uForum.uz

uForum.uz (https://uforum.uz/index.php)
-   ZiyoNET (https://uforum.uz/forumdisplay.php?f=372)
-   -   Қатағон сиёсати ва унинг фожиали оқибатлари: адабиётшунос олим Наим Каримов билан суҳбат (https://uforum.uz/showthread.php?t=11901)

Nigora Umarova 05.02.2010 16:31

Қатағон сиёсати ва унинг фожиали оқибатлари: адабиётшунос олим Наим Каримов билан суҳбат
 
30-50-йиллардаги собиқ совет тузуми даврида амалга оширилган СССР ҳудудида яшаган бошқа халқлар қатори ўзбек халқининг қатағон сиёсати асл фарзандларини ўз домига тортди. Халқнинг аслғ элим деб, юртим деб яшаган жонкуяр фарзандлари қатлиом қурбони бўлдилар: ноҳақ қамоққа олиниб, қириб ташландилар. Шу даврда бўлиб ўтган сиёсий кампаниялар натижасида қишлоқ аҳли ҳам, шаҳарлик оддий меҳнат аҳли ҳам қаттағон даврининг аччиқ тузини тортди. Айниқса, фан, маориф ва маданият арбобларининг қатағон этилиши халқнинг генофондига катта зарар етказди.

Мавзуда ана шулар ҳақида фикр юритамиз, деб умид қиламан , форумдошим!
Суҳбатимиздафилология фанлари доктори, профессор, "Шаҳидлар хотираси" хайрия жамғармасининг катта илмий ходими Наим Каримов ҳам бевосита иштирок этадилар.

Nigora Umarova 05.02.2010 16:45

"Шаҳидлар хотираси" хайрия жамғармаси ҳақида маълумот бериб ўтсам:
Цитата:

1999 йил 11 августда Ўзбекистон Республикаси Президентининг собиқ Давлат масдаҳатчиси Н.Жўраевнинг раислигида бўлиб ўтган муассислар мажлисида “Шаҳидлар хотираси” хайрия жамғармасини ташкил қилиш, хайрия жамғармаси Уставини маъқуллаш ва Адлия вазирлигига қайд этиш учун тавсия қилиш ҳақида қарор қилинган. Шунингдек, филология фанлари доктори, проф. Н.Каримов хайрия жамғармаси раёсати раиси, юридик фанлари номзоди Б.Тошев эса хайрия жамғармсининг ижрочи директори этиб тасдиқланган.
Хайрия жамғармаси Устави 1999 йил 21 сентябрда Адлия вазирлигининг рўйхатидан ўтган.
Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра, Тошкент шаҳар ҳокимияти хайрия жамғармасини 1999 йил сенябрь ойида ЎзФА қўлёзмалар институтига қарашли Навоий кўчасидаги 69-уйга жойлаштирган.
Жамоатчилик комиссияси ва комиссия қошидаги ишчи гуруҳи аъзоларининг МХХ архивида ишлашларига 2000 йил январь ойининг ўрталарида рухсат берилган.

Nigora Umarova 05.02.2010 16:53

Домла, форумимизга хуш келибсиз!

Яқин тарихимизнинг бизга номаълум бўлган, ўқилмаган саҳифалари кўп.
"Шаҳидлар хотираси" хайрия жамғармаси қатаҳон сиёсатининг бошланиш сабаблари, бу сиёсатнинг фожиали кўлами ва ўурбонлари тақдирини архив материаллари асосида тадқиқ қилади.
Жамғарма ташқил этилганидан бери олиб борган фаолияти ҳақида форумдошларимизга батафсил маълумот берсангиз.

