AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360
10,318/4,529
– 37
58/50
|
|
Тўхтамурод Зуфаров, филология фанлари номзоди
|
|
Цитата:
М а қ о м н и н г с у в р а т и
Ўтган асрнинг 70-йиллари эди. Ҳамид Сулаймон Алишер Навоий номидаги адабиёт музейида “Ғазал ва мусиқа” мавзусида алоҳида кўргазма (экспозиция) яратишга киришди. Бу ишни ўзига хос ғайрат ва эътибор билан бошлаган Ҳамид Сулаймон, аввалига, бу хусусда, адабиётшунос ва мусиқашунослар билан маслаҳатлашиб илк режа тузди.
Ана шу режага биноан, таниқли мусиқашунос Исҳоқ Ражабов кўргазмага қўйиладиган кўҳна созлар рўйхатини тузди ва бу рўйхат созгар уста Усмонга топширилиб, у билан битим тузилди. Айни чоғда, ясалажак созлар учун ўрик ва ёнғоқ дарахтларининг ёғочлари музейга келтирилди.
Ҳамид Сулаймоннинг ўзи эса Москва ва Ленинград шаҳарларига бориб, у ердаги музей ва кўргазмаларда юриб, истеъдодли рассомларнинг ишлари билан яқиндан танишди ва ўша рассомларнинг ўзлари билан учрашиб, уларни Ўзбекистонга таклиф қилди. Ўша рассомлардан икки киши – Николай Николаевич Баскаков ва Игор Александрович Роздрогинлар 1974-йилнинг баҳорида Тошкентга келишди. Ҳамид Сулаймон ва мен уларни Тошкент аэропортида кутиб олдик. Меҳмонхонага келгач, Ҳамид Сулаймон: “Сизлар йўлдан чарчаб келдинглар. Бугун яхшилаб дам олинглар, иш ҳақида эртага гаплашамиз” – деди. Рассомлар эса: – “Йўқ, аксинча, бизлар йўлда дам олиб келдик. Иложи бўлса, шу бугуноқ ишга киришганимиз маъқул", – дейишди. Шундан кейин, дастлаб Юнус Ражабийнинг уйига боришга қарор қилдиқ. Йўлда кетар эканмиз, Ҳамид Сулаймон маслаҳат тарзида: – “Тўхтамурод, буларни қай бирига Юнус акамни топширсак бўларкин?”, – деб сўради. (Ҳамид Сулаймон рассомлар илғаб қолмасин деган мақсадда “портрет” сўзини айтмади). Мен бундай саволни кутган эдим. Шунинг учун ўша заҳоти:
– Домла, буларни қайси бири хоҳиш билдирса, ўшанга топшириш керак, – деб жавоб бердим.
– Гапинг тўғри, – деди Ҳамид Сулаймон, – ҳақиқатан ҳам санъаткорнинг кўнгли чопмаса, уни минг зўрлаганинг билан фойдаси бўлмайди.
Ҳамид Сулаймонда ажойиб бир фазилат бор эди. У, ниҳоятда, жиддий
масалалар юзасидан ҳам ходимларга, уларнинг ёши ва илмий даражасидан қатъий назар, маслаҳат соларди. Бундай кезларда фикр билдиришга ожизлик килган ходимларни Ҳамид Сулаймон хуш кўрмас, айниқса: “Домла, ўзингиз биласиз” деганларни ҳатто койиб ҳам ташларди. Аслида эса, Ҳамид Сулаймон биз – илмий ходимларни мустақил фикр қилишга чорлар эди.
Юнус Ражабийнинг уйига етиб келганимизда, баҳор қуёши ўзининг ёрқин нурларини саховат билан сочмоқда эди. Юнус Ражабий бизларни хурсанд бир кайфият билан кутиб олди. Ҳамид Сулаймон у кишини рассомларга ўта мақтов сўзлари билан таништира бошлади. Бу сўзларни эшитиб турган Юнус Ражабий майин жилмайиб, ўзига хос овозда:
– Ҳамиджон, мақтовниям ашулага ўхшаб авж пардадан бошлаб бўлмайди. Униям аввал паст пардадан бошлаб, секин кўтарсанг ёқимли бўлади, – дея мутойиба қилди.
Юнус Ражабий сиймосидаги улуғворлик билан қоришиб кетган ўзбекона камтаринлик хонада ҳар қандай тортинишлардан холи эркин бир вазиятни вужудга келтирди. Юнус Ражабий билан Ҳамид Сулаймон ўрталарида бўлаётган ҳазил-мутойибаларни таржима қилар эканман, рассомлар ҳам яйраб-яйраб кулишар, баъзан эса бошларини бир томонга сал эгиб, Юнус Ражабийни синчковлик билан кузатишар эди.
Ниҳоят, Ҳамид Сулаймон суҳбатга жиддий тус бериб:
– Юнус ака, ўша сизга айтган рассомлар мана шулар. Булардан бири сизнинг портретингизни ишлайди. Шунга, энди, ўзиингиз вақт ажратсангиз, – деди.
– Хўп, майли. Локин бу рассомлар фақат мани сувратимни чизса, унда окамла минан Исоқ нима бўлади?
– Уларни ҳам портретларини чизади.
– Якка-якками?
–Ҳа.
– Гапинг тўғри-ку, Ҳамиджон, аммо, бизани биров-бировимизадан ажратмасанг! Ҳаммовзани бирга чизса қандоқ бўларкин?
