AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360
10,318/4,529
– 37
58/50
|
Маълумингизким, мусулмон дунёсида ойларнинг султони булмиш-мохи Рамазон кезмокда. Шу боис ушбу макола хам сизга армугон килинмокда.
Цитата:
ЎН БИР ОЙНИНГ СУЛТОНИ
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Бизларни инсон қилиб яратган ва иймон гавҳарига мушарраф этган, оламларни тарбият қилувчи меҳрибон Аллоҳ ва таолога беҳад ҳамду санолар бўлсин! Оламларга раҳмат бўлиб келган севимли, мушфиқ пайғамбаримиз, саййидимиз ҳазрат Муҳаммад алайҳиссаломга ва У кишининг аҳли хонадонига ва асҳобларига ва У кишига сидқидилдан тобеъ бўлган барча издошларига салоту саломлар бўлсин!
Ассалому алайкум ва раҳмаутлиллоҳи ва барокатуҳу, азиз ва муҳтарам биродарлар!
Бизларни бу муборак ойнинг муборак кунларига еткизган Аллоҳга шукрлар бўлсин! Қариндошларимиз, қўшниларимиз, ҳамкасбларимиз, дўстларимиз орасида бу кунга етиб келолмаганлар бор, уларнинг барчасини Аллоҳ мағфират этсин. Аллоҳ бу қутлуғ ойдаги амалларимиздан ҳосил бўлган савоблардан марҳум ва марҳумаларимизнинг руҳларини баҳраманд этсин.
Биз бу гўзал, ҳайру баракотли, файзу карамли ойни ўн бир ой орзиқиб кутамиз. Ўтган йили “алвидо, эй Моҳи Раҳмат!” деб кўзларда ёш билан кузатган эдик. Алҳамдулиллаҳким, “Ассалом, марҳабо, Моҳи Муборак!” деб кўзлардаги қувонч ва шукр ёшлари билан кутиб олдик.
Мусулмонларнинг бу Муборак Ойни интиқ кутишлари бежиз эмас. Мазкур ойнинг ҳикматлари ҳақида сиз, азизлар, муҳтарам уламоларимизнинг суҳбатларида кўп эшитгансиз. Шундай бўлса-да, биз байрам кунлари бу ҳикматларни сиз билан биргаликда озми-кўпми ёдлаб ўтишни лозим кўрдик.
Рамазони Шарифдаги рўза Исломиййатнинг беш рукни ичида дастлабкиларидан ҳамда Исломийлик аломатларининг улуғларидан ҳисобланади. Қуръони каримда: “Сизларга ҳам саноқли кунларда рўза тутиш фарз қилинди”, “Сизлардан ким бу ойга ҳозир бўлса, рўза тутсин”, деб буюрилган. Ҳадиси қудсийда эса “Рўза мен учундир ва унинг мукофотини мен бераман”, деб марҳамат қилинган. Диннинг устуни – намоз, жамиятники – закот, руҳники эса рўзадир. Рўза – руҳ шифосидир.
Рамазони Шарифдаги рўзанинг ҳикматлари кўп: ҳам Жаноби Ҳақнинг рубубиййатига, ҳам инсоннинг ҳаёти ижтимоиййасига, ғам нафснинг тарбиясига, ҳам Илоҳий неъматларнинг шукрига қараган ҳикматлари бор. Рамазон – раҳмат ва мағфират ойи, ойларнинг султони ва энг улуғидир. Нима учун шундай деб қадрлаймиз? Чунки Қуръони каримнинг нозил бўлиши шу ойда бошланган. Яъни Азал-Абад султони, ўн саккиз минг оламнинг Подшоҳи Зулжалоли ул ўн саккиз минг оламга қаратилган, юз кўрсатган Фармони Олишони бўлмиш Қуръони Ҳакиймнининг дастлабки оятларини Рамазони Шарифда нозил этган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом Ислом динига даъватни шу ойда бошлаганлар. Шу ойдан эътиборан Ислом дини зафарга, куч-қувватга, нурга тўлаверди. Рамазон ойи ва рамазон рўзасининг бутун уммат тарафидан буюк бир муҳаббат ва айрича ҳурмат билан эъзозланиши шундандир.
