Erkin ijodkor
Jurnalist
Сообщений: 1,748
+ 2,559
2,642/911
– 20
13/12
|
Цитата:
|
ГУЛЗИРА
Бугун кўнглим ўлади менинг,
Юрак гулим сўлади менинг,
Севги тахтим қулади менинг
Бугун тўйинг муборак, жоним!
Курсдоши Саида битган мисралар негадир Қобилбекнинг тилига қуйилиб кела бошлади. Ташқарида эса карнай-сурнай садолари, хотин-халаж, болаларнинг шовқини эшитилиб турарди. Сабаби, тўй. Қўшниси, Раҳимбой ака қизини узатмоқда. Гулдей етилган Гулзира келинчак либосини кийган-ча куёв болани кутарди. Қаёқдандир Раҳимбой аканинг синфдош ўртоғи Холмат ака катта бир новвосни етаклаб кела бошлади. Атрофдан “Қойил-э,!!” , “Мана буни тўёна деса бўлади” қабилидаги маддоҳона сўзлар эшитиларди. Кеккайганча Холмат ака новвосни Раҳимбой аканинг қўлига тутди. Меҳри ийиб келиннинг отаси кўзларига ёш олди. Қадрдонлар қучоқлашишди.
Хонасига қамалиб олган Қобил эса Гулзирани келинчак либосида кўриш учунми деразадан ташқарига тикилганча бу манзарани кузатарди. Аслида эса, ўй сурарди.
* * *
Ўшанда у абитуриент эди. Олийгоҳга кириш учун тиним билмай юрган кезлари эди. Лекин, ўзи истар-истамай бир туйғуга асир бўлаётганини сезарди. Ўйламай деса-да ҳаёлари қўшнининг уйи томон шошарди. Чунки, у ерда беихтиёр кўнглини ўғирлаб қўйган қиз – Гулзира яшарди.
Гулзира.... Гулзира...
Нақадар гўзал қиз эди. Камон қошлар, оҳу кўзлар, рўмоли остидан кўриниб турадиган қоп-қора сочлар...
Лекин, йигит кўнгли иккиланарди. Севгисини изҳор қилишга ийманарди. Журъати етмасди, шаҳди етмасди. Шу тариқа мактаб тугади. Омади келиб, талаба бўлди. Энди у бўлажак ички ишлар ходими. Ўзини ўқишга бахшида қилса-да, юрагининг бир бурчагидан мени унутмадингизми дея Гулзира аҳён-аҳён ёдини тилиб ўтарди. Шундай кезларда, албатта Гулзирага севишимни айтаман деб ич-ичидан қатъий аҳд қиларди. Тезроқ ўқиш тугаб, йилда бир марта унда ҳам икки ҳафтага бериладиган таътили келишини кутарди. Таътилга борганида севгисини яширмасдан ошкор қилади.
Шу тариқа биринчи курс тугаб, қишлоғига қайтди. Ички ишлар ходими либосида. Ҳавас қилган бўлди, ҳасад қилган бўлди. Лекин, йигит буни эмас, Гулзирани ўйларди. Ич-ичида иккиланиш бор эди. Уни ҳали билмайсан-ку дерди ақл ҳислардан устун келган пайтлари. Яхшиси, бировдан маслаҳат сўра!!! Қобил шунга амал қилди. Чин дўст деб билгани Саиднинг олдига югурди. Мактабдан сўнг қишлоқда қолиб, кичкина бўлишига қарамай, фермерлик қилаётган Саид уни илиқ кутиб олди. Дарҳол дастурхон ёзди. Меҳмон шарафига бир шишани очди. Ароқ таъсир қилиб, кўзлар сузилаётган маҳал Қобил мақсадга кўчди. Гулзира ҳақида дўстининг фикрини сўради. Маст кўзлари билан Қобилга бироз тикилиб турди-да, Саид ярашиқсиз тарзда бидирлаб кетди:
—Биласанми, шу Гулзиранг менга ҳеч ҳам ёқмаган. Исмига қара – Гулзира! Шу ҳам исм бўлди-ю, шунинг ўзи ота-онасининг диди хаминқадарлигидан далолат эмасми? Салгина эс бўлса, қизига чиройлироқ исм қўймайдими? Сени исмингга ҳам ҳеч мос тушмайди-да!! Қобилбек ва Гулзирахон!!! Ҳеч қанақа мутаносиблик кўрмаяпман... Лекин, ўзинг биласан, ўрнингда бўлганимда мингта қиз танласам танлардим-ки, лекин шу Гулзирангга қиё ҳам боқмасдим.
