AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360
10,318/4,529
– 37
58/50
|
Раъно МУЛЛАХЎЖАЕВА. ХХ АСР ЎЗБЕК ШЕЪРИЯТИДА ВАТАН МАВЗУСИ
|
|
Цитата:
XX асрнинг 80-йилларига келиб собиқ шўро мамлакатида ижтимоий янгиланиш зарурати туғилди ва бу ҳолат жамиятнинг барча бўғинлари, хусусан маънавий ҳаётида ҳам туб ўзгаришларни вужудга келтирди. Ўзбек адабиётида ҳам ана шу ўзгаришлар сезгиси билан туғилиб шаклланаётган янги бир авлоднинг адабий майдондаги фаолияти миллий бадиий тафаккур ривожига ўзига хос ҳисса бўлиб қўшилди. Шу маънода, 80-йиллар ўзбек шеъриятининг пешқадам вакилларидан бири – Шавкат Раҳмон ижодини авлодлари ва давр қамровида ўрганиш нафақат бир индивидуал шахс, балки ХХ аср ўзбек шеърияти ҳамда 70–80-йиллар авлоди ижодининг мавзу-мундарижаси, услубий-шаклий изланишларини ёритишга, муҳим илмий-назарий хулосалар чиқаришга имкон яратади.
Ворисийлик қонунияти ҳамма жойда бир хил амал қилади. 70–80- йиллар ўзбек шеъриятига кириб келган авлод ҳам ўз истеъдод ва иқтидорини салафларининг ижодий тажрибаларини ривожлантириш орқали намоён этди. Одатда, истеъдод мавжуд анъаналарни қабул қилади, янгилайди, бойитади, ўзлигини намоён этиб, келажак авлодга етказади. Ана шу мураккаб ижодий жараёнда бадиий тафаккурнинг авлодлараро тадрижий ривожланиш қонуниятлари намоён бўлади.
ХIХ асрнинг иккинчи ярмидан ХХ аср сўнггига қадар яратилган ўзбек шеърияти намуналарини даврлараро жамлаб, ўзаро қиёсланса, уларда бадиий тафаккурнинг қуйидаги йўналишлари бўйича янгиланиш босқичлари рўй берганлигини кузатамиз: 1) ғоя ва мазмундаги янгиликлар; 2) мавзу танлашдаги ранг-барангликлар 3) шакл ва услубдаги янгиликлар.
Ушбу янгиланишлар баробарида ижтимоий-иқтисодий ва бошқа бир қанча омиллар билан боғлиқ – барча даврларни боғлаб турувчи анъаналар (шакл ва мазмун, оҳанг ва ғоя кабилар) ҳам мавжуд. Лекин бу анъаналар ҳам муайян даврга мос янгиланиш босқичларидан ўтади. Бу улкан даврга хос яна бир жиҳат – шеъриятнинг ижтимоийлашувидир. 80-йиллар шеърияти борасида фикр билдирган кўпчилик мунаққидлар ижтимоий мазмуннинг устувор кўриниш олиш қонуниятини давр билан боғлиқ жараён деб баҳолаганлар.
Барча замонларда куйланган ватан, озодлик, мустақиллик мавзулари бу даврда янада долзарб кўриниш олди. Эътиборлиси, ХХ аср шеъриятида ҳар бир даврга хос хусусий жиҳатлар аниқ кўринса-да, Ватан мавзусидаги асарлар – шеърларнинг мазмун ва моҳиятида ички бир умумийлик, яхлитлик сезилиб туради. Бу моҳият – Ватанни қарийб бир юз ўттиз йил давом этган мустамлакачилик занжирларидан қутқариш, миллатни ҳур, озод кўриш истагининг гоҳ очиқ-ошкор, гоҳида эса яширин ифода топганлигида билинади. Ушбу катта даврнинг ёрқин намояндалари Чўлпон, Ҳамид Олимжон, Ойбек, Абдулла Орипов, Рауф Парфи, Шавкат Раҳмон, Усмон Азим, Хуршид Даврон каби шоирларнинг ватан мавзусидаги шеърларини қиёсан ўрганиб, бадиий тафаккурнинг ижтимоий йўналишдаги тадрижийлигини ғоя, мазмун, шакл ва оҳанг мисолида яқиндан кузатиш мумкин.
Чўлпоннинг “Юпанмоқ истаги” (1922) шеърида ошиқ дилнинг ички кечинмалари баёнидан навбатдаги семантик сатҳ – рамзий ижтимоий мазмун юзага чиқади. Лирик қаҳрамоннинг ушалмай сўнган орзулари – маҳбуба тимсоли ботинида халқнинг бой берилган эрки, озодлиги, мустақиллиги маънолари ифодаланган. Шеър оҳанги, мазмуни, маъно жиҳатдан “Билмадим, кўнглимни юпатгай кимлар” мисраси асосига қурилган. Шеърда қўйилган саволнинг жавоби эса сўнгги:
Ўйланган ўйлар-ла кўнгил юпанмас,
Кўнгилнинг истаги ўй билан қонмас,
Айтарлар бу тунда ёруғ шам ёнмас,
Чақмаса гугуртни асл ўғуллар...
