Моё меню Общее меню Сообщество Правила форума Все прочитано
Вернуться   uForum.uz > ТЕМАТИЧЕСКИЕ ФОРУМЫ > Образование > Ижод хусусида сўз
Сообщения за день Поиск
Знаете ли Вы, что ...
...нарушения правил форума наказываются. Старайтесь их не нарушать.
<< Предыдущий совет - Случайный совет - Следующий совет >>

Ижод хусусида сўз Ижод аҳли, уларнинг ғояси, ҳаёт қараши, мақсадлари, ютуқлари, орзу ва армонлари.... (Все о творчестве, о людях творчества, их идеях, взглядах, достижениях и целях, мечты…)


Ответить

 
Опции темы Опции просмотра
Старый 21.02.2012 17:58   #91  
Аватар для Halima Xudoyberdiyeva
Оффлайн
поэтесса
Сообщений: 64
+ 21  226/64
– 0  0/0

Uzbekistan
Сиз келмадингиз

Сувлар қайтиб тушди тағин тоғлардан,
Дўллар қайтиб келди, Сиз келмадингиз.
Улоқиб-улоқиб ўзга ёқлардан,
Йўллар қайтиб келди Сиз келмадингиз.

Тўзғин кўйлакларин кўклаб, янгориб
Бир қиёғи яшил, бири зангори-
Яратгувчинингми олдига бориб
Гуллар қайтиб келди, Сиз келмадингиз.

Баъзан ботартиб-у, баъзан бетартиб,
Бирин чанглаб, бирин чангларин артиб.
Маним сочларимни оппоқ оқартиб,
Йиллар қайтиб келди, Сиз келмадингиз.

Чинқирдим.
Дунёни бузолмадим мен.
Денгиз қаттол эди, сузолмадим мен.
Оёғим занжирин узолмадим мен-
Сизам келмадингиз,
Сиз келмадингиз.
Ответить 
Реклама и уведомления
Старый 21.02.2012 17:58   #92  
Аватар для Halima Xudoyberdiyeva
Оффлайн
поэтесса
Сообщений: 64
+ 21  226/64
– 0  0/0

Uzbekistan
Мен сизни алдашни кўрмайман раво,
Ишонинг, шу ўзи мен учун басдир.
Биламан мендаги бу дард-бедаво,
Истаганим билан бу ишқ сўлмасдир.

Мен сизни алдашни кўрмайман раво,
Эҳтиёж сезмайман ортиқ тиракка.
Мен учун қачондир куйланган наво
Эндиги наволар сиғмас юракка.

Сиздай содиқ дўстни алдамайман, йўқ
Тушунинг, бу йўллар тушмас бир изга.
Кўксимга қачондир текканда бир ўқ-
Ярадор қалб билан бормайман Сизга.
Ответить 
Старый 05.05.2012 13:28   #93  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook


Шоира Ҳалима Худойбердиеванинг янги китоблари "Ўзбекистон" нашриётидан нашрдан чиқибди. Китобни ўқиганлар, танишиб чиққанлар борми?
Ответить 
Старый 07.05.2012 16:26   #94  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
Абдуғафур Расулов, филология фанлари доктори, ЎзМУ профессори ҚАЛБ ЁЛҚИНИ ИМКОНИЯТИ

