Моё меню Общее меню Сообщество Правила форума Все прочитано
Вернуться   uForum.uz > ТЕМАТИЧЕСКИЕ ФОРУМЫ > Образование > Ижод хусусида сўз
Сообщения за день Поиск
Знаете ли Вы, что ...
...до того как открыть новую тему, стоит использовать поиск: такая тема уже может существовать.
<< Предыдущий совет - Случайный совет - Следующий совет >>

Ижод хусусида сўз Ижод аҳли, уларнинг ғояси, ҳаёт қараши, мақсадлари, ютуқлари, орзу ва армонлари.... (Все о творчестве, о людях творчества, их идеях, взглядах, достижениях и целях, мечты…)


Ответить

 
Опции темы Опции просмотра
Старый 26.01.2016 15:54   #1  
Аватар для Asror Samad
Оффлайн
нафақахўр
филология фанлари номзоди, ёзувчи
Сообщений: 52
+ 111  50/19
– 0  1/1

Uzbekistan
АДИБНИНГ ТУҒИЛИШИ

Цитата:
Лагерда турли миллат болалари маълум бир муддат дам олишарди. Атоуллохон тўра ҳам, Пошша ойи ҳам дам олаётган болаларнинг тўпалон ва шўхликларига ўрганиб қолишди. Аммо тонг қоронғусидан туриб, ота-онасига лагерь ҳовлисини супуриб-сидиришда, ариқдаги муздек сувга оёқ солиб, ҳовли юзасига сув сепишда қарашадиган Эркин, Тўлқин ва Ўткирларга алам қиларди: эркатойлар тонг палласида маза қилиб ухлаб ётишсаю булар оёқ-қўллари музлаб, изиллаб сув сепиб юришса...
Аммо бир куни чатоқ бўлди. У пайтдаги лагерлар бинолари европалашмаган; ҳожат учун ҳовлининг узоқдаги этагига бориш керак эди. Эрталаб уйқудан заҳар танг қилиб турган болалардан икки-учтаси ҳовли этагига боришга эриниб, ариқдаги сувга чоптирди. Буни кўриб қолган Атоуллохон болаларга бундай қилиш гуноҳ эканлигини тушунтирганда, улар кечирим сўраш ўрнига қўрслик қилишди. Атоуллохон тўра яна танбеҳ берганда баттар қўрслик билан жавоб беришди. Эртаси куни ўша болалардан бирининг ота-онаси лагерь бошлиғига шикоят қилибди. Нима эмиш, қоровул болаларни ҳақорат қилганмиш. Лагерь бошлиғи гарчи Атоуллохон тўрани яхши билса ҳам, азбаройи шикоят қилганларнинг юзи учун унга танбеҳ берди. Тағин ўша шум болаларнинг ота-онаси олдида. Атоуллохон тўра гап нимадалигини, болаларга нима учун танбеҳ берганлигини тушунтирса ҳам, на директор, на ота-оналар қулоқ солишди. Даҳанаки жанг ҳатто миллатчиликка бориб тақалди. У пайтларда миллатчилик учун қаттиқ жазо бериларди. Ота-оналар Атоуллохон тўрани ҳақорат қилишгача бориб етдилар. Бунга чидолмаган Атоуллохон тўра милтиқни олиб чиқиб уларни отиб ташлашга шайланди... Аммо кимлардир аралашиб бу иш тинчиди.
Ўткир Ҳошимов “Дунёнинг ишлари” қиссасида бу ҳақда бир новелла келтиради.
“Дунёнинг ишлари” қиссасидаги Далавойга ўхшаганлар 50-йиллар арафасида қутуриб кетган эди.
Қисса муаллифи унинг қаерда ишлашини айтмайди, “нозик” жой деб қўя қолади. Аммо ўтган асрнинг ўттизинчи-қирқинчи йилларида туғилганларга маълум; далавойлар чарм камзул кийса бас, шунақалардан безиллаб қолган одамлар уларни кўрганда тиззаларига титроқ тураверади. Далавой икки образнинг қоқ иккига бўлинган ўзагидир; бири, “Тушда кечган умрлар” романидаги Комиссар Соат Ғаниевич, иккинчиси, “Икки эшик ораси” романидаги Умар закунчи.
Ўткир Ҳошимов Далавойни кўрган, худди эртакларда учрайдиган ёвуз кампирлар, девлар сингари болалик хотирасига мустаҳкам ўрнашиб қолган. 50-йилларнинг арафаларида зулм салтанати бунақаларни урчитарди. Уларнинг дастидан одамлар ўз уйида ўтириб бемалол овқат ҳам ейиша олмасди. Бу ҳозирги авлодга чўпчак бўлиб туйилиши мумкин. Аммо Ўткир Ҳошимов бу қиссада кўрганларинигина ёзган, албатта, жиндек бадиий жилони истисно қиламиз. То Сталин ўлиб, Берия маҳв бўлгунга қадар далавойларнинг қўлида қамчи ўйнаган, ўзлари ҳамиша от устида эдилар.
Атоуллохон тўра томорқа ундириб, ўша ерда деҳқонлик билан кун кечирар эди. Деҳқонлик — бобо касби. Ўттизинчи-қирқинчи йиллардаги қонунларга ҳам кўра томорқага нима экиш, нима ундириш, қайси дарахтни ўстириш, қайси дарахтни кесиб ташлаш ва ҳоказо ишлар деҳқоннинг ихтиёрида бўлган. Бироқ шу ихтиёрни ҳам далавойлар олиб қўйган экан; қонундан ташқари, чунки далавойларнинг ўзи зулм салтанатининг ўша даврлардаги қонунчалари эди.
Ўткир Ҳошимов ёзади: “...ўша йили қиш жуда қаттиқ келди. Билмадим, ўтин-кўмиримиз бўлмагани учун шундай туйилгандир. Ҳар қалай, дераза у ёқда турсин, эшигу деворларни ҳам қиров босиб ётар, ҳаммамиз чопон, телпак кийиб ухлардик. Танчага оёқ тиққан билан бефойда: сандал писиллайди. Кўрпа теккан жойини чаёндек чақади. Ичидан иссиқ ўрнига совуқ чиқаётгандек”.
Болаларнинг соғлиғи, уларнинг рисоладагидек ҳаёт кечириши ота-она зиммасида. Ота бу ҳолатни кўргач, қатъий қарорга келиб, арра тишларини эговлай бошлайди. У далавойлар ўйлаб топган қонунни биларди; дарахт кесиш учун ўшаларнинг рухсати керак. Аммо томорқасида ўсган қайрағоч ўзиники, ўзи эккан, ўзи ўстирган. Энди бу қайрағоч қурий бошлаган эди. Шуни арралаб ўтин қилишга ва болаларининг танига иссиқ беришга қарор қилди. Тўнғич ўғли билан қайрағочнинг тагидан арралаётганда Далавой яна битта ўзига ўхшагани билан келиб қолади ва “қонунбузарлик” учун акт ёзмоқчи бўлади.
Далавой ўзини ҳамиша одамлар устида деб билгани учун ҳам уй ичига оёғидаги пиймасини ечмасдан босиб кириб сандал четига ўтирганча акт ёзмоқчи бўлади. Унга ялинаётган Пошша ойини туртиб юбориши отанинг нафсониятига тегиб кетиб, ҳар икки амалдорни уйидан ҳайдаб чиқаради. Иккинчи гал яна Далавой келганда унга ов милтиғини ўқталади.
Ответить 
Старый 26.01.2016 15:55   #2  
Аватар для Asror Samad
Оффлайн
нафақахўр
филология фанлари номзоди, ёзувчи
Сообщений: 52
+ 111  50/19
– 0  1/1

