Моё меню Общее меню Сообщество Правила форума Все прочитано
Вернуться   uForum.uz > ТЕМАТИЧЕСКИЕ ФОРУМЫ > Образование > ZiyoNET
Сообщения за день Поиск
Знаете ли Вы, что ...
...для каждой темы существует свой раздел. Изучите структуру форума. Если соответствующего раздела нет, то всегда есть раздел "Разное" :)
<< Предыдущий совет - Случайный совет - Следующий совет >>

ZiyoNET Общественная образовательная сеть ZiyoNET


Ответить

 
Опции темы Опции просмотра
Старый 03.05.2013 21:45   #1  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
Уруш ва тинчлик: терминлар, изоҳлар ва тарихий маълумотлар

Ёшлар даврасига тушиб қолишим билан, кўпинча юрт хавфсизлигини таъминлашга оид мавзуда гап очиб, фикр-мулоҳазалари билан қизиқиб бораман. Қолаверса, бундай мавзуни аксарият ҳолларда ўзлари очиб, кўп нарсаларга қизиқиш билдирганча, бир олам саволларга кўмиб ташлашади мени.

Ёш қалбларда ватанпарварлик туйғуси мустаҳкам шаклланганини кўриб, беҳад қувонаман, албатта. Бироқ айрим йигит-қизларнинг мулоҳаза юритиладиган мавзуга оид билимлари бироз оқсагани мени ташвишга солади. Шу боис, улуғ байрам арафасида ZiyoNET ахборот-таълим тармоғи фойдаланувчиларининг эътиборига уруш ва тинчлик билан боғлиқ айрим терминлар ва уларнинг изоҳларини ҳавола этмоқдаман.

Мавзуда баён этилган масалалар камина томонидан тузилган «Халқаро ва миллий хавфсизликка оид ҳарбий терминларнинг изоҳли луғати»да ёритилган. 2012 йили Масъулияти чекланган «El-Press» жамияти босмахонасида нашр этилга ушбу луғат мақолаларини оммабоп, чунончи, бир гуруҳ фан докторлари ва ҳарбий фанлар номзодлари томонидан, Д. Рогозиннинг умумий таҳрири остида тайёрланган «Война и мир в терминах и определениях» асари ва шу каби, бир қатор бошқа расмий манбалардан олиб, давлат тилига ўгирган эдим. Бу ерда эса зикр этилган луғатнинг мавзуга тааллуқли мақолаларини саралаб олиб, муайян тизимга солган тарзда келтирмоқдаман.

Умид қиламан-ки, тинчликни сақлаш, урушнинг олдини олиш масалалари ёритилган, урушлар таснифланиб, ҳар бир уруш турига изоҳ берилган, шу жумладан, уруш назариясига оид маълумотлар келтирилиб, бўлиб ўтган жаҳон урушларининг қисқача тарихи батафсил баён этилган мазкур мавзу тармоқ фойдаланувчиларининг кенг оммаси, тарихшунослар, профессор-ўқитувчилар, журналистлар, авваламбор, ёшлар учун фойдали бўлиб, тегишли соҳа мутахассислари томонидан юртимиз тинчлиги, халқимизнинг осойишта ва бунёдкор ҳаётини кўз қорачиғидек асраш йўлида олиб борилаётган фаолият манфаатларига хизмат қилади.

Фурсатдан фойдаланиб, барча юртдошларимизни кириб келаётган 9 май фашизм устидан қозонилган Ғалаба куни ҳамда Хотира ва қадрлаш куни билан чин қалбимдан табриклайман.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига

Последний раз редактировалось Shokir Dolimov; 03.05.2013 в 21:47.
Ответить 
3 "+" от:
Старый 03.05.2013 21:51   #2  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
ТИНЧЛИК (мир) давлатларнинг ўзаро тинч-тотув яшашлари учун ҳаётий зарур шарт-шароитларни белгилаб, халқлар ва давлатлар (давлатлар иттифоқлари) ўртасида миллий манфаатлар инобатга олиниши, ташқи сиёсат зўравонлик воситаларисиз олиб борилиши, очиқдан-очиқ ҳарбий тўқнашувлар (қуролли кураш) олиб борилмаслиги ва шартномаларга оид мажбуриятлар тўла-тўкис бажарилишига асосланадиган муносабатлар хусусиятини белгилайдиган тушунча.
Бир қатор сиёсий, иқтисодий ва бошқа объектив ва субъектив сабаблар туфайли, тинчлик, урушлар билан тез-тез бузиб борилади.
Уруш арафасидаги тинчлик – бўлажак ҳарбий тўқнашувга очиқдан-очиқ ва яширин тайёргарлик элементларидан иборатдир.
Уруш бўлиб ўтганидан сўнг ҳукм сурадиган тинчлик – уруш давомида олиб борилган сиёсатнинг давоми саналиб, ўтган ҳарбий ҳаракатлар оқибатида уришган томонлар ҳаётида (лоақал биттасида бўлса ҳам) юз бераётган ўзгаришлардан иборат бўлади.

ТИНЧ-ТОТУВ ЯШАШ (мирное сосуществование) ижтимоий тузуми турлича бўлган давлатлар ўртасидаги мунозарали масалаларни ҳал этиш ва йўлга солиш жараёнида ҳарбий куч восита сифатида қўлланилишидан воз кечилиши, давлатлар ўртасида тенг ҳуқуқлик, ҳамфикрлик, муайян даражада ишонч бўлиши, томонлар манфаатлари инобатга олиниши, давлат суверенитети, ҳудудий дахлсизлиги, ички ишларга аралашмаслик тамойилларига қатъий амал қилиниши, иқтисодий ва маданий ҳамкорлик қарор топиши кўзда тутиладиган муносабатлар.
Тинч-тотув яшаш мафкуравий ва информацион жиҳатдан қарама-қарши келиш, иқтисодий рақобат ва ҳарбий-техник соҳаларда биринчиликка интилишни рад этмайди. Шу боис ҳам тинч-тотув яшаш тушунчаси халқаро хавфсизлик ва барқарорлик манфаатларига фақат чекланган даражадагина жавоб бериши мумкин.

