|
|
Знаете ли Вы, что ... | |
![]() |
...до того как открыть новую тему, стоит использовать поиск: такая тема уже может существовать. |
<< Предыдущий совет - Случайный совет - Следующий совет >> |
ZiyoNET Общественная образовательная сеть |
Ответить |
|
Опции темы | Опции просмотра |
![]() |
#11 |
![]() ![]() ![]() |
ҲАРБИЙ (МАҲАЛЛИЙ) МОЖАРО (военный (локальный) конфликт) олиб борилаётган миқёсига кўра уруш даражасига етиб бормаган ҳарбий тўқнашув.
Бундай можаро ўрталарида ихтилоф юзага келган давлатларнинг қисқа муддатли қуролли (одатда, чегара яқинидаги можаро доирасида) қарши курашишлари билан тавсифланади. Аксарият ҳолларда ҳарбий (маҳаллий) можаро бир-бирини кафолатланган равишда йўқ қилиб юборишларидан қўрқишлари сабабли ўрталарида тўғридан-тўғри қуролли можаро юз беришидан ўзини четга олиб, бир-бирига қарши чиққан «учинчи даражали мамлакатлар» тоифасига мансуб давлатларга фаол ҳомийлик қилаётган ўта қудратли давлатлар ўртасидаги билвосита («совуқ уруш» даврига хос) қаршилик шакли сифатида намоён бўлади. Ҳарбий (маҳаллий) можаро турлича шиддатда олиб бориладиган уруш ёки қуролли кураш олиб борилмаган тарзда узоқ вақт давом этадиган давлатлар ўртасидаги адоватга айланиб кетиши мумкин. ЭТНИК ГУРУҲЛАР ЎРТАСИДАГИ ҚУРОЛЛИ МОЖАРО (межэтнический вооруженный конфликт) битта давлат сарҳадларида кечадиган, рақиблар бир-бирини ёт этник ва (ёки) диний бирликни ифода этадиганлар сифатида кўрадиган турли-туман ноқонуний қуролланган тузилмалар, яъни турли этник ва (ёки) диний йўналишларга мансуб экстремистик гуруҳлар ўртасида ҳамда бундай гуруҳлар билан ҳукумат қўшинлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи кучлар ўртасида содир этиладиган қуролли қарши чиқишлар. Давлат ҳукумати ва қуролли тузилмалари бевосита ёки билвосита қарши кураш олиб бораётган миллий, ҳудудий ёки диний гуруҳлардан бири тарафдори сифатида чиқиш варианти ҳам юзага келиши мумкин (мисол учун Шимолий Ирландия). Этник гуруҳлар ўртасидаги қуролли можаро бир қатор тавсифларга эга бўлиши мумкин. Бундай тавсифлар жумласига: ўзаро ҳудудий даъволар ва халқларни бўлиб турувчи чегаралар адолатдан ёки адолатсиз ўрнатилганлигига доир мунозаралар; тарихни афсонага айлантириш ва қарши курашаётган ҳар бир томонга мансуб тарихий хотиранинг тутган ўрнини нисбатан фаоллаштириш; қарши курашаётган ҳар бир томон ортида геосиёсий иттифоқчи қиёфасидаги хорижий (кўп ҳолларда қўшни) давлат бўлиши; қуролли можарога жалб этилмаган аҳоли ўз ақли, фикри-хаёли билан тарафдор бўлишига эришиш мақсадида олиб бориладиган информацион ва мафкуравий кураш ҳамда руҳий омил таъсири; можаронинг ривож топишида жиноий элементларнинг фаол иштирок этиши; оммавий фожиа оқибатига олиб келадиган террористик ҳаракатлар ўтказилган ҳолларда этник гуруҳлар ўртасидаги қуролли можаро кенг кўламли можарога айланиб кетиш хавфи; қарши курашаётган томонлар ҳаракатларида маънавий ва ҳуқуқий чекланишлар, шу жумладан, ҳудудий чегаралар бўлмаслиги киради. Этник можаролар кўп ҳолларда, янглиш равишда, миллатлараро можаро, деб аталади. ОДДИЙ УРУШ (обычная война) оммавий қирғин қурол, авваламбор, ядро қуроли, кимёвий ва бактериологик қуролларни қўллашдан воз кечилган, умуммақсадли оддий куч ва воситалар қўлланилган тарзда олиб бориладиган уруш. Самарали (ўта аниқ, об-ҳавонинг ҳар қандай шароитида, кундуз куни ҳам, тунги (теварак-атроф кўриниши чекланган) вақтда ҳам қўлланиладиган) қурол-яроғлар, разведка, нишон кўрсатиш, алоқа, жанговар бошқарув ва радиоэлектрон кураш (РЭК) воситаларини қўллаш имконияти мавжудлиги билан тавсифланади. Оддий уруш: ўта шиддатли жанговар операциялар ўтказилган тарзда олиб борилиши; турли кўламларга эга бўлиши (йирик миқёсли урушдан, токи кичик маҳаллий қуролли можаро миқёсида ўтиши); узоқ вақт давом этиши (мисол учун Эрон-Ироқ уруши 1880-88 йиллар давомида ўтган); қисқа муддатларда якунига етиши (мисол учун 1991 йили Форс кўрфази зонасида бўлиб ўтган уруш) мумкин. Одатда, оддий урушда эришиладиган муваффақият умумий ҳарбий-сиёсий ва иқтисодий вазият билан, ҳарбий маънода эса авваламбор, кучлар миқдори, қурол-аслаҳа, ҳарбий ва махсус техника сифати, қуролли кучлар шахсий таркибининг профессионал тайёргарлиги ва командирларнинг ҳарбий маҳорат жиҳатидан душмандан устун келиши билан белгиланади. Оддий уруш, одатда, чекланган ва узоқ чўзиладиган урушга фарқланади. Чекланган оддий урушда қуролли кучлар ва шикаст етказиш воситаларининг фақат муайян қисми тегишли ҳудуд сарҳадларида қўлланилиши мумкин. Бундай урушлар жумласига минтақавий ва маҳаллий урушлар, шу жумладан, қисқа муддатли ҳарбий можаролар киради. Узоқ чўзиладиган (давомли) оддий уруш, аксарият ҳолларда, босқичма-босқич ривожланади, бир қатор давр ва кампанияларга бўлинади, улар эса ўз навбатида, стратегик ва нисбатан кичик кўламли операциялардан ташкил топади. «Оддий уруш» термини асосан совет ҳарбий фани ва амалиётида қўлланилган эди. Кўплаб бошқа мамлакатларда эса «Конвенцион уруш» термини қўлланилиб, бу билан урушда, халқаро битим ва конвенциялар билан ман этилмаган қуролли кураш воситаларигина қўлланишига йўл қўйилиши мумкинлигига урғу берилган.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига |
|
Ответить |
![]() |
#12 |
![]() ![]() ![]() |
ЧЕКЛАНГАН ЯДРОВИЙ УРУШ (ограниченная ядерная война) қурол-яроғнинг ҳар хил турлари, шу жумладан, ядро қуроли қўлланилган ҳолда, ушбу қурол турини қўллаш миқёси, ҳудудлари ва қўлланиладиган ядро воситаларининг миқдори чекланган тарзда олиб борилиши тахмин қилинаётган уруш.
