Моё меню Общее меню Сообщество Правила форума Все прочитано
Вернуться   uForum.uz > ТЕМАТИЧЕСКИЕ ФОРУМЫ > Образование > Ижод хусусида сўз
Сообщения за день Поиск
Знаете ли Вы, что ...
...до того как открыть новую тему, стоит использовать поиск: такая тема уже может существовать.
<< Предыдущий совет - Случайный совет - Следующий совет >>

Ижод хусусида сўз Ижод аҳли, уларнинг ғояси, ҳаёт қараши, мақсадлари, ютуқлари, орзу ва армонлари.... (Все о творчестве, о людях творчества, их идеях, взглядах, достижениях и целях, мечты…)


Ответить

 
Опции темы Опции просмотра
Старый 28.01.2014 23:57   #201  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
Тахаллус

Ўтган асрнинг саксонинчи йиллари бошида “Шарқ юлдузи” журнали таҳририятининг шеърият бўлимида хизмат қилардим. Тоҳир Малик масъул котиб эдилар. Кўпчилик шоирлар қатори Муҳаммаджоннинг шеърларидан бир даста тайёрлаб, аканинг ҳукмига хавола этдим. Тоҳир ака уларни ўқиб, илиқ фикр билдирдилар.
Кейин қўшимча қилдилар:
- Лекин имзосини ўзгартирамиз.
- Имзосини? Нега? – ҳайрон бўлдим.
- “Муҳаммад Юсупов” эмас, “Муҳаммад Юсуф” имзоси остида эълон қиламиз бу шеърларни.
- Қандай бўларкин?
- Яхши бўлади: “Муҳаммад” ҳам “Юсуф” ҳам Пайғамбарларимизнинг исмлари. Уларга “ов” қўшимчасини қўшиб, ўзимиздан бегоналаштирмайлик.
Мен бу фикрга қўшилдим.
- Шоир келса розилигини олинг. Бўлмаса, менга учрашсин, ўзим тушунтириб қўяман.
Шундай қилиб, бу шеърлар “Муҳаммад Юсуф” тахаллуси остида ёритилди ва Ёзувчилар уюшмаси Поэзия секцияси йиллик муҳокамасида йилнинг энг яхши шеърлари сифатида эътироф этилди.
Ответить 
"+" от:
Старый 28.01.2014 23:59   #202  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
Шукур Қурбон. Муҳаммад Юсуф хотиралари.

Цитата:

Хосиятли туш
Талабалик даврида ва ундан кейин ҳам ижара уйларда яшаб юрган шоирга, ниҳоят, Дархон маҳалласидаги кўп қаватли иморатларнинг биридан уй берадиган бўлишди. Лекин ҳа деганда уй битавермади. Битгандан кейин ҳам, ҳатто калити қўлга тегиб ҳам, унга кўчиб ўтиш пайсалга солинаверди – уни уй бошқармаси қурувчилардан қабул қилмай туриб олди. Қиш кунларидан бирида дўстлари даврасида шеърхонлик қилиб қолиб кетган шоирнинг оёғи, негадир, ўша ёққа тортди. Унгача ҳам Муҳаммаджон бу уйга кирган, яхши ният билан эшикка янги қулф ўрнаттирган, кўрпача ёстиқ келтириб қўйганди. Уй қоравули кўнглини топиб, хонадонга кириб борган. Бениҳоя толиққаниданми, хоналарнинг иссиқлиги хуш ёққанми, ҳалиги кўрпачага чўзилиб, ухлаб қолган. Ва тонгга яқин туш кўрган. Тушида ям-яшил адир эмиш. Муҳаммаджон адирда ўша кўрпачада ухлаб ётганмиш. Тепасида оппоқ кийинган бир нуроний қария бошини силаб ўтирганмиш.
Ёнида чақмоқдай бир от турганмиш.
- Тур, болам, манави оқ отга мин, - деярмиш у. – Бундан бу ёғи йўлинг оқ бўлади! – Муҳаммаджон кўп ўйлаб ўтирмай, чолга миннатдорчилик билдириб, отга минганмиш. От ажиб бир салобат билан юриб кетганмиш.
Ўша куни тонг олди шоирнинг “Самарқанд” шеъри дунёга келган.
Мана ўша шеър:

Самарқанд

Самарқандга борсам мен агар,
Улуғбекни кўриб қайтаман.
У қон йиғлаб турар ҳар сафар,
Мен дардимни кимга айтаман.

Бағримда бўй етган бўз болам,
Мерган болам, лочин кўз болам,
Бўғзимга тиғ урган ўз болам...
Мен дардимни кимга айтаман.

Сезмай қолдим Ўшанда чоғим,
Юлдузларда экан нигоҳим.
Билмадим не эди гуноҳим...
Мен дардимни кимга айтаман.

Қанча ғамга ботмаган эдим,
Қанча оғу ютмаган эдим...
Ўз боламдан кутмаган эдим...
Мен дардимни кимга айтаман.

Таним музлаб, гоҳ тош қотаман,
Мен шоҳ эмас, ахир, отаман.
Гўримда ҳам ўйлаб ётаман,
Мен дардимни кимга айтаман.

Самарқандга борсам мен агар,
Улуғбекни кўрмай қайтмайман.
У менга қон йиғлар ҳар сафар,
Мен дардимни кимга айтаман!


“СИЗ – МАҲАММАТ ЮСУПСИЗ-А...”

Туманимизнинг Чинобод қишлоғи яқинидаги “Уч соҳил” дам олиш масканида шоир иккимиз сайр қилиб юрган эдик. Иттифоқо, ўша атрофда полизга сув қуйиб юрган бир нуроний отахон йўлимизни кесиб чиқди. Саломлашдик.
- Сиз Маҳаммат Юсупсиз-а?- шоирга юзланди отахон.
- Ҳа, Муҳаммадман, ота, - жавоб қилди шоир, ҳаммамизга қадрдон ва самимий жилмайиши ва бироз бўғиқ овози билан.
- Танидим, болам, танидим. Ҳу, ўшағдан туриб танидим. Тилвизорда кўрганман.
У Муҳаммаджоннинг қўлларини тутиб олган, қўйиб юборгиси келмай, меҳнатда қотган кафтлари билан уларни силаб- сийпарди.
- “Самарқандга борсам мен агар”ни ёзган қўлларингиз шуми?
- Ҳа, шу, ота! Ёқадими сизга ўша ашула?
- Ёқади, болам. Жа ёқади. Оталарнинг ичини ёзгансиз, болам. Шу ашулани ёзган қўлингизни кўзимга сурай... Ота, негадир кўзлари ёшланиб, мен томонга ҳам қараб қўйди. Муҳаммаджон мени отахонга таништирган бўлди.:
--Ота, бу ака Шукур Қурбон бўладилар, устозим.
-Ким? Устозингиз? Ҳа, яхши-яхши.
Мен ўнғайсиз ҳолатга тушдим.
Изоҳ бердим:
- Тўғри, мен устозиман, лекин Муҳаммаджон – устозидан ўзган шогирд.
- Нима? Устозидан ўзган шогирд? Ҳа, яхши.
Шоир Муҳаммад Юсуфнинг халқимиз орасида ҳурмати нечоғлик баландлигини илк бор ўшанда кўрганман. Бу бежиз эмас эди, албатта. Ўша чинободлик отахон тилга олган “Самарқанд” шеърида шоир кишиларимизнинг мустабид давридаги изтиробини авж пардаларда жаранглатганди:

Мен дардимни кимга айтаман?

