Моё меню Общее меню Сообщество Правила форума Все прочитано
Вернуться   uForum.uz > ТЕМАТИЧЕСКИЕ ФОРУМЫ > Образование > Ижод хусусида сўз
Сообщения за день Поиск
Знаете ли Вы, что ...
...до того как открыть новую тему, стоит использовать поиск: такая тема уже может существовать.
<< Предыдущий совет - Случайный совет - Следующий совет >>

Ижод хусусида сўз Ижод аҳли, уларнинг ғояси, ҳаёт қараши, мақсадлари, ютуқлари, орзу ва армонлари.... (Все о творчестве, о людях творчества, их идеях, взглядах, достижениях и целях, мечты…)


 
 
Опции темы Опции просмотра
Старый 28.08.2012 16:04   #28  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
Ижодий эркинликнинг тотли мевалари (Суҳбат)

Цитата:
Раҳимжон Раҳмат: Улуғбек! Анча йиллардан буён ўзбек адабиётчи олимлар ва ижодкорлар орасида Европа модернизм адабиёти ҳақида кўп фикрлар айтиляпти. Ҳатто илмий иш қилаётган олимлар ҳам Ўзбек модерн адабиёти деган сўзни ишлатишяпти. Абсурд қаҳрамон деган гаплар ҳам кўпайган. Айрим олимларимиз мақола ёки илмий иш ёзса, аввал Европа модернизм адабиёти ҳақида гапириб, кейин ўзбек модерн адабиёти деган жумлани ишлатишади. Пайдо бўлаётган бадиий асарлардан модернизм унсурларини, абсурд қаҳрамонни излашади. Ҳатто Европа модернизми тўғрисида жиддийроқ мақола ўқимаган, абсурд қаҳрамон нима эканлигини билмайдиган айрим олимлар ҳам янги замон Европа адабиёти тўғрисида мақола ёзмоқчи бўлишади. Ва улар, ўзлари сезмаган ҳолда, янги пайдо бўлаётган ўзбек адабиёти намуналарини Европа модерн адабиётининг оқавасига айлантириб қўйишади. Айтмоқчиманки, айримлар насримизда пайдо бўлаётган анчайин жиддий янгиликларни кимларгадир тақлид деб баҳолашяпти. Гоҳо “фалончи ўзбекнинг Кортасари, пистончи ўзбекнинг Борхеси” деган гаплар қулоққа чалиниб қолади. Бу гапнинг тагида янгиланаётган миллий наримизни камситадиган нозик маъно бор.
Шуни унутмаслик керакки, бизда адабиёт ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар билан боғлиқ равишда ривожланади ёхуд турланади. Масалан, Чўлпон, Фитрат, Қодирийлар Жадид адабиёти вакилларидир. Уларни шу атама билан атасак маъқул бўлади. Жадид адабиётини ҳаракатга келтирган куч эса, биринчи навбатта, жамиятда юзага келган сиёсий-ижтимоий ғоядир. Абдулла Орипов ва Эркин Воҳидов каби улкан шоирларнинг пайдо бўлиши ҳам ўзбек миллатининг ўз-ўзини англаш туйғуси билан боғлиқдир. Коммунистлар давлатининг парчаланиши ва мамлакатимизнинг озодликка эришиши билан бадиий адабиётда жиддий ўзгариш содир бўлди. Диққат қилинг: кўп йиллик адабиётимиздаги янгиланишлар ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги янги тушунчалар билан чамбарчас боғлиқ. Модернизм эса бевосита илм, фалсафа ва жамият кишилари кайфиятидан ўсиб чиққан. Албатта, бизлар ҳам бутун дунё илмини ўрганишимиз, ўрганганларимиз асосида миллий бадиий тафакурда янгиланишлар қилишимиз лозим ва даркор. Лекин мавжуд адабиётимизни модернизм деган улкан ҳодиса остига бостириб димиқтириб қўйиш ярамайди, деб ўйлайман мен. Унутмайлик: модернизм реал тарихий заминда ва конкрет ҳодисалар тасирида юзага келяпти.
Модернистлар вақт, макон, табиат тасвири, қаҳрамон портрети, сюжет чизиғи ва бошқа анъанавий романга хос унсурлардан чекиниб, кичик бир детал билан кифояланган кўйи шу детални универсал маъно ташийдиган рамзга айлантиришган. Илк бор Фрейд кашф қилган: ижод – худди туш каби ботиний онг ( бессознательность) га сафардир. Ботиний онг эса рамзлар воситасида ўз мавжудлигини намоён қилади. Машҳур Кафка ўз романларидан бири ҳақда гапириб, “сонь одной ночи”, “бир кеча кўрган тушим” деб атаганди. Реал онгга хос мантиқий, жўяли фикрлаш орқали ботиний шуурдаги маъно-мазмунни англатиб бўлмайди. Шунинг учун модернист ижодкорлар сўз тузилишини ҳам ўзгартириб юборишган. Модернистлар илк бор ўзини ҳар жиҳатдан ночор ва нотовон ҳис қиладиган, гўё ёвузлик қуршовида қолган “кичкина” одамни асар қаҳрамони қилиб танлашган. Айтмоқчиманки, ўзбек адабиётидан модернистик йўналишларни излаётганлар бу адабий оқим ҳақида ҳаққоний ва етарли маълумотга эга бўлишлари лозим. Албатта, ижодкорларимиз модернизм адабиёти намуналари ва уларнинг ижодий услубидан яхши хабардор. Яна айтаманки, Европа модернизмининг вужудга келишига муайян ижтимоий-маънавий ва илмий муҳит сабаб бўлган.