УРУШ МАЙДОНИ (театр войны) сарҳадида йирик миқёсли ҳарбий ҳаракатлар ёки бир қатор давлатлар ўртасида юз бериши мумкин бўлган урушлар олиб бориладиган битта ёки бир нечта қитъа ҳудуди, океан ҳавзаси ва улар устидаги ҳаво-космик фазо.
Уруш майдони ҳарбий ҳаракатларнинг бир нечта майдонини ўз ичига қамраб олиши мумкин. Бугунги кунда уруш майдонига Европа, Осиё, Шимолий Атлантика, Марказий Америка, Жанубий Америка уруш майдонлари, деб ном берилмоқда. Уларнинг ҳар бири ўзига хос ҳарбий-сиёсий ва ҳарбий-географик жиҳатлар билан фарқ қилади. Бу эса ўз навбатида, муайян уруш майдонидаги эҳтимол тутилган қуролли кураш ўзига хос тарзда олиб борилишидан далолат беради.
Ҳарбий-сиёсий ҳодисалар қандай тараққий этишидан қатъи назар Европа ва Осиё уруш майдонлари энг муҳим майдонлар саналади. Жаҳон мамлакатлари, давлатлар иттифоқлари ва барча қитъалардаги кўплаб давлатлар ўртасидаги эҳтимолий ҳарбий тўқнашувларнинг бориши ва хотимаси ушбу уруш майдонларида олиб бориладиган ҳарбий ҳаракатларнинг ривожига боғлиқдир.
Тинчлик даврида «Уруш майдони» термини ва у билан боғлиқ тушунчалар стратегик режалаштириш жараёнида қўлланилади, уруш даврида эса – ҳарбий-географик воқеликни касб этади.
Халқаро ҳуқуқ муайян жой ва объектлар уруш майдони сифатида қабул қилинмаслигини, жумладан:
фарқловчи нишонларга эга санитар зона ва ҳудудлар;
махсус муҳофазага олинган маданий бойликлар, маданий бойлик саналадиган бино ва марказлар;
атом электр станциялари, дамба ва тўғонлар жойлашган ҳудудлар;
Сувайш ва Панама каналларига қарашли зоналар;
Шпицберген архипелаги, Аланд ороллари, Антарктика;
Ой ва бошқа осмон жисмлари;
бетараф ва уруш олиб бормаётган бошқа давлатларнинг ҳудудлари ҳужум ва йўқ қилиш объектларига айланмаслигини белгилайди.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Старый 03.05.2013 21:54   #3  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
ҲАРБИЙ ҲАРАКАТЛАР (УРУШ) МАЙДОНИ (театр военных действий) сарҳадларида қуролли кучларнинг стратегик туркумлари ташкил этилаётган ва стратегик миқёсли ҳарбий ҳаракатлар олиб борилиши мумкин бўлган қитъа ҳудудининг бепоён қисми, уни ўраб олган денгизлар, қирғоқларини сийпаб ўтувчи океан ҳавзалари, ороллар, туташ соҳиллар ва устидаги ҳаво-космик фазо.
Ҳарбий ҳаракатлар (уруш) майдони (ҲҲУМ) қитъадаги, океанлардаги, денгизлардаги ва ҳаво-космик фазодаги майдонларга фарқ қилади. ҲҲУМ чегаралари ва таркиби ҳарбий-сиёсий кучларнинг муайян тақсимоти, эҳтимолий уруш мақсадлари, эҳтимол тутилган стратегик вазият ва ҳарбий-географик шарт-шароитларга асосланган ҳолда давлатнинг (давлатлар иттифоқининг) ҳарбий-сиёсий раҳбарияти томонидан белгиланади.
Қитъадаги ҲҲУМ – икки ва ундан кўп давлатга мансуб қуролли кучлар томонидан қуруқликдаги қўшинлар ва улар билан ҳамкорлик қиладиган ҳарбий-ҳаво кучлари ва ҳарбий-денгиз флоти кучларининг йирик туркумлари иштирокида стратегик операциялар ўтказилиши мумкин бўлган қитъа қисми, уни ўраб олган денгизлар, океан зоналари ва устидаги ҳаво фазоси.
Европа қитъаси:
НАТО раҳбарияти томонидан – Шимолий Европа, Марказий Европа ва Жанубий Европа ҲҲУМга;
Россиянинг ҳарбий-сиёсий раҳбарияти томонидан – Шимолий-Ғарбий, Ғарбий, Жанубий-Ғарбий ва Жанубий ҲҲУМга;
Осиё қитъаси иккала раҳбарият томонидан – Яқин Шарқ, Ўрта Шарқ ва Узоқ Шарқ ҲҲУМга бўлинади.
Ҳар бир қитъадаги ҲҲУМ чегараларида стратегик ва операцион йўналишлар ҳамда стратегик ҳудудлар белгиланади.
Океанлардаги ҲҲУМ – денгиз мамлакатларига мансуб ҳарбий-денгиз флоти (ҳарбий-денгиз кучлари) кучлари ва улар билан ҳамкорлик қиладиган қуруқликдаги қўшинлар ва ҳарбий-ҳаво кучлари бирлашмалари томонидан йирик стратегик океан операциялари олиб бориладиган океанлар ва денгизлар ҳавзалари, уларга яқин соҳиллар ва устидаги ҳаво фазоси.

ХХI аср бошида тўртта океаннинг ҳар бири океанлардаги ҳарбий ҳаракатлар (уруш) майдони сифатида, жумладан:
Атлантика океани ҳарбий ҳаракатлар (уруш) майдони;
Тинч океан ҳарбий ҳаракатлар (уруш) майдони;
Ҳинд океани ҳарбий ҳаракатлар (уруш) майдони;
Шимолий Муз океани ҳарбий ҳаракатлар (уруш) майдони, деб эътироф этилган.

Ҳарбий-денгиз флоти (ҳарбий-денгиз кучлари) стратегик туркумлари ташкил этилиши мумкинлигини инобатга олган ҳолда зикр этилган океанлардаги ҲҲУМларининг ҳар бирида, океан зоналари, денгиздаги ҲҲУМ, денгиз бўйи операцион йўналишлар ва орол ҳудудлари белгиланади.
Денгизлардаги ҲҲУМ – ҳарбий-денгиз флотининг (ҳарбий-денгиз кучларининг) муайян туркумлари ва улар билан ҳамкорлик қиладиган қуролли кучларнинг бошқа турларига мансуб қўшинлар, куч ва воситалар иштирокида оператив ёки оператив-стратегик миқёсли операциялар ўтказилиши кутиладиган ёпиқ ёхуд очиқ денгиз ҳавзалари, уларга яқин соҳиллар ва устидаги ҳаво фазоси.
Одатда, денгизлардаги ҲҲУМ сарҳадларида флот ёки флотилия миқёсидаги операциялар ўтказилади. Ушбу операциялар давомида денгиздаги ҳукмронликни қўлга киритиш, душманнинг денгиздан ҳужум уюштириш режасини барбод этиш, унинг ҳарбий-денгиз кучлари туркумларини тор-мор қилиш, қирғоқдаги энг муҳим объектларни йўқ қилиш ва забт этиш, бўғоз ва оролларни қўлга киритиш, кемалар қатновини таъминлаш каби вазифалар ҳал этилади.
Денгизлардаги энг муҳим ҳарбий ҳаракатлар (уруш) майдонлари жумласига:
Атлантика океани ҲҲУМда – Болтиқ денгизи, Шимолий, Қора ва Ўрта денгизлардаги ҲҲУМ;
Тинч океан ҲҲУМда – Охота, Япон, Шарқий Хитой, Жанубий Хитой ва Филиппин денгизларидаги ҲҲУМ киради.
Денгизлардаги ҲҲУМда, одатда, денгиз зоналари (ҳудудлари) ва денгиз бўйи операцион йўналишлар белгиланади.
Ҳаво-космик фазодаги ҲҲУМ – сарҳадларида жаҳондаги етакчи давлатларга мансуб ҳарбий-космик ва ракета-авиация кучлари иштирокида йирик ҳарбий-космик ва стратегик ҳаво операциялари ўтказилиши кутиладиган глобал ҳаво-космик фазо.
Ҳарбий ҳаракатларнинг (урушнинг) ушбу майдони фақат ўзига хос қуролли кураш шароитлари, автоматлаштирилган жанговар ва кўмакчи ҳарбий-космик тизим ва комплекслар ҳамда ҳарбий авиация кучларига мансуб, учувчи бошқарадиган ва учувчисиз бошқариладиган учиш аппаратлари қўлланилиши, ҳарбий ҳаракатларнинг глобал кўлами ва жуда тез кечиши билан фарқ қилади. Унда олиб бориладиган ҳарбий ҳаракатлар давомида космосдаги ҳукмронлик қўлга киритилиб, ҳарбий-космик вазифалар, шу жумладан, душманнинг ҳаво-космосдан уюштирган ҳужумини бартараф этиш, космосда туриб душман объектлари ва қуролли кучларига қарата зарба бериш вазифаларини ҳал этиш учун қулай шарт-шароитлар яратилади.
Ҳаво-космик фазодаги ҲҲУМ, унда олиб бориладиган ҳаракатларга кўра космос яқинидаги ҳаво бўшлиғи, яқин, ўрта ва олис космос бўшлиғига бўлинади. Кучларнинг эҳтимолий қўлланилишини инобатга олган ҳолда, унинг сарҳадларида муайян ҳаво-космик йўналишлар белгиланади.

