Моё меню Общее меню Сообщество Правила форума Все прочитано
Вернуться   uForum.uz > ТЕМАТИЧЕСКИЕ ФОРУМЫ > Образование > Ижод хусусида сўз
Сообщения за день Поиск
Знаете ли Вы, что ...
...инструкция по установке аватара описана в Правилах форума.
<< Предыдущий совет - Случайный совет - Следующий совет >>

Ижод хусусида сўз Ижод аҳли, уларнинг ғояси, ҳаёт қараши, мақсадлари, ютуқлари, орзу ва армонлари.... (Все о творчестве, о людях творчества, их идеях, взглядах, достижениях и целях, мечты…)


Ответить

 
Опции темы Опции просмотра
Старый 20.01.2011 19:00   #451  
Заблокирован(а)
Аватар для kanishka
Оффлайн
Сообщений: 430
+ 78  238/129
– 0  16/9

Uzbekistan
Цитата:
Сообщение от gofurov Посмотреть сообщение
Хозирда узимизда хам дахшатли фильмлар жанрига мос фильмлар суратга олинмокда. Масалан: "Рух 5:13", "7 инсон чангалда" ... Шу тугрида нима деб фикр берган булардингиз?
Тақриз

7 ИНСОН ЧАНГАЛДА

“Узугимни бер!”

Куёв келинга.

“Тўртинчиси...”

Маҳлуқ Феруза ҳақида.

“Юзинчиси...”

Кассир аёл бир томошабин ҳақида.

“Тоғни елкамнинг чуқури кўрсин...”

Қўрқоқ Анонимус.

Бор экан-у, йўқ экан, Шавкат Жайрон исмли бир режиссёр бўлган экан. Болалигиданоқ кўрпа остига беркиниб олиб даҳшатли китобларни ўқишни-ю, турли-туман қўрқинчли фильмларни томоша қилишни суйган экан, айниқса “Психо” (“Psicho”) ва “Техасслик арракашлар” (“Texas chain saw rage massacre”) жону дили экан. Фақат математикадан бироз оқсар экан. Негадир доим 7 рақамини 9 билан адаштирар экан...
Оббо, чалғиб кетдим.
Ҳурматли киноман. Агар мени триллерлар ишқибози деб ўйласангиз, катта хатога йўл қўймаган бўласиз. Аксарияти бемаъни қонхўрлик ва ваҳшийлик саҳналаридан иборат бўлса-да, муайян ғояга эга бўлмаса-да (жанр дурдоналари бундан мустасно), уста киноижодкорларнинг ноёб топилмалари-ю, ақлни шоширувчи психологик ечимлар кишида беиҳтиёр ҳурмат ҳиссини уйғотади. Ҳарқалай, кўпдан-кўп комедия ва драмалардан фарқли равишда, триллерлар одамни фикрлашга, мия бурмаларини ҳаракатга келтиришга ундайди.
Лекин “7 инсон чангалда” фильми намойишига эстетик завқ қидириб борганим йўқ. Очиғи, маньяклар тўғрисидаги биринчи ўзбек слэшеридан (ҳа, мен кўрган трейлерданоқ слэшер экани маълум эди) унча кўп нарса кутмагандим. Шунчаки, ўзбек кино саноатидаги янгиликларни билиш, ютуқлардан қувониш, камчиликлардан ранжиш эди мақсадим. Қисқаси, фильмни томошабин сифатида эмас, таҳлилчи сифатида кўриб чиқдим.
Сеанс бошланишидан олдинроқ бир қанча таасуротлар олдим. Яхшиси шундан иборат-ки, зал олдида мени фильмда роль ижро этган йигитлардан бири табассум билан кутиб олди. Мана томошабинга ҳурмат!
Ёмон таасурот эса фильмнинг кичик залда намойиш этилаётгани бўлди. Ўн кун ичида-я! Аллақандай “Девона фаришта”га сонмингта одам оқиб келган бир пайтда бизнинг тақриз объектимиз нари борса юзта одамни тўплай олди холос. Халқимизнинг клонлар мисоли бир-бирининг мазмунини такрорловчи севги қиссаларига бўлган иштиёқи менинг учун ҳар доим сир бўлиб келган. Афтидан, гап менталитетда. Яна ким билади дейсиз.
Дарвоқе, намойиш олдидан бизга ҳеч қандай таништирув материаллари тарқатилмади. Интернетда ҳам, сариқ матбуотда ҳам фильм ҳақида на бирорта тақриз, на бирорта тақдимот топа олмадим. Шу боис ижодий жамоа таркиби, фильм бюджети, олиниш муддати, тафсилотлари ҳақида маълумотга эга эмасман. Кўпчилик актёрлар янги бўлганидан, уларнинг ўз исмларини ҳам, қаҳрамонларининг номларини ҳам хотирамда узуқ-юлуқ сақлаб қола олдим. Бу тақриз ёзишни анчайин қийинлаштиради, лекин жараённи бутунлай тўхтатиб қола олмайди, табиийки.
Фильмнинг ўзига келсак.
Томошабинлар уни илиқ табассум қарши олди. Сеанс сўнгига қадар кулгу тинмади (қўрқинчли фильм намойишида-я?). Бунинг боиси балки картинада Санжар Шодиевнинг иштирок этгани, балки ўзбек мухлисининг ушбу жанрга кўникмагани, балки томошабинларнинг умумий аҳлоқий ва интеллектуал даражасидир. Ҳарқалай, бечора қаҳрамонларимиз жонини сақлаш учун ўзларини у ёқдан бу ёққа уриб юрган чоғда “Баҳонада қизнинг елкаларидан ушлаб-ушлаб олди” деб қийқирганлар ҳам топилди. Нима бўлганда ҳам, томошабинлар сеансдан хуш кайфиятда чиқишди.
Ответить 
2 "+" от:
Старый 20.01.2011 19:01   #452  
Заблокирован(а)
Аватар для kanishka
Оффлайн
Сообщений: 430
+ 78  238/129
– 0  16/9

