Моё меню Общее меню Пользователи Правила форума Все прочитано
Вернуться   uForum.uz > ТЕМАТИЧЕСКИЕ ФОРУМЫ > Образование > Ижод хусусида сўз
Знаете ли Вы, что ...
...нарушения правил форума наказываются. Старайтесь их не нарушать.
<< Предыдущий совет - Случайный совет - Следующий совет >>

Ижод хусусида сўз Ижод аҳли, уларнинг ғояси, ҳаёт қараши, мақсадлари, ютуқлари, орзу ва армонлари.... (Все о творчестве, о людях творчества, их идеях, взглядах, достижениях и целях, мечты…)


Ответить

 
Опции темы Опции просмотра
Старый 09.08.2010 00:55   #301  
Аватар для Kavsar
Оффлайн
Сообщений: 769
+ 2,104  1,209/531
– 1  2/2

Uzbekistan
Ассалому алайкум.
Устоз Тоҳир Малик ижодлари менга жуда ҳам ёқади. "Иймонлашиш умиди", "Одамийлик мулки", "Келинлар дафтари"ни жуда керакли ва қизиқарли манбалар сифатида эътироф этардим.

Устоздан яна шундай панд-насиҳат тарзидаги китобларини кутиб қоламан.
__________________
Necha insonlar ko'rdim, siyrati bor surati yo'q. Rumiy
Ответить 
"+" от:
Реклама и уведомления
Старый 18.08.2010 12:19   #302  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
Муҳтарам форумдошларимиз!
Аллоҳга шукрлар бўлсинки, барчаларимиз биргаликда муборак Рамазон кунларига етиб келдик. Ҳамиша биз билан бирга бўлаётганингиздан ғоят шодмиз.Рамазони Шарифнинг қутлуғ кунларида ҳам бирга бўлишингиздан умидвормиз. Бу кунларда сиз, азизларга туҳфа бўлар деган ниятда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Маликни туркум суҳбатларга таклиф этдик. Ҳурматли адибимиз қутлуғ ой мобайнида Рамазон кунларига оид ҳикматлар ва фазилатлар ҳақида, бу ой мобайнида янада диққат қилиниш лозим бўлган маънавият масалалари хусусида суҳбат ўтказиш учун форумимизга ташриф буюрдилар.Марҳамат, суҳбатлардан баҳраманд бўлинг.
Ответить 
3 "+" от:
Старый 18.08.2010 12:23   #303  
Offline ID
Аватар для Tohir Malik
Оффлайн
народный писатель Узбекистана
Сообщений: 226
+ 163  774/218
– 0  0/0

Uzbekistan
Рух шифоси

Цитата:
Руҳ шифоси

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бизларни ўн бир ойнинг султони ҳисобланмш Рамазони Шарифнинг қутлуғ кунларига еткурган Тангри таолога шукрлар бўлсин! Бандаларининг ҳар икки дунё саодатини кўзлаб, рўзани Исломнинг фарз ибодатлари қаторига қўшган Аллоҳ таборак ва таолога ҳамду санолар бўлсин! Умматларига рўза тутмоқликни ўргатиб кетган Пайғамбаримиз алайҳиссаломга саловату саломлар бўлсин! Бизлардан дуо талабида ётган марҳум ва марҳумаларни Аллоҳ мағфират этсин. Аллоҳ бу муборак ойдаги амалларимиздан ҳосил бўлган савоблардан уларнинг руҳларини баҳраманд этсин.
Азиз ва ардоқли меҳмонни интиқ кутганимиз каби, у келганда юрагимиз шодлангани каби биз Рамазони Шарифни, бу гўзал, ҳайру баракотли, файзу карамли ойни ўн бир ой орзиқиб кутамиз. Ўтган йили “алвидо, эй Моҳи Раҳмат!” деб кўзларда ёш билан кузатган эдик. Алҳамдулиллаҳким, “Ассалом, марҳабо, Моҳи Муборак!” деб кўзлардаги қувонч ва шукр ёшлари билан қаршилаяпмиз
Рамазони Шарифдаги рўзанинг динимизда белгиланган беш фарз ичида дастлабкиларидан экани, исломийлик аломатларининг улуғларидан ҳисобланиши кўпчиликка маълум. Қуръони каримда: “Сизларга ҳам саноқли кунларда рўза тутиш фарз қилинди”, “Сизлардан ким бу ойга ҳозир бўлса, рўза тутсин”, деб буюрилгани, Ҳадиси қудсийда эса “Рўза мен учундир ва унинг мукофотини мен бераман”, деб марҳамат қилингани хусусида ҳам сиз азизлар, китобларда ўқигансиз ёки муҳтарам уламоларимизнинг суҳбатларида тинглагансиз. Ҳамонки, диннинг устуни – намоз, жамиятники – закот, руҳники эса рўза экан, рўза – руҳ шифоси деб таърифласак ҳам бўлар
Раҳмат ва мағфират ойи аталмиш Рамазони Шарифни нима учун қадрлаймиз? Чунки Қуръони каримнинг нозил бўлиши шу ойда бошланган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом Ислом динига даъватни шу ойда бошлаганлар. Шу ойдан эътиборан Ислом дини зафарга, куч-қувватга, нурга тўлаверди.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Агар бир киши Рамазон ойида Аллоҳга яқинлигини мустаҳкамламоқчи бўлиб, бирор ибодат ёки хайрли амални бажарса, гўё Рамазондан бошқа ойда бир фарзни бажаргандек бўлади. Ва кимки, Рамазонда бир фарзни адо қилса, гўё Рамазондан бошқа ойдаги етмишда фарзни адо қилгандек савобга эга бўлади”, деб марҳамат қилганлар. Масалан, закотни Рамазондагина бериш шарт деган мажбурият йўқ. Аммо ўша фарз, яъни закот Рамазонда адо этилса, Рамазондан бошқа ойда адо этилганга нисабатан етмишта фарз амалнинг савобига тенг бўлади. Рамазон ойидаги умра ибодатининг фазилати ҳам шундай
Рамазони Шариф рўзасини шунчаки субҳдан шомга қадар таом емай юришдан иборат деб билмаслик керак. Афсуским, биз кўпроқ шунга эътиборни қаратамиз. Саҳарда ошқозонни ош билан тўлдирамиз. Шомгача очликка, ташналикка, чекувчилар сигарет хуморига чидаймизда шом намозига азон чақирилиши билан дастурхонга ҳужум бошлаймиз. Ошқозон бир оз ором олгач эса лабимизга сигарет қистирамиз. Азон чақириғи “дастурхон узра олға!” деган хитоб эмас, балки ибодатга даъват эканини ўйламаймиз.
Тубанликлар ва бузуқликлардан тортиш инсон учун рўзага буюрилади. Рўзанинг энг комили – худди меъда сингари барча туйғуларни: кўзи, қулоғи, қалби, хаёли, фикри каби инсоний жиҳозларига ҳам рўза туттирмоқликдадир. Яъни ҳаром этилганлардан, бекорчи ишлардан тортиш ва уларни ўзларига хос ибодатга йўллашдир. Масалан: тилини ёлғондан, ғийбатдан, ғализ таъбирлардан, сўкишлардан ажратиш орқали унга рўза туттириш. Ва ўз тилини Қуръон тиловати ва зикр ва тасбиҳ ва салавот ва истиғфор каби фойдали юмушлар билан шуғуллантириш. Кўзини номаҳрамга қарашдан ва қулоғини ёмон гап-сўзларни эшитишдан манъ этиб, кўзини ибратга ва қулоғини Ҳақ сўз ва Қуръон эшитишга сарф қилганидек, бошқа аъзоларга ҳам бир навъ рўза туттиришдир
Нафс тарбияси билан шуғулланиш инсоннинг кундалик асосий вазифаларидан биридир. Шу нуқтаи назардан қаралганда, Рамазони Шарифда бу тарбиянинг гўзал кўринишлари юз очмоғи аниқ. Биламизки, нафс ўзининг ҳур ва эркин бўлишини истайди ва ўзини шундай ҳис этади. Ҳадсиз неъматлар-ла тарбия қилинганини ўйлашни истамайди. Хусусан, дунёда сарвати ҳам, иқтидори ҳам бўлса, устига ғафлат ҳам қўшилган бўлса, илоҳий неъматни гўё оч аждаҳо каби ютади. Инсоннинг нафси ғафлатда ўзини унутади. Ғоят даражадаги қусурларини кўргиси келмайди. Нақадар заиф, заволга дучор, мусибатларга нишон ва айни чоқда, тез бузиладиган, парчаланадиган гўшт ва суякдан иборат эканини ўйламайди. Худди пўлатдан бир вужуди бордай, ўзини ўлмайдиган, абадий яшайдигандай хаёл қилиб дунёга ташланади. Қаттиқ бир ҳирс ва тамаъ билан, шиддатли алоқа ва муҳаббат билан дунёга ёпишади. Лаззатли ва манфаатли ҳар нарсага ўзини отади. Ўзини мукаммал бир шафқат билан тарбиялайдиган Холиқни унутади. Ҳаёти адоғини ўйламай, ёмон ахлоқ ичида булғанаверади.
__________________
Хабар форум фойдаланувчиси номидан булим муҳаррири томонидан жойлаштирилмоқда. Бу хақида батафсилроқ.
Сообщение опубликовано от имени пользователя модератором раздела. Подробнее об этом.