«Ҳарбий ҳаракатлар (уруш) майдони» термини ва ушбу термин билан боғлиқ тушунчалар тинчлик даврида ҳам, уруш даврида ҳам операцияларни режалаштириш, инфратузилмани тайёрлашга доир тадбирларни ишлаб чиқиш, шунингдек, уруш давомида муайян ҳарбий-сиёсий ва ҳарбий-стратегик вазифаларни ҳал этиш учун база сифатида қўлланилади.

УРУШНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ (предупреждение войны) халқаро ва миллий хавфсизликни мустаҳкамлашга доир энг муҳим вазифалардан бири.
Урушнинг олдини олиш вазифалари барча тинчликсевар давлатларнинг коллектив ҳаракати билан ҳал этилади. Урушнинг олдини олишда:
яширин ҳарбий таҳдидларни муҳосара қилиш, ҳарбий кескинлик ўчоқларига барҳам бериш, ҳарбий тўқнашув сабабларини йўқ қилиш, агрессорнинг ҳарбий режалари ва бевосита ҳарбий тайёргарликларини бошланғич босқичда фош этишга қаратилган ҳарбий-сиёсий, дипломатик, ҳарбий ва бошқа чоралар комплексини амалга ошириш;
эҳтимолий агрессорга нисбатан, уни ижро этишга мажбур қиладиган хусусиятга эга турли чора ва санкциялар қўллаш, шу жумладан, ишончли коллектив мудофаани ташкиллаштириш;
агрессияни тўхтатадиган самарали кучларни сақлаб бориш, шунингдек, агрессияни кафолатланган тарзда барбод этиш мақсадларида биргаликда амалга ошириладиган ҳаракатлар усулларини ишлаб чиқиш кўзда тутилади.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Старый 03.05.2013 21:56   #4  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
АГРЕССИЯНИ (УРУШНИ) ТЎХТАТИБ ҚОЛАДИГАН АСОСИЙ ОМИЛЛАР (основные факторы сдерживания агрессии (войны)) уруш омилларига фаол қаршилик кўрсатувчи вазият, куч ва воситалар мажмуи.
Тинчлик ўрнатадиган кучлар томонидан тажовузни тўхтатиш, халқаро хавфсизлик, шу жумладан, давлат, жамият ва шахснинг ҳарбий хавфсизлигини таъминлаш манфаатларида жалб этилади.
Ҳар қандай тажовузни тўхтатиб қоладиган энг муҳим, ҳал қилувчи омил жавобан амалга ошириладиган номақбул зарбанинг (қасоснинг) муқаррарлигидир.
Модомики, ҳар қандай уруш «дуэль» тавсифига эга бўлар (яъни агрессор ва унинг «қурбони» бор) экан агрессия ҳеч қачон жазосиз қолмайди. Тажовуз «қурбони» агрессорга у ёки бу шаклда, катта ёхуд кичик миқдорда бўлса-да жавобан зарар етказади. Шу боис ҳам агрессор урушнинг кутиладиган «натижаларига» баҳо бериб, жавобан етказиладиган эҳтимолий зарарлар билан таққослаб кўради. Ғалабага «кам қон тўкиб» эришилишига шак-шубҳа бўлмаса, ҳукмрон намояндалар ҳаёти ва мол-мулкига нисбатан хавф туғулмасагина агрессия «қурбони» томонидан жавобан етказиладиган зарарлар мақбул зарарлар саналади. Шу боис ҳам тинчликсевар давлат агрессор давлатнинг тажовузкор хатти-ҳаракатини тўхтатиб қолиши (олдини олиши) учун мустақил равишда ёки бошқа давлатлар билан биргаликда (коллектив хавфсизлик тизимида) агрессорга номақбул зарарлар етказишга қодир бўлмоғи лозим. Айни пайтда, тинчликсевар давлатнинг бундай қобилияти, ҳар қандай яширин агрессор томонидан инобатга олиниши учун ҳаммага аён бўлиши керак. Уруш даврида ушбу омил фаол мудофаанинг реал омили сифатида қаралиши лозим.
Номақбул зарар муқаррар етказилиши билан таҳдид қилиш тамойили ядро қуролига эга давлатлар ўртасидаги кўп йиллик муносабатлар амалиётида текширилган бўлиб, улар орасида тўғридан-тўғри қуролли можаро юз бермаганлиги кузатилган.

