08.05.2012 16:53
|
#24
|
MTRK
редактор, поэтесса
Сообщений: 75
+ 22
178/73
– 0
0/0
|
Цитата:
С Е Н
Тун эди. Сен чўчиб уйғондинг. Ким учундир яшириб қўйганинг ҳаста юрак, энди ҳеч кимга керак эмаслигини сезганиданми, созанда ёмғирлар чертаётган дераза ойнасидан таралаётган куйга ўзига қасд қилгандек тинимсиз рақсга тушар, унинг бу зарби сенинг кўкрак қафасингга оғирлик қилар эди.
Сен ўзингга бўйсунмаётган вужудингни судраб, бир амаллаб деразани очиб юбординг. Баҳор ва ёзнинг қовушган тунининг ҳавоси хонангга гупириб кирди. Яна ёмғирда ивиган тупроқнинг жуда таниш ҳиди думоғларингни тўлдирди. Ногаҳон унда онангнинг ширин бўйини туйиб, энтикиб қўйдинг.
Дераза рахига суяниб узоқ ўтирдинг. Қизиқ ёмғир ёғаяпти-ю ой ҳеч нарса бўлмагандек булутлар оша кулиб турибди. Шу дамда ойга жуда ҳавасинг келиб кетди. Қанийди мен ҳам барча ғаму-қайғуларим устидан кулиб яшай олсам эди, деб ўйладинг.
Аммо ўйларинг ҳам шу қадар ожиз эдики, руҳингдаги қоронғуликдан чўчиб сени бир зумда тарк этди.
Яна судралиб келиб, совиб улгурмаган ўрнингга ётдинг. Уйқусизликдан оғриётган кўзларингни ҳарчанд юмишга уринмагин, улар ухлашдан бош тортарди.
Шунда бирдан очиқ деразадан кириб келган оппоқ нурга нигоҳинг тушди. У нур хонангни обдон айланди ва ғалати овозда шивирлади:
-Уйқунг келмаяптими?
Аввалига ғайри-табиий бир қўрқувдан титраб кетдинг. Сўнг эса ақлдан озаяпман шекилли, деган ҳаёлга бординг.Нур сенда кечаётган ҳолатни сезди. Ва яна тилга кирди:
-Мени танимадингми, дейман.
-Сен ўзингни қўлга олишга уриндинг ва хаста овозда сўрадинг:
-Сен кимсан?
Нур сенинг ёшликдаги овозингда узоқ қаҳ-қаҳа урди.
Нигоҳингга киргудай бўлиб шивирлади.
- Энди танидингми?
- Танигандайман...
- Мен сенинг жонингдан қочган нурман.
- Нега жонимдан қочдинг?
- Сен билан бирга туғилган эдим. Мен билан нақадар гўзал эдинг, хушбахт эдинг. Афсус, мени қадрлай олмадинг. Менга хиёнат қилдинг.
- Хиёнат, қандай хиёнат?!
- Арзон гаровга қайғу, ғамларни сотиб олавердинг. Сенда шаффоф бир ишқ бор эди. Уни ёлғоннинг бир бўсасига туҳфа қилиб юбординг. Агар ёдингдан чиққан бўлса, мана кўр.
Оқ нур бир айланиб кўзгуга айланди-да, сенинг ўтган кунларинг бу кўзгуда акс эта бошлади. Сен уларни кўра туриб ҳайқириб юбординг:
-Бас, бас етар. Мақсадинг нима ўзи сенинг?
Ё мени ажалимдан бурун ўлдирмоқчимисан?!
-Йўқ, асло ундай эмас ваҳоланки нега йилдан буён эшигинг ортида ажалинг сени пойлаб турибди... Фақат мен уни чалғитиб сени ундан асраяпман.
-Ташаккур, мендан аразлаб кетганингни билдим, аммо қайтишингни боиси нима?
-Сенга жуда раҳмим келди.
-Ҳозир қаерда яшаяпсан?
-Баланд оқ теракнинг учидаги бир япроқда...
-Жонимга қайтсанг бўлмайдими?
