AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360
10,318/4,529
– 37
58/50
|
Раҳматлик Мирзоҳид Раҳимов ҳақидаги ушбу мақолани эътиборингизга ҳавола қилмоқдаман. Мақолани тақдим этганликлари учун Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, олий тоифали сухандон Муслимбек Йўлдошевга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.
Цитата:
Мирзоҳид Раҳимов – табиатан босиқ, хушмуомала инсон. Хотиржам. Юзи очиқ. Эҳтимол, ўзича қовоғини уймоқчи бўлар. Аммо ташқаридан қараб, бундай ҳолатни ҳечам сезмайсиз. Соддароқ. Ёки аниқроқ қилиб айтсак, ишонувчан. Ўзи ҳам бировни алдамайди. Мен шунга ишонаман. Ҳар қалай бир инсонга баҳо бериш анчайин мушкул иш. Йўқ, бировни шартта ёмонга чиқариб ташлаш осон. Ёйинки бошқа бировни кўкларга кўтариб юбориш ҳам. Бироқ, холисона туриб оқни оқ, қорани қора, дейиш масъулиятини ҳис қилсанг, нимага мушкул эканлиги ҳам кўриниб қолади.
Мирзоҳид ака менга ўспиринлик пайтларимни эслатадиган диктор. Ўзи чиройли, сўзи чиройли Мирзоҳид ака ўша пайтлари экран юлдузи бўлган. Кўплар ич-ичидан ҳасад қилган. Кўплар “Илоё, ўғлим шунга ўхшасин” деб ҳавас қилган. Хуллас, яхшининг ҳам, ёмоннинг ҳам тилига тушган пайтларида мен “акахон”га ҳавас қилиб юрганман.
Тўғри-да! Давралар катта, амалдорлар катта. Республикамиз байроғига кетма-кет орденлар тақилиб турган ўша пайтларда чигит экишдан тортиб, кўсак чивилгунча бўладиган оддий, кундалик деҳқончилик иши катта тантана тусини олаверган.
Нутқи равон, оддий гапи ҳам ғазал мутолласидек ёшгина Мирзоҳид ҳам “катталашаверган”. Тўғри маънода айтаяпман. “Амалдорлар”, “пахта планлари” ўз йўлига. Лекин Мирзоҳид Раҳимов ўз ишини ҳалол, муҳаббат билан адо этган.
“... Мен сенга бошланишини айтиб берай, ука-а”,-деб эслаганди бир куни Мирзоҳид аканинг ўзи. “Абдулла Қодирий менинг бувамнинг укалари бўлганлар. Дадам эса Ҳабибулло Қодирий билан тенгқур эдилар. Уларнинг дўстлиги, иноқликлари, ҳамфикрлиликлари ибратли даражада бўлган. “Ё қондан. Ё жондан” деганларидай, опоқдадамиз Қодирий ижодига, ҳаётига қизиқишим туфайли адабиётга иштиёқим кучли бўлган бўлса керак.
Рус тилида чиқадиган болалар газетасининг ташаббуси билан ўтказилган иншода менинг мақолам ғолиб топилиб, газета саҳифаларида чоп этилганидан кейин собиқ иттифоқнинг кўплаб республикаларидан мактублар ёғилиб кела бошлаган. Шу-шу мактабда, маҳаллада таниқли бўлиб қолганман. Шундан кейин синфдошим Насиба Одилова ени радиога таклиф қилди. У “Пионер эрталиги” деган радиожурнални ўқиб юрган экан. Икки-уч ойлар чамаси қатнаганидан кейин мен ҳам шу эшиттиришни мунтазам ўқийдиган бўлдим. Шу ерда “ўралашиб” юрган кезларимда Эргаш Каримов ҳам мени кузатиб юрган эканлар, телевидениега бошлаб келганлар...”
Мана Мирзоҳид Раҳимовнинг қандай қилиб телевидениега келиб қолгани воқеаси. Бу энди ўттиз йил нари-берисидаги гаплар. Мен буларни ёзаяпман. Сиз, азиз ўқувчим, уни осонгина ўқияпсиз. Лекин бу ўттиз йилни яшаб, меҳнат қилиб. Институтда ўқиб, изланиб. Ишини бировга манзур қилишнинг ўзи бўлмаган, сиз ҳам буни яхши биласиз. Ижодкорнинг иши игна билан қудуқ қазишнинг худди ўзи. Эфирга ҳар бир чиқишингга мингта зийрак кўз. Ҳар бир оғиз сўзингга мингта ҳушёр қулоқ. Ўз пайтида жуда ҳам машҳур бўлган “Истиқбол эгалари”, “Ғазалхон ёшлигим”, “Ўткир зеҳн”, “Марҳабо, талантлар”, “Олтин водий” сингари минглаб кўрсатувлар... Уларнинг қанчадан-қанча томошабинлари бўлган. Бу кўрсатувларнинг не-не иштирокчилари бўлган. Эҳ-ҳе... ҳаммалари ҳам бирдай ҳайриҳоҳ эди деб бўладими.