Uzbekistan
АДИБНИНГ ТУҒИЛИШИ

Цитата:
Ўткир Ҳошимовда отасидан ўтган мана шу хислатлар бор: у хиёнатни кечиролмасди.
У мактабда тўртинчи синфда ўқиётганида биринчи марта хиёнатга дуч келди, энг яқин синфдошининг туҳматига қолди.
“...Катта танаффусда ўқитувчиларнинг кўзини шамғалат қилиб ёнғоқ қоқардик. Фақат иссиқхона ёнидаги ёнғоққа кесак отишга ҳеч ким журъат қилмас, ойна синса, оқибати яхши бўлмаслигини билардик. Бир куни катта танаффусда Қаҳрамон ўша ёққа бошлаб қолди.
— Қўйсанг-чи, — дедим унинг қўлидан тортиб. — Теплицанинг ойнаси синади.
— Шунақа қўрқоқмисан! — Қаҳрамон кулди. — Бундай қиламиз. Сен қараб турасан. Мен қоқаман. Ўқитувчи кўриниб қолса, ҳуштак чаласан.
...Қаҳрамон бир кесак отгандаёқ ўнтачаси дув этиб тўкилди. У... каттароқ кесакни олиб, яна отди. Бу сафар мўлжали хато кетди шекилли, қарс этган товуш эшитилди. Теплица ойнаси чил-чил синди... Қаҳрамон зим ғойиб бўлди. Шу пайт биров қўлимдан маҳкам ушлаб тортди. Қарасам, синф раҳбаримиз...
— Нима қилдинг? — деб сўради у дарғазаб бўлиб.
— Ҳеч нима, — дедим товушим титраб.
У қўлимни қўйиб юбормай, судраб кетди... Ўқитувчи парталар орасидан етаклаб ўтиб мени доска олдига турғазиб қўйди. Секин Қаҳрамонга қарадим, бегуноҳгина бўлиб деразага қараб ўтирибди.
...— Мана бу, — деди у бармоғини менга нуқиб, — қилғиликни қилиб қўйиб тоняпти. — Унинг овози бирдан пасайди. — Болалар, унинг ёнғоққа тош отганини ҳеч ким кўрмадими?
...Ҳамма жимжит эди.
— Сен-чи? — деди ўқитувчи овози товланиб. — Сен ҳам кўрмадингми, Қаҳрамон?
Қаҳрамон секин ўрнидан турди.
— Кўрдим, — деди минғиллаб. — Ўзи отди.
Кўз ўнгим қоронғилашиб кетди. Унинг нима деятганини яхши эшитмасдим. Фақат битта гап қулоғим остида жаранглаб турарди: “Кўрдим, ўзи отди”.
...Кўзимга ёш қуйилиб келар, бутун синфга, бутун мактабга эшиттириб ҳайқиргим келарди: “Мен эмас, ўзи отди, ўзи синдирди! Ишонмасанглар, чўнтагига қаранглар!” Шундай дегим келардию негадир овозим чиқмасди. Синфдан отилиб чиқиб кетдим. Кўчага чиққандан кейингина йиғлаб юбордим. Уйга келиб энтика-энтика ҳаммасини ойимга айтиб бердим. Ойим бошимни силаганча оҳиста юпатди:
— Қўявер, ўғлим. Баъзан шунақаси ҳам бўлади. Фақат ўзинг унақа қилма. Кўрдингми, ёлғон гапиргани учун ўртоғингни ёмон кўряпсан. Агар ёлғон гапирсанг, сениям ҳамма ёмон кўриб қолади”.
Пошша ойининг шу насиҳати унинг эсида бир умрга муҳрланиб қолди. У ёзувчилик даврига ўтгач, ёлғон ва хиёнатга, туҳмат ва ҳасадга қарши кураш олиб борди. У отасидан ҳақпарстликни, онасидан камсуқумликни, одамларга мсеҳрибонликни олди, икки фазилат бирлашиб, ЎТКИР ҲОШИМОВ номи билан табаррук инсон вужудга келди.
Ответить 
2 "+" от:
Старый 03.02.2016 14:56   #3  
Аватар для albatros
Оффлайн
Сообщений: 881
+ 1,270  830/414
– 4  16/13

UzbekistanОтправить сообщение для albatros с помощью Skype™Facebook
Диққат, танлов!

"Бекажон" газетаси халқимиз севган ёзувчи Ўткир Ҳошимов таваллудининг 75 йиллиги муносабати билан "Дунёнинг ишлари" танловини эълон қилишибди.
Бу танлов барча ижод аҳли ва ёзувчининг мухлислари учун ажойиб туҳфа бўлса ажаб эмас...


__________________
Qololmas jahon ichra mangu kishi,Faqat qolg'usi yaxshi nomi, ishi.(Sa'diy)
Ответить 
Старый 12.02.2016 14:16   #4  
Аватар для Asror Samad
Оффлайн
нафақахўр
филология фанлари номзоди, ёзувчи
Сообщений: 52
+ 111  50/19
– 0  1/1