Кутилмаганда ўртага ташланган бу фикр Ҳамид Сулаймонни тўлқинлантириб юборди ва у зудлик билан рассомларга маслаҳат сола бошлади. Николай Николаевич Баскаков бу фикрни жуда маъқуллади ва рухсат этилса бу ишга киришажагини айтиб, розилик билдирди. Аммо, аввалига, ҳар бирларини алоҳида-алоҳида хомаки портретлари чизиб олингач, бир кун ҳаммаларини биргаликда турганларини чизиш лозимлигини қўшимча килди.
Николай Николаевич ўз фикрларини баён килар экан, Ҳамид Сулаймон майин жилмайиб менга каради. Унинг бу қарашида: “Гапинг тўғри чиқди”, деган маъно бор эди. Шундан кейин, Хамид Сулаймон Юнус Ражабийга мурожаат килиб:
– Юнус ака, сиз айтгандай бўлди, энди ҳаммайлани бир куни музейга таклиф қилиб, ўша ерда сувратнинг умумий кўринишини келишиб оламиз. Унгача майда-чуйда ишларни шу ерга келиб ишлайди, шунга рози бўласиз, – деди. Юнус Ражабий рози бўлгач, бизлар кетиш учун ижозат сўрадик. Юнус Ражабий бизни кўчагача кузатиб қўйди.
Машинада қайтар эканмиз, Ҳамид Сулаймон хурсанд бир кайфиятда: – “Иш яхши бошланди. Энди, сан бу рассомни ёнида бўласан. Сан санъатни тушунасан. Шунийчун бу юмушни санга юклайман”, – деди. Шундан кейин биз Николай Николаевич билан бир неча кун давомида Юнус Ражабий, кейин Рисқи Ражабий ва Исҳоқ Ражабовларнинг уйларига қатнадик. Николай Николаевич аввалига қалам билан, кейин мой буёқ, билан уларнинг хомаки портретлари ва уларга мансуб ашёлар расмини чизиб олди.
Ниҳоят Ражабийларни музейга йиғадиган кун тайин бўлди. Ҳамид Сулаймон уларни кундуз соат ўн иккига музейга келишларини илтимос қилди. Чунки, рассомнинг сўзига кўра, бу вақтда ёруғлик меъёрида бўлар экан.
Николай Николаевич бу кунга жуда катта тайёргарлик билан етиб келди. Бунга қадар у Тошкентнинг тарихий қадамжоларига борди. Деярли барча музейларга ташриф буюрди. Бозорларни айланди. Хатто, айрим тўйларга бориб, хонанда ва созандаларни кузатди. Ўзбек таомларини тотиб кўрди. Мен унинг жуда кўп саволларига атрофлича жавоб бердим. Миллий кийимларимиз, удумларимиз ҳақида кўп маълумотларни айтдим.
Мана, Ражабийлар музейда махсус тайёрланган хонага бирин-кетин
кириб келишди. Ҳамид Сулаймон уларни хурсандчилик билан кутиб олиб,
рассом билан аввалроқ, қилинган келишув бўйича, жой-жойларига ўтқазди.
Ўртада Юнус Ражабий, унинг чап ёнида Рисқи Ражабий, ўнг ёнида эса Исҳоқ Ражабов ўрин олишди. Ҳамид Сулаймон рассом билан улар олдидаги стол устига қўйиладиган ашёлар ҳақида бир муддат баҳслашгач, узр сўраб, чиқиб кетди.
Николай Николаевич ўзига хос жадаллик билан иш бошлади. Шу пайт, Юнус Ражабий мендан қоғоз ва қалам олиб келиб беришимни сўради. Рассом ишлашда давом этаркан, Юнус Ражабий қоғозга араб алифбосида нималарнидир ёза бошлади. Кейин ишора билан мени чақириб: “Бу “Ғазал ва мусиқа” кўргазмасида сувратлари қўйиладиган санъаткорлар руйхати. Ҳамиджон шуларни кўргазмага қўйсин” ,1 деб тайинлади. Николай Николаевич шу куни тиним билмай ишлади ва оқшомга яқин мамнун ҳолда Ражабийларга миннатдорчилик билдирди.
Бу кунларда Игор Роздрогин Қўқон шаҳрига бориб, шоир Чархий портретига хомаки нусхалар чизиб келгач, Тошкентда созгар уста Усмон портретини яратди.
Шу тариқа икки рассом етарли маълумот ва хонаки нусхалар тўплагач, Ленинградга жўнаб кетишди.
Орадан уч-тўрт ой ўтгач, Ленинграддан тайёр суратлар адабиёт музейига келтирилди. Катта ёғоч қути қопқоғи очилди ва эҳтиётлик билан унинг ичидан сувратлар олиниб, музейга кираверишдаги зал деворига ёнма-ён суяб қўйила бошланди.
Ҳамид Сулаймон бошлиқ музей илмий ходимлари ҳар бир сувратни зўр қизиқиш билан қарши олишар ва унинг: “Фикрингиз қандай?” деган саволига бамаънироқ, жавоб беришга ҳаракат қилишар эди.
Ниҳоят, қутидан нисбатан каттарок, сувратни икки киши олиб деворга суяди. Суврат ҳамманинг эътиборини ўзига жалб қилди. Бу Николай Николаевич Баскаков ишлаган Ражабийлар суврати эди. Бу суврат ҳақида Ҳамид Сулаймоннинг саволига кимдир “ўхшатибди”, кимдир “худди тирикдай ишлабди”, яна кимдир “қотириб ташлабди”, дея жавоб берди. Табиий, бу жавоблар Ҳамид Сулаймонни қониқтирмади. Шунда, бир дам завқ билан сувратга тикилиб турди-да: “– Бу мақомнинг суврати!” – деди.
|
|