AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360
10,318/4,529
– 37
58/50
|
Абдусаид Кўчимов. Қовурдоғ
|
|
Цитата:
Мана, ўша савол-жавоблар ва уларнинг дафтаримда қолган айрим шакллари.
Самад Тоғаев, 4-босқич талабаси:
— Ҳозир Ўткир Ҳошимовнинг адибий тили, маҳорати ҳақида гапирдингиз. Ҳаммамиз яхши кўрадиган Ўткир Ҳошимовнинг яна қайси фазилатлари сиз учун айниқса қадрли?
Саид Аҳмад:
— Билиб турибман, бу саволни сенга Ўткирнинг ўзи айтиб туриб ёздирган. Бўлмаса, "Шарқ юлдузи" га бағишланган йиғилишда бундай савол бермасдинг. Тўғрими? Лекин айб сенда эмас, Ўткир акангда, бу бола менинг шогирдим. Психологиясини икки карра иккидай ёдлаб олганман. Мақтов деса, томдан ташлайди. Ҳозир ҳам устозим халойиқ олдида мақтасин, деб сени тезлаган. Аммо-лекин, мақтаса-мақтагулик ҳамма фазилат бор Ўткир Ҳошимовда. Қуёшдан энергия олиб ишлайдими, нима бало, ҳар кун икки-учта ҳикоя ёзиб, қиссага ўтиради, қисса тугаши билан роман ёзишга киришади, романга нуқта қўяр-қўймас пъеса бошлаб юборади. Ё қўли тўртта, ё хотини ёзишади, ёки маҳаллада ёзувчилик артели бор буни. Шунча ишни дўндирган одам, камида бир йил дўппини ёнига қўйиб, соя-салқинда ошхўрлик қилиб ётиши керак. Бу бўлса телевизордан тушмайди. Кейинги пайтларда токка дазмол тиқсанг ҳам Ўткир Ҳошимов кўринадиган бўлиб қолди. Аралашмаган масала йўқ. Бир қарасанг етмишни уриб қўйган чолдай қарияларга ақл ўргатади, бир қарасанг эрга тегиб чиққандай қайнона-келинларга панд-насиҳат қилади. Ўткир, дейман баъзида ичим ачиб, дўппи кийсанг жиягини темирдан қил, бўлмаса ақлинг дўппини тешиб кетади.— Саид Аҳмад ака роҳат билан кулаётган залдаги одамларга қараб бир нафас индамай турди. Сўнг қиёфасига жиддий тус берган бўлиб, салмоқлаб-салмоқлаб давом этди.— Айтингларчи, ўн уч ёшли бола фан доктори бўлса, бу нормальний ҳолатми ё ненормальнийми? Албатта, ненормальний. Етмиш ёшли кампир чақалоқ бўлиб йиғласа-чи, буям ненормальний. Мана шу боланинг қатор-қатор романлар ёзиши ҳам ненормальний ҳолатдир. Кўзмунчоқ олиб, қўлтиғига тақиб қўймасам, қизлар талаб, олиб қолишлари мумкин. Ўткир Шоҳизинда шайхи ёнида қолиб кетади. Адабиётда катта йўқотиш бўлади. Фикрларга хулоса қилиб, укамнинг саволига жавоб берадиган бўлсак, мен, биринчи навбатда, Ўткирнинг меҳнаткашлигини қадрлайман. Адабиёт, ёзувчилик жуда-жуда машаққатли юмуш. Ёзувчининг нигоҳи ўткир бўлиши, ҳатто, энг нозик соч толаларининг соясини ҳам кўра олиши; сўзни тушуниши — сўз замиридаги маьнони, рангни, оҳангни, салобатни ҳис қила билмоғи керак. Сўз билан суврат чизиш қобилиятига эга бўлган инсондан ёзувчи чиқади. Агар у меҳнатдан қўрқмаса. "Мен қилган меҳнатни маймун қилганида у ҳам ёзувчи бўлиб кетарди" деб айтган эди устозимиз Абдулла Қаҳҳор. Худойим ҳеч кимни меҳнатдан жудо қилмасин.
Ирода Мўминова, биринчи босқич талабаси:
— Менинг саволим иккита. Биринчиси, "Наврўз" байрами нима учун таъқибга учради. Иккинчиси, "Куёв" асарингизнинг ёзилишига нима туртки бўлган?
Саид Аҳмад:
— Қизим, мен ҳукумат эмасман, бир бечора ёзувчиман. Бундай жиддий масалаларни Ўткир аканг тушунади. Амалдор, арбоб. Ундан сўра, жавоб берсин. Саволингнинг иккинчисига келсак, "туртки"си қизиқмас. Аммо "Куёв"ни кўрганидан сўнг кўп чоллар заксдан ўтиб, бахтли турмуш қуришаётгани факт.