ХАЛҚАРО ХАВФСИЗЛИКНИ БАРҚАРОРЛАШТИРАДИГАН ВА УНИНГ БАРҚАРОРЛИГИНИ ИЗДАН ЧИҚАРАДИГАН ОМИЛЛАР (стабилизирующие и дестабилизирующие факторы международной безопасности) объектив жиҳатдан қарор топган шароитлар ва субъектив сабаблар туфайли юзага келган ҳолатлар бўлиб, бири халқаро хавфсизликнинг мустаҳкамланишига омил бўлса, бошқаси аксинча, уни заифлаштиради.
Халқаро хавфсизликни барқарорлаштирадиган омиллар жумласига:
давлатлар ўртасидаги ўзаро ишончнинг мустаҳкамланиши;
улар орасидаги ҳарбий қарама-қаршилик даражаси пасайиши;
қуролли кучлар таркибининг қисқартирилиши ва қурол-аслаҳаларнинг шафқатсиз (одамийликка кирмайдиган) тизимлари йўқ қилиниши;
барча давлатлар мудофаа доктринаси қабул қилиши, стратегик режаларда душмандан олдин амалга ошириладиган (олдини оладиган) ҳужум операциялари ўтказилиши кўзда тутилмаслиги;
қуролли кучлар фаолияти устидан олиб бориладиган ўзаро назоратнинг ривожлантирилиши, ҳарбий кучлар иштироки суст зоналар барпо этилиши, «жойларда» олиб бориладиган назорат ва инспекция тадбирлари амалга оширилиши киради.
Халқаро хавфсизликнинг барқарорлигини издан чиқарадиган кескин омиллар жумласига:
қуролланиш пойгаси;
томонлар тасарруфидаги қуролли кучлар равнақида сезиларли тафовут юзага келиши (ёки ушбу тафовутнинг янада оширилиши);
кучлар нисбатидаги мутаносибликни издан чиқарадиган, у ёки бу давлатга нисбатан қўшимча ҳарбий таҳдидларни юзага келтирадиган янги хусусиятга эга қурол тизимларининг яратилиши;
қурол-аслаҳаларнинг асосан ҳужумда қўлланиладиган турлари жуда кўп миқдорда ишлаб чиқарилиши;
бошқа давлатларга қарши қаратилган ҳарбий иттифоқ ва блоклар тузилиши;
дафъатан бериладиган биринчи зарба технологиялари, мисол учун узоқ масофаларга қўлланиладиган ўта аниқ стратегик қурол турларининг тарқатилиши ва шу каби бошқа омиллар кириши мумкин.
Амалиётда халқаро хавфсизликни барқарорлаштирадиган ва унинг барқарорлигини издан чиқарадиган омиллар бир вақтда таъсир кўрсатиб боради. Бу эса ўз навбатида, вазиятнинг ноаниқ ва ноустувор бўлишига сабаб бўлади. Шу боис, халқаро кескинлик даражасини сустлаштириш манфаатларида, халқаро хавфсизликнинг барқарорлигини издан чиқарадиган омиллар таъсирини чеклайдиган, барқарорлаштирадиган омиллар таъсирини эса аксинча, рағбатлантирадиган чоралар кўриш ниҳоятда жиддий аҳамият касб этади.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Старый 03.05.2013 22:00   #5  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
УРУШНИ ЮЗАГА КЕЛТИРУВЧИ ОМИЛЛАР (факторы возникновения войны) яширин ҳарбий таҳдидлар ривожланиб, давлатлар ўртасидаги реал ҳарбий тўқнашувга айланиб кетишига сабаб бўладиган салбий объектив ва субъектив шарт-шароит ва ҳолатлар мажмуи.
Салбий объектив омиллар – чегарадош давлатлар ўртасидаги, асосан таъсир доиралари учун олиб борилаётган кураш мобайнида, уларнинг геосиёсий ва иқтисодий манфаатлари тўқнаш келганлиги боис юзага келган муросасиз зиддиятлар ва антагонизмлар саналади.
Бундан ташқари, салбий объектив омиллар жумласига, халқ ҳаёти ва турмуш тарзининг ёмон шароитлари, аҳоли сони яшаш майдонининг қисқариб кетишига қадар кўпайиб кетиши, зарурий табиий манбалар йўқлигини ҳам киритмоқ зарур. Жамланган кўринишга эга бундай омиллар, одатда, ҳукмрон намояндаларнинг (гуруҳлар ёки жамоаларнинг) курашчан (жанговар) мафкураларида ўз аксини топиб, жамият онгида тажовуз қилиш учун важ-баҳоналар кучайтирилишини таъминлайди.
Тажовуз аксарият ҳолларда юқорида зикр этилган намояндалар томонидан, ўз мамлакатида Ватанни ҳимоя қилиш, тарихий адолатни тиклаш, яшаш майдонларини қўлга киритиш шиори остидаги оммавий шовинистик тарғибот бошлаш шароитларида амалга оширилади.
Ахборот технологиялари равнақ топаётган замонда миллат ва давлатнинг ички ва ташқи таҳдидлари виртуал тавсифга эга бўлиши ва тарғибот воситалари орқали имитация қилиниши мумкин. Айни пайтда агрессия ғайришуурий деструктив мақсадларни ҳам, муайян гуруҳ томонидан тўла-тўкис идрок этилган моддий манфаатлар ва сиёсий худбинликни ҳам қаноатлантириши мумкин.
Салбий субъектив омиллар – сиёсий етакчилар ва ҳарбий-сиёсий раҳбариятнинг ўз устуворлигини ғалаба қозониш учун амалга татбиқ этишга қаратилган мақсадлари, жиззакиликлари ва ҳисоб-китоблари.
Айрим ҳолларда қарши томон (эҳтимолий душман) мақсадлари ва амалга оширган хатти-ҳаракатларига янглиш баҳо берилиши уруш бошланишига бевосита сабаб бўлади. Бундай баҳо берилишига, ўз навбатида, қарши томоннинг яширин ҳарбий тайёргарликлари таъсир ўтказиши мумкин.
Турли замонлар, ҳокимият тизимлари ва ижтимоий-сиёсий шароитларда уруш бошланишининг асосий сабаблари, одатда, ижтимоий эмас, балки шахсий (баъзан – уруғ жамоаси) тавсифига эга бўлган. Жумладан, ҳукмрон шахснинг (уруғ жамоасининг):
бойиб кетишга бўлган зўр иштиёқи;
ташқи уруш бошлаш орқали жамиятни ҳокимият инқирози ва бошқа ички сиёсий муаммолардан чалғитишга интилиши;
шахсий ҳокимият режимини мустаҳкамлаш ва мухолиф томоннинг таъсирини сусайтириш мақсадида жамиятни, унинг ватанпарварлик ҳиссиётини ошириш орқали урушга сафарбар этишга интилиши;
тарихда ном қолдириш истагида ифодаланадиган ўтакетган шуҳратпарастлиги;
миясига жаҳон революциясини амалга ошириш, дунёни сиёсий ва ижтимоий жиҳатдан ўз қарашларига монанд тубдан қайта тузиш зарурати туғилганлиги ҳақидаги фикрнинг ўрнашиб қолиши;
ўтакетган диний мутаассиблиги;
миллий муросасизлигида намоён бўлади.

УРУШ МАНБАЛАРИ (источники войн) урушни юзага келтирувчи омиллар, сабаблар ва уруш бошлашга ундайдиган далиллар мажмуи.
Урушнинг асосий манбалари турли сабабларга кўра давлатлар, халқлар, синфлар, нуфузли (раҳбарлик қиладиган) сиёсий гуруҳлар (жамоалар) ўртасида юзага келган ва давлат ҳукумати ёки унинг раҳбари томонидан тинч сиёсий йўллар билан ёхуд шундай восита ва усулларни қўллаш орқали ҳал этилмай қолган антагонистик зиддиятлардан ташкил топади.
Уруш манбалари урушларнинг яширин марказлари шаклланиб боришини тавсифлайди, бироқ урушларни автоматик равишда келтириб чиқармайди. Урушларнинг юзага келиши муайян тарихий шарт-шароитлар, шунингдек, бевосита ҳарбий тўқнашувга олиб келадиган бир қатор объектив ва субъектив (шу жумладан, тасодифий) равишда қарор топадиган вазиятларга боғлиқдир.
Одатда, чуқур илдиз отган сиёсий ва иқтисодий сабаблар, муросасиз антагонизм, у ёки бу давлат ёхуд давлатлар уюшмасидаги реакцион, миллатчилик руҳидаги ва шу каби бошқа кучларнинг тажовузкор интилишлари уруш манбаларининг асосини ташкил этади.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Старый 03.05.2013 22:03   #6  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
УРУШ БОШЛАШ УСУЛЛАРИ (способы развязывания войны) уруш бўлиши муқаррар бўлиб қолган фурсатда, уруш боши ва бошланғич даврида олиб бориладиган ҳарбий ҳаракатлар давомида уришадиган томонлар амалга оширадиган хатти-ҳаракатлар, кўрадиган чора-тадбирлар ва қўллайдиган усуллар тури.
Жамики урушларнинг бошланиши азалдан ҳам, бугунги кунларда ҳам турли-туман бўлиб келмоқда. Бироқ барча ҳолларда:
ҳужум қилган томон ўзи учун муайян қулайликлар яратиб, стратегик ташаббусни қўлга киритиш ва тезроқ зафар қозониш манфаатларида ушбу қулайликлардан самарали фойдаланишга;
ўзини-ўзи мудофаа қилаётган томон эса агрессорлик ҳаракатларини бартараф этиш, ҳужумни муваффақиятли даф этиб, жавобан зарбалар беришга интилиб келган.
Умуман олганда урушлар бир-бирига адоват сақлаган томонларни муайян изчиллик билан урушга жалб этиш, дафъатан ҳужум қилиш ва келгуси ҳарбий ҳаракатларни ривожлантириш орқали юзага келиши мумкин. Бунда дастлаб, томонлар ихтиёридаги қуролли кучлар сафарбарлик ва стратегик жиҳатдан тегишлича тизилади.
Бугунги кунда, биринчи навбатда ҳаво ва денгиздан зарбалар бериш орқали душманга дафъатан ҳужум қилиш, келгусида эса ҳарбий ҳаракатлар (уруш) майдонида кенг кўламли стратегик (фронт ёки флот миқёсидаги) операциялар ташкил этиш – уруш бошлаб юборишнинг асосий усули бўлиб қолди.

