўшанга бераман-да, болам, деб жавоб беради Пошша ойи.
“Акамнинг қовоғи осилди:
— Қарз? Ҳали бировдан қарз ҳам оласизми?
— Э, сенга нима, болам! Менинг ишимга аралашиб нима қиласан?
...Қайси куни эрталаб ҳовлида айланиб юрсам, қўшнимизнинг етти яшар қизчаси Нилуфар чиқиб қолди. Оппоқ бантик тақиб, атлас кўйлак кийиб олибди.
— Ҳа, Нилу, ясаниб олибсан, меҳмонга кетяпсанми? — дедим эркалаб.
— Бугун мен туғилдим, — деди у қоп-қора кўзларини пирпиратиб жилмаяркан.
— Ия, юбиляр экансан-да, шошмай тур-чи, ҳозир.
Уйдан бир ҳовуч конфет олиб чиқдим.
— Мана, ўртоқларинг билан е.
Нилуфар катталардек жиддий бош чайқади.
— Мен ишкалад емайман. Тишим тушган. — Кейин яна ўша жиддий оҳангда қўшиб қўйди: — Бултур Пошша бувим менга туфли олиб берувдилар. Туғилганимда. — Қизча ўйланиб қолди. — Кейин-чи, Баҳога уч ғилдиракли велосипед, Бахтига кўйлак...
Қўлимдаги конфет тушиб кетди”.
Пошша ойи ўқимаган, диний ақидаларни эшитган, холос. Аммо у бир нарсани билади: инсонийлик. Одамгарчилик нуқтаи назаридан камбағалларга ёрдам қилиш, мискинларнинг кўнглини кўтариш унинг матлаби. Диний ақидадаги закот тушунчасини ҳам мукаммал билмайди, закот бериш керак, деган гапнигина эшитган. Закотнинг кимга ва нимадан берилишини ҳам билмайди. Унинг эътиқодича, закотни мискин ва камбағалларга бериш керак. Қўлда туриб қолган молдангина закот берилишини эҳтимол Атоуллохон тўрадан эшитган. Унинг нафақа пули назарида қўлида туриб қолган мол. Ўғиллари топиб турибди, унинг нафақа пулига зор эмас. Фаррошликдан нафақага чиқиб неча пул ола қоларди, дейсиз, 20 сўмдир, 30 сўмдир (шўро пулида). Ана шу пулни у туфлаб тугиб камбағалларга сарф қилади. Фарзандларига “қарзим бор” деганда ана шуни назарда тутган эди.
Ответить 
Реклама и уведомления
Старый 26.01.2016 15:48   #246  
Аватар для Asror Samad
Оффлайн
нафақахўр
филология фанлари номзоди, ёзувчи
Сообщений: 52
+ 111  50/19
– 0  1/1

Uzbekistan
АДИБНИНГ ТУҒИЛИШИ

Цитата:
Адиб онасининг икки афсона айтиб берганини эслайди. Бу афсонани эслашига сабаб бор.
У ишхонасида ишлаб ўтирар экан (Ўткир Ҳошимов 60 ёшигача жуда кўп чеккан, ҳамиша бир қўлидаги бармоқлари орасида сигарет бўлар, ўнг қўлининг бармоқларида қалам ушлаган ҳолда ёзиб-чизарди, кейин худди Толстой каби бутун иродасини ишга солиб, шартта ташлаган), фаррош аёл сигарет кулини полга ташламаслигини айтиб, танбеҳ беради. Бу танбеҳдан адиб қаттиқ хижолат чекади; ахир, унинг онаси ҳам фаррош бўлган. Фаррош меҳнатининг қанақа бўлишини бошқалардан кўра яхши биларди.
Ўткир Текстилькомбинатнинг болалар дам олиш лагерида, девори ярим ғишт билан кўтарилган, томи тўл билан ёпилган, саратонда қизиб кетадиган, қиш қаҳратонида музлайдиган уйда туғилган. Атоуллохон тўра шу лагернинг қоровули, Пошша ойи фарроши эди. Ана шу жойда Пошша ойи бир қиз ва тўрт ўғил туғиб тарбиялади. Шу ерда болалар қизамиқдан тортиб сув чечагу зотилжамгача бўлган касалликларни тортишди. Ҳар бир боласи касал бўлганда Пошша ойи бир йилга қарийверди. Бир ёқда қишин-ёзин демай сарпойчан саҳарлаб туриб лагерь ҳовлисини супуриш, иккинчи томондан, тўшакда иситмалаб ётган бирон боласининг тепасида парвона бўлиб ўтириш бир аёл учун жуда кўплик қиларди. Аммо Худо аёл зотини яратаётганда унга сабр ва саботни мўлгина қўшиб берган, меҳр ва муҳаббат уруғларини қалбига зич қилиб эккан.
“Дунёнинг ишлари”да “Гилам пайпоқ” деган новелла бор.
“Ҳар йили дам олишга борганимда онамга гилам пайпоқ олиб келаман. Кавказ томонда кўп бўлади. Жуба дейишади, жураби дейишади. Ойим худди ноёб нарсага эга бўлгандек, узундан-узоқ дуо қилади. Шундай меҳрибон ўғли борлигини айтиб қўшниларга мақтанади. Унинг оёғи касал. Салқин тушиши билан шишиб кетади, оғрийди.
Қўни-қўшнилар аҳвол сўраса, ўзиниям, уларниям юпатади.
— Ҳа, энди кексалик-да, ўргилай.
Лекин онамнинг оёқ оғриғи фақат кексаликдан эмас. Буни бошқалар билмаса ҳам мен биламан. Яхши биламан”.