Uzbekistan
КАМОЛОТ КАСБИ

Цитата:
Камол эт касбким, олам уйидин
Санга фарз ўлмағай ғамнок чиқмак.
Алишер Навоий
Саид Аҳмаднинг Ўткир Ҳошимовнинг олти жилдли асарлар тўпламига ёзган “Ижод ва жасорат” деган сўзбошисида шундай дейилади:
“Тоталитар тузумнинг оқоваси бижғиб, оқиб турган бир пайтда “Ўзбек иши”, “Давлат сири”, “Дўстлик ҳурматдан бошланади” каби ўнлаб мақолаларни ёзиш учун катта жасорат керак эди. Ўткир ҳар қандай зарбадан, ҳужумлардан қўрқмай, баъзан ҳатто ҳаётини хавф остида қолдириб, халқ дилида туғён уриб турган гапларни очиқ-ошкора айта олди.
Москва матбуоти тарқатаётган туҳмат ва ҳақоратлардан сабр косаси тошган Ўткир Ҳошимов собиқ компартиянинг XXYIII съезди минбаридан туриб уларни баралла фош қилди”.
XXYIII съезддан олдин Ўзбекистон компартиясининг съезди бўлиб ўтган эди. Компартиянинг бу анжумани илгариги, тоталитар тузум давридаги анжуманлардан кескин фарқ қилар эди. Ўзим бир қадар бу анжуманларда иштирок этганим учун сўзга чиққанларнинг аҳволи менга маълум эди. Уларга тайёр нутқ ёзилган қоғоз тутқазишар, нотиқ шуни ўқиб бериши керак эди. Ҳатто биттаям ҳарфи ўзгармаслик шарти билан... Регламент қатъий: асосий маърузачи ҳам, бошқа нотиқлар ҳам ўлчовли дақиқаларда гапиришлари керак. Белгиланганидан на бир дақиқа берига, на нарига ўтиб бўлмайди. Бу галги анжуманда эса сўзга чиқишни истаганларга ҳам, маърузачиларга ҳам эркинлик берилди. Ҳеч кимнинг қўлида нутқ матни ёзилган тайёр қоғоз ҳам йўқ.
Ўткир Ҳошимов ҳам тоталитар тузум даврида шундай ёки бундан кичикроқ анжуманларда сўзга чиққан, аммо у ҳам қуюшқонга солинган эди. Бу гал у эркинлик билан дилидаги ҳамма гапни тўкиб солди ва унинг нутқи қарсаклар билан қаршиланди. Йўқ, бу қарсаклар энди илгариги қарсаклар сингари шунчаки эмас, жуда самимий эди. Чунки у анжуман иштирокчиларининг дилидаги гапларни айтган эди. Бу нутқ 1990 йилнинг 5 июнида сўзланган эди. Коммунистлар салтанати у пайтда сўнгги нафасини олаётган бўлса ҳам, барибир зуғумининг заҳри бор эди. Ҳануз “оғалик” касали инграб, республикаларни безовта қиларди. Шунга қарамасдан ёзувчи қўрқмасдан дадиллик билан барча ҳақиқатни очиб ташлайди ва коммунистлар салтанати олдига 7 та талабни қўяди, бу талаблар қуйидагилар:
1. “Ўзбек иши” деган ҳақоратли тамға олиб ташлансин.
2. Гдлян ва Ивановлар гуруҳи мазкур ҳаром ном билан аталмиш иш бўйича қанча бегуноҳ одамларни қамаган бўлса, ҳар биттаси учун жавоб берсин.
3. Марказий матбуотда ўзбек халқига туҳмат қилиш тўхтатилсин.
4. Қўшиб ёзишлар ва қама-қамалар қайтадан бошланмаслиги учун планни Москвадан белгилашга чек қўйилсин.
5. Модомики, Бутуниттифоқ ташкилотлари Оролни сақлаб қолиш масаласида амалий ишга ўтмаётган экан, Ўрта Осиё республикалари ва Қозоғистон ҳамкор бўлмоқлари керак. Съездимиз номидан бу республикаларга мурожаат қилинсин.
6. Ўзбекистон суверен республика сифатида ўзининг миллий бойликларини ўзи тасарруф қилсин.
7. “Малакали кадрлар” баҳонасида республикамизга четдан “раҳбарлар” олиб келиш тўхтатилсин.
Бу анжумандан бир ой ўтиб, Москвада коммунистлар салтанатининг XXYIII съезди бўлди ва унда ҳам Ўткир Ҳошимовга сўз берилди. У нутқини узундан-узоқ кириш қисми ва умумий гаплар билан пардозлаб ўтирмади. Масалани кўндаланг қўйишдан бошлади. Ҳайъатда ўтирган казо-казолардан, минглаб одамларни ютиб юбориб, сув ичмайдиган юҳолардан чўчиб ҳам ўтирмади. У нутқини белгиланган регламентга сиғдиришга улгуриши керак эди.
“Совет мамлакатининг пахта мустақиллигини таъминлаган Ўзбекистон Республикаси ўз маҳсулотининг асосий қисмини хомашё сифатида ташқарига чиқармоқда. Қимматбаҳо стратегик хомашё — пахта толасини етказиб бераётган республика жон бошига озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмол қилишда мамлакатда охирги ўринларда туришини тасаввур қилиш қийин. Бунинг устига кейинги пайтларда “пахта иши”, “ўзбек иши” деган тамға остида қатағонлар, сурункали қонунбузарликлар авжига чиқди... “Пахта” деганда “вата”ни тушунадиган, пахта етиштиришнинг қанчалик оғирлигини тасаввур ҳам қилолмайдиган, олтинчи синфда ўқийдиган қизалоқ бир кунлик пахта териш нормасини бажариш учун ғўзапоя устига ўн беш минг мартагача эгилишга мажбур бўлишини хаёлига ҳам келтирмайдиган ва марказдан бориб Ўзбекистонда “тартиб ўрнатаётган” кончилар, балиқчилар, инженерлар бизнинг республикани тамоман айниб кетган, деб ҳисоблайдилар. “Ўзбек иши” деган ҳақоратли гап матбуот саҳифаларидан тушмай қолди. Мен ёзувчи сифатида, журналнинг бош муҳаррири (“Шарқ юлдузи” журнали назарда тутилган — А.С.) сифатида ўша ҳамкасб қаламкашлардан сўрагим келади: “Нима учун сизлар Ўзбекистонни “иккинчи Афғонистон” деб ёзишдан уялмайсизлар? Ўзбекистон нима ёмонлик қилди сизларга? Ўзбекистон душманми?”
Съезд делегатлари унинг нутқини диққат билан эшитишди. Яна шуниси борки, рус тилини чайнаб, ёки талаффузни бузиб гапирадиганларнинг сўзига бунақа улкан мажлисларда қулоқ солаверишмайди. Аммо Ўткир Ҳошимов болалик пайтидан рус тилини мукаммал ўрганганлиги туфайли тоза талаффуз билан гапиргани учун ҳам диққат билан эшитдилар. (Ўрни келганда айтиш керакки, Ўткир Ҳошимов “Дунёнинг ишлари” қиссасини ўзи рус тилига таржима қилган.)
Унинг нутқи ҳамкасбларига савол билан тугагани йўқ. Энди у Афғонистондан ва Иттифоқнинг бошқа жойларидан республикага оқиб келаётган 200-юк — темир тобутлар ҳақида аниқ далиллар келтириб гапира бошлади.
“Ўзбекистондан бориб хизмат қилаётган йигитларимизни... “қўшиб ёзувчи”, “порахўр”, “босмачи” деб камситаяптилар. Уриб, майиб қиляптилар, ўлдиряптилар! Йил бошидан буён 300 га яқин шундай тобутлар келди!”
Съезд залида ўтирган шоп-шалопли генераллар бу далилларга чидай олишмади. Қайсидир генерал ўрнидан туриб:
“Мен офицер сифатида, генерал сифатида гапиряпман! — деди у калондимоғлик билан. — Бугуноқ бундай ҳолатларни Генштабдан аниқлаймиз. Кеч соат ўн саккизда бу ҳақда съездга ахборот беришга ваъда қиламан. Агар гапингиз ёлғон бўлса, жавоб берасиз!”
Совет генераллари таҳдид қилишга ўрганиб қолганлар, таҳдид билан одамларнинг овозини ўчириб келганлар. Аммо Ўткир Ҳошимов бу таҳдиддан қўрқмади.
“Мен ўз сўзим учун жавоб беришга тайёрман”, деди у дадиллик билан. Унинг бир одати бор: ўзи учун шубҳали бўлган далилларни ҳатто бадиий асарларига ҳам киритмайди, ўша далиллар қанчалик қизиқарли бўлмасин, воз кечиб қўя қолади. Съезддаги нутқида эса ҳужжатлар билан тасдиқланган далилларни келтирди, аммо генерал кечки соат 18 да съездга ахборот берганлиги номаълум.
Ответить 
Старый 12.02.2016 14:17   #5  
Аватар для Asror Samad
Оффлайн
нафақахўр
филология фанлари номзоди, ёзувчи
Сообщений: 52
+ 111  50/19
– 0  1/1