Бундай уруш чекланган вақт давомида, фақат айрим ҳарбий ҳаракатлар (уруш) майдонида тегишли объектлар, мисол учун энг муҳим ҳарбий ва ҳарбий-иқтисодий объектларни йўқ қилиш учун асосан тактик ва оператив-тактик ядро воситалари (ёки стратегик ядро воситаларининг бир қисми) қўлланилган тарзда олиб борилиши мумкин. Чекланган ядровий уруш, шунингдек, душман ҳаракатларини тўхтатиш ёки мураккаб аҳволга тушиб қолган қўшин душман томонидан тор-мор келтирилишининг олдини олиш мақсадларида қатъий чекланган ядровий зарбалар бериш шаклида ҳам ўтказилиши кутилади. Бундай зарбаларга эса бошқа томон ҳам тегишлича (адекват) жавоб қайтариши ёки янада қудратли ядровий зарба бериши мумкин. Ушбу уруш замирида радиоактив маҳсулотларнинг узоқ масофаларга тарқалиб кетиши боис экологик хавф, шунингдек, унинг ялпи ядровий урушга айланиб кетиш хавфи бор. Шунинг учун ҳарбий ҳаракатларни, улар бошланиши билан жаҳон жамиятининг бошқа мамлакатлари иштирокида эришиладиган сиёсий муроса натижасида тўхтатиш зарурлигини рад этиш мумкин эмас. ЯЛПИ ЯДРОВИЙ УРУШ (всеобщая ядерная война) душманни йўқ қилиш учун қуролли курашнинг бошқа воситалари билан бир қаторда, қисқа вақт давомида чекланмаган тарзда ёпирилма қўлланиладиган ядро қуроли – олиб бориладиган қуролли курашнинг асосий воситаси саналадиган уруш. Бундай урушга жаҳоннинг аксарият давлатлари бевосита ёки билвосита жалб этилиши мумкин. Ушбу урушнинг иккиламчи оқибатлари жамики Ер шарига дахл қилиши, юз бериши эса башариятнинг йўқ бўлиб кетиши, глобал экологик ҳалокат қарор топишига олиб келиши муқаррар. ХХ аср охирида жамики давлатлар глобал миқёсдаги ялпи ядровий урушга йўл қўйиб бўлмаслиги борасида якдил хулосага келдилар, бироқ гипотетик (фаразий) мулоҳаза юритилса, ялпи ядровий уруш тасодифий (мисол учун техник) сабаблар туфайли ёки бирор-бир мамлакатнинг ҳарбий-сиёсий раҳбарияти томонидан, муваққат устуворликдан фойдаланиб қолиб, душмандан олдин ҳаракат бажариш орқали ўз давлатини мағлубиятдан асраб қолиш илинжида йўл қўйилган жуда қўпол янглишиш оқибатида бошланиши мумкин. КОНТИНЕНТАЛ УРУШ (континентальная война) асосан мавжуд қитъалардан биттасининг сарҳадларидаги қуруқлик фронтларида қуролли кураш олиб бориладиган уруш. Бундай урушда кўзланган асосий мақсадлар жумласига, авваламбор, душманнинг қуруқликдаги қўшинлар, зирҳли-танк ва ҳарбий-ҳаво кучлари туркумларини қитъадаги ҳарбий ҳаракатлар (уруш) майдонида тор-мор қилиш ва ушбу майдоннинг стратегик жиҳатдан муҳим ҳудудларини забт этиш билан эришилади. Денгизлардаги ҳарбий ҳаракатлар (уруш) майдонида олиб бориладиган ҳаракатлар бундай урушларда кўмакчи аҳамиятга эга бўлиб, асосан соҳил бўйи зоналарда ташкил этилади ва қуруқликдаги қўшинлар томонидан олиб бориладиган операциялар манфаатларига хизмат қилади. Континентал уруш давомида қуруқликдаги қўшинларнинг, даставвал танклар ва артиллериянинг сони ва сифати жиҳатидан устуворликка эга бўлиш, энг муҳим йўналишларда қудратли ядро кучлари туркумларини қўллаш, ҳаётий муҳим ҳудуд ва марраларни забт этиш, йирик захираларга эга бўлиш узил-кесил ҳал этувчи аҳамият касб этади. Шу билан бир вақтда, бундай урушда қозониладиган муваффақият ҳаводаги ҳукмронликнинг қўлга киритилишига боғлиқ бўлади. Континентал урушга тарихий мисол тариқасида собиқ ССРИ томонидан 1941-45 йилларда Германия фашистларига қарши олиб борилган урушни келтириш мумкин.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига |
|
Ответить |
![]() |
#13 |
![]() ![]() ![]() |
ОКЕАНДА ОЛИБ БОРИЛАДИГАН УРУШ (океанская война) йирик денгиз мамлакатларининг океан ва денгизлардаги қуролли тўқнашувларига хос бўлган уруш бўлиб, энг муҳим ҳарбий ҳаракатлар асосан океан ва денгизлардаги ҳарбий ҳаракатлар (уруш) майдонлари ҳавзаларида олиб бориладиган, урушда кўзланган ҳарбий-сиёсий мақсадларга душман ҳарбий-денгиз кучларини тор-мор келтириш, энг муҳим ҳарбий-денгиз базаларини забт этиш, денгиз ва океанлардаги оператив жиҳатдан муҳим зоналар устидан назорат ўрнатиш натижасида эришиладиган уруш.
Одатда, бундай уруш асоси денгиз ва океанларда ўтказиладиган йирик операциялар ҳамда денгиз-десант ва йирик ҳаво операцияларини ташкиллаштириш ва олиб боришдан иборат бўлиб, уларнинг хотимаси умумий, айниқса, денгиз бўйи йўналишларида юзага келадиган ҳарбий-сиёсий ва стратегик вазиятга узил-кесил таъсир ўтказади. Океан коммуникацияларида олиб бориладиган жанговар ҳаракатлар ҳам катта аҳамиятга эга, зеро мустамлакаларда юзага келадиган вазият ва ҳарбий-денгиз кучлари фаолиятининг таъминланиши айни шу ҳаракатлар хотимасига боғлиқдир. Океанда олиб бориладиган урушнинг ўта муҳим мақсади денгиздаги ҳукмронликка эришиш ва уни қўлда сақлаб қолишдир. Аксарият ҳолларда ушбу уруш ялпи урушнинг таркибий қисми саналади. Бундай урушга тарихий мисол тариқасида 1941-45 йилларда Тинч океан ҳарбий ҳаракатлар (уруш) майдонида АҚШ ва Буюк Британия томонидан Японияга қарши биргаликда олиб борган қуролли курашини келтириш мумкин. ҲУЖУМКОР УРУШ (наступательная война) қатъий мақсадларга эришиш ва қуролли курашни йирик миқёсли ҳужум операциялари шаклида олиб бориш мазмунини касб этган урушнинг рамзий номланиши. Бундай уруш асосини фаол ҳужумкор стратегия тамойилларини амалга ошириш, душманга қарата қудратли, одатда, ундан олдин зарбалар бериб, ҳудудини истило қилиш ҳаракатлари ташкил этади. Ҳужумкор уруш ҳарбий-сиёсий ва стратегик ташаббусни қўлга киритиш ва қўлда узоқ вақт мустаҳкам сақлаб қолишни талаб этади. Ҳужумкор уруш амалиётида мудофаа ҳаракатлари ҳам истисно қилинмайди, бироқ ҳужумкор ҳаракатларнинг солиштирма ҳажми аксарият бўлади. Ҳужумкор уруш, одатда, тажовузкор давлатлар табиатига хосдир, бироқ тинчликсевар давлатлар ҳам агрессия ҳаракатларига жавобан душманни тўла-тўкис тор-мор қилиб ташлаш мақсадида ҳужумкор урушга кўтариладилар. Бунга тарихий мисол тариқасида Иккинчи жаҳон урушини келтириш мумкин. МУДОФААГА ҚАРАТИЛГАН УРУШ (оборонительная война) тажовузни бартараф этиш, давлат ҳудудини (чегараларини) ҳимоя қилиш ва душманнинг фаол ҳужумкор ҳаракатларини барбод этишга қаратилган ҳаракатлардан иборат урушнинг рамзий номи. Мудофаага қаратилган урушнинг асосий мазмуни жавобан амалга ошириладиган мудофаа операцияларидан иборатдир. Шу билан бирга, томонлар кучлари қиёсий бўлган вазият юзага келган бундай урушда мудофаа жангларини олиб бораётган томоннинг қарши ҳужумга кўтарилиши, келгусида эса кенг миқёсли ва узоқ сарҳадларга қадар стратегик ҳужумга ўтиши нафақат истисно қилинмайди, балки шундай ҳаракатларнинг амалга оширилиши кўзда тутилади. Одатда, мудофаага қаратилган уруш тажовузга дучор бўлган давлат ҳудудида олиб борилади, бироқ муайян шароит туғилган ҳолларда душман қуролли кучларини тор-мор келтириш ва тажовузни қайтадан амалга ошириш режасини барбод этиш учун қулай марраларни эгаллаш мақсадида ҳарбий ҳаракатлар душман ҳудудига кўчириб ўтказилади. Бундай урушга тарихий мисол тариқасида 1941-45 йилларда собиқ ССРИ ва фашистлар Германияси ўртасида олиб борилган урушнинг дастлабки даврини келтириш мумкин.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига |
|
Ответить |
![]() |
#14 |
![]() ![]() ![]() |
МАНЁВРЛИ УРУШ (маневренная война) асосини юқори манёврли жанговар ҳаракатлар ташкил этган уруш.