Цитата:
Ҳалима Худойбердиева бундан қирқ йиллар муқаддам: “Шунчаки ёзмоқ бу – шоирга ўлим”, – дея оғзига сўз олиб қўйган эди. Шундан бери шоиранинг ўн беш номдаги шеърий тўпламлари, бахшиёналари, кейинги йиллардаги шеърлари, инжу доналари – тўртликлари чоп этилди. Ниҳоят, 2012 йилда унинг саккиз юздан ортиқ шеърларини, 300 дан мўл тўртликларини ўз ичига олган, 715 саҳифали “Буюк қушлар” (Тошкент, «Ўзбекистон» нашриёт-матбаа ижодий уйи) китоби босилди.
Шундай катта ҳажмли асарда наҳотки, “шунчаки...” ёзилган шеър, бахшиёна, рубоийлар бўлмаса? Шунчаки ёзиш – ҳарорат етишмаслиги, ой-куни тўлмасдан туғилган касалванд бола, мисоли. Шунчаки ёзиш – тирик бўлиб сонда йўқ битикларни кўпайтириш. Катта санъаткор ҳамиша ўрта-миёначиликка қарши бош кўтаради. Ҳалима шоира “Билмаслар” шеърида ёзган эди:
Чарсиллаган бир ўт ёнар ичимда,
Мен шеър айтсам, айтмадим тил учинда.
Бу талотўп, қув-қув, чоп-чоп ичинда,
Ҳалима ҳам ўтиб борар, билмаслар.
(601-саҳифа)
Катта ижодкорни йўлдан чалғитадиган, ўткинчи шуҳрат, мансаб, шарафга ғарқ қилиб юборадиган инс-жинслар мўл бўлади. Инсон ҳар қанча истеъдодли бўлмасин, хом сут эмган банда-да! Камдан-кам одамлар ҳою-ҳаваснинг маст қилувчи қучоғидан чиқиб кетадилар:
Ёшлик мени чалғитмоқ бўлди,
Мен қаламга ёпишдим қаттиқ.
Ўрта ёшим ойлардай тўлди,
Қалам билан йўлни солдим тик.
(577-саҳифа)
Ҳалима санъатнинг катта йўлидан оғиб, чалғиб кетмаслигига бир неча омиллар сабаб бўлди. Биринчидан, Аллоҳ таоло Боёвутнинг бийдай кенглигида, меҳнаткаш оилада дунёга келган қизалоққа катта истеъдод инъом этди: 6-синфда ўқиётганида илк шеърини ёзди, марказдаги таҳририятга жўнатди. Ўзбекистон Миллий университетида, Москвадаги Олий Адабиёт институтида таҳсил кўрди. “Илк муҳаббат” тўпламини талабалигида чоп эттирди.
Ҳалима қўш дипломли журналист, адабиётчи бўлди. Лекин у жаҳон адабиётининг етук намояндалари ижодини қунт билан ўрганишга киришди. Ўтган сўз санъаткорларининг вайс шогирди бўлишдан ҳузур-ҳаловат топди:
Билмам. Оллоҳ гул берганми, хас берган,
Не бўлса ҳам дилин сархуш, маст берган.
Нодирага каниз бўлиб сас берган,
Ҳалимаси, бийронидир Ўзбекнинг.
(523-саҳифа)
“Буюк қушлар” китобида ўзбекнинг сор лочинлари – Чўлпон, Абдулла Қодирий, Ойбек, Ғафур Ғулом, Миртемир, Зулфия, Шуҳрат, Усмон Носир, Саида Зуннунова, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов сингари санъаткорларга бағишланган шеърлар кўп. Буюклар ҳақида зинҳор шунчаки ёзиб бўлмайди. Улар ҳақида ёлқин, ҳарорат, чин ҳавас билан ёзиш жоиз. Улкан санъаткор услубини теран ҳис қилмасдан туриб, у ҳақда фикр айтиш мумкин эмас.
Яқин-яқинларгача шоир қалби, қиёфаси асарлари асосида тасвирланарди. Ҳозир шоирни англаш, услубини ҳис этишда беш ҳис – кўриш, эшитиш, шавқ-завқ олиш, туйғулар тийраклиги, ботиний англаш баб-баробар хизмат қиляпти. Ҳалима Худойбердиева саркарда, санъаткор, бек, амир, олим ҳақида ёзмасин, қаҳрамони услубини англайди, унинг руҳ-руҳига кириб боради. Шоира яратган лирик, тарихий, бадиий характерлар асосан руҳий ҳаракатда, тафаккур юритиш жараёнида тасвирланади. Унинг лирик қаҳрамони бир кунгина эмин-эркин, хоҳлаганидай яшашни орзу қилиб қолади. Шу куни у Яратгандан Навоий жафоси, Қурбонжон вафоси, Анбар она садоқатини, Моҳларойим кўрпасини, Яссавий каъбасини, Машраб нафасини қўмсайди. “Бир кун яшай...”даги ҳар бир деталь ҳақида батафсил ҳикоя қилиш мумкин. Ҳалима шеър ўқиётганда тамоман ўзгариб кетади. Ўзини ибодат қилаётган авлиёдай тутади, шеър мисралари оятдай тингловчи руҳини эркалайди. У бошқа санъаткорлар қалбидан ўтаётган туйғуларни теран ҳис қилади. Уларни заҳа қилмасдан китобхонга етказишга интилади. Унинг “Ижод сири, ишқ сири” шеъри биллурдай ял-ял ёниб туради. Шеърда теран ўқ илдиз, шоира ҳайрати, Ойбекка нисбатан улуғ бир ҳавас сезилиб туради:
У катта-катта кўзлар кўзми ё катта исён.
Дунёнинг гоҳи майда ишларидан ҳайратда.
У минглаб харсангларга урилиб синмаган жон.
У уриб турган юрак ўзи қолдирган хатда,
Айтилмаган сўзларнинг қолмоғига офарин,
Тилсиз сўзлаб... дунёни олмоғига офарин!
(514-саҳифа)
Ответить 
"+" от:
Старый 07.05.2012 16:27   #95  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
Абдуғафур Расулов, филология фанлари доктори, ЎзМУ профессори ҚАЛБ ЁЛҚИНИ ИМКОНИЯТИ