Аҳвол мамлакатимизда ўша йилларда ҳақиқатан ҳам танг бўлиб, аёллар ўзига ўт қўяётган, эркаклар ҳам “Пахта иши”, “Ўзбеклар иши” қатағонларини бошдан кечираётган паллалар эди. Шоир кейинчалик бу мавзуни давом эттириб, “Гдлян Иванов”, “Файзулла бобо”, “Бобур”, “Шароф Рашидов” каби асарларини яратиб, ўзига хос ижодий жасорат кўрсатди. Хусусан, замонавий қўшиқчиликка “ҳаётбахш таҳрир киритиб”, уни қуруқ ва ҳиссиз асарлардан қайсидир маънода “тозалади”, “поклади”. Мустақиллик йилларида шоирнинг бу борада қилган ишлари, айниқса, диққатга сазовор: “Ўзингдан қўймасин, халқим”, “Ҳеч кимга бермаймиз сени”, “Халқ бўл, элим” сингари қўшиқлари мамлакатимиз маънавий ҳаётида ўзига хос воқеа бўлди.
Шоирнинг севги-муҳаббат мавзуидаги шеърларини бутун Ўзбекистон ёшлари ёд олди. Уларни қўшиқ қилиб, қанчадан-қанча ҳофизлар элга танилди, Мустақил Республикамиз юксак мукофот ва унвонлари соҳиби бўлишди.
Ответить 
2 "+" от:
Старый 29.01.2014 00:01   #203  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
Шукур Қурбон. Муҳаммад Юсуф сабоқлари.

Цитата:
“БИЛМАЙДИЛАРКИ...”

Муҳаммад Юсуфнинг юлдузли йиллари эди. Эсимда бор, Халқлар дўстлиги саройида шоирнинг ижодий кечаси бўлиши керак эди. Уни Ўзбекистон радиоси тасмасига ёзиш учун бордик. Кечадан аввал шоирни мухлиса кизлар даврасида учратдим. Халақит бермай деб четга чиқдим. Бир пайт у ёнимга келди. Хурсандчиликдан сармаст. Шоир учун аслида мухлис эътиборидан кўра юксакроқ бойлик йўқ, деб ўйладим. Суҳбат асносида бир сирни ичига сиғдира олмади. Мухлисалари уни ўраб олиб, кастюмини ечишган ва ўзлари меҳр билан тикиб келган туморларини шоирнинг қўлтиқларига осишган экан – кўз тегмасин, деб. Туморга ишониш тўғри эмас. Лекин мухлислар муҳаббатининг рамзи сифатида шоир уларни ечиб ташлагиси келмади. Муҳаммаджоннинг мухлислар қалбини шу қадар забт этганига қойил қолдим. Тўғрироғи, ўша кунларда унинг ўзи ҳам бунга хайрон эди.
- Ҳайронман, ака, нега бундай қилишди булар?
- Кўз тегмасин, дейишган-да! Яхши, Муҳаммаджон! Кўз тегмасин, ишқилиб,- дедим.- Бу кунга етганлар бор, етмаганлар бор. Ҳали бирорта шоирга мухлисларнинг ўз муҳаббатларини бу тарзда изҳор қилишганини, очиғи мен кўрмаган эдим.
Орадан бир неча кун ўтиб, шоирни ниҳоятда тушкун ҳолатда Ғафур Ғулом номли нашриётдан чиқаверишда учратдим. Сабабини сўраб-суриштирдим. Маълум бўлишича, баъзи бир қаламкаш тенгдошлари Муҳаммад Юсуф шеърларини “рўзғорбоп”, “асарларида янгилик етишмайди” – деб камситмоқчи бўлганликлари қулоғига чалинган экан. Демак, унга хасад қилишган, деб ўйладим. Таскин-юпанч керак. Унга Халқлар дўстлигидаги мухлисларнинг туморларидан сўз очдим. Қўшиқларининг халқоналиги борасида гапирдим. Шунингдек, унга “ташланаётганлар”нинг ўзлари сизникидақа ёзолмаганлари учун, ўзларича “шеъриятда бир янгилик ахтариб қариб кетиши” хусусида сўзладим. Сергей Есенин асарларидан мисоллар келтирдим, Сергейнинг бир дўстига, ўзига худди шундай хужумлар бўлган пайтида ёрилганини айтиб бердим:
- Биз ҳар хил “футуризм-путуризм”ларни кўрганмиз, - деган эди Есенин. – Улар ёзаётган шаклларда ҳам жуда ёзганмиз. Энди ўз йўлимизни топиб олдик. Улар билмайдиларки, биз тўғри йўлдамиз!
Муҳаммаджон менинг сўзларимни тинглар экан, аста-секин кайфияти кўтарилиб жилмая бошлади. Кейин мен Есенин сўзларини келтирган китоб номини айтди.
- “В мире Есенина”.
- Ҳа, баракалла! Сиз ҳам ана шу сўзларни гоҳ-гоҳ такрорлаб юринг. Аслида ёзгансиз сиз ҳам ҳар хил шакл ва оҳангларда бир пайтлар.
-Ёзганман, ҳаммасиникидан зўр ёзганман.
-Ҳа, баракалла! Энди бошқача ёзяпсиз!
Шундай қилиб, бизлар хушчақчақ кайфиятда хайрлашдик. Кейин ҳам кўп бор учрашганимизда ундан хол-аҳвол сўрарканман, Муҳаммад жилмайиб, ўша давомини иккимиз биладиган “сеҳрли” сўзни такрорлайдиган бўлди:
- Билмайдиларки...
Ответить 
"+" от:
Реклама и уведомления
Старый 29.01.2014 00:03   #204  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
Шукур Қурбон. Муҳаммад Юсуф сабоқлари.

Цитата:
“МЕНИ ОЛИБ КЕТИШАДИ, АНА УНДАН КЕЙИН...”

