uForum.uz

uForum.uz (https://uforum.uz/index.php)
-   Ижод хусусида сўз (https://uforum.uz/forumdisplay.php?f=463)
-   -   Ж. Толкиен. Хоббит ёки бориб қайтиш (https://uforum.uz/showthread.php?t=21441)

Shokir Dolimov 17.06.2018 13:21

Ж. Толкиен. Хоббит ёки бориб қайтиш
 
Қадрли китобхон, эсингизда бўлса, фейсбук саҳифаларида очилган тегишли мавзуларда «Гарри Поттер» ҳақидаги етти қисмли романлар туркумидан сўнг сизга «Хоббит или туда и обратно» билан «Властелин колец» асарларини таржима қилиб беришни ваъда қилган эдим.

Кўриб турганингиздай, ваъдага вафо қилганча ишга киришдим. Мазкур асарларни қўл бўшаган вақтда ёки муайян мавзу таржимасидан бироз чалғиб, бошқасига ўтгим келганда оз-оздан таржима қилиб бораман. Айнан шу тарзда ишлашни ёш ва ҳаваскор таржимонларга маслаҳат берган бўлар эдим. Зеро ёзма таржимада «чалғиб бориш усули» иш сифатига ижобий таъсир кўрсатади.

Марҳамат, ўқинг ва завқланинг!

Shokir Dolimov 17.06.2018 13:23

Жон Рональд Руэл Толкиен

ХОББИТ ЁКИ БОРИБ ҚАЙТИШ

Рус тилидан Шокир Долимов таржимаси

БИРИНЧИ БОБ. КУТИЛМАГАН МЕҲМОНЛАР


Бор экан-у, йўқ экан тепалик остига қазилган ерости кулбасида хоббит яшар экан. Айтиш жоизки, ерости кулбалари ҳар хил бўлади. Баъзилари ноқулай, ифлос, моғор ҳиди урган зах бўлиб, қурт-қумурсқаларга макон бўлса, айримлари қумтепада қазилган, қуруқ бўлади-ю, бироқ жиҳозланмаган, ўтиргани жой, егани егулик топилмайдиган ҳолатда учрайди. Мулоҳаза юритилаётган ерости иншооти эса хоббит яшайдиган кулба бўлиб, биринчи навбатда қулайлик ва шинамликни англатади.

Кулбанинг ичкарига очиладиган, тўлин ой каби юмалоқ, яшил рангли эшигининг қоқ ўртасига ялтироқ мис даста маҳкамланган. Куйинди-ю, тутун ҳидидан холи, кесими доира шаклига эга узун йўлак ҳам жуда шинам. Ушбу йўлак деворига ёғоч-тахта қопланган, тоштахта ётқизилган полига гилам тўшалган. Деворга меҳмондўст хоббитнинг дўстлари ўз шляпа ва пальтоларини осиб қўйиши учун ҳар хил илгаклар маҳкамланган бўлиб, ёнида ёғочи астойдил сайқалланган курсилар терилган. Йўлак анча узоқ чўзилган бўлса-да, маҳаллий аҳоли Дўнглик деб атайдиган тепаликнинг нишабигача етиб бормаган. Йўлакнинг иккала томонида юм-юмалоқ эшиклар мавжуд. Кулбаси кўп қаватли бўлишини хоббитлар хоҳлашмайди. Уларнинг ётоқхоналари, ваннахоналари, қазноқлари, кўпдан-кўп омборхоналари, кийим сақлаш учун атайин ажратилган хоналари, ошхона ва овқатхоналари бир қаватда, умумий йўлак бўйлаб тақсимланган ҳолатда жойлашади. Энг яхши хоналар йўлакнинг чап томонида. Чунки уларнинг ҳар бирида боғ манзараси очиладиган дераза бор. Боғдан ташқари, ушбу деразалардан Дўнгликдан дарё томон қияма тушган водий ва яйлов ҳам кафтдек кўринади.

