|
|
Знаете ли Вы, что ... | |
![]() |
...до того как открыть новую тему, стоит использовать поиск: такая тема уже может существовать. |
<< Предыдущий совет - Случайный совет - Следующий совет >> |
Ижод хусусида сўз Ижод аҳли, уларнинг ғояси, ҳаёт қараши, мақсадлари, ютуқлари, орзу ва армонлари.... (Все о творчестве, о людях творчества, их идеях, взглядах, достижениях и целях, мечты…) |
|
Опции темы | Опции просмотра |
![]() |
#28 |
![]() ![]() ![]() |
Шовқин солмай юриш масаласида керак бўлган пайтда ҳоббитлардан ҳам ўтиб тушишадиган эльфлар соядай жим одимлай кетишди. Кўп ўтмай уйқусираётган Пин тошларга қоқила бошлади, лекин уни ҳар гал новча бўйли бир эльф йиқилиб тушмаслиги учун қўлтиғидан тутиб борди. Вужудида қўрқув ва ҳайрат уйғунлашган Сэм эса Фродо билан ёнма-ён одимламоқда.
Сўқмоқнинг иккала томонидаги ўрмон тобора қалинлашиб бормоқда. Ўрмон дарахтлари ҳали ёш. Йўл сойликка тушиб борар экан, атрофда бутасимон ўсимлик бўлмиш ўрмон ёнғоғи кўринди. Ниҳоят эльфлар очилиб бораётган сўқмоқдан чиқиб, ўнгга, деярли кўз илғамас хиёбонга киришди. Иланг-биланг кетган ушбу хиёбон йўловчиларни дарёли сойликнинг қуйи қисмидаги дўнглик чўққисига олиб чиқди. Кутилмаганда улар дарахтлар соясидан чиққанча, тунда кулранг кўриниб, ўт-ўлани баланд ўсган ялангликка ўтишди. Уч томондаги дарахтлар анча нарида ўсган, дўнгликнинг шарқий нишаби эса тик тушган бўлиб, унда ўсган дарахтларнинг учи кўринмоқда. Пастдаги ясси текислик манзараси юлдузлар ёруғлигида хира кўринмоқда. Олисда эса Вудхолл қишлоғининг чироқлари милтилламоқда. Майсазорга жойлашиб ўтирган эльфлар ҳоббитларга эътибор ҳам қилмай, ўзаро пичирлай бошлашди. Уйқу босаётган Фродо ва унинг дўстлари плашга ўраниб олишган. Тун қалинлашиб, қишлоқ чироқлари бирма-бир ўча бошлади. Бошини эгатга қўйган Пин шу заҳоти ухлаб қолди. Шарқнинг баланд осмонида Риммират ялтираётган бўлса, туман узра кўмирнинг чўғидай қизарган Бергил кўтарилмоқда. Бироздан сўнг шамол туманни очилаётган пардадай ҳайдаб кетгач, осмонда камари ялтираёган қиличбардор милтиллади. Қўшиқ бошлаган эльфлар дарахт остига гулхан ёқишди. - Туринг, тез даврамизга қўшилинг! - чиқиришди эльфлар ҳоббитларни. - Қўшиқ айтиб, рақс тушиш вақти етди! Пин ётган ўрнига ўтириб, бироз титраганча кўзини ишқалади. - Залга гулхан ёқилган, очиққан меҳмонларимиз учун егулик тайёр, - деди ҳоббитларнинг ёнида турган эльф. Жануб томонда чиндан ҳам залга ўхшаш тўртбурчак хона пайдо бўлибди. Иккала томонда дарахтларнинг яшил тусли таналари устун каби тик ўрнатилган бўлиб, ўртада гулхан чарсилламоқда. Гулхан ёнига ўрнатилган хонтахтага терилган идишлар олтин ва кумуш тусда ялтирамоқда. Эльфлар хонтахта атрофида майса ёки ғўлаларга жойлашиб ўтиришибди, уларнинг бир неча нафари егулик билан ичимлик тарқатмоқда. - Таомларимиз камтаринроқ, чунки биз уйдан бироз олисроқдамиз. Уйда бўлганимизда Фродонинг туғилган куни муносабати билан яхшигина зиёфат уюштирган бўлар эдик, - тушунтириш берган бўлишди улар ҳоббитларга. Пин кейинчалик ўша кеча нима егани-ю, нима ичганини элас-элас хотирлади. У асосан оловнинг эльфлар юзида акс этган шуъласини, тушида эшитгандай ёқимли овоз ва товушларни, мазали оқ нон, ширин-шакар меваларни, булоқдан олингандай совуқ, ёз кунидай тилла тусли ичимликларни эслайди. Сэм кейинчалик ўша кечани бошқаларга айтиб бериш нари турсин, ўзига ўзи бўлса ҳам тавсифлаб ўтишга сўз топа олмади, гарчи ҳаётидаги энг муҳим ҳодисадай хотирасида аниқ сақланиб қолган