16 мартдан 17 мартга ўтар кечаси ухлай олмадим, телевизор қаршисидан нари кета олмадим. Референдумга чиққан Қрим халқи гўё ёшлигида ўз қадрдонларини йўқотиб, қаҳри қаттиқ одамлар қўлида ўгайланиб ўсган, бугун эса ўз оиласи топилганини эшитиб, ёш боладай беҳад қувонганини кўриб ўтирдим...
Ким нима деса десин-у, турли табақаларга мансуб: «ДОМОЙ! ДОМОЙ!» - дея қичқирган минг-минглаб одамлар юзидаги ундай севинч, ундай бахт қиёфасини ҳеч ким ёлғондакам ясай олмайди, ҳеч қандай пулга харид қила олмайди, ҳеч қандай аннексия билан эриша олмайди. Демак, рўшнолик кўрмаган халқ шу даражага етказиб қўйилган экан, анави миллатчи, айирмачи гуруҳлар пичоғи миллатнинг суяк-суягига бориб тақалган, қалбининг нозик торлари узиб ташланган, охир-пировардида сабр косаси тўлиб тошган. Қрим халқи зиғирдай бўлсин, меҳр кўрганида, ишончим комилки, иш шу даражага етиб бормаган бўлар эди.
Эътиборингизни масаланинг ниҳоятда жиддий жиҳатига қаратмоқчиман.
Ўзбекнинг ажойиб бир нақли бор: ўзингдан чиққан балога, қайга борай давога, - деган. Ўзининг ғаразли мақсадларига эришиш учун турли миллат ва элатлар орасига адоват уруғини сочиб юрадиган ғаламис кучлар айнан ўша балони, яъни у ёки бу юрт халқининг миллатчилик, айирмачилик, қўпорувчиликка мойил бўлган итфеъл вакилларини қидириб топиб, турли шаклларда рағбатлантириб борадилар.
Яқинда ўша тажовузкор миллатчилардан бири Музичка лақабли Сашко Билий деганлари итдай ўлим топди.
Кези келганда таассуф-ла таъкидлаб ўтмоқ жоизки, дунёнинг турли минтақаларида «рангли инқилоб» уюштириб юриш, қуролли можароларда иштирок этишни ўзига касб деб билган, ғаламис кучлар томонидан эмизиб боқилган бундай махлуқлар галаси орасида Марказий Осиё минтақасидан «ҳашар»га етиб борган жиноий элементлар ҳам йўқ эмас. Улар «рангли инқилоб» стратегияси, уюштириш тактикаси, рўёбга чиқариш шаклларини атрофлича ўзлаштириб, қўпорувчилик ишларида шахсан иштирок этишмоқда. Ишончим комилки, ўша «ҳашарчилар» кўзлаган асл мақсад ҳаммага аён бўлиб, ортиқча изоҳ талаб этмайди. Чеченистон урушида жанггарилар томонидан қўлга олинган рус асирларининг бармоғини синдириб, қўлига кирган нарса ила кўзини ўйиб чиқарган Сашко Билийга ўхшаган «раҳнамо»ларига яқиндан ёрдам бераётган ўша «ҳашарчилар» минтақамизга қайтгач, Марказий Осиё халқларини тараққиёт сари етаклаб кетишларига шахсан мен шубҳали қараб, ундайлардан огоҳ бўлган маъқул деб ўйлайман.
|