|
|
Знаете ли Вы, что ... | |
![]() |
...нарушения правил форума наказываются. Старайтесь их не нарушать. |
<< Предыдущий совет - Случайный совет - Следующий совет >> |
ZiyoNET Общественная образовательная сеть |
|
Опции темы | Опции просмотра |
![]() |
#1 | ||
![]() ![]() ![]() |
Бундан роппа-роса 25 йил муқаддам, яъни 1989 йил 15 февраль куни Совет қўшинларининг Афғонистондаги чекланган контингенти Афғонистон ҳудудидан чиқарилди.
40- умумқўшин армия тасарруфидаги қўшилма ва ҳарбий қисмларни чиқариш тадбирларига қўшинлар контингентининг сўнгги қўмондони генерал-лейтенант Б. В. Громов раҳбарлик қилиб, энг охирги бўлинма чегара дарё – Амударёни кесиб ўтгач: «Менинг ортимда бирорта ҳам совет аскари қолмади», - дея баёнот қилди. Бироқ генерал Б. В Громовнинг ушбу тарихий баёноти ҳақиқатдан анча йироқ бўлган. Зеро, Давлат хавфсизлиги қўмитаси Чегара қўшинлари тасарруфидаги айрим бўлинмалар қўшинлар контингентининг ССРИ ҳудудига қайтиб чиқишини таъминлагач, 1989 йилнинг апрель ойига қадар совет-афғон чегарасини Афғонистон ҳудудида туриб қўриқлаган. Кўплаб совет жангчилари эса афғонлар қўлида асир бўлиб, бегона юртда қолиб кетган. Бир ҳафтача олдин эски танишим, истеъфодаги тиббий хизмат полковниги, Афғон уруши иштирокчиси Алимхон Аллоханович Валиевни учратиб қолиб, ушбу санани эслаганча, анча суҳбатлашиб ўтирдик. Кўп қизиқ нарсаларни айтиб берди. Суҳбат охирида ўз хотираларини қоғозга тушириб беришини илтимос қилдим. Йўқ демади, лекин ўта камтарин, кўплаб жангчиларнинг ҳаётини сақлаб қолган, дардини енгиллатган ушбу инсон икки соат тинмай гапирган нарсаларини қисқагина баён этиб берибди. Ҳа, майли, шунисига ҳам шукур. Унинг хотираларини таржима қилиб, эътиборингизга ҳавола этмоқдаман. ҲАРБИЙ ШИФОКОР ХОТИРАЛАРИ Истеъфодаги тиббий хизмат полковниги Алимхон Валиев Фарғона шаҳридаги, мен ҳарбий хизмат ўтаган муҳандислик-сапёр парашют-десант батальони тугатилгани боис, бошқа лавозимга тайинланишим керак эди ва шу сабаб, қўмондонликнинг буйруғига биноан, 1979 йил 12 ноябрь куни Тошкент шаҳрига, Туркистон ҳарбий округи штабига етиб келдим. Уйланганман, ўзим 26 ёшда, тўнғич ўғлим эса ўша вақтда эндигина 4 ёшга тўлган эди. Мени Кадрлар бошқармаси фронт орти таъминоти бўлинмаларини кадрлар билан бутлаш бўлимининг ёши анчага бориб, сочи оқарган бошлиғи полковник Ерхов қабул қилди. Кейинчалик, орадан кўп йиллар ўтгач, ўша вақтда қанчалик дўлвар бўлганим, хусусан, Туркистон ҳарбий округи қўмондонлиги 1979 йилнинг ноябрь ойидаёқ ССРИнинг Афғонистонга бостириб кириш режасидан бохабар бўлганини англаб етдим. Ўшанда ҳарбий округ штаби йирик миқёсли ҳужум операциясига ҳозирлик кўриш билан боғлиқ бесарамжон ҳаёт кечираётган экан. Шахсий ҳужжатларим жилди билан танишиб чиқиб, уйланганим, фарзандим борлигидан воқиф бўлган полковник Ерхов, бироз ўйга толди. Шундан сўнг, менга иккита бўш лавозимдан бирини танлашни таклиф қилди. Биринчиси Чирчиқ шаҳрида жойлашган фуқаро муҳофазаси полкининг «капитан» тоифасига мансуб тиббиёт хизмати бошлиғи лавозими бўлса, иккинчиси – Термиз шаҳрида жойлашган танк полкининг «майор» тоифасига мансуб тиббиёт хизмати бошлиғи лавозими. Уч йилдан буён парашют-десант батальони тиббиёт пункти бошлиғи лавозимида хизмат ўтаб келганим учун бўлса керак, Термиздаги майорлик лавозими мендек катта лейтенантнинг иззати нафсига хуш келди. Полковник Ерхов одамгарчилик қилди шекилли, масъулиятни ўз зиммасига олганча, ёзма кўрсатмамни расмийлаштирар экан, 18 ноябрни ҳарбий қисмга етиб бориш санаси сифатида қайд этди. - Мана сенга бир ҳафта вақт, - деди у, қандайдир сирли-хомуш оҳангда, ҳужжатни қўлимга тутқазиб, - Оиланг даврасида ўтказ уни. Афтидан, мени муқаррар урушга жўнатаётганини билиб турган кекса офицернинг виждони қийналган кўринади. Ниҳоят, 1979 йил 18 ноябрь куни хотиним ва ўғлим билан хайрлашганча, маҳаллий ҳаво йўллари самолётига ўтириб, ҳеч қандай ғам-ташвиш тортмай, ҳеч нарсани ўйламай, Термиз шаҳри томон йўл олдим. Ўша куни Фарғона осмонини булут қоплаган, ҳаво совуқ, шамол эсаётган бўлса, Термизда аксинча, кун иссиқ, қуёш чарақлаб турибди. Ўқувчилик йилларимда Термиз ССРИнинг энг иссиқ шаҳри эканлигини эшитган эдим. Бугун эса бунга ўзим шоҳид бўлиб турибман. Ушбу минтақанинг илиқ, қуёшли кунлари декабрь ойигача сақланиб қолди. Шаҳар аэропортида йўловчиларни чегара наряди самолёт трапи ёнида қарши олиб, паспортларни синчковлик билан текшириб чиқди. Термиз давлат чегарасига туташ шаҳар эканлигини тушуниб турган бўлсам-да, бу қадар қатъий текширув мени бироз ҳайратлантирди. Ҳарбий хизматимни давом эттириш учун тайинланган янги жой – 75115- ҳарбий қисмга (108 мотоўқчи дивизиянинг 234- танк полкига) етиб боришим ҳамоно, ҳарбий қисм командири подполковник Анатолий Михайлович Серицкийнинг ҳузурига кириб, ўзимни таништирдим. Ушбу дивизия таркиби қисқартирилган қўшилма бўлиб, тўла таркибга қадар эндигина тизилаётгани боис, янги келган офицерларнинг бари дивизия командири генерал-майор Е. С. Кузьминнинг шахсан ўзига учраши шарт экан. Ушбу шахс ва унинг генераллик тантиқликлари ҳақида афсоналар юрар эди. Эгнимдаги ҳаво-десант қўшинлари офицерининг кийими, кўксимда эса Ҳарбий-тиббий академия битирувчиси ва парашютчи кўкрак нишонларини кўргани учун бўлса керак, генерал мени илиқ қарши олди.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига |
||
|
Ответить |
6 "+" от:
|
|
|