бўлса-да. Айта олган гапи қуйидагича бўлди холос: «Биласизми, сэр, агар мен ҳам эльфлар берган олмадай мазали мевалар етиштира олганимда, ўзимни ҳақиқий боғбон деб билган бўлар эдим. Уларнинг қўшиқлари эса, агар нима демоқчи бўлганимни тушунаётган бўлсангиз, қалбим тўридан жой олди». Фродо ўз уйида ўтиргандай еб, ичди. Эльф тилини яхши унчалик билмаса-да, мезбонларнинг гап-сўзларини диққат-ла эшитиб ўтирди, хизмат кўрсатаётган эльфларга уларнинг тилида миннатдорлик билдириб борди. Кулиб боққан эльфлар эса бунга жавобан: «Ҳоббитларнинг тилласи!» - дея мақтаб ўтишди. Бироздан сўнг Пин тарашадай қотиб қолди. Эльфлар уни кўтариб, дарахтлар орасидан олиб ўтишганча, жойига элтиб қўйишди. Юмшоқ кўрпа-тўшакка бурканган Пин туннинг қолган ярмини қилт этмай ўтказди. Сэм ўз соҳибидан нари кетишни истамади. Фродонинг ёнида мизғиб ўтирганча, ниҳоят ухлаб қолди. Фродо эса уйқусиз, Гилдор билан узоқ суҳбатлашиб ўтирди. Икковлон эски ва янги мавзуларга доир суҳбат қуриб ўтирди. Бунда, Фродо асосан Шир ташқарисида, ёввойи ўлкаларда кечаётган ҳодисалар билан қизиқиб, ҳар хил саволлар бериб борди. Янгиликлар мазмунан қайғули, баъзан ваҳимали бўлиб, зулматнинг қуюқлашиб бораётгани, одамлар дунёсида кечаётган урушлар, эльфларнинг Ўртаердан қочиши ҳақида бўлди. Ниҳоят Фродо кўпдан буён қийнаб келаётган саволини беришга журъат этди: - Бэг-Эндни тарк этган Бильбони ҳеч кўрдингми, Гилдор? - Кўрдим, - кулиб боқди Гилдор. - Бир эмас икки марта кўрдим. Айнан мана шу ерда у биз билан хайрлашиб кетган эди. Лекин мен уни кейинчалик яна кўрдим, бу ерлардан анча олисда. Гилдор Бильбо ҳақида бошқа ҳеч нима демагани учун Фродо ортиқ хиралик қилмади. - Ўзларингга тааллуқли нарсалар ҳақида нега сўрамаяпсан, Фродо? - қизиқди эльф. - Мен сизлар ҳақингизда кам биламан, лекин юзларингиздан кўп нарсаларни уқиб олишим мумкин. Сен Ширни тарк этиб кетяпсан, лекин қидираётган нарсангни топишинг, вақти келиб юртга қайтишинг борасида иккиланяпсан. Шундай эмасми? - Шундай, аммо Ширни тарк этаётганимни Гэндальф билан Сэм билади холос деб ўйлаган эдим, - жавоб берди Фродо пишиллаб ётган Сэмга қараб. - Душман ушбу сирингни биздан била олмайди, - тинчлантирди уни Гилдор. - Душман? - ҳайрон бўлди Фродо. - Демак Ширни нима сабабдан тарк этаётганимни ҳам билар экансан-да? - Душман сизларни нима сабабдан таъқиб қилиб келаётганини билмайман, - жавоб берди Гилдор, - лекин изларингга тушганига ишончим комил. Огоҳлантириб ўтишим жоизки, хавф сизларни олдинда ҳам, ортда ҳам, икки ёнингизда ҳам таъқиб қилиб боради. - Анави Қора отлиқларни назарда тутяпсанми? Ўйлашимча, улар душманга хизмат қилади. Ким ўзи улар, ўша Қора отлиқлар? - Гэндальф ҳеч нима демаганмиди улар ҳақда? - Йўқ, менга ҳеч нима айтиб бермаган. - Демак, мен ҳам гапирмаслигим керак, акс ҳолда қўрқув ҳисси сизларга машаққатли сафарингизни охирига етказишга ҳалал беради. Назаримда, агар кеч қолмаган бўлсанг, Ширдан ўз вақтида чиқиб кетгансан. Ортга қайтмай, олға илдамлашинг керак. Энди Шир сени ҳимоя қила олмайди. - Шамали гапинг-у, огоҳлантиришингдан-да қўрқинчли нарсаларни тасаввур қила олмай қолдим! - хитоб қилди Фродо. - Йўлда мени хавф-хатар кутаётганини билар эдим, албатта, лекин унга Шир ҳудудидаёқ дуч келишим мумкинлигини хаёлимга ҳам келтирмаганман. Наҳотки энди ҳоббит ўз ўлкасидаги бир дарёдан бошқа дарёгача хотиржам юра олмаса?!
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига |
|
Ответить |
Реклама и уведомления | |
|
|