Uzbekistan
КАМОЛОТ КАСБИ

Цитата:
Ундан олдинроқ, Москвага, компартияга сажда қиладиган раҳбарлар даврида Марказқўмдаги каттакон мажлисда “ўзбеклар иши” бўйича маъруза қилган марказлик амалдорни савол бериб довдиратиб қўяди. Ўшанда марказқўмнинг кичкинагина ходимчаси Бессарабов дегани бу ердаги каттакон коммунистларни тўплаб каттакон мажлис ўтказди ва унда каттакон маъруза қилди. Бир соатча гапирди. Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги салобатли ва даҳшатли раҳбарлари ўша кичкина ходимчанинг оғзига тикилиб ўтиришди.
“Ўртоқлар! — деди у ҳайқириб. — Ишонасизларми, Ўзбекистондан марказий районларга тола ўрнига вагон тўла ҳаво борган. Ҳа-во! Самолётларда эса дипломат ўрнига пул борган. Пора!”
“Хаёл суриб ўтирган эканман, — деб ёзади Ўткир Ҳошимов, — биров елкамга туртди. Қарасам, менга партийний “поручение” берган “опача”.
— Вы будете выступать или нет? — деди паст, аммо таҳдидли оҳангда. (Бизда одат шу. Расмий мажлисларда нутқ у ёқда турсин, ўзаро суҳбат ҳам рус тилида бўлади.) Сўзга чиқаман, деб қўйганим учун минг карра афсусландим. Аммо энди гапирмай илож йўқ. Дафъатан хаёлимга ғалати фикр келди.
— Савол берсам ҳам бўлаверадими? — деб сўрадим.
— Конечно. — “Опача” шундай деб минбар томон кетди.
Қўлимни кўтаришим билан юқорида ўтирган мажлис раиси дарров сўз берди.
— Пожалуйста! — деди минбарни кўрсатиб.
— Узр, мен сўзга чиқмоқчи эмасман, фақат бир саволим бор эди, деган эдим, – “рухсати олий” тегди. — Мен пахтакор ҳам, хўжалик раҳбари ҳам эмасман, — дедим ичимни қақшатиб юборгудек титроқ асабни базўр босиб. — Албатта, “қўшиб ёзувчилар”ни, порахўрларни жазолаш керак. Фақат бир нарсани унчалик тушунмаяпман. Ҳозир докладда бир гап айтилди. Ўзбекистондан марказий районларга тола ўрнига вагонларда ҳаво, самолётларда эса, дипломатларда пул борган экан. Марказдагилар нега айт-мабди: бизга вагонларда ҳаво, самолётларда пора эмас, толанинг ўзини юборинглар, деб нега талаб қилмабди? Одатда пора оладиган қўл пора берадиган қўлдан баландроқ туради, шекилли?
Зал икки минутча музлаб қолди. Ростини айтсам, ўзимнинг ҳам бутун вужудим музлаб кетди!”
Оғир гап эди: ёзувчи пора оладиган қўл пастда туради-ку, нега бу ерга келиб сен дағдаға қилаяпсан, порани иликдек ютган бўлсанг, нега Ўзбекистонни ёмонотлиқ қиляпсан, демоқчи эди. Буни тушунишди. Ўткир Ҳошимов “Мус- табид тузум шароитида... ўзининг ҳақ сўзи билан эл орасида эътибор қозонди” (Умарали Норматов, Насрдаги шоир ёхуд руҳият манзиллари”).
Ответить 
Старый 12.02.2016 14:18   #6  
Аватар для Asror Samad
Оффлайн
нафақахўр
филология фанлари номзоди, ёзувчи
Сообщений: 52
+ 111  50/19
– 0  1/1

