Тахминан 7 ё 8 йил бурун эди, “Шарқ зиёкори” дўконига кирганимда, расталар орасида иккита одмигина кийим-бошли аёлнинг қанор қопларга даста-даста китобларни ҳафсала билан жойлаётгани устидан чиқиб қолдим. Уларга сотувчи бир қиз ҳам кўмаклашаётган эди. Жуда ҳайрон бўлдим: “бизнинг замонларда китобни шундай қопларда олиб кетишаяптими?” дегандек, кўзларимга ишонмаган кўйи воқеа бошидан айрилмай туравердим. Аёлларнинг баланд-баланд овозда гапиришларидан, “яна шунча китоб топиб беринг, Жиззахдан келиб кетиш осонми, у ерда кутиб турганларга нима деймиз?” дейишларидан кўп нарса аён бўлган эди. Бу гапларнинг Муҳаммад Юсуфга нима дахли бор? Гап шундаки, қопга “боғлам-боғлам” жойланаётган китоблар М. Юсуфники эди-да! Бу китоб ўн минг нусхада чоп этилганди. Боз устига, бир неча марта! Лекин барибир жиззахлик опаларга етмабди. Сотувчи қизнинг “бўлди, қолмади. Янги нашри чиқса, сизларга хабар қиламиз” дейишлари ҳамон қулоғим остида жаранглайди. Хуллас, нима демоқчиман? Шоир шундай шеърлар ёза билдики, умрида ўз ихтиёри билан қўлига битта китоб олмаган энг оддий қишлоқ одами ҳам ўзи билмаган равишда шеър излаб қолди, шеър ёдлаб қолди. Шоир китобларини ахтариб топиб, ундан маънавий баҳра олди. Нега? Чунки, дейман ўзимга ўзим, уларда ўзини, фарзандини, қавму қариндошу қўни-қўшнисини, умуман, бутун ўзбек халқи ҳаётини, бу халқнинг ўзига хос феъли атворини, унинг каттакон содда қалбини кўрди!
|