Naim Karimov 05.02.2010 16:56

“Шаҳидлар хотираси” хайрия жамғармаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ватан ва халқ озодлиги йўлида қурбон бўлган фидойилар хотирасини абадийлаштириш тўғрисида” 1999 йил 22 июлда қабул қилган 368-сонли қарори асосида Мустамлакачилик даври қурбонлари хотирасини абадийлаштириш бўйича жамоатчилик комиссияси ҳузурида ташкил этилган.
Ушбу қарорнинг 2-моддасига кўра, мазкур хайрия жамғармасининг вазирликлар, давлат қўмиталари, концернлар, компаниялар, корпорациялар, банклар ва бошқа муассасалардан иборат ҳомийлар гуруҳи ҳамда таркибий тузилмаси иловага мувофиқ маъқулланган
Қарорнинг 3-бандида хайрия жамғармасининг асосий вазифалари қуйидагилар этиб белгиланган:
“– Мустамлакачилик даври қурбонлари хотирасини адабийлаштириш бўйича жамоатчилик комиссияси ишини ташкил этиш ва комиссия зиммасиги юкланган вазифаларнинг бажарилишига ёрдам бериш:
- қатағон этилган фидойи ватандошларимизни номма-ном аниқлаш мақсадида жамоатчилик комиссияси томонидан мамлакатимиз ҳудудларида тузиладиган илмий-ишчи гуруҳлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш:
- шаҳид бўлган юртдошларимиз номини абадий сақлаш ва келгуси авлодларга етказиш мақсадида кўп жилдлик “Қатағон қурбонлари” хотира китобини яратиш ва нашр этишга кўмаклашиш:
- хориждаги турли архив, музей, кутубхона ва бошқа илмий-маърифий муассасалар, мутахассислар билан алоқалар ўрнатиш, ҳамкорлик қилиш ҳамда ватандошларимиз ҳаёти, фаолиятига оид чет эллардаги мавжуд манбаларни излаб топиш ва ўрганиш мақсадида илмий экспедициялар ташкил этиш:
- қонунда белгиланган тартибда ишлаб яиқариш ҳамда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш”.
Хайрия жамғармасининг фаолияти 1999 йил сентябрь ойидан бошланган. Шу вақтдан эътиборан кўплаб қатағон даври қурбонлари ёки уларнинг яқин қариндошлари асосан қуйидаги масалалар бўйича хайрия жамғармасига мурожаат қила бошлаганлар:
1. Қатағон йилларида мусодара этилган мол-мулкларини қайтариб олиш.
2. Қатағон қурбонлари ва уларнинг жабрларланган оила аъзоларига моддий ёрдам кўрсатиш (шунингдек, товон тўлаш).
3. Кўча, мактаб, майдонларга қатағон қурбонларининг номларини бериш, шаҳар кўча ва майдонларида уларга ҳайкаллар ўрнатиш.
Хайрия жамғармаси бундай масалаларни ҳал этиш ваколатига эга эмаслиги маълум бўлганидан кейин мурожаатчилар сони кескин камайиб кетди. Ва жамғарма фаолияти қуйидаги йўналишлар бўйича олиб борилди:
1. Қатағон қурбонларининг оила аъзоларига жабрдийда оталари ёки қариндошларининг фожиали тақдири тўғрисида МХХ архиви материаллари асосида маълумотномалар бериш.
Хайрия жамғармаси шу вақтга қадар ёзма, оғзаки ва телефон орқали 400 дан зиёд қатағон қурбонларининг оила аъзоларига маълумотномалар берди.
Қатағон қурбонларининг оила аъзоларидан тушган аризаларнинг аксар қисми (тахминан 70 фоизи) бўйича маълумотномалар бера олмаяпмиз. МХХ архиви ходимларининг айтишларича, уларнинг “жиноий-архив ишлари” мавжуд эмас ёки топилмайди. Бундай ҳоллар, айниқса, сўнгги йилларда кўпайиб бормоқда.
2. Жамғарма фаолиятининг дастлабки даврида олиб борилган изланишлар, илмий ишлар ва экспедициялар туфайли тўпланган материаллар асосида “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи экспозицияси яратилди.
