Ўзбекистон ва ўзбек халқининг Совет Иттифоқи таркибидаги аҳволи
|
|
ЎЗБЕКИСТОН ВА ЎЗБЕК ХАЛҚИНИНГ СОВЕТ ИТТИФОҚИ ТАРКИБИДАГИ АҲВОЛИ
Халқининг бошидан ўтган фожиали ҳодисалар Ватанини севадиган ҳар қандай инсонни қайғуга солмай қўймайди. Зеро, бундай даҳшат, ушбу замин фарзанди учун руҳий уқубат, дард, алам, андуҳдир. Халқ тақдири, Ватан қисмати олим-уламолар, ёзувчи ва шоирларни ҳамиша руҳлантириб, қалбини тўлқинлантириб келган. Юрт фуқароларининг халқ тарихи, маданияти, анъаналари ва удумларидан воқиф бўлиши жамиятимиз тараққиёти манфаатларига хизмат қилади. Ҳар бир инсон ўз Ватанининг ўтмишига ижобий муносабатда бўлиш кераклигини англаб етиши, жамият эволюциясидаги ҳар бир тарихий босқичнинг бошланиши эса айнан мана шундай муносабатнинг тўғри шаклланишига боғлиқдир.
Миллий мустақиллигимизни тиклаб олганимиздан буён чорак аср ўтди. Ватанимиз озодлиги учун курашиб, жонини фидо қилган аждодларимиз бу кунларга етишни орзу қилишган. Миллий озодлигимизни биров бизга кафтида кўтариб келиб, туҳфа қилмаган. Халқимиз давлат мустақиллигини тиклаш учун бир асрдан кўп вақт давомида курашиб келган. Ушбу кураш ҳеч қачон тўхтамаган, маълум бир босқичда қотиб ҳам қолмаган, 1991 йили миллий мустақиллигимизни тиклаб олгунимизга қадар юрт озодлиги учун кечган жанговар ҳаракатлар, қонли тўқнашувлар, ғоявий-сиёсий, ижтимоий-маданий кураш давом этган. Халқимиз босиб ўтган ушбу тарихий йўлни ҳар биримиз чуқур идрок этишимиз, теран англаб етишимиз даркор. Зеро, бу йўл Ватан озодлиги ва мустақиллиги йўлида ҳалок бўлганлар хотирасини эҳтиром-ла ёдга оладиган авлод учун миллий ор-номус ва қадр-қимматнинг ўчмас рамзи бўлганча қолади.
Ҳар қандай давлат ўз тузуми ва фуқароларини ташқи таҳдидлардан ҳимоя қилишга ҳақлидир. Ҳаётда киши онгини емирадиган ҳар хил ғоялар, жиноят сари етаклайдиган ниятлар ва нопок фикрлар мавжуд. Бундай ният ёки мулоҳаза учун ҳеч ким судланмайди, албатта. Бироқ мурдор ният-ла амалга оширилган жиноий ҳаракат ҳар қандай давлатда қораланади. Шуни ҳам инобатга олмоқ даркорки, ҳар бир киши ўзининг фуқаролик позициясидан келиб чиққан ҳолда йўл тутишга қонуний ҳуқуқи бор. Хориждаги соҳиблари кўзлаган ғаразли геосиёсий манфаатларни юртимиз ҳудудида рўёбга чиқариш мақсадида қўпорувчи мафкуравий ва сиёсий технологияларни синаб кўриш истагида юрган шахслар йўқ эмас. Бинобарин, бундай ғояларни илгари сураётган каслар фаолиятини кескин қоралашга ўзбекистонлик ҳар бир фуқаро маънавий-руҳий жиҳатдан ҳақлидир.
Тарих ва тарихий хотиранинг ўзи ниҳоятда мураккаб мавзу бўлиб, уни тўғри тушуниб олиш янада қийин кечади. Ўтмиш борасида мулоҳаза юритиш, юртнинг бугунги мустақиллигини англаб етиш инсонга ўз иши, сўзи, фикр-мулоҳазасида шахсий эрк ҳавасини уйғотади ва шунинг учун ҳам киши тарихни ўрганади. Бинобарин, совет жаҳолатпарастлиги даврида халқимиз бошига тушган фожиалар кўламини теран англаб, тўлиқ тушуниш талаб этилади.
Шундай экан, эътиборингизга Ўзбекистон ва ўзбек халқининг Совет Иттифоқи таркибидаги аҳволига доир мулоҳазаларни тақдим этмоқчиман. Бунда ҳурматли тарихшунос-ёзувчиларимиз Анвар Назир ва Шуҳрат Барлас (Саламов) қаламига мансуб бўлиб, камина таржима қилган материаллардан фойдаланаман.
|