Uzbekistan
* * *

Ўйлаганимдек, фильм Голливуд слэшерларидан кўчирилган киноштампларга тўла экан. Сюжетнинг ўзиёқ бир қанча номларни ёдимга солди (мени гуноҳга ботирманг-да, Роб Шмидт ижодини эсланг). Лекин фильм ижодкорларининг масъулиятсизлигидан нолиш ниятим йўқ. Аксинча, улар ўзбек киносига олиб кирган янгиликлардан мамнун бўлдим.
Биринчи кадрлар. Тасвир булутлар орасидан тоғ этагигача тушиб келади. Жанр қонунларига кўра, асосий сюжет чизиғига алоқадор бўлмаган қаҳрамонлар – икки нафар “гиолог” (мен саводсизни сўкишга шошилманг, титрларда ҳудди шундай ёзилган) маньякнинг дастлабки қурбони бўлишади. Маҳлуқимиз тўсатдан ҳужум уюштириб, ҳар иккала шўрпешонани бирин-кетин судраб кетади. Эпизод яхши чиққан, динамика ва ҳаяжон бор. Кейин эса “эски тасма” форматида фильтрланган кадрларда намойиш этилаётган оқ оғу фонида Voice Over гиёҳванддан дунёга келган мутант ҳақида ҳикоя қилиб беради (Роб Шмидтнинг беҳаё фантазияларини бироз юмшатишибди, азаматлар). Нима ҳам дердик, бу ҳам бир ечим. Одатда ёвуз қаҳрамоннинг ҳаёт йўли фильм ниҳоясида томошабин ҳукмига ҳавола этилади. Аммо бу ҳолда фильм сўнгида якуний учрашув ва фалсафий суҳбат уюштириб, ё бош қаҳрамоннинг, ё маҳлуқнинг баҳридан ўтишга тўғри келарди. Афтидан, Шавкат аканинг кўзи қиймаган.
Ўша кунларда қўлига диплом, кўксига шамол теккан бир гуруҳ талабалар (тўрт йигит, тўрт қиз) кўп йиллик ўқиш азобидан қутулганликларини тоғда, табиат қўйнида нишонлашга отланади. Кулгили томони шунда-ки, жами саккиз бош... узр, нафар талаба бутун бошли ўттиз икки ўринли автобусни ижарага олади. Ё бу талабалар ортиқ даражада бойликка эга, ё бўлмасам режиссёр кам сонли саёҳатчилар одатда ўн икки-ўн беш ўринли “Раф” гаплашишларини ўйлаб кўрмаган. Nuff said.
Ҳудди шу вақти КУТИЛМАГАНДА тоғда кўчки бошланади ва йўллар беркилади. Автобус ҳайдовчиси орқа йўлдан боришга қарор қилади. Ва яна КУТИЛМАГАНДА автобус ғилдираги тешилади. Энди саёҳатчиларимиз қароргоҳга пиёда етиб боришга мажбур. Дарвоқе, бунга қадар маҳаллий радио орқали тоғда бизга таниш геологлар ўлдириб кетилгани, шу атрофда қўрқинчли маҳлуқни кўришгани эълон қилинади. Лекин бу ҳам болаларни шаштидан қайтармайди – улар йўлида давом этади.
Иккинчи асосий сюжет чизиғига кўра тоғ ёнбағрида клип суратга олинмоқда (яна оригиналдан чекиниш). Клипмейкер кимлигини топинг-чи. Шавкат аканинг ўзлари! Клип ишланаётган қўшиқ муаллифи бўлмиш ҳофиз бола кўчки туфайли назорат постида ушланиб қолиб, талабалар автобуси ортидан заҳира йўлга киради. Барибир улгурмайди – машинаси ишдан чиқади, клипмейкер эса ҳаммани сўкиб-сўкиб, ахийри лаш-лушларни йиғиштиради-да, қайтиб кетади. Бироздан сўнг ҳофиз бола саёҳатчи талабаларга қўшилиб олади.