Йигит ҳеч нарсани ўйлаб ўтирмади. Дўстим ҳақ деди-ю, севги изҳор қилишдан воз кечди. Гулзирага бир неча бор кўзи тушди-ю, Саиднинг сўзларини эслаб изҳори дилга шошилмади. Чунки, унинг севгиси чўлда қолган, лекин ҳали очилмаган ғунча каби кучсиз ва нимжон эди. Таътил тугаб Қобил ўқишга қайтди.
Лекин, ҳислар... Бу тизгинсиз ҳислар... Бу асов ҳисларни буйсундириб бўлармиди? Юрак ўқиш бошланганига бир ой ўтмай яна қадрдон исмни такрорлашни бошлади.
Гулзира!! Гулзира!!
Йигит ана шунда пушаймон еди. Энди яна интиқиб таътилни кута бошлади. Фурсат етиб, иккинчи курс ҳам тугади. Йигит яна қишлоққа қайтди. Қизнинг олдига шошди. Лекин, бу Гулзира деганлари остона хатлаб кўчага чиқадиган қиз эмасди. Шунда изҳорини унинг дугонаси орқали етказишни лозим топди. Қишлоқ кутубхонасидаги Гулнознинг ёнига шошди. Дудуқлана-дудуқлана мақсадини ошкор этди. Қиз эса бийрон-бийрон жавоб қайтарди.
—Биласизми, Гулзира энг яқин дугонам. Унга қарши бирон нарса дейишга журъатим етмайди. Лекин, сиздек барно йигитга ундан-да гўзал қизлар муносиб эмасми? Сизни, нуфузли олийгоҳ талабасини олдинда гўзал келажак кутмоқда. Мартабали лавозимлар, катта-катта давралар... Гулзира-чи? У бу йўлда сизга фақат халақит беради. Мен бунга ишонаман. Чунки, қишлоқдан ташқаридаги ҳаётни тасаввур ҳам қилолмайди. У учун ҳаёт нима биласизми? Эчки-сигир, ўт-ўлан, уй-рўзғор ташвишлари – мана шу унинг ҳаёти!!!
Қиз ҳақ эди Қобилнинг наздида. Рост-да, у келажакда илмнинг, катта-катта мансабларнинг одами, салкам шаҳарлик. Гулзира-чи, уйидан нарини билмайди. Агар, бирга ҳаёт бошласа, буёғи-чи? У тоғдан келса-ю, бу боғдан келса, ана унда нима бўлади?
Ақл тағин ҳислардан устун келди. Икки ҳафта иккиланишлар домида ўтди. Гулзирани узоқдан бир неча бор кўрди-ю, ҳар кўрганида Гулнознинг сўзлари ёдига тушиб ортига тисарилди. Чунки, севгиси шамолда қолган гулдек эди-ю, очилиб бўй таратиш учун қуёш нурларнини кутарди.
Йигит яна ўқишга қайтди. Аммо, бари такрорланди.
Лекин, ҳислар... Бу тизгинсиз ҳислар... Бу асов ҳисларни буйсундириб бўлармиди? Юрак ўқиш бошланганига бир ой ўтмай яна қадрдон исмни такрорлашни бошлади.
Гулзира!! Гулзира!!
Ва, яна таътил келди. Йигит қишлоққа бу гал қатъий шаҳд билан қайтди. Энди уни ҳеч ким бу йўлдан қайтара олмайди. Яна ўша эски муаммо – қизни ҳоли учратишнинг имкони йўқ эди. Бошқа йўлни танлади. Қиз тез-тез бориб турадиган, амакисидек бўлиб қолган Холмат аканикига боради. Холмат аканинг хотинига айтса, бирон баҳона билан чақиртириб беради. Янга йигитнинг мақсадини эшитиб табассум қилди-ю, негадир рангги бирдан ўзгарди. Уйга кириб кетди-ю, сал ўтмай Холмат аканинг ўзи чиқди. Йигитни ёнига ўтқизди-ю, ваъзхонликни бошлади
—Ўзинг ўйлаб кўр, тенг-тенгги билан, тезак қопи билан деган гап бор. Ўлса ҳам ота-онанг унга уйлантиришмайди. Ахир, сенлар хўжалар авлодидан!!! Гулзиранг-чи? Ота-онаси қорача бўлса? Укам, ўзингга ташвиш ортирма? Кейин, буни хосиятсиз дейишади. Мана кенжа амакинг отасига қарши бориб, қорача қизга уйланди. Оқибат, нима бўлди? Саккиз йилдир-ки, фарзанди йўқ!!!
Э-воҳ, буёғини ўйламабман-ку?!! Севги ўз йўлига!!! Уйлансам-у, фарзанд кўрмасам нима бўлади? Ажрашаманми кейин? Ота-онамни норизо қилиб ўйлансам турмушимда файз бўлармиди?