Uzbekistan
КАМОЛОТ КАСБИ

Цитата:
Телевидениедан “Баҳс” кўрсатувини 5 йилга яқин олиб борар экан, долзарб масалалар кимгадир ёқмаслигини эътиборга олмай кўтариб чиқаверди, миллионларнинг дилидаги гапларни дадиллик билан изҳор қилди. Ўша пайтдаги мафкура раҳбари уни суҳбатга чақириб, кўрсатувда атеистик мавзуда ҳам чиқишлар қилишни таклиф этганда, жуда усталик ва нозиклик билан рад жавобини беради ва шундан кейин “Баҳс” кўрсатувини тугатиб қўя қолишди.
“80-йиллар бошида Ўткир Республика телевидениесида туркум баҳслар олиб борган, телетомошабинлар уларни катта қизиқиш билан билан томоша қилиб, юзлаб-минглаб хатлар ёзишган. Телепублицистика намунаси бўлган бу баҳслар, шубҳасиз, Ўзбекистон телевидениеси кўрсатувлари тарихидаги ёрқин саҳифани ташкил этади. Лекин ўша пайтда бу баҳслар кутилмаганда тўхтаб қолди.
Ўткир билан бир учрашувимизда шу ҳақда сўз очиб:
— Телетомошабинларни соғинтириб қўйдингиз-ку, — дедим.
Шунда Ўткир аввалига индамай қўл силтади. Кейин деди:
— Мени Марказқўмга чақиришиб, телевидениеда даҳрийлик ҳақида баҳс ташкил этасиз, дейишди. Мен бу иш қўлимдан келмайди, буни шу мавзуда диссертация ёқлаб, фан номзоди, профессор бўлган кишиларга буюринглар, деб чиқиб кетдим. Шундан бери мени телевидениега чақирмай қўйишди... Мен ҳам бормай қўя қолдим. Уларнинг айтганини қилсам мухлисларимнинг кўзига қандай қарайман, Алиназар! Отам билан онам гўрларида тик туришмайдими?” (Алиназар Эгамназаров, “Чўл ҳавоси”дан сўнг).
“Адибнинг... ижодхонасида “Баҳс бўйича келган икки мингга яқин хатни ўзим кўрганман” (Тўлқин Расулов, Азиз дўстим).
У 10 йил давомида “Шарқ юлдузи” журналининг бош муҳаррири бўлиб ишлади. Бу 10 йиллик фаолият Ўткир Ҳошимовни эллик йилга қаритди, десам муболаға бўлмас. Бунинг сабабини Озод Шарафиддиновдан эшитинг:
“Мен ўзим 80-йилларнинг поёнида Марказий Комитетда бир қалин делони кўрган эдим. Унда Ўткир устидан шикоятлар тахлаб қўйилган экан. Салкам 500 саҳифа!.. Бунга “ёзадиган, вақт сарфлайдиган, бош қотирадиган бошқа одам ёзса ёзавермайдими”, деб қўл силтаб қўя қолса ҳам бўларди. Аммо шўро замонида ҳар гал ариза тушганда Ўткир катта идорага чақирилар ва у ерда ўзининг “туя” эмаслигини бошқатдан исботлар эди. Қанчадан-қанча изтироб, руҳий азоблар, ҳозирги замон таъбири билан айтганда, йўқ ердан орттирилган стресслар муҳаррир асабини қақшатмасдан иложи йўқ эди” (“Эл ардоқлаган адиб”).
Пиримқул Қодиров 80-йилларнинг бошларида “Аждодлар довони” романи (Бобурийлар ҳақида)ни “Шарқ юлдузи” журналига берди. Роман бош муҳаррирга ҳам, таҳрир ҳайъати аъзоларига ҳам маъқул келди ва уни нашрга тайёрлашди. Бунақа ишларда “холис хизмат”га тайёр одамлар ҳам бор эди, дарҳол романнинг журналда босилаётгани хабари юқори идоранинг қулоғига етди. Яна бош муҳаррир ўша “ҳузури муборак”ка чақирилди. Бош муҳаррирнинг роман ҳақидаги фикрлари уч пулга ҳам олинмади, “босилмасин”, деган буйруқ бўлди, холос. Тасаввур қилинг, агар буйруқ бажарилмаса, нафақат бош муҳаррир ишдан кетарди, балки, партия сафидан ўчирилиши ҳам мумкин эди. Яна даҳшатлиси, журнал таҳририятидаги кадрлар алмашиши, ёки журнал фаолияти буткул тўхтатиб қўйилиши мумкин эди. Аслида Аҳмад Яссавий, Сўфи Оллоёр асарлари журнал саҳифаларида босилишига юқори идора тўралари аранг чидаб юрган эдилар. Ўша йиллари “Аждодлар довони” босилмай қолди. Биргина бош муҳаррир эмас, роман муаллифининг ўзи ҳам нари бориб, бери келди.
Қайсики матбуот бир хиллик билан шуғулланса, ўқувчиларнинг ундан ҳафсаласи пир бўлаверади; ўша журнал ё газетани ҳеч ким текинга ҳам олмайди. Ўткир Ҳошимов журналга бош муҳаррир бўлган кунидан бошлаб унинг саҳифаларида адабиётимизнинг унутилган асарларини ҳам, долзарб масалаларга бағишланган мақолаларни ҳам беришга қарор қилди. Албатта, у бу ишда ёлғиз эмас эди. Адибнинг ўзи ҳамкасбларини миннатдорлик билан эслаб ўтади:
“...Йирик адабий журналда яхши асарлар босилиши, тиражнинг қарийб икки юз минг нусхага етишида Ҳайдарали Узоқов, Худойберди Тўхтабоев, Неъмат Аминов, Носир Фозилов, Тоҳир Малик, Муроджон Мансуров, Мурод Муҳаммад Дўст, Икром Отамуродов, Ортиқбой Абдуллаев, Абдусаид Кўчимов, Омон Мухторов, Турсун Иброҳимов, Алиназар Эгамназаров, Тоҳир Қаҳҳор, Асқар Ҳайдаров, Асад Дилмуродов, Юсуф Абдуллаев ва бошқа шоир, олим, адиб ва журналистларнинг хизмати катта бўлди”.
Ўткир Ҳошимов ҳақиқат ва адолатнинг кўзига тик қарашга ўрганганлиги учун ҳам журнал саҳифаларида ижтимоий ҳаётнинг долзарб масалаларини кўтаришда, “Темур тузуклари”, “Абулфайзхон”, “Кеча ва кундуз” сингари асарларнинг босилишида дадиллик кўрсатди. 1968 йилда “Темур тузуклари” “Гулистон” журналида босилгани учун Иброҳим Раҳим, Султон Акбарийлар ишдан ҳайдалган эдилар. Орадан йигирма йил ўтиб Ўткир Ҳошимов шу ишга қўл урди. Албатта, бўшашиброқ қолган коммунист раҳбарлар пўнғиллашди, танбеҳ беришди, аммо кескин чоралар кўришолмади. Фитратнинг “Абулфайзхон” драматик асари босилганда асаб томирларигача қизиллашиб кетган адабиётшуносларнинг баъзилари айюҳаннос солишди. Аммо бош муҳаррир барча зарбани ўзига олиб, собит тураверди.
Ответить 
Старый 12.02.2016 14:19   #7  
Аватар для Asror Samad
Оффлайн
нафақахўр
филология фанлари номзоди, ёзувчи
Сообщений: 52
+ 111  50/19
– 0  1/1