Туманимизнинг Чинобод қишлоғида байрам муносабати билан мушоира ташкил этилиб, унга балиқчилик қаламкаш-шоирлар таклиф қилинган эди. Ўша пайтда онам зиёратига бориб, ўша ерда юрганимдан хабар топганлар мушоирада менинг ҳам қатнашишимни сўрашди. Рози бўлдим. Кечга томон билдикки, мушоирада ҳаммамиз учун севимли шоир Муҳаммад Юсуф ҳам қатнашар экан.
Саломлашишимизга ҳам улгурмасдан унга сўз бериб юборишди. Икки юз чоғлик киши йиғилган чойхона гулдирос қарсаклардан жаранглаб кетди. Мен шоирини, шеъриятини олқишлаган балиқчиликлардан мамнун эдим. Шу қарсаклар орасида Муҳаммад энгашиб, қулоғимга шифирлади:
- Ака, хайрлашолмай қолмайлик.
Мен унга савол назари билан қарадим. У яна энгашиб, гапига изоҳ берди:
- Ташқарида уч-тўртта мошин билан марҳаматлик дўстларим мени кутишяпти. Мени тезда олиб кетишади. Ана ундан кейин, навбатни сизларга беришади. Унгача, хафа бўлманглар, сизларга навбат ҳам, қарсак ҳам тегмайди. Ҳаммасини қолдириб кетаман тезда.

Ҳаммамиз туманимиз меҳмони, ҳам севимли шоиримизнинг бироз ғурур, бироз эркалик билан айтилган бу гапларини энди билсам, ўзининг оламдан эрта кетишию, бизнинг ундан кўра кўпроқ яшашимизга ҳам ишора экан.
Шоир 5-6 та шеърни қарсиллатиб ўқиб, хеч ким билан хайрлашмай-нетмай, юксак олқишлар остида даврадан чиқиб кетди. Энди Муҳаммадсиз қолган даврада, Муҳаммад Юсуфнинг мухлисларига шеър ўқишни тасаввур қилинг.

Нақл қилишларича, балиқчилик мухлислар Муҳаммад Юсуфдан сўрашган:
- Ака, Тошкентга борсак, сизни қандай топамиз?
- Пушкин кўчаси билан Дархон кафесининг олдига борасизлар. “Буюк ипак йўли” метроси томонга ярим бекатча юрилса, икки йўлнинг ўртасида Пушкиннинг ҳайкали бор. У кечаю кундуз қўлини бизнинг домимиз тарафга чўзиб, “Сиз ахтарган шоирнинг уйи шу” деб турибди.
Мухлислардан бири ҳайкални кўрган экан, ўзича билағонлик қилибди:
-Ака, сиз айтган ҳайкални кўрганман. Пушкиннинг ёшлиги тасвирланган.
-Тўғри, ёшлиги.
-А, у қўлларини орқага қилиб олган, шекилли?
-Қачон кўргансиз у ҳайкални?
-Уч-тўрт йил бўлди бунга. Ўқишни битирган пайтимиз эди.
-Ҳа, уч-тўрт йил олдин ҳайкалнинг қўли орқада эди. Ҳозир бизнинг “дом”ни кўрсатадиган бўлган.
Бошқа мухлис орага гап қўшибди:
-Ғафур Ғулом “Бизнинг уйга қўниб ўтинг, дўстларим” шеърида “уйи”мизни кўрсатишга милиционер қўли бор” деб ёзганди.
-Тўғри, Шўро даврида машҳур шоирларнинг уйини милиционерлар кўрсатиб турарди. Ҳозир бу ишни ҳайкаллар бажараяпти.
Ответить 
"+" от:
Старый 29.01.2014 00:24   #205  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
Цитата:
Ҳақиқий шеър - одамлар орасида

(Ўзбекистон Халқ шоири Муҳаммад Юсуф билан суҳбат)

-Муҳаммад ака, яқинда Президентимизнинг қўлларидан Халқ шоири унвонини олдингиз, авваламбор, юксак унвон билан табриклаймиз.Агар истасангиз, суҳбатимизни кейинги кўнгил кечинмаларингиз билан бошласак...
- Биласизми, қайси соҳада бўлмасин, меҳнатингизни озгина бўлса-да қадрлаб, баракалла деб елкангизга уриб қўйишса, бу-- катта бир далда бўлиши турган гап. Менинг ҳам кимгадир керагим бор экан, деб кўнгилдан ўтказасиз, руҳланасиз-да! Камтарин ижодимни шу қадар юксак унвон билан тақдирлаганлари учун жуда миннатдорман. Менинг ютуғимдан фахрланиб, кўнгли осмон бўлиб юрган яқинларим, биродарларимни кўриб янада шодланаман.
Юзга кирган момом бор.
Унинг қувонганини кўрсангиз эди... Кўзларига ёш олиб қутлади. Нуроний юзларидан мингдан - минг рози эканликларию янги-янги тилакларни уқиб олиш осон эди.

-Ўзбекистон Халқ шоири деган унвон сизга янада катта масъулиятлар юкласа керак?..
- Албатта. Бу – билдирилган ишонч демакдир.Бундан кейин яна ҳам қаттиқроқ ишлашга ундайдиган “оғайни, энди бўш келмагин” дейиш билан баробар.

-Шеърни ҳар ким ҳар хил талқин этади. Сизнинг-ча, шеър нима?
-Шеър, бу – ширин дард, азоб. Шоир шу дард бемори. Юракдаги ўша шеър қоғозга тушмагунча баъзида уйқу келмайди.Уни ёзиб битирганингдан кейинги роҳат бошқача бўлади. Яхши китоб ўқисангиз мазза қиласиз-ку! Энди бир илиқ жумла топиб олишни тасаввур қилиб кўринг.Катта-катта асарларнинг яратилишига ҳам биргина жумла сабаб бўлиши табиий. Бир шеърни қоғозга тушира олмай ойлаб қийналиб юриш мумкин, лекин бир куни “ажойиб кунларнинг бирида” мақсад рўёбга чиқади ва ўқиб туриб қувониб кетасиз. Баъзилар борки, мен ёзолмай қоляпман, мажбуран бўлса-да, ёзиб турмасам, “қўлим чиқиб кетади” дейишади. Мен бунга асло қўшилмайман.Ўзим кўнглим буюрмагунча ёзмайман ҳам.

- Насрга қўл уриб кўрганмисиз?
- Тўғриси, ёзсам, қўлимдан келадиган иш.Лекин мен учун энг муҳими – шеър, уни қизғанаман.Агар насрга ўтиб, кўп ўралашиб қолсам, шеър мендан ўч олади. Чунки у - менинг жон дўстим.Хиёнатни кечирмайди. Наср бўлса, улфатим...

-Таржимага-чи, қандай қарайсиз?
-Жуда кам таржима қилганман.Шеър ёзиб турганда таржима қилиш шарт эмас, менимча. Баъзилар таржима шоирни бойитади, дейишади.
Билмадим-у лекин у мени кўпроқ чалғитади. Руҳиятимга ҳам тўғри келмайдиган бир ҳолат.

-Вақтингизни кўпроқ нималарга сарфлайсиз?
- Кўпроқ китоб ўқийман. Бобурни, Машрабни, Бедилни севиб мутолаа қиламан. Анна Ахматовани, Сергей Есенин каби рус шоирларини, ҳозирги шеъриятимиздан Абдулла Ориповни кўп ўқийман.

