Моё меню Общее меню Сообщество Правила форума Все прочитано
Вернуться   uForum.uz > ТЕМАТИЧЕСКИЕ ФОРУМЫ > Образование > Ижод хусусида сўз
Сообщения за день Поиск
Знаете ли Вы, что ...
...инструкция по установке аватара описана в Правилах форума.
<< Предыдущий совет - Случайный совет - Следующий совет >>

Ижод хусусида сўз Ижод аҳли, уларнинг ғояси, ҳаёт қараши, мақсадлари, ютуқлари, орзу ва армонлари.... (Все о творчестве, о людях творчества, их идеях, взглядах, достижениях и целях, мечты…)


 
 
Опции темы Опции просмотра
Старый 11.08.2010 16:47   #14  
Offline ID uParty Member
Аватар для Naim Karimov
Оффлайн
благотворительный фонд памяти жертвам репрессий
ведущий научный сотрудник, профессор, доктор филологических наук
Сообщений: 112
+ 41  402/111
– 0  0/0

Uzbekistan
“Рассом бўлсам эди, чизиб берардим...”

Цитата:
ЎЗ ЗАМОНИга сиғмаган ва ҳатто шу замон томонидан рад этилган шоир шеърларидаги ҳазин ва мунгли оҳанглар шу даврда яшаган халқнинг ҳам дарду ҳасратларини ўзида мужассамлантирган. Шунинг учун Чўлпон халққа яқин, халқ орзу-умидлари ва дарду-ҳасратларининг том маънодаги ифодачиси бўлган. Аммо бу ҳол халқ дарди бўртиб турган барча шеърларнинг Чўлпонга нисбат берилиши мумкинлигини мутлақо англатмайди. Фаол ва изланувчан адабиётшунос Баҳодир Карим “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 3 окябрь сонида эълон қилинган “Абадий тирик овоз” номли мақоласида шоир ижодини ўрганиш, номаълум асарларини излаб топиш давом этаётган жараён эканлигини тўғри қайд этган ва Чўлпоннинг мутахассисларга-да нотаниш бўлган шеърлари ҳақида сўзлаб, улардан айрим лавҳалар келтирган. “Чўлпоннинг ҳозирга қадар шеърсевар одамлар қувваи ҳофизаси боис, - деб ёзади олим мазкур мақоласида, – оғзаки равишда бизгача етиб келган, бирор расмий нашрларда эълон этилмаган, балки ўз вақтида оммавийлаштириш таҳликали бўлган шеърлари ҳам бор экан”. Баҳодир Карим “ҳамма бараварига “чўлпонизм оғуси” билан курашаётган, миллатпарвар зиёлиларга, чўлпонлар авлодига ўлим тиланаётган бир муҳитда ёзилган, фақат хос даврлардагина, яширинча кўчирилиб қўлма-қўл ўқилган” шундай шеърлардан бирини муштарийлар эътиборига қуйидаги сўзлар билан ҳавола қилади: “Қалби изтиробларга тўлган шоир вақти келиб, ўзига ўлим тилаб юрган душманларига қарата:

Мани ўлсин деган ўлсин,
Балога мубтало бўлсин,
Қўлига косасин олиб,
Кўчаларда гадо бўлсин –

тарзидаги қарғиш мазмунли шеърлар ҳам ёзади”.
Баҳодир Каримдек билимдон олимнинг Чўлпон шеърий оламига мутлақо алоқасиз бу сатрларда буюк шоир муҳрини кўрганига ажабланмай илож йўқ. Юқоридаги сатрларни ўқиган кишида уларнинг аёл киши оғзидан ёзиб олинганлиги шундоққина сезилиб туради. Шунинг учун ҳам биз атоқли фольклоршунос олима Музайяна Алавия томонидан нашрга тайёрланган китобларни варақлаганимизда шу шеърий парчанинг асл нусхасини “Оқ олма, қизил олма” тўпламидан (Тошкент,1972, 68-бет) осонгина топдик.

Мени ўлсин деган ўлсин,
Балога мубтало бўлсин,
Қўлига косасин ушлаб,
Кўчаларда гадо юрсин.

