AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360
10,318/4,529
– 37
58/50
|
Ёзувчи Одил Ёқубовнинг фарзандлари Искандар Ёқубов "Улуғ ва садоқатли муҳаббат" китобининг электрон нусхасини тақдим этдилар. Китобнинг ёзилиш тарихи юзасидан Искандар акага мурожаат қилдик:
Цитата:

- Искандар ака, "Улуғ ва садоқатли муҳаббат" китобидан парчалар аввал "Жаҳон адабиёти" журналида эълон қилинди, сўнг "Оила даврасида" газетасида бериб борилмоқда. Бундан аввал Абдулла Қаҳҳорнинг рафиқаси Кибриё Қаҳҳорова "Чорак аср ҳамнафас", Зарифахоним Саидносирова "Ойбегим менинг" хотиралар китобини ёзишган эди.
"Улуғ ва садоқатли муҳаббат" китобида ҳам ёшлар ибрат олгулик юксак инсоний фазилатлар вафо, садоқат, поклик хислатлари баён этилган. Хотираларнинг жамланиб китоб ҳолига келтиришга сабаб бўлган омиллар нима?
Искандар Ёқубов: Фарзандлик эҳтироми.
Отамнинг ҳаёти, ижоди, жамоат ишлари ниҳоятда шиддатли ва сермазмун кечди. Шундай бўлса-да, оилада, дўстлари, шогирдлари, қариндошлари ва маҳалладошлари билан самимий суҳбатлашиб туришга доимо вақт топганлар. Ёшлигимданоқ уйда ёки кўчада, таниш-билишлар, отамнинг оддий мухлислари, борингки, қўни-қўшнилар билан суҳбатлашиб, ҳол-аҳвол сўрашганимда аксарияти бехосдан:
– Одил аканинг ишини давом эттирадигани қайси бирингиз?
Бироз улғайганимда:
– Ораларингизда, Одил аканинг фарзандлари ичида биронта ёзувчисиям борми? – дейишарди.
Айнан мана шунга ўхшаш саволлар онамга, ака-укаларим, жиянларим ёки невараларгаям берилганига шубҳа қилмайман. Бундай вазиятда ноқулай аҳволга тушмаганман. Аксинча: «Ёзувчи бўлиш қийин», «Унча-мунча мақолалар ёзиб турамиз», «Набиралардан журналистикада ўқийдиганлари бор, эҳтимол, шулар ёзувчи бўлишар», деган жавоблар билан кифояланганман.
Гарчи «ёзувчи» деган номни олмаган бўлсам ҳам, отамнинг ижодларига доимо қизиқиб келганман. Барча асарларини қайта-қайта ўқиб чиққанман. Ҳатто беш-олтита ҳикоялар қоралаганим ҳам рост. Ижодкорнинг фарзанди эканлигим, шунингдек, адабиётга яқинлигим сабабли отамнинг қўлёзмаларини, ёзишмалари, мактубларини йиғиб-териш, асраб-авайлаш – яхши кўрган машғулотларимдан бирига айланган.
Тўққизинчи синфда ўқиб юрган кезларимда бир иш қилганман. Бўйи бир қулоч, эни ва чуқурлиги ярим қулоч келадиган қопқоқсиз иккита қўлбола сандиқ ясадим-да, уларни уйимизнинг ертўласига тушириб қўйдим. У ерга симчироқ уладим. Вақти-вақти билан отамнинг қўлёзмаларини шу сандиқларга жойлашни одат қилдим. Уларнинг бирига илк пьесалар, роман ва қиссалар қўлёзмасини, иккинчисига эса ўқувчилардан келган хатлар ва отам билан онамнинг кўнгил мулкига айланган мактубларини жойлардим. Бир куни ўтириб олиб, эринмасдан хатларни санаб чиқдим. Мухлислардан келган хатларнинг сони ўн мингта! Уларнинг учдан икки қисми «Муқаддас»га битилган! Хатларни 50–60 тадан қилиб белидан бойлаб қайтадан сандиққа солдим. Улар ичида ижодий учрашувларда отамга берилган ёзма саволлар ҳам анчагина эди. Бўшроқ вақтларини топиб бўлса керак, бир куни отамни:
«Юринг, юринг!» – деб қўярда-қўймай ертўлага олиб тушдим-да, бирма-бир сандиқларни, улардаги қўлёзмалар ва хатлар тахламини кўрсатдим.