3. Қатағон қурбонлари хотирасига бағишланган хотира кечалари ва маърифат соатларини ўтказиш.
Шу вақтгача Тошкент шаҳрида, шунингдек, Тошкент, Андижон, Бухоро, Самарқанд, Жиззах, Қарши вилоятларида 30 дан зиёд хотира кечалари ва 100 дан зиёд маърифат соатлари ўтказилди.
4. Таниқли қатағон қурбонларининг йирик саналарига бағишланган илмий анжуман ва хотира кечаларини ўтказиш.
Шу вақтгача М.Беҳбудий, Ҳожи Муин (Самарқанд ва Тошкентда), М.Абдурашидхонов, Абдулла Қодирий, Ғулом Зафарий, Элбек, Ғози Олим Юнусов, Отажон Ҳошимов, Зиё Саид, Қори Ёқубов, Муҳиддин Турсунхўжаев, Боту, Шайхзода (Тошкентда). Фитрат (Бухорода), Чўлпон (Андижонда), Абдуваҳоб Ибодий, Обиджон Маҳмудов (Қўқонда), Исҳоқхон Ибрат, Рафиқ Мўмин (Наманганда) ва бошқаларга бағишланган 30 га яқин илмий анжуман ва театрлаштирилган хотира кечалари ўтказилди.
5. Қатағон қурбонларининг ҳаёти ва фаолияти тўғрисида газета ва журнал мақолаларини эълон қилиш.
Шу вақтгача Р.Шамсутдинов, Б.Дўстқораев, Х.Ахророва, Ш.Турдиев, С.Аҳмедов, Қ.Ражабов, Б.Каримов, Ш.Бабашев, Б.Алланиязов ва бошқа (шу жумладан, вилоятлардаги журналист) ларнинг 300 дан зиёд мақолалари эълон қилинди.
6. Радио ва телевидение орқали чиқишлар.
Хайрия жамғармасининг фаолияти бошланган дастлабки икки-уч йил ичида радио ва телевидение ходимларининг ташаббуси билан қатағон қурбонларига бағишланган бир неча туркум эшиттириш ва кўрсатувлар ташкил этилди. Жамғарма ходимлари ва фаоллари шу даврда 150 дан зиёд телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар (интервью ва ҳ.к.) да иштирок этдилар.
Қатағон қурбонларининг ижодий меросини эълон қилиш.
Жамғарма ходимлари ва фаоллари томонидан М.Абдурашидхонов, Фитрат, Ҳожи Муин, С.Аҳрорий, Боту ва бошқа ёзувчиларнинг “Танланган асарлар”и эълон қилинди.
А.Қодирий ва Чўлпоннинг Тўла асарлари тўплами, шунингдек, С.Тиллахоновнинг “Хотиралар” ва Л.Азиззоданинг “Туркистоннинг уйғониш тарихи” китоблари нашрга тайёрланган.
8. Хайрия жамғармаси ходимлари ва фаоллари томонидан қатағон мавзуида 30 га яқин китоб ва рисола нашр этилган.
9. Хайрия жамғармаси ходимлари ва фаоллари томонидан қатағон мавзуига бағишланган “Исҳоқхон Ибрат”, “Убайдулла Хўжаев”, “Саид Аҳрорий”, “Миртемир”, “Шаҳидлар хотираси”, “Армонли йиллар кўзгуси”, “Барҳаёт хотира” сингари ўндан зиёд ҳужжатли ва видеофильмлар ишланган.
10. Хайрия жамғармаси ва “Юлдуз” фирмаси маъмуриятининг ташаббуси билан собиқ Тоштурманинг бузилмай қолган қисмида рамзий мемориал барпо этилган, қатағон қурбонларининг хоклари қайта дафн этилган Оқота қабристонида эса ёдгорлик ўрнатилган.
11. Хайрия жамғармасининг ҳар йилги қатағон қурбонларини хотирлаш мавсуми, анъанага кўра, 10 апрелда А.Қодирийнинг Камолон қабристонидаги хилхонасида гул қўйиш маросими билан бошланади ва 4 октябрда (1938 йилнинг 4 октябрида - А.Қодирий, Фитрат, Чўлпон сингари кўплаб ватандошларимииз отилган кунда) - “Шаҳидлар хотираси”даги рамзий сағанага гул қўйиш билан якунланади.
Жамғарма ўз фаолияти давомида қандай ишларни амалга оширган бўлмасин, бу ишларнинг барчаси замирида аҳолини, айниқса, ёш авлодни мустақиллик даври ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш масаласи туради.