Ўткир жуда кичкина экан, акалари билан қишда яхмалак учиб, терлаб кетади. Болалар бундай ҳолатларда муз ейдилар. Томнинг бўғотларидан осилиб турган сумалакларга қўл узатса етади. Ўткир ҳам болалигига бориб ўша сумалакдан биттасини синдириб узадию оғзига солади. Музни чайнаб маза қилади, аммо кечаси билан иситма уни алаҳлатади. Ҳам иситма, ҳам йўталнинг зўри билан тамоғи хиппа бўғилиб қолади. Она бечора боласининг иситмасини тушириш учун аччиқтош қайнатиб, тамоғини чайди, туршак қайнатиб ичирди, аммо на иситма тушади, на томоқ тузалади. Бола ҳушидан кетганида она чирқиллаб, боласини кўрпачага ўрайдию қалин қорда сарпойчан табибликдан унча-мунча хабари бўлган Ҳожи бувиникига югуради. Югургилаб кетар экан, сирпанар, аммо қучоғидаги боласи учун йиқилмасди, калишининг ичи қорга тўлганини ҳам сезмасди. Тун қоронғисида қайси йўлдан юраётганини ҳам билмайди, аммо Ҳожи бувиникига борадиган йўлдан кетаётганини биладию почасига қор чиқиб, оёқларини касалга чалинтираётганини сезмасди. Унинг хаёлида қучоғидаги боласи, болам ўлиб қолади, деган хавотир бор эди, холос.
Ўткир Ҳожи бувининг муолажаси билан ўзига келганда кўзларини очиб онасини кўрди: “У ҳамон ҳансирар, сочлари тўзғиб кетган, юзи жиққа ҳўл эди“.
Пошша ойининг оёқларини совуқ олганини, оёқларининг томири ҳеч нарса сезмаётганлигини биринчи бўлиб Ҳожи буви сезган эди.
”Ҳожи буви... кейин ойимга қарадию бирдан хитоб қилди:
— Вой поша-а-а! Нима қилиб қўйдингиз, тамом бўпсиз-ку!
Ойим талмовсираб, гоҳ менга, гоҳ Ҳожи бувига қарарди.
— Оёғингиздан айрилибсиз-ку! — деди Ҳожи буви бошини чайқаб. — Шу аҳволда қандоқ келдингиз?
Кавшандозда турган ойимнинг калишини энди кўрдим. Калишнинг ичи қорга тўла эди.
...Ойим танчадан оёғини чиқарди. Иккала оёғи қип-қизил гўшт бўлиб кетган эди.
— Совуқ егани йўқ, — деди секин. — Қайтага исиб кетди. Қорда ўзи исиб кетаркан.
Ҳожи буви унинг оёғини уқалаб кўрди.
— Сезяпсизми?
— Нимани? — деди ойим оёғига эмас, менга қараб.
— Қўлимни сезяпсизми?
Ойим индамай бош чайқади-да, пиқиллаб йиғлаб юборди...”
Пошша ойи оёқ оғриғи билан узоқ ётди. Бундай ҳолатда бурунги табиблар қарғанинг миясини оёққа суртишни буюришарди. Атоуллохон тўра қаердандир қарға отиб келди. (У овга ишқибоз ва уйида ов милтиғи сақларди.) Аммо оёқ оғриғи Пошша ойига умрбод ҳамроҳ бўлиб олди. Айниқса, қиш фаслида оғриқ жонига завол эди. Шунинг учун Ўткир Ҳошимов ҳар гал сафарга борганида онасига гилам пайпоқ олиб келарди. Гилам пайпоқ жонига бир қадар ором берарди, аммо оғриқ яна қайтариларди...
Онанинг боласига бундай фидойилигини таърифлаш учун илоҳий сўзлар ҳам камлик қилади.
Ответить 
Старый 26.01.2016 15:49   #247  
Аватар для Asror Samad
Оффлайн
нафақахўр
филология фанлари номзоди, ёзувчи
Сообщений: 52
+ 111  50/19
– 0  1/1

Uzbekistan
АДИБНИНГ ТУҒИЛИШИ

Цитата:
Эсимда қолган бир воқеани айтмасам бўлмайди. 50-йилларнинг бошида ойимнинг икки буйрагига тош йиғилиб, жарроҳлик йўли билан олиб ташлашган. Ойимни касалхонадан олиб келдик. Биз ўшанда Жаркўчанинг боши берк кўчасида яшаймиз, уйимиз кўчанинг энг юқорисида, тикка кўтарилиш керак, жарроҳлик амалидан қутулган кекса аёлни юргизиб олиб чиқиш мумкин эмас, у тик кўчага машина ҳам, арава ҳам чиқмайди. Шунда 25 ёшлардаги йигит бўлган акам ойимни опичиб олиб чиқди. Шунда ойимнинг кулиб бир гапни айтгани эсимда қолган: “Болам, бир кечалик берган сутимнинг қарзидан қутулдинг”. Нақл қиладиларки, онани Маккага опичиб олиб бориб, опичиб қайтиб олиб келганда ҳам фарзанд онанинг бир кечалик чеккан азиятларига арзигулик иш қилмаган бўларкан.
Назаримда, Ўткир Ҳошимов “Дунёнинг ишлари” қиссаси билан жуда кўплаб кишиларнинг қалбига Пошша ойининг меҳрини кирита олди. Бу қисса билан ОНАсига одамлар тасаввурида абадий ҳайкал қўйди.
Ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг ўзбек адабиёти кафедрасида АҚШдан келган аспирант аёл бўлар эди. Уни Меген дейишарди. Фамилиясими, исмими шунақа эди шекилли. У бир куни Озод Шарафиддиновдан ўзбек менталитети ҳақида тўла тасаввур берадиган асар борми, йўқлигини сўрабди. Озод ака унга эндигина нашрдан чиққан “Дунёнинг ишлари” қиссасини берибди. Меген ўзбек тилида бемалол ўқир ва тушунарди. У қиссани ўқиб бўлгач, эртасига Озод акага “Imiss my mother, i will go” — “Ойимни соғиндим, кетаман”, дебди кўзларида ёш ғилтиллаб. Ҳақиқатда эртасига аспирантурани ташлаб, самолётга ўтириб Америкага жўнаворган...
Дарвоқе, адибнинг онаси айтиб берган икки афсонага қайтайлик..
Ўткир бола экан, онасидан чўпчак эшитишни яхши кўрарди. Чўпчак айтиб беринг, деб қистарди. Эҳтимол, бўлажак адибнинг зуваласи халқ даҳосининг суви билан пишигандир.
Пошша ойи, шундай қилиб, икки афсона айтиб берган.
Биринчи афсона. Офтоб ҳар куни Аллоҳга нола қилиб, мени чиқарма, ер юзини кўргим йўқ, у ердаги ифлос нарсаларни кўриб қон ютаман, деркан. Аммо Аллоҳнинг буйруғи — вожиб, офтоб уфқдан кўтарилиб, ер юзига эринибгина нурларини сочаркан. Шу афсонада бир муҳим гап бор, бу Пошша ойининг ўзига тегишли. Аллоҳ офтоб уфққа чиқмайман, деб хархаша қилганда уни овутади: сен чиқавер, ер юзини ифлосликлардан тозалайдиган одамлар бор, дер экан. “Яхшилик ва ёмонлик ҳақида кўп эшитганмиз. Бироқ онанинг болага насиҳати сифатида шу хилда маънодор, таъсирчан қилиб айтилганини балки биринчи марта эшитаётгандирмиз” (Матёқуб Қўшжонов, “Онага таъзим”). Пошша ойи нафақат ер юзини супурарди, балки одамларнинг кўнглидаги зангни ҳам яхши гапи, чиройли маслаҳати билан тозалар эди.
Пошша ойи Атоуллохон тўранинг иккинчи оиласи эди. Аввалги хотини вафот этган ва ундан бир қиз қолган экан. Исми Пирзодахон. Ёзувчи “Дунёнинг ишлари” қиссасида негадир “Башорат” деб атаган. Қиссанинг сўзбошисида баъзи исмларни ўзгартирдим, деган гапи шунга ҳам тааллуқли бўлса керак. Атоуллохон тўра унинг онаси билан тириклигида ажрашган; замонавий тил билан айтганда, характерлари тўғри келмаган. Новелладан маълум бўлишича, онаси отасининг дилини оғритган. Она эса, отангнинг кўзига асло кўринма, бети қурсин, деб уқдирган. Шу-шу Пирзодахон отаси билан борди-келди қилмай қўйган. Икки томондаги ота-болани Пошша ойи кўриштиради; ҳали юқорироқда Пошша ойи учун ўгай бола, бировнинг боласи деган тушунча йўқ, дедик. Пирзодахон-ку Атоуллохон тўранинг пушти камаридан бўлган фарзанд. Шунинг учун Пошша ойи байрам куни Ўткирни олиб Дўмбироботдан Ўқчи маҳалласига пиёда боради. Ўқчи маҳалласи ҳозирги консерватория биносидан бир оз тепада, ”Lukoйл” биносининг ён-верида бўлган. Ярим кун сарсон бўлиб охири Пирзодахонни топади. Шунча йиллар ўтгандан кейин қизини топишининг сабаби шуки, Атоуллохон тўра дамдуз одам бўлганидан қизининг борлиги ва қаердалигини айтмаган. Буни Атоуллохон тўранинг опаси Шарифахон ая келинига айтади.
(Шарифахон ая Самарқанд дарвозадаги Янги маҳаллада (илгари “Эшонгузар” деб аталган) истиқомат қилар, “Эшон ойи” номи билан Тошкентда ном қозонган табаррук аёллардан бири эди, уни Ғафур Ғулом, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор сингари буюк адибларимиз, Зиёуддин қори Бобохонов ҳазратлари зиёрат қилишар, унинг дуоларини олиб юришарди.)
Буни эшитган Пошша ойи типирчилаб, айнан байрам куни Пирзодахонни қидириб топади. Кўнгил кўнгилдан сув ичади, деган гап тўғри. Қиссадаги “Опамни топиб олдим” бобидан бир парча:
Пошша ойи Ўткир билан сарсон бўлиб қизининг уйини тополмай турганда, сумка кўтарган хотинни учратиб қолади.
“— Жон синглим, бир нарса сўрасам майлими? Шу ерликка ўхшайсиз...
Хотин шошилиб турган экан шекилли, “гапингизни айтинг” дегандек қошини чимирди.
— Башоратхонни танийсизми? — деди ойим шоша-пиша. — Эри пераводний. Ашхободда...
— Нимага эди? — деди аёл ойимнинг гапини бўлиб.
Ойим унинг кўзига тикилиб қаради-да, кўнглида умид уйғонди шекилли, овози дадиллашди.
— Керак эди-да. Эрталабдан бери қидирамиз, айланай. Билмаган жойнинг кўчаси кўп, деб шуни айтар экан-да.
Аёл ойимга тикилиб туриб негадир овози титраб кетди.
