Цитата:
Сообщение от Colorado
Бир икки кун аввал Бухорода юртбошимиз театр ва постановкалар туғрисида уз фикирларини билдирдилар очиқ эфирда.
Театрларнинг репертуари бойирмикин!?????
|
Катта даъво билан кичик бир мақолани бундай номлаш даъвогарнинг зиммасига фавқулодда катта масъулият юклайди, албатта. Чоғим келадими-йўқми, билмадиму, аммо шундай сарлавҳа қўйиб, сўнгги йигирма йил оралиғида ўзбек театрида юз берган жараёнлар ҳақида мухтасар сўз айтишга жиддий эҳтиёж бор. Бу эҳтиёж, аввало, замонавий ўзбек театрида кечаётган ҳаракатларнинг йилдан йилга ижобий маънода турфа хиллик касб этиб бораётгани билан изоҳланса, иккинчидан, уни кўролмай, пана-пастқамда орқаваротдан катта-кичик тош отишга бўлаётган нохолис уринишлар туфайлидандир.
Дўппини бошдан олиб, хотира бисотини бир-бир варақласак 1991 йилдан то ҳозиргача ўзбек театри рамзий маънода 21 ёшга етган ҳар қандай навқирон йигит босиб ўтадиган жисмоний, маънавий-психологик ўсиш, ўзгаришларни ўз бошидан кечирганига ишонч ҳосил қиламиз. Дарҳақиқат, бола туғилиб, атак-чечак қила бошлаганию, она,отасини илк даъфа таниб, яқинлари, оилани ҳис қилишигача, жисмонан ўсиб, улғайиб, таълим-тарбия билан маънан қувватлана боришигача ва ундан кейинги ҳаётий тадриж бари мажозан Истиқлол даври ўзбек театрига ҳам нисбат берса бўладиган қиёс. Йигирма бир ёшга тўлган йигит энди жамиятнинг тўлақонли онгли аъзоси, фуқаролик бурчи, халқ, Ватан олдидаги масъулияти билан юрт корига яроқли инсонга айланмоғи назарда тутилса, Ўзбекистон театрлари ҳам мунтазам ҳаракатдаги жонли ягона тизим сифатида мустақил мамлакатимиз ижтимоий-маданий ҳаётида миқёс ва мавқе кашф этиб, мустаҳкам оёққа туриб бормоқда.
Санайдиган бўлсак, рақамлар уч ҳатто тўрт хоналик саноқларга бориб етса ажабмас. Биргина ўтган 2011 йилдаги йирик тадбирларнинг ўзинигина эслаб кўрайлик: “Сени куйлаймиз, замондош!” Республика кўрик фестивали, “Theatre UZ/2011” Халқаро театр фестивали, Олий Мажлис қонунчилик палатасида “Ўзбекистон театр санъатининг жамият ҳаётида тутган ўрни ва ривожлантириш истиқболлари” мавзуида давра суҳбати, “Тошкент баҳори” анъанавий Халқаро опера фестивали, Ўзбекистон ва Туркманистон маданий алоқалари негизида Бухоро шаҳрида дўстлик театр фестивали, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси “Дўрмон ижод уйи”да ёш драматургларнинг Республика семинари, буларнинг давомига “Дийдор” театр-студиясининг Францияга ижодий сафари, Ёшлар театрининг Санкт-Петербургдаги “Болтиқ уйи” Халқаро фестивалида иштироки, Республика қўғирчоқ театрининг Россиянинг Курган шаҳридаги 2-Халқаро қўғирчоқ театрлари фестивалида қатнашиши, Хоразм вилоят қўғирчоқ театрининг Озарбайжон пойтахти Боку шаҳридаги Халқаро фестивалга бориши, Германиянинг Дармштат шаҳри “Хамелион” театри режиссёри Юрген Цахманнинг Хоразм қўғирчоқ театрида ўтказган мастер-класс машғулотлари ва “Хива лазгиси” спектаклини саҳналаштириши ваҳоказо. Бу тадбирлар қаторига ўтган йили 37 ўзбек театрида 150 дан ортиқ спектакл саҳналаштирилганини ҳам қайд этсак, Ўзбекистон гўёки фақат театр дунёсида яшаётган мамлакат таассуротини уйғотса ажабмас. Айтиш жоизки, юқоридаги бир неча Халқаро ва Республика фестиваллари йилига ёки икки йилда мунтазам ўтказиб келинадиган анъанавий тадбирлар. 2012 йилда ўша анъанавий фестиваллардан учтаси ўтди ва ўтади. “Дебют – 2012” Республика ёш режиссёрларининг IV кўрик-фестивали, “Theatre UZ/2011” Халқаро театр фестивали ва Республика қўғирчоқ театрлари фестиваллари. Бу фестиваллар доирасида илмий-амалий анжуманлар, “мастер класс”, “устоз-шогирд” анъаналарига оид қатор касб малакаси билан боғлиқ машғулотлар, суҳбатлар, тажриба, фикр алмашув, баҳс-мунозара ваҳоказолар ўтади. Бир ярим йиллик Республика театр ҳаётининг мана шу тўлиқ бўлмаган қисқача сарҳисобининг ўзи унча-мунча одамни, инчунун мутахассис кимсани шошириб қўйиши ҳеч гап эмас.