Цитата:
Шоира Ойбек ҳақида ёзаркан, айтмоқчи бўлган муҳим бир фикрини бундай ифодалайди:
Мунис ҳалқимга ҳам бу бўлгай мангу сабоқ, ун,
Бошқа бийрон тилларин эҳтиёт қилмоқ учун
(515-саҳифа).
Ҳалима мураккаб ижод йўлини босиб ўтди, услубини маромига етказди, ҳаёт, яшаш, дунё ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлди:
Бу дунё – даргоҳ эмас, дардгоҳ экан, иним,
Барчасидан юрагим қон қақшаган куним
Барчасин Худога солдим, Оллоҳга айтдим.
(“Тавба”, 572-саҳифа).
Дунёнинг зилдай дардгоҳ эканлигини англаган шоира кўрган, кузатган, ҳис қилганларини ўзи сингари аҳли дилларга айтади. Ҳалима ким билан қандай тиллашишини яхши билади. Ўртанган дил армонларини ҳаёт синовларида обдон тобланган одам ҳис қилади. “Шоир номи” шеърида Ҳалима Худойбердиева Абдулла Ориповга ўз юрагини очади. Шоира билади-ки, Абдулла Орипов дур шеърларини ёзиб, эмин-эркин нафас олмади: ҳамиша курашда бўлди, катта-кичик зиддиятларни сабот билан енгиб борди. Шоира дил армонларини донишманд Абдулла Орипов тушуниб етади.
Бу дунё шу – биров номус, имоним деб йиғларкан,
Биров ёшлар тўкиб мансаб, унвоним деб йиғларкан.
Биров халқим, ў, ранглари сомоним деб йиғларкан,
Мен сарғайма гўдакларни “полвоним” деб йиғларкан,
Ғамларини яширолмай тўккан ёшлар, оғажон.
Шоира бетакрор, лўнда фикрини бундай ифодалайди:
Ки, чин шоир хоҳ тахтда, хоҳ ғорда яшар оғажон,
Боши дорга тикилгандир, дорда яшар, оғажон.
... Энди билдим, нечун сенинг кўзинг кулмас, оғажон,
Кўзларингда “Халқим”, деган сезим кулмас, оғажон.
(351-саҳифа)
Ҳалима Худойбердиева зинҳор етук санъаткорлар ижодини муттасил ўрганишдан, маҳорат мактабларидан ҳайратланмасдан яшай олмайди. Шоира бетакрор услубини белгилади, ўзига хос оҳанг, ҳолатда шеър ўқиши билан элга танилди. Ҳануз у тинимсиз изланади, янги мазмун, жозибали шакл изланишдан толиқмайди. Шоира ижодидаги “Бир шеър керак...” шеъри тиқмачоқдайлиги, ҳароратлилиги билан диққатни тортади:
Бир шеър керак, шундай шеър битта,
Ёзгач, тағин умр сўрамай.
Ўша шеърдан гурлаган ўтда,
Ўла олай ортга қарамай.
(284-саҳифа)
Шоира “шунчаки ёзиш”, “тил учинда” (601-саҳифа) ашъор битиш уятлигини ҳис қила-қила, залворли асарлари сонини орттира-орттира эстетик принципини тасдиқлай борди. Ижодкорнинг дахлсиз олами, гўзаллик яратиш йўлидаги интилишлари, бадиият қонуниятларини қайта кашф этиши, шеъриятда ўз майдонини эгаллаши – эстетик принципидир. Гўзаллик тамойилини яратиш – игна билан қудуқ қазиш, улкан чўққиларни забт этиш, олти тарафдан рўйи рост кўриниб турган “мен”ни маёқдай тиниқ кўрсатиб қўйиш. Бунинг учун шоир – ихтирочи мана бу мисраларни тўлиб-тошиб айта олиши жоиз:
Кундуз юриб ёздим, тун туриб ёздим,
Ёзганда кўксимга тиғ уриб ёздим.
Дардларимга сиёҳ кор қилмай қолгач,
Қаламни қонимга ботириб ёздим.
(“Даъват”, 412-саҳифа)
Гўзаллик тамойили фалсафий мушоҳадалар, нафис лирик оҳанг йўлакчаларидан ўтиб шаклланади. Донишмандлар айтмаган, фалсафа мулкининг қадриятига айланмаган жавоҳир фикр қолмаган ҳисоби. Аммо санъаткорона қалб, юксак истеъдод, фикрловчи онг бор экан, фалсафий тушунчалар ҳамиша тоза, барра бўлиб қолаверади. Янги нафас, беандоза шакл фикрни ҳамиша янгилайверади. “Бедилона” (285-саҳифа), “Таскин” (562-саҳифа) сингари шеърларда изланувчи тафаккур самараси бор. “Чарх”, “Дунёи дун”, “Оламнинг эгаси” ҳақида минглаб шеърлар битилган. Ҳалима дунёга ўз тушунчаси нуқтаи назаридан боқади, ҳайратга тушади:
Ақлим танибман-ки, тинмай
Чархга солдинг, эй дунё,
Айлантирдинг, билмам қандай
Омон қолдим, эй дунё.
(“Нима олдинг?”, 562-саҳифа)
Шоира ақлини таниди-ю, шеър оламига кирди: унинг хобида, ўйида, яшаш тарзида шеърият бор. Шеър ҳақида шоирдан ўтказиб бир сўз айтиш амри маҳол. Ҳалима шоира асосий китобини “Буюк қушлар” деб номлайди. Ғалати-я?! Шу номдаги шеър ўқилгач, буюк қушлар “бу дунёнинг соғларидан, бемор бўлиб”, “ҳасад тошидан безор бўлиб”, “ёр қўллари тутса заҳар, беёр бўлиб”, “қарашлари сокин, эзгин Пайғамбардай, пирлардай” (652-653-саҳифалар) ўлишлари айтилган. Шоира буюк қушлар яратган боқий қадриятларни муқаддас деб билади. “Буюк қушлар” шеърини ўқияпман-у, кўз ўнгимда Навоий, Бобур, Зебуннисо, Машраб сингари улуғлар гавдалана бошлади. Булар, шоира ёзганидай, буюк қушлар. Уларнинг бебаҳо асарларида айни вақтда инсоний дард, алам, изтироблар бор. Қирчиллама ёшдаги Бобур: “Гарчанд бошим устида ой нурлари ёғмоқда, Ҳолим шу қадар забун, ҳолим шу қадар танг-ки...” (489-саҳифа) деса, Зебуннисо “илонлардан сут сўрайди” (572-саҳифа). Буюк қушлар шундай сайрайдиларки, китобхон уларга шайдо бўлиб қолади. Ҳалима Худойбердиева буюк қушлар қаторида парвоз қилаётган ўзига хос қуш. Унинг асарларида фикр ва бетакрор оҳанг, ўзига хос куй омухталашиб кетган. Аниқроқ айтганда, шоира ижодида ранг-баранг характерлар кўзга аниқ ташланиб турса-да, қалбнинг нозик, дилрабо куйи китобхонга етиб боради, унинг руҳу борлиғини чулғаб олади. Шоира ижодида лиризм, ботиний куй танқисроқ деганлар хато қилади. Ҳалима қалбга етиб борадиган куйни чалиш, лиризмни маромига етказиб тасвирлаш машқини эгаллаган. Баъзилар, ҳатто таҳририятлардаги муҳаррир – ходимлар шоира шеърларини мукаммал англаб етишда оқсайдилар.
Санчийди кўксимнинг мана бу ери,
Кўрганда “тоғчалар”, тўсин тоғларни...
Босишиб ўз кичик молаларини,
Пилдираб, шеъримда бошлашар шудгор...
Сўнг шеърим оламан қўлидан юлиб,
Сўнг... бу шудгорланган шеърдан кечаман.
(“Шудгорланган шеър”, 339-саҳифа)