Последний раз редактировалось Nigora Umarova; 18.08.2010 в 12:40.
Ответить 
Старый 18.08.2010 12:24   #304  
Offline ID
Аватар для Tohir Malik
Оффлайн
народный писатель Узбекистана
Сообщений: 226
+ 163  774/218
– 0  0/0

Uzbekistan
Рух шифоси

Цитата:
Рамазони Шарифда энг бойдан энг камбағалга қадар ҳар кимнинг нафси англайдики, ўзи молик эмас, мамлукдир. Ҳур эмас, қулдир. Буйруқ берилмаган бўлса, энг оддий ва энг роҳат ишни ҳам ўзи қила олмас. Шу тариқа нафсининг ожизлигини ҳис этади. Рўза энг ғофилларга ва қайсарларга ҳам заифлигини, ожизлигини, фақирлигини ҳис эттиради. Одам нақадар марҳаматга ва шафқатга муҳтож эканини идрок этади. Нафснинг кибридан қутулишга интилади.
“Рамазон – сабр ойидир”. Демак, бу ойда озми-кўпми сабр имтиҳонини топширамиз. Тонгдан шомга қадар ҳар жиҳатдан сабр қила олсак қандай бахт! Сабр қиламиз: сув ичмаймиз, овқат емаймиз, аммо бу ўринда “сабр” дейилганда жаҳл ва ғазабдан тийилишга ҳам урғу бериш керак бўлади. Болаларингиз, хотинингиз ва қўшни ёки дўстингизга қизишмайсиз, юмшоқ муомалада бўласиз, ҳалим ва салим бўласиз. Ҳар қандай зулмдан сақланасиз. Ажибким, ака уйида ифторлик беради, укани чорламайди. Беш йил ёки ўн йилдан бери қариндошлик риштаси узилган. Бу қандай мусулмонлик бўлди? Ёки қўшни билан юзкўрмас ҳолда яшашади. Мўъминнинг арази уч кун деб белгиланганини билсалар ҳам қайсарликларидан воз кечмайдилар. Бу қусурларидан шу муборак ойда қутулсалар қандай яхши!
Жаноби Ҳақ замин юзини бир неъмат дастурхони суратида яратгани ва барча анвои неъматини ул дастурхонда Ўз қудратини ва мўъжизаларини ифода этади. Биз – инсонлар, баъзан ғафлат пардаси остида ёки бошқа сабаблар доирасида ўралашиб, бу вазият ифода этган ҳақиқатни ўз вақтида ва тўлиқ кўролмай қоламиз. Баъзан эса, афсусларким, унутиб ҳам қўямиз
Рамазони Шариф бизларни бу қусурлардан муҳофаза этади. Бу ойдаги рўза ҳақиқий ва холис, улуғ ва умумий бир шукрнинг калитидир. Чунки бошқа вақтларда мажбурият остида бўлмаган инсонларнинг кўпчилиги ҳақиқий очликни танларида ҳис этмаганликлари учун кўп неъматларнинг қийматини дуруст идрок эта олмайдилар. Бир тўғрам қотган ноннинг неъматлик даражаси тўқ одамлар, айниқса улар бойроқ бўлсалар, тушунмайдилар. Ҳолбуки ифтор вақтида у қотган нон бир мўъминнинг назарида кўп қийматли бир неъмати Илоҳиййа бўлишига қувваи зоиқаси шаҳодат этади. Энг бойдан то энг камбағалгача ҳар ким Рамазони Шарифда ул неъматларнинг қийматларини англаш орқали бир шукри маънавиййага сазовор бўлади.Бу ой шаҳрул мувосодир. Яъни бошқаларга моддий жиҳатдан ёрдамлашиш, едириш-ичириш ойидир. Бироқ, айрим ҳолларда тўкин ифторлар қилишга маҳлиё бўлиб қоламиз, дастурхонимиз атрофида асосан ўзига тўқлар тўпланишади. Муҳтожларни эса унутамиз.
Инсонлар маишат жиҳатидан турли-туман ҳолда яратилгандирлар. Жаноби Ҳақ бу турлиликка биноан бойларни камбағалларга ёрдам беришга даъват этади. Чунки бойлар камбағалларнинг ачинарли аччиқ ҳолларини ва очликларини рўзадаги очлик туфайли тўлиқ ҳис қила оладилар. Агар рўза бўлмаса эди, нафспараст кўп бойлар пайдо бўлардики, очлик ва камбағаллик нақадар аламли ва шафқатга нақадар муҳтож бўлишини идрок эта олмасдилар. Бу жиҳатдан инсониййатдаги ҳамжинсига шафқат ҳисси – шукри ҳақиқийнинг бир асосидир. Қайси кимса бўлмасин, ўзидан бир жиҳатда янада камбағалини топа олади. Унга нисбатан шафқатли бўлишга мукаллафдир. Агар нафсига очлик тортдириш мажбурияти бўлмаса эди, шафқат воситаси орқали муованатга мукаллаф бўлган эҳсонни ва ёрдамни қила олмас эди. Қилса ҳам тўлиқ бўла олмасди
Пайғамбаримиз алайҳиссалом Рамазон ойининг фазилатларини мадҳ этиб: “Бу шундай ойки, унинг боши раҳматдир”, деганлар. Яъни инсон бу ойда Худонинг раҳматига дохил бўлади. Аллоҳ бу хайрли ойда бандалари устига раҳмат-мағфиратини ёяди, хайрга ўрайди. Кейин раҳмат тушади Уйлар, кўнгиллар, ўлкалар, шаҳарлар ва масжидларга раҳмат ёғилади. Инша Аллоҳ, бизлар бу ойда Аллоҳнинг раҳматига сазовор бўлиб турибмиз, алҳамду лиллаҳ!
Рамазоннинг “ўртасида эса, қулнинг гуноҳлари мағфират этилади”, деб марҳамат қиладилар Расулуллоҳ (с.а.в.). Гуноҳкормиз, айбдормиз, юзимиз қора, кечмишимиз қоронғу... Қусуримиз кўп бўлса-да, Рамазоннинг ярмига етганимизда тутган рўзаларимиз эвазига Аллоҳ гуноҳларимизни кечиради. Кечаю кундуз, ҳам ифтор пайтида, ҳам сахар вақтида кечиради. Ёлворган ҳар бир бандани мағфират қилади. Бу ойда кўплаб инсонлар мағфиратга эришади, гуноҳлари кечирилади.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом дейдиларким: “Рамазоннинг охири эса бу ойни рўза тутиб ўтказган қуллари учун жаҳаннамдан озод бўлишдир”. “Эй қулим, сен рўза тутдинг, мен эса сени авф қилдим, мағфират айладим, жаҳаннам азобидан озодсан!” дея марҳамат қилади Аллоҳ таоло. Аллоҳ бизларни ҳам жаҳаннамдан озод бўлган ўша бахтиёр қулардан қилсин
Аллоҳ бу ойда дуоларни қабул қилади. Дуо – Аллоҳдан сўраш дегани. Аллоҳ сўраганни беради. Аммо Аллоҳдан нималарни сўрашни ҳам билиш керак
Рамазон рўзасининг фарзлиги ҳақида етарли маълумот олмагунча киши тутаётган рўзасининг аҳамиятини англаб етиши қийин. Шу боис, бу муборак ойда кўп ўқиш, уламолар суҳбатидан баҳраманд бўлиш айни муддаодир. Шукрларким, Ислом илмига доир китоблар мустақиллик шарофати билан нашр этилди. Масжидларимизда, турли илмий мажлис ва маросимларда олимларимизнинг ибратли суҳбатларидан йил - ўн икки ой баҳраманд бўляпмиз. Рамазони Шарифда бу ҳаракатларимиз янада фаоллашса нур-аланнур бўлур
Муборак Рамазон ойига етиб келганимизга шукрлар қилганимиз ҳолда Аллоҳдан бу ой ибодатларини комил суратда адо этмоқликни насиб қилмоғини сўраймиз. Аллоҳ барчамизни рўза ибодатини мукаммал ва ихлос билан адо этадиган тақводор ва солиҳ бандаларидан айласин. Барчаларимизни раҳмату мағфиратига ноил айласин! Неча-неча рамазонларга соғ-саломат қовушмоқликни насиб этсин. Дунё ва охиратнинг биз билган-билмаган ҳар турли хайрларига – Рамазон ойининг ҳурмати учун, Қадр Кечаси ҳурмати учун, муборак Ийд байрами ҳурмати учун эриштирсин! Дунёвий ва ухровий биз билган-билмаган ҳар турли ёмонликлардан бизларни доим ҳифзу ҳимоясида асрасин! Имони комил ила охиратга кўчиб, ҳузури иззатига Ўзи севган ва рози бўлган бир банда ўлароқ боришни барчамизга насиб айласин! Омийн! Валҳамду лиллаҳи роббил оламийн
Тоҳир Малик.

__________________
Хабар форум фойдаланувчиси номидан булим муҳаррири томонидан жойлаштирилмоқда. Бу хақида батафсилроқ.
Сообщение опубликовано от имени пользователя модератором раздела. Подробнее об этом.

Последний раз редактировалось Nigora Umarova; 18.08.2010 в 12:36.
Ответить 
Старый 19.08.2010 09:47   #305  
Offline ID
Аватар для Tohir Malik
Оффлайн
народный писатель Узбекистана
Сообщений: 226
+ 163  774/218
– 0  0/0

Uzbekistan
Цитата:
Неъматларнинг ҳақи - шукр

Рамазони Шарифнинг ҳикматларидан бири шукрдир. Жаноби ҳақ замин юзини бир дастурхон неъмати суратида яратган. Биз бу неъматлардан баҳрамандмиз. Демак, Аллоҳга шукрлар айтиш, барча неъматларни Ундан деб билиш банданинг бурчи ва муборак ойда шукр айтишнинг комил кўринишлари намоён бўлади.
Ҳофиз Шерозийда шундай сатрлар бор:
Ногаҳон ғам келса сенга, ўзни тут, бўлма тажанг,
Шукр қилғил, токи баттарроғига бўлма дучор.
Сен ишонгил, ғам ема, сабр айла, эй дил оқибат,
Шомдан тонг, кечадан кундуз келур, қишдан баҳор...