Кейинги эпизодга баҳо беришга бироз қийналдим. Қаҳрамонларнинг Тоҳир Содиқов хонишлари фонида чакалакзорлар ва тепаликлар аро йўл юришларидан иборат чиройли, динамик, шу жанрга мансуб киноларда кўп учрайдиган анъанавий саҳна (бошқача қилиб айтганда, trip). Лекин Тоҳир Содиқовдан сўнг яна “Биттлз”ни қўйиш шартмиди? Саҳна ортиқ даражада чўзилиб кетгани майли (7-8 дақиқа!), мен Шавкат акани ўйлайман. Копирастлар ажнабий фильмда британиялик ҳофизнинг мусиқасини эшитиб қолишса борми, касса йиғимлари суд ҳаражатларини қоплашга кетади деб қўрқаман.
Дам олиш бир маромда давом этади. Жанр қонуниятларидан чекинилмаган ҳолда, қувончли саёҳат дилҳираликка олиб келади – бир йигит кўтармадан қумалоқ ошиб, оёғини синдириб олади. Кун ботади, қаҳрамонларимиз ўрмон ичида ёқилган гулхан атрофида тўпланишади. Саҳна ўртача, эътирозлар йўқ. Иштирокчилардан бирининг узугини йўқотиб қўйган арвоҳ ҳақидаги бемаъни ҳикоясини айтмаса, албатта. Талабалар бир-бирини қўрқитиш билан кўнгилхушлик қилишади. Воқеаларга авжига яқинлашаётганини билдирувчи таҳликали мусиқалар чалинади, томошабинни янада чалкаштириш учун актёрлар сал нарсага чўчиб тушаверади. Сўнг, анъанага кўра, ҳофиз боладан куйлаб беришни сўрашади. Гитара жўрлигида куйлаган бу қўшиқ ростакамига жазавамни қўзитди. Шавкат ака, шу сатрларни ўқиётган бўлсангиз, илтимос, тушунинг – бу КИНО, клип эмас. Бундай саҳналарда мусиқа садолари асосий аудиқаторга қўшилмайди, гулханнинг чирсиллаши-ю, ёввойи табиат овозлари эшитилиб туриши шарт!
Хуллас, мусиқадан сўнг йигит-қизлар жуфт-жуфт бўлиб “айланиб келгани” кетишади (ҳа ҳа, биз биламиз улар нимага кетганини...) – бу ҳам битта штамп. Тоғни туман қоплайди, гулхан атрофида ўтирганлар ширин уйқуга кетади. Эрталаб туриб не кўз билан кўришсин-ки, уч киши йўқ! Олтовлон икки кишидан гуруҳларга бўлиниб, шерикларини қидира бошлайди. Одатда қийин вазиятларда одамлар бирга бўлишга ҳаракат қилишади. Лекин негадир кинода гуруҳга бўлинишни яхши кўришади, бу 99 % вазиятда оғриқли ўлимга олиб келса ҳам. Голливуддан муваффақият билан ўзлаштирилган навбатдаги штамп.