— Сиз... Сиз кими бўласиз? — деди секин.
— Онасиман, айланай, онасиман!
Аёлнинг қўлидаги сумкаси тушиб кетди.
— Ойижон! — деди илтижоли оҳангда. — Ойижон! Ўзингизмисиз? — Шундай дедию ойимни қучоқлаб олди. Ўша заҳоти кўзидан тирқираб ёш чиқиб кетди. — Ўша мен... Қизингизман... Ойижон... Билувдим, топиб келишингизни билувдим. Билувдиму ишонмовдим. Аммам айтсалар ишонмовдим!
У ҳадеб ойимни ўпар, нуқул битта гапни қайтарарди.
— Ишонмовдим...”
Тушунарли, демак, Шарифа ая келинининг кўнгли тозалигини, ўгайсиниш унга бегона эканлигини билар экан, шунинг учун ҳам Башоратга (Пирзодахонга) унинг албатта топиб келишини айтган, аммо онасининг тазйиқида тарбияланган жувон ўгай онанинг бунчалик азият билан топиб келишига ишонмаган...
“...— Юзимни ёруғ қилдингиз, ойижон... — Бу Башор опамнинг овози эди. — Куёвингизнинг олдида ердан суғуриб олдингиз. Турмуш қурганимизга уч йил бўляпти. Куёвингизга нима дейишимни билмайман. Отам бор дейману боролмайман, онам бор дейману кўрсатолмайман...
— Қўйинг, жон болам, — ойим оҳиста юпатди. — Турмуш ўлгур шунақа экан. Одам бу дунёдан нима обкетади? Борадиган жойи бўйрадек ер... Адангизнинг жаҳли тез бўлгани билан кўнгли бўш. Уч-тўрт кундан кейин ўзингиз боринг. Куёвниям оборинг. Сиз боласиз, у киши ота. Менинг келганимни айтмай қўя қолинглар...”.
Пошша ойи қизимни излаб топаман, деб эрига айтмаган ва бу ишнинг у томондан ташаббус бўлганини ҳам эрига билдиргиси йўқ. Садақа бер, берган қўлингни у қўлинг билмасин, деган ҳикмат Пошша ойиларга тааллуқли бўлса керак! Пошша ойи эрининг раъйига қарайдиган, унинг кўнглини оғритиб қўйишдан қўрқадиган аёллардан эди.
“...— Бормоқчиям бўлувдим... — Опам тараддудланиб жимиб қолди. — Тағин сизнинг кўнглингизга келмасин деб...
— Гапингиз қурмасин, — ойим опамнинг сўзини кесди. — Этни тирноқдан ажратиб эсимни ебманми? Минг қатла шукр, адангиз борлар, синглингиз, қўша-қўша укаларингиз бор, қаддингизни кўтариб юринг, жон болам”.
Ответить 
Старый 26.01.2016 15:51   #248  
Аватар для Asror Samad
Оффлайн
нафақахўр
филология фанлари номзоди, ёзувчи
Сообщений: 52
+ 111  50/19
– 0  1/1

Uzbekistan
АДИБНИНГ ТУҒИЛИШИ

Цитата:
Бу Пошша ойининг кўнгиллар зангини тозалашига бир мисол, холос. Аммо Пошша ойининг бу эзгу ишига тўсқинлик қиладиганлар ҳам бор эди. Худди уруш, қурол, қир- ғин тушунчалари сингари “ўгай” сўзини ҳам ёвуз одамлар ўйлаб чиқарган бўлсалар керак. Бу сўзнинг ўзбек тилида “ўгун” шакли ҳам бор (Навоийнинг “Ҳайрат ул-аброр” асарида) бўлиб, ёт, ғайир, душман маъноларида ҳам келади. Агар кимдир меҳр кўрсатса, бошқаси нега ўгайлик қилсин! Пошша ойи қизини топганлигини қўшниларига оғиз кўпиртириб мақтайди, унинг камини ошириб, йўғини яшириб айтади. У қўшниларига гармдори гулли пиёлада чой узатар экан, дейди:
“— Қизим берди! Қаранг, пиёласининг чиройлилигини қаранг!.. Шундоқ қизим бор экану мен аҳмоқ билмай юрганимни қаранг! У боғ-роғлар, у оқ уй-олабаргаклар десангиз! Қўша-қўша гиламлар! Бир радиоси бор, сандиқдек келади. Қизимнинг чаққонлигини кўрсангиз. Бирпасда бир гуруч, бир гўшт қилиб, чигит босгандек ош дамлаб келди...
Ойим опамнинг ҳовлисидаги тутдан бошқа қайси боғни, эски шолчадан бошқа қайси гиламни, мошкичиридан бошқа қайси паловни айтаётганини билмасдиму, лекин ҳамма гапига ишонгим келарди.
— Сиз кўпам ихтимат қўяверманг. — Келинойи ойимнинг гапини оғзидан олди. — Ўгай барибир ўгайлигини қилади. Ундан сизга нима фойда!”
Албатта, Пошша ойи ўша “келинойи”ни силтаб ташлайди, боланинг ўгайи бўлмаслигини, ўгай сўзини пеш қилиш диёнатдан эмаслигини тушунтириб қўяди.
Ўткир отасининг кўзларида ҳеч қачон ёш кўрмаган эди. Йўқ, бу унинг қаҳри қаттиқлигидан эмас, эркаклик номи учун эди. Аммо...
”...Опам уч-тўрт қадам босдию кўзида ёш билан ҳайқириб юборди:
— Адажон!
Дадам бир қалқиб кетгандек бўлди.