Ҳикоямиз қаҳрамони мистер Бильбо Бэггинс анча давлатманд хоббит саналади. Дўнглик атрофида қадимдан яшаб келган Бэггинслар сулоласи нафақат бадавлатлиги, балки ҳаётида қандайдир сирли воқеалар содир бўлишига йўл қўймаслиги, ҳар хил ҳодисаларга аралашиб юришни ўзига эп кўрмаслиги учун ҳам азалдан ҳурматли сулола ҳисобланган. Мухтасар қилиб айтганда, Бэггинсларнинг у ёки бу вакили у ёки бу масалага доир қандай фикр билдиришини, ундан сўраб ўтирмасдан ҳам олдиндан айтиш мумкин.

Бироқ биз сизга Бэггинслардан бири ғаройиб бир саргузаштга аралашиб қолгани, ўзи ҳайратланган ҳолда кутилмаган нарсалар ҳақида гапириб, кутилмаган ишларга қўл уришга журъат эта бошлагани ҳақида сўзлаб бермоқчимиз. У ҳамқишлоқлар олдидаги ҳурматини йўқотган бўлса йўқотгандир-у, лекин қўлга киритгани... келинг, бирон нимани қўлга кирита олди-ми у, йўқми, яхшиси ўзингиз кўринг.

Хоббитимизнинг онаси...

Ҳа, айтгандай, хоббит деганлари ким бўлади ўзи? Бизнинг давримизга келиб камнамо бўлиб қолишгани, новча бўйли халқни (улар бизни шундай деб аташади) четлаб ўтадиган одат чиқаришгани боис, хоббитлар ҳақида батафсил маълумот бериб ўтиш керак, деб ўйлайман. Хоббитлар бизнинг белимиздай келадиган, бўйи серсоқол гномлардан бироз пастроқ пакана халқдир. Хоббитларнинг бари кўса бўлиб, сеҳр-жоду қўллашни умуман ёки деярли билишмайди, бақир-чақир қилганча ҳамма ёқни филдай пайҳон қилиб юрадиган сиз-у биздай тўпори, бесўнақай найновлардан фарқли ўлароқ, шовқин солмай, тез ғойиб бўла олишларини ҳисобга олмаганда, албатта. Хоббитлар мешқорин бўлиб, кўпинча яшил ва сариқ рангли ярқироқ кийимни афзал кўришади. Улар пойафзал кийишмайди, чунки оёқ кафтларининг териси қалин ва жуда қаттиқ бўлиб, иссиқ сақлайдиган қўнғир рангли қуюқ юнг билан қопланган. Уларнинг сочи ҳам шундай, фақат қўнғироқ-қўнғироқ бўлиб ўсади. Чеҳраси ҳамиша очиқ, кулгиси сўниқ, айниқса, тушликдан сўнг йўғон янграйдиган (кунига имкон қадар икки марта тушлик қиладиган) хоббитларнинг узун қорамтир бармоқлари жуда абжир бўлади. Умумий тасаввур ҳосил қилишингиз учун хоббитлар ҳақида ҳозирча ушбу маълумотлар етади, деб ўйлайман.

Shokir Dolimov 17.06.2018 13:25

Ҳикоямизга қайтамиз. Юқорида хоббитимиз Бильбо Бэггинснинг онаси ҳақида гап бошлаб қўйган эдим. Демак, Бильбонинг онаси Дўнглик этагида оқиб ўтадиган жилға – Дарёнинг нариги соҳилида яшайдиган хоббитлар аймоғининг доҳийси Қария Тукнинг донги оламга кетган уч нафар қизларидан бири машҳур Белладонна Тук бўлган. Миш-миш гапларга қараганда Туклардан қайсидир бири узоқ замонларда эльф аёлга уйланган. Бемаъни гап, албатта, бироқ ҳозиргача Туклар сулоласи вакилларида хоббитларга хос бўлмаган феъл-атвор борлиги хиёл билинади, хусусан, вақти-вақти билан Туклар аймоғидан бири ўз бошига саргузашт қидирганча қаёққадир жўнаб кетади. Ўша Тук бировга билдирмай ғойиб бўлади, унинг қавм-қариндоши эса ишни бости-бости қилиб юборишга ҳаракат қилади. Аммо бир факт фактлигича қолади-ки, у ҳам бўлса, Туклар ҳеч шубҳасиз ҳурматга сазовор сулола бўлиш билан бир вақтда, Бэггинсларга нисбатан анча давлатманд зурриёт ҳисобланади.