Тўрт нафар саёҳатчи санғий-санғий бир кулбага дуч келишади. Ичкарида нималар йўқ дейсиз – синиб ётган ноутбук, даста-даста уяли телефонлар (уддабурро талабалардан бири уларни чўнтакка уришга улгуради, тўғри, сценарийга кўра Ҳадрада пуллашга улгурмайди), қонда қайнатилган мазали шўрва, фильм бошида чавақланган геолог аёлнинг кепкаси (менга маъқул тушган топилма), тунда ўғирлаб кетилган талаба қизнинг гримчилар томонидан қўрқинчли аҳволга олиб келинган жасади... Яна бир бор КУТИЛМАГАНДА севимли маньягимиз келиб қолади (ақли туғма ноқис мутант оғир машина ҳайдашни ўрганиб олганига қойил). Ваҳимага тушиб қолган қаҳрамонларимизга сичқон ини минг танга бўлиб кетади – иккитаси қўшни хонага, иккитаси тўшак остига беркинишади. Шу ерда бизга маҳлуқнинг бутун ҳусни жамоли намойиш этилади. Гримчилар “Бужунлар кўчасида ваҳшат” (“The nightmare in elm street”) дан илҳомлангани кўриниб турибди. Ўзбек Фредди Крюгери! Бунақа қисиқ кўзни Чингизхон ҳам орзу қилмаган бўлса керак.
Маҳлуқ навбатдаги ўлжасини судраб келиб, дастурхонга тортади ва қассоб болта билан чамалаб кўради. Нафас ютиб парчалаш саҳнасини кутаётганимда – Таассуф! – маҳлуқ чарчагани ҳис қилади ва ширин уйқуга кетади. Томошабинларимиз ўзбек “Хостел”ига тайёр эмас деб ҳисоблашган кўринади.
Бундан фойдаланган талабалар эҳтиёткорлик билан кулбадан чиқиб, жуфтакни ростлаб қолишади. Аммо иккитаси кўзланган манзилга етолмай бу ғаддор дунё билан хайрлашади – нима деб ўйлагандингиз, маҳлуқ уйғонди! Ҳофиз бола билан Феруза ғорга яшириниб, бир-бирининг оғушида саҳарни пойлашади. Шу ерда ижодкорлар жанр алгоритмидан чекинишган – ғор салқинидаги романтик ва экстримал вазиятга интим саҳна қўшилмаган. Голливуд киночилари фақатгина юзидаги иссиқликларни кетказолмай қийналиб юрган ўспиринлар диққатини жалб этиш учун бундай саҳналарга мурожаат этишади, деб ўйласангиз, янглишасиз. Маълумки, ҳалокатли вазиятларда жон талвасасига тушган инсон томирига адреналин қуйилади. Вазият сокинлашгач, қуйилиб келган қувватни бирор нарсага йўналтириш талаб этилади. Айниқса ғорда, ёлғизликда... Нотўғри тушунманг, киноштампларни беўхшов ҳажв қилдим, холос.
Давоми...ни эса “Панорама”да кўрасиз. Шавкат Жайроннинг продюссерлари томошабинларни йўлдан урган безорини қидириб юришмасин тағин. Фақат битта нарсани айтишим мумкин – охирида, ҳар доимгидек, энг гўзал қиз (Комила) ва энг мард йигит (ҳофиз бола) тирик қолади. Яна бир нарса – фильм якунида маҳлуқнинг кўз очганига, унутилиб кетган учинчи жуфтлик томон қассоб болта учиб келганига қараганда, сиквел кутишимиз мумкин.
Ответить 
"+" от:
Старый 20.01.2011 19:03   #453  
Заблокирован(а)
Аватар для kanishka
Оффлайн
Сообщений: 430
+ 78  238/129
– 0  16/9

