Публицист, писатель, журналист, доктор филологических наук
Сообщений: 93
+ 77
163/74
– 0
0/0
|
Цитата:
Умид Устознинг ҳузурида қай аҳволга тушганини Устознинг ўзига икки-уч қайта айтди, шунчаки айтиб қутилмади, балки ётиғи билан батафсил сўзлаб ҳикоя қилиб берди. Кўпчиликнинг дабдурустдан назар-нигоҳ ташлаши одамга милтиқнинг ўқидан оғирроқ тегишини тасвирлаб бердию, кези келганда, бир кишининг назар-нигоҳи ҳам одамнинг жонини олмаса-да, оёғидан йиқмаса-да, ҳар қалай эс-ҳушидан айириши мумкинлигини, худди шундай ҳолатга Устознинг қабулхонасида дучор бўлгани ҳақида лом-мим демади. Тўғрироғи, уни мисол тариқасида айтиб беришга истиҳола қилди.
****
– Айтавераман, оғир олмасаларинг бас, – деди Азиз ҳар иккала дўстига бирма-бир қараб олиб.
Фарҳод билан Умид чурқ этмай айтадиганингни айтавер, қўрқадиган жойимиз йўқ қабилида кечагина олис хориж сафаридан қайтган Азизнинг оғзига тикилиб ўтираверишди. Ниҳоят, Азиз чертиб-чертиб муддаога кўчди:
– Яшашдан мақсад одамгарчиликми, айт – Фарҳод, айт – Умид! – Азиз шундай деб икки ёнидан ўзига тикилиб ўтирган иккала дўстига бир-бир разм солиб олди-да, давом этди: – Шундай экан, марҳамат, қандингни ур! Фақат одамгарчилик билан шуғуллан. Одамгарчиликни осмонга кўтар, сен бозорни йиғиштир, сен эса олимликни унут. Унут-да, ўзларинг тиш-тирноғинг билан қапишиб олган одамгарчилик соҳасининг пирига айлан! Одамгарчилик орқасидан дунёга танил! Марҳамат!
Орага тушган жиндек жимликни Фарҳоднинг тагдор пичинг аралаш кулгиси бузди.
– Қуруқ одамгарчилик билан қозон қайнамайди-да, ука, – деди у ясама салмоқланиб.
Умид дилидагини тилига кўчирадиган мавриди келмади деган ўйда сукут сақлади. Азиз баттар жиддийлашди. У хорижда орттирган “ақли”нинг барини тўкиб солмаганини сездирмоқчи бўлгандек ҳар иккала жўрасига боягидан-да синчковлик билан кўз югуртириб олди.
– Ҳа, яш-ша-а! – деди у Фарҳоднинг тирсагидан тутиб, – шуни унутмаларинг: қора қозон қайнаб турганига шукр дейдиган замонлар ўтиб кетди, энди қозон мазали қайнасин, жонон масаллиқларга тўлиб қайнасин деб яшайдиган пайти келди. Бунинг учун...
– Бунинг учун ҳамма ўзини бозорга уриши...
Азиз қўлини пеш қилиб, Фарҳоднинг оғзига урди, ўзи бошлаган гапини давом эттирди:
– Бунинг учун нафақат бозорда, балки бошлаган ҳар қандай ишингга бутун ва яхлит одам бўлиб киришмоғинг керак!.. Айтмоқчиманки, бир ишга бош суқдингми, кўзингга бошқа нарса кўринмасин, сени тилка-пора қилиб, майдалаб-бурдалаб ташлайдиган нарсалардан қоч! Андиша, истиҳола, камтарлик, камсуқумлик, орият-морият... хуллас, бизларнинг... одамларимизнинг назаридаги одамгарчилик бор-ку, шуларнинг бари ҳар бир одамни ўзи танлаган мақсаддан чалғитади, бошини қотиради, бутун бўлишига йўл қўймай парчалаб ташлайди!
Суҳбат шу ерга етганда уч оғайни ўртасига очиқчасига совуқчилик тушди. Қарийб уч йилдан буён ўзини соғинтирган Азиз Фарҳоднинг назарида етти ёт бегонага айлангандек эди, Умид қатъий қарор чиқармаган бўлса-да, дўстининг нордон мулоҳазаларини ҳазм қилиш чорасини излаётган, Азизнинг бўғилиб уқдирмоқчи бўлаётган фалсафасини тушунишга уринаётган эди.
– Гапир, ука, – деди Фарҳод Умидни Азизга гиж-гижлаб. – Ман бир бозорчи савдогар бўлсам, сан олим одамсан-ку, истиҳола, орият-пориятни йиғиштириб қўйиб жавобини бер.
– Пичинг қилмай гапиравер, – деди Азиз зўраки жилмайиб.
Фаҳод ўзини базўр босди.
– Уйимда меҳмонимсан, оғирроқ гапириб юбормаслик учун ҳам пичинг қиляпман...
|
__________________
Хабар форум фойдаланувчиси номидан булим муҳаррири томонидан жойлаштирилмоқда. Бу хақида батафсилроқ.
Сообщение опубликовано от имени пользователя модератором раздела. Подробнее об этом.
|