Позицион (узоқ муддатли марраларда туриб олиб бориладиган) урушдан фарқлироқ, ушбу уруш вазиятнинг тез ва кескин ўзгариши, жиддий вазиятлар тез-тез юзага келиб туриши, куч ва воситалар билан ўтказиладиган стратегик ва оператив манёврлар кенг қўлланилиши, ҳарбий ҳаракатлар кенг кўламли фронтларда олиб борилиши, олиб бориладиган операциялар сарҳадларининг кенглиги, ушбу операциялар жадал ривожланиши ва тез кечиши, оператив танаффуслар бўлмаслиги, кўзланган ҳарбий-сиёсий мақсадлар ва ҳал этилаётган стратегик вазифаларнинг ўта қатъийлиги билан тавсифланади. Қуролли курашнинг юқори ҳаракатчан воситалари, хусусан зирҳли-танк қўшинлари, ҳарбий-ҳаво кучлари, ҳаво-десант қўшинлари ва тез тизиладиган кучларнинг қўлланилиши – бундай урушда узил-кесил ҳал этувчи аҳамият касб этади. Манёврли урушга тарихий мисол тариқасида Иккинчи жаҳон урушининг дастлабки ва якуний даврларини келтириш мумкин. Ядро қуроли ва ўта аниқ шикаст етказиш воситаларининг қўлланилиши билан манёврли урушнинг алоҳида шакллари юзага келиши мумкин. ПОЗИЦИОН УРУШ (позиционная война) қуролли кураш нисбатан барқарор фронтларда асосан позицион шаклларда (яъни узоқ муддатли марраларда туриб) олиб бориладиган уруш. Бундай урушда барқарор ҳарбий-сиёсий ва стратегик вазият узоқ сақланади, ҳарбий ҳаракатлар секин-аста ва муайян изчилликда ривожлантирилиб, душманни ҳолдан тойдириш мақсадида олиб борилади. Амалга ошириладиган ҳужумкор ҳаракатлар, одатда, ривожланмай қолади, аксарият ҳолларда эса охиригача етказилмай, чекланган натижалар билан тугалланади. Рақибга қарата қудратли ўт очиб, зарбалар бериш, кучли фронтлар яратилиб, уларни тиришқоқлик билан қўлда сақлаб қолиш амаллари алоҳида аҳамият касб этади. Бундай урушга тарихий мисол тариқасида: Биринчи жаҳон урушининг дастлабки даврини; 1959-73 йилларда олиб борилган Америка-Вьетнам урушини; 1980-88 йилларда олиб борилган Эрон-Ироқ урушини мисол келтириш мумкин. Қуролли курашнинг янги воситалари ривожланиб бораётган XXI асрда позицион уруш фақат жуда қисқа вақт олиб борилиши мумкин бўлиб, эртами-кечми у манёврли урушга айланиб кетиши муқаррар. ИТТИФОҚ БЎЛИБ УРУШ ОЛИБ БОРИШ (коалиционная война) давлатлар иттифоқи томонидан бошқа давлатлар иттифоқи ёки муайян давлатга қарши олдиндан тайёрланиб, олиб бориладиган уруш. Бундай урушда ҳар бир иттифоқ бир қатор сиёсий мақсадларни кўзлайди, давлатлар қуролли кучлари (бирлашган қуролли кучлар) томонидан олиб бориладиган ҳаракатларни мувофиқлаштиради, баъзан эса коалицион қуролли кучлар туркуми билан, турли миллий қўшинлар ва флот кучлари иштирокидаги ҳамкор операциялар ўтказади. Шу билан бир вақтда, иттифоққа аъзо ҳар бир давлат, одатда, ўз мақсадларига эришишга интилиб, ихтиёридаги куч ва воситалар қўлланилишини мустақил равишда режалаштиради. Иттифоқ бўлиб уруш олиб бориш учун одатда, миллий армия ва флотларнинг маълум қисмидан ягона қўмондонликка бўйсунадиган бирлашган коалицион қуролли кучлар ташкил этилади. Уларнинг тайёрланиши ва қўлланилиши биргаликда ишлаб чиқилган режаларга мувофиқ амалга оширилади. Иттифоқ бўлиб олиб борилаётган уруш давомида иттифоқ аъзолари бир-бирига, одатда, қурол-яроғ, ҳарбий техника ва бошқа моддий воситаларни етказиб бериш шаклидаги моддий ёрдам кўрсатади, маънавий-сиёсий жиҳатдан қўллаб-қувватлайди, баъзан эса иттифоқчи давлатлар ҳудудидаги ҳарбий ҳаракатларда ўз экспедицион қуролли кучлари билан иштирок этиб ҳам мадад беради. Иттифоқ бўлиб олиб борилган аҳамиятли урушларга тарихий мисол тариқасида: 1756-63 йилларда олиб борилган Етти йиллик уруш; 1853-56 йиллардаги Қрим уруши; Биринчи жаҳон уруши; Иккинчи жаҳон урушини келтириш мумкин.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига |
|
Ответить |
Реклама и уведомления | |
![]() |
#15 |
![]() ![]() ![]() |
ПСИХОЛОГИК УРУШ (психологическая война) уришаётган давлатлар (синфлар) томонидан олиб борилаётган қуролли ва мафкуравий курашнинг рамзий номланиши. Душманни қўрқитиш мақсадида унинг психикасига таъсир қилиниши.
