AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360
10,318/4,529
– 37
58/50
|
Абдусаид Кўчимов. Қовурдоғ
|
|
Цитата:
Муножаат Омонова, талаба:
— Ўткир ака, сизни муҳаббат куйчиси дейишади. Бугун бир қиз билан юриб, эртага бошқа қиз билан кетадиган бевафо йигитларга муносабатингиз қандай?
Саид Аҳмад:
— Ўткир ўйлаб олгунича мен фикримни айтай, меники жуда яхши. Йигит бўлиб қолсам, ўлай агар, мен ҳам худди шундай қилган бўлар эдим.
Ўткир Ҳошимов:
— Мен ундай йигитларни номардлар, дейман. Ёшлик инсонга бир марта берилади. Севги эса Яратган томонидан ёшликка инъом этилган бебаҳо неъмат. Уни қадрламаганлар, қадрига етмаганлар бир умр азобда, эзилиб, армон билан ўтади.
Собир Мустафоев, талаба:
— Устоз, танқидга қандай қарайсиз, чидайсизми?
Саид Аҳмад:
— Бу кунларга етгунча емаган калтагим қолмади. Ҳаётдаям, адабиётдаям жуда кўп ноҳақ, адолатсиз айбловларга учрадим. Кўр-кўрона танқиддан осони йўқ. Уни кўриш, таҳлил қилиш, таклиф бериш қийин. Улуғ олмон шоири ва мутафаккири Вольфганг Гёте таъкидлагандай, "Хатони пайқаш ҳақиқатни топишдан кўра анча осон, хато юзада ётади, уни дарҳол кўриш мумкин; ҳақиқат эса чуқурликда, унга етиб бориш ҳар кимнинг иши эмас".
Умр қисқа. Ҳақиқат эса узоқ яшайди. Ҳалол танқид ҳақиқат деганидир. Ҳақиқатни айтганларни жуда қадрлайман. Буюк ёзувчи Абдулла Қаҳҳорни ҳақиқат тимсоли деб биламан.
Ўткир Ҳошимов:
— Ундай бўлса, Қаҳҳор домла биринчи китобингизни танқид қилганида нега тумтайиб юргансиз?
Саид Аҳмад:
— Болали уйда сир ётмас, дегани шу-да. Бу "безобразний" шогирдман деб, сирларимни билволиб, маҳмадонагарчилик қилгани-қилган.
Аммо-лекин, Ўткирнинг даъвоси рост.
1940 йили "Тортиқ" номли биринчи китобим чиқди. Ўзимни катта ёзувчилар қаторига қўшиб, дунёга сиғмай юрсам, "Ўзбекистон адабиёти ва санъати" журналида китобим тўғрисида Абдулла Қаҳҳорнинг мақоласи чиқиб қолди. Ўқиб, кўзларим тиниб, бошим айланиб, чўккалаб қолдим. Абдулла Қаҳҳор китобдаги ҳамма ҳикояни бракка чиқарибди, биронта ҳикояни кўнгил учун ҳам дуруст демабди. Мақола охиридаги: "Саидаҳмад қўлига танбур олипти, қулоғини бурашига, чертишига қараганда тузук бир машқ чала оладиганга ўхшайди, лекин ҳали машқ чалгани йўқ, "Тортиқ"даги ҳамма ҳикоялар шуни кўрсатади. Танбурни қўлга олиб, созлашдан мурод машқ чалиш эканини эсдан чиқармаса бўлгани", деган аччиқ сўзлардан кейин анча вақтгача Абдулла акани ёмон кўриб юрдим, ҳатто, "Абдулла Қаҳҳор мени кўролмайди: ўзидан ўтиб кетишимни хоҳламайди, "икки қўчқорнинг боши бир қозонда қайнамас", деб шуни айтишади-да", деган аҳмоқона хаёлларга бориб, аразлаб юрган вақтлар бўлган.
Мен у пайтларда ғирт гўдак "ёзувчи" эдим. Адабиёт ҳақидаги тасаввурим ҳам, илмим ҳам саёз эди. Аммо кўп ўтмай, у кишининг айтган гаплари юз фоиз ҳақ эканига тан бердим.