Uzbekistan
КАМОЛОТ КАСБИ

Цитата:
1963 йилда Крачковский таржима қилган Қуръон рус тилида нашр этилди. 250 миллион аҳолиси бор Иттифоқ учун 3000 минггина ададда босилган эди ва у китоб рўйхат билан тарқатилди. Марказий Осиёдагина эмас, рус тилини биладиган бошқа республикалар ва мамлакатлардаги диншуносларга таржима ёқмади. Жуда улкан шарқшунос олим бўлган Крачковский ҳам Ислом динига ва унинг Муқаддас Китобига баланддан назар ташлаб таржима қилган ва изоҳлаган, таржима ва изоҳларда ҳақиқат анчагина бузилган, бунинг устига ноаниқликлар кўп эди. Шу таржима нашр қилингандан бошлаб уни ўзбек тилига таржима қилишга уринганлар ҳам бўлди. Жумладан, шарқшунос олимимиз Муталлиб Усмонов бу ишни бошлаганда уни тепадан туриб тўхтатиб қўйишди. Ўтган асрнинг 80-йилларида Алоуддин Мансур уни таржима қилишга киришди ва 10 йил давомида таржимани сидқидил билан тугатди. Нашриётлар таржимани қўлга олишга ҳам қўрқишди.
Бундан олдин бир воқеа: “Шарқ юлдузи” журналида Одил Ёқубовнинг “Кўҳна дунё” романи босилади. Адиб романда Аллоҳ ва Худо деган сўзларни кўп ишлатган эди. Ахир, роман қаҳрамонлари мусулмон оламининг фарзанд- лари, бу калималарни ҳар дақиқа ишлатганлар. Марказқўм журналнинг ўша пайтдаги бош муҳарририни чақириб, романдаги шу калималарни ва умуман динга тааллуқли сўзларни қириб ташлашни буюради. Бош муҳаррир идорасига келиб, аллақачон босмага олинган романни таҳрир қилиб чиқади: қайси саҳифада Аллоҳ ва Худо номлари учраса, уни “Кўк” сўзи билан алмаштиради... Ёки ўша даврларда Ўткир Ҳошимов “опача“ деб атаган партия раҳбари бир куни навоийшунос Суйима Ғаниевани чақириб, Навоий асарларидаги барча диний калималарни йўқ қилишни топширади ва шундай таҳрир билан Навоий асарларини қайта нашр этишни уқтиради. Албатта, олима бу буйруққа бўйсунмайди. То “опача“ ишдан кетгунча олиманинг бирон асари матбуот юзини кўрмайди.
Алоуддин Мансурнинг таржимаси ҳақида “Шарқ юлдузи” таҳририяти хабар топиб, уни бош муҳаррир Ўткир Ҳошимовга етказадилар. Ўткир Ҳошимов ўша пайтда барча масъулиятни зиммасига ололмасди, шунинг учун Қуръон таржимасини журналда нашр этиш учун журнал муассиси Ёзувчилар уюшмасининг раҳбарияти билан келишиб олди. Таҳририятни ҳар тамонлама муҳофаза қилиш учун Қуръон илмини, араб тилини, дин тарихини биладиган махсус таҳрир ҳайъати тузилди. Ҳайъатга Абдулазиз Мансур, Алибек Рустамий, Неъматилла Иброҳимовлар киритилди. Хайриддин Султонов, Анвар Турсун, Омон Мухтор, Аъзам Ўктам нашрга тайёрловчи махсус муҳаррирлар сифатида тасдиқланди. Қуръоннинг дастлабки суралари журналнинг 1990 йил март сонида босилиши билан даҳрийлар аюҳаннос кўтаришди. Улар-ку аюҳаннос солганча ёки чекка-чеккада минғиллаганча қолишди, журнал таҳририятига зарба кутилмаган жойдан келиб қолди. Ўткир Ҳошимов ўзининг “Халққа қайтарилган хазина” деган мақоласида шундай ҳикоя қилган:
“Бош муҳаррир сифатида мени марказқўмга таклиф қилишди, — деб ёзади Ўткир Ҳошимов. — Афсуски, ҳар қандай вазиятда ҳам тўнини ечиб майдонга тушиб кетадиган Озод ака ўша куни университетда дарсда экан. Таржимон Қирғизистонда. Таҳрир ҳайъати аъзолари бўлмиш бошқа олимларни топишнинг ҳам иложи бўлмади.
Юқори ташкилотга бир дақиқа кечикиб бориш мумкин эмас. Яхшиям, бахтимизга атоқли адабиётшунос ва тилшунос, араб тилини мукаммал биладиган олим Алибек Рустамов бор экан! Журнал масъул котиби Носир Фозилов, олим — учовлашиб, айтилган жойга бордик...
Академиклар номидан бир олим расман вакил бўлиб келган экан.
...“мухолифимиз”нинг талаби кескин ва қатъий эди. Нашрни тўхтатиш керак!..
— Қуръон таржимаси билан “Шарқ юлдузи” шуғулланиши шартми? — деб сўрадилар муҳтарам академик.
— Бўлмаса, ким шуғуллансин?
— Ўзбекистон ССР Фанлар академияси бор. Бунақа жиддий ишлар академияда қилинади, сизлар шеър босинг, ҳикоя босинг.
— Марҳамат, академия ҳам шуғулланаверсин.
— Академия шуғулланса, Қуръон таржимаси ўн йилда ҳам чиқмайди, — деди Алибек Рустамов ишонч билан. — Буни мен яхши биламан.
Академик бошқа важ топди:
— Қуръонни таржима қилиш мумкин эмас, у фақат араб тилида ўқилиши керак!
— Китоб инглиз, француз, немис, испан, рус тилларига аллақачон таржима қилинган-ку!
— Улар христиан мамлакатлари!
— Туркия, Покистон, Афғонистонда миллий тилларда нашр этилгани-чи? Уйғур тилига таржима қилингани-чи? Улар ҳам насронийми?
Муҳтарам академик бу сафар ҳам бўш келмадилар.
— Тўғри, бу тилларда ҳам таржима чиққан. Аммо яхлит китоб бўлиб чиққан. Қуръонни майдалаб босиш мумкин эмас!
— Ҳафтияк нима? Қуръони каримнинг еттидан бири эмасми? Эски мактабларда Ҳафтияк ўқитилган-ку!
— Ҳафтияк — китоб. Журнал эса вақтли нашр. Қуръонни журналда босиб бўлмайди.
— Нега ахир?
— Чунки Қуръон муқаддас китоб. Журналингизни биров йиртиб номақбул жойда ишлатса...
Буниси энди мантиққа сиғмайдиган гап эди.
— Ҳой, барака топгур! Қандайдир бефаҳм нон бурдасини ахлат қутисига ташлашидан қўрқиб, новвой нон ёпмай қўйиши керакми энди? Бизнинг одамлар орасида бунақа бетавфиқлар йўқ!
— Бўлса-чи?
Анчадан бери жим ўтирган Алибек аканинг йирик-йирик кўзлари чақнаб кетди.
— Ҳой, мулла! — деди овози жаранглаб. — Сизнинг соҳангизнинг Қуръонга нима алоқаси бор? Дин тарихини биласизми ўзи? Мен араб мамлакатларида ишлаганман! Ҳамма газеталарда, ҳар куни Қуръон сураларидан парчалар босилади! Китобни давомли қилиб босиш мумкин эмас, деган гап — абсурд! Мантиқ йўқ! Ундан кўра нима учун журнал академиядан сўрамай бу ишни бошлади, деб қўя қолмайсизми? Билиб қўйинг, нимани босишни журнал таҳририяти ҳал қилади! Академия шу ишга жазм этган экан, марҳамат, ўзи ҳам нашр қилаверсин!
...Муҳтарам олим фикридан қайтмади. Марказқўм ходими индамай, кулимсираб ўтирарди. Билдимки, у киши ким ҳақ эканлигини билиб турибди. Бироқ вақтида ҳаракат қилинмаса, майда гаплар газак олиб кетиши, нашрни тўхтатишга қодир кучлар ишга киришиши мумкин эди.
Бахтимизга ҳал қилувчи суҳбат мамлакат раҳбари Ислом Абдуғаниевич Каримов ҳузурида бўлди. (Бу пайтда Ислом Абдуғаниевич Марказқўмнинг биринчи котиби эди.) У киши нашр атрофида бўлаётган тортишувлар ҳақидаги гапни диққат билан эшитиб, бу хайрли ишни тўхтатмаслик, нашрни давом эттириш тўғрисида қатъий топшириқ берди”.
Ответить 
Реклама и уведомления
Старый 12.02.2016 14:19   #8  
Аватар для Asror Samad
Оффлайн
нафақахўр
филология фанлари номзоди, ёзувчи
Сообщений: 52
+ 111  50/19
– 0  1/1