Ответить 
"+" от:
Старый 07.05.2012 16:29   #96  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
Абдуғафур Расулов, филология фанлари доктори, ЎзМУ профессори ҚАЛБ ЁЛҚИНИ ИМКОНИЯТИ

Цитата:
Улуғ санъаткорлар шеър шакли, таркиби, маъно-мазмунига ҳамиша янгилик киритиш йўриғини излайдилар. Ҳалиманинг фалсафий шеърларида фикр теран, шакл-шамойил ўзига хос. Шоиранинг халқона оҳангларда ёзилган шеърларида ички мусиқа, китобхон қалбини ром этадиган нола, руҳ, кайфият бор. “Мажнунтол” (559-саҳифа), “Қарамлик” (463-саҳифа), “Дарёга” (328-329-саҳифалар), “Эй курашаётган йигит” (113-114-саҳифалар) шеърларида фольклоризм, нозик дидли ровий қиёфаси кўзга ташлана қолади:
Худойим -эй, Худойим
Кўп бўлди-ку, хатойим.
Кўкингдан жой бермасанг,
Ерларингда ётойин.
Худойим – эй, Худойим
Бўлди қиёмат қойим.
Чиққан эдим ой каби,
Энди қайга ботойин.
(“Сарсон ой”, 578-саҳифа)
Ҳалима Худойбердиева тўпламида салкам юзта бахшиёна оҳангдаги асарлар бор. “Бахшиёна” тушунчаси бор эди-ю, атамаси учрамасди. Ҳамид Олимжон, Тўра Сулаймон, Ҳалима Худойбердиева, Усмон Азим, Тоғай Мурод, Азим Суюн сингарилар бахшиёна асарларга расмий иқома бердилар. Бахшиёна дейилдими, дўмбиранинг сеҳрли оҳанги тингловчини ром эта бошлайди. Бахшиёнада она сути, азон товуши билан руҳга сингган алланима бор. Жиззах, Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарёда вояга етган санъаткорлар қалбини сал-пал тирнасангиз, достону айтишувлар булоқдай отилиб чиқа бошлайди. Достон ва бахшиёна асарларда сеҳрли оҳанг, маром, жангу жадал тасвири, қаҳрамонлар аро муносабатлар, ҳатто махлуқоту мавжудот аро алоқа акс этади. Бахшиёналарда наср ва назмни ажратиб турадиган “чегара” бот-бот бузилиб туради. Бахшиёнада драматизмнинг мавжудлиги муҳимдир. Эътибор берилса, бахшиёна поэтикаси, архитектоникасида модернизм, постмодернизм унсурлари кўзга ярқ этиб ташланади. Бахшиёна нисбатан ёш жанр бўлгани боис унинг руҳига янгича тасвир, ғайришуурий ҳолатлар эркин кириб бормоқда. Мана Ҳалима шоира бахшиёнаси – “Кунтуғмиш” достонидан бир банд:
Асли эркак, аёл бирдай йўл излар,
Дониш ақл, уддабурон қўл излар,
Айтинг, айтинг, кулли ўтган азизлар,
Нечук аёл кўнгли доим зор келди.
(256-саҳифа)
Замонавий шоирлар достон билан баллада, айтишув билан сонет аро қардошликни кўрмоқдалар. Бахшиёналарда оқ шеър, мансуравий унсурлар, драматизм диққатни жалб этади.
Ҳ.Худойбердиева ижодида бахшиёна асарларнинг учраши, улардаги тадриж мантиқий асосга эга. Шоира қонида Самарқанд, Жиззах достончилик анъаналари руҳи бор. Эргаш Жуманбулбул ўғли, Фозил Йўлдош ўғли, Пўлкан Жомурод ўғли сингариларнинг мўъжизавий образи, сеҳрли куйи Ҳамид Олимжондан тортиб ўтган асрнинг 60-йилларигача туғилган шоирлар асарлари структурасида акс этган. Ҳалиманинг “Сирдарё билан суҳбат” шеъридаги бандга эътибор беринг:
Соҳилингда алпзодалар, алплар яшар,
Сукут эмас, жаранглаган зарблар яшар,
Ўртангувчи, ўртагучи қалблар яшар,
Бундайларга ҳақ бир байроқ, бир туғ бўлар,
Ҳақ деганнинг мартабаси улуғ бўлар.
(287-саҳифа)