Суқрот ҳаким: “Неъмат ва давлатингиз бор пайтда шукр бажо келтириб, бошингизга қийинчилик тушган вақтда сабрни ўзингизга йўлдош қилинг. Сабр ҳар бир енгилликнинг очқичи бўлиб, неъматга шукр қилиш давлат ва осойишталикнинг қўпайишига сабаб бўлади”, деганлар. Одам Ато жон кириши билан аксириб “Алҳамдулиллаҳ!” деганлар. Шукр айтиш бизга Одам алайҳиссаломдан мерос.
Ношукрлик хорликни келтириб чиқаришини биламизми? “Йўқ нарсага қайғурмайдиган эмас, борига шукр қилувчи – донодир”, деган мақолни-чи? Ҳа, баракалла, биламиз. Кўпчилик билади бу ҳикматларни. Аммо, не ажабки, билатуриб ношукрлик қилаверамиз. Халқимизда яна “Еб туриб маърайди-я!” деган ҳикмат ҳам бор. Кузатган бўлсангиз керак, тўкин дастурхон атрофида ўтириб, уч-тўрт хил таомларни тўйиб еб олиб, тирикчиликнинг қийинлашиб кетаётгани борасида нолий бошлайдилар. Бировда ўн-ўн беш, бошқада эллик-олтмиш сидра кийим-бош бор. Лекин униси ҳам, буниси ҳам қийинчиликдан нолийди. Бири кўйлагининг элликтага етмаганидан, бошқаси шимининг юзтага етмаганидан афсусда юрибди. Тўғрими
Ана шундай кишиларга бу қудсий ҳадисни эслатиб қўйсак: “Эй одам фарзанди! Мен яратган неъматларни еб-еб тишларинг малолланиб чарчаб кетади-ю, лекин менинг шикоятимдан тилинг ҳеч чарчамайди”.
Ношукрларнинг тили чарчаганини тарих ҳали учратгани йўқ. Тили чарчамайдиганлар қаторига тушиб қолишимиздан бизларни Худонинг ўзи асрасин!
Агар юқоридаги қудсий ҳадисни айтганимизда ношукурлар эътиборсиз бўлсалар, бу иккиси билан қувватлантирамиз, шояд таъсирлансалар: “Эй Одам фарзанди! Албатта, сен Мени ёд этиб ва неъматларимга шукр қилиб юрсанг, Мен эҳсонимни яна зиёда қилавераман. Агар Мени ёд этмай, эсдан чиқарсанг ва неъматларимга шукр қилмай, куфр қилсанг, бериб турган инъом ва эҳсонимни ҳам тўсиб қўяман”. “Эй Одам боласи! Агар биронтангиз уч кун еб-ичиб ҳам Менга шукр қилмаса, у Менинг неъматимни оёқости қилди ҳисоб. Агар молидан закотни бермаса, у Менинг китобимни арзимас нарса деб билган кабидир".
Ҳазрати Сўфий Оллоҳёрдан бизга бу борада бир ўгит бор:
Кишиким, розилиқ томинда бўлса,
Қилур шукр аждаҳо коминда бўлс
а
Демоқчиларки: Аллоҳ таолонинг ризолигини истамоқ завқида бўлса, аждаҳо комида туриб ҳам Тангри таолога шукр айтади, ҳамиша розилигини сўрайди (биринчи сатрдаги “том” сўзи бу ўринда “завқ” ёки “ишқ” маъносида қўлланилган).
Билиб-билмай ношукрлик қилувчиларнинг хонадонига кўз ташласак, камида бир ҳафталик емак-ичмак ғамлаб қўйилганига гувоҳ бўламиз. Автомобил, турфа гиламлар, биллур қандиллар, ишлатилмаса-да, жавонга териб қўйилган ажиб идишлар... Шундай хонадондан шукр ўрнига норизолик гаплари учиб туради
-Фалон нарсани Хитойдан ҳам топа олишмабди.
-Фалон нарсанинг нархи ошиб кетибди
-Фалон ашулачи келишини ният қилувдим, умидим ушалмади...
Аслида: Хитойда ҳам топилмаган ўша нарсасиз ҳам бахтли ҳаёт кечириш мумкин. Нархи ошган бўлса, ўз чўнтагига тушаётган даромади ҳам ошган-ку? Фалончи ашулачи келмаса ҳам тўйи ўтди-ку? Турли сабаблар билан тўйга етишолмай юрганлар озми?
__________________
Хабар форум фойдаланувчиси номидан булим муҳаррири томонидан жойлаштирилмоқда. Бу хақида батафсилроқ.
Сообщение опубликовано от имени пользователя модератором раздела. Подробнее об этом.

Последний раз редактировалось Nigora Umarova; 19.08.2010 в 10:12.
Ответить 
3 "+" от:
Старый 19.08.2010 09:50   #306  
Offline ID
Аватар для Tohir Malik
Оффлайн
народный писатель Узбекистана
Сообщений: 226
+ 163  774/218
– 0  0/0

Uzbekistan
Неъматларнинг ҳақи - шукр

Цитата:

Кеча бойиб гердайган, бугун бойлиги қўлдан кетиб нола қилиб юрганлар ўйлаб кўрсинлар: бойлик берилганда қанча шукр қилишди экан? Шукр қилдилармикин ё “бугун минг доллар фойда қилибман, ҳолбуки икки минг доллар фойда олсам ҳам бўларди”, деб ачинганмикинлар? Эҳтимол, улар “агар берган неъматларимга шукр қилсангиз албатта уларни янада зиёда қилурман. Энди агар куфрони неъмат қилсангизлар, албатта, азобим ҳам жуда қаттиқдир” (Иброҳим сураси) ояти каримасидан беҳабардирлар? Ношукрлик – ёшларга тез юқадиган хасталик. Уларга ҳар бир нарса камдай туюлаверади. Улар кўнгилларини ҳавасга бутунлай бўшатиб бериб, шукроналикка жой қолдирмайдилар. Оқибатда ўз кўнгилларини ўзлари синдириб, азобланиб юрадилар.
Мол-мулк ва бойликлар ҳақидаги оятлар инзол бўлганда, ҳарати Умар Набий муҳтарамдан сўрадилар:
-Қандай турдаги нарсани мол қилай?
Аллоҳнинг расули (с.а.в.) марҳамат қилдилар:
-Сизлардан ҳар бирингиз Аллоҳни зикр этувчи тилни ва унга шукр қилувчи қалбни мол қилингиз!
Ана! Уйимиздаги қўша-қўша гиламу биллур қандиллар эмас, тилла, олмос, жавҳар безаклар эмас, зикр қилувчи тил ва шукр қилувчи қалб инсоннинг асосий бойлиги экан. Тилла, биллурлар омонат бойлик. Кишига вафо қилмайдиган бойлик. Ҳатто... дўзахга етаклаши мумкин бўлган бойлик. Зикр ва шукр билан банд бўлган тил ва қалб бойлиги садоқатлидир, омонат эмасдир, жаннат дарвозасининг калитидир. Бу калитни олишга интилмаслик ақлсизлик эмасми?
Инсон ҳамма орзусига етолмайди. Шунинг учун ўзига қараганда бечораҳолроқ бўлганларни кўриб, ўз аҳволига шукр қилиши ақллилик аломатидир.
Бу хусусда шундай ривоят бор: бир одам йўлда пиёда кетар экан, аҳволига ачиниб, ўз-ўзига
-Бу ерда, бу саҳрои биёбонда мендан ожизроқ, бечорароқ, паришонроқ яна ким бор?-деб йиғлади.
Шу яқиндан ўтиб бораётган, устига оғир юк ортилган эшак унинг нолаю фиғонини эшитиб деди:
-Эй ақлсиз одам! Нега ҳолингдан бундай шикоят қиласан? Аллоҳга шукр айтиб йўлингда кетавер. Эшакка минмагансан, аммо мен каби юк остида эмассан-ку? Ҳолингга шукр қилсанг-чи!
Ҳа, эшакнинг тили йўқ. Бўлганда эди, кўп ҳолларда, кўп кишиларга шундай хитоб қилиши аниқ эди. Худо унга тил берса-ку, айтар, лекин ношукр одам эшитиб, амал қилармикин? Масала шунда!
Шарафли ҳадисда айтилдики: “Ҳаёти дунёдалик пайтида роҳат ва фароғатда яшаган кимса Қиёмат куни дўзахга ҳукм қилингач, у дўзах оташида бир чўмилтирилади-да, кейин: “Эй Одам боласи, ҳаётингда бир роҳат-фароғат кўрдингми?” деб сўралади. У эса: “Аллоҳга қасамки, йўқ, кўрмадим, эй Раб!”- дейди. Ҳаёти дунёдалик пайтида камбағаллик ва мусибатда яшаган, жаннатга ҳукм қилинган кишини олиб келиб, жаннатга бир чўмдирилади-да, кейин: “Эй Одам боласи, ҳаётингда бирон қийинчилик кўрдингми?” деб сўралади. У эса: “Аллоҳга қасамки, кўрмадим, менинг ҳаётимда бирон қийинчилик бўлмаган”, деб айтади.
Ҳар биримиз ўша жаннатмакон каби шукроналикда юрсак қандай гўзал! Баъзан бошимиз оғрийди, аҳвол сўраганларга жавобан “Худога шукр, яхшиман”, дейиш ўрнига нолишни бошлаймиз. Албатта, тан азоби оғир. Бир киши йиқилиб қўлини синдирди. Азобдан дунё кўзига тор бўлиб кетади. Лекин қўшнисининг неча вақтдан бери қўл-оёғи ишламай, шол бўлиб ётганини ўша онда эслармикин? Эсласа, шубҳасизки, Худонинг бу азобига ҳам шукрлар қилган бўларди.
__________________
Хабар форум фойдаланувчиси номидан булим муҳаррири томонидан жойлаштирилмоқда. Бу хақида батафсилроқ.
Сообщение опубликовано от имени пользователя модератором раздела. Подробнее об этом.

Последний раз редактировалось Nigora Umarova; 19.08.2010 в 10:16.
Ответить 
3 "+" от:
Старый 19.08.2010 09:51   #307  
Offline ID
Аватар для Tohir Malik
Оффлайн
народный писатель Узбекистана
Сообщений: 226
+ 163  774/218
– 0  0/0

Uzbekistan
Неъматларнинг ҳақи - шукр

Цитата:

Албатта, шукр қилувчилар кўп. Бироқ, бирон дардга йўлиққанида “Эй Худо қайси гуноҳларим эвазига мени бу касалга йўлиқтирдинг?” деган нолаю фиғон билан ҳақ талашадиганлар ҳам учраб туради. Аллоҳ бу каби бандаларига қарата ҳадиси қудсийда айтади: “Эй бандаларим, Мен бир мўмин бандамни бирон касалликка йўлиқтириб имтиҳон қилсам ва у зиёратга келганларга Менинг бу мубтало этганимдан шикоят қилмаса, Мен у бандамни асирлар қаторидан халос этаман”. “Асирлар” дейилганда икки маънони – “жаҳаннам асирлари”ни ҳамда касалликка асир бўлганларни англаш мумкин. Яъни: хасталикка сабр ва шукр қилганлар Қиёматда жаҳаннам азобидан озод этиладилар, бу дунёдаги захматлари эвазига жаннат роҳатига эришадилар. Унга қадар эса, дард асирлигидан ҳоли бўладилар. Англадингизми? Шукрнинг мукофоти ана шундай юқоридир.