Психологик уруш ўз ичига уруш даврида ҳам, тинчлик даврида ҳам душман давлатнинг аҳолиси ва қуролли кучлари шахсий таркибининг маънавий-руҳий ҳолатига путур етказиш, шунингдек, душман томонидан амалга ошириладиган бундай ҳаракатлардан ҳимояланишга қаратилган тадбирлар тизимини мужассам этади. Уруш даврида олиб бориладиган психологик уруш кенг кўламга эга бўлиб, янада янги шаклларни касб этади. Йирик психологик ва мафкуравий тадбирлар, операциялар ва қўпорувчилик ҳаракатларининг атайин ишлаб чиқилган муайян мақсадли махсус режаларга биноан тайёрланиши ва ўтказилиши – замонавий психологик уруш асосини ташкил этади. Бундай мақсадлар жумласига: душманнинг мудофаа қобилиятини заифлаштириш, қўшинларининг жанговар шайлиги ва жанговар қобилиятига путур етказиш, шахсий таркибининг жанговар турғунлик савияси пасайиши ва маънавий таназзулга юз тутишига эришиш, қуролли кучлар фронт ортининг меъёрий ишини издан чиқариш; душман саналган давлат ҳудудида «идора этиладиган инқирозлар»ни қарор топтириш, аҳоли орасида тартибсизлик ва ваҳимали кайфиятларни қарор топтириш киради. Душман давлатга қарши олиб бориладиган бундай тадбир ва операциялар давлат томонидан ўз қўшинларининг маънавий руҳини мустаҳкамлаш ва ватанпарварлик ҳиссиётини оширишга қаратилган чора-тадбирлар билан уйғунлаштирилган тарзда олиб борилади ИНФОРМАЦИОН УРУШ (информационная война) информацион тизим, жараён ва манбалар ҳамда жиддий аҳамиятга эга тузилмаларга зарар етказиш (информацион-техник уруш), сиёсий ва ижтимоий тизимлар, шу жумладан, давлат ва жамиятнинг барқарорлигини издан чиқариш учун қўшинлар шахсий таркиби ва аҳолига оммавий руҳий таъсир ўтказиш (информацион-психологик уруш) мақсадларида ахборот майдонида давлатлар томонидан бир-бирига қарши олиб бориладиган кураш. «Информацион уруш» термини АҚШда ХХ асрнинг 90- йиллари бошида пайдо бўлиб, XXI аср бошида иккита маъновий вариантда, хусусан: кенг маънода – турли сиёсий мақсадларга эришиш учун ахборот майдони ва оммавий ахборот воситаларида олиб борилаётган қарши курашни номлаш вариантида; тор маънода – информацион ҳарбий ҳаракатлар маъносида, яъни ахборотни жанг майдонида (операция ёки муҳораба давомида) йиғиш, қайта ишлаш ва қўллаш орқали бир томонлама устуворликка эга бўлиш мақсадида ҳарбий ахборот майдонида олиб бориладиган қарши курашни номлаш вариантида фаол қўлланилади. Информацион уруш ҳодиса сифатида Иккинчи жаҳон уруши ниҳоясида пайдо бўлди, тушунча сифатида эса ХХ асрнинг 90- йиллари, айниқса, «совуқ уруш» олиб борилган кезларда АҚШда қўлланила бошланди. Ҳарбий-сиёсий тушунча сифатида «Информацион уруш» терминига рақиб давлат ҳудудидаги жамики аҳоли онгига ўтказиладиган таъсир усулларининг мажмуи сифатида таъриф берилади. Ушбу таъсирлар рақиб аҳолисига асосий ижтимоий ва табиий ҳодисалар ҳақидаги билимларни бузиб кўрсатиш ва бу билан жамият асосларини заифлаштириш ёки уларга путур етказиш учун ўтказилади. Бу эса ўз навбатида, душман давлатда тажовузга қаршилик кўрсатиш учун кўрилган чора-тадбирларни издан чиқариш учун қулай шарт-шароитлар яратади. Информацион урушнинг асосий вазифаси қарши курашаётган давлат миллатининг ўзини ўзи англаш асослари ва ҳаёт кечириш учун яратган шарт-шароитларига путур етказишдир. Бундай уруш жамият ҳаётининг барча соҳалари, жумладан иқтисодиёт, сиёсат, ижтимоий муносабатлар, маънавий ҳаёт ва айниқса, мафкура соҳасида олиб борилиши мумкин. Муайян миллат мафкурасига қарши олиб бориладиган информацион урушда душман давлат халқининг билим орттириш фаолиятидаги фалсафий ва услубий асосларни ўпириб ташлаш, онгида чалкашликлар туғдириш, ўз истиқболига бўлган ишончдан маҳрум қилиб, сохта иқтисодий ва ахлоқий тушунчаларни сингдириш вазифаси ҳал этилади. Афкори оммани чалғитиш, ёлғон хабар ва маълумотлар тарқатиш тадбирлари, одатда, оммавий ахборот воситаларининг жамики турлари орқали узоқ вақт давомида, махсус идора ва муассасалар томонидан ишлаб чиқилган технологиялар бўйича амалга оширилади. Қарши курашаётган томоннинг оммавий ахборот воситаларига тегишлича таъсир ўтказадиган агентура киритилиши натижасида, ушбу халқнинг ижтимоий онгига зарурий таъсир ўтказиш, уни тегишли мафкура сари етаклаш, ўз маслагидан қайтариб, сингдириб бориладиган мафкурага бўйсундириш учун имкон яратилади. Баъзан оммавий ахборот воситаларининг айрим вакиллари муайян давлатга қарши қаратилган информацион кампания ташкиллаштириш билан машғул эканлиги кузатилади. Ушбу хатти-ҳаракатлар замирида жаҳон жамиятининг кўз ўнгида тегишли давлатнинг мустақил сиёсати ва миллий манфаатларини қўпориш, амалдаги конституцион тузумини ўзгартириш ва жамиятининг барқарорлигини издан чиқаришга йўналтирилган, адоват руҳидаги ташқи кучлар томонидан ниҳоятда пухта режалаштирилган хатти-ҳаракатлардан ўзга нарса эмас. Бундай информацион-психологик таъсир ўтказишдан кўзланадиган мақсадлар жумласига: аҳоли, айниқса, ёшлар орасида маънавиятсизлик, фосиқлик, юрт ва халқнинг маданий меросига салбий муносабат муҳитини қарор топтириш; ижтимоий кескинлик ва алғов-далғовликни юзага келтириш мақсадида афкори оммага таъсир ўтказиш; можаро чиқариш, ишончсизлик ва гумондорликни авж олдириш, ички сиёсий нифоқларга кескинлик тусини бериш, тўқнашувлар ва ўзаро қирғин юзага келиши учун фитна чиқариш мақсадларида турли ижтимоий гуруҳлар орасидаги муносабатларни бузиш; ҳукумат ва бошқарув органларининг информацион таъминотини сустлаштириш, идора қилишга оид янглиш қарорлар чиқарилиши учун иғвогарлик ишларини олиб бориш; аҳоли орасида давлат органлари ҳамда қуролли вазирлик ва идоралар фаолиятига оид ёлғон маълумотлар тарқатиш, уларнинг нуфузига путур етказиб, бадном қилиш; ижтимоий, сиёсий, миллатлараро, этник ва хурофий тўқнашувларни юзага келтириш; оммавий иш ташлашлар, тартибсизликлар ва шу каби бошқа хатти-ҳаракатларга туртки бериш; иқтисодий норозиликни юзага келтириш; бошқарув органлари томонидан муҳим қарорлар чиқарилишини қийинлаштириш; давлатнинг халқаро нуфузи, бошқа давлатлар билан ҳамкорлигини бадном қилиш; давлатнинг маънавий, сиёсий, иқтисодий, мудофаа ва шу каби бошқа соҳалардаги миллий манфаатларига зарар етказиш киради. Шу тариқа, информацион-психологик хавфсизлик информацион урушнинг яширин информацион-психологик операциялари шаклида амалга ошириладиган, комплекс равишда таъсир ўтказиладиган стратегик объектига айланади. Бундай уруш кўзланадиган мақсадлар, ҳал этиладиган вазифалар, яширин операциялар ўтказадиган куч ва воситаларни оператив, тактик ва стратегик поғоналарда шакллантириш ва қўллаш тавсифини белгилаб беради. Бинобарин, шахсий таркибнинг информацион-психологик хавфсизлигини таъминлаш ҳарбий бошқарув органлари томонидан олиб борилаётган фаолиятнинг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолади. Башариятнинг глобализация даврига кириб келиши ҳамда ҳаёт кечириш учун оммавий маданий шарт-шароитлар яратилиши, эскирган халқаро ижтимоий муносабатларни енгиб ўтишнинг янги шакллари қидирилиши боис, информацион урушнинг халқаро ва миллий хавфсизликка кўрсатадиган салбий таъсир кўлами ва даражаси ортиб бораверади. Айни вақтда, ушбу муаммо, фақат ҳарбий мазмуннигина касб этмай қолади. Шу тариқа, информацион уруш, XXI аср цивилизациясининг ижобий ривожидаги қийинчиликларни янада мураккаблаштириб бораверади.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига |
|
Ответить |
![]() |
#16 |
![]() ![]() ![]() |
ТАЖОВУЗ (АГРЕССИЯ) бир давлатга (давлатлар гуруҳига) мансуб қуролли кучнинг бошқа давлатга (давлатлар гуруҳига) қарши, уни босиб олиш, асоратга солиш ёки муайян шартларни қабул қилишга мажбур этиш учун ғайриқонуний равишда қўлланилиши ва шу йўл билан ушбу давлат (давлатлар гуруҳи) суверенитети ва ҳудудий яхлитлигининг бузилиши, сиёсий ва иқтисодий мустақилликдан маҳрум этилишини тавсифлайдиган халқаро-ҳуқуқий тушунча.