УРУШ ОЛИБ БОРИШ УСУЛЛАРИ (способы ведения войны) уруш мақсадларига эришиш ҳамда ҳарбий-сиёсий ва стратегик вазифаларни ҳал этиш учун уруш олиб бориладиган куч ва воситалар қўлланилишининг изчиллиги ва анъанавий усуллар тартибини белгилаб берадиган ҳаракатлар тизими.
Уруш олиб бориш усуллари уруш ривож топа бошлайдиган ва якунланадиган объектив ва субъектив шарт-шароитларга боғлиқ бўлиб, уруш давомида қўлланиладиган барча кураш шакллари, авваламбор, ҳарбий ҳаракатлар шакллари мазмунининг асосини белгилаб беради.
Уруш олиб бориш усуллари мунтазам ўзгариб бориб, уларга қурол-яроғ ва ҳарбий техниканинг ривожи, уруш мақсадлари, миқёси ва хусусияти, бошқарув, алоқа ва транспорт воситаларининг ҳолати ҳал этувчи таъсир кўрсатади.
Юзага келаётган вазиятни инобатга олган ҳолда уруш олиб боришнинг у ёки бу усулини моҳирона қўллай билиш ғалаба қозонишнинг энг асосий шартларидан бири саналади.

ХАВФ ТУҒИЛГАН ДАВР (угрожаемый период) бевосита уруш бошланишидан олдин вазият изчил ёки дафъатан кескинлашган давр.
Ушбу давр бир-бирига нисбатан адоватли давлатлар ўртасидаги муносабатлар ҳаддан ташқари кескинлашиб кетиши билан тавсифланади. Хавф туғилган давр давомийлик жиҳатидан узоқ чўзилиши, иккала томон ушбу даврдан ўз ҳарбий тайёргарликларини ниҳоясига етказиш, қуролли кучлар таркибини кўпайтириш, жанговар шайлигини ошириб, тегишлича тизиш ва иқтисодиётни ҳарбий ҳолатга ўтказиш учун фойдаланиши мумкин.
Хавф туғилган даврнинг ўзига хос жиҳатлари жумласига, шунингдек, вазиятнинг мужмаллиги, иккала томонда мунтазам манёврлар амалга ошириб борилиши ва ёлғон хабарлар (маълумотлар) тарқатишга қаратилган турли тадбирлар кескин кучайиб кетиши киради.
Бугунги шароитда (агар томонлар ихтиёрида қуролли курашнинг олис масофаларга қўлланиладиган воситалари ҳамда ҳарбий ҳаракатлар (уруш) майдонида қўшин ва кучларнинг шай ҳолатга келтирилган туркумлари мавжуд бўлса) хавф туғилган давр бўлмаслиги ҳам мумкин. Бундай ҳолатда уруш – душман ҳаракатларининг олдини оладиган уруш сифатида (урушга тайёрланаётган рақиб ҳужумини қайтариш мақсадида) томонлардан бирининг ҳужуми билан дафъатан бошланиши мумкин.

УРУШ ҲОЛАТИ (состояние войны) давлатларнинг бир-бирига нисбатан, улар орасида уруш эълон қилинган (ёки ҳарбий ҳаракатлар амалда бошланган) фурсатдан эътиборан токи уруш тугашига қадар қарор топган муносабатлари.
Уруш ҳолати:
томонларнинг қуролли кучлар воситасида бир-бирига қарши очиқдан-очиқ кураш олиб бориши;
дипломатик, молиявий, савдо ва бошқа алоқалар узилиши;
душман давлатга қарашли мол-мулк (дипломатик ваколатхоналар бундан мустасно) ва савдо кемаларининг мусодара қилиниши, реквизицияси, қўлга олиниши, қуролсизлантирилиши ва шу кабиларда ифодаланади.
Уруш ҳолати юзага келганлиги ҳақида бетараф давлатлар хабардор қилинадилар. Уруш ҳолати бошланишининг асосий ҳуқуқий шакли – бундай ҳолатнинг расман эълон қилиниши (бироқ амалиётда доим ҳам бажарилавермайди), тугатилишининг ҳуқуқий шакли эса тинчлик шартномаси имзоланишидир. Бундай шартнома тузилишидан олдин ҳарбий ҳаракатлар амалда тўхтатилиши, мисол учун томонлардан бири таслим бўлиши ёки уришаётган томонлар тегишли битимларга келишишлари мумкин.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Старый 03.05.2013 22:06   #7  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
УРУШ (война) давлатлар ва миллатлар ўртасида қарор топган муносабатлар хусусиятининг тубдан ўзгариб кетиши, қарши курашаётган томонларнинг муайян сиёсий ва иқтисодий мақсадларга эришиш учун зўравонлик воситаларини қўлламасдан курашиш (зиддиятларни ҳал этиш) усулидан тўғридан-тўғри қурол ва шу каби зўравонлик воситаларини қўллаш усулига ўтиш билан боғлиқ ижтимоий-сиёсий ҳодиса. Ҳарбий санъат категорияларидан бири.
Уруш, ўз табиатига кўра, қуролли кураш (зўравонлик) воситалари қўлланилган тарзда давлатлар ва уларни бошқараётган арбоблар томонидан олиб борилаётган сиёсат давоми саналади.
Бугунги кунда уруш бир-бирига душман бўлган томонлар, хусусан тажовузкор давлатлар ёки бундай давлатлар блоклари билан тинчликсевар давлатлар ўртасидаги жуда юқори даражадаги, кескин сиёсий қаршилик шаклига эга бўлмоқда. Уруш олиб боришнинг асосий воситаси – қуролли кучлар ва бошқа қуролли тузилмалар саналади. Шу билан бирга, урушда, қуролли курашнинг ҳарбий ва ҳарбий бўлмаган шаклларидан, шулар жумласидан рақиб ҳудудида зимдан қаршилик кўрсатиш ва террористик ҳаракатларни ташкиллаштириш шаклларидан фойдаланилмоқда.
Уруш давоми ва хотимаси, олиб бориш шакллари ва усуллари уришаётган давлатларнинг иқтисодий имкониятлари, уларда фан ва техника равнақининг салоҳияти, халқ ва армиянинг маънавий руҳи, қуролли кучларнинг жанговар қудрати ва шу каби бошқа омилларга боғлиқдир.
Уруш сиёсат ва иқтисодиёт билан чамбарчас боғлиқ. Сиёсат урушнинг ижтимоий тавсифи ва унда кўзланадиган мақсадларни белгилайди, шиддати ва олиб бориш усуллари, қайси йўналишларга зўр бериш лозимлиги, одамлар ва моддий манбаларни сафарбар этиш даражасига ҳал этадиган даражада таъсир кўрсатади. Айни вақтда, уруш, сиёсатга акс таъсир ўтказади, ижтимоий-сиёсий жараёнлар равнақини сусайтиради ёки аксинча жадаллаштиради. Худди шу тарзда уруш иқтисодиётни тубдан қайта қуриш, бор имкониятларни қуролли кучлар эҳтиёжи учун сафарбар этишни талаб қилади.
Урушда олиб бориладиган курашнинг асосий ва ҳал этувчи шакли – қуролли курашдир. Қуролли кураш қуролли кучлар ва бошқа тузилмаларнинг ташкилий тарзда қўлланилиши, барча табиий соҳаларда (маконларда) турли миқёсда олиб бориладиган ҳарбий ҳаракатлар мажмуидан иборатдир. Уруш турлича кечадиган шиддат, кўлам ва давомийлик билан тавсифланиши, у ёки бу тарзда олиб борилиши мумкин.
Қуролли кураш урушнинг муайян шарт-шароитларига боғлиқ ҳолда олиб бориладиган миқёси, ҳудуди, қўлланиладиган воситалари ва усулларига кўра чекланган бўлиши мумкин. Қуролли кураш давомида ҳужумкор ҳаракатлар, мудофаа ва таъминот ҳаракатлари, шу каби бошқа ҳаракатлар, шунингдек, қўшинларни (флот кучларини) гуруҳларга қайта бўлиш амаллари, жанговар воситалар, зарбалар ва ўт очиш амаллари билан ўтказиладиган манёврлар турли нисбатларда уйғунлашган тарзда олиб борилади.
Уруш стратегик, оператив ва чекланган миқёсларда, операциялар, муҳорабалар ва жанглар шаклида олиб борилиши мумкин.

