Публицист, писатель, журналист, доктор филологических наук
Сообщений: 93
+ 77
163/74
– 0
0/0
|
Цитата:
Раҳима ая узуккун уйга қамалиб ётадиган одат чиқарди, кампир ҳеч ким билан гаплашмас, ҳузурига бошқалар киришини хушламас, келинларига сўзни қисқа қилиб, борақолинглар, деб чиқариб юборар, Комиланинг кўзига қаролмас, Имрон билан Гўзал невараларини кўрганида ўпкаси тўлиб кетар − таркидунё қилган одамдек унинг учун ҳеч нарсанинг қизиғи қолмаганди...
Ўтганларнинг руҳларини шод қилиш ниятида лорсиллаган қора қўчқорнинг жони бахшида қилинди. Беш-олти нафар қўни-қўшни иштирокида ўтказиш мўлжалланган “ис чиқариш” тадбири кичкина тўйга айланди. Хабарланганларнинг бари келди, тоға келмади.
− Аканг энди менга бегона, − деди Мирсаййид тоға, ўзини аранг вазмин тутиб, − мен-ку, майли, онасининг бетига оёқ қўйдими, гулдек оиласининг, ўғил-қизининг уволидан қўрқмадими, ўнта қўй атамайдими! Юзта қўй атамайдими!..
Камол келди-кетдида хизмат қилгандек юрди-турди, лекин ҳеч нарса татимади унга. Акасини шу йўлдан қайтаролмагани учун ўзини айбдор ҳис қилар, қандай бўлмасин онасидан қолган ҳовлига қайтиб бориш, кеннойиси ва жиянларининг ҳолига кўз-қулоқ бўлиб ўша ерда яшаш ҳаракатига тушган эди.
Ая қай вақт кўчага чиқиб кетганини ҳеч ким пайқамай қолди. Қўни-қўшниларникини қарашди, суриштиришди − ая топилмади. Намозшом палласи Камол уйга қайтганида онаси пешиндан бери уйда йўқлигини эшитиб юраги орқасига тортиб кетди.
− Тоғамникидан суриштирмадингларми? − сўради дарҳол эсига тушиб.
Келинлар шоша-пиша тоғаникига қўнғироқ қилишдию, хавотирлари ариди.
− Ака-сингил роса соғинишган экан, кун бўйи уйга биқиниб гурунглашиб ўтиришди, − деди тоғанинг кенжа келини. − Яқингинада кетдилар.
Уйга келган заҳоти ая Камолни чақиртирди. Камол аясининг ҳеч кимни огоҳлантирмай кетиб қолгани учун унга танбеҳ бермоққа оғиз жуфтлаган ҳам эди, онаси уни гапиришга қўймади.
− Телефон қил, − деди қўлини узоққа деган маънода боши узра силкиб. − Қаерда бўлсаям топ.
− Хўп... Фақат ҳозир у ерда ярим тун, ҳамма уйқуда... − тайсаллади Камол. − Ухлаб ётган бўлса...
− Ўлиб ётган бўлсаям уйғот!
Раҳима ая шундай дедию, тилини тишлади. Камол онасининг ранги қум ўчганини пайқади, онаси шуни яширмоқчидек бетини тескари ўгирди.
Камол онаси тўнини тескари кийганини, энди унга ҳеч кимсанинг гап-сўзи кор қилмаслигини билди. Шу аснода акаси билан боғландию, телефонни онасига узатди. Раҳима ая кафтидаги телефонни қулоғига босган заҳоти муддаога кўчди:
− Ҳм... Эртага кечгача етиб кел!.. Билмадим!.. Эшитяпсанми, ернинг остидамисан-устидамисан, охирги гапим шу: эртадан қолмай етиб кел!..
− Асал ойи бир ой давом этади деб ким айтса айтаверсин, бизнинг умримиз, ҳаётимиз асал-л!
Комрон тунги чироқ шуъласида зулукдек буралиб кўринган гулнинг қошини бармоқларининг учи билан силади, дудуоқларига бетини босиб тўйиб-тўйиб ҳидлади. Гулнинг ғаши келганидан бетини олиб қочди, эркаланиб кулди. Ёстуқ узра ёйилган узун қуюқ қора соч ғира-ширада қандайдир жондорга ўхшаб кетди, Комрон унинг учини кафтларига ўраб олди. Гул Комронга чирмалди. Комрон ўрнидан тура солиб гулни бели ва тақимлари остидан икки қўллаб кўтариб олди. Унинг дуч келган жойидан устма-уст, устма-уст, устма-уст бўса олганича бир-бир қадам ташлаб учинчи қаватдаги хос хонага йўналди.