Агрессиянинг умумэътироф этилиши лозим бўлган таърифини ишлаб чиқиш таклифи илк бор 1933 йили киритилган. БМТ Бош Ассамблеясининг 1974 йил 14 декабрдаги 29 сессиясида қабул қилинган резолюциясида агрессияга таъриф берилди. Унинг мазмуни қуролли кучни қўллашдаги ҳаққоний биринчиликдан (ташаббусдан) иборат. Тажовуз биринчи бўлиб зарба бериш, турли миқёсда комбинациялаб ўтказиладиган ҳужум, ҳарбий авиация зарбаси ёки ҳаво ҳужуми шаклидаги тажовузкор ҳаракатлар орқали амалга оширилиши мумкин. Бундай ҳаракатлар жумласига: ҳарбий истило; куч қўлланилган аннексия; қирғоқ ёки портларни қуролли кучлар воситасида қамал қилиш; бир давлатга мансуб қуролли кучларнинг бошқа давлатга мансуб қуруқликдаги қўшинлар, денгиз ёки ҳаво кучларига ҳужум қилиши; бошқа давлат ҳудудидаги қуролли кучларни, ушбу кучларни ўз ҳудудига қабул қилган давлат билан имзоланган битимга хилоф равишда қўлланилиши; муайян давлатга ҳужум қилиниши учун бир давлат ўз ҳудудини иккинчи давлатга ҳавола этиши; бир давлат ўз ҳарбий тузилмалари, қуролланган тўдалари ёки ёлланма аскарларини бошқа давлат ҳудудига қуролли куч қўллаш мақсадида юбориши киради. Ўз хусусиятига кўра агрессия тўғридан-тўғри ва орқаворатдан амалга оширилган агрессияга фарқ қилади. Тўғридан-тўғри амалга оширилган агрессия жумласига ҳарбий ҳужум, бостириб кириш, ҳарбий истило (қанча вақт давом этишидан қатъи назар), бошқа давлат ҳудудига нисбатан амалга оширилган босқинчиликнинг (аннексиянинг) ҳар қандай кўриниши, порт ва қирғоқларнинг ҳарбий қамал қилиниши, қуролли кучларнинг ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилганига қарамай тажовуз уюштирилган давлат ҳудудида қолиши киради. Тўғридан-тўғри амалга оширилган агрессияга Иккинчи жаҳон уруши йилларида фашистлар Германиясининг Польша ва собиқ Совет Иттифоқига уюштирган ҳужуми мисол бўла олади. Орқаворатдан амалга оширилган агрессия жумласига бир давлатнинг бошқа давлатга қарши ниқобланган тарзда қуролли куч қўллаши, бошқа давлат ҳудудига қуролланган тўдалар ва террорчи гуруҳлар юбориши, душманлик руҳидаги номунтазам қуролли кучлар ёки ёлланма аскар отрядлари тузилишига кўмак бериши киради. Тажовузга ҳомийлик қилиш, яъни агрессорга сиёсий, иқтисодий ёки ҳарбий воситалар (қурол-аслаҳа, ҳарбий ва махсус техника етказиб бериш, ҳарбий маслаҳатчи ва мутахассислар йўллаш) билан ўз режаларини амалга оширишига ёрдам бериш – тажовузкор ҳаракатларнинг алоҳида шакли саналади. Агрессия таърифи тажовуз амалга оширилганида юзага келган барча шарт-шароитлар инобатга олинган ҳолда БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан берилади. Тажовуз қилиниб қўлга киритилган ҳудудий эгалик ёки бирон-бир бошқа турдаги наф ғайриқонуний, деб эътироф этилади. Агрессияга дучор бўлган давлат якка тартибда ёки коллектив тарзда ўзини-ўзи ҳимоя қилишга ҳақлидир (БМТ Низомининг 51- моддаси). Айни пайтда ўзини ҳимоя қилаётган давлатнинг ҳаракатлари, гарчи ҳужумкор бўлса ҳам оқланган ҳаракат саналади. Агрессия уюштирилган ҳолатда БМТ Хавфсизлик Кенгаши агрессорга қарши ҳарбий бўлмаган чоралар кўриш (сиёсий ва иқтисодий алоқаларни узиш, иқтисодий санкциялар жорий этиш) ва тегишли операциялар ўтказиш орқали ҳарбий чоралар қўллаш (БМТ Қуролли Кучлари ва БМТга аъзо давлатларнинг миллий қуролли кучларини қўллаш) юзасидан қарор қабул қилиши мумкин. Шунингдек, тажовузкор давлатнинг суверенитети вақтинча чекланиши, ҳудуди истило қилиниши, ҳукумати ва ҳарбий органлари, шу жумладан, сиёсий партиялари ғайриқонуний ва жиноий, деб эътироф этилиши кўзда тутилиши мумкин. БМТ Низомининг 5- моддасига мувофиқ тажовузкор уруш инсониятга қарши қаратилган мудҳиш жиноят саналади. Агрессорга нисбатан товон тўлови (репарация) ва зарарни қоплаш (реституция) шаклидаги халқаро-ҳуқуқий ва моддий жавобгарлик қўлланилади. Тажовузни тўхтатиш вазифаси агрессияга барҳам берадиган ёки унинг олдини оладиган турли тўсқинликлар яратилиши, агрессия замиридаги ҳаракатларни маданий ривожлантириш, яъни уларни ижтимоий ва руҳий энергиянинг хавфсиз турларига айлантиришдан иборатдир. ҲАРБИЙ АКЦИЯ (ҲАРАКАТ) (военная акция) ҳарбий кучнинг муайян давлат томонидан бошқа давлатлар ёки давлат ичидаги қуролли ташкилот ва гуруҳларга қарши кўзланган мақсадлар, қўллаш миқёси, жойи ва вақтига кўра чекланган тарзда қўлланилиши. Ҳарбий акцияни амалга ошириш учун давлат ихтиёридаги куч ва воситаларнинг оз қисми қўлланилади. Бундай ҳаракат тинчлик даврида жиноий фаолияти фуқаролар ва жамият хавфсизлигига таҳдид солаётган қуролланган йирик тузулмаларга қарши давлат ичида ҳам, давлат ҳудудининг ташқарисида ҳам ўтказилиши мумкин. Бошқа давлат ҳудудида ўтказиладиган ҳарбий акция: муайян давлат ўзини ўзи фаол мудофаа қилган ҳолларда; бошқа давлат ҳокимиятининг розилиги ва илтимосига кўра амалга оширилиши мумкин. Тинчлик даврида ўтказилган ҳарбий акция халқаро ёки ички зиддиятларни ҳал этишга йўналтирилган сиёсий-дипломатик, иқтисодий, мафкуравий ва бошқа ҳарбий бўлмаган воситалар инқирозга учрагани, давлат, охир-оқибатда ҳарбий кучга умид боғлаб қолганлигидан (ёки атайин қўлламоқчи бўлганлигидан) далолат беради. Айрим давлатларнинг глобал ёки минтақа миқёсида ҳукмронлик қилишга даъвогарликлари ёки бундай ҳукмронликни қўлга киритишга қаратилган уринишлари ҳарбий акцияни амалга ошириш, мажбур қилиш ва диктаторлик сиёсатини олиб бориш оқибатига олиб келади. Бундай вазиятда ўтказиладиган акция, зикр этилган ҳокимиятларга ҳарбий куч билан тазйиқ ўтказиш, сиёсий курсни ўзгартиришларига мажбур қилиш мақсадларида амалга оширилади. Ҳарбий акция ҳарбий можарога олиб келиши, оқибатда йирик миқёсли урушга айланиб кетиши мумкин. Амалга оширилган ҳарбий акцияларга доир тарихий мисоллар тариқасида: 1941 йили Япония ҳарбий авиацияси томонидан АҚШнинг Тинч океандаги асосий базасига уюштирилган ёпирилма ҳужумни; 1956 йили собиқ Совет Иттифоқининг Венгрияга қарши уюштирган ҳарбий акциясини; АҚШнинг 1986 йили Ливияга, 1989 йили эса Панамага қарши уюштирган ҳарбий акцияларини; 1991 йили Форс кўрфази зонасида, 2003 йили эса Ироққа қарши олиб борилган урушларни келтириш мумкин.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига |
|
Ответить |
![]() |
#17 |
![]() ![]() ![]() |
ҲАРБИЙ ОККУПАЦИЯ (ИСТИЛО) (военная оккупация) муайян давлатнинг қуролли кучлари томонидан бошқа давлат ҳудудини, давлат бошқарувини ўз зиммасига олган тарзда вақтинча эгаллаши.