-Сиз уюшмада ёш ижодкорлар билан шуғулланасиз. Айтинг- чи, адабиётимиз кенжа авлодининг қайси жиҳатлари сизга маъқул?
- --Бугун ижодкор ёшларимиз жуда кўп.Уларнинг ижод дунёси турфа хил.Бир-биридан гўзал.
Агар таққослайдиган бўлсак, илгари ижодкор ёшлар орасида ҳамиша битта энг зўри бўларди. Ҳозир эса, унақа эмас. Ҳаммаси зўр. Бирини ажратиб айтадиган бўлсангиз, кўнгилнинг тубида бошқаси жилмайиб туради. Бу деганим – барчасининг ўз овози, ўз йўли бор. Мен бундан жуда хурсандман.

-Ижодингиздан ўзингиз розимисиз?
- --Йўқ. Лекин мен ижодни жуда юксак қилиб кўрсатишни ҳам хоҳламайман.Негаки, бу ҳам оддий бир меҳнат.Новвой нон ёпаётгандай, чўпон қўйини боқаётгандай, сиз қалбингиздан сўз сўраб одамларга тарқатасиз. Бу – шоирнинг кундалик вазифасидай бўлиб қолган. У шеърга қўл урмасдан туролмайди.
- --Шеър шоир кўнгил кечинмаларининг тафсилотими ёки ижтимоийликка дахлдор битикларми?
- --Биласизми, мени нимагадир қўшиқчи шоир деб тан олишади. Фақат муҳаббатдан ёзади, дейишади. Лекин мен адабиётга ижтимоий шоир бўлиб кириб келганман. Эсингизда бўлса, ўша пайтларда ёзилган “Самарқандга борсам мен агар...”, “Дўппи”, Гдлян ҳақидаги шеърларим ана шундай сифатларга эга эди.
Энди саволингизги келсак, шеър кўнгилни ижтимоийликка боғлайдиган ришта ҳам бўлмоғи керак. Шунда шеърият ўз куч-қудратини намоён қилади.

- Ёшликда орзулар жуда катта бўлади. Айтинг-чи, бугунги кунда орзуларимга эришдим, дея оласизми?
- Қисман эришдим, десам ёлғон бўлмас.Аётганингиздек, болалик орзулари сарҳад билмайди. Ва уларнинг ҳаммасига эришиб ҳам бўлмайди. Эришилган кундан бошлаб ҳаётнинг қизиғи ҳам қолмайди.Ҳар куни янги -янги мақсадлар билан кўчага чиқасиз.Сизни яшашга ундаб турадиган нарса ҳам мана шу – мақсад ва орзулар.Уларнинг борлиги ҳам яхши.

- Шеърни нималардан излайсиз?
- Мен шеърни фақат кўчадан излаб, кўчадан топаман.Китоб ўқиб шеър ёзмайман.Китобдан наср топиш мумкиндир, китоб ўқиб олим бўлиш мумкиндир, аммо ҳақиқий шеър - одамлар орасида. Уларни кўнгил кўзи билан қоғозга тушира билиш керак.

- Ижодингизда соддалик, жайдарилик яққол сезилиб туради. Бу – руҳиятингизга, табиатингизга боғлиқми?
- Албатта, боғлиқ. Ўзи ҳаётда ҳам шундайман. Жимжимадор, баландпарвоз сўзларни ёмон кўраман. Сўзни борлигича ифода этсам дейман. Унинг устидан бўёқ суркаш мутлақо ортиқча.Қандай сўз бўлмасин, ўрнида ишлатилса, соддалик ва равонлик ўз-ўзидан пайдо бўлади. Тўғри, сўзларни безаб, ҳаддан ташқари гўзал қилиш мумкин, лекин уни отангиз, онангиз тушунмаса, нима кераги бор? Мен шундай деб ўйлайман.

- Ўзингиз яхши кўрадиган, беихтиёр хиргойи қилиб юрадиган шеърингиз қайси?
- Мен ҳар йили, кўпинча, бир шеърим таъсири билан юраман. Бу йилгиларидан “Биз бахтли бўламиз, Худо хоҳласа...” деган шеъримни ёқтираман.

- Тасаввур қилингки, сиз – шоир Муҳаммад Юсуфнинг мухлисисиз.Четдан туриб унга нима деган бўлар эдингиз?
- Шеърларини ўқиб туриб, биринчидан, кўпроқ ўқи, камроқ қўшиқ ёз, деган бўлардим. Яхшиларидан кўпайтир, дердим.
- --Бугунги ижодкор ёшлар ижтимоийликдан қочиб, ўз кўнглига бекинишяпти, деган гапларга қандай қарайсиз?-
--Бу - бекорчи гап, менимча. Бу гапни тўқиб чиқарган бўлсалар керак. Бугунги ёшлар ижодини тўлиқ таҳлил қилиб бера оладиган танқидчини топиш амримаҳол бўлиб қолди. “Тиши ўтадиганлари” ҳам бутунлай бошқа иш билан шуғулланиб кетган.
Яна бир гапни айтиш мумкинки, меҳр-муҳаббатни, кўнгил кечинмаларини куйлайдиган ёшларимиз шу йўлни тутишган бўлса, не ажаб! Мисол учун Гулжамол Асқарова деган талаба қизнинг “Бир ёр топсак эдик, жондан кечгулик” деган мисрасини эслайлик. Бу шеърни ҳеч иккиланмай Ватан ҳақида дейиш мумкин. Унинг замирида шу юрт, шу тупроқ назарда тутилган.Демак, биз ёшлар ижоди ҳақида қўққисдан хулоса чиқаришга шошилмасдан, уларни синчиклаб ўқишимиз, уқишимиз керак экан.
- --Болаларга ҳам шеър ёзганмисиз?
- --Ёзганман-у, тўғрироғи, уддалай олмаганман. “Ҳалима энам аллалари” деган болаларбоп туркум шеърларим бор. Кейин ҳам ҳаракат қилганман-у, ёзганимдан кўнглим тўлмаган.
- --Муҳаммад ака, охирги саволим –мухлисларингизга қандай ваъдалар ва тилакларингиз бор?-
--Олдиндан ваъда бериш қийин-у, лекин шуни айтиб қўйиш мумкин: катта бир достонга қўл урмоқчиман. Насиб этса, мухлисларимга ҳали кўп шеърлар туҳфа қиламан, деган умиддаман.Барчаларига кўнгил хотиржамлигию оила тотувлигини тилайман.Омон бўлишсин.Улар билан яхши кунларда ёруғ юз ила учрашмоқ, ишончларини оқламоқ, бурчимни ҳалол адо этмоқ – энг олий мақсадим.

Cуҳбатдош Ориф Тўхташ
Ответить 
3 "+" от:
Старый 29.01.2014 10:14   #206  
Аватар для Sparc
Оффлайн
Сообщений: 1,096
+ 1,249  922/478
– 100  32/25

Uzbekistan
Цитата:
«ҚИЗИЛ ОЛМА» ҚЎШИҒИНИ ТУШУНИШ
...
...

