Моё меню Общее меню Сообщество Правила форума Все прочитано
Вернуться   uForum.uz > ТЕМАТИЧЕСКИЕ ФОРУМЫ > Образование > Ижод хусусида сўз
Сообщения за день Поиск
Знаете ли Вы, что ...
...до того как открыть новую тему, стоит использовать поиск: такая тема уже может существовать.
<< Предыдущий совет - Случайный совет - Следующий совет >>

Ижод хусусида сўз Ижод аҳли, уларнинг ғояси, ҳаёт қараши, мақсадлари, ютуқлари, орзу ва армонлари.... (Все о творчестве, о людях творчества, их идеях, взглядах, достижениях и целях, мечты…)


Ответить

 
Опции темы Опции просмотра
Старый 25.01.2013 17:39   #191  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
Абдусаид Кўчимов. Қовурдоғ

Цитата:
Қовурдоғ

1
Яқинда ёзувчи Эркин Усмоновнинг "Эртак каби гўзал бир олам..." деган китобчаси қўлимга тушди. Китоб Ўзбекистон халқ ёзувчиси, эл ардоғидаги адиб Ўткир Ҳошимов ижодиёти ҳақида эди. Китобни қандай бошлаб, қандай тугатганимни билмай қолибман.
Ўқиб бўлгандан кейин, бир муддат кўзларимни юмиб гўзал таассуротларга ғарқ бўлиб ўтирдим. Ўткир аканинг ҳикоя, қисса ва романларини ўқиганман, адиб ҳақидаги мақолаю адабий ўйларнинг ҳам анча-мунчаси таниш. Лекин Эркиннинг эссесидан кейин адибни яна бошқатдан кашф этаётгандек, Ўткир аканинг эртак каби гўзал олами — ижод оламидаги инжа манзараларни томоша қилаётгандек эдим: "Жала қуйди, ҳавода тут ҳиди гуркираб кетди", "Ёмғир шивалаб ўтди, димоққа қизиган тупроқ ҳиди урилди", "Анҳор ёқасида жимгина мудраб ётган гўристонда яна бир қабр мунгли дўппайди", "Осмон чинни тавоғи тўнтарилган уфқларга тикиламан", "Қора бахмалга қадалган дурдек ялт-ялт этиб кўз қисаётган юлдузлар мудраб-мудраб охири сўнди", "Машина ўйдим-чуқур йўлда ҳаккалаб юра кетди", "Чирмандадай қизғиш ой тирмаша-тирмаша бақатеракнинг устига чиқиб олди", "Қонталаш осмон хиралашиб, адирлар орқасидан этагини судраб оқшом келабошлади", "Ҳовлидаги бир туп ўрик шохларида қинидан чиққан довучча мўралади..." Бири-биридан тиниқ бу манзаралар оғуши кимни сеҳрламайди, яйратмайди, ўйлатмайди, дейсиз! Эркин маладес! Топибди! Ёзувчининг кимлигини кўрсатиш учун том-том ҳамду санолар айтиш шарт эмас, мана шундай оддий мисоллар кифоя экан.
Бундан кўп йиллар илгари, талабалик даврида мен ҳам айнан шундай ҳолатга тушганман. Пединститутнинг (ҳозир университет) учинчи курсида ўқирдик. Ҳам суюкли домламиз, ҳам ёш ижодкорларнинг "Чашмалар" тўгараги раҳбари Пирмат Шермуҳамедов ёзувчининг маҳорати ҳақида гапираётиб, Ўткир Ҳошимовнинг "Муҳаббат" ҳикоясидаги: "Арслонбоб тоғларининг чўққилари ёниб кетди" деган тасвирни завқ-шавқ билан, узоқ таҳлил қилди. Мен адибнинг бу ҳикоясини ўқиган эдим. Домламизнинг сўзларидан кейин, ҳикояни бошқатдан ўқидим. Нафақат "Муҳаббат"ни, "Бир томчи шудринг" китобидаги барча ҳикоялар-у, "Шамол эсаверади" қиссасини ҳам ҳижжалаб, Пирмат Шермуҳамедов айтгандек, "ижодкор кўзи билан" ўқидим. Ва... худди ҳозиргидек, ажиб мўъжиза содир бўлди: китоб саҳифаларига жон кирди; ранг-баранг қиёфали, мураккаб тақдирли кишилар қуршовида қолдим; гўзал ташбеҳлар, манзаралар, тасвирлар, фикрлар дарёсида сузиб юргандек эдим гўё.Ўткир Ҳошимов ижодий оламининг нафис ранглари, гўзал шакли, мазмун ва моҳияти энди бутунлай бошқача бўлиб қолгандек эди. Эркин Усмоновга ўхшаб мен ҳам китобдаги ёрқин тасвирлару ибораларни бир дафтар қилиб кўчириб олганман...
Ўзинг билган, таниган, ҳатто, бир пайтлар бирга ишлаган ва ҳурмат қилган одаминг тўғрисида илиқ ва ҳалол фикрларни эшитганда шундай ёқимли кайфият пайдо бўлса керак инсонда.
Беихтиёр Эркин Усмонов билан гаплашгим, унга ташаккуримни айтгим келди. Шоир ва адиб Муҳаммад Исмоилдан телефон рақамини олдим.
— Ўткир ака тўғрисида тенг-тўшлари, устоз ва шогирдлари, адабиётшунослар хўп ёзишган. Аммо сизники бутунлай бошқача китоб бўлибди — барисидан ўтибди! — дедим чин дилдан.
— Мен китобда Ўткир аканинг айрим асарлари атрофида мухтасаргина сўз юритдим, улар баҳона адиб ижодий лабараториясига "мўралаш"га, ёзувчиликдек гўзал ва машаққатли меҳнатнинг сирларини англаб етишга ҳаракат қилдим, — деди Эркин. —Ўткир аканинг ўзига хос услуби, тили ва тасвирий воситалари, уларнинг ёш ёзувчиларга сабоқ бўларли жиҳатлари, китобхонга таъсири ҳақидаги айрим шахсий кузатувларим ва ўйларим билан ўртоқлашдим. Қолаверса, ёзувчига ундай ёз, бундай ёз деб, панд-насиҳат қилувчи айрим адабиётшуносларга ўчакишиб ёзилган эссе десам ҳам бўлади. Бир эсланг, ёзувчига энг кўп насиҳат қиладиган маслаҳатгўй ким? Ҳеч шубҳасиз, танқидчи-адабиётшунос. Лекин, мана, манавинақа қилиб ёзади окоси, деб икки саҳифани қойиллатиб қўядигани борми!
Ростдан ҳам бу китоб қатор-қатор фазилатлари билан адабиётчиларнинг асарларидан кескин ажралиб туради. Эркиннинг жавобларидан бир қадар руҳланиб, Ўткир акага телефон қилгим, китоб ҳақидаги фикрини эшитгим келди.
Ўткир ака билан кўпдан бери гаплашмаганмиз. Бирданига таниёлмаса керак, деган гумонда эдим.
— Абдусаидмисиз? — деган овоз келди саломлашган заҳоти у томондан. Эссе, Ўткир аканинг ўзига ҳам маъқул тушган экан. — Ёзувчи-да, ёзувчи! — дея мамнунлигини билдирди.
Уёқ-буёқдан анча гаплашдик. Суҳбат асносида "Саккизинчи мўъжиза" китобининг тўлдирилган қайта нашри чоп этилаётгани ва етмиш ёшга тўлиши муносабати билан кўп томлик танланган асарлари тайёр бўлгани билинди. "Ҳаёт" газетасининг кечаги сонида адибнинг "Тўяна операцияси" сарлавҳали хўп қизиқ ҳикояси чиққан эди, жуда ҳаётий экан, десам, пиқир-пиқирлаб кулди, бўлган воқеа, устоз Саид Аҳмад ака "шумликлар"нинг пири эди, боплаб туширган ўшанда, гўл бўлмасам, лаққа тушибман-е, деди.
Суҳбатимиз тугаганидан кейин, суюмли шоиримиз Абдулла Орипов: "Умр деганлари асли нимадир, дайр денгизида сузган кемадир" — деганда қанчалар ҳақ, деган ўй кечди хаёлимдан. Ахир, кечагина эди-да, Ўткир Ҳошимов билан "Шарқ юлдузи" журналида ишлаб юрганларимиз...
Иш жараёнидаги турли-туман ҳолатлар, йиғилишлар, "летучка"лар, муҳокамалар, тортишуву баҳслар эсимга тушди. Ва... Самарқандга қилган бир сафаримиз лоп этиб кўз олдимда пайдо бўлди. Ўша сафарни ён дафтаримга қайд қилиб борганим ҳам ёдимда. Дафтар қаердадир турган бўлиши керак.
"Архив"ни титкилаб-титкилаб, ахийри топдим. Муқовасига "1986 йил 4-5 апрель. Самарқандда "Шарқ юлдузи" кунлари" деб ёзиб ҳам қўйган эканман.
1986 йил... Ё, қудратингдан! Ана-мана дегунча орадан йигирма тўрт йил ўтиб кетибди-ми!
Ответить 
Старый 25.01.2013 17:41   #192  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
Абдусаид Кўчимов. Қовурдоғ

