|
|
Знаете ли Вы, что ... | |
![]() |
...до того как открыть новую тему, стоит использовать поиск: такая тема уже может существовать. |
<< Предыдущий совет - Случайный совет - Следующий совет >> |
Ижод хусусида сўз Ижод аҳли, уларнинг ғояси, ҳаёт қараши, мақсадлари, ютуқлари, орзу ва армонлари.... (Все о творчестве, о людях творчества, их идеях, взглядах, достижениях и целях, мечты…) |
|
Опции темы | Опции просмотра |
![]() |
#9 |
![]() ![]() ![]() |
- Нега энди биров ўқимас экан? Вақти келиб ўқишади. Масалан Фродо қўлёзмамни ўқиб чиқди. Айтгандай, унинг ҳолидан хабар олиб турасанми?
- Албатта. Имкон қадар тез-тез келиб тураман. - Агар илтимос қилсам, у мен билан бирга кетар эди. Умуман айтганда, зиёфат уюштирилаётган кунлари буни ўзи таклиф қилиб қолди. Аслида эса у ҳали истамайди бу ерларни тарк этишни. Мен ўлимимдан олдин тоғларни, Ёввойи ўлкани кўриб қолмоқчиман, у эса Ширни, бу ердаги далалар, ўрмонлар ва майда дарёларни жуда яхши кўради. Бу ерда у ўзини бахтиёр ҳис этади. Бор бисотимни унга қолдириб кетаман, айрим майда-чуйда нарсаларимдан ташқари. Бу нарсаларнинг бари энди унга ўтганини билиб, ўзини янада бахтли ҳис этади деган умиддаман. Энди у ўзига хон, ўзига бек бўлиб яшайди. - Бор бисотингни? - сўради Гэндальф. - Узукни ҳамми? Қолдириб кетаман деган эдинг, эсингда бўлса. - Э-м-м... ҳа, уни ҳам ташлаб кетсам керак, - тутилди Бильбо. - Қаерда ўзи у? - Ўзинг биласан, конвертда, - бетоқат бўлди Бильбо. - Конверт эса камин токчасида. Йўқ. Мана, киссамда! - иккиландди у. - Ғалати эмасми? - деди Бильбо ўзига ўзи. - Нега энди йўқ? Нега энди у шу ерда қолмаслиги керак? Бильбога яна бир бор диққат-ла разм солган Гэндальфнинг кўзида нимадир ялт этди. - Ўйлашимча, Бильбо, Узукни шу ерда қолдирганинг маъқул, - фикр билдирди у вазмин оҳангда. - Ўзинг шуни хоҳламайсанми? - Хоҳлайман ҳам, хоҳламайман ҳам. Ҳозир эса ундан айрилишни истамаслигимни ҳис этиб турибман. Нима учун уни бировга беришим керак, ҳеч тушунмаяпман? Ташлаб кетишимни истайсанми? - шубҳа ила сўради овози ўзгарган Бильбо қандайдир кескин, дарғазаб оҳангда. - Узугим ҳақидаги саволларинг билан бир умр жонимга тегиб келгансан. Сафар давомида қўлга киритилган бошқа нарсаларим билан умуман ишинг бўлмаган. - Чунки менга ҳақ гап керак бўлган, - деди Гэндальф. - Бу жуда муҳим эди. Сеҳрли... Узук... улар... сеҳрли бўлади. Жуда ноёб бўлиб, кўпчиликда қизиқиш уйғатади. Узугингга проффессионал нуқтаи назардан қизиқиш билдиряпман холос. Модомики, жаҳонгашталик қилишга бел боғлаган экансан, Узук қаерда сақланишини мен билишим керак. Фикримча, сен унга етарлидан ортиқ эгалик қилдинг. Агар янглишмаётган бўлсам, энди у сенга керак эмас, тўғрими, Бильбо? Ҳоббитнинг юзидаги ёқимтойлик барҳам топиб, ғазаб қиёфаси ялт этганча қотиб қолди. - Нега энди керак эмас экан? - хитоб қилди у. - Менинг мулким билан нима ишинг бор? У меники. Мен топганман уни. У менга келган. - Тўғри, тўғри, аччиқланишга ҳожат йўқ, - тинчлантиришга ҳаракат қилди Гэндальф. - Аччиқланишимга сен айбдорсан, - ўшқирди Бильбо. - Узук меники дедимми, меники. У менинг хусусий мулким. Менинг малоҳатим. Ҳа, малоҳатим у менинг. Сеҳргарнинг юзи жиддий ва ҳушёр қиёфа касб этганча қолди, кўзи тубидаги шуълагина унинг ҳайратланиб, хавотир ола бошлаганидан далолат бермоқда. - Илгари ҳам уни шундай деб аташган, - деди ниҳоят у. - Лекин сен эмас. - Энди мен ҳам шундай деб атайман уни. Нима қилибди уни малоҳатим десам? - эътироз билдирди Бильбо. - Нима қилибди уни Голлум шундай деб атаган бўлса? Узук энди уники эмас, меники. Айтдимми Узукни ўзимда қолдираман деб, демак қолдираман. Ўрнидан турган Гэндальф қатъий оҳангда жавоб берди: - Аҳмоқлик қилган бўласан, Бильбо, агар уни ўзинг билан олиб кетсанг. Ҳар бир сўзинг бундан аниқ далолат бермоқда. Узоқ йиллар эгалик қилдинг сен Узукка. Бу ҳаддан ортиқ кўп. Воз кеч ундан! Шундай қилсанг яна асл ҳолингга қайтасан. - Кўнглим нимани тусаса, шуни қиламан, - ўзиникини маъқуллаганча туриб олди Бильбо. - Менга қара, азизим ҳоббит! - деди Гэндальф. - Узоқ умринг давомида иккаламиз қадрдон дўст бўлиб келдик ва сен менинг олдимда қарздорсан. Ваъдага вафо қилгин-да, Узукни бер! - Узукка эга бўлмоқчи экансан, тўғрисини айтиб қўя қол! - хитоб қилди Бильбо, қўли қиличининг сопига югуриб. - Лекин сен унга эга бўлмайсан! Малоҳатимни бермайман дедимми, бермайман. - Аччиқланиш навбати ҳозир менга ўтиб қолади, - деди кўзи ярқираб кетган Гэндальф. - Шу гап яна чиқадиган бўлса оғзингдан, аччиғим чиқади. Ана ўшанда кўрасан, Гэндальфнинг асл башарасини... Ҳоббит томон бир қадам босган сеҳргарнинг бўйи янада чўзилиб, сояси хонани қоронғилаштириб юборди. Қўлини киссасига маҳкам босган Бильбо оғир нафас олганча орқа девор томон тисарилди. Кескин вазият қарор топган хонада иккаласи маълум вақт бир-бирига ўқрайиб турди. Гэндальф кўзини ҳоббитдан узмади. Ниҳоят Бильбо қўлини аста бўшатиб, вужудини енгил қалтироқ тутди.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига |
|
Ответить |
|
|