Шу тариқа бу кичкина қўшиқ катта ҳаёт дарсидан ҳикоя қилади. Шундай дарски, йигитларга ҳам. қизларга ҳам кифоя бўладиган даражада ибратли. Неча-неча мард йигитлар шу қўшикдаги каби ҳолатлардан синиб кетади, бир қанчаси дардини ичига ютиб, бир умр овози чиқмай кетади, қайсиларидир келиннинг шаддодлигидан чўчиб, жим яшаб кетишни ихтиёр қилиб қолади, яна қайсиларидир келинни ёки ўзини бир бало қилиб қўяди-да, ё қамалиб кетади, ё мажруҳ бўлиб қолади. Келин эса) "Фалонининг кизига ит теккан экан" деган хунук номга эга бўлиб қолади. Бунақа воқеалардан сўнг эндигина қуда-анда бўлишганлар ҳам ажралишиб кетишади, келин-куёв учун аталган кўрпа-тўшагу мебеллар, қимматбаҳо жиҳозлар талаш бўлади, никоҳ гувоҳномасини бекор қилиш учун қанча асаббузарликлар, югур-югурлар... Ҳаммасининг бош сабабчиси - ўзига "қурт тушириб қўйган қизил олма". У агар ўзига эҳтиёткор бўлганда эди, балки бахтли бўлиб кетган бўлармиди?!
Биринчи аёли билан ажралишган танишим бир қизга уйланадиган бўлиб қолди. У барваста, илмли, олий маълумотли, бировга гапини олдирмайдиган йигитлардан эди. Иккинчи марта уйланди, тўйи бўлиб ўтди. Келиннинг олдига кирган экан, келин пичоқ кўрсатибди: "Менга яқинлашсанг, ўзимга пичоқ уриб оламан!" дебди. Бундан не бир аҳволга тушган куёв аҳволни аста-секин сўраб ўрганибди. Маълум бўлишича, қиз ўзига ҳамкасб бўлган оилали, фарзандли бир йигит билан "юрар" экан; унга ота-онаси, aкa-yкaлapи, маҳалла-кўй орасида "Фалончи тўй кўриб турмушга чикди" деган ном керак экан; шу сабабдан ўзини қизлардай кўрсатиб, тўйи бўлаётган келин ролини бажарибди. Куёв йитит нима ҳам дерди?! Ноилож, келинлик ролини маҳорат билан ижро этган "артистка"нинг рухсатини берди.
Дунёнинг бошқа халқларида қандайлигини билмаймиз-у, бизнинг халқимизда келин-куёвнинг тўйдан кейинги илк кечалари одамлар эътиборида бўлади. Шу кечалар ҳеч қанақа гап-сўзсиз ўтдими, демак, келин-куёв янги ҳаётларини яхши бошлаб олишибди, қуда-андалар "Бор, товоғим, кел, товоғим" муносабатларида бардавом бўлишади. Агар келин қиз эмас, жувон чиқиб қолса, бирдан чор-атрофга ҳар хил шовқин-сурон чиқиб кетади. Турли-туман гап сўзлар пайдо бўлиб, келин томон эл орасида уятга қолади, Албатта, куёв томон ҳам бундай маломатдан чеккада қолмайди. Бу тамға бир умрга халқнинг хотирасига жойланиб қолади. Хуллас, икки томон ҳам анчагина моддий ва маънавий зарар кўради.
Халқимиз орасидаги "Қиз сақласанг, туз сақла" мақоли аслида қиз болаларни ҳақорат қилиш учун эмас, балки уларнинг ҳурмат-иззатини баланд сақлаш учун айтилган. Яъни кўзингнинг қорачиғини қандай эҳтиёт қилиб сақласанг, қизингни ҳам шундай азиз тутгин, унинг масъулияти ҳам, шарафи ҳам улуғлигини эсдан чиқарма. Агар кўзингни эҳтиёт қила олмай қолсанг-у, уни кўр қилиб қўйсанг, кўр кўз билан яшайверасан. Аммо қизингга доғ тушириб қўйсанг, соғ кўзингни очиб яшашинг ҳам қийин бўлиб қолади. Бу мақолдаги "туз" сўзи икки хил талқин қилиниши мумкин, Биринчиси, ширин овқат шўр туз билан ёқимли бўлади, фақат унинг шарти ўз меъёрида бўлиши: агар кам бўлса ҳам яхши эмас, кўпайиб кетса ҳам яхши эмас. Иккинчиси, "туз" сўзи асли туркий бўлиб, "тўғри", "дуруст" маъноларини беради. Яъники, қиз фарзандни доимо керак вақтида тартибда ушлаб туриш лозим бўлади. Бунда тартибни ушлаш тузнинг вазифасини бажаради.
Исломдан олдинги жоҳилият замонининг такаббур ва шум араблари шунинг учун ёш қизларини тириклай тупроққа кўмиб, бир йўла қутулиб қўя қолишган. Бу бениҳоят қийин иш ва катта гуноҳ бўлса ҳам, ундай золим, шафқатсиз оталарга маъқул ҳамда осон кўринган. Бироқ улар ҳам, уларнинг ваҳший қилиқдари ҳам тарихнинг қора кунлари ўлароқ ортда қолиб кетди.
Уларни оғзимиз оғримай танқид қиляпмиз-у, бироқ тушунишга ҳам ҳаракат қилсак, адолатли иш бўларди: иссиқда чидаб бўлмас иссиқ, совуқда одамни тешадиган совуқ ҳукм сурадиган саҳро ҳаёти, эр ойлани боқиш учун ё дала-даштга, ё тижорат карвони билан ўзга юртларга кетади, хотин уйда болалар билан ёлғиз қолади, бошқа қабилалар ёки қароқчиларнинг босқинчилик хавфи доимо, кеча-кундуз нақд, эр то уйга қайтгунча, хотин ва бола-чақа асирлик домига тутқун бўлиб қолиши ҳам мумкин, қайси бирлари тутқун бўлиб хорликка гирифтор бўлади, яна қайсилари мол сингари қўлдан-қўлга сотилиб кетаверади, шунда ҳаммасига ҳам қийин-у қиз бечорага эса, ундан-да қийин Нима қилиш керак?! Хотинсиз яшаш қийин, ўғил бола қийналса, бир куни йўлини топиб кетиши мумкин, аммо қиз бола бечора ота-онага қиз бўлиб, унинг шарманда бўлишига чидагандан кўра, уни тириклай кўмиб қўя қолган маъқулроқ кўринган бўлса ҳам, эҳтимол. Лекин ажаб эмаски, ўз тирик қизини кўмаётган ота "Эй Худо, қизимнинг тирик бўлиб хор-зор, расво бўлиб юрганини кўрганимдан тирик кўмаётганим учун Ўзинг кечир" деб ёлворган бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас.
Лекин ҳозирги замондаги қиз туққанлиги учунгина хотинини қўйиб юбораётган, ёки фарзанд кутиб юрган аёлига "Ўзингни текширтир, ҳомиланг ўғил бўлса, туғасан, қиз бўлса, олдириб ташлайсан" дея шарт қўяётган эрларни ҳам қандайдир маънода ўша шафқатсиз, қаҳри-қаттиқ арабларга ўхшатиш мумкиндир балки.