Ҳ.Худойбердиева шеъриятида табиат тасвири кўзга дарҳол ташланмайди. Дашту далаларда ўсадиган явшан, юлғун, янтоқ, шувоқ, бурган, эрмонлар, қадимий қудуқ, адирлар тасвири кўринмайди. Ваҳоланки, “Буюк қушлар”даги шеърларда “чуввос солиб кўз ёш тўккан қушчалар”, “қўпган бўрон”, “юзини ёпиб йиғлаётган ой”, “тош отаётган ғазабнок маймун”, “милт-милт ёш тўкаётган қари қоплон” (“Қичқириқ”, 428-саҳифа), “кўкига турналар “қур-қур”лаб ботган”, “тарқоқ арслонларин бошлари кетган” (“Турон”, 436-саҳифа)лиги назокат пардасига ўраб берилган. Шоира мақсад – ният ғоясига кўра “шамолларнинг ўткинчи, ғар, ғайри, тили-ю дили айри” (“Бу шамоллар баланд дорга осилмас”, 432-саҳифа) эканлигини ғазаб-ла ифодалайди. Хуллас, “Буюк қушлар”да табиат-жамодот, махлуқот, наботот яхлит тасвирланган.
Ҳар бир санъат асарининг биографияси – замони, макони, яратувчиси ҳақида, албатта, маълумот берилади. Шундай асарлар борки, уларда мозий, ҳозирги кун, келажак вақтнинг чайир ипига боғланган бўлади. Ҳалима шоира гоҳ фольклор-бахшилар ижодидан, гоҳ Шарқ ва Ғарбнинг классик адабиётидан, гоҳ ҳозирги илғор жаҳон адабиётидан таъсирланиб шеърлар ёзади. Ўзгача айтганда, оққан, оқаётган дарёлардан ўз анҳорига оби ҳаёт, куч-қувват олади. Гарсиа Лорка, Рене Шар, Муҳаммад Иқбол, Андрей Вознесенский, Меҳмед Эмин Юрдақул, Имант Зиедонис сингари ўнлаб шоирлар ижодидан таъсирланиб шеърлар ёзади.
Ҳалима олдингдан оққан сувнинг қадри баландлигини чуқур ҳис қилади. Шоира Абдулла Қодирий, унинг романларини юксак баҳолайди. “Бегим, сизни Худойим...” (36-саҳифа), “Ҳар гап ўтса... мендан ўтди”, “Ҳуррият тожи” (513-саҳифа) шеърлари “Буюк қушлар” китобининг безаги бўлиб қолди. “Учинчи қиз” (207-саҳифа), “Уфқ”ни ўқиб...” (144-саҳифа), “Ўнг қўлга қасида” (511-саҳифа) сингариларни асарлар ҳақидаги ғаройиб асарлар дейиш жоиз. Чингиз Айтматов луғатида биринчилардан бўлиб қўлланган “манқурт” сўзи Ҳалима шеърларида учраб туради. Хуллас, шоира шеърлари ким, қайси замон тўғрисидалигидан қатъи назар поэтик яхлитлик яратганлиги, ҳар бир шеърнинг ўзлиги борлиги, бетакрор қиёфа, услуби билан диққатга сазовор. Маҳобатли тўпламдаги ҳар бир асар бир-бири билан бирлашиб, чатишиб кетган. “Буюк қушлар” китобини маҳобатли панорамадай кўриш, ундаги ҳар бир детал, бўёқ ташийдиган мазмун мағзини чақиш мумкин. Масалан, китобнинг бир неча шеърида Нажмиддин Кубро қиёфаси кўзга ташланади. Шоира улуғ мутафаккир Кубро билан Ватан рамзи байроқ – яловни ялакат ҳолатда тасвирлайди. Широқ, Насимий, Яссавий, Анбар Отин сингарилар бир-икки ўринда бетакрор қиёфада кўринадилар. “Буюк қушлар”, менимча, шеърий характерлар асари. Унда уч тоифа кишилари характери диққатни тортади. Биринчи тоифани туркийлар, ўзбекларнинг шаклланишига ҳисса қўшган Амир, Султон, Бек, Додҳо, халқ эрки йўлида курашишни қон-қонига сингдириб юборган сиймолар белгилайди. Туркистон тарихида Султон Жалолиддин ўчмас из қолдирган. Ҳалима “Султон, қаҳрингни бер!” шеърида муҳим фикрни илгари суради. Халқ мисоли оқар сув, ҳаракатдаги денгиз. Унинг табиатида қаҳр ҳам, меҳр, ғам, қувонч, ўктамлик, ҳатто чапанилик ҳам бўлмоғи керак. Жалолиддин, Темурдан кейин Туркистонга кўз олайтирган душманлар халқ руҳини сўндиришга, унда қўрқоқлик, иккиюзламачиликни авж олдиришга ружу қилдилар. Асов Амудай жўш урган, кўксида арслон ёли бўлган, Чингизхон аскарлари қалбига титроқ солган паҳлавон, жўмард Султондан Ҳалима шоира “би-и-ир султонлашиб олишга”, “би-и-ир яшаб қолишга” изн, имкон сўрайди: қаҳрини бериб туришга ундайди (495-саҳифа).
Ответить 
"+" от:
Старый 07.05.2012 16:30   #97  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
Абдуғафур Расулов, филология фанлари доктори, ЎзМУ профессори ҚАЛБ ЁЛҚИНИ ИМКОНИЯТИ