Nigora Umarova 05.02.2010 17:25

20-йиллар охири – 30-йилларнинг бошларида ўзбек адабиётига бир гуруҳ истеъдодли қизлар кириб келганлар. Улар қаламига мансуб шеърлар нафақат газета ва журнал саҳифаларида, балки “Интилиш” сингари тўпламларда ҳам эълон қилиниб, адабий жамоятчиликнинг эътиборини қозонган. Афсуски, бу қизларнинг аксари шеърият оламига қандай порлаб кириб келган бўлсалар, кўп ўтмай, турли сабабларга кўра, шундай сўниб ҳам кетганлар. Шу гуруҳга мансуб Хосият Тиллахонова, Маҳбуба Раҳим қизи, Ойдин Собирова, Музайяна Алавия эса сўнгги кунларига қадар ижод оламини тарк этмай яшадилар..
Яқинда "Ўзбекистон адабиёти ва санъати" газетасида Маҳбуба Раҳим қизининг Абдурауф Фитратнинг синглиси бўлганлиги ҳақидаги мақолангизни ўқидим.
Форумдошларимизга ҳам улар ҳақида маълумот бериб ўтсангиз.
Маҳбуба Раҳим қизининг пароканда ҳаёти ва ижоди билан бир бўлса-да танишиб, шу муниса шоира руҳини шод айласак.