— Ие, ие, — деди овози титраб. Кейин ошхонага қараб қичқирди. — Ҳой, бу ёққа чиқ, қизинг келди!
Башор опам дадамнинг қучоғига ўзини отди.
— Йиғлама, она қизим, йиғлама.
Дадам Башор опамнинг сочини силар экан, кўзлари намланди”.
Иккинчи афсона обкаш ҳақида. Бир йигит эгилиб-букилиб икки пақирдаги сувни елкасидаги обкашда кўтариб кетаётган кампирга ёрдам бермоқчи бўлганда, кампир ёрдамни қабул қилиб, дуо қилиш ўрнига, челакларни ерга қўядию унинг елкасига обкаш билан тушириб қолади. “Сен яхшиликни аввал онангга қил, унинг кўнглини оғритма”, дейди.
“Ҳақиқат ҳавога ўхшайди. Нафас олиб турасизу ўзини кўрмайсиз. Ўйлаб қарасам, ойим гўдаклигимда қайта-қайта айтиб берган мана шу икки афсона ҳаётдек оддий, ҳаётдек чуқур ҳақиқат экан”, деб хулоса чиқаради Ўткир Ҳошимов.
Бу икки афсона Ўткир Ҳошимовнинг ҳаётига сингиб кетди; у адиб бўлиб етишиб, одамларнинг дилларидаги зангларни сўз кучи билан тозалайдиган, зимистон кўнгилларга жиллақурса нур олиб кирадиган бўлди. Одамларнинг дардини қоғозга тушириш, уларга ҳамдам бўлиш ёзувчилик тақдиридир. У тақдирга кўнди ва бу тақдир унга саодат ато этди. Саид Аҳмад Ўткир Ҳошимов ҳақида гапирар экан, шундай ёзган эди: “Она халқининг дардига ҳамдард, қувончига шерик бўла оладиган, ҳар қандай мушкул шароитда ҳам уни ҳимоя қила оладиган ижодкоргина меҳр- га, иззат-ҳурматга сазовор бўлади”.
Иккинчи афсона ҳам унинг тақдирига эш бўлиб кетди: афсонадаги онадан мурод, назаримда, халқ. У халққа яхшилик қилишни ўзига касб қилиб олди.

Ўтган асрнинг қирқинчи-эллигинчи йилларидаги болалар кўчада ёнғоқ ўйнаб катта бўлишган (ёнғоқ, чиллак ва шунга ўхшаган ўйинлар телевидение пайдо бўлгунча кенг тарқалган эди, телевидение пайдо бўлгач, болаларнинг аксарияти уйга михланиб қолди), чунки ҳар бир кўчада бўлмаса ҳам, икки кўчанинг бирида ёнғоқ дарахти ўсар, болалар ҳали етилмаган ёнғоқларни қоқиб, пўстидан ажратиб, ёнғоққа боғлиқ турли ўйинларни ўйлаб топишарди.
Ўткир эса, Дўмбиробот қишлоғида катта бўлган ва қишлоқда ёнғоқ дарахтлари кўп эди. Кўп бўлса ҳам болалар учун ҳамиша ёнғоқ танқис туйилади. Айниқса, бир тўп ёнғоқ ичидан соққа бўладиганини танлаб олиш учун фаросат ва кўз керак.
Бир куни Ўткир ўртоқларидан жуда кўп ёнғоқ ютиб олади. Ўшанда у беш-олти яшар бола бўлсамикин...
Ютуғидан хурсанд бўлиб, бир дўппи тўла ёнғоқ билан уйга киради. Онаси ўғирда талқон туяётган экан. Ўғирда талқон туйиш ўзбек хонадонларида, айниқса, қашшоқ хонадонларда азалдан бор эди. Лекин қирқинчи йилларда бу нарса жуда кенг тарқалган. Уруш ва урушдан кейинги ҳаётда йўғон чўзилган, ингичка узилган эди. Нон танқис, озиқ-овқат анқонинг уруғи. Талқон аслида мусофир одамнинг озуқаси. У меъдани тўқ тутади. Шунинг учун одамлар тал- қон билан тириклик ўтказганлар. Лавлаги пишириб ейиш билан тирикчилик ўтмайди, ундан ичкетарлик касали келиб чиқиши мумкин. Талқонга ёнғоқ қўшилса янада тўйимли бўлади, ҳам таъми яхши.
Ўткир ойисининг олдига ёнғоқларини тўкиб, худди катталардек: “Манг, талқонга солинг”, дейди. Пошша ойи ҳамма ёнғоқни чақиб талқонга қўшади. Ўткирнинг эсига омадли соққаси тушиб қоладию ошхонага югуради. Пўчоқлар орасидан соққасини излайди. Соққа йўқ. Соққам қани, деб тўпалон кўтаради. Шу тўполон туфайли товоқдаги талқон ерга тўкилади. “Катта гуноҳ” деган новеллада адиб онанинг биринчи бор жаҳли чиққанини тасвирлайди.
“То¬воқ¬ни на¬ри сур¬дим.
– Емайман!
Ойим то¬воқ¬ни яна мен то¬мон¬га сур¬ди.
– Ол, бо¬лам, ши¬рин бўп¬ти.
– Ке¬рак¬мас! Ке¬рак¬мас! Ке¬рак¬мас! – То¬воқ¬ни қў¬лим би¬лан бир ур¬ган эдим, учиб ав¬вал су¬па-га, ун¬дан ер¬га туш¬ди. Тол¬қон ер би¬лан бит¬та бў¬либ со¬чил¬ди-да, туп¬роқ¬қа қо¬ри¬шиб кет¬ди.