Шукроналар бўлсинки, қизлар ардоқланадиган замин ва замонда яшаяпмиз. Қизларимиз ўзлари хоҳлаган илмлар-у, касб-хунарларни бемалол эгаллашмокда. Улар ўсмирлик, ўспиринлик даврларини чиройли ўтказишиб, вақти келганда бир оиланинг бахтли келини бўлишларига ҳамма имкон ҳамда шароит бор. Фақат ота-оналар, ака-укалар, амакилар, тоға-жиянлар уларни то ўша тотли кунлари келгунча озгина вақтга бўлса ҳам бегона эркаклар, йигитларнинг қўлига хоҳ у синфдош бўлсин, хоҳ у курсдош ёки ҳамкасаба бўлсин, хоҳ узоқроқ қариндош бўлсин холи ташлаб қўймаслиги керак.
“Одамнинг оласи ичида". Чунки атрофда боқувдаги қўйдан чўпоннинг узоқлашишини кутиб турган бўрилардек икки оёқди "бўрилар" пойлаб юрган бўлиши ҳам мумкин. Эҳтимол, ҳайвон бўрида инсоф бўлишидан умид қилса бўлар, лекин икки оёқли одам "бўри" сира ҳам имконини бой бермайди, имкон бўлиши ҳамоно ўлжасига эгалик қилади.
Аёлларнинг, умуман олганда, эркакларнинг ҳам умрини шартли равишда икки қисмга бўлиш мумкин: никоҳгача бўлган ҳаёт, никоҳдан кейинги ҳаёт.
Балоғатга етаётган қиз ҳаётининг аввалги қисмида бўлғуси никоҳ кунига ҳар томонлама тайёрланади. Жумладан, кўзи, қўли, оёғи етган жой борки, у жойларни тоза ва озода тутишга одатланади, саранжом-саришталикка, бор нарсаларни тежаб-тергашга ўрганади, ўзига доғ тушиши мумкин бўлган жойлар ва ҳолатлардан узоқроқ юради. Чунки бир ёмонотлиққа чиқиб қолгудай бўлса, бир ўзигина эмас, балки ота-онаси, ака-укаси, амакиси, тоға-жияни, амма-холаси ва бошқалар ҳам уятли бўлиб қолишади. Никоҳ тўйи ва ўша куни кириладиган чимилдиқ (гўшанга) қиз боланинг иккинчи ҳаётга қўйган қадами ҳисобланади. Шу билан янги ҳаёт бошланади.
Бу шеърни "ТУШУНИШ" учун шунча "сув" солиб, шишириш шартмикан ?
Ответить 
2 "+" от:
Старый 08.02.2014 22:11   #207  
Аватар для bekww
Оффлайн
Сообщений: 568
+ 1,307  476/245
– 9  11/6

UzbekistanLiveJournalМой мир
Муҳаммад Юсуф ҳаёти ва ижоди ҳақидаги кўрсатув:

Ответить 
Старый 13.02.2014 18:24   #208  
Real ID Group
Аватар для Ulugbek Hamdam
Оффлайн
журнал "Шарк юлдузи"
главный редактор
Сообщений: 117
+ 146  281/102
– 0  0/0

Uzbekistan
ҚИСМАТИ - ШОИРЛИГИ, ШОИРЛИГИ - ҚИСМАТИ

Мен Муҳаммад ака билан бир жойданман – Марҳаматдан, яъни қадим Мингтепадан. Туғилган гўша меҳри ва унинг олдидаги қарздорлик туйғуси туфайли бўлса керак, унинг Мингтепага бағишланган талай шеърлари бор. “Мингтепани атайлик ўз номи билан!” деб тугалланади бир шеърининг охирги мисраси. Албатта, мен ҳам ёзганман: “Толеим кулса бир кун, Қучоғингга қайтарман. Муҳаммад Юсуф билан Қўшиғингни айтарман!” дея якунлаганман битигимни. Иккиламиз ҳам болаликдан Улуғтоққа қараб, ундан кайфият, хаёл олиб улғайганмиз. Битта каналдан сув ичганмиз. Эҳтимол, битта тандирнинг нонини еб, битта ариқда чўмилгандирмиз ҳам. Лекин ҳеч қачон “борди-келди”миз бўлмаган. Ваҳоланки, ҳозир ўйлаб қарасам, ҳаётнинг ўзи бунга етарли даражада сабаблар яратган экан. Ҳамда бу сабаблар тақдир деб аталган улкан тоғдан ситилиб чиққан шалоладек табиий равишда туғилган эса-да, биз шаҳри азим Тошкентда “ҳамюрт” сифатида ҳеч қачон кўришиб турмаганмиз. Бунга ёшимиздаги фарқ (14 ёш!) дан ҳам кўра табиатимиз, тарбиямиз ва дунёқарашимиздаги ўзгачалик кўпроқ сабаб бўлгандир, деб ўйлайман. Шунга қарамай, тақдир мени бир неча бор ўзбекнинг бу улуғ ва танти шоири билан ҳар хил вазиятларда дийдорлаштирди, дея оламан.
Муҳаммад Юсуфни билмаган, унинг икки қатор шеъридан баҳра олмаган киши йўқ ҳисоби миллатимиз вакиллари орасида, десам муболаға бўлмас-ов... Ҳатто дунёни бадиий-эстетик қабул қилишига кўра шоирдан тамомила фарқ қилувчи ўқувчи ҳам ҳаёти давомида ҳеч қурса М. Юсуф шеърлари билан ижро этилган қўшиқни тинглаб ҳузурлангани бор гап. Шу маънода мен ҳам илк бор шоирнинг ўзи билан эмас, аввало шеърлари билан учрашганман. Аслида, бу ҳам шоир учун, умуман, ҳар қандай ижодкор учун чинакам бахт. Чунки ўзини қанча шоир атаган бор, лекин биронта мисраси эл ичра машҳур эмас. Элни қўйиб туринг, энг яқин дўсти, ҳатто гоҳида турмуш ўртоғи ҳам билмайди унинг бир қатор шеърини. Бу шоирнинг туғилмай туриб ўлгани эмасми!.. Ҳақиқий шоирнинг, шеър-ку майли, ҳеч қурса, ёдларда михланиб қоладиган мисралари бўлади, бўлиши керак! Мисол учун “Ғичир-ғичир тишимдаги Сўлиғимсан, Ватаним!” дегандек. Бугун ўзбек тупроғида “кимнинг шеърини энг кўп ёд биласиз?” деган маънода ҳаққоний сўровнома ўтказилса, ҳеч ким Муҳаммад Юсуфнинг олдига тушолмаса керак-ов...
Ҳар доим гапнинг тўғриси яхши: менинг шеърият бобидаги танглайим ўзбек шоирларидан қисман Ҳамид Олимжон, кўпроқ Эркин Воҳидову Абдулла Орипов, хориж шоирларидан Пушкин, Лермонтовлар шеърларини ўқиб кўтарилган. Навоий, Бобур ва Машрабдан айрим рубоий ва ғазалларни суюб ёдлаганим, ёқимли қўшиқдек айтиб юрганим эсимда. Қолган барча буюклар кейинги босқичда “пайдо бўлишган”. У пайтлар М. Юсуфнинг ҳатто номини ҳам эшитмагандим. Кейинроқ, армия хизматини ўтаб, университетда ўқиб юрган кезларим бу шоирнинг шеърлари ҳақидаги яхши гаплар қулоғимга чалинган. Ҳатто илк эшитган шеъримнинг мисраси ёдимда қолган: “Марҳаматга қачон бораман?” (Эҳтимол, ўзим ҳам истаган вақтимда боролмай юрган бўлсам керак-да...) Мени шеър ўзининг соддалиги, тўпорилиги, ич-ичидан балқиб турган самимияти, ҳаётга яқинлиги билан жалб қилганлиги ҳам эсимда. Ахир, шеърдаги “Диёримнинг байрамлари шўх, Байрамларда эса билет йўқ” дегандек иддиолар ҳар кун бўлмаса-да тез-тез биз талабаларнинг қулоғига чалинадиган ва мағзи ғоят яхши чақиладиган гаплар эди-да! “Наҳотки, шундай, нима деса бўлади, кундалик гап-сўзларни ҳам шеър қилиш мумкин бўлса?” деб ажабланганман. Ҳа, ажабланганман, ҳайратланган эмас. Ҳайрат эса анча кейин келган. Чунки мен талабалик чоғимда ўзбек шеъриятининг кучли тўлқини, ўша кезларда роса ўқиладиган 70-йиллар авлоди поэзияси билан “маст” эдим. Шу боис, эътироф этишим керак, Муҳаммад аканинг бир-иккита шеърини истисно қилганда, содда ижодини дастлабки кезлар писанд қилмаганман. Бир мен эмас, ўша вақтдаги айрим тенгдошларимнинг “назмий кайфияти”ни эсласам ҳам ҳол ушмундоқ эди. Чунки биз “соф лирика” ва яна “мураккаб” шеър сеҳрига илиниб, ўзимизча ҳатто 60-йиллар авлоди поэзиясини-да (ундаги муросасоз оҳангларни) анча-мунча танқид қила бошлаган авлод эдик. Шунинг учун бўлса керак, мен М. Юсуфнинг дастлабки китобларини сотиб олмаганман. Яшириб нима қилдим: уни ўша пайтларда (ёшим тахминан 20 ларда) “омма шоири” деб, ўзимни эса “хослар мухлиси” деб билганман.
Ответить 
"+" от:
Старый 13.02.2014 18:26   #209  
Real ID Group
Аватар для Ulugbek Hamdam
Оффлайн
журнал "Шарк юлдузи"
главный редактор
Сообщений: 117
+ 146  281/102
– 0  0/0