Моҳирўй Қобилова, ўқитувчи:
— Сиз ҳаётнинг аччиқ-чучукларини кўп кўрган инсонсиз. Айтинг-чи, оилада отанинг ўрни қандай бўлиши керак?
Саид Аҳмад:
— Агар куёв билан ораларингдан ола мушук ўтган бўлса, қулоғига қуйиб қўйинг, ота дегани рўзғорда ҳавасга боқиладиган хўроз эмас. Ота оилага зарур бор дон-дунни олиб келиши керак.
Абдуназар Қўлдошев, ўқитувчи:
— Режаларингиз тўғрисида ҳам гапириб берсангиз?
Саид Аҳмад:
— Ҳозир айтдим-ку, гўзал бир бева аёл чиқса, кўриб, шунга қараб режа тузмоқчи эдим. Энди режа-пежа йўқ.
Қодир Асқаров, маориф ходими:
— Муҳаббат ва рашк ҳақида нима дейсиз? Ёзувчилар орасида ҳам рашк бўладими?
Саид Аҳмад:
— Саволингиз Андижонда ўтган олтмиш йиллик юбилейимни эсга туширди. Юбилейда денг, нуқул почча-почча дейишяпти. Гўзаллигимга шама қилиб айтаяпсанларми, дедим. Лекин бир йилдан кейин менинг қадримга етасанлар. Чунки ортимда Туроб Тўла билан Шукрулло олтмишга киряпти. Келса кўрасанлар, дедим. Бизда, шарти кетиб, парти қолган қарияда муҳаббат, рашк нима қилсин, болам. Бунақа лирик саволларни ана, Ўткирга бер. Тўғрими, Ўткир?
Ўткир Ҳошимов:
— Қалтис саволларга доимо бизлар балогардон. Устознинг ўзлари эса бева қидириш билан оворалар.
Аммо, укамиз яхши савол берди. Муҳаббат ва рашкни дунё бино бўлганидан бери одамзотга азоб бериб келаётган дард, деса бўлади. Менга қолса, рашк муҳаббатнинг эгови, ҳатто, қотили дердим. Инсоният тарихида бунга мисоллар тиқилиб ётибди. Машҳур рус ёзувчиси граф Лев Толстой тақдирини бир эсланг. "Уруш ва тинчлик", "Анна Каренина" дек дунё адабиёти хазинасида ёрқин юлдуздек порлаб турган асарлар муаллифи хотинининг рашки ва очкўзлиги туфайли саксон икки ёшида алам билан ёруғ оламдан кетган. Толстойлар турмуш қурган дастлабки йилларда беҳад бахтиёр бўлганлар. Бироқ орадан йиллар ўтиши билан хотинининг ҳашаматли зиёфатлару бойликка ўчлиги покиза муҳаббат қасрини вайрон қилади. Толстой оддий ва камтарона ҳаётни севар эди. Алқисса, эр-хотин ўртасидаги муаммо шу даражага бориб етадики, Толстойдек улуғ зот хотинини кўришга тоқат қила олмай 1910 йилнинг изғиринли қиш тунларининг бирида хотинидан қочиб уйидан чиқиб кетади. Улуғ адиб орадан ўн бир кун ўтгач кичик темир йўл бекатида ўпка яллиғланишидан вафот этади. У ўлими олдидан хотинини олдига киритмасликларини илтимос қилади. Ўз хатосини жуда кеч англаган графиня Толстая хоним ўлими арафасида қизларига: "Отангизнинг ўлимига мен сабабчи эдим", деб хатосига иқрор бўлади. Ёки Наполеон Бонапартнинг жияни бўлган француз императори Наполеон III нинг тақдирини эслайлик. Бу император ўз замонида дунёдаги энг чиройли аёллардан бири бўлмиш Мария Евгения Игнасия Августино, хуллас, номи узундан-узун аёлни севиб, унга уйланади. Мариянинг рашки, шубҳалари, императорни ҳадеб тергашлари, сира ёлғиз қўймасдан мажлисларда ҳам олдига кириб келаверишлари, бу оилани ҳам бахтдан мосуво қилади.
Залдан овоз:
— Аммо, рашксиз муҳаббат йўқ!
Ўткир Ҳошимов:
— Тўппа-тўғри. Рашксиз юрак — ҳиссиз кесак, деган гап бор. Ҳамма гап меъёрда. Рашкчи ҳам меъёрни билмоғи керак. Ёзувчилар орасидаги рашкка келсак, шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, бу жабҳада ҳеч ким ёзувчининг олдига тушолмайди. Аммо, ижодкорларнинг рашки беғубор.Мисол учун ўзим. Мен ҳар бир янги асарни ички бир рашк билан ўқиб чиқаман. Асар зўр бўлса ҳавасим келади, янаям кўпроқ ишлашга, изланишга ундайди.
|
|