Улуғбек Ҳамдам: Мўътадил иқлим, уйғун муҳит бўлмаса, кўчириб келтирганингиз билан кўчат томир отмайди. Шу маънода бугунги ўзбек адабиётидаги янги изланишларни ўтган асрнинг биринчи ярмида Европада туғилган модернистик оқимнинг ғариб тақлиди дейиш анчайин хом гап. Бир-бирига монанд ижтимоий-тарихий даврлар ўхшаш кайфиятли адабиётларни вужудга келтиради. Эътибор қилинг: дунё фольклорида қанчадан қанча бир-бирига менгзайдиган қаҳрамонлар мавжуд. Нима, уларнинг бари бошқа биттасидан кўчирганми? Йўқ-да. Ижодий таъсирланиш албатта бўлади, лекин бу ўриндаги энг муҳим фактор ўша миллатлар тарихидаги сиёсий-ижтимоий-маданий ва психологик муҳит ўхшашлигидир. Ўхшаш муҳитлар ўхшаш адабий қаҳрамонлару уларнинг бир-бирига монанд кайфиятларини дунёга келтиради. Демак, Европанинг модернистик адабиёти бу Европаникидир ва бу адабиёт ўз даврида ўз вазифасини ўтаб, асосан ўша ерда қолди. Биздаги модерннома адабиёт кайфиятига Европа модерн адабиётининг оз-моз ижодий таъсири (кўпроқ шаклий маънода) бўлса бордир, лекин у моҳият-эътибори билан ўз юртимиздаги ижтимоий-психологик ўзгаришлар заминида туғилди.
Модернизмнинг пайдо бўлишидаги омиллар ҳозир кўпчиликка маълум. Мен бошқа нарсага эътиборингизни жалб этмоқчиман: ижодкор вақти-вақти билан бошқача ёзишга эҳтиёж сезиб туради. У мавжуд ҳақиқатни ҳар доим бир хил услуб ва оҳангда акс эттиришдан зерикади. Бунинг учун кескин ижтимоий-тарихий сабабларнинг содир бўлиши жудаям шарт эмас. Демоқчиманки, ҳаёт энг “туссиз” даврларда ҳам шунчалар рангоранг ва ақл бовар қилмас мўъжизаларга тўлаки, ижодкор услубининг турланиб туришига ҳамиша имкон қолаверади.
Аслида, бундан-да муҳим гапим шуки, ҳамма измлар, аввало, реализм туфайли, унинг қаршисида мавжуддир. Реализм бу шоҳкўча бўлса, романтизм, натурализм, модернизм ва постмодернизм каби ўнлаб бошқа измлар шу она кўчадан бошланувчи, унинг ён-верида узанибгина мавжуд бўлиши мумкин бўлган ёндош кўчалардир. Пировард натижада улар яна шу бош кўчага келиб туташади. Шундагина улар маъно касб этади. Уларнинг қиммати, аҳамияти фақат шоҳкўчанинг борлиги важидандир. Чунки ижодкор фантазияси ҳар қанча учқур бўлмасин, у ўзини не чоғли модерн ҳисоблаб, шу руҳдаги асарлар битишга чоғланмасин, барибир, ёзганлари алал-оқибатда ўқувчи ботинидаги