Цитата:
2
Бу манзара баҳор келишини кузатганларга таниш: қиш бўйи гир-атрофни оқ кўрпадек қоплаб ётган қор, аввалига гулдор кўрпачадек олатароқ тус олади, кейин шоша-пиша эриб, тарам-тарам кокилсимон жилғаларга айланади. Ундан кейин бойчечак очилади, қир-адирларнинг кунгай бетлари яшил бахмалдек майсалар билан қопланади. Хонатласли келинчакдек сулув табиат қиқир-қиқирлаб қучоғига чорлайди. Қиш бўйи сиқилган юраклар баҳор насимларида энтикади, дала-даштларга чиқиб кетгинг, беғубор туйғуларга кўмилиб, мусаффо ҳаводан тўйиб-тўйиб симиргинг келади.
Тошкентдан Самарқандга бораётганимизда Ўзбекистонда худди шундай фарахбахш кунлар бошланган эди.
— Баҳор ҳавоси жа-а бошқача-да: тоза, ўпка тўлиб нафас олганда танинг яйрайди,— деди олдинда — шофёрнинг ёнбошида атрофни суқланиб кузатиб бораётган Озод Шарафиддинов.
— Тор, биқиқ шаҳардан чиққанингдан кейин ўзгариш дарров билинади,— деб домланинг фикрини қувватлади Саид Аҳмад ака.
— Баҳор гўзал, афсуски тез паймол бўлади, — деди Ўткир ака.
— Ўткир,— деб илжайди Саид Аҳмад ака.— Бундай тиниқ ҳаво сенга ўхшаш чала паканалар учун жуда фойдали, бир тўйсанг, бир қоп дори еган теракдай бўйинг ўсиб кетади.
— Одамнинг бўйи дори билан ўсганида сизнинг бошингиз аллақачонлар булутга тегиб юрган бўларди, устоз,— бўш келмади Ўткир ака ҳам. — Ўзбекистонда сиздан кўп дори истеъмол қилган ёзувчи бўлмаса керак.— Ўткир ака шундай дедию, ҳозир елкасига калтак тушадиган одамдай бошини бўйнига тортиб машина эшигига қапишиб олди.
— Толиб Йўлдош уйига меҳмон келса, уларни олдида менга телефон қилиб, мени сўкиб, меҳмонларга мақтанади, — деди Саид Аҳмад ака менга қия қараб.— Редакторинг ҳам Озод домласининг олдида ўзини кўрсатмоқчи.— Сўнгра бошини чўзиб Ўткир акадан сўради: — Маҳмаданагарчилик қилгунча, менга айт, қовурдоқ нима бўлди? Ҳойна-ҳой, эсингдан чиққандир?
Ўткир ака дўлдан қутулгандек кучайиб кетди:
— Устоз, шогирдларингиз орасида битта сахий бўлса —ўзим, ўнта бўлса биринчисиман-ку! Сизнинг сўз — биз учун амривожиб. Устознинг кўнгли қовурдоққа тушибди, деб келинингиз икковимиз сўпи азон айтмай, эчкидай-эчкидай икки хўрозни сўйиб, бир қозон қовурдоқни каструлкага босиб олганман. Ана, машина багажида турибди. Опкелайми?
— Оласан-а, кеча редакциянгда гўшт берган шекиллида, демак, гўшт текин. Тўғрисини айт, картошкани ким берди?
Мен ўртада ўтирар эдим. Ўткир ака энди нима деркин, деб турганимда, Озод ака савол бердию, мавзу ўзгариб қолди.
— Учрашув қаяғда бўлади, Ўткир?
— Биринчиси Университетда. Ундан кейин Ургутда, Каттақўрғонда.
— Ургутга борсак зўракан, жаннат жой. Бир келганда Чорчинорни зиёрат қилувдик. Неччи минг йиллик чинорлар, учи кўринмайди, тепага қарасанг, дўппинг ерга тушади. Булоқларининг муздайлиги... Айтгандай, сиз Ургутдан, шундайми? — деди Озод ака елкаси оша менга бурилиб.— Ургут деган сўзнинг маъносини биласизми? — Аммо жавоб кутмай ўзи давом этди.— Ургутнинг асл номи Уркент, яъни — тепаликдаги шаҳар. Мирзо Бобур шундай ёзган. Замонлар ўтиши билан Уркент Ургутга айланиб кетган.
— Қутбиддин домла Ғафур Ғуломга Ургут тўғрисида кўп гапирар эдилар,— деб эслади Саид Аҳмад ака. — Ҳумулий Ургутий, Ғавсул Аъзам каби авлиёлар ҳақида айтганлари эсимда.
— Қутбитдин домла чин аллома эди,— деди Озод ака хўрсиниб.— Саид Аҳмад ака, кузатганмисиз, Нуриддин Шукуровда шу одамни эслатадиган доноликми, файласуфликми, ишқилиб, бир фаришталик бор.
— Воҳид Абдуллада денг, Воҳид Абдулла кўпроқ ўхшар эди...
Суҳбат мавзуи шу тариқа самарқандлик олиму фузалоларга кўчди. Озод ака Навоий, Улуғбек, умуман, Темурийлар замонида Самарқанд дунё маданияти бешиги бўлганидан, Саид Аҳмад ака Ғафур Ғуломнинг Садриддин Айний хонадонидаги саргузашларидан сўзлади.
Гап билан манзилга етганимиз сезилмади.
Ответить 
Старый 25.01.2013 17:42   #193  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
Абдусаид Кўчимов. Қовурдоғ

