Моё меню Общее меню Сообщество Правила форума Все прочитано
Вернуться   uForum.uz > ТЕМАТИЧЕСКИЕ ФОРУМЫ > Образование > Ижод хусусида сўз
Сообщения за день Поиск
Знаете ли Вы, что ...
...для каждой темы существует свой раздел. Изучите структуру форума. Если соответствующего раздела нет, то всегда есть раздел "Разное" :)
<< Предыдущий совет - Случайный совет - Следующий совет >>

Ижод хусусида сўз Ижод аҳли, уларнинг ғояси, ҳаёт қараши, мақсадлари, ютуқлари, орзу ва армонлари.... (Все о творчестве, о людях творчества, их идеях, взглядах, достижениях и целях, мечты…)


 
 
Опции темы Опции просмотра
Старый 12.02.2016 14:23   #11  
Аватар для Asror Samad
Оффлайн
нафақахўр
филология фанлари номзоди, ёзувчи
Сообщений: 52
+ 111  50/19
– 0  1/1

Uzbekistan
КАМОЛОТ КАСБИ

Цитата:
Ўткир саккизинчи-тўққизинчи синфданоқ қуйилиб, анча ўйчан тортиб қолган эди. У кўпроқ китоб ўқийдиган бўлди. Ўзининг эслашича, унинг биринчи танишган ёзувчиси, ўн еттинчи асрнинг иккинчи ярми ва ўн саккизинчи асрнинг биринчи ярмида яшаб ижод этган, янги давр инглиз адабиётининг асосчиси Даниел Дефо ва унинг “Робинзон Крузо” романи бўлди. У, албатта, олдин ҳам бадиий асарлар ўқиган, дарсликларда берилган асар парчалари билан таниш эди. Лекин бу асар унинг болалик шуурига кучли таъсир қилди. “Робинзон Крузо”нинг биринчи қисми болалар учун жуда қизиқарли эди; Робинзоннинг ёлғизлик машаққатларини чекиши, оролда бутун иродасини ишга солиб, ҳаёт ўрнатиши, Жумавой билан танишиши ва унга тил ҳамда одамга ўхшаб яшаш тарзини ўргатишини ўқиш жуда мароқли. Аммо романнинг иккинчи қисми инглиз зодагонларининг ҳаётидан бўлгани ва энди Робинзон олдинги оролдаги дилбар киши эмас, балки димоғдор зодагон эканлиги болаларни зериктиради. Аммо шундай бўлса ҳам Ўткир бу романни қўлидан қўймай охиригача ўқиди ва эҳтимолки, биринчи марта бадиий олам билан ошно бўлди. Кейин у шунга ўхшаган асарларни излаб қолди. Мактабда кутубхона бор эди. Ўткир болалагидан рус тилида ўқир эди. Рус адабиёти ўша даврда ўзбек адабиёти ва бошқа Осиё халқлари адабиётидан кўра бойроқ; рус тилида жуда кўп жаҳон ёзувчиларининг асарлари нашр этилган; ўзбек адабиётида эса, таржима асарлар ҳам, оригинал асарлар ҳам саноқли эди. У мактаб кутубхонасидан Жек Лондон, Фенимор Купер, Жонатан Свифт, Майн Рид, Жюль Верн, Марк Твен каби адибларнинг асарларини топиб, берилиб ўқиди.
Ўткир мактабда бешинчи-олтинчи синфларда ўқиб юрган кезларида Ғафур Ғуломнинг “Том Сойер саргузаштлари”дан қолишмайдиган “Шум бола” қиссаси жуда машҳур бўлган. Ўткирнинг миллий адабиёт билан танишуви эҳтимолки Ғафур Ғулом асарларидан бошлангандир. Кейин у Ойбек романлари, Ҳамид Олимжон шеърлари билан танишди ва шу билан талабалик йилларига қадар ўзбек адабиётининг барча намояндалари асарларини мутолаа қилиб чиқди. Мактабни кумуш медаль билан битирганда (мактабларда олтин ва кумуш медаллар аъло ўқиганларга бериларди, олтин медаль фақат беш баҳога ўқиганларга, кумуш медаль эса битта тўрт баҳоси борларга берилган), у Абдулла Қаҳҳор, Яшин, Уйғун, Шайхзода, Миртемир, Саид Аҳмад, Зулфия, Саида Зуннунова, Шуҳрат, Туроб Тўла, Мирмуҳсин, Асқад Мухтор сингари шоиру адибларнинг асарлари билан яқиндан таниш бўлган.
Шуни таассуф билан айтиш керакки, мактаб дарсликларида йигирманчи асрнинг йигирманчи йилларидаги адабиёти Ҳамзадан бошланган ва кейин бирдан Ойбек, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Абдулла Қаҳҳор ижодий фаолиятларига сакраб ўтилган эди. Демак, йигирманчи йиллар адабиётида кимлардир ташлаб кетилган. Бу ўпирилиш 1956 йилда халққа маълум бўлди: йигирманчи йиллар адабиётида Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Ғулом Зафарий, Фитрат, Чўлпон, Абдулла Қодирий, Хуршид, Сўфизодалар бор экан. Ўзбек драматургияси Ҳамзадан эмас, Беҳбудийдан, ўзбек романчилиги эса Ҳамзанинг “Саодат ёхуд миллий роман” деб аталган бор-йўғи йигирма саҳифалик асаридан эмас, Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён” асарларидан бошланган экан.
Миллий республикаларда маданий мерос шўро сиёсати томонидан узиб-узиб ташланиб, бўлакларга ажратилди. Бу имлодан бошланди. Марказий Осиё республикаларида араб имлоси амалда эди. 1929 йилда бу имло бекор қилиниб, лотин алифбосига асосланган ўзбек имлоси жорий қилинди. 1941 йили эса бу ҳам бекор бўлиб, кириллча ҳарф муомалага киритилди. Демак, халқ икки марта саводсизлантирилди, икки марта “ликбез”лар очилди.
1958 йилга келиб Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи халққа қайтарилди. Роман қўлма-қўл бўлиб кетди. Роман халққа қайтарилгандан кейин билдикки, ўзбек адабиётида романчилик анъанаси Абдулла Қодирийдан бошланган экан.
Ўткир, ҳали айтдигимиз, оилавий китобхонликда бу романни кимдир ўқиб берганда эшитган, энди эса мактабни битириш арафасида ўзи мириқиб ўқишга муяссар бўлди. Эндигина адабиёт ишига ҳавас қўйган йигитчани роман ўзига тортиб кетди. У ўзбек тилининг жозибаси ва оҳангини, бойлиги ва фасоҳатини шу роман орқалигина билди, тушунди, десак, янглишмаган бўлармиз. Ана шу ўқилган китоблар, йигитча учун идеал бўлган адиблар уни учувчи бўлиш ҳавасидан қайтариб, адабиётга етаклади.
Ответить 
 




Powered by vBulletin® Version 3.8.5
Copyright ©2000 - 2025, Jelsoft Enterprises Ltd. Перевод: zCarot
Advertisement System V2.5 By Branden
OOO «Единый интегратор UZINFOCOM»


Новые 24 часа Кто на форуме Новички Поиск Кабинет Все прочитано Вверх