AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360
10,318/4,529
– 37
58/50
|
|
Абдусаид Кўчимов. Зиёрат. Буни ҳаёт дейдилар.
|
|
Цитата:
4
...Одил Ёқубов Ёзувчилар уюшмасини бошқарган кезларда бир муддат улуғ адиб билан ёнма-ён хизмат қилиш қувончи менга ҳам насиб этган. Бу қутлуғ даргоҳда ҳар куни улуғ адиб билан ҳамнафас бўлиб ишлашнинг ўзи беадоқ бахт эди менга ҳам. Шўро салтанатининг иморатлари қимирлаб, ўзгаришлар, эврилишлар шамоли эса бошлаган ўтган асрнинг саксонинчи йиллар охири эмасми, Одил ака ҳозиргина эслаб ўтганидек, Ёзувчилар уюшмасини қидириб келувчилар сони беҳад ошиб кетган, ҳар куни республикамизнинг турли шаҳар ва қишлоқларидан келган гуруҳ-гуруҳ одамлар эрта азондан уюшма биноси олдида қаторлашиб туришар, худди нажот қалъасига ошиққандек ичкарига интилишарди. Пушкин кўчасининг бошидаги уч қаватли уюшма биносининг залларию хоналари ҳам эрталабдан кечгача гавжум бўлар, қандайдир мажлислар, конференциялар ўтказилар, уюшмага мутлақо алоқаси бўлмаган кишилар ҳам ўралишиб юрарди. Улар орасида адолат қидириб келувчилар билан бирга замонанинг олағовурларидан фойдаланиб ўзини кўрсатиш, ваъзхонлиги, маҳмадоналиги билан «бир нималик» бўлиш илинжида юрганлар ҳам йўқ эмасди. Минбарларда қўлларини силтаб, сочларини тўзғитиб она тилимизга давлат мақомини бериш, Ватан мустақиллиги учун курашиш тўғрисида бақир-чақир қилаётган бу нусхаларнинг кўкайида мансаб-мартаба олиш, мол-мулк орттиришдан бошқа ҳеч вақо йўқ эди аслида. Одил ака буларга нега индамайди, уюшма эшикларини нега очиб қўяди, деган мазмунда мулоҳазалар ҳам пайдо бўлганди, албатта. Шунда Одил ака, ҳайдасанг, кўчага чиқиб жанжал-тўполон қилишади, ундан кўра, ичкарида бақир-чақир қилиб ўпкасини босиб олсин, дердилар кўпни кўрганларга хос кенглик билан. Аммо, ёрдамга муҳтожлардан кўмагини, маслаҳатини аямасди, ҳар куни бир қанча идораларга хатлар жўнатилар, телефон орқали илтимослар қилинар, юзма-юз ўтириб гаплашмаса бўлмайдиган жойларга бориб келишдан эринмасди. Одил аканинг яна бир фазилатига ҳайрон қолардим. Баъзи хушомадгўй, маддоҳ кимсалар Одил аканинг ҳузурига кириб битмаган ишларини битирарди-да, коридорга чиқар-чиқмас иғвонинг инига чўп суқарди. «Шундай улкан ёзувчи дўст билан душманни ажрата олмасмикан» деган хаёлга борардим гоҳида. Кейинроқ билсам, Одил ака ҳаммасини билар, ҳаммасидан хабардор экан. Умуман, амалдорнинг атрофида яхши инсонлар қаторида манфаатпараст, ичиқора, манфур ва майда одамлар ҳам ивирсиб юришини, ана шундай ипирисқи кимсалардан холи жамият ҳозирча бу кўҳна дунёнинг пешонасига битмаганини анча кейин ҳаётнинг ўзи менга ҳам тушунтириб қўйди. Одил аканинг кенглиги, барчага тенглиги, талантларни қадрлаши, умидли ёшларни қаноти остига олиши, тўғри йўлни кўрсатиб устозлик мақомини тўкис адо этиши, бировни сотмаслиги, бировга сотилмаслиги, ватан бахти, миллат манфаати йўлида ҳар қандай шахсий ҳузур ҳаловатдан воз кеча олиши, ҳеч қачон эътиқодига хиёнат қилмаслиги кўплар қаторида мени ҳам ҳавасимни келтиради. Шундай яшашдан улуғ бахт борми аслида ҳам...