Цитата:
3
"Шарқ юлдузи" кунлари, Ўткир ака айтгандек, Университетдан бошланди.
Катта, ҳашаматли залда биттаям бўш жой йўқ эди. Шаҳардаги бошқа олий ўқув юртларида, мактаб-маориф соҳаларида ўқиб-ишлайдиган адабиёт ихлосмандлари ҳам ташриф буюришган.
Адабий машваратга йўлда номи тилга олинган профессор Нуриддин Шукуров бошчилик қилди.
Профессор, республикада хизмат кўрсатган фан арбоби Сайдулла Мирзаев асосий маърузачи экан. Узун маъруза қоғозга қараб, бир оҳангда ўқиб берилгани учунми, зерикарлироқ бошланган тадбир Озод ака минбарга чиқиши ҳамон жонланиб кетди. Озод ака бугунги адабий жараёнлар, таниқли ёзувчи-шоирларнинг сўнгги йилларда яратган янги асарлари, уларнинг ютуқ ва камчиликлари тўғрисида жўшиб гапирди, айрим бўш асарларни аямай ҳаққоний таҳлил қилди. Ўзбек адабиётида "Шарқ юлдузи" журналининг ўрни ҳамда вазифалари ҳақидаги фикрларини ҳам залдагилар диққат билан эшитдилар. Самарқандлик ижодкорлар шашти ҳозир аввалгидек жўшқин эмаслигини мисоллар билан исботлаб берганида залда ўтирган қаламкашлар учун улкан алломага раҳмат айтишдан ўзга илож қолмади...
Навбат Саид Аҳмад ака билан Ўткир акага етганда эса давра қизигандан-қизиди.
Саид Аҳмад ва Ўткир Ҳошимов билан аввалроқ икки марта ҳамсафар бўлганим учун улар орасидаги муносабат устоз-шогирдликдан-да баланд, худди ота-бола, йўқ, туғилгандан бирга ўсган тенг-тўш ўртоқлар ўртасидаги каби содда, самимий ва очиқ-ойдин эканига гувоҳ бўлган эдим. Саид Аҳмад домланинг ичак узди ҳангомалари, ҳозиржавоб ва топқирлиги, Ўткир акани суюмли фарзанди каби эркалашлари, латифагўйлик бобида Ўткир ака ҳам устози билан елкама-елка туриб "жанг" қилишлари таниш эди менга.
Саид Аҳмад домла учрашувларда ўзини бағоят эркин ва самимий тутгани, айрим улкан адиблар сингари савлату салмоқ билан, масалага сиёсий тус бериб сўзлашни ёқтирмагани учун бўлса керак албатта, ҳамсуҳбатлари билан дарров тил топишар, уларнинг меҳрини қозонар, ҳазил-ҳузуллари билан ҳаммани хурсанд қилишни яхши кўрар эди.
Улкан адибнинг ўша кунги чиқиши ҳам ҳазил билан бошланди.
— Самарқандга катта умидлар, ёруғ режалар билан келувдим,— деди минбарга чиққанидан кейин кўзларини лўқ қилганча бир муддат залга тикилиб тургач.— Чиройли, боши очиқ бева чиқса, самарқандга куёв бўламан, деб ўйловдим. Афсус, бевақт суюнган эканман. Ҳаммангиздан хафаман.
Беғубор лутф машваратни баҳор ҳавосига кўмгандек бўлди: жиддий қиёфаларда табассум жилваланди, ўйчан қизлар шивир-шивир ила бир-бирларини турткилаб қолишди. Шу зайлда ўтирганлар билан илиқ муносабат ўрнатишга эришган нотиқ, Саид Аҳмад домла яна нима деркин, деган қизиқиш ичра ўзига маҳлиё боқиб турганларга, шошмасдан журнал ва унинг мазмун-мундарижаси тўғрисидаги фикр-мулоҳазаларини айтди, сўнгра Ўткир Ҳошимов ижодининг ўзига хос жилолари хусусида бундай деди:
— Унча-мунча ёзувчини тан олмайдиган улкан сўз санъаткори Абдулла Қаҳҳор Ўткир Ҳошимовни "Чўл ҳавоси" деган биринчи қиссаси билан табриклаб, унга ёзган хатида: "Ўткир! "Чўл ҳавоси"ни ўқиб суюниб кетдим. Бирдан лов этиб аланга билан бошланган ижоднинг келажаги порлоқ бўлади" деган эди.
Устоз Абдулла Қаҳҳор адашмаган экан.Ўткир ҳақиқий сўз санъаткори бўлиб етишди. Унинг асарларида халқ тили шунчалар равон, шунчалар ифодалики, ҳар бир сатри шеърдай равон оқади. Шунинг учун ҳам Эркин Воҳидов уни "прозамизнинг шоири", дейди. Айрим адабиётшунослар тилни асарда халқ мақолларининг оз-кўплигига қараб баҳолайди. Йўқ, яхши адиб ўзи афоризм яратади. Ўткир Ҳошимов ана шундай ёзувчилар сарасидан.
Машваратнинг "Савол-жавоблар" қисмида Саид Аҳмад ака янаям очилиб кетди. Ҳар саволга ўз қоматига мос ҳазиломуз, аммо чуқур мантиқли иштибоҳлар топиб, даврани яшнатиб юборди.
Ответить 
Старый 25.01.2013 17:44   #194  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
Абдусаид Кўчимов. Қовурдоғ

Цитата:
Мана, ўша савол-жавоблар ва уларнинг дафтаримда қолган айрим шакллари.
Самад Тоғаев, 4-босқич талабаси:
— Ҳозир Ўткир Ҳошимовнинг адибий тили, маҳорати ҳақида гапирдингиз. Ҳаммамиз яхши кўрадиган Ўткир Ҳошимовнинг яна қайси фазилатлари сиз учун айниқса қадрли?
Саид Аҳмад:
— Билиб турибман, бу саволни сенга Ўткирнинг ўзи айтиб туриб ёздирган. Бўлмаса, "Шарқ юлдузи" га бағишланган йиғилишда бундай савол бермасдинг. Тўғрими? Лекин айб сенда эмас, Ўткир акангда, бу бола менинг шогирдим. Психологиясини икки карра иккидай ёдлаб олганман. Мақтов деса, томдан ташлайди. Ҳозир ҳам устозим халойиқ олдида мақтасин, деб сени тезлаган. Аммо-лекин, мақтаса-мақтагулик ҳамма фазилат бор Ўткир Ҳошимовда. Қуёшдан энергия олиб ишлайдими, нима бало, ҳар кун икки-учта ҳикоя ёзиб, қиссага ўтиради, қисса тугаши билан роман ёзишга киришади, романга нуқта қўяр-қўймас пъеса бошлаб юборади. Ё қўли тўртта, ё хотини ёзишади, ёки маҳаллада ёзувчилик артели бор буни. Шунча ишни дўндирган одам, камида бир йил дўппини ёнига қўйиб, соя-салқинда ошхўрлик қилиб ётиши керак. Бу бўлса телевизордан тушмайди. Кейинги пайтларда токка дазмол тиқсанг ҳам Ўткир Ҳошимов кўринадиган бўлиб қолди. Аралашмаган масала йўқ. Бир қарасанг етмишни уриб қўйган чолдай қарияларга ақл ўргатади, бир қарасанг эрга тегиб чиққандай қайнона-келинларга панд-насиҳат қилади. Ўткир, дейман баъзида ичим ачиб, дўппи кийсанг жиягини темирдан қил, бўлмаса ақлинг дўппини тешиб кетади.— Саид Аҳмад ака роҳат билан кулаётган залдаги одамларга қараб бир нафас индамай турди. Сўнг қиёфасига жиддий тус берган бўлиб, салмоқлаб-салмоқлаб давом этди.— Айтингларчи, ўн уч ёшли бола фан доктори бўлса, бу нормальний ҳолатми ё ненормальнийми? Албатта, ненормальний. Етмиш ёшли кампир чақалоқ бўлиб йиғласа-чи, буям ненормальний. Мана шу боланинг қатор-қатор романлар ёзиши ҳам ненормальний ҳолатдир. Кўзмунчоқ олиб, қўлтиғига тақиб қўймасам, қизлар талаб, олиб қолишлари мумкин. Ўткир Шоҳизинда шайхи ёнида қолиб кетади. Адабиётда катта йўқотиш бўлади. Фикрларга хулоса қилиб, укамнинг саволига жавоб берадиган бўлсак, мен, биринчи навбатда, Ўткирнинг меҳнаткашлигини қадрлайман. Адабиёт, ёзувчилик жуда-жуда машаққатли юмуш. Ёзувчининг нигоҳи ўткир бўлиши, ҳатто, энг нозик соч толаларининг соясини ҳам кўра олиши; сўзни тушуниши — сўз замиридаги маьнони, рангни, оҳангни, салобатни ҳис қила билмоғи керак. Сўз билан суврат чизиш қобилиятига эга бўлган инсондан ёзувчи чиқади. Агар у меҳнатдан қўрқмаса. "Мен қилган меҳнатни маймун қилганида у ҳам ёзувчи бўлиб кетарди" деб айтган эди устозимиз Абдулла Қаҳҳор. Худойим ҳеч кимни меҳнатдан жудо қилмасин.
Ирода Мўминова, биринчи босқич талабаси:
— Менинг саволим иккита. Биринчиси, "Наврўз" байрами нима учун таъқибга учради. Иккинчиси, "Куёв" асарингизнинг ёзилишига нима туртки бўлган?
Саид Аҳмад:
— Қизим, мен ҳукумат эмасман, бир бечора ёзувчиман. Бундай жиддий масалаларни Ўткир аканг тушунади. Амалдор, арбоб. Ундан сўра, жавоб берсин. Саволингнинг иккинчисига келсак, "туртки"си қизиқмас. Аммо "Куёв"ни кўрганидан сўнг кўп чоллар заксдан ўтиб, бахтли турмуш қуришаётгани факт.
Моҳирўй Қобилова, ўқитувчи:
— Сиз ҳаётнинг аччиқ-чучукларини кўп кўрган инсонсиз. Айтинг-чи, оилада отанинг ўрни қандай бўлиши керак?
Саид Аҳмад:
— Агар куёв билан ораларингдан ола мушук ўтган бўлса, қулоғига қуйиб қўйинг, ота дегани рўзғорда ҳавасга боқиладиган хўроз эмас. Ота оилага зарур бор дон-дунни олиб келиши керак.
Абдуназар Қўлдошев, ўқитувчи:
— Режаларингиз тўғрисида ҳам гапириб берсангиз?
Саид Аҳмад:
— Ҳозир айтдим-ку, гўзал бир бева аёл чиқса, кўриб, шунга қараб режа тузмоқчи эдим. Энди режа-пежа йўқ.
Қодир Асқаров, маориф ходими:
— Муҳаббат ва рашк ҳақида нима дейсиз? Ёзувчилар орасида ҳам рашк бўладими?
Саид Аҳмад:
— Саволингиз Андижонда ўтган олтмиш йиллик юбилейимни эсга туширди. Юбилейда денг, нуқул почча-почча дейишяпти. Гўзаллигимга шама қилиб айтаяпсанларми, дедим. Лекин бир йилдан кейин менинг қадримга етасанлар. Чунки ортимда Туроб Тўла билан Шукрулло олтмишга киряпти. Келса кўрасанлар, дедим. Бизда, шарти кетиб, парти қолган қарияда муҳаббат, рашк нима қилсин, болам. Бунақа лирик саволларни ана, Ўткирга бер. Тўғрими, Ўткир?
Ўткир Ҳошимов:
— Қалтис саволларга доимо бизлар балогардон. Устознинг ўзлари эса бева қидириш билан оворалар.
Аммо, укамиз яхши савол берди. Муҳаббат ва рашкни дунё бино бўлганидан бери одамзотга азоб бериб келаётган дард, деса бўлади. Менга қолса, рашк муҳаббатнинг эгови, ҳатто, қотили дердим. Инсоният тарихида бунга мисоллар тиқилиб ётибди. Машҳур рус ёзувчиси граф Лев Толстой тақдирини бир эсланг. "Уруш ва тинчлик", "Анна Каренина" дек дунё адабиёти хазинасида ёрқин юлдуздек порлаб турган асарлар муаллифи хотинининг рашки ва очкўзлиги туфайли саксон икки ёшида алам билан ёруғ оламдан кетган. Толстойлар турмуш қурган дастлабки йилларда беҳад бахтиёр бўлганлар. Бироқ орадан йиллар ўтиши билан хотинининг ҳашаматли зиёфатлару бойликка ўчлиги покиза муҳаббат қасрини вайрон қилади. Толстой оддий ва камтарона ҳаётни севар эди. Алқисса, эр-хотин ўртасидаги муаммо шу даражага бориб етадики, Толстойдек улуғ зот хотинини кўришга тоқат қила олмай 1910 йилнинг изғиринли қиш тунларининг бирида хотинидан қочиб уйидан чиқиб кетади. Улуғ адиб орадан ўн бир кун ўтгач кичик темир йўл бекатида ўпка яллиғланишидан вафот этади. У ўлими олдидан хотинини олдига киритмасликларини илтимос қилади. Ўз хатосини жуда кеч англаган графиня Толстая хоним ўлими арафасида қизларига: "Отангизнинг ўлимига мен сабабчи эдим", деб хатосига иқрор бўлади. Ёки Наполеон Бонапартнинг жияни бўлган француз императори Наполеон III нинг тақдирини эслайлик. Бу император ўз замонида дунёдаги энг чиройли аёллардан бири бўлмиш Мария Евгения Игнасия Августино, хуллас, номи узундан-узун аёлни севиб, унга уйланади. Мариянинг рашки, шубҳалари, императорни ҳадеб тергашлари, сира ёлғиз қўймасдан мажлисларда ҳам олдига кириб келаверишлари, бу оилани ҳам бахтдан мосуво қилади.
Залдан овоз:
— Аммо, рашксиз муҳаббат йўқ!
Ўткир Ҳошимов:
— Тўппа-тўғри. Рашксиз юрак — ҳиссиз кесак, деган гап бор. Ҳамма гап меъёрда. Рашкчи ҳам меъёрни билмоғи керак. Ёзувчилар орасидаги рашкка келсак, шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, бу жабҳада ҳеч ким ёзувчининг олдига тушолмайди. Аммо, ижодкорларнинг рашки беғубор.Мисол учун ўзим. Мен ҳар бир янги асарни ички бир рашк билан ўқиб чиқаман. Асар зўр бўлса ҳавасим келади, янаям кўпроқ ишлашга, изланишга ундайди.
Ответить 
Старый 25.01.2013 17:45   #195  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
Абдусаид Кўчимов. Қовурдоғ