Ривоят: Робиаъ ул-Адавиййа (Раҳматуллоҳи алайҳо) бир кишини кўрдилар. Бошига дурра боғлаган эди.
-Нечун боғладинг?- деб сўрадилар.
-Бошим оғрийдир,- деди ул.
-Неча ёшдасан?- деб сўрадилар.
-Ўттиз ёшдаман,- деб жавоб қайтарди
-Ўттиз йилдирки, соғликда бошингга ҳеч шукр дуррасини боғладингми? Бир неча кун касал бўлиб, бошингга шикоят дуррасини боғлабсан?
Агар дунёга илмий нуқтаи назардан қарасак, яъни барча нарсанинг нисбий эканини инобатга олсак, ношукрлик қилмаган бўлардик. Бу ҳақда қудсий ҳадисда Аллоҳнинг огоҳлантириши бор: “Эй Одам фарзанди! Ҳамиша овқатланишга ўтирганингда қорни оч бечоралар ҳам эсингда бўлсин. Шунда Аллоҳнинг берган неъматларига шукр қилишинг осонроқ бўлади”. Набий муҳтарам дедилар: “Мол-дунё борасида сиздан устунроқ одамни кўрганингизда ўзингиздан қуйироқда бўлганга ҳам назар солинг”.
Азизлар, биз шундай қила оламизми? Муҳтарама аёлларимиз овсинлари бармоғида олмос кўзли тилла узукни кўриб, ҳавасдан ёки ҳасаддан юраклари ёнган онда тилла безакларсиз ҳам бахтли яшаётган дугоналарининг саодатли чеҳралари кўз олдиларига келадими?
Дунё қайғуси ўй-хаёлини қамраган чоқда киши ўзидан ҳам ҳоли харобларни эслаб шукр қилиши керак. Ўз ҳолига шукр қилувчининг қалбида иймон нури порлайди. Инсон бу нур билан ҳузурга эришади. Неъматни билган - шукр қилувчи, билмаган – куфр қилувчи бўлади. Имом Ғаззолий ҳазратлари бу масалани тадқиқ этиб, янада чуқурлаштириб: “Аллоҳ берган неъматларни Унинг йўлида сарфлаш шукр, Аллоҳ севмаган ерга сарфлаш эса куфрони неъматдир”, деганлар.
Буни қандай тушуниш керак? Аллоҳ сизга ақл неъматини, шунга кўра илм неъматини берди. Сиз ақлни илм олишга сарф этмадингиз, демак, шукр эмас, куфр қилдингиз. Дейлик, ақл неъматига шукр қилиб, илм эгалладингиз. Лекин илмни керакли йўлга сарф этмадингиз. Кимёгарлик илмини эгалаганингиз ҳолда бозорда сақич сотиб ўтирибсиз.
Инсоннинг қалби тош сингаридир. Ҳатто баъзан тошданда қаттиқ ва маъюсдир. Бу маъюсликни фақат тақво, шукр ва севинч кўзёшлари кеткиза олади. Шукр (буни “ҳамд” ҳам деймиз)– илоҳий ахлоқнинг бири ҳисобланади. Ғаззолий ҳазратлари айтганлар: “чакмон инсонга қанчалик ёқимли бўлса, ҳамд – шукр ҳам Аллоҳга шунчалик ёқимлидир”. Аллоҳ Айюб алайҳиссаломга ваҳий йўли билан: “Мен комил бандаларимдан комиллиги эвазига фақат шукр олишга рози бўлдим”, деб билдирган
Ибн Масъуд шундай дедилар:
-Шукр – иймоннинг ярми. Билки, шукр: қалб билан; тил билан; аъзолар билан изҳор этилади.
Қалб билан шукр қилиш – қалб билан яхши нарсаларни ният қилиш ва барча жонзотлар учун қалбда яхши фикрларни жо этиш демак. Тил билан шукр қилиш – шукрини далилловчи сўз ва жумлалар билан Аллоҳга ҳамд этмоқлик (яъни, “Алҳамдулиллаҳ!”). Аъзолар билан шукр қилиш – Аллоҳнинг неъматларини ибодат, итоат ва яхшилик йўлларида ишлатиш, уларни Аллоҳга исён йўлида ишлатишдан тийилишдир. Масалан, гап-сўз бўлиб турган ҳар турли гуноҳ ва айб нарсаларга қарашдан кўзларни олиб қочиш ва юмиш – кўзнинг шукри ҳисобланади. Тил билан шукр қилмоқ ҳам шу доирага киради. Юқоридаги таърифга қўшимча изоҳ келтирсак, тил воситаси ила Аллоҳнинг ёзмишларига розиликни ифодаламоқ тилнинг шукридир. Зотан, тилга шу вазифа юкланган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бир кишидан сўрадилар:
-Тонггача тунинг қандай ўтди?
У киши жавоб берди:
-Яхши ўтди.
Расулуллоҳ саволни яна такрорладилар. У киши ҳам айни жавобни берди. Савол учинчи марта такрорланганида, у киши хатосини англаб:
-Яхши! Алҳамдулиллаҳ! Ўзига минг қатла шукр!-деди.
Шунда Расули акрам мамнун бўлиб: “Сендан тилаган жавобим шу эди”, деб марҳамат қилдилар.
__________________
Хабар форум фойдаланувчиси номидан булим муҳаррири томонидан жойлаштирилмоқда. Бу хақида батафсилроқ.
Сообщение опубликовано от имени пользователя модератором раздела. Подробнее об этом.

