Сообщений: 107
+ 22
475/106
– 0
0/0
|
Дил тубига чўккан лаҳзалар
|
|
Цитата:
Эски шахарнинг Коҳота маҳалласида турардик. Девор қушнимиз боғдор эди. Шаҳар ташқарисидаги каттагина дала ховлисида ёз бўйи мева, сабзавот етиштириб, рўзғордан ортганини бозорга чиқарар, ундан ҳам қолса Сибир томонларга олиб бориб пулларди. Ўзи бениҳоя меҳнаткаш, тиниб тинчимаган одам, хотини ҳам саранжом-саришта, режали аёл эди. Шаҳар ховлида мол, қўй, товуқ боқишар, Тошкентда биринчилардан бўлиб иссиқхона қурган шу оила бўларди. Бу хонадонда ҳамма вақт хам нарса бор, кимга нима керак бўлса, боласини Болтабой аканинг уйига югуртирар эди.
Бир кун ишдан қайтаётсам, Болтабой ака эшиги тагида бошини чангаллаб ўтирибди. Доим қувнок, ҳаракатчан бу одамни ҳечқачон шундай ахволда кўрмагандим. Салом бериб ҳол-аҳвол сўрадим.
- Э, нимасини айтаман! Новосибирга мева-чева юборган эдим. Сотишга қўйган шеригим телеграмма юборибди. Чекадиган носи қолмаган эмиш. Эртага нос етказсанг етказдинг, бўлмаса олма-анорингни ташлаб кетаманг, дебди.
Бу гап менга нашьа қилди. Ўзимни кулгидан тўхтатолмадим.
- Кулма, ука. Битта банги носкаш хонумонимга ўт қўймоқчию, сен куласан. Энди мен бошимдан ошиб ётган ишларни йиғиштириб ўша нос жиннисининг хуморини ёзишим керак. Эртага укамнинг никоҳ тўйи бўлмаса ҳам майли эди...
Шу пайт ҳаёлимга бир фикр келди. Ҳожатбарор бу инсоннонг ҳожатини чиқарсам дедим:
- Ғам еманг, Болтабой ака, Новосибирга нос олиб бориш бўлса, мана мен тайёрман. Эртага шанба, индинга якшанба. Зарур ишим йўқ, сайр қилиб келаман.
Қўшнимнинг чеҳраси ёришиб кетди:
- Раҳмат, барака топ, ука. Сенинг ҳам тўйингда хизмат қилай.
Шундай қилиб эртаси тонгда самолёт чиптаси билан бир халта нос қўлимга тегди ва мен “ҳаё-ҳай, Новосибир, қайдасан,” деб учиб кетдим.
Тайёрадан тушиб таксида тўғри шаҳар бозорига кетдим. Тошкентнинг олтин кузидан чиқиб росмана қаҳратон қишга келибман. Қор босган қарағайзор йўллардан ўтиб бозорга келганимда совуқнинг забтини сездим. Йигирма-ўттиз даражадан кам эмас.
Шахар бозори кўзимга Эски Жуванинг кичик бўлимидек туюлди. Негаки, пештахталар ёнида беқасам тўн ё қора чопон кийган кўпгина водийлик юртдошларимни кўрдим.
Ўша лаҳзада мен кўрган манзара умрбод эсимдан чиқмайди. Совуқда қақшаб тургвн мусофирларнинг бирортаси ҳам эгнига поча пўстин, бошига қулоқчин киймаган, иссиқ юртда қандай юрган бўлсалар шундай холда келган эканлар. Тўн остида юпун яктак, бошда дўппи, минглайга шоҳи қийиқчи боғланган, кўкраклар очиқ, оғиздан чиққан ҳовур соқол-мўйловларни, жундор яғринларни оппоқ қировга кўмиб, шўрликларни тайёр қорбобога айлантирган эди. Болтабой аканинг шеригини зўрға топдим. Жонузоқ дегани чўтир, чўлоқ, баджаҳл одам экан, мени ким юборганини эшитдию бозорни бошига кўтариб сўкакетди. Умримда бунақа хунук, ахлоқсиз ва бунақа бадиий ёрқин, ташбиҳларга бой сўкишни эшитмаганман. Ўша онда хаёлимдан кечди: агар сўкиш саньат бўлса, шу одам буюк классик бўлар эди.
Боғдор қўшним тайинлаганди. Жонузоқни кўришинг билан энг аввал қўлига носни тутқаз, ўзингни кейин таништирасан, деганди. Шеригининг феьлини билган экан. Мен дарҳол хатони тўғрилаб носни узатдим. Жонузоқнинг овози ўчди. Бир кафт носни тил тагига ташлаб, тунука пақирга лой чаплаб ясалган қўлбола манқол ёнига чўкди, кўз юмганча қўлларини иситди. Ҳалиги бақириққа йиғилиб келган бозорчилар тарқалиб кетгунча кўз очмай, чурқ этмай ўтирди. Мен ҳам унинг чўтир башарасига тикилиб ўтирдим. Кўз олдимда бу хунук, бефайз башарага аста-секин қон югуриб, лаблар асабий титрашдан тўхтади, бўртиб чиққан томирлар жойига келди, ёноқларга нур таралиб дақиқалар ичида махлуқий турқ инсоний чеҳрага айланди. Жонузоқ кўз очганда у энди бошқа Жонузоқ эди. Пештахта остига носни туфлаб ўрнидан турди, менга ҳижолатомуз табассум билан, келинг, ука, кўришиб қўяйлик, деди ва қучоғини очди.
Ўша куни мен саноқли соатларда айни пишиқчилик фаслининг қаҳратонга алмашганини, сонияларда бир инсоннинг тамоман бошқа инсонга айланганини кўрдим. Бундай синоат учун минглаб чақиримга парвоз қилсанг арзийди.
Эртасига шаҳарни айландим, Обь дарёси бўйларида ёлғиз кездим. Минг йиллар нарисида шу дарё соҳилларида умргузаронлик қилган олис аждодларим билан хаёлан суҳбатлашдим. Дарё менга уларнинг қўшиқларини айтгандек бўлди. Тўрт юз йил нарида Бухородан кўчиб келган, шу яйловларда мол ҳайдаб юрган ватандошларим билан ғойибона сўзлашдим...
Бу воқеа 1962 йил ноябр ойида юз берган бўлса, шундан буён эллик йил яшаб дунёнинг ярмини кездим. Ватан соғинчи нима эканини кўп бор ҳис қилдим. Юртимнинг бир тишлам иссиқ тандир нонига, карсиллаган бир шингил узумига , бир тилим қовунига зор бўлсам, ҳар гал ўша Жонузоқ ёдимга келади, унинг кўзига дунёни қоронғу қилган бир отим нос хуморини эслайман.
|
|