Цитата:
Муножаат Омонова, талаба:
— Ўткир ака, сизни муҳаббат куйчиси дейишади. Бугун бир қиз билан юриб, эртага бошқа қиз билан кетадиган бевафо йигитларга муносабатингиз қандай?
Саид Аҳмад:
— Ўткир ўйлаб олгунича мен фикримни айтай, меники жуда яхши. Йигит бўлиб қолсам, ўлай агар, мен ҳам худди шундай қилган бўлар эдим.
Ўткир Ҳошимов:
— Мен ундай йигитларни номардлар, дейман. Ёшлик инсонга бир марта берилади. Севги эса Яратган томонидан ёшликка инъом этилган бебаҳо неъмат. Уни қадрламаганлар, қадрига етмаганлар бир умр азобда, эзилиб, армон билан ўтади.
Собир Мустафоев, талаба:
— Устоз, танқидга қандай қарайсиз, чидайсизми?
Саид Аҳмад:
— Бу кунларга етгунча емаган калтагим қолмади. Ҳаётдаям, адабиётдаям жуда кўп ноҳақ, адолатсиз айбловларга учрадим. Кўр-кўрона танқиддан осони йўқ. Уни кўриш, таҳлил қилиш, таклиф бериш қийин. Улуғ олмон шоири ва мутафаккири Вольфганг Гёте таъкидлагандай, "Хатони пайқаш ҳақиқатни топишдан кўра анча осон, хато юзада ётади, уни дарҳол кўриш мумкин; ҳақиқат эса чуқурликда, унга етиб бориш ҳар кимнинг иши эмас".
Умр қисқа. Ҳақиқат эса узоқ яшайди. Ҳалол танқид ҳақиқат деганидир. Ҳақиқатни айтганларни жуда қадрлайман. Буюк ёзувчи Абдулла Қаҳҳорни ҳақиқат тимсоли деб биламан.
Ўткир Ҳошимов:
— Ундай бўлса, Қаҳҳор домла биринчи китобингизни танқид қилганида нега тумтайиб юргансиз?
Саид Аҳмад:
— Болали уйда сир ётмас, дегани шу-да. Бу "безобразний" шогирдман деб, сирларимни билволиб, маҳмадонагарчилик қилгани-қилган.
Аммо-лекин, Ўткирнинг даъвоси рост.
1940 йили "Тортиқ" номли биринчи китобим чиқди. Ўзимни катта ёзувчилар қаторига қўшиб, дунёга сиғмай юрсам, "Ўзбекистон адабиёти ва санъати" журналида китобим тўғрисида Абдулла Қаҳҳорнинг мақоласи чиқиб қолди. Ўқиб, кўзларим тиниб, бошим айланиб, чўккалаб қолдим. Абдулла Қаҳҳор китобдаги ҳамма ҳикояни бракка чиқарибди, биронта ҳикояни кўнгил учун ҳам дуруст демабди. Мақола охиридаги: "Саидаҳмад қўлига танбур олипти, қулоғини бурашига, чертишига қараганда тузук бир машқ чала оладиганга ўхшайди, лекин ҳали машқ чалгани йўқ, "Тортиқ"даги ҳамма ҳикоялар шуни кўрсатади. Танбурни қўлга олиб, созлашдан мурод машқ чалиш эканини эсдан чиқармаса бўлгани", деган аччиқ сўзлардан кейин анча вақтгача Абдулла акани ёмон кўриб юрдим, ҳатто, "Абдулла Қаҳҳор мени кўролмайди: ўзидан ўтиб кетишимни хоҳламайди, "икки қўчқорнинг боши бир қозонда қайнамас", деб шуни айтишади-да", деган аҳмоқона хаёлларга бориб, аразлаб юрган вақтлар бўлган.
Мен у пайтларда ғирт гўдак "ёзувчи" эдим. Адабиёт ҳақидаги тасаввурим ҳам, илмим ҳам саёз эди. Аммо кўп ўтмай, у кишининг айтган гаплари юз фоиз ҳақ эканига тан бердим.
1965 йили "Уфқ" нашр этилди. Яна устознинг мақоласи чиқди. Мақоладаги: "Саид Аҳмад бундан кўп йиллар муқаддам қўлига адабиёт танбурини олиб чертганда, қўли келишганини кўриб, яхши созанда бўлиб, яхши-яхши машқлар чалишини орзу қилган эдик. Шу орзумиз ушалиб келаётибди. "Уфқ" унинг илҳом ва маҳорат билан чалган машқидир" деган сўзлардан бошим осмонга етди.
Абдулла Қаҳҳор сингари адолатли инсонлар кўпроқ бўлишини ҳамиша орзу қиламан.
Ўткир Ҳошимов:
— Саломат Иброҳимова деган синглимиз зўр савол берипти: "Бахтдан лаззатланиш деганда нимани тушунасиз?
Инсон учун бахтли бўлишдан ортиқ давлат йўқ. Бахтдан лаззатланиш эса ундан минг чандон буюк саодатдир. Мен шу сўзлар ёнига бахтни ўзгаларга туҳфа этиш деган яна бир муқаддас эзгулик мавжудлигини айтмоқчиман. Ёзувчи-санъаткорларга Аллоҳ айни шу бахтни ато этган. Ўзингиз ўйлаб кўринг, бировга бир оғиз сўзни маъқул қилиш қанчалар азоб. Баъзан дўстингга, укангга, акангга, ота-онангга ёқиши мумкин бўлган сўз тополмай қийналиб кетасан. Энди тасаввур қилинг, битта романда 20-30лаб тирик жон китобдан чиқиб, ёнингизга келади. Сиз улар билан сўзлашасиз, баҳслашасиз, тортишасиз. Агар улар сизга ёқса, ёзувчининг бахти, ёзувчи шу бахтдан лаззатланади.
...Таниқли ҳофизлар сингари ёзувчи-шоирларнинг ҳам юлдузли онлари бўлади. Тонг юлдузидек адабиёт осмонида чарақлаб турарди Ўткир Ҳошимов ҳам ўша йилларда. Унинг "Одамлар нима деркин...", "Баҳор қайтмайди", "Қалбингга қулоқ сол", "Нур борки, соя бор", "Дунёнинг ишлари", "Икки эшик ораси" каби асарлари қўлма-қўл бўлиб кетган, "Баҳс" телекўрсатувидаги чиқишлари янаям машҳур қилиб юборган эди адибни. Қаерга борса одамлар қуршаб олишар, саволларга кўмиб ташлашар эди. СамДУдаги манзарани эса саволлар ёмғирдек ёғилди, дейиш мумкин, холос...
Осоқ Очилов, талаба:
— Ўткир ака, илҳом дегани нима?
Ўткир Ҳошимов:
— Маза қилиб ишлаш.
Шукур Солиев, ўқитувчи:
— Саид Аҳмад домланинг режаларини билдик. Сизники қандай?
Ўткир Ҳошимов:
— Бундан кейин ёзмайман десам, нима қилардингиз. Бу, албатта, ҳазил. Ёзувчининг ёзмагани— ўлгани. Мен ёзувчи бўлдим дегани ҳам — ўлдим дегани. Ёзувчи фақат ёзув столига ўтирганда эмас, ҳамиша, ҳамма ерда, куну тун ишлаши керак. Мен ҳам йирикроқ бир асар устида ишлаяпман.
Одил Пўлатов, талаба:
— Ёлғонга муносабатингиз?
Ўткир Ҳошимов:
— Ёлғон яхши ниятда ишлатилган бўлса индамайман.
Учрашувда ҳаётий муаммолар, адабиёт, шеърият, адабий жараёнлар доирасида жуда кўп саволлар тушди. Саид Аҳмад, Озод Шарафиддинов ва Ўткир Ҳошимов бу саволларга жавоб беришга ҳаракат қилишди, Аммо, саволлар ҳаддан ташқари кўп бўлгани учун ҳаммасига жавоб беришнинг иложи бўлмади. Пешинда бошланган учрашув тугаганда қош қорайиб қолган эди.
Ответить 
Старый 25.01.2013 17:46   #196  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
Абдусаид Кўчимов. Қовурдоғ