Цитата:
Тўпламдаги “Сув узатар томирим” (450-саҳифа), “Йиғламадим” (438-саҳифа), “Бугун тунда...” (434-саҳифа), “Кунинг кулсин” (471-саҳифа) сингари шеърлар Амир Темурга бағишланган, унинг бетакрор характерини ёритишга йўналтирилган:
Кетдингиз-у, етим ерга қўпти балолар,
Қавмингизни ҳар ўткинчи, иркит ит қопти.
Сиздан сўнг ҳам келди олтин бошли болалар,
Лек уларни қилич еди, жодилар чопди.
Минглаб кесик бошлар кетди юмалаб, тўзғин,
Сўнг юз йиллаб қон ҳидидан изғиди қузғун!
(“Кунинг кулсин”)
Шоир, ёзувчилар Темур ҳақида тўлиб-тошиб, яйраб-яйраб ёзяптилар. Хўш, Амир Темурни халққа, юртга, туркийларга ким қайтарди? Мегаполис Тошкентимизнинг қоқ марказига суворий Амир Темур ҳайкалини ўрнатишга ким кенг йўл очди? Нафақат Амир Темур, балки озодлик йўлида ҳаракат қилганларнинг номи халқ қалбининг оппоқ дафтарига битилди.
Ким ўйлабди, улуғ Темур шунча йилдан сўнг
Гўрдан чиқиб, болаларин жамламоғини?!
Жаҳонгирга элга қайтмоқ-бахт қутлуғ бўлсин,
Авлодларга қайтган тожу тахт қутлуғ бўлсин!
(472-саҳифа)
“Буюк қушлар” китоби ўзига хос бадиий тазкира тусига кирибди. Унда ўнлаб қалам соҳиблари ҳақида маълумотлар бор. Яссавийдан то Муҳаммад Юсуф, Аъзам Ўктамгача шоирлар ҳақида бадиий фикрлар айтилган..
Тўпламдаги учинчи тоифага муқаддас аёл, унинг она, опа, сингиллари ҳақидаги шеърлар киритилган. Хуллас, “Буюк қушлар” – ранг-баранг, бетакрор характерлар китоби. Уни тунда юлдузлар чарақлаб турган осмонга менгзаш мумкин. Ҳар бир юлдуз ўзига хос олам, айни вақтда тунги осмон фарзанди. Ҳалима характерларни деталлар воситасида очади. Детал, менимча, ўрни-ўрнида ишлатилган олмос, ақиқ, фируза, забаржад... Тўпламда қайта-қайта ишланган тимсол – Нодираи Даврон. Нодира – Моҳларойим деган исм кўп бор тилга олинади-ю, унинг характери, афсуски, турли ракурслардан ёритилмайди. Шундай фикрни Машраб, Усмон Носир ҳақида ҳам айтиш мумкин. “Моҳларойим туғилажак” шеърида улуғ шоира шахсига ҳурмат, Насруллога нисбатан қаҳр, аламзадалик кўзга аниқ ташланади:
Халқим, гарчанд ўткир тиғсан,
Ёлғизланма, қўш-қўш ўтгин
Насруллодай ўғил туғсанг,
Жоним, онам, бепушт ўтгин.
Айтгин, халқим – орим, шаъним
Биз бу йўлдан бормаймиз де.
Қайта топсак... Нодирани
Насруллога бермаймиз де.
(442-саҳифа).
Бу шеърда ўта нозик лирика, қалб изтироби бор. Шу ҳолат ташқи кўринишдаги, баъзи баланд, пастликларни текислаб юборади..
Ҳалима носирдай характер яратиш маҳоратини эгаллаган. Хассос шоира сифатида китобхон қалбига нондай азиз куй, мусиқани жойлай олади. Шоира шеърларида характер манзаралари кўзга яққол ташланиб турса, лиризм қалб малҳами сифатида пинҳона таъсир қилади.
Ҳ.Худойбердиева асарларидаги характер (портрет) масаласи рассом фаолияти мисолида аниқ сезилади. Рассомлар бор, манзара чизади, натюрморт яратади, ҳайкал ишлайди. Ўрол Тансиқбоев, Раҳим Аҳмедов, Неъмат Қўзибоев, Бахтиёр Бобоев сингарилар табиат тасвирчилари, манзарани жонлантириш усталари. Баҳодир Жалолов, Алишер Мирзаев, Жавлон Умарбеков, Акмал Нур сингарилар янги, постмодернизм йўналишидаги ранг тасвир намояндалари. Рассомлар орасида панорама яратувчи, портретнавислар алоҳида эъзоз, эътиборда бўлганлар. Шундай рассомлар сирасига Чингиз Аҳмаров, Абдулҳақ Абдуллаев, Рўзи Чориевлар киради. Портретнавис ҳам лирик ҳолатлар яратувчи нуктадон, ҳам қиёфани жонлантирадиган соҳир уста бўлмоғи жоиз. Дейлик, А.Абдуллаев ижодида автопортретлар кўп. Фақат рассом-у нозик дид мутахассислар автопортретлардаги ўзига хосликларни кўра биладилар. Ҳалима Худойбердиева ўзбек шеъриятига лирик, бетакрор характерни олиб кирган шоиралардан бири. Шоира ижодида йиғлаётган Бобур, руҳий изтиробдаги Зебуннисо, Нодираи Даврон, Абдулла Қодирий, Ойбек диққатга молик. Насрулло Нодирани ёвузона қатл қиларкан, фақат Мадалихон онасинигина кўрди. Ваҳоланки, Нодира ҳамиша жўшқин, ёлқинли шеърлари билан барҳаётлик гувоҳнамасини олиб бўлганди. Нодира шеърлари яшаркан, инсонлар Насруллони қотил, қалбсиз кас сифатида қарғаб ўтадилар.
Ответить 
2 "+" от:
Старый 07.05.2012 16:30   #98  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
Абдуғафур Расулов, филология фанлари доктори, ЎзМУ профессори ҚАЛБ ЁЛҚИНИ ИМКОНИЯТИ