Сўзим бошида Мирзоҳид акага сифатлар ита туриб, “хотиржам” сўзини ҳам ишлатган эдим. Қўлёзмада шу сўзнинг тагига уч бор чизиб қўйганман. Ҳозир ҳам шу сўзга қайтмоқчиман. Эллик ёшда хотиржам бўлиб қолган Мирзоҳид Раҳимовни ҳеч нарса безовта қилмаган, деб бўлмайди. Ноҳақ дакки емаган дейсизми? Еган. Тўғри сўзни гапириб тавба қилмаган дейсизми? Қилган. Ўзбилармон режиссёрлар, шошқалоқ журналистлар билан олиша-олиша попуги пасаймаган, дейсизми? Йўқ, пасайган. Мингта ижодкорнинг ишини тўртта амалпараст чипакка чиқарганда фиғони фалакка кўтарилмаган дейсизми? Кўтарилган. Айнан шунинг учун ҳам Яратганнинг ўзи унга хотиржамлик фазилатини ато этган бўлса ажаб эмас.
“Ёнасан-а? Куясан-а? Энди сенинг шундай пайтинг, ука. Биз ҳам сендайлигимизда ерга урса осмонга сапчирдик...”-деб қўяди баъзан Мирзоҳид акам менинг олов бўлиб турган ҳолатимдан ўзича завқланиб.
Хотиржам дегани-бу “қўлни ювиб қўлтиққа уриш” эмас. Мирзоҳид ака ҳали ҳам тиниб-тинчимайди. Бот-бот унинг овозини радиода эшитиб қоламиз. “Ўзкинохроника”, “Ўзбектелефильм”нинг кўплаб картиналарига овоз беради. Телевидениеда-ку ҳар қандай кўрсатувдан бош тортмасдан иштирок этади. Бу гапимни ҳам тўғри тушунинг. “Нима дуч келса ўқиб кетаверади”,-демоқчи эмасман. Аксинча, сценарийни салмоқлаб кўриб, ёшига, ўзи танлаган йўналишга, касбига бўлган эътиқодига мос келадиганларни ўқийди. Кўнглидагидай бўлса, ҳеч қачон баҳона қидирмасдан, бошқа ҳар қандай ишини ташлаб келади. Кўрсатувингизга ижодий ёндашиб, уни сизга манзур бўладиган қилиб ўтказиб беради. Уч юзга яқин бадиий, ҳужжатли, телевизион фильмларга унинг овози муҳрланганлиги, юзлаб телекўрсатувлар ва радиоэшиттиришларга бошловчилик қилгани фикримизнинг ёрқин далилидир. “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” деган унвонга лойиқ деб топилгани эса бу борадаги ҳар қандай шубҳаларни бир четга суриб қўяди. Томошабин ҳам жуда билағон. Топқирки, у ёқ-бу ёғи йўқ. Экранда пайдо бўлган ҳар бир сухандон, ҳар бир бошловчининг баҳосини бир зумда чиқаради-қўяди. Ёмон кўрса, ёмон сўзлар билан от қўяди. Яхши кўрса. Яхши сўзлар билан улуғлайди. Мирзоҳид акани “қорақош йигит” деб аташади. Биров хотираси бўшлигидан шундай атаса, биров ҳаммага тушунарли бўлганлиги учун.
Бузургмеҳрдан “Инсонлар ўзи биладиган, лекин амал қилмайдиган олийжаноб инсоний хислатлардан нималарни санаган бўлардингиз?”,-деб сўрашганида, у ҳеч иккиланмай: “Камтаринлик, камтаринлик, камтаринлик” деб жавоб берган экан. Мирзоҳид Раҳимов ҳам ниҳоятда камтарин инсон. Кунларнинг бирида нимадандир тутоқиб: “Мен бу кўрсатувингизни олиб боролмайман”,-деб жавоб берганини кўриб ҳайрон қолдим. Бироздан кейин нимага бундай қилганини сўрасам, “Бу одам мени-Мирзоҳид Раҳимовни ҳурмат қилмасин, аммо касбимни ҳурмат қилсин. Чунки мен ўз касбимни ҳурмат қиламан. Майли, мени қадрламай қўя қолсин. Аммо менинг ишимни қадрласин. Чунки мен умрим бўйи шу ишимни қадрлаб келяпман”,-деб жавб берди. Мен бу гапларнинг маъносини тушунаман. Умуман, Мирзоҳид ака бемаъни гапни гапирмайди.
Бемаънидир, ким сўзласа беҳис, тумтароқ,
Ундайлардан асли нари юрган маъқулроқ.
Ширинсухан каломидан умринг узайса,
Бемаънидан юрагингда санчиқ ва титроқ....
Муслимбек Йўлдошев, 1997 йил
|
|