Кун аста-секин хиралашиб, энди саволларнинг бошқа оқими ёғдирилди. Қаерга келиб қолишди? Сўқмоқ қани? Егулик топса бўладими? Қандай иш тутиш керак энди? Ушбу саволлар тинимсиз такрорланиб, афтидан, ҳамма пакана хоббитдан жавоб кутмоқда. Кўриб турганингиздек, гномлар мистер Бэггинсга доир фикр-мулоҳазаларини Гэндальф билиб айтгандек, ўзгартириб, хоббитга ҳурмат-ла қарайдиган бўлиб қолишди. Бильбо бўлмаганда ўргимчак емига айланишини теран англаган гномлар энди унга вайсашмаяпти, аксинча, ўз миннатдорлигини такрор ва такрор изҳор этиб, хоббитдан ажойиб режа чиқишини кутишяпти. Уларнинг қайсидир бири эса Бильбонинг қаршисида икки букилиб таъзим бажо айлашга уриниб кўрди-ю, мадорсизликдан оёқда тура олмай, бурни билан ерга тиралиб қолди.
Сеҳрли узукка доир ҳақиқат Бильбонинг гномлар орасида қозонган обрўйига салбий таъсир кўрсатмади. Зеро, омади чопиб, Сеҳрли узук соҳибига айланганидан ташқари Бильбо ўз зеҳни ва топқирлигини намоён эта билди. Зеҳн-идроксиз эса бундай муваффақиятга эришиб бўлмаслигини гномлар яхши англашмоқда. Улар Бильбони мақтаб, шу даражада кўкка кўтариб юборишди-ки, хоббит ўзини ростдан ҳам жасур саргузаштлар ишқивозидай ҳис этиб, агар бироз тамадди қилиб олганда янада мард бўлиб қолишига амин бўлди.
Таассуфки, тамадди қилгани ҳеч нарса йўқ. Йўқотилган сўқмоқ қидирувига туриш учун мадор йўқ. Бильбо Ёвуз ўрмондан олиб чиқадиган сўқмоқни топиш ҳақида узоқ ўйланди, аммо чарчаган мияси иш бермагач, поёни йўқ ўрмоннинг охири кўринмас дарахт қаторига бақрайиб ўтирди. Ҳамма кўз юмиб, жимиб қолди. Фақат Балингина кулимсираб, ғулдурламоқда:
- Голлум!... Не хаёлларга борибман-а, мен! Шу тарзда ўта билган экан-да тумшуғим остидан, менга сездирмай! Тақиб олади-да... ҳа, тушунарли! «Ўғринча аста-секин, хоббитчасига эмаклаб келдим» денг, мистер Бэггинс? «Дарвоза остонасида бир олам тугма йўқотдим» денг? Қари тулкисиз, мистер Бэггинс, қари тулкисиз, қар... тул...
Балин ҳам ёнбошлаб ётган жойида тарашадек қотиб қолди. Ёвуз ўрмонда жимжитлик қарор топди. Шу ҳолатда улар узоқ ётишди. Кутилмаганда Двалин кўзини катта очиб, атрофга аланглади.
- Торин қани? - томдан тараша тушгандай сўраб қолди у.
Даҳшат! Улар чиндан ҳам ўн уч киши экан: ўн икки нафар гном ва бир нафар хоббит. Торин-чи, қаёққа гум бўлди у? Қандай қисматга йўлиқди экан? Сеҳр-жоду таъсирида қолдими, ё ўрмон махлуқларига ем бўлдими? Олдинига Бильбо билан гномлар даҳшатдан титраб ётишди, бироздан сўнг яна нотинч уйқуга кетишди. Ҳаммаси босинқираб чиқди. Оқшом тунга уланди. Мана шу ерга келганда ниҳоятда толиққан, ҳатто соқчи тайинламай ухлаб қолган йўловчиларни вақтинча холи қолдирамиз.
|