УРУШЛАР ТАСНИФИ (классификация войн) урушларнинг гуруҳларга, бир-бирига ўхшаш ва аҳамиятли аломатларининг умумийлигига асосланган ҳолда бўлиниши.
Урушлар қуйидагича таснифланади.
ижтимоий-сиёсий мазмунига кўра:
адолатли ва адолатсиз;
тараққийпарвар (прогрессив) ва жаҳолатпараст (реакцион);
босқинлик руҳидаги ва миллий озодлик учун олиб бориладиган уруш;
стратегик мазмуни, жумладан:
миқёсига кўра – жаҳон уруши, минтақавий ва маҳаллий уруш;
олиб бориладиган ҳарбий ҳаракатлар усулига кўра – манёврли ва позицион уруш;
иштирок этадиган давлатлар сонига кўра – икки томонлама ва иттифоқ бўлиб олиб бориладиган уруш;
давомийлигига кўра – қисқа муддатли, узоқ давом этадиган ва муттасил уруш;
қуролли кураш олиб бориладиган табиий муҳитга кўра – қуруқлик, денгиз, ҳаво ва космосда олиб бориладиган уруш;
қуролли курашнинг шиддати ва тизилишига кўра:
шиддати суст кечадиган;
шиддати ўртача кечадиган;
шиддати кучли кечадиган уруш;
қуролли курашда қўлланиладиган асосий воситаларга кўра:
ядровий;
оддий (ядро қуроли қўлланилмаган) уруш (бундай уруш айрим давлатларда «конвенцион уруш», яъни халқаро шартномаларга (конвенцияларга) мувофиқ олиб бориладиган уруш, деб таснифланади);
кимёвий;
биологик;
бактериологик;
геофизик;
информацион уруш ва ҳ. урушларга таснифланади.
Урушнинг санаб ўтилган сўнгги бешта номи асосан хорижий таснифларда қўлланилади.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Реклама и уведомления
Старый 03.05.2013 22:09   #8  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
АДОЛАТЛИ УРУШ (справедливая война) тажовузни бартараф этиш учун Ватан озодлиги, давлат мустақиллиги ва миллат эрки йўлида олиб бориладиган уруш.
Адолатли уруш ўз ижтимоий-сиёсий хусусиятига кўра муайян давлат (давлатлар иттифоқи) томонидан бошқа давлатнинг ҳудудини эгаллаб олиш, ўз ҳукмини унга зўрлаб ўтказиш, сиёсий ҳукмронлик ўрнатиш, муайян халқ ва миллатларни қарам қилиш ёки шу каби бошқа тажовузкор ёхуд реакцион мақсадларни кўзлаган тарзда олиб борилаётган адолатсиз урушнинг аксидир.
Муайян тарихий шароит ва олиб борилаётган сиёсат йўналишига боғлиқ ҳолда адолатли уруш адолатсиз урушга ёки аксинча, адолатсиз уруш адолатли урушга айланиб кетиши мумкин. Қарши уришаётган иккала томон ҳам бир вақтнинг ўзида адолатсиз уруш олиб бориши мумкин, бироқ иккаласи бир-бирига қарши адолатли уруш олиб борадиган ҳолат бўлмайди.

ДАВЛАТ ИЧИДАГИ УРУШ (ФУҚАРОЛАР УРУШИ) (внутригосударственная (гражданская) война) давлат ҳокимияти ёки ҳукм ўтказиш мавқеига эга бўлиш мақсадларида давлат ичидаги турли синф ва ижтимоий табақалар (гуруҳлар) ўртасида уюшган тарзда олиб бориладиган қуролли кураш.
Бундай уруш, одатда, сиёсий партиялар, диний ва миллий ташкилотлар ва уларнинг етакчилари (доҳийлари) томонидан, ижтимоий-сиёсий ҳаракатлар, қўшинлар ва кенг халқ оммасини жалб этган тарзда қўзғатиладиган муросасиз ижтимоий (сиёсий, иқтисодий, диний ва бошқа) зиддиятлар натижаси саналади.
Аксарият ҳолларда фуқаролар уруши муросасиз, қатъий мақсадлар кўзланган тарзда олиб борилиб, жамиятнинг парчаланиб кетиши, ишлаб чиқариш кучларининг вайрон бўлиши, йирик моддий талафотлар кўрилиб, кўплаб одамларнинг ҳалок бўлишига олиб келади. Бундай уруш давомида мунтазам қуролли кучлар ва номунтазам ҳарбий тузилмалар қўлланилиши билан бир қаторда партизанлар ҳаракати, алоҳида қуролланган отряд ва гуруҳлар ҳаракати, аҳолининг тартибсиз чиқишлари кенг тус олади.
Фуқаролар урушини олиб бориш усуллари кўп ҳолларда анъанавий уруш олиб бориш усулларидан сезиларли фарқ қилади. Зеро ушбу усуллар кутилмаган шаклларни касб этиб, сакраш тарзида ривожланади, олдиндан кўриб бўлмайдиган вазиятлар юзага келиши, уруш давомида кескин бурилишлар рўй бериши кузатилади.
Ҳарбий санъат тарихи ва ривожида муҳим аҳамият касб этган энг йирик фуқаролар урушларига тарихий мисоллар тариқасида:
1861-65 йилларда АҚШда;
1789-1894 йилларда Францияда;
1917-22 йилларда Россияда;
1936-39 йилларда Испанияда бўлиб ўтган фуқаролар урушларини келтириш мумкин.