Цитата:
4
Учрашувдан кейин тўғри Ургутга, бизни қишлоққа жўнадик.
Саид Аҳмад ака дарвозахонадан супага ўтиб, кенг ҳовлига назар солди. Ҳовли адоғидаги баҳайбат уч туп ўрик, якка бўлсада, уларданам басавлатроқ бўлиб турган ёнғоқ ва катта-кичик олма-гилосларни мароқ билан кўздан кечирди. Супа, супа бурчида олхўри, олхўри остига семон ҳовузча, водопровод жўмрагидан жилдираб оқаётган сув ҳовузчани лимо-лим тўлдирган, ҳовуз деворидан тошиб чиқаётгани майса қоплаган ариқча орқали дарахлар ости қараб оқиб ётибди.
Супанинг ўнг тарафи олди айвонли пастқам иморат, айвонни кўтариб турган устунлар кўкиш рангга бўялган. Чап қанот — сайисхона. Сигир-бузоқ, ўт-пичан кўздан пана бўлсин учун кўкрак бўйи сарғиш қанор билан тўсилган.
— Бор дов-даска шуми?— деди отамга қараб. — Бизга сизни Ургутнинг биринчи номерли бойи дейишганди.
— Тўппа-тўғри! — деди отам.— Бу қоронғи дарахтда Кўчимчўянга бас келадигани йўқ.
— Бойбово, кечқурун ҳув анови ерга битта симкаравот қўйиб, Озод домлага жой қилиб берасиз,— деди адиб ҳовли тўридаги ёнғоқ тарафни кўрсатиб.— Томингизнинг шифире жуда юпқа экан, домланинг хуррагига чидолмайди, эрталаб шифер қидириб юрмайлик деяпман-да.
Меҳмонхонамиз бир пасда улкан ёзувчилар келганидан бохабар ҳамқишлоқлар билан тўлди. Саид Аҳмад ака улар қуршовида аскиябозликка тушиб кетган бир пайтда Ўткир ака кўзи билан "ташқарига чиқайлик" дегандай имо қилди. Ҳамманинг эътибори Саид Аҳмад акада эмасми, сирғалиб чиқиб кетганимизни ҳеч ким пайқамади.
— Бир қишлоқ айланмаймизми? — деди кўчага чиққанимиздан кейин Ўткир ака.— Анча бўлди, тўсатдан вовуллаб оёғингга ташланувчи кучукларга тош отмаганимга.
— Хавотир олманг,— дедим. — Бизни кучуклар ақлли, меҳмонга ташланмайди, салом беради.
Икковимиз қоп-қоронғи, нам тош кўчадан секин юриб кетдик. Ҳали ётарпайти эмас, қишлоқнинг турли томонида итлар акиллаши, эшак ҳанграши, аёлларнинг чийиллаган овозлари, болаларнинг йиғилари эшитилиб турибди
Бизнинг уй қишлоқ четида — Ургут-Самарқанд асфальт йўлидан ўнгга бурилган ердаги биринчи кўча бошида жойлашган. Катта йўл ёқасида Зарафшон дарёсидан чиқиб келиб, беадоқ боғ-роғларга оби ҳаёт етказиш учун Самарқанд туманига шошаётган Янги ариқ канали бор. Каналнинг суви доимо лойқа, чўмилсанг тишларинг орасида қум ғижирлайди. Аммо сувдан чиқиб офтобда ётсанг, офтобда куйиб яна сувга тушсанг ҳечам касал бўлмайсан — чўмилавериб чармдай қотирмоч бўлиб кетган баданга касалнинг тирноғи ўтмаса керак-да. Бу канал қишлоқни даладан ажратиб турувчи чегара ҳамдир. Каналнинг у ёғи то қўшни Бешкалу Санчиқул қишлоқларига довур кенг дала-дашт. Ёзда ҳамма ўша томонга кўчиб чиқади: катта-кичик, бола-чақа, мол-ҳол, арава-трактор, бақир-чақир, қий-чув, хуллас, қишлоқнинг жами экин-текини, деҳқончилиги — тирикчилиги ана шу дала-даштда.
Каналга етгунча Ўткир акага шуларни айтиб бердим.
— Бизни Дўмбирободдаям Қонқус деган анҳор бор,— деди Ўткир ака хира ойдинда оқ-қора илондек ялтираб кўринаётган каналдан кўз олмай.— Бўйин-юзларимиз офтобда тиришиб, темиратки босиб кетсаям сувдан чиқмасдик. Баъзи кунлари қош қорайганда раҳматлик онам қўлимдан етаклаб уйга олиб кетмагунича ётаверардик тупроқда думалаб.
Ўткир ака узоқда, ўнг томонимизни ердан осмонга довур девордай тўсиб ётган ҳайбатли Ҳисор тизма тоғларига бир пас тикилиб қолди.
— Боя келган чоғимизда онангизни кўриб, ғалати бўлиб кетдим. — деди ўйчан. — Онамнинг худди ўзи экан. Жуда юввош, жуда меҳрибон. Кўринишиям содда, хокисор. "Онажон!" деб юборишимга сал қолди. Ҳаммага яхшилик қилишни истайдиган, оқкўнгил, гина-кудуратни билмайдиган беғубор аёл эдилар онам.
— "Дунёнинг ишлари"ни ўқиганда онангизни қанчалар яхши кўришингизни сезганман.
— Азиз Қаюмов домла бир жойда бу китобни ўзбек аёлига қўйилган ҳайкал, ўзбек онасини ҳаммага кўз-кўз қила оладиган бебаҳо асар, деб ёзибди. Домлага раҳмат, албатта. Аммо мен бу китобни ёзаётганда фақат ва фақат жондан азиз онамни, онажонимни ўйлаганман. Ким нима деб мақтамасин, китобда онамдаги фазилатларнинг ўндан бирини ҳам айтолганим йўқ. Менимча, оналар қалбини, оналар қалбидаги чексиз-чегарасиз меҳр-муҳаббатни ҳеч ким, ҳеч қачон охиригача таърифлаб беролмаса керак.
Ответить 
Реклама и уведомления
Старый 25.01.2013 17:47   #197  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
Абдусаид Кўчимов. Қовурдоғ