Uzbekistan
Лекин, биласизми, эшикдан қувсанг, тешикдан дегандек, ҳаётим давомида ўзбекнинг бу содда шоири шеърларига мен ҳамма жойда дуч кела бошладим. М. Юсуф шеърлари қўшиқлар орқали, оммавий ахборот воситалари тўлқинида, тўю маъракалардаги табриклар қанотида, умуман, чор томондан ўзидан дарак берди, бераверди. Кўп ўтмай, унинг шеърлари шунчалар машҳур бўлдики, умри давомида қўлига наинки китоб, балки газета ушламаган одамларнинг ҳам аввали кўнгилларига, сўнгра хонадонларига кириб борди. Мен ҳаётимда учраган биттагина мисолни айтиб берай: тошкентлик яқин бир дўстим бор, унинг етмишларни қоралаган қассоб амакиси бир куни мол-қўй олгани бозорга тушадию ҳайвон ўрнига қўлида биттагина китоб билан қайтиб келади. Уйдагилар ҳовли томондаги қушхонага ўтишса, у ерда қассоб гўшт нимталайдиган каттакон тўнка устига ўтириб олганча шеър ўқиётган бўлади. Кейин эса у фарзандларию невараларига ҳам шу китобни ўқитиб юрган... Тахминингиз тўғри: китоб Муҳаммад Юсуф қаламига мансуб. Энди бир иссиқ танамизга ўйлаб кўрайлик, бу шоир шеърларида қандай сеҳр борки, ҳаёти мобайнида китобга бирон марта ишқи тушмаган қассоб пул топиш билан боғлиқ муҳим ишини бир четга йиғиштириб қўйядию шеър ўқийди?!.. Шу чоққача жаҳоннинг барча шоирлари йиғилиб олиб ҳам фикрини ўзгартиролмаган бу кишимга ўзбекнинг ҳаммадан содда, дўлвори бир шоири нечун бунчалар қаттиқ таъсир қилди экан?..
Мени ҳам бу шеърият секин-аста ром этган. Ўзим истамаган ҳолда кўпчиликка қўшилиб унинг сўзлари билан айтиладиган қўшиқларни ҳигойи қилиб қолганман. Шулардан бири “Самарқандга борсам мен агар Улуғбекни кўриб қайтаман, У қон йиғлаб турар ҳар сафар, Мен дардимни кимга айтаман?” эди. Мен ҳозир бу мисраларни китобга қарамай, хотирамдан ёзяпман ва дангалини айтай: шоирга ҳавас қилаяпман. Ахир, мен ҳам уч-тўрт шеър қоралаган қаламкашман, лекин ҳатто ўз битикларим ҳам хаёлимда бунчалар осон тикланмайди! Ўзгаларнинг хотирасидан бир умр ўчмайдиган ашъор битган шоирга ҳавас қилмай бўладими? Фақат номард ижодкоргина ўзагалар парвозини кўролмайди. Мен бу гапларни шоир сифатидагина эмас, чорак аср шеър илми билан шуғулланган, бу йўлда икки монография ва ўнлаб мақолалар ёзган шеършунос мутахассис сифатида ҳам ёзаяпман. Узун гапнинг қисқаси шуки, қатор йиллар мобайнида М. Юсуф феномени ҳақида чўзиб-чўзиб мулоҳаза юритиб, қуйма шеърлар ёзадиган туғма шоир дунёни, кўнгил дунёсини айнан мана шундай осон фатҳ этади, деган хулосага келдим. Бундай қисмат М. Юсуфга насиб этди. Унинг бир инсон сифатидаги қисматидан шоирлиги, шоирлигидан инсоний қисмати ўсиб чиққанлиги тўғрисида эса алоҳида китоб ёзса арзийди. Насиб этган бўлса, у ҳам ёзилгай, иншоллоҳ.
М. Юсуф бундай юксак соддаликка қандай эришди экан? деган савол мени ҳамиша ўйлатиб келган. Ўзимча муайян жавобларни топганман ҳам. Аввало, шоир ўз дардини халқ ичида кўпинча тайёр қолипга айланган бадиий нутқ шакллари ёрдамида ифода этади. Яъни ўзбекона нутқ шаклларини синдириб, назмий қилишга деярли уринмайди у, балки аксар ҳолда, айнан олади. Бу эса шеърнинг одамлар қалбию онгига тез сингиб кетишига олиб келган асосий сабаблардан биттаси. Қолаверса, кўнгли ғамга тўлган инсоннинг йиғиси қанчалар самимий ва ҳаққоний бўлса, М. Юсуф шеърияти ҳам шоир қалбининг ана шундай зўриқишсиз нидоси бўлиб дунёга келади. Чин дилдан қувонган кишининг севинчларида қанчалик бола беғуборлиги ва табиийлиги бўлса, мазкур шеърият ҳам ана шундай софликка чулғангандир. Бу эса ташқаридангина осон кўринади. Аслида, юксак ва теран маънолар ифодасига хизмат қилган соддалик ҳамма мураккабликлардан баландда туради. Чунки бундай шеърларни биргина истак билан яратиб бўлмайди. Бундай чўққига Худо берган жудаям ноёб истеъдод орқалигина кўтарилиш мумкин: “Падаркушдан пана қилиб Улуғбегинг қучгайман...”. Ҳа, мураккаб ва зиддиятли ҳаёт ҳақида бу даражадаги шаффоф соддалик билан ёзиш учун шоир фақат ва фақат юксалиши керак бўлади, тушиши эмас! Ўзбек халқ ижоди - фольклорни, мумтоз шеъриятимизнинг улуғ вакиллари - Бобур, Машраб ижодини эсласак, айтмоқчи бўлган муддаомиз янада ойдинлашади.
Ответить 
"+" от:
Старый 13.02.2014 18:28   #210  
Real ID Group
Аватар для Ulugbek Hamdam
Оффлайн
журнал "Шарк юлдузи"
главный редактор
Сообщений: 117
+ 146  281/102
– 0  0/0