Uzbekistan
КАМОЛОТ КАСБИ

Цитата:
Ҳар бир ёзувчи ва шоир, олим ё санъаткор, умуман, зиёлиман деган одам ўзи яшаб турган жамиятнинг камчилик ва нуқсонларини кўради. Кўрадию қай бир асарида уни ифода этади. Ўткир Ҳошимов ўзи яшаган шўро даврига ҳамду санолар ўқимади. Инсонпарвар ёзувчи халқ тарафида бўлиши керак деган ақидага ҳамиша амал қилиб келди. Лекин баъзан нуқсонлар ҳақида гапиришнинг иложи бўлмай қолган пайтларда у сукут сақлади. Сукут — розилик аломати, дейдилар. Абдулла Қаҳҳор бир ўринда “Сукут — танқиднинг бир тури”, дейди ва бу гап асос эътибори билан ёзувчига тааллуқли бўлса керак.
Наврўз воқеаси қизиқ бўлди. Шўро тузуми-ку бир неча йиллардан бери Наврўз байрамига лоқайд қараб келар эди; турли жойларда одамлар бу кунни ўзича байрам қилар, айниқса, деҳқонлар уни орзиқиб кутардилар. 80-йилларда ўша “опача“ мафкура раҳбари бўлиб мансабга мингач, матбуот конференцияси ўтказди ва ўшанда томдан тош тарақлаб тунуканинг устига тушгандек, “Партийные и советские органы отходят от Навруза”, – деб қолса бўладими! Залга сув сепилгандек бўлди. Тинчликни Самарқанддаги русча газетанинг муҳаррири бузди: ”Ахир Наврўз куни Ургутда 15 минг одам сайилга чиқади, бу сайил жуда шукуҳли, жуда завқли ўтади, унда диний маросим йўқ”, – деди. Раҳбарнинг пешонаси тиришиб, ундан юзини чирт ўгирди. Бирдан ўртароқдаги ўриндиқнинг тарақлагани эшитилди. Ҳамма ўгирилиб қаради, шу жумладан раҳбар ҳам. Кубанкасини бошида қўнқайтириб Алибек Рустамий эшик томонга йўналган экан...
Шундан кейин “Наврўз” кампанияси бошланди. Тошкент обкомининг котиби Комолхўжаев дегани шу конференциядан кейин дарҳол мажлис чақириб, умуман “наврўз” деган сўзни ишлатмасликни буюрди. Кимдир қизига Наврўз деб исм берган экан, ўша куниёқ уйига бориб, “Бугундан бошлаб бунинг оти Наврик”, – дебди. Барибир марказқўм Наврўз байрамини йўқотолмас эди, у худди самандар сингари асрлар мобайнида алангали оловлардан омон ўтиб келган халқ байрами. Унга ҳатто ислом дини ҳам тамға босмоқчи бўлди, эплолмади. Не-не фотиҳ халифалар қатағон қилмоқчи бўлишди, қўлларидан ҳеч нарса келмади. “Опача” унинг номини ўзгартиришга қарор қилди: “Навбаҳор”. Газеталарда, радио ва телевидениеларда “навбаҳор” номига мадҳиялар битилди ва бу номни ўйлаб топган “опача”га тасаннолар айтилди. Жудаям таниқли шоир “опача”га хушомадан “навбаҳор” атамасини мақтаб “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” ҳафтаномасининг биринчи саҳифасида мақола бостирди. Лекин виждони пок ёзувчилар жим; оғизларига талқон солишди. Шу жумладан, Ўткир Ҳошимов ҳам. Бу сукутнинг маъносини “опача” сезди ва Ўткир Ҳошимовни суҳбатга чақирди. Унга навбаҳор ҳақида сценарий ёзишни ва телевидениега топширишни буюрди. Ҳа, илтимос қилиш унинг одатига кирмасди, айнан буюрди.
Ёзувчи аввало Наврўзнинг мафкура учун зарарли томони йўқ эканлигини, бу 5 минг йилдан бери анъанага айланиб қолган байрам ва ҳамжиҳатлик куни, ёруғ кун эканлигини уввало тушунтирди, бўлмади. Охири умримда сценарий ёзмаганман, бу иш киночиларнинг юмуши, деди. “Наҳотки шунча романлар ёзиб ташлаган ёзувчи сценарий ёзолмаса”, деб ажабланди “опача”. Хуллас, Ўткир Ҳошимов сценарий ёзишдан бош тортди. У халқ анъанасига, халқ суйган байрамга, ризқ улашаётган деҳқонга хиёнат қилолмасди, бу унинг қонида йўқ.
Ответить 
Старый 12.02.2016 14:20   #9  
Аватар для Asror Samad
Оффлайн
нафақахўр
филология фанлари номзоди, ёзувчи
Сообщений: 52
+ 111  50/19
– 0  1/1

Uzbekistan
КАМОЛОТ КАСБИ

Цитата:
Албатта, Ўткир Ҳошимов — ўз даврининг фарзанди. У шўро мактабида ўқиган, халқона айтганда, шўронинг нонини еган. Пионерлик, комсомоллик йўлларини ўтиб, кимнингдир қўлидан коммунистларнинг қизил паттасини эҳтиром билан олган... Унинг шўро тузумига қаршилиги, унга қарши исёни йўқ эди. Жиллақурса кўнглида бунақа ният бўлмаган. Аммо ҳақпараст ёзувчи сифатида ҳаёт ҳақиқатини тасвирлаган, қатор қиссаларида дейсизми, романларида дейсизми, драматик асарларида дейсизми, ҳатто ҳажвий асарларида дейсизми, инсонни кашф этар, инсон характерининг томир-томирларигача кўрсатар экан, қай жиҳатдандир тузумнинг асосларини фош этади. Биз буни унинг асарлари таҳлилида кўра биламиз.
Ўткир Ҳошимовга ота-онасидан ўтган яна бир неча хислат бор: ҳалоллик, поклик, бировга зиён келтирмаслик, камсуқумлик.
Бу ўринда Мурод Тиллаевнинг “Ўткир Ҳошимов сабоқлари” рисоласидан икки эпизод келтирамиз:
“Бир воқеа эсимдан чиқмайди. Ўткир аканинг уйида ўтказиладиган бир маросимга тайёргарлик кўриларди. Устоз билан қозон олиб келиш учун маҳалла марказига бордик. Зил-замбил қозонни терга ботиб кўтариб келаётганимизда гап қотдим:
— Ўткир ака, одамлар бизни кўрса нима деркин?
— Нима дерди, хонадонида бирон маросим бўлаётган экан, қозон олиб кетишяпти, дейди-да!
— Шундай катта ёзувчи шогирдлари билан қозон кўтариб юрибди, демайдими?
— Ёзувчи қозон кўтармасин, деган қоида қаерда ёзилган? Қани, кўтардик”.
Шу рисоладан иккинчи эпизод.
“Ёз палласи устознинг уйида ҳашар бор деб эшитдик. Бир қанча шогирдлар бордик. Адиб ўзининг киндик қони тўкилган ота ҳовлиси ўрнида қурилган оддийгина уйда истиқомат қилар эди. Шу уйининг эскириб, ишдан чиққан томи алмаштирилаётган экан. Яна аввалгидек шифер билан. Хаёлимга келган саволни бердим. “Бир йўла тунука билан ёпсангиз бўлмайдими, устоз, ҳадеб шифер алмаштириб овора бўлмасдингиз”. Ўткир ака бир зум ўйлаб турди-да, жавоб берди: “Болалигимда маҳалламизда Афанди домла деган нуроний отахон бўларди. Афанди домланинг кенжа ўғли Ҳикмат ака билан бирга ўқирдик. Бир куни уларнинг уйига бордик. Афанди домла гапдан гап чиқиб шундай деди: “Болаларим, Худо хоҳласа, сенлар униб-ўсиб катта бўласан, топармон-тутармон бўлиб уйлар қурасан. Ўшанда эсингда турсин: уй қураётганингда томингни қўшнингникидан бир қарич пастроқ қилиб ёп, токи қўшнингнинг кўнгли чўкмасин”. Томимизни тунука билан ёпиш масаласига келсак, мен ҳам тунука билан ёпишим мумкин. Мана шу Наққошлик кўчасидаги ҳамма қўшнилар уйини тунука билан ёпса, мен ҳам шундай қиламан”.
Ҳақиқатда, то қўшниларнинг томлари тунукали бўлмагунча, қатор қўшниларда икки қаватли иморатлар қад кўтармагунча Ўткир Ҳошимовнинг уйи пачоққина бўлиб тураверди. Бўлмаса, қатор китоблари чиққан, мақолалари ва асарлари матбуот юзидан тушмайди, бинобарин, қалам ҳақи рисоладагидек иморат қуриб олишга етарди.
Агар мен 20 ёшимдан адабиёт ишига унча-мунча аралашиб юрган бўлсам, жуда кўп ёзувчию шоирлар ва санъаткорлар билан мулоқот қилганман. Эндигина матбуотда бир-иккита шеъри ё ҳикояси чиққан ҳаваскор ёзувчиларнинг димоғида шўрва шақиллаб қайнашини кўрганман.
Ответить 
Старый 12.02.2016 14:21   #10  
Аватар для Asror Samad
Оффлайн
нафақахўр
филология фанлари номзоди, ёзувчи
Сообщений: 52
+ 111  50/19
– 0  1/1