Цитата:
— Отангиз ҳақида у қадар тўлиб-тошиб ёзмагансиз,— дедим бир зумлик жимликдан фойдаланиб. — Балки, ўқимагандирман.
— Биласизми, менинг ота-боболарим ўз замонасининг машҳур кишилари бўлишган. Энг катта бобомиз, бобомнинг боболарини Абулқосим эшон дейишган. Абулқосимхон Туркистон тарихида чуқур из қолдирган мўътабар зотлардан бири бўлиб, Х1Х асрда Тошкендаги Абулқосимхон мадрасасини қурдирган. Бир йўла 100-150 талаба таҳсил олган мадрасада Абдулла Қодирий, Абдурауф Фитрат каби буюк зотлар ўқиган. Бобокалонимнинг фарзандларидан бири бўлган Ҳошимхон эшон ҳам ўқимишли, зиёли киши бўлган, мадрасада дарс берган, тижорат ишлари билан шуғулланган. Отам Атоуллахон Ҳошимов шаҳардан қишлоққа кўчиб келиб, бир муддат деҳқончилик билан шуғулланган. Сўнгра Тўқимачилик комбинатида, ундан сўнг шу комбинатнинг болалар оромгоҳида ишлаган.
Аждодларим тўғрисида батафсил гапириб бераётганимнинг сабаби шундаки, ҳар ким ўз аждодлари билан фахрланишга ҳақли. Мен ҳам аждодларим, ота-онам билан ғурурланаман, улар сингари одамлар меҳрига сазовор бўлиб юргим келади.
— Мени отам жуда қаттиққўл, чўрткесар, айтганини қиладиган, қилмайдиганларни мажбурлаб бўлса ҳамки бажартирмай қўймайдиган киши, — дедим мен.— Аммо фақат ўз нафсига кўмилиб қоладиганлардан эмас, ҳаммани ўйлайди, қишлоқ, қишлоқдошлар обрўйи баланд бўлсин, бировлар олдида эгни қисиқ, тили калта бўлмасин, деб куюнади.
— Биз ҳам отамиздан ҳайиқар эдик, — давом этди Ўткир ака. — Беш ака-сингил эдик оилада.Бир қиз, тўрт ўғил. Мен учинчиси. Отамнинг биринчи оиласидан яна битта опам бор. Отамни иззат қилиш кераклигини онам ўргатганлар. Онам, ҳозир отанг келадилар, атрофни тозалаб қўйинглар, деса ҳовлини бир пасда чинни-чироғда қилиб қўярдик. Отам хурсанд бўлганларини кўрганда эса бошимиз осмонга етарди.— Ўткир ака рўпарасида миннатдор қиёфали отаси тургандай жойида тўхтаб қолди. Кейин елкаларини силкитиб-силкитиб кулди.— Ўзимизнинг историямизга берилиб кетиб асосий масала эсдан чиқаёзибди-ку! Тамакини сўрамоқчи эдим. Меҳнати оғир, нархи баланд, тўғрими? Енгил-елпи меҳнат билан мўмай даромад эгаси бўлиш, албатта, қийин. Лекин пул-пул деб саломатликни эсдан чиқариш — келажакни вайрон қилиш билан тенг эмасми?
Сездимки, Ўткир ака тамакичилик муаммоларидан анча-мунча хабардор. У кишига соҳа бўйича умумий характеристика эмас, фожиа илдизини кўрсатувчи деталлар керак.
— Ҳозир икковимиз сув бўйида юрибмиз. Устимизда кастум-шим, оёғимизда иссиқ пайпоқ, туфли. Шунга қарамай салқиндан этимиз жунжикяпти. Тўғрими? — Ўткир ака ёнбошимда жимгина тинглаб боряпти. — Ҳозир бригадир келсаю, оёқни ечиб, шимни тиззадан баланд шимаринг, тамаки экасиз, деса, одам қандай аҳволга тушади. Тамаки деган бу арзанда шу қадар безбетки, уни етиштириш билан боғлиқ юмушларнинг тўқсон тўққиз фоизи қўлда бажарилади. Даставвал уруғи қопчаларда намланиб, ўн беш-йигирма кун сандалга ёпилган кўрпа остида нишлатилади. Уруғ иссиқ кўрпа тагида соч каби нозик, оппоқ илдизчалар чиқаргач, майин гўнг ва тупроқ аралаштирилиб парникка сепилади. Парникдаги уруғ ўсиб, икки-учтадан қулоқ чиқаргунча, қарийб бир ой, кунига икки-уч маҳал сув, ўғит ва ҳар хил зарур дори-дармонлар билан парваришланади. Шу орада ер ҳайдалади, жўяк олинади. Экишдан бир-икки кун аввал жўяклар захлатиб суғорилади ва милдиратиб оқизиб қўйилади.
— Сув-лойга ботиб экиларкан-да.
— Жўяк захламаса, ерга қадаётганда илдизи синиб кетади. Жўякдаги милдираган сувда қўл чайилиб турмаса, бармоқларга лой ёпишиб қолади, оқибатда экиш янаям қийинлашади. Асосан аёллар, мактаб ўқувчилари бажаради бу ишларни.
— Шунинг учун аҳолининг кўпи оғир касал денг...
— Бир гектар майдонга 13-15 минг туп ниҳол қадалиши керак. Бу, бир гектарга тамаки экиш учун шунча минг марта эгилиб турилади, дегани. Оёқ-қўлинг музлаб, белинг тарашадай қотиб, бошинг айланиб кетади. Лекин бу, ҳали ҳаммаси эмас. Ўтоқ, чопиқ, йиғим-терим, тизиш-тойлаш-у топширишгача ҳамма-ҳаммаси қўлда. Техника деганингизнинг кучи ер ҳайдашу бир-икки культувациядан бошқасига етмайди.
— Лекин одамларнинг ўзлари-ўзларини мажбур қилади шу ишларга, тўғрими?
— Нима қилсин. Ота-бобоси чолдевордан бошқа уйни кўрмаган, йиллар давомида қозони мойга ёлчимаган бўлса. Тамаки экила бошлаганидан кейин омборида дон пайдо бўлди, харобаларини бузиб томи шифер уй қурди, тўй қиляпти, боласини шаҳарга — ўқишга юборяпти. Шунинг учун ўлиб-тирилиб меҳнат қилади. Соғлиқ эсга келадими бунақа пайтда.
— Бундай азобли меҳнатга минг эмас миллионлар берса оз, — деди Ўткир ака куюниб.— Ҳали адолатсизликлар бижғиб ётибди. Одамларимиз гўл. Арзимаган эҳсон учун жонини жабборга бериб кетмон чопади! — Суҳбатдошимнинг жаҳли чиққанда кесиб-кесиб сўзлаши, узиб-узиб олиши айрим мажлису машваратлардан менга таниш эсада, ҳозиргичалик қизишиб кетганини кўрмаган эканман. Энг ёмон кўрган одамини ерга босиб, бурнини ажриққа ишқалашга шайланган баҳодир қиёфасини эслатарди унинг ҳолати. — Вақти-соати келиб бу кўргуликларга ҳам чек қўйилар, а, нима дедингиз? — деди бироз жим кетганимиздан сўнг чуқур хўрсиниб. — Қани энди оёқ-қўлинг чилвирланмаган бўлсаю, халқни эзиш, эзғилаш нималигини очиб ташлайдиган бир китоб яратсанг! Мисоллар шу қишлоқнинг ўзида тиқилиб ётибди. Зўр чиқарди.
Қишлоқ айланиб уйга қайтиб келганимизда Саид Аҳмад аканинг ҳангомалари баланд пардаларда давом этар, ҳовли этагидаги ўрик томондан баралла эшитилиб турган Озод аканинг хурраги гуриллаган кулгиларга гулдираб жўр бўлмоқда эди.
Ответить 
Старый 25.01.2013 17:47   #198  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
Абдусаид Кўчимов. Қовурдоғ

Цитата:
5
Эртасига Ургут гилам фабрикасида, Каттақўрғон ёғ-мой заводида учрашувлар бўлди. Оқшом Тошкентга қайтдик.
— Биринчи бўлиб Ўткирни уйига қўямиз,— деди шаҳарга кирганимизда Саид Аҳмад ака.— Ахир, у раҳбаримиз.
Ўткир ака ҳарчанд қаршилик қилмасин устод адиб фикрида туриб олди.
— Келинни чақир,— деди Ўткир аканикига етиб келганимиздан кейин амирона оҳангда.
Зум ўтмай остонада Ўлмасхон опа пайдо бўлди.
Саид Аҳмад ака машина багажидан қовурдоқ солинган кострулкани олиб, Ўлмасхон опага тутқазди:
— Шу хасис эр билан яшаётганинг учун раҳмат. Эркак бўлиб биз чидолмасдик. Қара, қовурдоқни едирмай қайтариб олиб келди-я!
Устознинг меҳри ийиб, хотинимга мақтаса керак, деган илинжда турган Ўткир ака хохолаб кулиб юборди.
Ҳаммамиз қўшилдик.
Қовурдоқ эсимиздан чиқиб кетган экан.