ДИНИЙ (ХУРОФИЙ) УРУШ (религиозная война) диний-ахлоқий зиддиятларни ҳал этиш ёки томонлардан бири иккинчи томонга ўзга мазҳабни қабул қилишга зўрлаб мажбур қилиш мақсадларида, дин негизида юзага келган уруш.
Зикр этилган важ-баҳоналар билан бир қаторда, бундай урушда, одатда, сиёсий ва иқтисодий мақсадлар ҳам кўзланади.
Хурофий урушлар қадимдан маълум. Улар айниқса, ўрта асрларда кенг тус олди, жумладан:
XI-XIII асрларда бўлиб ўтган салиб юришлар;
1419-34 йиллардаги гуситлар урушлари;
1562-98 йилларда Францияда олиб борилган гугенотлар уруши дин негизида юзага келган урушлар саналади.
Диний омиллар XIX-XX асрларда бўлиб ўтган аксарият ҳарбий можароларга ўз таъсирини кўрсатган бўлиб, XXI аср ҳарбий можароларида ҳам ўз аҳамиятини сақлаб қолмоқда.
Диний урушларнинг сиёсий замири жамиятни ижтимоий аломатлар, дунёқараш ва мафкурага кўра парчалаб юбориш, аҳолининг муайян табақаларини, уларга зўрлаб ўтказилган ақидаларни ҳимоя қилишга бирлаштиришдир.
Диний (хурофий) урушлар стратегик жиҳатдан муросасиз кечиши, қуролли кураш ўта шафқатсиз, турли миқёсдаги ҳарбий ҳаракатлар кучли мафкуравий уруш билан уйғунлаштирилган тарзда олиб борилиши билан тавсифланади.

МИЛЛИЙ ОЗОДЛИК УЧУН УРУШ (национально-освободительная война) мустамлака ёки қарам давлат халқи томонидан ўз миллий озодлиги, давлат суверенитети, эркин ва мустақил ривожи учун олиб бориладиган уруш.
Бундай урушда, одатда, бир томонда қуролланган халқ, уруш олиб бориш учун атайин тузилган ҳарбийлаштирилган тузилмалар ва номунтазам кучлар, қарши томонда эса – тасарруфида мустамлака мамлакатлар бўлган давлатга (давлатларга) мансуб экспедицион қуролли кучлар туркуми иштирок этади.
Миллий озодлик учун уруш қарши курашаётган кучлар томонидан ўзига хос шаклларда, хусусан қисқа муддатли холис операциялар, партизанлар кураши билан уйғунлаштирилган ўзаро боғлиқ бир қатор муҳорабалар ўтказилиши орқали олиб борилади. Оддий қуролнинг турли русумлари қўлланилиб, қўпорувчи-террористик ҳаракатлар, фронт ортида кўтариладиган қўзғолонлар, жазо ҳаракатлари ва душман ортидаги ҳаракатлар кенг тус олади.
Муайян шароитлар юзага келганда эса миллий озодлик учун олиб борилаётган уруш давлатлар ўртасидаги уруш ёки фуқаролар урушига айланиб кетади.
Ўзига хос тарихий мисоллар тариқасида:
1937-45 йилларда Хитой халқи томонидан олиб борилган;
1954-62 йилларда Жазоирда;
1961-74 йилларда Анголада бўлиб ўтган урушларни келтириш мумкин.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Старый 03.05.2013 22:14   #9  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
ЖАҲОН УРУШИ (мировая война) жаҳоннинг барча етакчи давлатлари бевосита ёки билвосита жалб этиладиган, барча ёки аксарият қитъалар ҳудуди, океан ва денгиз ҳавзаларига дахл қиладиган, йирик коалиция ва блоклар, давлатлар иттифоқлари томонидан олиб бориладиган уруш.
Бундай уруш, одатда, узоқ давом этиб, глобал миқёсда, қатъий мақсадлар кўзланган тарзда, шафқатсиз шаклларда олиб борилади, қарши курашаётган томонларда кўпдан-кўп вайроналиклар юз бериши, қуролли кучлар ва аҳоли орасида эса йирик талафотлар кўрилиши кузатилади. Унинг оқибати жаҳонда ҳукм сурган ҳарбий-сиёсий вазиятда кескин ўзгаришлар рўй беришига олиб келади.
Ишлаб чиқариш кучларининг шиддатли суръатда ривожланиши, қуролли курашнинг турли-туман техник воситалари билан қуролланган оммавий армиялар шаклланиши, давлатлар ўртасида чамбарчас сиёсий, иқтисодий ва илмий-техник муносабатлар ўрнатилиши, уларнинг иттифоқлар ва коалицияларга бирлашиши – жаҳон уруши келиб чиқишига сабаб бўлган.

Башарият ўз бошидан иккита жаҳон урушини, хусусан: Биринчи жаҳон уруши (1914-18 йиллар) ва Иккинчи жаҳон урушини (1939-45 йиллар) кечирди.
Иккала уруш ҳам қудратли ҳарбий-сиёсий коалицияларнинг кўп миллионли қуролли кучлари томонидан олиб борилган бўлиб, қуролли курашнинг ниҳоятда улкан миқёси, одамлар орасидаги йирик талафотлар, жуда катта моддий харажатлар ва мисли кўрилмаган вайроналиклар билан боғлиқ тарзда кечди.
Биринчи жаҳон уруши тўрт йилдан ортиқ (51 ой ва 2 ҳафта) давом этди. Унда аҳолисининг умумий сони 314 млн кишидан иборат 38 та давлат иштирок этди. қуролли кучлар шахсий таркибининг умумий сони 70 млн кишини ташкил этди. Фронтлар узунлиги 2,5-4 минг километрга чўзилиб кетди. Умумий талафотлар миқдори 9,5 млн ҳалок бўлган ва 20 млн яраланган одамлардан иборат бўлди.
Иккинчи жаҳон уруши 6 йилдан ортиқ давом этди. Унда аҳолисининг умумий сони 1,7 млрд кишидан иборат 61 та давлат иштирок этди. Қуролли кучлар шахсий таркибининг умумий сони 110 млн кишини ташкил этди. Фронтлар жами 15 минг километрдан узун бўлди. Ҳалок бўлганлар сони 50 млн кишидан ортиб кетди.
Учинчи жаҳон урушининг бошланиш хавфи ҳам ХХ аср давомида узоқ вақт реал таҳдид солган эди. Ушбу уруш икки қарама-қарши ижтимоий тузимнинг глобал миқёсдаги эҳтимолий қуролли тўқнашуви сифатида идрок этилиб, ядровий урушга айланиб кетиши муқаррар, деб эътироф этилган.
XXI аср бошида жаҳон уруши бошланиши эҳтимолдан узоқ, бироқ уни буткул истисно этиб ҳам бўлмайди.