Naim Karimov 05.02.2010 17:30

Таниқли адабиётшунос Тўхтасин Жалолов ўзбек шоираларига бағишланган ҳар икки китобини ёзган вақтида Маҳбуба опа ҳаёт эди. Аммо афсус ва надоматлар бўлсинки, у “Ўзбек шоиралари”нинг иккинчи китобини ёзиш жараёнида Маҳбуба опадан нафақат унинг ўзи, балки Хосият Тиллахонова тўғрисидаги хотираларини ҳам ёзиб олганига қарамай, бу икки шоира тўғрисида бирор тайинли маълумот бермаган. Шунинг учун Маҳбуба опанинг ҳаёти ва ижодига доир бирор маълумотни учратиш қийин. Ҳайриятки, камина дўстларим Шерали Турдиев ва марҳум Эрик Каримов билан бирга ундан Фитрат ва Шайхзода ҳақидаги ёзма хотираларини олиб қолган эканмиз, шу хотиралардаги айрим фактлар ва лавҳа асосида Маҳбуба Раҳим қизи тўғрисида муштарийларда озми-кўпми тасаввур уйғотишим мумкин кўринади
Аввало шуни айтиш лозимки, Маҳбуба опа Фитратнинг ўгай синглиси бўлган. Унинг бахти ҳам, бахтсизлиги ҳам шунда. Фитратнинг отаси Абдураҳим ака савдо ишлари билан ўралашиб юргани учунми ёки енгилтак кимсалардан бири бўлгани сабаблими, оиласига эътиборсиз бўлган. У Бухородаги оиласини ташлаб, Марғилонга борган ва у ерда бошқа оила қурган. Маҳбуба опа 1907 йили шу ерда дунёга келган. Абдураҳим ака марғилонлик фарзандлари Маҳбуба билан Абдуфаттоҳни болалик чоғларида ташлаб, яна Бухорога қайтиб кетган. Маҳбуба опа 9-10 ёшларга кирганида онаси вафот этиб, укаси билан қип-қизил етим бўлиб қолишган. Бу, Марғилонда ҳам, Бухорода ҳам очлик ва қаҳатчилик пвж олган йиллар эди. Невараларининг мушкул аҳволда қолганидан хабар топган бува билан буви Марғилонга бориб, уларни Бухорога олиб келишган.
Фитрат ўша йилларда амир фармонига кўра, Бухородан қувилиб, Самарқандда яшар ва бир-икки ойда Когонга келиб, ота-онаси билан дийдорлашиб, уларга атаганини бериб кетар экан. 1917 йили Фитрат Когонга келиб, оиласини чақиртирганида, бува билан буви Маҳбуба опани ҳам олиб борадилар. Шунда ака-сингил илк бор бир-бирлари билан танишишимконига эга бўлишади. Фитрат Самарқандга бориб, сочи тўкила бошлагани учун бошига шапка кийиб олган экан. Буни кўрган она ўғлини аввал танимай: “Вой, сиз Ҳожижонмисиз?” - деб сўраган, сўнгра нарироққа бориб: “Эссиз, шундай муллавачча ўғлим кофир тусига кириб қолипти”, - деб ўксинган. Маҳбуба опа ёш бўлгани учун ана шу илк учрашувнинг шу лавҳасинигина эслаб қолган.
Амирлик тугатилиб, Фитрат Бухоро Халқ Шўро ҳукуматида қори лавозимларда хизмат қила бошлаганидан кейин ҳам ака-сингилда бир оила бағрида яшаш имкони бўлмади. Тақдир уларни турли жойларга олиб бориб ташлади. Аҳён-аҳёнда бўладиган учрашувлардан қолган хотираларни эса бир ипга тизиш осон эмас. Шунга қарамай, Маҳбуба опанинг ёдида акаси билан боғлиқ бир қанча узуқ-юлуқ хотиралар қолган. Шулардан бири, эҳтимол, муштарийлар учун эътиборлидир
“Фитрат, - деб ёзган эди Маҳбуба опа, ҳаётга некбин кўз қарар эди. У бизга ҳамма вақт насиҳат қилиб: “Ҳаёт – бир оқим дарё. У ўз тўлқинлари билан сени бир Боғи Эрамга чиқариб қўяди – роҳатда яшайсан. Ундан олиб сени Чўли Малика ташлаб қўядики, бу ерда жуда азоб-уқубатда кун кечирасан. Ҳар иккисида ҳам бир хилда туришга ўрганишинг керак”, - дер эди.
1930-31 йилларда, мафкура майдонидаги кураш даврларида Фитрат жуда кўп танқидга учради. Шунда ҳам у: “Майли, агар партия ва ҳукумат мени муаллимликдан четлаштирса, мен ошхонага кириб ошпазлик ҳам қила бераман”, - дер эди
Фитрат ҳақиқатда ҳам ҳар хил таомлар пиширишга жуда уста эди. У паловдан тортиб лағмонгача, мураббодан тортиб ҳолва-ю нишолдагача ўзи пиширар эди.
Янa бир воқеа эсимда. Самарқанднинг Всеобуч бульвари (ҳозир Университет хиёбони – Н.К.) даги ЎзДУнинг уйида турар эдик. 30-йилнинг баҳор-ёз ойлари эди. Бир куни акам ҳовлида мураббо пишираётган, мен бўлсам унга дастёрлик қилаётган эдим. Бир маҳал шоир Олтой пайдо бўлиб,: «Эй домулла, пилла қайнатаётурсизми?..” – деб ҳазиллашди. Акам бошини кўтариб: “Ўғлим, шолтой-болтой деган шеърларингдан ўқияпсанми?” – деди. Олтой енгилганидан қизариб, ўтиб кетди...”
20-йилларнинг ўрталарида Маҳбуба опа марғилонлик Абдулаазиз Шамсиддинов деган кишига турмушга чиқиб, яна водийга кўчиб кетади ва ўша ерда муаллимлик қилади. Аммо 1937 йилда Фитрат қамоққа олиниб “халқ душманлари”нинг оила аъзолари ва уларга яқин кишилар бошига ҳам бало тошлари ёғилади. Маҳбуба опанинг шундан кейинги ҳаёти бизга қоронғи. Абдуазиз Шамсиддинов “халқ душмани”нинг синглисидан ажралишга мажбур бўлганми ёки ҳарбига олиниб, Иккинчи жаҳон уруши жангоҳларида ҳалок бўлганми, ҳар ҳолда Маҳбуба опа урушдан кейинги машаққатли йилларда Тошкентда эрсиз-фарзандсиз тушмуш кечиради. Шундай кунларнинг бирида (бу воқеа 1945 йилда бўлган) у машҳур снайпер Зебо Ғаниеванинг отаси озарбайжонлик Поша Ғаниевга турмушга чиқади.
У шу йилларда кундуз кунлари шаҳар мактабларида муаллимлик қилиб, оқшом чоғи Кечки педагогика институтида таҳсил олади. Мазкур институтда дарс берган атоқли шоир Шайхзода билан танишиб, унинг тоғаси бўлмиш Поша Ғаниев туфайли шоир оиласининг энг яқин кишиларидан бири бўлиб қолади. Шайхзода Маҳбуба опанинг нурсиз ҳаётига бир олам қувонч ва маъно бағишлайди У ярим оч, ярим яланғоч яшаб келган аёлга моддий мадад кўрсатибгина қолмай, уни шеър ёзишда давом этишга ҳам рағбатлантиради.
Маҳбуба опа умрининг сўнгги кунларида шу тарзда шеър ёзибгина қолмай, акаси Фитратнинг оқланиши, асарларининг рўёбга чиқишини орзу қилиб яшади ва шу йўлда интилаётган биз ёшлар билан яқинлашиб, бизга акаси ҳақидаги хотираларини ёзиб берди.
Афсуски, камина Маҳбуба опанинг бу дунёни қачон тарк этганини аниқлай олмадим.