2010 йил 20 июнь.
Ответить 
Старый 11.02.2013 10:57   #199  
Аватар для albatros
Оффлайн
Сообщений: 881
+ 1,270  830/414
– 4  16/13

UzbekistanОтправить сообщение для albatros с помощью Skype™Facebook
Ўткир Ҳошимов: "Талабалигим олтин давр бўлмаган!"

Цитата:
Севимли адибимиз Ўткир Ҳошимовнинг ҳаёт йўли билан сиз мухлисларни бир оз ҳамнафас қилаётганимиздан хурсандмиз.

Аждодларим билан фахрланаман
Ҳар кимнинг аждодлари орасида улуғ инсонлар бўлиши мумкин. Мен ҳам тарихда эзгу ишлар билан ном қолдирган бобокалонларим билан фахрланаман ва бу ҳақида айтсам газетхонлар тўғри тушунади, деган умиддаман.
Тошкентда, Олий Мажлис биноси ёнида, Алишер Навоий номидаги Миллий боғида қадимий мадраса бор — Абулқосимхон мадрасаси. Бу мадрасани 1850 йили бунёд этган зоти шариф — Абулқосимхон эшон менинг бабокалоним бўлган эканлар.Абулқосимхон эшон 1865 йилда Чор Россияси Тошкентни истило қилганида, шаҳар ҳимоячилари сафида бўлган.
Ўша пайтда чиқадиган «Туркистон вилояти газети»нинг муҳаррири, тарихчи олим Николай Остроумов ўзининг бир қанча китобларида Тошкентдаги ёрқин сиймолар, жумладан, Абулқосимхон эшон ҳақида ғалати ва қизиқарли далилларни ёзиб қолдирган. У 1885 йили Абулқосимхон эшон билан қилган суҳбати ҳақида бундай деб ёзади: «Мен у киши билан турли масалалар ҳиқида икки соат суҳбатлашдим. Ўзи олим киши бўлгани учун ўқувчиларга тарбия бериш ниятида ўз ёнидан ўттиз минг сўмга яқин пул сарфлаб, Бешёғоч даҳасидаги ҳовлиси ёнида пишиқ ғиштдан мадраса бино этган. Мадрасада баъзан юз, баъзан эллик талаба ўқиши учун йилига икки минг сўм сарфлайди. Мен Туркистон генерал-губернаторининг ижозат билан 1885 йил 22 июнда ўлкада дарахтлар ва гулларни яхши парвариш қилиш борасида кўргазма уюштираётганимизни айтганимда Абулқосимхон эшон «Дарвоқе, деҳқончиликка машғул бўлмоқ Худойи таолонинг кароматидур. Марҳум қиблагоҳимдан менга пул қолган эмас. Мазкур мадрасани ва анда бўладурғон тамомий харажатларни деҳқончиликдан ҳосил қилиб турибман», деб бизга жавоб қайтарди…»
Остроумов у зоти шарифнинг яна бир ибратли фикрини ёзиб қолдиради:
«Одамзотнинг нафси таомсиз ўлганидек, илмсиз одамнинг дили ўликдир!»
1892 йили Тошкентда вабо касали тарқалади. Муттасил кўпайиб бораётган солиқлардан тинкаси қуриган, истилолар зўравонлигидан тоқати тоқ бўлган халққа вабо ортиқча эди. Шунданми, халқ оёққа туради. Шу тариқа «Вабо қўзғолони» номи билан тарихга кирган миллий озодлик ҳаракати бошланади. Чор лашкарлари Эски шаҳарга бостириб киради. Шунда Абулқосимхон эшон муқаррар ўлимни бўйнига олиб, генерал-губернатор Вревскийга жуда мантиқли ариза ёзиб, қабулига киради. Унга бу икки томон учун ҳам фожеага олиб келишини англатади. Шу тариқа чор аскарлари шаҳардан олиб чиқилади.
Яна бир ибратли воқеа. 1892 йил 30 июн куни Абулқосимхон эшон Хўжа Аҳрор Жоме масжидида минг-минглаб одамлар олдида «Тарихда Шоҳ Бобур ўғли Ҳумоюн ўлимини Аллоҳдан тилаб олади. Мен Аллоҳдан вабо балосини ўзимга тилаб олмоқчиман», дейди.
Бу ҳайратомуз ҳодиса Н.Остроумовнинг «Фон Кауфман — Туркистон ўлкасининг ташкилотчиси» китобида шундай тасвирланади: «Мункиллаган ёшда сўнгги кунлардаги воқелардан («Вабо қўзғолони»дан, демоқчи) қаттиқ ларзага тушган муҳтарам Абулқосимхон шундан сўнг тезда — 4 июлда вабо касаллигидан вафот этди. Қизиқарлиси шундаки, шундан кейин вабо барҳам топганини тошкентлик сартлар унинг вафотига нисбат беришди…»
Худога шукр, Истиқлол шарофати билан мадраса атрофи чинакам сайлгоҳга айлантирилди. Бу ерда буюк бобомиз Алишер Навоий ҳайкали бунёд этилгани, Миллий боғ яратилгани қалбимизни қувончга тўлдиради.

Бир умрлик сабоқ
Урушдан кейинги авлоднинг болалиги қанақа ўтган бўлса меники ҳам шундай ўтган. Мен ҳалол меҳнати билан кун кўрадиган оилада вояга етганман. Ота-онам ҳаромдан ва ёлғондан ҳазар қилишни ўргатишган. Ҳалиям шу шиор билан яшайман. Фарзандларимга ҳам шуни уқтираман.
Болалигимдаги бир воқеани айтиб берай. Уйимиз ёнида жийдазор бўларди. У ерда мен тенгдош ўртоқларим билан сигир боқардим. Ўша пайтда сигирни ёғоч қозиқ билан арқонлаб қўярдик. Ёғоч қозиқнинг ёмон томони шундаки, қоқаверсангиз, синиб кетади. Бир куни жийдазордан темир қозиқ топиб олдим, озгина арқони билан. Қозиқни сигиримизнинг арқонига боғлаб, уйга келдим. Ярим кечаси адам уйғотди. Қўлида темир қозиқ. «Қозиқни қаердан олдинг?» деди. «Топиб олдим», деб жавоб қайтардим. «Қаердан?» «Қийшиқ жийданинг тагидан!» «Жийданинг тўғриси бўлмайди. Ҳаммаси қийшиқ бўлади», деди адам жаҳл билан ва «Қаердан олган бўлсанг, худди ўша жойга олиб бориб ташла, ҳозироқ!» деди. Ёш боламан, ярим тун бўлса, чакалакзор. Яна Дарҳон анҳорининг лопиллаб турган кўпригидан ўтиш керак… Албатта қўрқдим! Энди чиқиб кетаётгандим, менга раҳми келиб, акам эргашмоқчи бўлди. «Ўзи ташлаб келади!» деди адам қатъият билан. Амаллаб кўприқдан ўтиб, чакалакзор томонга қозиқни улоқтириб, қайтиб келдим. Лабимга учуқ тошганини ҳисобга олмаганда ҳеч нарса бўлмади. Лекин уч-тўрт кундан кейин адам яна ёнига чақириб олди-да, бундай деди: «Сен топиб олган қозиққа биров молини бойлагани аниқ. Агар ўша молни кимдир ўғирлаган ёки мол адашиб кетиб қолган бўлса-ю, қозиқ бизнинг уйдан чиқиб, ўша одам сени ўғри гумон қилса нима бўлади? Биз нима деган одам бўламиз?» Мана шу воқеа менга бир умрлик сабоқ бўлди.
__________________
Qololmas jahon ichra mangu kishi,Faqat qolg'usi yaxshi nomi, ishi.(Sa'diy)
Ответить 
Старый 11.02.2013 11:01   #200  
Аватар для albatros
Оффлайн
Сообщений: 881
+ 1,270  830/414
– 4  16/13

UzbekistanОтправить сообщение для albatros с помощью Skype™Facebook
Ўткир Ҳошимов: "Талабалигим олтин давр бўлмаган!" (давоми)

Цитата:
«Худо кўнглига солмагунча…»
Асар ёзиш фарзанд кўришга ўхшайди. Ҳақиқий асар ёзилмайди, туғилади. Мен бунга қаттиқ ишонаман. Яна битта шиорим бор: «Худо кўнглига солмагунча, ҳақиқий ёзувчи қўлига қалам олмайди».