Последний раз редактировалось Nigora Umarova; 19.08.2010 в 10:05.
Ответить 
3 "+" от:
Старый 19.08.2010 09:52   #308  
Offline ID
Аватар для Tohir Malik
Оффлайн
народный писатель Узбекистана
Сообщений: 226
+ 163  774/218
– 0  0/0

Uzbekistan
Неъматларнинг ҳақи - шукр

Цитата:

“Яхши ётиб-турдингизми?” ёки “Яхши бориб-келдингизми?” деган саволларга шукр ўрнига тўмтоқ жавобларни кўп эшитамиз, шундай эмасми? Эрталаб уйқудан уйғонганимизда тирик бандалар қаторида турғизгани учун шукр қилишимиз керакми – керак! Чунки уйқусида жон таслим қилувчилар ҳам бор. Эрталаб уйғониб, ота-онамиз, фарзандларимиз билан кўришганимиз учун ҳам шукр қилишимиз керакми – албатта! Уйқуга ётишдан олдин “яхши ётиб туринг”, деб хайрли тилак тилаб, тонгда яқинларининг жонсиз юзларини кўрганлар ҳам бор. Покланишимиз учун тайёр турган сув учун, дастурхонимиз устидаги бир тишлам нон учун... ҳамма-ҳаммаси учун шукр қилишимиз керак.
Лекин биз шунга ҳам эринамиз. “Яхши ётиб-турдингизми?” деган саволга ё бош ирғаб қўямиз ё эснаган ҳолда “яхши” деймиз. “Яхши”га қўшимча равишда “Худога шукр!” деб қўйиш наҳот қийин бўлса? Айрим кишилар “Яхши, раҳмат” деб ҳам қўядилар. Яъни, ҳол сўраган одамга миннатдорлик билдирадилар. Тирик ҳолда турғизган Қудрат эгасини эслашни эса унутадилар.
Баъзилар эса шукр ўрнига шикоят бошлаб юборадилар: “Ярим кечагача ухлай олмадим, тиконлар устида ағанагандай бўлдим. Юрагим ўйнаб, ўлиб қолай дедим. Икки марта дори ичдим...” Бирон ерга бориб-келган кимса эса “Худога шукр, кўп қатори мени ҳам Худо кўчадаги бало-офат, фалокатлардан асради. Уйимга эсон-омон келдим”, демай, “йўлда кела-келгунча ит азобини кўрдим”, деб нолишни бошлайди. Кимса узоқ шаҳарга бориб-келадими ё рўпарасидаги қўшнисиникига чиқиб келадими, фарқи йўқ, йўл фалокатидан, ҳалокатидан асрагани учун Яратганга шукр қилиши шарт. Рўпарадаги қўшниникига чиқиш учун ўн қадам йўл босиш керак. Лекин, тўртинчи қадам қўйилганда бирон шошқалоқ автомашинасини тўхтатишга улгурмаса-чи? Аллоҳ сақласин!
Киши фақат ўзи эмас, ота-онаси ёки фарзандлари ёки опа-укалари кўчага чиқиб келгандан кейин ҳам уларни соғ-омон кўраётгани учун шукр қилиб қўйиши керак.
Қаранг-а, электр қувватидан фойдалансак, пулини тўлаймиз. Газнинг ёки қувурлардан оқиб келаётган сувнинг пулини тўламасак – тўхтатиб қўйишади. Ҳатто жарима ҳам солишади. Энди атрофимизга боқайлик: Қуёш нуридан баҳраманд бўламиз. Осмонни бир-икки кун булут қоплаб турса, юрагимиз сиқила бошлайди. Қуёш нурини эмиб пишган меваларни еб роҳатланамиз. Осмонда булут кўринишида минглаб чақирим йўл босиб келиб ёмғир ва қор шаклида ерга тушган ҳаёт сувларини ичиб яшаймиз, дарёларда чўмиламиз. Буларнинг ҳаммаси текин, шундайми? Ҳа, моддий жиҳатдан шундай. Лекин руҳий ва маънавий жиҳатдан қарасак, бу бебаҳо неъматларнинг ҳақини шукр билан адо этишимиз шарт. Пул тўламасак, электр симини узиб қўядиларми? Ҳа. Лекин, шукр қилмасак, Аллоҳ Қуёш юзини тўсиб қўймайди. Лекин... Қиёматдаги жавобимиз қандай бўларкин? Баъзан табиатда қурғоқчилик бўлади. Ниманинг касофатига шундай бўларкин? Бу Аллоҳнинг Ўзигагина маълум. Биз эса тахмин қиламиз: бандаларнинг ношукрчилиги сабаби эмасмикин?
Азизлар, шукр қилувчи бўлайлик. Зеро, шукр қилишда қийинчилик йўқдир. Билъакс, шукр неъмат лаззатини оширади. Давомли бўлишини таъминлайди. Билайлик-ки, шукр -қаноат, тежамкорлик, розилик, мамнуният билан, ношукрлик – ҳирс, исроф, қаноатсизлик, ҳалол-ҳаромни ажратмаслик билан бўлади.


