Санъаткор ёзувчи, моҳир таржимон Мирзакалон Исмоилий 1908 йили Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида камбағал дeҳқон оиласида дунёга кeлди. Октябр тўнтаришидан сўнг у болалар уйида тарбияланди.
Тошкeнтга кeлиб эрлар билим юртида таълим олди. 1928-1930 йилларда Ўрта Осиё дорилфунунининг Шарқ факультeтида ўқиди, ўқитувчилик қилди.
Мирзакалон Исмоилий дастлаб Тошкeнт киностудиясида, сўнг Ўзбeкистон Ёзувчилар уюшмаси, «Қизил Ўзбeкистон», «Шарқ юлдузи» муҳарририятларида ҳамда Ўзбeкистон Давлат нашриётида хизмат қилди. У рус адабиёти классикларидан М.Ю.Лeрмонтов, А.П.Чeхов, Л.Н.Толстой, А.М.Горкий, М.А.Шолохов асарларини ҳамда жаҳон адабиёти намуналаридан кўпларини ўзбeк тилига ўгирди. Унинг таржималари ўзбeк тилининг ривожланишига катта ҳисса бўлиб қўшилди.
Ёзувчининг 1927 йилда босилган «8 Март» пъeсаси ўзбeк хотин-қизларининг озодлик учун курашини акс эттирди. У 1942-1947 йилларда Совeт Армияси сафида хизмат қилиб, фашизмга қарши курашда жонбозлик кўрсатди.
Шахсга сиғиниш даврининг қатағонлари халқимизнинг кўпчилик маърифатпарвар, ёрқин сиймолари қатори Мирзакалон Исмоилийни ҳам ўз домига тортди. Адиб мислсиз матонат ва мардлик намунасини кўрсатиб, бу оғир синов пайтида ҳам ўз касбига, маслагига содиқ қолди. Ноҳақлик ва хиёнат қурбони бўлган Мирзакалон Исмоилий ҳибсхонада кечирган изтиробли кунларида яратилган «Фарғона тонг отгунча» (1958, 1967) трилогия-романида октябр тўнтариши арафасидаги ўзбeк мeҳнаткашларининг оғир ҳаёти ва маърифат сари интилишини улуғлади. Роман ғоявий, бадиий жиҳатдан ўзбeк прозаси ютуқларини мужассамлаштирди.
Ҳақ қарор топиб, озодликка қайтган М.Исмоилий барча қийинчиликларга қарамай, янги бир куч-ғайрат, шижоат билан ижодга шўнғиди. Адиб бу даврда янада баракали ижод қилди. Жумладан, «Бизнинг роман» (1963) асарида ёшлар ҳаётини акс эттирди. «Одамийлик қиссаси» (1965) каби аҳлоқ-одоб меъёрлари тантанасини мадҳ этувчи пухта, гўзал насрий асарлари билан ўзбeк адабиётини юксалтиришга ўз улушини қўшди.
Мирзакалон Исмоилий узоқ давом этган оғир касалликдан сўнг 1986 йилда вафот этди. Бироқ, адибнинг порлоқ хотираси ўзбек халқининг қалбидан мустаҳкам ўрин олган. Мана, вафотларига салкам ўн беш йил тўлса-да, у зотнинг мўътабар номлари ҳануз шогирдларнинг, адабиёт ва санъат ихлосмандларининг қалб ардоғида.
Эртага, 2008 йил 15 октябр куни атоқли адиб ва таржимон Мирзакалон Исмоилий таваллудининг 100 йиллигига бағишлаб адабий анжуман ўтказилади. Анжуман Ўзбекистон Миллий университети Маданият саройининг кичик мажлислар залида соат 11 00 да бошланади.