«Диплом иши ёзмаганман!»
Талабалик — олтин даврим, дейишади. Менинг талабалигим олтин давр бўлган эмас! Трамвайнинг майдончасида ўтган. Сабаби, ишлайдиган газета таҳририяти Навоий театрининг, факультетим эса ўша пайтдаги Ҳамза театрининг ёнидаги бинода эди. Тушгача ишласам, пешиндан кейин трамвайга ўтириб, ўқишга югурардим. Ёки тушгача ўқишга борсам, тушдан сўнг ишга чопардим.
Талабалигим ҳам ўқиб, ҳам ишлаб ўтганидан афсусланмайман. Чунки, талабаликда ишлаганларнинг тажрибаси бошқалардан олдинроқ шаклланади. Шуям сабаб бўлса керак учинчи курсда ўқиётган пайтимдаёқ биринчи китобим чиққан. Яна бир фойдали томони — у пайтда университетни битираётган талаба ҳам диплом иши ёзиши, ҳам давлат имтиҳони топшириши керак эди. Мен диплом ишига мавзу сўраганимда Воҳид Абдуллаев деган домламиз «Сизнинг китобингиз чиққан-ку, шунинг ўзи диплом иши! Биз нима учун талабаларни ўқитамиз, китоб ёзишларингиз учун-да!» деган. Шу билан китобимнинг ўзи диплом иши бўлган.

Муҳаббат ҳақида
Мен муҳаббатнинг муқаддас ва буюк туйғу эканлигига қаттиқ ишонаман. Агар муҳаббат бўлмаса одамзот аллақачон ҳайвонга айланиб кетарди. Шу боисдан севги туйғусига, муҳаббатга эҳтиромим баланд. Ўзим ҳам севиб турмуш қурганман.

Ойнинг ўн беши…
Инсон ҳаёти шаҳмат тахтасидаги пиёданинг юришига ўхшайди. Оқ катакдан ҳам, қора катакдан ҳам ўтиши мумкин. Одам қийинчиликдан қочмаслиги лозим. Чунки ҳар бир одамнинг ҳаётида ёруғ дамлар ҳам, сояли паллалар ҳам бўлади.

Носвой ва атир ҳиди
Мен ҳамма устозларимни бирдай ҳурмат қиламан. Мактабда дарс берган ўқитувчимдан тортиб, университетда сабоқ берган домлаларимни, биринчи асаримни чоп этган устозларим-у, қўлимга биринчи маошимни тутқазган кишини… Лекин устозларим ичида уч кишини алоҳида эҳтиром билан тилга оламан. Булар — Абдулла Қаҳҳор, Саид Аҳмад, Озод Шарафиддинов. Улар ҳамиша менга тўғри йўл кўрсатишган, хатоларимни тузатишган, ютуғимдан қувонишган.
Бу устозларимнинг ҳаммаси билан қизиқарли воқеалар кўп бўлган. Саид Аҳмад ака билан-ку, Ўзбекистоннинг ҳамма туманларида бўлганмиз. Ота-боладек қадрдон эдик. У киши юрган йўлда этагидан кулгу тўкиларди. Қайси даврага борса, хушчақчақ кайфият уйғонарди…
Бу ҳақда «Саид Аҳмад сафарда» номли асар ҳам ёзганман. Яқин кунларда балки «Даракчи»га берарман. Шундан биттасини айтиб берай. Қайси вилоятга бормайлик, албатта учрашувга чақиришарди. Фарғонага борганимизда тағин бир катта учрашув бўлди. Мухлислар Саид Аҳмад акага савол беришди: «Энг яхши кўрган шогирдингиз ким?» Устоз айтдики, «ҳамма шогирдларимни яхши кўраман. Аммо мана буниси (мени кўрсатди) билан юриш айниқса «удобний». «Нега?» деб сўрашган эди, устоз ғоят «жиддий» сабабини айтди: «Ўткир оналар, чол-кампирлар ҳақида кўп ёзади. Мен эса ёшлар, йигит-қизлар ҳақида ёзаман. Шунинг учун қаерга борсак, учрашув тугаши билан Ўткирни кампир ва чоллар, мени эса чиройли-чиройли қизлар ўраб олади. Бир соатдан кейин Ўткирдан носвой ҳиди келса, мендан атир ҳиди келиб туради. Ишонмасанглар, бир пасдан кейин ҳидлаб кўринглар».

«Фарзандларим — фахрим»
Бир шиорим бор: «Ота-онаси билан фахрланган фарзанд — бахтли фарзанд. Фарзандлари билан фахрланган ота-она — ўн ҳисса бахтли». Чунки ҳар бир ота-она фарзандлари ўзидан кўра комилроқ, яхшироқ бўлишини орзу қилади. Фарзандларимга доим бир гапни такрорлайман: «Иложи бўлса мен қилган савобли ишлардан битта кўпроқ эзгу иш қил, мен қилган хатолардан битта камроқ хато қил!»
Менимча, фарзандаларим шу ўгитга амал қилиб келяпти. Бир ўғил, бир қизим, бешта неварам бор. Ҳозирча улар ҳақида бирон ёмон гап эшитганим йўқ.

«Менинг бойлигим…»
Ёзувчи учун энг катта бойлик — китобхон меҳри. Китобхон меҳрини ялиниб ҳам, зўравонлик қилиб ҳам, пул бериб сотиб олиб ҳам бўлмайди. Худо шундан бегона қилмасин.

Бугун…
Инсон маълум ёшга боргандан кейин босиб ўтган йўли ҳақида ўйлашга мажбур бўлади. Бу табиий. Мен ҳам шу пайтгача ёзган асарларимни «Танланган асарлар»га (ёки «Сайланма» деймизми) тўплаш билан бандман. Улар орасида қирқ йил олдин ёзилган бўлса ҳам ҳалигача китобхонни ўйлашга, ҳаяжонланишга ундайдиган асарларим бор деб умид қиламан. «Дунёнинг ишлари», «Баҳор қайтмайди», «Икки эшик ораси», «Тушда кечган умрлар», «Дафтар ҳошиясидаги битиклар» шундай китоблар бўлса ажаб эмас.

Касал қилар асарлар…
Ижодкор учун аввало, Худо берган истеъдод керак.
Ҳозир адабиётга кўплаб ёш қаламкашлар кириб келяпти. Шеъриятда ҳам, насрда ҳам яхши асарлар яратиляпти. Бундан қувонмоқ керак.
Лекин мени жиндай иштибоҳга соладиган ҳолат ҳам бор. Афсуски, бугунги кунда бир марта ўқишга арзийдиган китоблар, бир марта кўришга арзийдиган спектакллар, фильмлар кўпайиб кетяпти. Бунақа асарлар бир марта ишлатиладиган шприцга ўхшайди. Бир марталик шприцнинг фойдаси бор — касални даволайди. Бунақа асарлар эса одамни касал қилади, ўзини эмас-ку, дидини.
Янги замон тафаккури билан қалам тебратаётган укаларим ва сингилларимга ижодкорлик инсон қисмати эканини, зиммага жуда катта масъулият юклашини айтгим ва уларга омад тилагим келади.

Наргиза УСАНБОЕВА суҳбатлашди
Манбаа:
__________________
Qololmas jahon ichra mangu kishi,Faqat qolg'usi yaxshi nomi, ishi.(Sa'diy)
Ответить 
Ответить




Powered by vBulletin® Version 3.8.5
Copyright ©2000 - 2025, Jelsoft Enterprises Ltd. Перевод: zCarot
Advertisement System V2.5 By Branden
OOO «Единый интегратор UZINFOCOM»


Новые 24 часа Кто на форуме Новички Поиск Кабинет Все прочитано Вверх