Кўрамизки, бу парчадаги учинчи сатр жарроҳ Миржалол Жамилов оғзидан ёзиб олинган сатрга қараганда мантиқий асосга эга.
Миржалол Жамиловдан ёзиб олинган “Мен букун кўксимдаги Дардим баён этсаммикин?..” сатрлари билан бошланган уч бандли шеърнинг халқ ижодига мансублиги ҳам шубҳа уйғотмайди. Бу сатрларнинг мазмун-моҳияти ва мусиқий оҳангида ҳам аёл қалбининг нолалари кўкка ўрлаб туради. Ўзбек халқ оғзаки ижоди хазинасида бу шеърнинг бир неча нусхалари мавжуд бўлиб, уларнинг бири қуйидаги кўринишга эга:

Ёридан айрилган йигитнинг
Ёри мен бўлсаммикин?
Қўлига қирғий олиб,
Кўксида жон берсаммикин?..
(Ўша тўплам, 135-бет.)

Ўйлаймизки, бу халқ қўшиғининг бошқа нусхаларидан мисол келтиришга ҳожат йўқ. Зеро, мақолада келтирилган шеърнинг қуйидаги сўнгги бандининг ўзиёқ унинг Чўлпонга мутлақо алоқасиз эканлигини тасдиқлаб туради:

Қип-қизил лола янглиғ
Қонга бўялмишдир таним.
Тоғу саҳроларга бориб,
Анда макон тутсаммикин?

Бундай сатрлар турмуш азобларидан куйиб ёнган аёл қалбидангина отилиб чиққан бўлиши шубҳасиз.
Гарчанд “ўтли ёш”, “мажнун хаёллар”, “кўнгил сири” сингари “Чўлпон услубига хос ифодалар мўл бўлган“ “Сўрма, ўртоқ, кўзларимдан Ўтли ёш қайнашганин...” сатрлари билан бошланувчи шеър ҳам муниса ўзбек аёлларининг изҳори диллари.
Мақолада айтилишича, Жамол Жамиловнинг марҳум отаси Мирбилол Жамилов уруш арафасида Тошкент педагогика институтида Шуҳрат, Зафар Диёр сингари шоирлар билан бирга ўқийди ва шу даврда адабиётга катта ихлос билан яшайди. “Айниқса, - деб ёзади мақола муаллифи, - талабалик йилларида Чўлпонлар даврасига бориб ёд олган шеърларини фарзандларига ҳам айтиб беради”.
Мақола муаллифида юқоридаги шеърларнинг Чўлпонга мансублигини асословчи бошқа бирор далил-ашё йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас.
Шу нарсани алоҳида таъкидлаш зарурки, Чўлпон турли суҳбат ва гап-гаштакларда фақат ўз шеърларинигина эмас, балки бошқа шоирларнинг ўзига манзур бўлган асарларини ҳам иштиёқ билан ўқиган. Аммо айрим замондошлар Чўлпондан эшитган шундай асарларни биз, авлодларга унинг ўз асарлари сифатида тақдим этиб келдилар. Ҳатто Чўлпоннинг синглиси Фоиқа ая ҳам Сўфизоданинг “Сабо, Ленинни уйғотгин, Ўзбекистондан хабар олсун, Тушунмай қўл кўтарган ишчи-деҳқондан хабар олсун”, деган сатрларини акасидан эшитгани туфайли унинг шеъри, деб айтиб юрган. Натижада шу сатрлар буюк шоирнинг уч жилдлик (учинчи жилди чоп этилмаган) “Танланган асарлар”ига кириб қолган.
Чўлпон буюк истеъдод эгаси эди. У нафақат табиатнинг рангин манзаралари, балки инсон руҳининг ҳар қандай жилваларини ҳам акс эттиришга қодир шоир эди. Аммо у азбаройи камтарлиги туфайли аксар кишиларнинг табиатдаги, ҳаётдаги гўзалликни кўра олмасликларидан ва бу гўзалликни тасвирлаши маҳоллигидан афсусланиб, бундай ёзган эди:

...Аттанг, агар мен
Рассом бўлсам эди, чизиб берардим.
Ўхшаш нусха билан ёзиб берардим,
Шу ожиз ҳолимда шоирманми мен?..

Йўқ, Чўлпон табиатдаги ва инсоннинг руҳий оламидаги беназир гўзалликни Ёниқ Сўз ёрдамида рассомдек маҳорат билан тасвирлаб берган.



__________________
Хабар форум фойдаланувчиси номидан булим муҳаррири томонидан жойлаштирилмоқда. Бу хақида батафсилроқ.
Сообщение опубликовано от имени пользователя модератором раздела. Подробнее об этом.
Ответить 
Реклама и уведомления
 




Powered by vBulletin® Version 3.8.5
Copyright ©2000 - 2025, Jelsoft Enterprises Ltd. Перевод: zCarot
Advertisement System V2.5 By Branden
OOO «Единый интегратор UZINFOCOM»


Новые 24 часа Кто на форуме Новички Поиск Кабинет Все прочитано Вверх