реаллик туйғуси билан ўлчанади. Аввало, унинг ўзи ана ўша реаллик туйғуси билан иш кўради, тафаккур юритади, қоғоз қоралайди. Бас, шундай экан, реализм дарахт бўлса, қолган барча измлар (ҳозиргача мавжуд ва ҳатто келажакда ниш урадигани - барча-барчаси) унинг кўпдан кўп шохларидир. Ёки реализм шундай заминки, унинг бағрида ҳар-хил дарахтлар мисол кўпдан-кўп ИЗМлар вояга етиб туради.
Биздаги янги (модерннамо) адабиётнинг миллий заминда илдиз отганлиги ҳақ гап. Ҳа, бу адабиёт Европа модерн адабиётидан кўчирилган нусха ёки унга тақлид эмас. У бизнинг анъанавий йўлимиздан бошқачароқ шакл ва мазмунга эга ўз адабиётимиздир. Шу маънода уни модерн адабиёти дейишимиз ҳам бироз баҳсталаб. Бу ном ғоят шартли. Топа олсак, миллий адабиётимизда қарийб сўнгги йигирма йил мобайнида бўй кўрсатиб, бугунга келиб эса қаддини тиклаб олган ушбу адабий йўналишга бошқа илмий-асосли ном беришимиз керак.
ХХ аср муқаддимасидан ибтидо олган адабиётимизни “Янги ўзбек адабиёти” деб номлаганмиз. Ўшанда ҳам наср, ҳам назмда тубдан ўзгаришлар юз берган, илк драматик асарлар вужудга келган ва бу чинакамига янги ҳодиса, янги адабиёт бўлган эди. Адабий шакллар асосан ташқаридан - ўзга адабиётлардан қабул қилиниб олингани ҳам ҳақиқат: роман, драма ва янгича шеър шаклларини эсланг. Аср адоғидаги янгиланиш эса бир қадар бошқача табиатга эга. Бунда шакл ва моҳиятнинг ўзи ичкаридан ёриб чиқди. Демак, ташқаридаги адабиётга тақлиднинг ҳиссаси ўта салмоқли бўлмаган. Чунки ижодкорнинг дунёни бадиий-эстетик жиҳатдан қабул қилиши ва акс эттиришида илдизли ўзгаришлар юз берди-да. Назаримда ушбу ҳодиса Янги ўзбек адабиёти эмас, ўша Янги адабиётнинг иккинчи тўлқини деган номга муносиброқ. Аслида, номдан ҳам муҳимроқ гап шуки, бугун ижодкорнинг бадиий тафаккур тарзи янгиланди, бас, Янги адабиётнинг пайдо бўлиши муқаррардир! Бу адабиётни қайси ном билан атасангиз ҳам (модернми ва ёки яна битта янги адабиёт дебми, бунинг унчалик катта аҳамияти йўқ!) у шартли номлигича қолаверади.
Ответить 
Реклама и уведомления
 




Powered by vBulletin® Version 3.8.5
Copyright ©2000 - 2025, Jelsoft Enterprises Ltd. Перевод: zCarot
Advertisement System V2.5 By Branden
OOO «Единый интегратор UZINFOCOM»


Новые 24 часа Кто на форуме Новички Поиск Кабинет Все прочитано Вверх