МИНТАҚАВИЙ УРУШ (региональная война) фақат муайян минтақани (қитъанинг бир қисмини) қамраб олган, унинг сарҳадларидаги барча ёки аксарият давлатлар жалб этилган, ушбу минтақа ташқарисидаги мамлакатлар, одатда, ёрдам бериш тариқасида билвосита иштирок этган тарзда ўтадиган уруш.
Бундай уруш иттифоқ бўлиб уруш олиб бориш хусусиятига эга бўлиши мумкин бўлиб, юқори даражадаги шиддати ҳамда қуролли курашнинг турли восита ва усуллари қўлланилиши билан фарқ қилади.
Қуролли курашнинг замонавий воситалари билан бир қаторда қурол-яроғнинг деярли мураккаб бўлмаган турлари ҳам қўлланилади, уришаётган томонларнинг мунтазам қуролли кучлари ҳам, номунтазам тузилмалари ҳам иштирок этади.
Сўнгги минтақавий урушга тарихий мисол тариқасида 1948-67 йиллар ва 1973 йили бўлиб ўтган, Яқин Шарқнинг катта ҳудудини қамраб олиб, собиқ ССРИ, АҚШ ва айрим ғарб давлатларини ўз таъсир доирасига жалб этган Арабистон-Исроил урушини келтириш мумкин.

МАҲАЛЛИЙ УРУШ (локальная война) иккита ёки бир нечта давлат (давлатлар иттифоқи) ўртасида деярли чекланган ҳудудда, қурол-аслаҳа, ҳарбий ва махсус техника билан ортиқ даражада қуролланмаган ва нисбатан кам сонли қуролли кучлар қўлланилган тарзда олиб бориладиган уруш.
Бундай урушлар давомийлиги турлича кечиши, қатъий ёки чекланган мақсадлар кўзланган ҳолда олиб борилиши мумкин бўлиб, уларнинг кўлами, шиддати, жадаллиги йирик давлатларнинг бевосита ёки билвосита иштирок этишига боғлиқдир. Қурол-яроғ ва техниканинг янги тизимларини айни шундай урушларда синаб кўриш тез-тез учраб турадиган ҳолатга айланган.
Маҳаллий урушлар давомида, одатда, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, ҳудудий, миллий ва хурофий зиддиятлар, шулар замиридаги қарши кураш сабаблари уйғунлашиб кетади. Можаронинг ҳарбий-географик ва иқлимга оид шароитлари ҳам ушбу урушларга катта таъсир ўтказади.
ХХ асрда бўлиб ўтган маҳаллий урушларга тарихий мисоллар тариқасида:
1950-53 йилларда Кореяда;
1959-75 йилларда Вьетнамда;
1979-87 йилларда Афғонистонда;
1991 йили Форс кўрфазида;
2003 йили Ироқда бўлиб ўтган урушларни келтириш мумкин.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига

Последний раз редактировалось Shokir Dolimov; 03.05.2013 в 22:17.
Ответить 
Старый 03.05.2013 22:19   #10  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
УРУШ ШИДДАТИ (интенсивность войны) урушнинг кўлами, кескинлиги ва қуролли курашнинг турли воситалари қай даражада қўлланилганлигини тавсифлайдиган тушунча. Шунга мувофиқ, урушлар, шиддати суст, ўртача ва кучли кечадиган урушлар, шунингдек, жузъий ҳарбий можароларга фарқ қилади.
Бундай урушларнинг ҳар бири ўзига хос тавсифга эга бўлиши ёки йирик муттасил уруш босқичларидан бири саналиши мумкин.

ШИДДАТИ КУЧЛИ КЕЧАДИГАН УРУШЛАР (войны большой интенсивности) давлатларнинг қудратли коалициялари (гуруҳлари, иттифоқлари) томонидан қатъий мақсадларга эришиш йўлида ихтиёрларида мавжуд жамики ҳарбий ва иқтисодий имкониятлардан тўлиқ фойдаланган тарзда олиб бориладиган жаҳон урушлари.
Бундай урушлар, одатда, бепоён ҳудудлар, денгиз ва океан ҳавзалари ва улар устидаги ҳаво-космик фазога дахл қилиб, стратегик ва фронт миқёсидаги турли-туман операциялар ўтказилади.
Шиддати кучли кечадиган урушлар уришаётган давлатлардан барча хатти-ҳаракатларни бениҳоя зўр бериб амалга оширишни талаб қилиб, йирик йўқотиш ва вайроналиклар билан кечади. Натижаси эса халқаро вазиятга жиддий таъсир ўтказиб, одатда, жаҳоннинг урушдан кейинги тузилишини ўзгартириб юборади.

ШИДДАТИ ЎРТАЧА КЕЧАДИГАН УРУШЛАР (войны средней интенсивности) етарлича қудратли ҳарбий ва ҳарбий-сиёсий имкониятларга эга икки ва ундан кўп давлатлар ўртасидаги ҳарбий тўқнашув.
Бундай урушларга, одатда, уришаётган томонларнинг жамики қуролли кучлари жалб этилади, улар ихтиёридаги барча манбалар қўлланилиб, қуролли курашнинг турли-туман воситаларидан фаол фойдаланилади.
Шиддати ўртача кечадиган урушларда, одатда, қатъий мақсадлар кўзланади, уришаётган томонларга учинчи томонлар, яъни янада қудратли давлатлар сезиларли ёрдам бериб бориши билан кечади. Ушбу урушлар, одатда, вазиятнинг кескинлашиб кетишига олиб келиб, жаҳон уруши бошланиб кетишининг асосий манбасига айланиб қолишига сабаб бўлиши мумкин.

ШИДДАТИ СУСТ КЕЧАДИГАН УРУШЛАР (войны малой интенсивности) одатда, кичик давлатлар ўртасида чекланган ҳудудларда, жузъий сиёсий мақсадларга эришиш учун куч ва воситаларнинг чекланган туркуми қўлланилган тарзда олиб бориладиган урушлар.
Шиддати суст кечадиган урушлар:
уришаётган давлатлар томонидан олиб борилаётган ҳарбий ҳаракатлар сустлиги;
ўтказиладиган операциялар миқёси у қадар йирик бўлмаслиги;
қуролли курашда самарали натижаларга эришилмаслиги;
узоқ давом этиши, муайян вақт танаффус бўлиб, яна қайтадан давом эттирилиши билан тавсифланади.
Бундай урушлар жумласига, авваламбор, у ёки бу томонга маънавий мадад ва қурол-яроғ етказиб бериш орқали йирик давлатлар ҳам билвосита иштирок этиши мумкин бўлган кичик маҳаллий урушлар ва ҳарбий можаролар киради.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Ответить




Powered by vBulletin® Version 3.8.5
Copyright ©2000 - 2025, Jelsoft Enterprises Ltd. Перевод: zCarot
Advertisement System V2.5 By Branden
OOO «Единый интегратор UZINFOCOM»


Новые 24 часа Кто на форуме Новички Поиск Кабинет Все прочитано Вверх