Ҳарбий истилонинг амалга оширилишига фақат БМТ Хавфсизлик Кенгашининг муайян ва масъулият юкловчи қарорига мувофиқ йўл қўйилади. Акс ҳолда оккупация агрессия шаклларидан бирига айланади. Ҳарбий оккупация режими ва бундай истилонинг муайян ҳуқуқий меъёрлари 1907 йили ўтказилган 4- Гаага конференцияси; 1949 йилги Женева конвенциялари ва уларга қўшимча равишда 1977 йили қабул қилинган Қўшимча протоколларда баён этилган бўлиб, махсус халқаро битимлар билан белгиланган. Мулоҳаза юритилаётган меъёрларга мувофиқ ҳарбий истило – оккупация қилинган ҳудуд суверенитети уни истило қилган давлат ихтиёрига ўтишига олиб келмайди. Истилочи давлат оккупация қилинган ҳудудда инсон ҳуқуқини ҳурмат қилиши шарт бўлиб, истило қилинган ҳудуд аҳолисининг депортацияси ёки ўз аҳолисининг ушбу ҳудудга кўчиб ўтишига йўл қўймасликка мажбурдир. Муайян давлатнинг қуролли кучлари БМТ Низомига зид равишда бошқа давлат ҳудудига бостириб кириши ёки ҳужум қилиши натижасида амалга оширилган ҳарбий оккупация халқаро жиноят саналиб, ушбу босқинчи давлат халқаро-ҳуқуқий жавобгарликка тортилишига сабаб бўлади. АННЕКСИЯ (БОСИБ ОЛИШ, ЗАБТ ЭТИШ) муайян давлат ёки халққа қарашли ҳудуд бошқа давлат ёхуд давлатлар гуруҳи томонидан зўравонлик билан бутунлайин ёки қисман босиб олиниб, эгалик қилиниши. Халқаро ҳуқуқда аннексия агрессиянинг (тажовузнинг) бир тури, халқаро ҳуқуқий меъёрларнинг бузилиши сифатида кўрилиб, уни амалга оширган агрессор халқаро-ҳуқуқий жавобгарликка тортилиши кўзда тутилган. БМТ Низоми ва ушбу Ташкилот томонидан ишлаб чиқилган бошқа ҳужжатлар аннексияни ман этиб, давлатларни мунозарали масалаларни тинч йўл билан ҳал этиш, халқларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи ва тенг ҳуқуқлик тамойилига ҳурмат билан қарашга даъват этади. 1990 йили Қувайт ҳудудининг Ироқ томонидан босиб олинганлигини содир этилган аннексияга сўнгги тарихий мисол тариқасида келтириш мумкин. БОСҚИНЧИЛИК (ИНТЕРВЕНЦИЯ) битта ёки бир нечта давлат томонидан муайян давлатнинг ички ишлари ва бошқа давлатлар билан йўлга солган алоқаларига бевосита ҳарбий жиҳатдан аралашиш (шу жумладан, ҳарбий акция). Тажовуз (агрессия) шаклларидан бири. Бевосита амалга ошириладиган ҳарбий интервенциядан ташқари билвосита сиёсий, дипломатик ва иқтисодий интервенция қўлланилиши ҳам мумкин. Тажовузкор ғояларни оқлаш учун бундай тажовузкор ҳаракатлар баъзан «Инсонпарварлик кўрсатилаётган интервенция» термини билан ҳам ниқобланади.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига |
|
Ответить |
![]() |
#18 |
![]() ![]() ![]() |
ЎЗИНИ ЎЗИ ФАОЛ МУДОФАА ҚИЛИШ (активная самооборона) душман томонидан уюштириладиган муқаррар агрессиянинг олдини олишга қаратилган қуролли ҳаракатлар.
Ўзини ўзи фаол мудофаа қилиш ҳаракатлари муайян давлат томонидан ўз фуқароларини ҳимоя қилиш учун қисқа муддатли ҳарбий акция уюштирилиши мумкинлигини кўзда тутади. Яқин тарих саҳифаларида миллий чегаралар ташқарисидаги ватандошларни ҳимоя қилиш мақсадида бир қатор давлатлар томонидан қуролли куч қўлланилган қуйидаги мисоллар мавжуд: 1965 йил – Бельгия десантчилари АҚШ ва Буюк Британия томонидан транспорт-техник жиҳатдан кўрсатилган мадад билан Заирдаги икки минг нафар хорижликни ҳимоя қилиш мақсадида қуролли операция ўтказган; 1976 йил – Исроил «командос»и Фаластин террорчилари томонидан Угандада гаровга олинган одамларни қутқарган; 1983 йил – давлат тўнтарилиши натижасида хавф остида қолган америкалик фуқароларни ҳимоя қилиш мақсадида орол давлат Гренадага АҚШ ҳукумати томонидан қуролли ҳужум уюштирилган; 1989 йил – АҚШ ўз қўшинларини Панамага олиб кирган. Баёнотда келтирилган асосий сабаблардан бири сифатида, ушбу мамлакатдаги америкалик фуқароларнинг ҳимоя этилиши кўрсатиб ўтилган; 1991 йил – Бельгия ва Франциянинг тўрт минг нафар десантчилари ўз фуқаролари ва бошқа хорижликларни эвакуация қилиш мақсадида Заир ҳудудига бостириб кирган; 1998 йил август – Кения ва Танзаниядаги Америка элчихоналари портлатилиши ва оқибатда уч юз нафардан ортиқ одам ҳалок бўлишига жавобан АҚШ ҳукумати Афғонистондаги террорчилар тайёрланадиган лагерлар ҳамда Судандаги фармакологик заводга қарата ракетали зарбалар берган; 1999 йил – хорижлик сайёҳлар конголезиялик террорчилар томонидан ўлдирилганлигига жавобан Уганда ҳукумати Конголезия босмачиларини ўз ҳудудидан ташқарида таъқиб қилиб бориш ва қириб ташлашга қарор қилган; 2001-02 йиллар – Нью-Йорк ва Вашингтонда 2001 йил 11 сентябрь куни амалга оширилган террористик ҳаракатларга дахлдор бўлган кучларга қарши Афғонистонда ўтказилган аксилтеррор операция. Бир қатор ўхшаш ҳаракатлар асосли эканлиги маънавий нуқтаи назардан шубҳа туғдирган ҳолатларда, бундай ҳаракатлар жаҳон жамияти томонидан эътироф этилган амалиётнинг бир қисмини, хусусан давлат ўз фуқароларининг ҳаёти ва қадр-қимматини, улар қаерда бўлишмасин ҳимоя қилишини ифода этади. Зеро, бошқа давлатларга қарши тажовуз қилишга баҳона сифатида ўзини ўзи мудофаа қилиш мақсадига қаратилган далиллар келтириш ҳам мумкин. Бироқ бу давлатнинг ўзини ўзи ҳимоя қилиш ҳуқуқидан маҳрум эканлигини, яъни номақбул вазият юзага келаётганда ўз қуролли кучларига хориждаги террорчилар базаларига қарата олдини олиш чоралари сифатида профилактик зарбалар бериш юзасидан мустақил қарор қабул қилиш ваколатини ҳавола этиши кўзда тутиладиган ҳуқуқидан маҳрум эканлигини англатмайди. Мулоҳаза юритилаётган ҳаракатлар ўзини ўзи фаол мудофаа қилиш доираларида амалга оширилиши, яъни ҳукумати наркотик моддаларнинг оммавий транзити ва савдосига ҳомийлик қилаётган давлатга нисбатан кўрилиши мумкин. Халқаро ҳуқуқ ва халқаро муносабатларда шаклланган амалиёт қуйидагича хулоса чиқаришга замин яратмоқда: муайян давлат ўз ҳудудидаги қуролланган гуруҳлар томонидан чегарадош давлатлар ҳудудига жинояткорона таъсир кўрсатишининг олдини олишга қурби етмаган ҳолларда, тажовуздан жабр кўрган давлат террорчиларни бегона ҳудудда қириб ташлаш учун ҳарбий куч ишлатишга ҳақлидир. БМТ Низомининг 51- моддаси давлат якка тартибда ёки коллектив таркибида қуролланган ҳужумга жавобан ўзини ўзи мудофаа қилиш бўйича дахл этилмайдиган ҳуқуққа эга эканлигини тасдиқлайди. БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан