нафақахўр
филология фанлари номзоди, ёзувчи
Сообщений: 52
+ 111
50/19
– 0
1/1
|
Цитата:
Шу қиссадан иккинчи воқеа: бўш-баёвгина, ҳамиша бурни оқиб турадиган Той (аслида Тойир) деган болани ўртоқлари қийнайверишади. Шу жумладан, Ўткир ҳам. Той чиллак ўйинида ютқазиб қўйиб, зувлашга мажбур бўлади, аммо маълум бир манзилгача зувлаб боришга нафаси етмай қолгани учун ҳаккалайди, ҳаккалаб туриб, оёғи ерга тегиб кетади. Яна қайтадан зувлашга мажбур эди. Тойнинг ўжарлиги тутиб, “зувламайман”, деб ерга ётиб олганда, Пошша ойи кўриб қолиб, уни кўтариб олади, этаги билан бурнини артади, Ўткирга укангни нега хафа қиласан, деб танбеҳ беради. Гап шундаки, Тойирнинг онаси Нисо хола: “...кўзимга диққат билан тикилди.
— Айтган бўлсалар керак?
— Нимани?
— Айтмаганмилар?
— Нимани айтадилар? — дедим ҳайрон бўлиб.
— Ия, Тойиржон сизнинг укангиз-ку! — Нисо хола астойдил ажабланди. — Ўшанда сиз талпинчоқ бўлиб қолган эдингиз. Тойиржоннинг чилласи чиқмаган... Худонинг ҳам бандаларига атаган азоби кўп экан. Бир кечада касалга чалиниб қолдим. Кўкрагимга ёмон бир яра чиқиб, “ол кет, ол қўй” бўлиб ётибман денг... Айни қаҳатчилик, уруш, биров бировга ҳолинг нима кечди, дейиши маҳол... Ўзим-ку, майли, болам ўлиб қолади, дейман. Докага ангишвонадек ёғми, нонми ўраб чақалоқнинг оғзига солиб қўйишади. Шунда денг, бир куни Пошша опам келиб қолдилар. Айланиб-ўргилиб Тойиржонни бағриларига босиб эмиздилар. Шу ердан Бешқўрғонга саратонда куйиб ҳар куни уч марта қатнайдилар. Қирқ кун шундай қилдилар. Бир кўкрагини сиз эмасиз, биттасини Тойиржон. — Нисо хола ҳиқиллаб қолди. Ёш ғилтиллаган кўзини рўмолининг учи билан артди. — Қандоқ хотин эдилар-а! Нима билан рози қилишни билмайман. Сўрасам, уришиб бердилар. “Вой, гапингиз қурмасин, овсин, она сутиям сотиладими”, дейдилар. “Бировга яхшилик қилиб, кетидан тама қилган одамнинг савоби гуноҳга айланади”, дейдилар. Қандоқ эдилар-а!”
Нисо холанинг эътирофи Пошша ойининг қандоқ одам эканлигини рўйи рост айтиб турибди. Ўша пайтда Дўмбиробот қайда, Бешқўрғон қайда? Дўмбиробот — Шоштепа ва Фарҳод кўчаси оралиғида, Тошкент марказининг жануби-ғарбида, Бешқўрғон эса, ҳозирги “Олмазор” деб аталган метро ўрнида бўлган; Бунёдкор кўчаси билан Гавҳар кўчасининг кесишган жойида. Ҳозир-ку Ўткир Ҳошимов туғилиб, ҳануз истиқомат қилаётган Наққошлик кўчасидан “Олмазор” метросига машинада уч минутлик йўл. Аммо Пошша ойи Раҳимжон (“Дунёнинг ишлари”да Тойир)ни уч маҳал эмизиш учун саратон сариғида бир километр у ёққа, бир километр бу ёққа қатнаган. Шу азиятини бирон марта таъна қилмаган, пеш қилмаган, ҳатто Раҳимжонни эмизганлигини, унинг эмукдош укаси эканлигини Ўткирга айтмаган, умуман, ҳеч кимга билдирмаган. Ана қандоқ одам эди Пошша ойи! Бундай яхшиликлар қилишни ўзининг бурчи, деб биларди у. “Яхшилик қил – сувга сол, сув билмаса балиқ билур, балиқ билмаса, Холиқ билур“, деган мақол мазмуни унинг қонига сингиб кетган эди.
