Моё меню Общее меню Сообщество Правила форума Все прочитано
Вернуться   uForum.uz > ТЕМАТИЧЕСКИЕ ФОРУМЫ > Образование > Ижод хусусида сўз
Сообщения за день Поиск
Знаете ли Вы, что ...
...инструкция по установке аватара описана в Правилах форума.
<< Предыдущий совет - Случайный совет - Следующий совет >>

Ижод хусусида сўз Ижод аҳли, уларнинг ғояси, ҳаёт қараши, мақсадлари, ютуқлари, орзу ва армонлари.... (Все о творчестве, о людях творчества, их идеях, взглядах, достижениях и целях, мечты…)


 
 
Опции темы Опции просмотра
Старый 29.09.2019 07:20   #10  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
- Сенга нима қилди, Гэндальф? Менга ҳеч қачон бундай қарамаган эдинг, - деди у. - Боиси нима бунинг? Узук меники-ю, ахир. Мен топиб олганман уни. Агар Узук бўлмаганда Голлум мени ўлдирар эди. У нима демасин, мен ўғри эмасман.

- Мен ҳеч қачон сени ўғриликда айбламаганман. Сени таламоқчи ҳам эмасман. Сенга ёрдам бермоқчиман холос. Менга илгаригидай ишонишингни истайман.

Тескари ўгирилиб, жойига қайтган Гэндальфнинг юзи ўз қиёфасини касб этиб, яна оппоқ соқолли, қадди мункайиб, нимадандир хавотирланаётган қарияга айланиб қолди.

- Маъзур тут, - деди Бильбо, қўли билан кўзини ишқалаб. - Қандайдир ғалати бўлиб кетяпман. Узукнинг ташвишини қилмасам ўзимни анча енгил тортсам керак. Тафаккуримнинг ҳаддан ортиқ кўп қисмни эгаллаб олган у. Назаримда, мени аллақандай кўз кузатиб тургандай. Узукни тақиб, ўша кўздан узоқларга кетгим келади. Уни бекитиб ташлашга уриндим, лекин агар киссамда бўлмаса, ўзимни хотиржам ҳис эта олмаслигимни англадим. Сабабини билмайман. Бунинг охири кўринмайдиганга ўхшайди.

- Ундай бўлса, менга ишон, - деди Гэндальф. - Уни шу ерда қолдир-да, йўлга чиқ. Узукка эгалик қилишдан воз кеч. Уни Фродога топшир. Мен эса Фрододан бохабар бўлиб тураман.

Иккиланиб қолган Бильбо бироз ўйланиб турди. Сўнг чуқур хўрсинди.

- Маъқул, - деди у ўзини мажбур қилиб. - Розиман. Зиёфат уюштиришдан мақсад ҳам шу эди-ю, аслида: ҳаммага совға тарқатар эканман, ўша совғалар билан бирга Узукдан ҳам воз кечиш осон бўлади деб ўйлаганман. Афсуски, осон эмас экан. Демак, Узук мол-мулким билан бирга Фродога ўтади, - чуқур хрсинди у. - Энди чиндан ҳам йўлга чиқмасам бўлмайди, акс ҳолда биров мени кўриб қолиши мумкин. Ҳамма билан хайрлашиб бўлдим, такрор хайрлашишни истамайман.

Қопини кўтарган Бильбо чиқиш эшиги томон одимлади.

- Киссангда Узук билан чиқиб кетяпсан, - эслатди Гэндальф.

- Э, ҳа-я! - хитоб қилди Бильбо. - Васиятнома-ю, бошқа ҳужжатларни ҳам қўшиб олиб кетяпман-а! Ма, ушла, мени халос қил улардан. Шундай қилсак, хавфсизроқ бўлади.

- Йўқ, Узукни менга ушлатма, - деди Гэндальф. - Камин токчасига қўй уни. Фродо келгунча ўша ерда ётади. Мен шу ерда кутиб ўтираман Фродони.

Бильбо киссасидан чиқарган конверни камин токчасида турган соат ёнига қўймоқчи бўлди-ю, қўли силтаниб ерга тушириб юборди. Сеҳргар Бильбодан абжирроқ ҳаракат қилиб шартта эгилди-да, конверни олиб токчага қўйди. Ҳоббитнинг юзи ғазабдан яна буришди. Бироқ жаҳлидан тез тушиб, юзига яна табассум югурди.

- Хўш, қилиниши керак бўлган иш қилинди, - хулоса қилди у. - Ана энди кетдим мен.

Икковлон залга чиқди. Бильбо ўзининг хуш кўрган сафар асосини олиб, қаттиқ ҳуштак чалди. Ичкари хоналардан учта гном югуриб чиқди.

- Ҳамма нарса тайёрми? - сўради улардан Бильбо. - Юк ортилдими?

- Ортилди. Ҳамма нарса сафарга шай, - жавоб беришди улар.

- Ундай бўлса, кетдик, - деди Бильбо, чиқиш эшиги томон одимлаб.

Қоронғи тушиб, осмон юлдузларга тўлибди. Бильбо бошини кўтариб, тун ҳавосидан чуқур нафас олди.

- Маза! Гномлар билан йўл юриш нақадар мароқли! Узоқ йиллар давомида айнан шу нарса етишмаётган эди менга. Алвидо! - деди у эски уйига юзланганча икки букилиб. - Кўришгунча Гэндальф!

- Кўришгунча, Бильбо! Ўзингни эҳтиёт қил! Қаридинг энди, балким ақлинг ҳам анчагина кириб қолгандир.

- Ўзимни эҳтиёт қилай? Ҳеч қачон! Мендан хавотир олма. Қара, мен яна бахтиёрман. Йўлга чиқиш вақти бўлди. Илгаригидек, мен яна йўлдаман, - қўшиб қўйди у ва қоронғиликка кирар экан, паст овозда ҳиргойи қилиб кетди:

Йўлга чиқ, ҳой беғам йўловчи,
Ғам-ғуссадан халос бўл энди.
Сўқмоқ остонангдан нари қочмоқчи
Қизиқ саргузаштлар кутмоқда сени.

Минглаб сўқмоқлар ўралиб бирга
Айланар узоқ сафар йўлига
Қаёққа элтар у, ҳақ гап билмайман,
Олиб кетсин майли дунё четига.

Бильбо бироз сукут сақлаб турди. Сўнг, ортиқча сўз айтмай, зиёфат ўтган дала ва унда тикланган соябонлар остидан ҳанузгача эшитилаётган овозлар-у, фонусларга тескари ўгирилиб, уч нафар ўртоғининг ҳамроҳлигида боғ оралаб одимлаганча узоқ чўзилган нишаб сўқмоқдан одимлай кетди. Қиялик охиридаги чакалак деворга етгач, унинг паст ўсган жойидан ҳатлаб ўтиб, майсадаги шабада каби яйлов тепалаб кетганча, қоронғиликда кўринмай қолди.

Гэндальф Бильбо кириб кетган қоронғиликка бироз қараб турди.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
 




Powered by vBulletin® Version 3.8.5
Copyright ©2000 - 2025, Jelsoft Enterprises Ltd. Перевод: zCarot
Advertisement System V2.5 By Branden
OOO «Единый интегратор UZINFOCOM»


Новые 24 часа Кто на форуме Новички Поиск Кабинет Все прочитано Вверх