қабул қилинган ҳужжатлар БМТга аъзо давлатлар зиммасига «террористик фаолиятни олиб бориш, бундай фаолиятга кўмак бериш, ундаш, молиялаштириш, рағбатлантириш ёки муросачилик намоён этишдан холис бўлиш» мажбуриятини юклайди. Ушбу талабларга мувофиқ ҳар бир давлат ҳукумати террорчилар томонидан ўз базаларини яратиш ёки террористик ҳаракатларни тайёрлаш мақсадларида мамлакат ҳудудидан фойдаланилишига йўл қўймаслик чораларини кўришлари лозимдир. Собиқ Югославия бўйича иш олиб борган Халқаро трибунал, ушбу давлат ҳудудидан ҳаракат бошлаган босниялик сербларнинг қуролли ҳаракатларини кўриб чиқиб, давлат зиммасига ўз ҳудудидаги хусусий, шу жумладан, жиноий гуруҳлар сифатида уюшган кишилар ҳаракати учун улар давлат номидан ҳаракат қилган-қилмаганлигидан қатъи назар тўла-тўкис жавобгарлик масъулияти юкланади, деган хулоса чиқарди. Ҳарбий кучнинг бошқа давлат ҳудудида қўлланилиши учун асосий шарт, бундай куч қўлланилиши учун жиддий сабаблар бўлишидир. Мулоҳаза юритилаётган сабаблар жумласига: мамлакат раҳбарияти ўз ҳудудидаги террористик ташкилотларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаши; террорчиларга бошпана ҳавола этиши; давлат ўз ҳудудидаги қуролланган тўдалар томонидан чегарадош давлатлар ҳудудига босқинлар уюштирилишининг олдини олиш хоҳишини билдириши, бироқ уддалай олмаётганлиги, устига-устак бу соҳада халқаро миқёсда ҳамкорлик қилишдан бош тортаётганлиги киради. Куч қўллаётган давлатнинг ҳаракатлари, агар ушбу ҳаракатлар ватандошларни ҳимоя қилиш, терроризм таъсирини йўқотиш ва бошқа реал таҳдидларнинг олдини олишга қаратилган бўлса оқланади. Бундай ҳаракатлар бевосита ҳимоя доирасидан чиқмаслиги, бошқа давлат ҳукуматини ағдариш ёки унда мавжуд сиёсий тузумни ўзгартириш мақсадларига йўналтирилмаслиги шарт. Ўхшаш ҳаракатларнинг тўғри эканлигини асословчи мезонлар жумласига: ватандошлар ҳаётига реал хавф туғилганлиги ёки уларнинг энг муҳим ҳуқуқ ва эркинликлари мунтазам равишда қўпол тарзда бузилаётганлиги; ўзини ўзи мудофаа қилишга доир энг сўнгги чоралар қўллаш заруриятини юзага келтирувчи – можарони ҳал этиш учун қўлланиладиган бошқа ноҳарбий воситалар йўқлиги (бундай воситалар батамом қўлланилиб бўлинганлиги); қуролли операциянинг инсонпарварлик мақсади, яъни халқаро терроризм уясини йўқ қилиш ёки хориждаги ватандошларни қутқариш бўйича олиб борилаётган ҳарбий ҳаракатлар – ҳарбий ҳаракатнинг ягона ёхуд лоақал асосий далили бўлиши лозимлиги; реал таҳдидлар бевосита ҳимоя қилиш мақсадларига мутаносиб бўлиши ва мос келиши; олиб бориладиган ҳарбий ҳаракатлар вақт бўйича ва қўлланиладиган воситаларга кўра чекланган бўлиши киради. Куч қўллаётган давлат ҳаракатлари халқаро терроризм уясини йўқ қилиш ёки хориждаги ватандошларни қутқариш мақсадларида олиб борилиши ва бундай вазифалар доирасидан чиқмаслиги лозим. Зикр этилган шартларга амал қилинганда давлатнинг ўзини ўзи фаол мудофаа қилиши ва миллий ҳудудидан ташқарига чиққан ҳолда олиб борадиган ҳарбий ҳаракатлари қонуний, деб эътироф этилиши кафолатланади.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига |
|
Ответить |
![]() |
#19 |
![]() ![]() ![]() |
ТИНЧЛИК ДАВРИДАГИ ҲАРБИЙ СИЁСАТ (военная политика мирного времени) давлат томонидан тинчлик даврида миллий ва халқаро хавфсизликни таъминлаш, жаҳондаги ўз ҳарбий-сиёсий ва ҳарбий-стратегик позициясини мустаҳкамлаш, мамлакат ва қуролли кучларни эҳтимол тутилган агрессия ёки ҳарбий ғаламисликни бартараф этишга тайёрлаш мақсадларида мудофаа соҳасида олиб бориладиган сиёсат.
Бундай сиёсат ўз ичига: муайян давр мобайнида мамлакатнинг осойишта равнақ топишини таъминлаш манфаатларида қўйиладиган ҳарбий вазифаларни белгилаш; қуролли кучлар, иқтисодиёт ва аҳоли тайёргарлигини мудофаага йўналтириш; ҳарбий таҳдид кескинлашган вазиятда урушнинг олдини олишга қаратилган чоралар, фавқулодда вазият юзага келганида амалга ошириладиган ҳамда ҳарбий можаролар ёки уруш бошланишининг турли вариантларида кўриладиган чора-тадбирлар комплексини ҳаётга татбиқ этишни қамраб олади. Жаҳоннинг турли минтақаларида эришилган позицияларни мустаҳкамлаш – давлат томонидан тинчлик даврида олиб бориладиган ҳарбий сиёсатда муҳим ўрин тутади. Барча ҳолларда, тинчлик давридаги ушбу сиёсат ҳарбий хавфнинг жорий даражасига мутаносиб келиши, ижтимоий-иқтисодий вазифалар ижроси билан уйғун олиб борилиши даркор. Унинг самарасига эришишнинг энг муҳим тамойили давлатнинг мудофаа қобилиятини қўллаб-қувватлаш, стратегик ва сафарбарлик имкониятларини минимал етарли даражада, илмий-техник тараққиётнинг сўнгги ютуқларидан максимал фойдаланган, яъни моддий манбалар ва одамлар ресурсини ижтимоий-иқтисодий ва ҳарбий бўлмаган вазифалар ижросидан минимал зарур миқдорда чалғитган тарзда сақлаш саналади. Вазият кескинлашиб борган сари давлат томонидан олиб бориладиган ҳарбий сиёсат асосий ўрин эгаллаб, янада фаол ва қатъий шаклларни касб этади, чегарадош ҳудуд ва минтақаларга дахл қилади. УРУШ ДАВРИДАГИ ҲАРБИЙ СИЁСАТ (военная политика военного времени) уруш олиб боришнинг муайян мақсад ва режалари, ҳақиқатда юзага келаётган ҳарбий-сиёсий вазият, томонларнинг ҳарбий ҳаракатлари ва ҳарбий-иқтисодий қарама-қаршиликларининг натижаларига мувофиқ шаклланиб, олиб бориладиган ҳарбий сиёсат. Бундай сиёсат тинчлик давридаги ҳарбий сиёсатнинг янада фаол давоми саналиб, урушнинг турли босқичларида у ёки бу ҳарбий-иқтисодий мақсадга эришилиши, айрим давлатларнинг урушга киришиши ёки баъзиларининг урушдан чиқиб кетишига боғлиқ ҳолда ривожланади ва тегишли тузатишларни касб этиб боради. Уруш давридаги ҳарбий сиёсатнинг танланган курсига мувофиқ қуролли кучларнинг энг асосий умумий ва жузъий ҳарбий-сиёсий ва стратегик мақсадлари белгилаб олинади, уруш олиб боришнинг яхлит ва алоҳида йўналишларидаги стратегиясига аниқлик киритилади, иттифоқчи ва бетараф давлатлар билан янада аниқроқ тавсифларга эга муносабатлар ўрнатилади. Тегишли равишда иқтисодий, мафкуравий ва дипломатик кураш йўналишларига ҳам аниқлик киритилади. Уруш давридаги ҳарбий сиёсатнинг ўзига хос жиҳатлари жумласига: қатъиятлилиги ва муросасизлиги, олиб борилиш, айниқса, қуролли кураш воситасида амалга оширилиш шаклларининг турли-туманлиги; давлат ҳокимиятининг баъзи органлари ва иқтисодиёт сегментларининг ҳарбий стратегияни амалга ошириш манфаатларига муваққат бўйсундирилиши; душманлар орасида қарор топган ихтилоф ва зиддиятлардан, улар устидан алоҳида-алоҳида ғалаба қозониш мақсадларида фойдаланишга йўналтирилган тадбирлар киради.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига |
|
Ответить |
![]() |
#20 |
![]() ![]() ![]() |
УРУШДАГИ ДИПЛОМАТИК КУРАШ (дипломатическая борьба в войне) дипломатик фаолият турларининг:
давлат мавқеини мустаҳкамлаш ва қарши чиқаётган давлатларнинг ҳарбий-сиёсий мавқеига путур етказиш; душман иттифоқи ичида зиддиятлар келтириб чиқариш орқали рақиб коалициясини инқирозга учратиш; иттифоқчиларни жалб этиб, улар билан ўрнатилган алоқаларни янада мустаҳкамлаш; урушнинг сиёсий ва стратегик мақсадларига эришиш учун омил бўладиган ёлғон хабарлар (маълумотлар) тарқатиш ва шу каби бошқа ҳаракатларни амалга ошириш мақсадларида қўлланилиши. Урушдаги дипломатик кураш, одатда, қуролли кураш манфаатларида, унга янада қулай шарт-шароитлар яратишга йўналтирилган тарзда олиб борилади. Шу билан бирга унинг олдига қўйиладиган вазифалардан бири тинчлик ўрнатишнинг манфаатли шартларига эришишдир. Дипломатик курашнинг умумий йўналиши давлатларнинг ижтимоий-сиёсий жиҳатдан тузилиши, олиб бораётган ташқи сиёсатлари, уруш олдида турган мақсад ва вазифалар, уришаётган давлат ва иттифоқларнинг таркиби ва тавсифи, улар орасида қарор топаётган муносабатлар билан белгиланади. Уруш давомида дипломатик кураш йўналиши, шакллари ва усулларининг ўзгариб бориши кутилади, унинг шиддати, одатда, урушнинг кескин фурсатларида ортиб кетиб, иттифоқчиларга очиқдан-очиқ дипломатик тазйиқ ўтказилиши ҳам кузатилади. Дипломатик курашнинг уруш давомига фаол таъсир ўтказишига тарихий мисол тариқасида Иккинчи жаҳон урушини келтириш мумкин. Ушбу уруш давомида АҚШ, Буюк Британия ва собиқ ССРИ томонидан қуролли ва иқтисодий кураш билан уйғун равишда олиб борилган дипломатик ҳаракатлар немис-фашист блокининг батамом парчаланиб кетишига олиб келди. УРУШДАГИ ИҚТИСОДИЙ КУРАШ (экономическая борьба в войне) душманнинг ҳарбий-иқтисодий имкониятларини барбод қилиб, унинг устидан иқтисодий устунликка эришишга йўналтирилган иқтисодий чора-тадбирлар ва амалга ошириладиган ҳаракатлар мажмуи. Ушбу кураш ўз ичига: бир томондан, уруш эҳтиёжларини қаноатлантириш ва давлат иқтисодиётининг яшовчанлигини таъминлаш мақсадида иқтисодиётнинг мавжуд имкониятларини тўла-тўкис сафарбар этиш амалларини; иккинчи томондан, душман давлатларни иқтисодий жиҳатдан қамал қилиш, уларнинг хўжалик алоқаларини издан чиқариш, иқтисодиётларига путур етказиб, заифлаштиришга қаратилган қўпорувчилик ҳаракатларини мужассам этади. Иқтисодий курашнинг самарадорлиги давлатларнинг иқтисодий жиҳатдан қай даражада равнақ топганлиги, географик ҳолатлари, тасарруфларида моддий манбалар мавжудлиги, ушбу манбалардан фойдаланишнинг жорий усулларига боғлиқдир. Бугунги кунда иқтисодиётнинг яшовчанлиги, шу жумладан, унинг муайян тармоқлари издан чиққан ҳолатларда ҳам ишлай олиш қобилияти алоҳида аҳамият касб этади. Иқтисодий курашнинг асосини ҳарбий-иқтисодий воситалар ва кўриладиган чора-тадбирлар ташкил этади. Шу билан бирга, уруш давомида, авваламбор, душманнинг иқтисодий марказлари, ҳарбий-саноатга қарашли энг муҳим объектлар ва давлат бошқаруви пунктларига қарата қақшатқич зарба бериш учун ҳарбий воситалар ҳам кенг кўламда қўлланилади. Рақиб тасарруфидаги энергетик марказлар ва стратегик хом ашёга ишлов бериш марказларининг вайрон этилиши, ички транспорт алоқалари, душманни бошқа давлатлар билан боғлаб турган коммуникациялар, мисол учун нефть маҳсулотлари ташилишининг издан чиқарилиши иқтисодий кураш давомига сезиларли таъсир ўтказади. Бугунги кунда кимё ва атом саноатига қарашли корхоналарни (объектларни) вайрон қилиш йўли билан душман ҳудудининг катта майдонига атайин зарар етказиш усуллари иқтисодий кураш манфаатларида қўлланилиши кутилади. УРУШДАГИ МАФКУРАВИЙ КУРАШ (идеологическая борьба в войне) душман давлатлар аҳолиси ва тасарруфидаги қуролли кучлар шахсий таркибининг маънавий руҳига путур етказиш, ўз кучи, жумладан зафар қозониш ёки қаршилик кўрсата олишига бўлган ишончини заифлаштириш мақсадида ўтказиладиган ғоявий-сиёсий, мафкуравий, руҳий ва информацион таъсир, шунингдек, давлатнинг ўз аҳолиси ва қуролли кучлари шахсий таркибига, маънавий тушкунликка юз тутмаслиги, ғалаба қозониш ва қаршилик кўрсата олишига бўлган ишончини йўқотмаслиги учун кўрсатиладиган таъсир. Урушдаги мафкуравий кураш, одатда, қуролли кураш манфаатларида олиб борилади. Мафкуравий кураш тизимида, ушбу курашни олиб бориш шакллари жуда муҳим аҳамият касб этади. Бундай кураш шакллари жумласига: тарғибот, қарши тарғибот ва ташвиқот ишлари; муайян мақсадга қаратилган ахборот ёки ёлғон хабар ва маълумотларни тарқатиш; одамларга мафкуравий таъсир ўтказиш тадбирлари; мафкуравий қўпорувчилик ҳаракатлари; душман томонидан кўрилган ҳарбий-мафкуравий чора-тадбирларга қаршилик кўрсатиш ишлари; ҳарбий ҳаракатлар (уруш) майдонида ўтказиладиган бўлажак йирик миқёсли ҳарбий операциялар ва уларнинг мақсадларига эришиш манфаатларида, ягона ғоя бўйича муайян вақт давомида амалга ошириладиган махсус «мафкуравий» ва «психологик» операциялар киради. Мафкуравий курашнинг асосий йўналиш ва хусусияти уришаётган муайян давлатларнинг ижтимоий ва ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан тузилиши, уларда ҳукм сураётган миллий мафкура, уруш олиб боришдан кўзланаётган мақсадлар ва қуролли курашнинг ижтимоий-сиёсий жиҳатлари билан белгиланади. Бундай кураш олиб бориш учун эса тинчлик даврига хос воситалар ҳам, махсус ташкил этиладиган тузилмалар ҳам қўлланилади. Мафкуравий кураш самарадорлиги аксарият ҳолларда, унинг моҳирона ташкил этилиши, уришаётган давлатлар аҳолисининг маънавий-сиёсий сифатлари, қуролли кучлар шахсий таркибининг маънавий-маърифий (ижтимоий-сиёсий, сиёсий) тайёргарлиги, душман томонидан олиб борилаётган тарғиботни бадном қила билиши, бундай тарғиботни амалга ошираётган рақиб тасарруфидаги тарғибот хизматлари зарарсизлантирилишига боғлиқдир.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига |
|
Ответить |
|