Nigora Umarova 05.02.2010 17:39

Домла, рухсат берсангиз, шоиранинг шеърларидан форумга қўйсак.

Цитата:

Кўнглим уйида шоду фараҳ авжида ўйнар,
Бахт гулшанининг лолалари мавжида ўйнар.

Ҳижрон ўтида куймак учун асло ўрин йўқ,
Ишқимнинг қуши васлу висол завжида ўйнар.

Давр ноласининг куйчиси Маҳзуна эмасман,
Ғам чашмаси ул кўкка фиғон санжида ўйнар.

Зулм ўрдасида йиғлаб Увайсий куни кечди,
Кўз косасида ҳалқа ёши ранжида ўйнар.

Халқимнинг қизи Нодира ҳам оҳу фиғонда,
Қалби тутақиб орзуси дил кунжида ўйнар.

Ўлкам боғининг кузу баҳор тонгида борман,
Орзу ушалиб, булбули гул тожида ўйнар.

Давр гулшанида Зулфиядек нилуфарим бор,
Ижоди тафаккур тоҳининг буржида ўйнар.

Маҳбуба, замон васфини кўкларга кўтаргин,
Бу нурли замон васфи ғазал буржида ўйнар.

* * *
Муҳаббат гул-чаман очди диёр зеболигин кўргач,
Чамандек шу диёрнинг завқу шавқ оролигин кўргач.

Жамолин тобидан ҳар дам фараҳманд барча кўнгиллар,
Бошида офтобу кўзгуда сиймолигин кўргач.