Цитата:
Ҳалима шеърларини ўқиган одамда инсоний ғурур, эмин-эркин яшаш эҳтиёжи кучая боради. Кексайиб қолган Нажмиддин Кубро ёвуз душманга қарши майдонга тушади. Эрк, ватанпарварлик рамзи бўлган байроқни қўлидан қўймайди. Кекса мутафаккир қилмишига қойил қолган шоира бугунги кишиларга, ёш ватанпарварларга мурожаат қилаётгандай бўлади:
Мабодо ёв келса
Кубролар янглиғ
Байроқни бермасдан...
Жон берадиган
Борми?!
(“Байроқни бермасдан...”, 627-саҳифада)
Шоира ўтмишдан, шер юрак боболардан гап бошлайди-да, аста-секин нигоҳини бугунги кунга буради:
Юртни берсанг осмонин
Кўтаргич қанотга бер.
Ўлса, ерин аёлдай
Қучиб ётар зотга бер.
(“Берар бўлсанг...”, 646-саҳифа)
Шоира замондошига таваккал савол беришда давом этади. Ҳалиманинг ушбу йўриғини ҳаёт-мамот тести (саволи) дегим келди:
Барчамиз келган-у бир кун кетар қуш,
Ўлим отган ўқлар бир-бир етар қуш.
Ўшанда...
“Ватан”, – деб ҳушли ё беҳуш,
Жон чиқиб кетгунча ёзоласанми?
(“Жон чиқиб кетгунча...”, 645-саҳифа)
Ҳ.Худойбердиева узоқ тарихимизни ўрганди: қаҳрамон ота, оналаримизга таъзим қилди; эрк учун жон фидо қилганларга Оллоҳнинг раҳматини сўради ва асосий гапни кўндаланг қўйди:
Боз эгилса,
Бош учар тошдай.
Боз эгилса, биз ўзи киммиз?
Айрилмаслик учун ҳам бошдан
Энди юксалмоққа маҳкуммиз!
(“Юксалишга маҳкумлик”, 496-саҳифа)
Ҳалима – парвоздаги буюк қушлар вакиласи. Унинг илтижоси ижобат бўлсин. Юксалмоққа маҳкумлигингиз рост бўлсин.
Ҳалима 1987 йилда чоп этилган китобини “Муқаддас аёл” деб номлаган эди. Унинг “Буюк қушлар” китобидаги етакчи ғоялардан бири – аёлни улуғлаш, унинг инсоният тарихидаги хизматларини кўрсатиш. Аёл замонни замонларга, юртларни юртларга, оталарни болаларга меҳр билан пайвандлайди. Она – эзгулик, эрк, адолат рамзи. Халқ мотамда қолса, она йиғиси ҳаммани селдай эритади. Юрт бахтга бурканса, она боласини бағрига босганича қаҳқаҳа қилади. Муқаддас аёл жуда кўп юртларда озодлик, эрк, фаровонлик, тенглик рамзига айланган. Ҳалима шоира белига белбоғ бойлаган, жангу жадалларда қилич чопган оналарни, эътиқодли, истеъдодли, вафодор аёлларни маромига етказиб таърифлайди:
Ҳарир, хушбўй баданингда тошлар изи бор,
Кўкрагингда эгилган не бошлар изи бор,
Қуёш изи, куйдирган қуёшлар изи бор,
Сен барибир муқаддассан,
Муқаддас аёл!
(“Муқаддас аёл”, 225-саҳифа)
Шоиранинг ўзи муқаддас аёл зотидан. Уни шеърият майдонига юзларча вайс ва бевосита устозлар бошлаб кирди. Шоира деярли барча устозларига, ҳатто ижодкор сингилларига шеър бағишлаган.
Муқаддас аёл ҳақида ўйларкан, шоира икки онаси – Шарофат ва Қаршигул Хонназар қизларини алоҳида бир меҳр, тоза муҳаббат билан эслайди. Ҳар икки она-қадрдон қишлоқ, ёр-биродарлар рамзи. Ҳалима отаси Умматқул Худойберди ўғли, оналарини ёдга олса, қадрдон қишлоғи қучоғида юргандай, беғубор, беташвиш болаликка қайтгандай бўлади. Унинг димоғига оқ олмалар ҳиди, янги ўрилган йўнғичка иси, буғдой ўраётган ўроқнинг бетакрор овози қулоғига киради. Қишлоқ, ёшлик онлари – шоира қалбидаги очилмаган қўриқ.
Ҳалима яқиндагина шўх-шодон талаба эди. Орадан қирқ йил ўтибди. Шоира теп-текис йўлдан бориб шеърият шоҳсупасига кўтарилмади. Унинг шеърий йўсини – шаклланаётган услубига тиш-тирноғи билан қарши чиққанлар бўлди:
Ниманг ортиқ сенинг, ортиқ қаеринг?
Ўрмоққа чоғланиб ўткир чалғидай.
Буйруқ қиладилар, йўлдан қайиринг –
Барча юрган йўлдан юрсин, чалғимай...
Аранг оёқдаман, титрар бош, қўлим
Ва лекин кўзларим қамашар нурдан.
Мен очган йўлдир бу. Ўзимнинг йўлим,
Қолса ўз йўлимда қолади мурдам.
Барча юрган йўллар барчага тегиш.
(“Ўзимнинг йўлим”, 660-саҳифа)
Ҳалима мураккаб ҳаёт, ижод йўлини босиб ўтди. Бу йўлларнинг баланд-пастликлари ҳақида ҳали кўп ёзилади... Биз “Буюк қушлар” ҳақидаги қарашларимизни баён этдик, холос. Шоира ҳануз: “Вузгородок томонларда ҳамон ҳаво ёқимлими? У ерларда болаларнинг кўзи ҳамон ёлқинлими? – дея сўрайверади. Вузгородок – ёшлар шаҳарчаси. Ёлқин, жўшқинлик, изланиш – ёшликнинг доимий ҳамроҳи.
“Буюк қушлар” – катта, маҳобатли китоб. Унинг фазилат-у янгиликларини дабдурустдан айтиб бериш мушкул. Лекин асар ҳақидаги муҳим гаплардан бирини айтай. Ҳалима – сертуйғу, фикрловчи шоира. Унинг баъзи шеърларида туйғу ва фикр бақамти келиб қолади. Ҳис-ҳаяжон гоҳида мисраларни майиштириб, эзиб, сиқиб қўяди. Бир мисрага ниқтаб икки фикр сингдирилган ўринлар учрайди. Туйғу селдай босиб келганда баъзи сўзлар ноўрин, гоҳо бузиб қўлланиб юборилади. “Барг тушмади ерларга...” шеърида “шона” сўзи бор. “Пешона” унга қофиядош. Тажрибали китобхон “шона” қовурғалигини англайди. Ёш китобхон-чи?...
Шоира ижодида бағишлов шеърлар анчагина. Бағишловнинг муҳим бир хусусияти бор: шоир шахсий майллардан юксалиб кетиши, умуминсоний масалаларга урғу бериши жоиз. Ҳ.Худойбердиева бағишловларининг айримларида симпатия асосий кўрсаткич бўлиб қолган.
“Буюк қушлар” асари нафақат Ҳ.Худойбердиева ижодининг, балки ўзбек истиқлол шеъриятининг кўркам намунасидир.
Ответить 
Реклама и уведомления
Старый 12.09.2012 11:32   #99  
Аватар для albatros
Оффлайн
Сообщений: 881
+ 1,270  830/414
– 4  16/13