— Сўзларингиздан аён бўладики, адиб, энг аввало ўзи кўрган, билган одамлар, ўзи бошидан кечирган воқеалар тўғрисида ёзмас экан мукаммал асар дунёга келмайди, — мулоҳаза билдирди Пирмат ака. — Аммо, тасаввурчи? Мана, мисол учун ижодингизга назар ташлаган ўқувчи Мирзо Улуғбек, Беруний, Ибн Сино, Али қушчи сингари Ўрта Осиёнинг буюк алломалари ҳаёти ва фожиали тақдирларига дуч келади. Булар ёзувчининг беадоқ тасаввури мевалари эмасми?
— Пирматжоннинг ажойиб одати бор-да, — деди дона-дона қилиб устоз адиб. — Кўпинча ўз саволига ўзи жавоб беради-ю, бу ёғига нима дейсан, дегандек юзингга қараб илжайиб тураверади. Албатта, тасаввур сўздан бой. Ойбек домла Навоий ҳазратлари билан, Пиримқул Бобур мирзо билан бир дастурхон атрофида ўтириб чойгурунг қилган эмас, Пугачёвни Пушкин танимас эди. Мирзо Улуғбек яшаган давр билан боғлиқ воқеаларни ўрганаётиб архив тўзонлари орасида ўтирган пайтларимда, бу улуғ аллома менга ўз отамдай, ўз оғамдай яқин бўлиб қолди, унинг ўйлари менинг ўйларимга, дардлари менинг дардларимга айланиб кетди. Баркамол асар яратиш учун ижодкор кўрган-кечирганлари баробарида бепоён тасаввур дунёсига ҳам эга бўлмоғи зарурлигини ўшанда янаям теранроқ ҳис қилдим. Айни чоғда, талант ва билим, ўзи яшаётган заминга, шу заминдаги халққа, халқнинг урф-одатларига чексиз меҳр-муҳаббат бўлмоғи; шу халқ хурсанд бўлса, шу замин гуллаб-яшнаса астойдил яшнаб барқ уриши, йиғласа, кўзига тупик суриб йиғлаган хотиндай эмас чин юракдан йиғлаши керак ёзувчи ҳам! Қаҳрамонларнинг қалб торларини чертиш, “тирик одам” яратиш учун эса юксак бадиий маҳорат, нозик дид ҳам талаб қилинади. Қаламкаш майда эпизодик воқеа, ҳодисалар негизида ётган чуқур ижтимоий омиллар, фожиавий тақдирлар ва уларнинг изтиробларини теран идрок этиши, ҳаётнинг ўзи кўндаланг қўйган синовларни закийлик билан англай билиши, қаҳрамонлари билан бирга нафас олиб, бирга яшамоғи зарур. Микеланжело ўзи яратган ҳайкал тирикдай кўриниб, қўрқиб кетган, Бальзак қаҳрамони ўлганда инфаркт бўлиб қолган, Кумушнинг ўлими тасвири пайтида Қодирий йиғлаган, деган миш-мишлар бекор-беҳуда эмас.
Суҳбат қизиган сайин Одил Ёқубовнинг баҳри-дили очилиб борарди. У ёзувчи маҳорати, сўз санъати, адабий ва фалсафий таҳлил, ижодда ростгўйлик ва самимият, ўзбек тилининг кўркамлиги, бурролиги, пишиқлиги ва жозибадорлиги, бой ва ихчамлиги; сўз кўнгил маҳзанининг қулфи-калити экани, инсон тафаккуридаги энг юксак, энг чуқур ва энг оташин туйғуларни сўзда очиқ-ойдин ифодалаш фазилатлари; сўзларни турфа рангларга бўяб-бежамаслик, дабдабали, баландпарвоз, чайналган, чучук, тушуниш қийин бўлган ялтироқ сўзлардан қочиш; сўзни севиш, эъзозлаш, ҳурмат қилиш, авайлаб-эҳтиётлаб қўллаш; қаламкашнинг ҳар каломида ҳақиқат гуллари барқ уриб яшнаб туриши, ҳаёт нафаси, яшаш сурури уфуриб туриши ҳақида мароқ билан сўзларди.
— Билиб ишлатилган сўз мўъжизалар жавҳари – кулади, кулдиради, курашга ундайди, йиғлайди, йиғлатади... Сўзлар гапиради, савол беради...
|
|