Бир¬дан ойим¬ни¬нг кў¬зи¬да ға¬заб чақ¬на¬ди. Ша¬па¬ло¬ғи¬ни ±зиб қу¬лоқ-чак¬кам¬га яқин кел¬тир¬ди. Қўр¬қув¬дан кў¬зим¬ни юмиб ол¬дим. Йўқ, ур¬ма¬ди. Би¬роқ ла¬би тит¬раб пи¬чир¬ла¬ди:
– Нон-ку, бу, аҳ¬моқ! Гу¬ноҳ бў¬ла¬ди-ку!”
Она боласи катта гуноҳ қилганда ҳам уни уролмайди, бунга қўли бормайди.
Ўғир ичида қолган озгина талқон дастурхонга тортилди, дастурхон атрофида ўтирганларга ярим қошиқдан тегди ё тегмади. Отаси келганда талқон тамом бўлган эди.
Билмадим, бошқа оналар бундай ҳолатларда нима қилишади? “Ўғлингиз соққаси учун тўкиб юборди”, дермиди? Кейин ота ўғлининг адабини берармиди! Ахир, бундай нохушликлар боланинг жазоланишига арзимайди-ку.
Аммо Пошша ойи бундоқ қилмади. “Талқон қилмадинг- ми?” деган саволга ўғир ағдарилиб кетиб, талқон тупроққа қоришиб кетди, деб бутун айбни ўз зиммасига олди. Бу пайтда Ўткир қўрқув ичида онасига термулиб турарди. Ота, албатта, ғазабини Пошша ойига сочди...
“Отамдан қаттиқ ҳайиқар эдик, — деб ёзади адибнинг ўзи. — Отам бирон марта ҳам биронтамизни черт- ган эмаслар. Отани қаттиқ иззат қилишни онам ўргатганлар: “Ҳозир аданг келадила, уйни супуриб қўй”, “Аданг- ни жаҳллари ёмон, тинч ўтиринглар”, “Адангни кетмо-нига тегма”, “Адангни соатига қўл тегизма...”.
Бу соф шарқона тарбия эди. Ота худойингдир, деган ҳадисга мувофиқ. Шарқона оилада она ҳамиша ғамгусор, ота эса, болаларини эркалатавермайди, боланинг ақли кирганидан бошлаб унга қаттиқ туради. Бинобарин, отанинг кўнгли бўш бўлса, боланинг байрами. Шарқона тарбияда отанинг кўзига тик қаралмайди, отанинг олдидан кесиб ўтилмайди, отадан олдинда юрилмайди. Оилада отанинг айтгани айтган, дегани деган. Ҳатто ўғил катта йигит атаниб, уйланиш ёшига етганда ҳам, уйланиб, бола-чақали бўлганда ҳам ичидаги гапни отасига шартта айтаверган эмас, бунга она воситачи бўлган ва йўриғи билан ўғил-қизнинг дардини отага тушунтирган.
Ответить 
Старый 26.01.2016 15:52   #249  
Аватар для Asror Samad
Оффлайн
нафақахўр
филология фанлари номзоди, ёзувчи
Сообщений: 52
+ 111  50/19
– 0  1/1

Uzbekistan
АДИБНИНГ ТУҒИЛИШИ

Цитата:
Радий Фишнинг “Жалолиддин Румий” тарихий-биографик романи бадиий жиҳатдан етук асар. Аммо унда 17 яшар Жалолиддин Румий отаси Султон ул-уламога Гавҳар деган қизни яхши кўришини шартта айтади. Муаллиф бу эпизодни тасвирлаганда Ғарб одобидан келиб чиққанлиги кўриниб турибди. Аслида, бу эпизод мантиққа мос эмас. Шарқ этнографиясини ўрганган европаликлар ота-бола муносабатларини нақ феодаллик, деб атайдилар. Аммо бир нарсани унутмаслик керакки, тарбия жамият тараққиётида содир бўладиган фазаларга қараб белгиланмайди; феодализм, капитализм, социализм ва охир-провардида бозор иқтисодиёти фазаларидаги тарбия, деган тушунчалар йўқ. Тарбия — яхлит, залворли, маҳобатли тушунча. Тарбия ота-онанинг феъл-атвори, аждодларнинг қони билан ҳам белгиланади.
Болани уришга келсак, калтак болани нафақат безбет, қашшанг қилади, балки унинг эркин ҳиссиётларини ўлдиради ҳам. Калтак еяверадиган бола қўрқоқ ҳам бўлиб қолади. Ота-она ўз фарзандлари олдида салобатини сақлай билиши тарбиянинг асосий мезони ҳисобланади.
Атоуллохон тўра болаларининг биронтасини, агар улар калтаклашга арзийдиган гуноҳ қилганларида ҳам чертмаган. Аммо унинг жиддийлиги, салобати фарзандлари руҳияти учун етгулик эди. Ўткир Ҳошимов ана шундай шар- қона оилада тарбия топди.
“...Сигиримиз бор эди. Тенгқурларим билан жийдазорда мол боқардик. Адашмасам, ўшанда бешинчи синфда ўқирдим. Жийдазорда ўт кўп. Бекинмачоқ ўйнашга ҳам қулай жой. Фақат кун ботар-ботмас ҳар ким ўз молини етаклаб уйига жўнар, жийдазорда ажина бор, ёлғиз юрсанг, оғзингни қийшайтириб кетади, деган ваҳимали гаплар юрарди. Менинг сигирим ювош бўлса ҳам бир айби бор эди. Нуқул қозиғини суғуриб “дайдиб кетарди”. Биласиз, қозиқ ёғочдан ясалади. Ҳар куни қоқавергандан кейин боши едирилади, синади. Қарабсизки, бошқа қозиқ ясаш керак...