Рамазони Шарифдаги яхши ишларга бериладиган савобларнинг адади кўпдир, яъни бирга - мингдир. Ҳадиснинг очиқ хабарига кўра, Қуръони Ҳакиймнинг ҳар бир ҳарфи ўн савобга эга, ўн ҳасана ҳисобланади, ўн меваи жаннат келтиради. Рамазони Шарифда эса, ҳар бир ҳарфнинг ўн эмас, минг ва Оятул Курсий каби оятларнинг ҳар бир ҳарфининг минглаб савоби бор. Рамазони Шарифдаги жумъаларда бу савоблар унданда зиёдадир. Ва Лайлатул Қадрда (Қадр Кечаси) ўттиз минг ҳасана ҳисобланади. Ҳа, ҳар бир ҳарфи ўттиз минг боқий мевалар берган Қуръони Ҳакийм шундай бир нуроний шажараи Тубо ҳукмига ўтадики, милёнлаб ул боқий меваларни Рамазони Шариф мўъминларга тақдим этади. Биргина Рамазон саксон йиллик умр самараларини қозонтира олади. Лайлатул Қадр эса, Қуръоннинг очиқ далолатига кўра, минг ойдан хайрли экани бу сирга бир қатъий ҳужжатдир.
Яхши биламизки, Қурбон байрамида қурбонлик сўйилади. Бу вожиб амал. Аммо Рамазон ойида ҳам қурбонлик сўйишнинг ҳам савоби, ҳикмати бор. Бу ойда қурбонлик сўйганга етти юз савоб берилади. Рамазон – байрам экан, қурбонлик сўйдингизми, уйга файз-баракот ёғилади. Меҳр-муҳаббат янада ортади. Меҳмон-мусофирларнинг ҳурматини жойига қўйиш янада осонроқ бўлади. Илтифот бекаму кўст бўлади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳар бири етти юз савобга эга бўлган тўрт нарсани санаганлар. Шулардан бири – кишининг ўз оиласига қилган ҳаражатлари. Ислом оила муҳаббатига юксак аҳамият беради. Одам аҳли аёлим, болаларим есин-ичсин, деб тўрва-халтасини тўлдириб келади. Болаларининг қорни тўяди. Қўшнисининг дарахтидаги олмага қўл чўзмайди. Бировнинг қўлидагига суқланиб қарамайди. Уйда ҳамма нарса бор бўлгани сабабли кўзлари тўқ. Уйга қилинган ҳаражатлар учун етти юз савоб берилишинниг ҳикмати шунда. Пайғамбаримиз алайҳиссалом “Рамазон келиши билан мўъминнинг ризқи ортади, дастурхон файзу баракага тўлади”, деганлар. Ҳақиқатан ҳам шундай. Сиз ўтган ўн бир ой билан Рамазони шарифдаги дастурхонингизни таққослаб кўрсангиз бу ҳадиси шарифнинг ҳикматига гувоҳ бўласиз.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Агар бир киши Рамазон ойида Аллоҳга яқинлигини мустаҳкамламоқчи бўлиб, бирор ибодат ёки хайрли амални бажарса, гўё Рамазондан бошқа ойда бир фарзни бажаргандек бўлади. Ва кимки, Рамазонда бир фарзни адо қилса, гўё Рамазондан бошқа ойдаги етмишда фарзни адо қилгандек савобга эга бўлади”, деб марҳамат қилганлар. Масалан, закотни Рамазондагина бериш шарт деган мажбурият йўқ. Аммо ўша фарз, яъни закот Рамазонда адо этилса, Рамазондан бошқа ойда адо этилганга нисабатан етмишта фарз амалнинг савобига тенг бўлади. Рамазон ойидаги умра ибодатининг фазилати ҳам шундай.