Тоҳир Малик.
__________________
Хабар форум фойдаланувчиси номидан булим муҳаррири томонидан жойлаштирилмоқда. Бу хақида батафсилроқ.
Сообщение опубликовано от имени пользователя модератором раздела. Подробнее об этом.

Последний раз редактировалось Nigora Umarova; 19.08.2010 в 09:58.
Ответить 
Реклама и уведомления
Старый 20.08.2010 15:43   #309  
Offline ID
Аватар для Tohir Malik
Оффлайн
народный писатель Узбекистана
Сообщений: 226
+ 163  774/218
– 0  0/0

Uzbekistan
Цитата:
Нафс



Одамнинг энг зўр душмани – ўз нафсидир. Бошқача айтганда, нафс шайтоннинг энг ишончили қуролидир. Киши тирик экан, нафси билан курашда мағлуб бўлмаслиги керак. Нафс шундай ғаним-ки, манманлик ва қайсарлик унинг шиоридир. Кибру ҳаво унинг доимий ҳамроҳидир. Нафс тарбияси билан шуғулланиш инсоннинг кундалик асосий вазифаларидан биридир. Шу нуқтаи назардан қаралганда, Рамазони Шарифда бу тарбиянинг гўзал кўринишлари юз очмоғи аниқ.
Одам Ато Момо Ҳаввонинг жаннатдан Ерга туширилишларига сабаб шайтон алайҳилаънанинг васвасаси экани барчамизга маълум. Васваса нафсни уйғотди ва Одам алайҳиссалом айтилган вазифани бажармай иродавий хатога йўл қўйдилар. «Нафси уни биродарини ўлдиришни яхши кўрсатди. Бас, уни ўлдирди. Шу сабабдан зиёнкорлардан бўлди» (Моида сурасидан). Одам алайҳиссаломнинг катта ўғиллари Қобил ўз укаси Ҳобилни ўлдирди. Бу фоний дунёдаги дастлабки қотиллик акадаги нафс ғолиб келган дамда содир этилди.
Ерда Одам наслининг кўпайиб, имтиҳонларга солиниши ва бу имтиҳонлардан ўта олганларнинг қайтадан жаннатга тушишлари бандалар учун бир шараф йўли ҳисобланади. Бу зафар ва шарафга эришиш учун Аллоҳ таоло инсонларни «нафс» имтиҳонида синайди. «Нафс» зафар ва шарафга эришиш йўлидаги энг қийин ва оғир тўсиқдир. Бу тўсиқлардан ўтишда инсон ёлғиз эмас. У Аллоҳнинг паноҳида. Яратган Аллоҳ Ўз китобида бандаларини нафс ёмонликларидан қайта-қайта огоҳлантиради. Пайғамбарларнинг юборилишидан, уларнинг башарий хизматларини давом эттирувчи ворислари – авлиё ва уламоларнинг дунёга келишларидан муддао ҳам шу. «Сиз ўзингизни эртаю кеч Парвардигорларининг Юзини – розилигини истаб, у Зотга дуо-илтижо қиладиган зотлар билан бирга тутинг! Кўзларингиз ҳаёти дунё зийнатларини кўзлаб, улардан ўтиб, ўзга аҳли дунёларга боқмасин. Ва Биз томонимиздан қалби Бизни зикр этишдан ғофил этиб қўйилган, ҳавойи-нафсига эргашган ва қилар иши исрофгарчилик бўлган кимсаларга итоат этманг!» (Каҳф сурасидан).
Аллоҳ одам наслидан улуғроқ бўлган фаришталарни нурдан яратди. Уларга ақл ва илм берди. Бироқ, нафс бермади. Нафс лаззатини, яъни: емоқ-ичмоқ, оила қурмоқ... кабиларни бермади. Аллоҳ Одам зотидан паст жониворларга ҳам ҳудди инсондагидай кўз-қулоқ, оёқ-қўл, ўпка-жигар, юрак... берди. Бу жониворларга нафс ҳам берди. Аммо, ақл ва илм бермади. Нафс учун уларда жавобгарлик йўқ. Нафс улар учун фақат тириклик манбаи. Улардаги нафс ҳукмронлиги чегараланган: сигир қўйни бурдалаб ташлашга қодир кучга эга бўлса-да, бу ишни қилмайди, чунки унинг нафси гўшт талаб қилмайди. Инсоннинг нафс борасида ҳайвонлардан улуғлиги ўз нафсини идора ва тарбия қилиш кучига эга бўлиши билан белгиланади.
Муҳтарам Пайғамбаримиз –Аллоҳнинг саломи устларига ёғилсин – душман билан жангдан сўнг қайтиб келаётган бир гуруҳ саҳобаларига айтдиларки:
- Марҳабо, сизларга! Кичик жиҳоддан катта жиҳодга келдингиз!
Саҳобалардан бири сўради:
- Эй Аллоҳнинг расули, катта жиҳод деганингиз нима?
- Нафс билан жанг қилиш, - деб марҳамат қилдилар Расулуллоҳ (с.а.в.).
Яна Аллоҳнинг расули дедиларки: «Мужоҳид – Аллоҳга итоат йўлида нафси билан жиҳод қилган одамдир». «Нафсингдан келаётган азобни ташлаб кет. Аллоҳга исён борасида нафсингга қулоқ солма. Қиёмат куни нафс сенга душманлик қилганида баъзи бир аъзоларинг баъзиларига лаънат айтади. Фақат Аллоҳ авф этса ва ҳимоясига олса, бирон нарса бўлмайди».