Шундай кунлардан бирида темир қозиқ топиб олдим. Бошида ҳалқаси ҳам, узилиб қолган бир-икки қарич арқони ҳам бор. Ўртоқларимдан “кимнинг қозиғи”, деб сўрасам, эгаси чиқмади. Севиниб кетдим. Сигиримни янги қозиққа боғлаб қўйдим: эндиям суғуриб кўрсин-чи!
Ўша куни эмас-ку, эртасига ғалати иш бўлди. Кечаси энди ухлаган эканман, ойим “аданг чақираяптилар, тураркансан”, деб қолди. Ҳайрон бўлиб айвонга чиқсам, адам қовоғини уйиб ўтирибди. Қўлида ўша темир қозиқ.
— Қаёқдан олдинг буни? — деди таҳдид билан.
Қўрқиб кетдим.
— Топиб олдим, — дедим ростини айтиб.
— Қаердан?
— Жийдазордан.
— Қайси жийданинг тагидан?
— Қийшиқ жийданинг.
— Жийданинг тўғриси бўлмайди, қайси бирининг тагидан? Кўрсанг, танийсанми ўша жийдани?
— Танийман, — дедим қўрқа-писа.
Адам қўлимга қозиқни тутқазди.
— Худди ўша жийданинг тагига ташлаб келасан!
Юрагим орқага тортиб кетди. Жийдазорда “ажина” борлиги эсимга тушиб, талмовсираб қолдим.
Айвон бурчагида турган ойим ялинди:
— Ташлаб келади, адаси, тонг отсин, албатта, ташлаб келади.
— Сен аралашма! — деди адам эътирозга ўрин қолдирмайдиган оҳангда.
Уйғониб, ичкаридан чиққан акам ҳаммасини тушунди шекилли, кастюмини кия бошлаган эди, адам жеркиб берди:
— Сен қаёққа?
— Бирга бориб келамиз.
— Йўқ! — деди адам шиддат билан. — Ўзи топганми, ўзи обориб қўяди!
Куз, салқин тушиб қолган. Ғира-шира кўройдин... Қўлимда муздек темир қозиқ билан йўлга тушдим. Жийдазор-ку узоқ эмас. Аммо унга етгунча Дархон ариқ устидаги кўҳна кўприкдан ўтиш керак. Одам ёлғиз қолса, кундузи ҳам қўрқадиган қинғир-қийшиқ жийда чакалакзори орасига кириш керак. Аксига олиб ярамас қозиқни Қонқус анҳори бўйидаги дарахт тагидан топганман...
Салқин ҳаводанми, қўрқувданми оёғим қалтираб кўприкдан ўтдим. Ғира-шира кўройдинда сирли сукунат чўккан жийдазорга кирдим. Назаримда ҳар бир дарахт орқасида нимадир беркиниб тургандек эди. Қаердадир бойқуш “ҳув-ҳув”лади... Ростини айтсам, Қонқус бўйигача бормадим. Қўлимдаги қозиқни кучим борича улоқтириб орқага қараб югурдим...”.
Отанинг бу қаттиққўллиги қандай самара берди? Нега ота ҳеч иккиланмасдан 12 яшар болани ўшандоқ даҳшатли, “ажина”си бор жийдазорга тунда юборди? Тағин ширин уйқудан уйғотиб...
Аслида “ажина”, “алвасти” деган тушунчалар, асосан, аёллар ва болаларга тааллуқли. Ўқимаган, саводсиз одамлар ҳам шу тушунчаларга ишонадилар. Аммо Атоуллохон тўра илмли одам бўлганидан бу тушунчаларга ишонмасди. У Шарқ адабиётини яхши биладиган ва тушунадиган, китоб таълимини ҳаётга татбиқ эта оладиган тажрибали, айни пайтда иродали одам эди. Унинг иродаси ўғилларига ўтмаслиги мумкин эмас. Шарқ педагогикасига оид китоб-ларда ва этнографик маълумотларда, айниқса, ўғил тарбиясига катта эътибор берилади. Бу маълумотларга кўра, ўғилни ботир қилиб тарбиялаш биринчи ўринда турган. Қўрқоқ, ожиз бола оталарга ёқмаган.
Атоуллохон тўра болалари шўхлик қилганда уларни жазолаган эмас. Бола бўлса шўх бўлсин, шўх бўлмаса йўқ бўлсин, деган халқ мақолига амал қилган шекилли. Аммо уларнинг одобсизлик қилишига, бировнинг ҳақига кўз олайтиришига, кўпчиликка қарши боришига йўл қўймаган.
Ответить 
Старый 26.01.2016 15:53   #250  
Аватар для Asror Samad
Оффлайн
нафақахўр
филология фанлари номзоди, ёзувчи
Сообщений: 52
+ 111  50/19
– 0  1/1

Uzbekistan
АДИБНИНГ ТУҒИЛИШИ

Цитата:
Шўровий ўзбек адабиётига назар ташланса, аксарият эшонлару шайхлар мазаммат қилинади. Улар текинхўр, бировнинг меҳнати ҳисобига яшайдиган, барча мол-мулки ҳаромдан келган, деб тасвир қилинади. (50 йиллик ижодий фаолиятидан 30 йили шўровий даврга мансуб бўлган Ўткир Ҳошимов асарларининг биронтасида бундай мазаммат йўқ.) Адабиёт — тарбия мактаби, деган гап тўғри. Адабиёт парчаларидаги ана шундай мазаммат авлодлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатганлиги маълум. Чунки бундай мазаммат илмли одамларга ҳурматсизлик кайфиятини туғдиради.