Шукуҳи не рақибларни алам ўтида ёндирди,
Яшарди меҳнат аҳли меҳрининг дарёлигин кўргач.

Нечун ёзмай, нечун васфига жонимни нисор этмай,
Кўнгил сайрар элим гулшан аро раънолигин кўргач.

Кел, эй авлод, Ватан олдида бурчингни адо эт,
Қувонсин халқимнинг ҳур наслининг донолигин кўргач.

Бу бахт оғушида, Маҳбуба, диёринг мадҳини куйла,
Сенга толе қуёши доимо ҳамролигин кўргач.

Маҳбуба Раҳим қизи


Nigora Umarova 05.02.2010 17:41

Цитата:

Юртимнинг баҳори шодлик келтирар,
Байрамлар кетидан байрам келади.
Нурафшон диёрим чирой бўрттирар,
Умр гулшанида чаман унади.

Табиат шифокор каби одамга
Шифобахш меҳрини этади тақдим.
Кўк атлас гул-чечак тақиб оламга,
Хуш исин уфуриб ташлайди одим.


Ҳаёт ишқи
Лаззатлидир ҳаёт шу қадар,
Тўёлмайсан ширин васлига.
Уни бизлар этдик мунаввар,
Ижодкори бизлар аслида.

Қақраб ётган асрий чўлларга
Ҳаёт сувин югуртирдик биз.
Шу забардаст олтин қўллар-ла
Ҳосил олган, гул ундирган биз.

Менга маъқул ҳаёт ишваси,
Менга маъқул шу гўзал борлиқ.
Менга маъқул ҳаёт нашъаси,
Чаманларда оламан ҳордиқ.

Гоҳо енгмоқ бўлиб кексалик
Чалғитмоқчи бўлади мени.
“Кекса одам юрмайди толиб,
Биласан, бу – ҳаёт қонуни!”

“Йўқ, йшқ, - дейман унга жавобан, -
Сайр этаман то танда куч бор.
Завқ оламан гулдан, офтобдан,
Даврим гўзал, ҳаётим баҳор.


Куз келди
Куз келди олтиндан баргагин тақиб,
Ранго-ранг товлама кўйлак эгнида.
Халқим-чун фаровон дастурхон олиб,
Келди куз, ҳимматдан камар белида.

Боғбонлар беҳуда терни тўкмабди,
Мевалар жомига тўлибди шарбат.
Беҳуда қуёшнинг нури ўтмабди,
Мевага бол берган деҳқонга раҳмат.

Боғларга фаровон бол тўкар фасл,
Дилрабо бағрингда мен сенга мафтун.
Ҳар дардга даводир бу совғанг асил,
Бахтимиз қуёши нурафшон ҳар кун.

Мунча ҳам гўзалсан, кўркам диёрим,
Меҳринг-ла тўла бу қалбим-ҳаётим.
Сийнангда яйрайман достонинг тўқиб,
Янграсин бағрингда юрак баётим.

Куз келди олтиндан баргагин тақиб…
Ранго-ранг товлама кўйлак эгнида.
Халқим-чун фаровон дастурхон олиб,
Келди куз, ҳимматдан камар белида.

Маҳбуба Раҳим қизи

Nigora Umarova 02.03.2010 17:59

https://img.uforum.uz/images/ailewxk386959.jpg

https://img.uforum.uz/images/kagyiaj958026.jpg

Тошкент шаҳар, Юнусобод туманида жойлашган "Шаҳидлар хотираси" майдони.

Bekmirzo 02.03.2010 18:22

Muzayyana Alaviya haqida batafsilroq ma'lumot olish va uning ijodidan namunalar o'qish imkoni bormi?


Текущее время: 01:00. Часовой пояс GMT +5.

Powered by vBulletin® Version 3.8.5
Copyright ©2000 - 2025, Jelsoft Enterprises Ltd. Перевод: zCarot
OOO «Единый интегратор UZINFOCOM»