UzbekistanОтправить сообщение для albatros с помощью Skype™Facebook
Цитата:
Сообщение от Nigora Umarova Посмотреть сообщение
Шоира Ҳалима Худойбердиеванинг янги китоблари "Ўзбекистон" нашриётидан нашрдан чиқибди. Китобни ўқиганлар, танишиб чиққанлар борми?
Bugun xuddi shu kitobni sotib oldim(Chunki ana shu kitob nashrdan chiqqandan buyon izlab yurgandim). 728 sahifadan iborat ushbu kitobda shoiraning shu kungacha yozgan "Ilk muhabbat", "Oq olmalar", "Chaman", "Suyanch tog'larim", "Bobo quyosh", "Issiq qor", "Sadoqat", "Muqaddas ayol", "Bu kunlarga yetganlar bor", "O'sh o'zgan faryodi", "Hurlik o'ti", "To'marisning aytgani", "Saylanma", "Yo'ldadirman" kitoblaridan olingan eng sara she'rlari, shuningdek tarjimalari va keyingi yillarda yozilgan qalb bitiklari o'rin olgan. Bir so'z bilan aytganda ushbu kitobni sotib olgan kitobxon hech ham afsus qilmas ekan.
__________________
Qololmas jahon ichra mangu kishi,Faqat qolg'usi yaxshi nomi, ishi.(Sa'diy)

Последний раз редактировалось albatros; 12.09.2012 в 11:48.
Ответить 
Старый 12.09.2012 12:21   #100  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
Цитата:
Сообщение от albatros Посмотреть сообщение
Bugun xuddi shu kitobni sotib oldim(Chunki ana shu kitob nashrdan chiqqandan buyon izlab yurgandim).
Китобни неча пулга, қаердан харид қилдингиз?
Ответить 
Ответить




Powered by vBulletin® Version 3.8.5
Copyright ©2000 - 2025, Jelsoft Enterprises Ltd. Перевод: zCarot
Advertisement System V2.5 By Branden
OOO «Единый интегратор UZINFOCOM»


Новые 24 часа Кто на форуме Новички Поиск Кабинет Все прочитано Вверх