тўртлигида акс этади. Шоир ўз орзусининг ушалиши – юртни озодликка олиб чиқиш унинг асл ўғлонлари саъй-ҳаракатига боғлиқ эканлигига очиқ ишора қилади. Х. Даврон орадан олтмиш олти йил ўтиб, Чўлпон шеърига назира (1988 ) битар экан, уни “Билмадим, кўнглимни юпатгай кимлар” мисраси билан бошлайди. Ҳар икки шеърнинг ўхшаш-уйғунлиги улардаги ягона оҳанг, туроқ ва ғоя билангина чегараланмайди. Шеърлардаги образларга ҳам муштарак рамзий маънолар юкланган. Чўлпон шеъриятида бир қанча образлар шеърдан-шеърга ўтиб, ягона рамзий мазмун касб этади. Жумладан:
Чарчаган йўловчи йўлдан адашса,
Текис йўл қолса-да, тоғларни ошса,
Йўлни кўрсаткучи юлдуз-да қочса,
Шундай юпатгайми яланғоч чўллар?–
тўртлигидаги йўл кўрсатувчи ёруғ юлдуз образининг ибтидоси шоирнинг “Гўзал” шеъридаги “энг ёруғ юлдуз”га кўп жиҳатдан боғланган. Унда шоир:
Қоронғу кечада кўкка кўз тикиб,
Энг ёруғ юлдуздан сени сўраймен , –
деб, гўзал тимсолидаги мақсадига мурожаат қилади. Аслида “Гўзал” ботиний ифодаланган Ватан ҳақидаги шеърдир. “Юпанмоқ истаги”даги “Йўлни кўрсатувчи юлдуз-да қочса” мисраси мазмунини “Гўзал”даги “ёруғ юлдуз” образининг маъно кўлами янада ойдинлаштиради. Яъни шоир “йўл кўрсатувчи”нинг йўқлигидан шикоят қилади, “Шундай юпатгайми яланғоч чўллар?” дея ёғийларнинг юпанч топишини ўйлаб ўксинади.
Х. Даврон шеърида Чўлпон қўллаган образлар такрор келади ва улар янгича маъно эгаллай бошлайди. Масалан, дастлабки тўртликдаги “Ва ёки қалбимнинг дўсти – юлдузлар?” мисраси ҳамда:
Йўлдан адаштирган маёқлар сўнса,
Балки юпатғуси эркин юлдузлар? –
мисраларидаги юлдуз образига сифатлаш бўлиб келаётган сўзлар Х.Даврон бу образга юклаган поэтик маънога аниқлик киритади. Агар Чўлпон шеърида йўл кўрсатувчи юлдуз “қочса”, “уялиб бошини букиб”, “Мен уни тушда кўрамен, Тушимда кўрамен, шунчалар гўзал, Биздан-да гўзалдир, ойдан-да гўзал!..”, деб шоир армон қилса, Х.Даврон мисраларида юлдузлар унинг “қалб дўстлари”, “юпатғуси эркин юлдузлар”га айланган. Чўлпондаги ёғий “яланғоч чўл” образи Х.Даврон талқинида халқни “адаштирган маёқ”қа эврилади, шоир унинг сўнишидан юпанч топади гўё. Ушбу қиёсларнинг ўзиёқ ўзбек шеъриятидаги олтмиш олти йиллик давр мобайнида бадиий тафаккурнинг замон, ижтимоий ҳаёт билан боғлиқ тадрижий ривожини аниқ намоён этади. Чўлпон “қизил империя” кучга тўлиб, қатағон қиличини яланғочлаб, юҳодек ўзга халқларни ютиб юборишга киришган ҳолатдаги Ватан ва халқ тақдирини шеърга кўчирган бўлса, Хуршид Даврон унинг кучдан кетиб, эрк бўсағасида турган халқларни қўйиб юбормасликка тиш-тирноғи билан ёпишган, сўнгги кучига таяниб, халқ озодлиги йўлига ўтган авлоднинг орзу-интилишларини бадиий ифодалайди.
Аслида ҳар қандай шеър ёки асар муайян объектга йўналтирилади. Мабодо шеърдаги маъно биргина объект қамровида қолса, фақат шу кечинма ҳосиласи сифатида юзага чиқади. Аксинча, шеърнинг қамрови кенгайса, унда маъно йўналтирилган объектлар ҳам ортиб боради. Чўлпон шеърида биз илғаган объект ҳозирча иккита: бири – муҳаббат кечинмаларига сабабчи маҳбуба бўлса, иккинчиси – асоратда қолган Ватан тақдири. Шеърда поэтик мазмун бир объект чегарасига сиғмайди, шунинг учун кечинмалар қамрови кенгаяди.
Х.Даврон шеърида маъшуқа образи йўқ, ижтимоий объект асосий ўринга чиққан. Шеърдаги ижтимоий маъно муаммолар билан бирга ўз долзарблигини йўқотади. Шеър биргина адабий фактлар қаторидан жой олади. Инсоний кечинмаларга йўғрилган ижтимоий мазмунли шеърни эса ана шу бирламчи кечинма адабиёт майдонида тутиб туради.
ХХ асрнинг 30-йилларига келиб шўро ҳукумати адабиёт жиловини тўлиқ қўлига олди. Адабиётга партиявийлик, синфийлик мезонлари билан ёндашган социалистик реализм қолипи татбиқ этилди, қатағон авжига чиқди. Айнан шу даврда (1939 йили) Ҳамид Олимжоннинг “Ўзбекистон” шеъри ёзилди. Шеърни она юртга қасида деб номлаш мумкин.
...Ўхшаши йўқ бу гўзал бўстон,
Достонларда битган гулистон –
Ўзбекистон дея аталур,
Уни севиб эл тилга олур.
Чиройлидир гўё ёш келин,
Икки дарё ювар кокилин;
Қорли тоғлар турар бошида,
Гул водийлар яшнар қошида.
Чор атрофга ёйганда гилам,
Асло йўқдир бундайин кўклам...
|
|