Атоуллохон тўра истаса “куф-суф” билан ҳам тирикчилик қилиши мумкин эди. Ўткир Ҳошимов ўзи гувоҳлик беришича, отасининг қироати яхши бўлган, ҳатто билганлар унга эшон сифатида эътиқод қилишар экан. У ирода кучига ва билагининг қувватига ишонди, шунинг учун лагердаги каттагина бир хонага оиласи билан жойлашиб, ўз кучи билан тирикчилик қилди.
Хона каттароқ бўлгани билан томига ёғоч ташланиб, тўлнинг ўзигина ёпилган, ёғингарчилик кунларида хонага чакка томиб ётарди, баъзан тўл тешилиб, челаклаб сув тушарди. Бунинг устига қиш кунлари девордан муз уфурарди.
Атоуллохон оиласи билан шундай шароитда ўша ерда бола-чақа орттирди. Оилада биринчи фарзанд қиз бўлса, хонадонга омад кириб келади, деган тушунча бор. Атоуллохоннинг кейинги оиласида биринчи фарзанд қиз бўлди ва яхши ният билан унга Озода деган исм қўйдилар. Ҳақиқатда ҳам қиз туғилгач, оиланинг ишлари бироз юришиб, тирикчиликни қийинчилик билан бўлса ҳам ўтказиб туришга имконият туғилди. Кейинги фарзандларнинг ҳаммаси ўғил. Қизиғи шундаки, у уч ўғлига замонавий исмлар қўйган: Эркин, Тўлқин, Ўткир... Аслида, эскичадан ўқимишли, эшонзода ва пирзодалар хонадонларида фарзанд туғилса, уларга узунроқ, салобатлироқ исмлар қўйилган: Муҳаммадсодиқ, Саидшараф, Сайиданвар, Сайидаҳрор, Муҳаммадиёр, Худоёр, Иброҳим, Мусомуҳаммад ва ҳоказо... Атоуллохон тўранинг бундай қўшқават исмларнинг қўймагани сабаби шуки, у замонни тушунар, ҳатто келажак даврларни ҳам ақл билан идрок этарди. Шунинг учун ҳам фарзандларига замонавий исмлар қўйди. Ҳа-да, барибир, биргина ўзбекларда эмас, бошқа халқларда ҳам исмларни талаффузда қисқартиб юбориш ҳоллари учрайди. Масалан, Муҳаммадқобил деганни Матқовул, Муҳаммадсодиқни Мамасодиқ, ҳатто шу сўзни ҳам талаффуз этишга эриниб, Мама деб чақириш ҳоллари кўп. Исм қисқа ва лўнда, айни пайтда, маъноли бўлишини Атоуллохон тўра билар эди. Бу — биринчи сабаб. Иккинчи сабаб шуки, хонадонда фарзандлар туғилган давр “нозик” эди; ҳар қандай эскича сўзлар ва исмлар салбий қабул қилинарди.
Ўттизинчи йилларда ҳар қандай эски сўзни диний калима деб тушунишган ва айниқса, партия-комсомол ходимлари бунақа сўзлар ва атамаларга, ҳатто исмларга қарши “кескин кураш” олиб борганлар. Атоуллохон тўра ўша давр- даги шаккокларнинг кўплигини ҳисобга олиб бўлса керак, фарзандларига замонавий исмлар берган.
Бизнинг этимология фанида ёки психологияда ишланмаган бир соҳа бор. Бу “исм ва характер” деган мавзу. Мазкур мавзу Европа адабиётида ишланган ва юзлаб китоблар ҳам нашр этилган. Бу китобларда ёзилишига қараганда, исм характерни белгилаши мумкин экан. Албатта, ҳаммаси эмас. Масалан, бизда “Ўткир” деган исмлар кўп ва бу исм эгаларининг ҳаммаси ҳам ўз соҳасининг ўткир соҳиби эмас. Аммо диний ақидага кўра, дуои ихлос билан қўйилган исм жисмга мос бўлиши эҳтимолдан узоқ эмас экан. Бу масалани яна руҳшунослар яхши билсалар керак.
Атоуллохон тўра, Ўткир Ҳошимовнинг ўзи эътироф этганидек, ҳақиқатпараст, ҳалол ва сабр-қаноатли одам эди. Сабр — саодат калити, деган нақлга амал қиларди. Айни пайтда, ноҳақликка дуч келиб жаҳли чиққанда ҳеч кимни аяб ўтирмасди. Ҳақиқатпарастлик кишининг бошига кўп ҳолаларда оғир кунларни ҳам солади. Ўткир Ҳошимовнинг кекса қариндошлари шажарани ёш ёзувчига айтмаганининг сабаби ҳам шу. Ўткир Ҳошимовга ҳақиқатпа- растлик отасидан ўтган, кекса қариндошлар шуни билишарди. Агар у шажарани билганда, ўзи айтганидек, бирон жойда айтиб юбориши ёки ёзиб чиқиши мумкин, бу эса шўро сиёсати авж олиб турганда бошига кулфатлар келтириши турган гап эди.
Ответить 
Ответить




Powered by vBulletin® Version 3.8.5
Copyright ©2000 - 2025, Jelsoft Enterprises Ltd. Перевод: zCarot
Advertisement System V2.5 By Branden
OOO «Единый интегратор UZINFOCOM»


Новые 24 часа Кто на форуме Новички Поиск Кабинет Все прочитано Вверх