-Йўқ, энди у ерга қайтолмайман. Фақат бу дунёни тарк этганингда жонингни кўтариб Ҳақнинг олдига боришим керак..
-Унда айтчи, яна қанча яшайман?
-Буни айтишга ожизман. Фақат қушларнинг кўзига қамалган осмон озод бўлган куни омонатингни топширишингни биламан холос.
-Яқингинамда яшар экансан, нега олдинроқ келмадинг?
-Сени ҳар куни кузатаман. Бу тун жуда абгорсан, таскин берай деб келдим. Биласанми сенинг чеккан ҳар оҳинг менга бориб тегади ва менинг кучимни заифлаштиради. Наҳотки, ҳаётдан рози бўлиб яшашингнинг иложи бўлмаса?!
-Мен кўп ҳаракат қилдим. Аммо...
-Йўқ, бу шунчаки баҳона. Мен сени яна бир сирдан огоҳ этмоқчиман. Барча дўстларингнинг юзида ҳаттоки севган инсоннингнинг юзида ҳам ниқоби бор. Сенинг энг катта фожианг дунёга ниқобсиз боқишингда.
-Йўғ-ей, наҳотки дўстларим мени алдаса?! Айтгандай мен севган инсондан хабаринг борми?! У бахтлими?!
-Уни билмадиму, аммо сени аллақачонлар унутиб юборган...
-Унутиш шунчалар осонми?!
-Ҳар ҳолда ниқоби борларга яшаш анча осон...
Айтгандай тунларда деразангдан қандайдир нигоҳ сени кузатганини сезасанми?
-Сезганман. Менга шундай туюлади деб ўйлардим...
-Йўқ, у бир сенга ўхшаган аламзада аёлнинг нигоҳи.
-Тушунмадим.
-Бу дунёни тарк этар чоғда ҳаётга тўймаган инсонларнинг руҳи дарахтлар руҳи билан қовушади.
-Наҳотки?!
-Ҳа, шундай деразанг олдидаги катта ўрик дарахтига ўша аёлнинг руҳи кўчган. У аёл бир пайтлар жуда дилбар ва давландманд бўлган. Ҳуснининг давлати ортида туриб ўз ишқига хиёнат қилган. Ишқнинг қарғиши урган.
-Қандай қилиб?!
-Яқин бир дугонаси заҳарлаб ўлдирган. Қилган хиёнатини ўзга бир хиёнат оғуси билан ювган бу аёл қиёматгача дарахтдан-дарахтга кўчиб яшайди.
-Сен буларни қаердан биласан?
-Эсингдан чиқарма, мен Оқ Нурман.
-Тушундим. Аммо менга қайтишингнинг ҳеч ҳам иложи йўқми?
-Иложи бўлганда қайтган бўлар эдим. Майли мен кетдим.
-Шошма, шошма яна келасанми?!
-Балки....
-Айтчи, мен қандай қилсам яхши яшайман?!
-Ҳаётнинг кўзига қўрқмасдан қара. Ҳаёт кучлиларни яхши кўради...
Оқ Нур хонангни яна бир бор айланиб чиқди-да, хайр дегандай бир силкиниб чиқиб кетди. Сен эса ўзингни анча бардам ҳис қила бошладинг.
Ёмғир ҳам тинди. Осмоннинг оппоқ шоҳи рўмоли сирғалиб ерга тушди. Тонг майингина жилмайди. Тун бўйи ёмғир бодасидан тўйган ғунчалар керишиб кўз очди.
Фаррошларнинг супургиси тирикликнинг янги қўшиғини куйлай бошлади.
Сен титраб турган баланд оқ теракнинг учидаги япроққа кўз тутдинг. Унда қандайдир нур порлаб турарди. Жонинг ўша нурга ёмон талпинди.
|
__________________
Хабар форум фойдаланувчиси номидан булим муҳаррири томонидан жойлаштирилмоқда. Бу хақида батафсилроқ.
Сообщение опубликовано от имени пользователя модератором раздела. Подробнее об этом.
|
|
|
Ответить
|