Таассуфки, бу маданий воқеликларнинг тарғиботи суст, ташвиқоти ҳаминқадар, таҳлилу тадқиқи эса деярли йўқ даражада. Тадбирлардан кўпда хабар тополмаётган оддий фуқаронику қўяйлик, соҳада “нон еб” юрган мутахассисларчи, уларга нима бўлган? Ижодий жараённи мушоҳада этаб, яқин ва узоқ истиқбол учун илмий асосланган хулосалар, мўлжаллар, режалар, лойиҳалар таклиф этиш ўрнига, пана-пастқамда пусиб, пайт пойлаб ўлтириб, ўзига тегмаган бир парча луқма аламида “дунёингга ўт қўяман” деб турса. Гоҳи ўз ичимиздан аламзада ҳамтавоқ топиб, гоҳи ташқарида – хорижда ҳангаматалаб бўлиб турган нохолис мардумнинг кўмагига таяниб, қўйнидаги тошни узоқ-яқиндан отиб турса,... дардингни кимга айтасан?!
Россиянинг “Международный институт театра” нодавлат-нотижорат ташкилотининг “МИТ–INFO” информацион журналининг шу йил 3-сонида А.Раҳимовнинг “Ўзбек “Гамлет”и томошабин йиғолмайди” (“Узбекский “Гамлет” не собирает публику”) номли мақоласи эълон қилинган. Бундан аввалроқ мазкур журналнинг 2011 йил 1-сонида Тошкентдаги “Илхом” театри фаолияти билан боғлиқ “ғалати” суҳбат-мақола чоп этилган эди. Мазкур суҳбат-мақолада Ўзбекистон шаънига, унинг театр ҳаётига ўта субъектив, ҳатто айтиш ўринлики, ғаразли, бўхтон гаплар айтилади. Эмишки, гўё “Ўзбекистонда хали ҳам феодал тузум ҳукмрону ҳамма нарса хонга бўйсундирилган. Одамлар бу ерда доимий қўрқувда яшаётгандек” таассурот олганмиш юртимизга келган россиялик бир театр баччаси. “Иштон сизнинг иштони бордан” кулганини эслатади бу. Бори Россия табақаланишнинг авжи адосига чиққанини, ҳукумат амалдорлари, “олигарх”лар билан зиёлилар, ишчилар, оддий халқ ўртасида фавқулодда катта узилиш пайдо бўлганини, халқ эртанги кунига ишончсиз, хавотирда яшаётганини айтиб, дунёга жар солиб турганида, халқимизнинг доно ҳикматини эсламаслик мумкин эмас.
Хўп, бу-ку россиялик нохолис мардум экан, аммо биринчи мақола муаллифичи? Унинг шу ерда, орамизда яшаб, маданият муассасаларида ишлаб юриб, Ўзбекистон театрларида кўрган воқелиги “Ҳалокат ёқасидаги юзлаб одамларнинг нажот келишига умидвор” турганларини “изтироб билан кузатиб туриш” бўляпти экан холос... Ол-а..! Мақолада шундай рақамлар келтирилади: “Ҳозирда Ўзбекистон театрларида 3005 ходим хизмат қилади. Ҳар йили театрлар 140-150 та янги спектакллар саҳналаштиради ва қарийб 10000 спектакл кўрсатадилар. Уларни 2,5 миллион томошабин келиб кўради”. Муаллифнинг бу гаплари чин бўлса, унинг “изтироби” ўзи келтирган ана шу рақамлар билан мантиқан чилпарчин бўлаяпти-ку? Ўша “ҳалокат ёқасида юзлаб нажот кутаётган”лар ким, қаерда улар? Нажотни кимдан, қаердан кутаяптилар? Бундай тутуриқсиз фикр билан умуман мамлакатимизда маданият соҳасида олиб борилаётган сиёсатни шубҳа остига қўйиш мукин-ку?!
Гумонимизни мана бу бўҳтон яна тасдиқлагандек бўлади: “Мустақилликка эришиш билан республика театрларида рус ва европа хорижий классик асарлари деярли йўқолди. Бинобарин, ўзбек театри Эсхил ва Софокл, Шекспир ва Мольер, Гоголь ва Островский асарлари билан чамбарчас боғлиқ эди. Шу билан бирга, ўзбек мумтоз асарлари ҳам, Ойбек, Уйғун, Шайхзода ва Қаҳҳор асарлари учинчи қаторга ўтиб қолди. Ўзбек драматургиясининг асосчиси Ҳамза ва унинг асарлари эса салкам зарарли дея эълон қилинди”. Бу фикрни нафақат бўҳтон, Истиқлолимиз шаънига росмана туҳмат десак тўғрироқ. Қизиқ, мақоланинг қуйироғида муаллиф яна ўз-ўзини инкор этади. Яъни, “Дийдор” театр студиясида Чехов ва Гоголь, Мольер ва Ремарк асарлари ўйналаётгани, Ҳамзанинг асарлари асосида “Ойдин кечалар” (“Майсаранинг иши” пьесасининг театр варианти номи) спектакли француз театр арбоби Франсуа Шатто томонидан юқори баҳолангани иқтибослар асосида келтирилади. Ҳатто буюк инглиз режиссёри Питер Брук “Илхом” ва Республика “Ёшлар театри”ни назарда тутиб, улар “ўз халқи, ўз даврини ўзиб ўтган” театрлар деб баҳо берган ва ҳатто “бу билан фахрланиш керак”лигини таъкидлаган экан. Хўш, қани бу ўринда мантиқ? Жаҳон классикаси ҳам, “душман”дек қаралаётган Ҳамза ҳам яшаётган экан-ку ўзбек саҳнасида?!