Uzbekistan
ҒОЙИБОНА УЧРАШУВ

Тўқсонинчи йил эди, адашмасам. Талабаман. Сам ПИ томондаги чойхонада ижарада тураман. Чойхонанинг ҳовлиси этагида иккита чоғроқ хона бўларди - бизнинг шохона қароргоҳимиз! Қайси бир байрам арафасида ота-онамни зиёрат қилиш учун Марҳамат (Мингтепа) га жўнаб кетдим. Бир неча кундан кейин келсам, Сам ПИ, Шарқшунослик ва Қишлоқ хўжалиги институтида ўқийдиган, Республикамизнинг турли вилоятларидан жамланган талаба дўстларим ҳужрамизга Муҳаммад Юсуфни олиб келишибди, қаранг. (Демак, шоир ўша йиллариёқ машҳурлик шоҳсупасига кўтарилган экан-да!) Водийча ош тановул қилингач, алламаҳалгача аскиялашиб, чойлашиб ўтиришибди, шоир янги шеърларидан ёддан ўқиб берибди. Орада дўстларим “бизда ҳам бир ҳаваскор бор дея” мендан сўз очишибди. Шоир бўлса “олиб келсин машқларини, кўриб бераман” дебди. Хуллас, дўстларимнинг айтишларича, ўша кечаси кимсан - эл аро машҳур Муҳаммад Юсуф оддий бир талаба Улуғбек Ҳамдамовнинг темир каравотида тунаб қолган.
Тошкентга келган кунимдан бошлаб дўстларим бўлиб ўтган воқеани шишириб- бўртириб гапиришар, қулоғимни қоматга келтиришар, ора-орада “шоир сени кутяпти, шеърларингни кўтариб тез олдига бораркансан!” дея қистирма гап билан ичимни қиздириб ҳам қўйишарди. Мен бўлсам - ҳали бирон тайинли нашрда бирон тузукроқ шеъри чиқмаган ҳаваскор қаламкаш, ўзимча бўлажак “тарихий воқеа”ни ортга сурардим. Устига устак, “Машҳурлар олдига бормайман, Кўзи учиб турган бўлса бошқа гап” деб бошланадиган ва худди шундай якунланадиган, на қофияси, на ритми ва на жозибаси бўлган тизмалар ёзганим эсимда. Сизга ёлғон (эҳтимол), менга чин, бир ойлар чамаси ўзим билан ўзим курашиб юрганман “борайми-бормайми?” деб. Кўнглимга қарасам, ройиши йўқ (умуман, мен болаликдан шундайман шекилли: тўй-ҳашамлардан, издиҳомлардан, маросим ё тадбирларга қатнашлардан, янги танишувлардан ҳамиша қочиб юрганман, отамдан ўтган “мерос” бўлса керак). Виждон ва ақлга қулоқ солсам, “бор, аҳмоқ! Шундай шоир “албатта келсин”, деб айтган бўлса, сен эса эсингни таниганингдан бери қоғоз қоралайсан, ниҳоят, ёзганларингни кўрсатадиган, элга билдирадиган вақти-соати келгандир, тур ўрнингдан, тур!” дейди.
Ниҳоят, ўзимда неки журъат, боришимни оқлайдиган неки баҳона бор, барини жамлаб, қораламаларимни ғамлаб дегандек, шоир ҳузурига, “Навоий - 30” биносига “ташриф буюрган”ман. Ўлай агар ўшанда Муҳаммад Юсуфнинг менга ва ёки менинг унга айтган биронта сўзни ҳозир эслай олсам. Эҳтимол, “Ассалому айлайкум, Муҳаммад ака!” деган бўлсам керак баланд овозда, у ҳам алик олиб, “келинг, ўтиринг” дегандир ўзига жудаям ярашадиган бўғиқ товуши билан. Қолгани ёлғиз Худоимга аён. Лекин ҳолатлар эсимда. Умуман, менда кўпроқ ҳолатлар ёдимга муҳрланади. Хонадаги “Т”симон столга тиркалган икки стулдан шоирнинг ўнг томонидагисида ўтирганим, бу пайтда унинг мен келтирган қораламаларни бирин-сирин варақлаб ўқигани, мен бўлсам миқ этмай кутганим, сўнг унинг менга юзланиб нималардир деганини аниқ хотирлайман. Бошқа ҳеч нима - биронта сўз: на мақтов ва на танқид эсимда қолган...
Ответить 
"+" от:
Реклама и уведомления
Ответить




Powered by vBulletin® Version 3.8.5
Copyright ©2000 - 2025, Jelsoft Enterprises Ltd. Перевод: zCarot
Advertisement System V2.5 By Branden
OOO «Единый интегратор UZINFOCOM»


Новые 24 часа Кто на форуме Новички Поиск Кабинет Все прочитано Вверх