Uzbekistan
* * *

Албатта, фильм ёқмади. Ёқиши ҳам шарт эмасди. Муҳими – ўзбек Вес Крейдени киночилигимизга янги ва қизиқарли жанр олиб кирди. Ютуқлари ҳам ўзига яраша. Динамика жойида. Монтаж ва мураккаб саҳналар шубҳасиз муваффақиятли чиққан (ўзбек киноси учун). Энг қувонарлиси – кадрлашда clipper усулидан яхши фойдаланилган. Динамик саҳналар, серҳаяжон диалоглар shuffler-cam да олинган. Статик камерада узундан-узоқ саҳналар-у, ошиқларнинг аянчли қиёфалари суратга олинадиган “хонтахта” жонига текканларга тавсия қиламан.
Камчиликларга келсак. Актёрлар ўз образларини қиёмига етказа олмаган. Тушунаман, барчаси ёш ва тажрибасиз. Бироқ Улуғбек Қодиров сингари анчагина ном қозонган актёрларимиз ҳам оддий маиший фильмларда сохта табассумлари-ю, ёлғон ҳиссиётлари билан одамнинг асаб толаларига зомин бўлади. Триллерда, айниқса унинг энг ваҳший кўринишларидан бири бўлмиш слэшерда суратга тушишдан олдин эса психиатр билан маслаҳатлашиб олган маъқул. Ушбу фильмда актёрлик маҳоратини бор бўйича намоён этиш асосий вазифа бўлмагани кўриниб турибди.
Сценарий мукаммал эмас. Воқеалар тугунга маҳорат билан, қадамма-қадам олиб келинганига қарамай, эскпозиция ортиқча чўзиб юборилган. Ва, аксинча, кульминация қисқа бўлиб қолган. Сюжет мантиқини, ечимнинг қониқарли-қониқарсизлигини таҳлил қилиб ўтириш шартмас, ўз-ўзидан маълум...
Диалоглар содда ва беўхшов, сюжетда сунъийликлар кўп, ортиқча лейтмотивларни-ку (ўзбекчасига “шимдирма” деса бўларкан) айтмаса ҳам бўлади. Масалан, нуқул Ферузадан пул сўраб юрадиган каззоб тирранча ва йигити бошқа қизга уйланган Комиланинг кечинмалари фильмда қандай аҳамият касб этган – буни тушуна олмадим. Аслида бу камчиликлар барча ўзбек фильмларига хос, ҳамма гап соҳа мутахассисларининг камлигида, борлари давлат секторида ишлаши бўлса керак. Лекин бу кенгроқ мавзу, тақризимиз доирасига сиғмайди.
Хулоса қилсак. Баҳо жуда паст, айтишга тил бормайди. Лекин ўзбек киноси учун ютуқ. Шавкат ака, менинг баҳоимдан ранжиманг, мени душман деб билманг. Ишонинг, сиз тўғри йўлдан бораяпсиз, ижод қилишда давом этинг. Меҳнатингизни қадрлайман, олиб кирган янгиликларингиздан миннатдорман. Лекин ҳали бошингиздан мақтов ёғдиришга эрта.
Ответить 
2 "+" от:
Старый 21.01.2011 03:21   #454  
Known ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Colorado
Оффлайн
Сообщений: 2,785
+ 4,426  3,679/1,480
– 82  66/51

Uzbekistan
Цитата:
Сообщение от kanishka Посмотреть сообщение
ўзбекчасига “шимдирма
Оффтоп:
шу жумла менга бирам ёкди ) а по поводу фильма.... не видел и скорее всего не стану терять время на просмотр. но с большим удовольствием читаю ваши посты о узбекском кино, на них то "аллергии" нет, чего не скажешь о большинстве узбекских фильмов
Ответить 
"+" от:
Старый 21.01.2011 15:08   #455  
Заблокирован(а)
Аватар для kanishka
Оффлайн
Сообщений: 430
+ 78  238/129
– 0  16/9

Uzbekistan
Оффтоп:
Цитата:
Сообщение от Colorado Посмотреть сообщение
Цитата:
Сообщение от kanishka Посмотреть сообщение
ўзбекчасига “шимдирма
Оффтоп:
шу жумла менга бирам ёкди )
Ҳа энди асосий сюжетга "шимдирилади"-да


Цитата:
Сообщение от Colorado Посмотреть сообщение
а по поводу фильма.... не видел и скорее всего не стану терять время на просмотр. но с большим удовольствием читаю ваши посты о узбекском кино, на них то "аллергии" нет, чего не скажешь о большинстве узбекских фильмов
И правильно сделаете, посмотрите первый "Поворот не туда" - и все дела.

Благодарю, кстати, за внимание. И уже всерьёз подумываю посвятить свободное и не только время написанию рецензий.

