журнал "Шарк юлдузи"
главный редактор
Сообщений: 117
+ 146
281/102
– 0
0/0
|
Цитата:
Ҳар бир санъаткор, – хоҳ у қўшиқчи, рассом бўлсин, хоҳ шоиру ёзувчи, – ижодининг энг баланд чўққилари бўлади. Бу чўққилар ё ўз вақтида (муаллифнинг тириклигида) ёҳуд маълум замонлар ўтгач (муаллифдан кейин) кўзга ташланади. Ўзбекнинг улкан шоирларидан бири Эркин Воҳидовнинг “Руҳлар исёни” достони шоир ижодидаги ана шундай чўққилардан бири. Не бахтким, шоиримиз ҳам, достон ҳам (ёзилганига 28 йил бўлди!) тирик! Назаримда у нафақат Эркин Воҳидов шеъриятининг гултожи, балки ХХ аср ўзбек достончилигининг энг вазмин тоши, энг чиройли порлаган юлдузи, фахри ва шарафидир!..
Келинг, қуйида ана шу даъвомизни илмий жиҳатдан текшириб чиқамиз...
Сўзимизнинг индаллосида замона кайфияти, одамларнинг руҳияти ва уларнинг тинимсиз ўзгариб-турланиб бориши масаласига тўхталсак. Яшириб нима қилдим, саккизинчи ва ўнинчи синф орасида ўқиб юрган чоғларим Абдулла Орипов ва Эркин Воҳидов шеъриятининг чинакам шайдоси эдим. (Очиғи, бундай ашаддийлик ҳозир Оврупа футбол мухлислари орасида бор, деб ўйлайман). Матбуотнинг қай бир нуқтасида шеърият тўғрисида суҳбат кетса, мақола чоп этилса, кўзларим, аввало, шу икки номни излаб қоларди. Бор бўлса, кўнглим жойига тушиб, мақолани қониқиш билан ўқиб чиқардим, йўқ бўлса-чи?.. Биласизми, қанақа ҳиссиёт юрагимни қамраб оларди? Гўё мавжуд ҳақиқатга хиёнат қилингандек, гўё ўша мақола ёки нутқ муаллифи атайлаб бу икки шоирни четлаб ўтиб кетгандек сезардим ўзимни. Ҳолбуки, дердим ўзимча, энг катта ҳақиқатни шулар ёзяпти, энг дилбар, оҳанрабо шеърлар шуларники, демак, уларга албатта тўхталиш шарт эди. Лекин нега тахталишмайди? Нега адабиётдаги асосий гап қолиб, бошқа майда-чуйдалар тўғрисида соатлаб гап сотиб, километрлаб мақола ёзишади?.. Бу хил изтиробли эътирозлар мурғак онгимни, қалбимни захалаган, озорлаган эди – эсимда. Яна шу нарсалар эсимдаки, ўша кезлар улғайсам, албатта, бир хил ёлғонларга чек қўяман, ўзим улар ҳақида, уларнинг оловли ва ростгўй, дилбар ва донишманд шеърлари тўғрисида тинимсиз-тинмсиз ёзаман, ўз дардимга қўшиб уларникини ҳам тарғибу ташвиқ қиламан, деб кўнглимга тугардим. Аммо ўқитувчим, эътибор беринг, фалакнинг гардишини қарангки, ўша чоғлар 15 ёшда бўлсам, бугун 38 даман, тахминан, Пушкин ва Чўлпонлар кетган ёшдаман, бироқ мен ҳам Эркин Воҳидов билан Абдулла Орипов шеъриятига бағишланган битта ҳам алоҳида мақола ёзмабман! 1997 йилда “30 йиллар ўзбек шеъриятида “соф лирика муаммоси” мавзуида номзодлик диссертациясини ёқламаганимда ўрта мактабда адабиётдан дарс берган Ёқубжон Исмоилов деган муаллимимиз ҳайрон бўлиб сўраганди: “илмий ишни нега Воҳидов ва Орипов шеърларидан ёзмадингиз? Ахир, мактаб программасига киритилмаган эса-да “Воҳидов” ва “Орипов”ни сиз ва сизга ўхшаган яна бир-икки ўқувчи учун ўтар эдим, эсингиздами? Сизни диссертация ёқлаяпти, деб эшитганимдаёқ “шу икки шоир ижодидан!” дея ўйлагандим...” Шунда мен айни саволни икки забардаст шоирларимизнинг ўзларига бергим, эҳтимол, сизлар ёрдам берарсизлар, дегим келганди... Ахир, мен юрагимда