«Балли! Бу ишинг дуруст!» – деб қўйдилар қандайдир хотиржамлик билан. Секингина энгашиб алоҳида қилиб қўйганим – ота-онамнинг бир-бир¬ларига ёзган мактубларини қўлларига олдилар. Уларнинг ҳар бирини авайлабгина варақладилар. Билмадим, шу дамда ўша олис ёшликлари, муҳаббатлари, ота бўлиш қувончи каби ширин хотиралар қалбларида жонлангандир. Мен бу ҳолатни кейинчалик отамдан қолган хотираларни варақлаганимдан сўнг тушуниб етдим.
Албатта, мен бу нодир қўлёзмалар сандиқда сақланиши нотўғри эканини юракдан ҳис қилардим. Саксонинчи йилларнинг ўрталарида Ойбек уй-музейининг ходими Шуҳрат Ризаев билан дўстлашиб қолганмиз. Мени музейга таклиф қилиб, бу хусусда қилинган ишларни ва гап орасида қизиқ бир воқеани айтиб берган. Муҳтарама Зарифа Саидносирова Ойбек домланинг нафақат қўлёзмалари, балки чиқинди челакка ташлаб юборган қоралама қайдлари, ҳатто автобус чипталарини ҳам адибга билдирмасдан аста челакдан оларканлар-да, уларни дазмоллаб папкаларга жойлаб қўярканлар.
Шу нарса менга таъсир қилган ва ёдимда сақланиб қолган. Отамнинг барча қўлёзмалари, ижодларига оид материалларни, мактубларни тўлиқ сақлаб қолдим, деёлмайман. Афсуски, 1993 йилда юз берган, ҳар эслаганимда юрагимни тирнайдиган бир аянчли воқеа туфайли уларнинг бир қисми йўқолиб кетди.
Ўшанда ёзишмалар ичида ота-онамнинг бир-бирига ёзган мактубларининг бир қисми ҳам йўқолган бўлса-да, уларнинг эндигина танишган, оила қуришга аҳдлашган, ширингина оилада фарзандлар кетма-кет дунёга келган даврлардаги ўзаро ёзишмалари сақланиб қолгани қалбимга таскин беради. Юракнинг тубидан чиққан, ҳис-туйғуга лиммо-лим сирли мактубларни авайлабгина жамладим. Уларни ойижонимга кўрсатдим. Мактубларни қайта-қайта ўқиган ойижонимнинг хаёлида ўша кунлар хотираси уйғонганига шубҳа қилмайман. Чунки хатларни ўқиётган ойижонимнинг юзида баъзан кулги балқиб чиқса, бирда салгина қизаринқираб, хижолатпазлик акс этарди. «Ойижон, отам ҳақидаги хотираларни қоғозга туширмаймизми?» – дедим секингина. Ойим бир муддат ўйланиб турдилар-да, ўзлари ҳам хаёлан хотиралар оламида сайр этаётганлари учун таклифимга рози бўлдилар. Оиламиз қўрғонининг ҳам чиройи, ҳам чароғбони бўлган ойижоним отам билан ярим асрдан зиёд рўзғор юкини ҳеч нолимасдан биргалашиб елкалаган, ҳаётга шукрона айтиб яшаган, бирга ўтган умрларининг энг ёрқин, кўнгилга ҳузур бағишловчи онларидаги айрим хотираларни қоғозга туширдилар. Шу мактубларни ва ойижонимнинг хотираларини жамлаб китоб шаклига келтирсам, фарзандларимиз ва набираларимизга арзирли эсдалик бўлишини ўйладим.
Қолаверса, «Мустаҳкам оила йили»да оилани муқаддас қўрғон билиб, унинг тинчлиги, тотувлиги, осойишталиги учун ҳамфикр, ҳаммаслак бўлиб умр кечирган ота-онамнинг самимий ёзишмалари-ю, кўнгил тубидаги хотиралар китобхонларга, айниқса, ёшларга тарбия мактаби бўлиши мумкин-ку, деган фикр туғилди. Мулоҳазамни эшитган ойижоним дастлаб истиҳола қилдилар: «Қандай бўларкин? Сал ноқулай-да, кўнглимиз сирлари акс этган мактублар бўлса?..» Онамнинг фикрига қарши боришга ботинолмасдим. Рост-да, отамдан қолган мерос, онам уни сир сақлашга ҳақли.
Бироқ, салкам тайёр ҳолга келган китобга қарайман-да, унинг бир четда қолиб кетишига кўзим қиймайди. Бир муддат ўтгач, яна шу ҳақда гап очганимда, ойим: «Билмадим, ўзинг ўйлаб кўр, болам. Ростдан ҳам бу хотиралар, мактубларни китоб қилсак, отангнинг руҳи шодланар, балки...»,- дедилар.
|
|