__________________
Хабар форум фойдаланувчиси номидан булим муҳаррири томонидан жойлаштирилмоқда. Бу хақида батафсилроқ.
Сообщение опубликовано от имени пользователя модератором раздела. Подробнее об этом.
Ответить 
"+" от:
Старый 20.08.2010 15:44   #310  
Offline ID
Аватар для Tohir Malik
Оффлайн
народный писатель Узбекистана
Сообщений: 226
+ 163  774/218
– 0  0/0

Uzbekistan
Нафс

Цитата:

Инсонлар орасидаги урушда танаффус бўлиши мумкин. Нафсга қарши жангда нафас ростлаш бўлмайди. Йўқса, нафс бандани янчаверади, янчаверади... Кўзларимиз, қулоқларимиз, димоғларимиз нафсга сидқидилдан хизмат қилаверади. Қўл-оёқларимиз нафс кўрсатган томонга интилаверади. Қалб бу аъзоларни бошқара олмай қолади... Ҳолбуки, нафс фақат ақл йўли билан эмас, асосан қалб йўли ила тарбия этилади. Шунинг учун «нафис ақлимизга на бўлдики, хасис нафс бизга ғолиб бўлубдур?», дейилганда қалб тарбиясининг заифлиги назарда тутилади. Агар одам ўз нафсига асир бўлиб қолса, инсонийликни қўлдан бой беради. Ҳазрати шайх Абу Муҳаммадин ал Муртоишга (қ.с.): «Фалончи ҳавода учади», дейишганда, ул зот айтдиларки: «Ҳавойи нафсга душманлик қилмоқ ҳавога учгандан кўра яхшироқдир».
Ривоят: Аллоҳ Довудга (алайҳиссалом) ваҳий йўли билан буюрган: «Эй Довуд! Асҳобингни нафсоний орзуларга эргашишдан эҳтиёт қил. Нафсоний орзуларидан қочсинлар. Зеро, нафсоний орзулар асири бўлган қалбларнинг ақллари мени кўра олмайди. Ақлларини пардалаб қўяман».
Сўйиш учун келтирилган ҳайвонларнинг ҳеч нарсадан бехабар ҳолда бир тутам кўкатни талашиб, уришишларини ҳеч кузатганмисиз? Бу манзара ўлимга орқа ўгириб, ҳалол-ҳаромнинг фарқига бормай, нафс йўлида манфаат ғавғосини қилаётган инсонлар ҳолининг намойишини эслатмайдими?
Нафсни енгиш осон эмаслиги кўп такрорланади. Аммо мушкулотни кўриб, чекиниш, ёки нафсга қарши жиҳодни тўхтатиш иймон эгасининг иши эмас. Кимки нафсга қарши жиддий жанг бошлай олмаётган экан, масалан, мансаб ғамини бирданига тарк этолмаётган экан, Имом Ғаззолий тавсияларига кўра, ишни ундан кўра енгилроғини тарк этишдан бошласин. Кимдадир таомга очкўзлик бор, унга рўза ва таомни кам ейиш буюрилади. Кейин унга тотли таомларни тайёрлаш топширилади. Таомлар муҳайё бўлгач, шундай лазиз ноз-неъматни ўзи емасдан ўзгага тақдим қилади. Шу йўл билан нафсини тияди, уни сабрга ўргатади, очкўзлигини сўндиради. Яҳё ибн Муоз Розийнинг бу борадаги тавсиялари ибратлидир:
«Қачонки нафсингда дунё истакларига майл, гуноҳга рағбат уйғониб, кўп гапиришдан ширин таъм туйсанг, ичингда нимадир жўш уриб, ҳаяжонлар оғушида ўзингдан кетсанг, бас, у ҳолда камтаомлик қиличини таҳажжуд ва камуйқулик қинидан суғуриб, яланғочла. Кейин вазминлик ва камгаплик қўлларидаги бу қилични дунёга майл ва гуноҳга рағбат уйғотувчи шаҳватнинг бошига сол, токи зулм ва интиқомнинг бўйни узулсин. Шунда нафсинг дунёга меҳр туфайли туғиладиган кулфатлардан ва ўзга балолардан омонда бўлади. Нафсинг шаҳват зулматларидан покланади, офатлар кишанидан қутилади. Ана шунда у покиза, ёруғ, енгил, руҳоний нафсга айланади, учқур отдек яхшилик майдонларида, итоат йўлларида чопади, пок фариштадек боғу бўстонларда кезади. Инсоннинг учта душмани бор: дунё, шайтон ва нафс. Зуҳд билан дунёдан эҳтиёт бўлинади. Шайтонга қарши бўлиб, ёмонлигидан сақланилади. Шаҳватларни тарк этиш билан, нафсдан ҳимояланилади».
Нафс туфайли одам боласи кайфу сафони, завқни, ҳузур-ҳаловатни, сайру-томошани яхши кўради. Бу нафс вужудни, инсоннинг моддий борлиғини, манфаатларини таъминлашга ҳаракат қилади. Зеро, унинг вазифаси шундан иборатдир. Яратилиши ҳам ўз ўрнидадир, тўғридир, яхшидир, яхши яратилгандир. Чунки инсон нафси яратилмасайди, у оч қолганини, чарчаганини... билмас эди. Инсоннинг ўз вужудини идора қилувчи бир бошлиққа эҳтиёжи бордир. Нафс инсоннинг шу эҳтиёжини қондиради. Нафснинг вужудга фойдали, айни дамда зарарли истаклари ҳам бор. «Ҳавойи нафс» деганда ана шу ғоят кучли истаклар назарда тутиладики, одамнинг душмани ҳам айнан шудир. «Чунки нафс – агар Парвардигоримнинг ўзи раҳм қилмаса – албатта ёмонликка буюргувчидир» (Юсуф сурасидан). Шайх Саъдийдан ҳикоят: «Бир улуғдин «аъдо адуввика нафсу каллази байна жанбайка» ҳадиси маъносини сўрдум. Ул деди: «Маъниси улдурки, ҳар душмангаким, эҳсон қилсанг, ул сенга дўст бўлур. Магар нафски, анга ҳар неча мадоро қилсанг, мухолифатни зиёда қилур». Қитъа:
Фариштахўй бўлур одами емакдин кам,
Йиқилғуси еса ҳайвон киби нечукки жамод.
Мутеъинг ўлғуси ҳар ким муродини берсанг,
Валек нафс бўлур ҳокиминг чу топди мурод.
__________________
Хабар форум фойдаланувчиси номидан булим муҳаррири томонидан жойлаштирилмоқда. Бу хақида батафсилроқ.
Сообщение опубликовано от имени пользователя модератором раздела. Подробнее об этом.
Ответить 
"+" от:
Ответить
Опции темы
Опции просмотра




Powered by vBulletin® Version 3.8.5
Copyright ©2000 - 2025, Jelsoft Enterprises Ltd. Перевод: zCarot
Advertisement System V2.5 By Branden
OOO «Единый интегратор UZINFOCOM»


Новые 24 часа Кто на форуме Новички Поиск Кабинет Все прочитано Вверх