Рамазони Шариф рўзасини шунчаки субҳдан шомга қадар таом емай юришдан иборат деб билмаслик керак. Афсуским, биз кўпроқ шунга эътиборни қаратамиз. Саҳарда ошқозонни ош билан тўлдирамиз. Шомгача очликка, ташналикка, чекувчилар сигарет хуморига чидаймизда шом намозига азон чақирилиши билан дастурхонга ҳужум бошлаймиз. Ошқозон бир оз ором олгач эса лабимизга сигарет қистирамиз. Азон чақириғи “дастурхон узра олға!” деган хитоб эмас, балки ибодатга даъват эканини ўйламаймиз.
Рамазони Шариф худди бир охират тижорати учун ғоят фойдали бир кўргазма, бир бозор ва ухровий ҳосилот учун ғоят ҳосилдор бир заминдир. Ва нашву намои аъмол учун кўклам ёмғиридир. Рамазон – тенгсиз ва улуғ байрамдир. Модомики шундай экан, инсонларни тубанликлардан, бузуқликлардан тортиш учун рўзага буюрилади. Рўзанинг энг комили – худди меъда сингари барча туйғуларни: кўзи, қулоғи, қалби, хаёли, фикри каби инсоний жиҳозларига ҳам рўза туттирмоқликдадир. Яъни ҳаром этилганлардан, бекорчи ишлардан тортиш ва уларни ўзларига хос ибодатга йўллашдир. Масалан: тилини ёлғондан, ғийбатдан, ғализ таъбирлардан, сўкишлардан ажратиш орқали унга рўза туттириш. Ва ўз тилини Қуръон тиловати ва зикр ва тасбиҳ ва салавот ва истиғфор каби фойдали юмушлар билан шуғуллантириш. Кўзини номаҳрамга қарашдан ва қулоғини ёмон гап-сўзларни эшитишдан манъ этиб, кўзини ибратга ва қулоғини Ҳақ сўз ва Қуръон эшитишга сарф қилганидек, бошқа аъзоларга ҳам бир навъ рўза туттиришдир.
Айрим намозхон биродарларимиз, ҳатто ҳожи оғаларимиз вақтларини асосан чойхоналарда ўтказадилар. Уззу-кун нарди, қарта, шахматдан бош кўтармайдилар. Афсус шуки, Рамазони Шарифда ҳам рўза тутганлари ҳолда бу ўйинларини канда қилмайдилар.
“Рамазон – сабр ойидир”. Демак, бу ойда озми-кўпми сабр имтиҳонини топширамиз. Тонгдан шомга қадар ҳар жиҳатдан сабр қила олсак қандай бахт! Сабр қиламиз: сув ичмаймиз, овқат емаймиз, аммо бу ўринда “сабр” дейилганда жаҳл ва ғазабдан тийилишга ҳам урғу бериш керак бўлади. Болаларингиз, хотинингиз ва қўшни ёки дўстингизга қизишмайсиз, юмшоқ муомалада бўласиз, ҳалим ва салим бўласиз. Ҳар қандай зулмдан сақланасиз. Ажибким, ака уйида ифторлик беради, укани чорламайди. Беш йил ёки ўн йилдан бери қариндошлик риштаси узилган. Бу қандай мусулмонлик бўлди? Ёки қўшни билан юзкўрмас ҳолда яшашади. Мўъминнинг арази уч кун деб белгиланганини билсалар ҳам қайсарликларидан воз кечмайдилар. Бу қусурларидан шу муборак ойда қутулсалар қандай яхши!
Жаноби Ҳақ замин юзини бир неъмат дастурхони суратида яратгани ва барча анвои неъматини ул дастурхонда бир тарзда тизгани жиҳати билан камоли рубубиййатини ва раҳмониййатини ва роҳиймиййатини ифода этади. Биз – инсонлар, баъзан ғафлат пардаси остида ёки бошқа сабаблар доирасида ўралашиб, бу вазият ифода этган ҳақиқатни ўз вақтида ва тўлиқ кўролмай қоламиз. Баъзан эса, афсусларким, унутиб ҳам қўямиз.