неча ўн йиллар мобайнида “Сен баҳорни соғинмадингми?”, “Қани, най бер менга, дўстгинам...”, “Биринчи муҳаббатим”, “Баҳор кунларида кузнинг ҳавоси”, “Жаннатга йўл” каби Ориповнинг, “Инсон қасидаси”, “Ишқ истилоси”, “Дебоча”, “Мажнунтол”, “Руҳлар исёни” каби Воҳидовнинг шеър, ғазал ва достонларини олиб юрганим ҳолда тадқиқот фурсати етганда нега бутунлай ўзга табиатли шеър устида илмий изланиш олиб бормадим? Ёхуд мен-да кўнглимдаги ва ҳаётдаги ҳақиқатга хиёнат қилдимми?.. Бу хил саволларга бугун менинг жавобим бор, (лекин кеча улар мени қийнаганди). Жавоб шундан иборатки, ижодда замон билан ҳамнафаслик деган тушунча бор экан ва у фақат баландпарвозлик билан, ясамалик билан алоқадор бўлмай, айни чоғда реал, самимий мазмунга ҳам эга: шоир ўз даврининг тепиб турган юраги бўлиши шарт экан. Олтмишинчи ва етмишинчи йилларда юқоридаги икки шоир чиндан ҳам “юрак” эдилар. Улар ўша узоқ ўн йилликлар кайфиятини энг ёрқин ва энг тўла ифода қила олган ижодкор эди. Энди иккинчи томон – ўқувчи айнан шундай кучга эҳтиёжманд эди. Етмишинчи йиллар охири ва саксонинчи йилларнинг аввалида мен ҳам бир ўқувчи сифатида давримизнинг уриб турган “қайноқ юрак”ларига қулоқ беришим ва улар орқали ўзимни, муҳитни тушунишга уринишим табиий эди... Кейин эса (саксонинчи йилларда) мамлакат ҳаётида мисли кўрилмаган ўзгаришлар юз берди ва жамият, унинг бир бўлаги инсон жуда кескин эврилишларга мубтало бўлди. Социализм парчаланиб, капитализм элементлари кириб кела бошлади. Натижада инсон ва у яшаётган муҳитнинг кайфияти тубдан ўзгарди. Демак, у кечаги китобни ёпиб, бугунги кайфиятни ифода қилган санъат ва адабиётга эҳтиёж сезди. Айни чоғда ўзига бир ҳақиқатни ҳам тушуниб етдим: маълум бир тузум ва унинг устивор йўналишини куйлаган адабиёт вақти келиб шу тузум даврадан кетгандан сўнг ўз ҳукмрон қийматини йўқотар экан. Шунинг учун ҳам 90-йилларда ўқувчи-тадқиқотчи адабиётимизнинг мангу ҳақиқатлар тараннум этилган саҳифаларига эътибор қилишга уринди. Назаримда “соф лирика” муаммоси” деган мавзуда тадқиқот олиб борганлигимизнинг сабаби – ана шу! Кўнгил шеърияти ижтимоий буюртмалар билан “дунёга келган” ғояпараст поэзиядан бир қадар чарчаган менинг авлодимнинг ўша кезлардаги кайфиятига бир қадар мос тушганди 90-йиллар ўрталарида. Лекин Эркин Воҳид ва Абдулла Орифнинг менга ёд бўлиб кетган шеърлари ва достонлари ҳам кўнгилдан чиққан, кўнгилнинг маҳсули эди, лекин негадир уларни танламадим... Эҳтимол, маълум муддат вақтнинг, замонларнинг ҳукмига ҳавола этиб синагандирман: қани-чи, бир оз фурсат ўтгандан кейин ҳам тушларимга кириб чиқадиган бу шеърлар, бу достонлар яна тўлқинлантирармикан, онгим ва қалбимни ларзага солармикан, дегандирман. Мадомики, шундай бўлган экан, қачонки бу икки забардаст шоир ашъоридан сўзламоқчи бўсам, негадир ҳамиша ўттиз-қирқ йил орқага кетаман ва у ердаги мавжуд шеърлар ҳалигача юрагимни куйдиради, ҳисларимни жунбишга келтиради. Эркин Воҳидовнинг “Руҳлар исёни” достони шулар қаторида ва унинг жовидонлигига илк гаров шудир, достоннинг ҳар икки замон синовларига бардош бера билганидир.
|
|