− Осмонга, − деди кулиб, − осмондан ҳам тепага − аршга олиб чиқаман! − Комрон шодумон эди, шодлигини баралла нишонлашни истаётган эди.
− Йўқ, − деди Нозик, − у ёққа чиқмайлик.
Комрон аҳдидан қайтмади. Гулни бир қўлидан қўймай иккинчи қўли билан учинчи қаватга олиб чиқадиган дарча эшиги илгагини туширди.
− Қўрқяпман! Тўхтанг, очманг!
− Асал ойи! Асал-л...
Биллур ҳовузча ичига икки кишилик пар ўрин тўшалган, оппоқ чойшаб тунги шабадада муаттар ҳид таратиб қўш вужудни ўзига чорлар эди.
Ҳамон гулни бағридан қўймаган Комрон бир оёғини кўтариб биллур ҳовуз девори оша ошириб ўтишга улгурдими-йўқми, нимадир лоп этди.
− Қочинг! − дея нола чекиб юборди Нозик.
Комрон оёғини тортиб улгурдими-йўқми, кўз ўнгида оппоқ чойшабнинг бир чеккаси тутаб, димоғига ачимсиқ ис урилди.
Комроннинг бу қадар зудлик билан етиб келишини ҳеч ким кутмаганди. Бироқ ўғлиз келдилар дея суюнчи ундириш хаёлида аянинг ҳузурига югургилаб кирган Мушаррафнинг фарёдини биринчи бўлиб Комила эшитди. Комила қайнонасининг тепасига етиб бормай хона ўртасида тек турган кўйи кафтларини бетига босганича унсиз, лекин аччиқ-аччиқ ўкраб юборди.
Мушарраф эрининг қулоғини тинчитмади.
− Уйимизга кетақолайлик, дадаси, − деди у ҳиқиллаб, ўзимизнинг кулбамиздан қўймасин. Бу ерда омонат яшаяётганга ўхшаймиз.
− Уйга кун ора кираман... Кеннойимга, жиянларнинг кўзига қаролмайман... Дадам чет элдалар, фақат телефон қилмаяптилар дейди Имрон...
− Билмадим... Бу аҳволда юрагим адо бўлади, дадаси.
− Қўйгин, бир нарсани гапираверасанми, Мушар! − деди Камол хотинига уқдиришга уриниб. − Сен айтаётган нарса одамнинг назарида бўлади, ҳаётда эмас.
− Ҳаётда йўқ бўлса, кўзга кўриняптику? Тунда тепамга келиб қараган ким?! Буёқда Нозик ҳомиласини тушириб қўйганидан хабарингиз йўқ.
− Ҳомиласини туширган бўлсаям чидаб ўтирибди-ку!
− Қаёқда чидайди! Тиқ этса ёнимга келиб олади, бир ўзи тепа қаватга қадам босмайдиган бўлган. Шўрлик эсдан оғиб қолмаса деб қўрқаман...
− Ҳозиргина кўрдим-ку, тепага чиқиб кетаётув...
− Опа!!.
Мушарраф жим бўлди. Деразадан ҳовли томон бошини чиқариб қулоғини динг қилди.
− Чақирди, − деди Камол чўчигандай диққатини жамлаб.
− Опа-а! О-опа-а-а!..
Чинқириқдан шошиб қолган Мушарраф билан Камол изма-из қувалашгандай Комрон билан Нозикой яшайдиган томондаги айвон зинасидан чиқишганида иккинчи қават эшиги бўсағасидаги супачада йиқилиб қолган Нозикойни кўришди.
− Ана! − деди Мушарраф ва ётоқ бўлмасига кираверишдаги эшик ёнида ҳолсизланиб ўтириб қолган Нозикойнинг ёнига олдинма-кетин кўтарилишди.
− Қаранг... ичкарига қаранг... − дея олди ҳамон ўзини қўлга оломаган Нозикой. У қалт-қалт титирар, беихтиёр халатининг этаги билан оппоқ яланг болдирларини ёпишга уринарди.
Мушарраф кўрқа-пуса ҳобхонага бош суқдию, “Вой, ўла-ай-й!” деб қичқирганича ёқасини чангаллади.
− Нима, нима гап? − Сўради унинг ортидан келган Камол.
Бу орада базўр қад ростлаган Нозикой эшикка беҳол суяниб пичирлади:
− Ювиниб чиқдим, қарасам!..
Пардоз-андоз жавони устида нима бўлса, ҳаммаси уй билан битта бўлиб сочилиб ётарди.
|
__________________
Хабар форум фойдаланувчиси номидан булим муҳаррири томонидан жойлаштирилмоқда. Бу хақида батафсилроқ.
Сообщение опубликовано от имени пользователя модератором раздела. Подробнее об этом.
|