Рамазони Шариф бизларни бу қусурлардан муҳофаза этади. Бу ойдаги рўза ҳақиқий ва холис, улуғ ва умумий бир шукрнинг калитидир. Чунки бошқа вақтларда мажбурият остида бўлмаган инсонларнинг кўпчилиги ҳақиқий очликни танларида ҳис этмаганликлари учун кўп неъматларнинг қийматини дуруст идрок эта олмайдилар. Бир тўғрам қотган ноннинг неъматлик даражаси тўқ одамлар, айниқса улар бойроқ бўлсалар, тушунмайдилар. Ҳолбуки ифтор вақтида у қотган нон бир мўъминнинг назарида кўп қийматли бир неъмати Илоҳиййа бўлишига қувваи зоиқаси шаҳодат этади. Энг бойдан то энг камбағалгача ҳар ким Рамазони Шарифда ул неъматларнинг қийматларини англаш орқали бир шукри маънавиййага сазовор бўлади.Бу ой шаҳрул мувосодир. Яъни бошқаларга моддий жиҳатдан ёрдамлашиш, едириш-ичириш ойидир. Бироқ, айрим ҳолларда тўкин ифторлар қилишга маҳлиё бўлиб қоламиз, дастурхонимиз атрофида асосан ўзига тўқлар тўпланишади. Муҳтожларни эса унутамиз.
Инсонлар маишат жиҳатидан турли-туман ҳолда яратилгандирлар. Жаноби Ҳақ бу турлиликка биноан бойларни камбағалларга ёрдам беришга даъват этади. Чунки бойлар камбағалларнинг ачинарли аччиқ ҳолларини ва очликларини рўзадаги очлик туфайли тўлиқ ҳис қила оладилар. Агар рўза бўлмаса эди, нафспараст кўп бойлар пайдо бўлардики, очлик ва камбағаллик нақадар аламли ва шафқатга нақадар муҳтож бўлишини идрок эта олмасдилар. Бу жиҳатдан инсониййатдаги ҳамжинсига шафқат ҳисси – шукри ҳақиқийнинг бир асосидир. Қайси кимса бўлмасин, ўзидан бир жиҳатда янада камбағалини топа олади. Унга нисбатан шафқатли бўлишга мукаллафдир. Агар нафсига очлик тортдириш мажбурияти бўлмаса эди, шафқат воситаси орқали муованатга мукаллаф бўлган эҳсонни ва ёрдамни қила олмас эди. Қилса ҳам тўлиқ бўла олмасди.
Рамазони Шарифдаги рўза нафснинг тарбиясига қарагани жиҳатидан кўп ҳикматларга эга. Нафс ўзининг ҳур ва эркин бўлишини истайди ва ўзини шундай ҳис этади. Рамазони Шарифда энг бойдан энг камбағалга қадар ҳар одамнинг нафси англайдики, ўзи молик эмас, мамлукдир. Буйруқ берилмаган бўлса, энг оддий ва энг роҳат ишни ҳам ўзи қила олмас. Қўлини ҳатто сувга ҳам чўза олмас. Бу муборак ойнинг рўзаси нафснинг ахлоқини тузатиши ва саркашона муомалаларини ўнглаши жиҳати билан ҳам кўп ҳикматларга эга. Инсон нафси ғафлатда қолганида ўзини унутади. Моҳиятидаги қусурларни кўрмайди, кўргиси ҳам келмайди. Ғоятда заифлигини тан олмоқни истамайди. Мусибатларга нишон эканини ўйламайди. Арзимаган ҳолатда тез бузиладиган ва парчаланадиган эт ва суякдан иборат эканини фаҳм этмайди. Назарида танаси пўлат каби, ўзи ўлмайди, абадий яшайди. Шу хаёлига ўзи ҳам ишониб дунёга очкўзлик билан ташланади. Оқибатда ўзини мукаммал бир шафқат билан тарбиялайдиган Холиқни унутади, ҳам натижаи ҳаётини ва ҳаёти ухровиййасини ўйламай, ёмон ахлоқ ичида булғанади.