1965 йили "Уфқ" нашр этилди. Яна устознинг мақоласи чиқди. Мақоладаги: "Саид Аҳмад бундан кўп йиллар муқаддам қўлига адабиёт танбурини олиб чертганда, қўли келишганини кўриб, яхши созанда бўлиб, яхши-яхши машқлар чалишини орзу қилган эдик. Шу орзумиз ушалиб келаётибди. "Уфқ" унинг илҳом ва маҳорат билан чалган машқидир" деган сўзлардан бошим осмонга етди.
Абдулла Қаҳҳор сингари адолатли инсонлар кўпроқ бўлишини ҳамиша орзу қиламан.
Ўткир Ҳошимов:
— Саломат Иброҳимова деган синглимиз зўр савол берипти: "Бахтдан лаззатланиш деганда нимани тушунасиз?
Инсон учун бахтли бўлишдан ортиқ давлат йўқ. Бахтдан лаззатланиш эса ундан минг чандон буюк саодатдир. Мен шу сўзлар ёнига бахтни ўзгаларга туҳфа этиш деган яна бир муқаддас эзгулик мавжудлигини айтмоқчиман. Ёзувчи-санъаткорларга Аллоҳ айни шу бахтни ато этган. Ўзингиз ўйлаб кўринг, бировга бир оғиз сўзни маъқул қилиш қанчалар азоб. Баъзан дўстингга, укангга, акангга, ота-онангга ёқиши мумкин бўлган сўз тополмай қийналиб кетасан. Энди тасаввур қилинг, битта романда 20-30лаб тирик жон китобдан чиқиб, ёнингизга келади. Сиз улар билан сўзлашасиз, баҳслашасиз, тортишасиз. Агар улар сизга ёқса, ёзувчининг бахти, ёзувчи шу бахтдан лаззатланади.
...Таниқли ҳофизлар сингари ёзувчи-шоирларнинг ҳам юлдузли онлари бўлади. Тонг юлдузидек адабиёт осмонида чарақлаб турарди Ўткир Ҳошимов ҳам ўша йилларда. Унинг "Одамлар нима деркин...", "Баҳор қайтмайди", "Қалбингга қулоқ сол", "Нур борки, соя бор", "Дунёнинг ишлари", "Икки эшик ораси" каби асарлари қўлма-қўл бўлиб кетган, "Баҳс" телекўрсатувидаги чиқишлари янаям машҳур қилиб юборган эди адибни. Қаерга борса одамлар қуршаб олишар, саволларга кўмиб ташлашар эди. СамДУдаги манзарани эса саволлар ёмғирдек ёғилди, дейиш мумкин, холос...
Осоқ Очилов, талаба:
— Ўткир ака, илҳом дегани нима?
Ўткир Ҳошимов:
— Маза қилиб ишлаш.
Шукур Солиев, ўқитувчи:
— Саид Аҳмад домланинг режаларини билдик. Сизники қандай?
Ўткир Ҳошимов:
— Бундан кейин ёзмайман десам, нима қилардингиз. Бу, албатта, ҳазил. Ёзувчининг ёзмагани— ўлгани. Мен ёзувчи бўлдим дегани ҳам — ўлдим дегани. Ёзувчи фақат ёзув столига ўтирганда эмас, ҳамиша, ҳамма ерда, куну тун ишлаши керак. Мен ҳам йирикроқ бир асар устида ишлаяпман.
Одил Пўлатов, талаба:
— Ёлғонга муносабатингиз?
Ўткир Ҳошимов:
— Ёлғон яхши ниятда ишлатилган бўлса индамайман.
Учрашувда ҳаётий муаммолар, адабиёт, шеърият, адабий жараёнлар доирасида жуда кўп саволлар тушди. Саид Аҳмад, Озод Шарафиддинов ва Ўткир Ҳошимов бу саволларга жавоб беришга ҳаракат қилишди, Аммо, саволлар ҳаддан ташқари кўп бўлгани учун ҳаммасига жавоб беришнинг иложи бўлмади. Пешинда бошланган учрашув тугаганда қош қорайиб қолган эди.
|
|