Последний раз редактировалось kanishka; 21.01.2011 в 15:12.
Ответить 
Реклама и уведомления
Старый 21.01.2011 16:06   #456  
uParty Member Known ID Group Ultimate
Аватар для OmoN
Оффлайн
програмщег
Сообщений: 4,971
+ 2,743  5,086/2,116
– 69  99/68

Uzbekistan
Цитата:
Сообщение от kanishka Посмотреть сообщение
Бор экан-у, йўқ экан, Шавкат Жайрон исмли бир режиссёр бўлган экан.
Тақриз учун раҳмат. "7 ИНСОН ЧАНГАЛДА"ни кўрмаганман. Негадир уни ўқиётиб "Поворот не туда 1" эсимга тушиб кетди (синган ноутбукларни ҳисобга олмаганда).
ПС: Барча ужас кинолар қатори "Поворот не туда (1,2)" ҳам севимли фильмларимдан бўлиб дискимда алоҳида ҳурматга сазовор Учинчиси умуман ёқмади.
__________________
Ошибки прошлого, мудрость будущего. (с)Д.Тернер.
Ответить 
Старый 21.01.2011 16:38   #457  
Заблокирован(а)
Аватар для kanishka
Оффлайн
Сообщений: 430
+ 78  238/129
– 0  16/9

Uzbekistan
Цитата:
Сообщение от OmoN Посмотреть сообщение
Тақриз учун раҳмат. "7 ИНСОН ЧАНГАЛДА"ни кўрмаганман. Негадир уни ўқиётиб "Поворот не туда 1" эсимга тушиб кетди (синган ноутбукларни ҳисобга олмаганда).
Офарин, топдингиз . Роб Шмидт ижодидан дедим-ку. Ҳудди ўшанинг ўзи-да.
Ответить 
Старый 21.01.2011 16:50   #458  
Known ID Group
Аватар для JUS
Оффлайн
Сообщений: 1,829
+ 814  1,598/765
– 60  19/16

Saudi Arabia
Цитата:
Сообщение от kanishka Посмотреть сообщение
Yo`q. "Wrong turn-2" dan ruslarning "SSD" filmi ko`chirilgan. Rimeyk emas, motiv va asosiy fabula - masalan, kannibalizmni olib tashlashgan. "7 инсон чангалида" boshqa joydan olingan.
Цитата:
Сообщение от kanishka Посмотреть сообщение
Цитата:
Сообщение от OmoN Посмотреть сообщение
Тақриз учун раҳмат. "7 ИНСОН ЧАНГАЛДА"ни кўрмаганман. Негадир уни ўқиётиб "Поворот не туда 1" эсимга тушиб кетди (синган ноутбукларни ҳисобга олмаганда).
Офарин, топдингиз . Роб Шмидт ижодидан дедим-ку. Ҳудди ўшанинг ўзи-да.
"Wrong turn" нинг таржимаси бошқачами?

Последний раз редактировалось JUS; 21.01.2011 в 17:00.
Ответить 
Старый 21.01.2011 17:02   #459  
uParty Member Known ID Group Ultimate
Аватар для OmoN
Оффлайн
програмщег
Сообщений: 4,971
+ 2,743  5,086/2,116
– 69  99/68

Uzbekistan
Оффтоп:
Цитата:
Сообщение от JasurBek Urinboev Посмотреть сообщение
"Wrong turn-2" нинг таржимаси бошқачами?
Савол: Шмидт ўзбекчасига нима бўлади
Енгиллик:
1) Кийикнинг бир тури.
2) 1998 йиллардаги "Худога солдим" қўшиғи ижрочисининг фамилияси.
__________________
Ошибки прошлого, мудрость будущего. (с)Д.Тернер.
Ответить 
Старый 21.01.2011 19:09   #460  
Known ID Group
Аватар для JUS
Оффлайн
Сообщений: 1,829
+ 814  1,598/765
– 60  19/16

Saudi Arabia
Цитата:
Сообщение от OmoN Посмотреть сообщение
[/OFFTOP]Савол: Шмидт ўзбекчасига нима бўлади
Енгиллик:
1) Кийикнинг бир тури.
2) 1998 йиллардаги "Худога солдим" қўшиғи ижрочисининг фамилияси.[/OFFTOP]
Роб - Шавкат
Шмидт - Жайрон денг...?
Ответить 
Ответить




Powered by vBulletin® Version 3.8.5
Copyright ©2000 - 2025, Jelsoft Enterprises Ltd. Перевод: zCarot
Advertisement System V2.5 By Branden
OOO «Единый интегратор UZINFOCOM»


Новые 24 часа Кто на форуме Новички Поиск Кабинет Все прочитано Вверх