Рамазони Шариф ана шундай ғофилларга ва қайсарларга зифликларини, ожизликларини ва фақирликларини ҳис эттиради. Кундузги очлик туфайли одам вужудининг нақадар ожизлигини эслайди. Нақадар марҳаматга ва шафқатга муҳтож эканини идрок қилади.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом Рамазон ойининг фазилатларини мадҳ этиб: “Бу шундай ойки, унинг боши раҳматдир”, деганлар. Яъни инсон бу ойда Худонинг раҳматига дохил бўлади. Аллоҳ бу хайрли ойда бандалари устига раҳмат-мағфиратини ёяди, хайрга ўрайди. Кейин раҳмат тушади Уйлар, кўнгиллар, ўлкалар, шаҳарлар ва масжидларга раҳмат ёғилади. Инша Аллоҳ, бизлар бу ойда Аллоҳнинг раҳматига сазовор бўлиб турибмиз, алҳамду лиллаҳ!
Рамазоннинг “ўртасида эса, қулнинг гуноҳлари маҳфират этилади”, деб марҳамат қиладилар Расулуллоҳ (с.а.в.). Гуноҳкормиз, айбдормиз, юзимиз қора, кечмишимиз қоронғу... Қусуримиз кўп бўлса-да, Рамазоннинг ярмига етганимизда тутган рўзаларимиз эвазига Аллоҳ гуноҳларимизни кечиради. Кечаю кундуз, ҳам ифтор пайтида, ҳам сахар вақтида кечиради. Ёлворган ҳар бир бандани мағфират қилади. Бу ойда кўплаб инсонлар мағфиратга эришади, гуноҳлари кечирилади.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом дейдиларким: “Рамазоннинг охири эса бу ойни рўза тутиб ўтказган қуллари учун жаҳаннамдан озод бўлишдир”. “Эй қулим, сен рўза тутдинг, мен эса сени авф қилдим, мағфират айладим, жаҳаннам азобидан озодсан!” дея марҳамат қилади Аллоҳ таоло. Аллоҳ бизларни ҳам жаҳаннамдан озод бўлган ўша бахтиёр қулардан қилсин!
Аллоҳ бу ойда дуоларни қабул қилади. Дуо – Аллоҳдан сўраш дегани. Аллоҳ сўраганни беради. Аммо Аллоҳдан нималарни сўрашни ҳам билиш керак.
Муборак Рамазон ойига етиб келганимизга шукрлар қилганимиз ҳолда Аллоҳдан бу ой ибодатларини комил суратда адо этмоқликни насиб қилмоғини сўраймиз. Аллоҳ барчамизни рўза ибодатини мукаммал ва ихлос билан адо этадиган тақводор ва солиҳ бандаларидан айласин. Барчаларимизни раҳмату мағфиратига ноил айласин! Неча-неча рамазонларга соғ-саломат қовушмоқликни насиб этсин. Дунё ва охиратнинг биз билган-билмаган ҳар турли хайрларига – Рамазон ойининг ҳурмати учун, Қадр Кечаси ҳурмати учун, муборак Ийд байрами ҳурмати учун эриштирсин! Дунёвий ва ухровий биз билган-билмаган ҳар турли ёмонликлардан бизларни доим ҳифзу ҳимоясида асрасин! Имони комил ила охиратга кўчиб, ҳузури иззатига Ўзи севган ва рози бўлган бир банда ўлароқ боришни барчамизга насиб айласин! Омийн! Валҳамду лиллаҳи роббил оламийн.
“Даракчи” газетаси, 2006, сеньтябрь
Тохир Малик
|
|