Адиб анча йиллардан кейиндир шундай хулосага келади: “Оналарнинг биз тушунмайдиган, бизнинг ўлчовимизга сиғмайдиган ўз олами борга ўхшайди”.
Бу олам ҳақиқатда ҳам сирли. Ҳатто илоҳий олам. Она меҳрининг ўзи ҳеч қанақа ўлчовга сиғмайди. Агар коинотшунос олимлар астойдил изланиш олиб бориб уринсалар, эҳтимол қуёшнинг, ойнинг нурларини бирон идишга сиғдиришлари мумкиндир, лекин она меҳрини бирон идишга сиғдиришнинг имкони йўқ. “Жаннат оналар оёғи остидадир”, деган ҳадиси шариф Пошша ойиларга ўхшаган оналар учун айтилган бўлса не ажаб!
Пошша ойининг “қарзини узган” пайтлари ҳам бўлган. Ёзувчи “Қарз” деган бобда шу ҳақда ҳикоя қилади. Пошша ойининг фарзандлари бир куни ҳазил тариқасида ҳар ойлик нафақангизни сандиққа босяпсизми, дейдилар. Қарзларим бор, ўшанга бераман-да, болам, деб жавоб беради Пошша ойи.
“Акамнинг қовоғи осилди:
— Қарз? Ҳали бировдан қарз ҳам оласизми?
— Э, сенга нима, болам! Менинг ишимга аралашиб нима қиласан?
...Қайси куни эрталаб ҳовлида айланиб юрсам, қўшнимизнинг етти яшар қизчаси Нилуфар чиқиб қолди. Оппоқ бантик тақиб, атлас кўйлак кийиб олибди.
— Ҳа, Нилу, ясаниб олибсан, меҳмонга кетяпсанми? — дедим эркалаб.
— Бугун мен туғилдим, — деди у қоп-қора кўзларини пирпиратиб жилмаяркан.
— Ия, юбиляр экансан-да, шошмай тур-чи, ҳозир.
Уйдан бир ҳовуч конфет олиб чиқдим.
— Мана, ўртоқларинг билан е.
Нилуфар катталардек жиддий бош чайқади.
— Мен ишкалад емайман. Тишим тушган. — Кейин яна ўша жиддий оҳангда қўшиб қўйди: — Бултур Пошша бувим менга туфли олиб берувдилар. Туғилганимда. — Қизча ўйланиб қолди. — Кейин-чи, Баҳога уч ғилдиракли велосипед, Бахтига кўйлак...
Қўлимдаги конфет тушиб кетди”.
Пошша ойи ўқимаган, диний ақидаларни эшитган, холос. Аммо у бир нарсани билади: инсонийлик. Одамгарчилик нуқтаи назаридан камбағалларга ёрдам қилиш, мискинларнинг кўнглини кўтариш унинг матлаби. Диний ақидадаги закот тушунчасини ҳам мукаммал билмайди, закот бериш керак, деган гапнигина эшитган. Закотнинг кимга ва нимадан берилишини ҳам билмайди. Унинг эътиқодича, закотни мискин ва камбағалларга бериш керак. Қўлда туриб қолган молдангина закот берилишини эҳтимол Атоуллохон тўрадан эшитган. Унинг нафақа пули назарида қўлида туриб қолган мол. Ўғиллари топиб турибди, унинг нафақа пулига зор эмас. Фаррошликдан нафақага чиқиб неча пул ола қоларди, дейсиз, 20 сўмдир, 30 сўмдир (шўро пулида). Ана шу пулни у туфлаб тугиб камбағалларга сарф қилади. Фарзандларига “қарзим бор” деганда ана шуни назарда тутган эди.
|
|