Uzbekistan
КАМОЛОТ КАСБИ

Цитата:
Ўткир Ҳошимовни тахминан 1963 йилдан бери танисам, унинг бирон марта баланддан туриб гаплашганини ёки гапимни бўлиб бошқа мавзуга кўчганини эслолмайман. У каттакон ёзувчи бўлиб танилганда ҳам, ҳатто мансаб пиллапояларидан юқори поғоналарга кўтарилганда ҳам мен учун ўша-ўша “Ўткиржон” бўлиб қолаверди.
Ўткир Ҳошимов ўз асарларининг библиографиясида икки жилдли сайланма асарлари — “Нурли дунё” ва “Умр савдоси”нинг “Нур” нашриётидан чиққанлигини қайд этиб ўтади. Ҳар гал библиографиядаги ана шу сатрларга кўзим тушганда бир воқеани эслайман: адиб дастлаб менга тегишли “Нур” нашриёти орқали “Шумлик” деган китобчасини нашр эттирди. Мен бу китобчага 50 минг адад қўйдим. Бу энг аввало таваккал эди. Чунки “Шумлик” китоби нашр этилган 1993 йилда айни китобхонларнинг сусайиб бораётган даврига тўғри келган, одамлар китоб ўқишдан кўра тирикчилик ташвишига тушиб қолган эдилар. Китобларга адад қўяр эканман, муаллифларнинг ёрдамига мутлақо суянмайман, улардан ёрдам сўрашга ҳам истиҳола қиламан. Китобнинг намуна нусхалари босмахонадан келгач, умрини тугатиб бораётган китоб савдоси идорасига мурожаат қилдим. У ердан ланжроқ, буруқсиганроқ жавоб олдим. Ўткир Ҳошимов нашриётга келганда китобнинг тарқалиши билан албатта қизиқди ва менинг сустроқ жавобимдан кейин “Китоб ётиб қолмайди, тарқалади”, деди. Эртасигами, индинигами мендан ҳисоб варақасини олиб кетди ва уч кун ўтмасдан 50 минг ададни оладиган ташкилотдан банкка пул тушди. Китобдан нашриёт фойда кўрди. Ўша йили адибнинг икки жилдли сайланмаси режалаштирилган ва қўлёзма устида иш кетаётган эди. “Сайланма”нинг ташаббускори мен эдим. У ўша “Шумлик” китобчасини олиб келганда беш жилдлик сайланма асарларини тайёрлаб беришни айтганимда, у: “Йўғ-е, ҳали беш жилдликка арзийдиган иш қилиб қўйганим йўқ, умуман менга ҳали сайланма асарлар нашр эттириш вақтлироқмикин...”, деди ийманиб. (Ваҳоланки, ўша йилдан анчагина олдин “Ўзбекистон халқ ёзувчиси” фахрий унвонига сазовор бўлган эди. Шу ўринда айтишим керак, “Шарқ” нашриёти ҳам унга саккиз жилдлигини таклиф қилганда, у 6 жилдга туширган). Менинг қистовим билан у сайланма асарларини икки жилдлик қилиб олиб келди.
“Сайланма”ни қайси босмахонага бермоқчисиз?” деб сўраб қолди адиб бир куни. “Сайланма”нинг матбаа ижросига бошим қотиб турибди, ўзимизнинг босмахонада бунақа қалин китобни босишга қувват йўқ, 1,2,3-босмахоналар сифат бермайди”, – дедим. “Шарқ”чи, анчагина қувватли босмахона, Ислом Шоғуломов билан гаплашиб беришим мумкин”. “Қимматроқ босмахона-да”. “Майли, нархини ҳам келишиш мумкин”, – деди адиб. Эртасига телефон қилиб, гаплашганини, ҳар ҳолда жуда қиммат нарх қўймаслигини айтди. Мен дарҳол қўлёзмани “Шарқ” концернига жўнатдим. 20 минг адад белгиладим. Ўткир Ҳошимовдай адибнинг сайланмасига камроқ адад қўйишдан уялардим. 20 минг адад учун ҳар бири 40 босма тобоқдан иборат китобга омборда қоғоз йўқ эди. Аммо банкда пул бор. Қоғоз эса ўша йиллари тақчилроқ бўлиб қолган. Яна адибнинг ўзи ёрдамга келди; босмахонанинг ўзи қоғоз топадиган бўлибди. “Шарқ” тезкор босмахона, сайланма тез орада нашрдан чиқди. Унинг тарқалишини ҳам адибнинг ўзи уюштирди. Китобнинг бутун адади босмахонадан келганда нашриёт ходимлари уни иккинчи қаватга таший бошладилар. Шу пайт адибнинг ўзи келиб қолди ва терлаб-пишиб китобларни ташишга қараша кетди.
— Ўткир ака, сиз қўяверинг, ўзимиз ташиб қўямиз, — дейишди ходимлар.
— Керакли тошнинг оғирлиги йўқ, — деди у пешонасидаги терини артиб.
Бу ўша ота тарбиясининг самараси — ҳалоллик, бировнинг ҳақига хиёнат қилмаслик, қўлидан келса, бировга ёрдам бериш, ёрдам қилишнинг иложи бўлмаса, бировга ёмонлик қилмаслик.
Хуллас, ҳалоллик ва покизалик билан тарбия кўрган Ўткир Ҳошимов 1941 йилнинг 5 августида туғилиб, умрининг охиригача бировнинг ҳақидан қўрқиб, қўлидан келса, бировга ёрдамга шошилиб, қўлидан келмаса, агар душмани бўлса ҳам, унга ёмонликни раво кўрмай яшаб ўтди.
Ответить 
Ответить




Powered by vBulletin® Version 3.8.5
Copyright ©2000 - 2025, Jelsoft Enterprises Ltd. Перевод: zCarot
Advertisement System V2.5 By Branden
OOO «Единый интегратор UZINFOCOM»


Новые 24 часа Кто на форуме Новички Поиск Кабинет Все прочитано Вверх