Ақл яна ҳисларни жиловлади. Йигит бошқа Гулзирани ўйламасликка қасам ичди. Севгиси очилган гул мисоли эди-ю, атрофни эгаллаган қуюқ зулмат боисми, йигит севгининг бу қадар чиройига ҳали ҳам ишонмасди.
Таътил тугаб ўқишга қайтди. Ўқишнинг сўнгги йили бошланди.
Аммо, сездингиз-ки, бари такрорланди.
Ҳислар... Бу тизгинсиз ҳислар... Бу асов ҳисларни буйсундириб бўлармиди? Юрак ўқиш бошланганига бир ой ўтмай яна қадрдон исмни такрорлашни бошлади.
Гулзира!! Гулзира!!
Ҳислар бу гал ақлни яксон қилди. Ахир, энди у ёш бола эмас. Катта ҳаёт остонасидаги йигит. Севгиси чинлигига иқрор бўлди. Ўзгаларнинг фикри билан эмас, ўз қалбига ишониб иш тутиш лозим деган қарорга келди.
Ўқиш тугади. Йигит энтика-энтика бутунлайга қишлоғига қайтди. Лекин...
Лекин, онасидан маъшум хабарни эшитди. Қизни узатишаётган экан. Қобил эшитди-ю, тошдек қотди. Энди кеч эди, бирон чора кўришга ҳам имкон йўқ эди. Дардлашгиси келдими, Саиднинг ёнига шошди. Саид дўстининг аҳволига ачинди-ю, охирида қўшиб қўйди:
—Лекин, яхши қиз эди Гулзира.
Қобил ичидан зил кетди. “Шуни энди айтасанми, аҳмоқ?” деди ичида. Лекин, сиртига чиқармади. Тасодифан, кўчада Гулнозни кўрди. Қобил индамаса-да, қизнинг ўзи Гулзира мавзусида тўхталди. Ва сўнггида қўшиб қўйди:
—Назаримда, уйлансангиз бўларди!
Қобил ичидан зил кетди. “Шуни икки йил аввалги суҳбатимизда айтсанг бўлмасмиди?” деди ичида. Лекин, сиртига чиқармади.
Гулзиранинг тўйига икки кун қолганда отасининг қайсидир юмуши билан Қобил Холмат аканинг остонасини хатлади. Холмат ака йигитнинг дардини биларди. Овутгиси келди.
—Кўп ҳам сиқилаверма, дунёда қиз камми? Энди топган қизинг хўжа бўлмаса ҳам хавотир олма!! Отангни розилигини ўзим олиб бераман!! Эркак сўзим!!!
Йигит дод дегиси келди. “Шу ваъдани бир йил олдин берсангиз бўлмасмиди” дегиси келди. Айта олмади. Уйига қайтди. Илк бора Гулзирани эслаб кўзига ёш олди.
Бугун эса уни бегона қўлга бермоқда. Нега ўшанда бировларнинг сўзига қулоқ осди...
Йигит билмасди-ки, чин дўст деб билгани Саиднинг ўзи ҳам Гулзирага ошиқ эди. Рақиби биттага бўлса камайишини истаб ўшанда Гулзирани қоралаганди.
Йигит билмасди-ки, чиройли либосда, барно йигит – Қобилга кўнгли борлиги учун ҳам Гулноз Гулзирани унга раво кўрмаганди. Қобилдан умиди бор эди. Бирон куни олдимга қайтади деган илинж бор эди.
Йигит билмасди-ки, Холмат ака Гулзиранинг тўйига бир новвос атаган эди. Ўшанда эҳтимол, ёшларнинг учрашувига йўл очса, тезда тўй бўлиб қолишидан хавфсиради. Бу хавфдан хотини огоҳлантирди. Агар, кутилмаганда тўй бўлиб қолса-ю, ўғлининг суннат тўйига атаётган новвосни қўшқўллаб Раҳимбойга топширишга тўғри келармиди?
Йигит билмасди, билгани фақат битта – Гулзирани севар экан! Энди ишонди. Лекин, кеч эди. Беихтиёр курсдоши битган мисралар ёдламаган бўлса-да, тилига қуйилиб кела бошлади.
Эрта сўлган атиргулдайман,
Тиконларга қалбим илгайман.
Ҳижронларга қандай чидайман,
Бугун тўйинг муборак, жоним.
Уйда қолиш у учун азоб эди. Шаҳарга қайтди. Ишга кирди.
Лекин, ҳислар... Бу тизгинсиз ҳислар... Бу асов ҳисларни буйсундириб бўлармиди? Юрак иш бошланганига бир ой ўтмай яна қадрдон исмни такрорлашни бошлади.
Гулзира!! Гулзира!!
Лекин, энди у қишлоғига қайтолмасди. Қайтгиси келмасди.
Ҳусен ТАНГРИЕВ
|
|