Адолатдан айтмоқ жоизки, Белладонна Тук мистер Банго Бэггинсга турмушга чиққанидан буён бирон-бир саргузаштга аралашиб қолгани ҳақида гап тарқалмаган. Ҳикоямиз қаҳрамонининг отаси Банго ўз рафиқасига атаб (қисман хотинининг пулига) данғиллама кулба қазиб, жиҳозлаган. Бундай ҳашаматли кулба ҳеч қаерда, Дўнгликнинг бу томонида ҳам, нариги томонида ҳам, шу жумладан, Дарёнинг нариги соҳилида ҳам бўлмаган. Эр-хотин сўнгги кунигача шу кулбада умргузаронлик қилишди. Белладонна Тукнинг ягона фарзанди Бильбо ўз қиёфаси, феъл-атвори ила одоб-ахлоқ чегарасидан чиқмайдиган басавлат отаси Бэггинсга қуйиб қўйгандай ўхшаса-да, Туклар авлодидан намоён бўлиш учун мавриди келишини кутаётган ғалати хулқ-атворни мерос олгани баъзан билиниб туради. Бундай мавриднинг келиши жуда узоқ чўзилди. Бу орада Бильбо Бэггинс улғайиб, ёши элликка тўлди, отаси қуриб кетган, ҳикоямиз бошида тавсифлаб ўтилган ҳашаматли кулбада роҳат-фароғатда яшади ва афтидан, энди ҳеч қаёққа чиқмайдиган кўринади.

Дунё деярли шовқинсиз, боғ-роғларга кўмилган, хоббитлар сони кўп бўлиб, ҳузур-ҳаловатда яшаган узоқ ўтмишдаги кунлардан бирида, эндигина нонушта қилган Бильбо Бэггинс узунлиги оёғининг батартиб таралган юнгига етадиган сархонали трубка чекиш учун тонг сукунатида остонага чиқди. Ажойиб бир тасодифни қаранг-ки, айни шу фурсатда кулба ёнидан Гэндальф ўтаётган экан.

Гэндальф! Агар сиз у ҳақдаги мен эшитган гапларнинг лоақал тўртдан бир қисмини эшитганингизда борми, исми тилга олиниши билан ақлга тўғри келмайдиган нарсалар ҳақида эшитишга тайёр турар эдингиз (мен эса у ҳақда тарқаган гапларнинг озгинасинигина эшитганман холос).

У қаерда пайдо бўлмасин, шу заҳоти ажойиб ҳикоялар тарқаб, саргузаштлар бошланади. Гэндальф бу ўлкалардан ўтиб кетганига жуда кўп бўлди. Охирги марта келганида унинг қадрдон дўсти Қария Тук тирик бўлиб, маҳаллий хоббитлар Гэндальфнинг қиёфасини деярли унутиб ҳам бўлган экан. Дўнглик орқали Дарёнинг нариги соҳилига ўтганча, ўз иши билан кетиб, гум бўлган йили бугунги кекса хоббитлар ёш бола эди. Шундай экан, ўша тонгда Бильбонинг кўзига асога таянган, бошига кўк рангли чўққидор шляпа, эгнига товонигача тушган узун кулранг плаш кийган, бўйнига қорнидан пастга тушган оппоқ соқоли остидан кумуш тусли шарф ўраган, оёғига қоп-қора катта этик кийган мўйсафид кўринди холос.

- Хайрли тонг! - кўришди Бильбо, ушбу саломга ўзга маъно бермай.

Тонг чиндан ҳам ажойиб, қуёш чарақлаб, майса янада яшил тус олгандай гўё. Бироқ Гэндальф Бильбога шляпа соябони остидан кўринадиган даражада қуюқ ўсган қошини чимирганча қараб сўраб қолди:

- Бу билан нима демоқчисиз? Менга шунчаки хайрли тонг тиладингиз-ми? Ёки бугунги тонг, менинг фикримдан қатъи назар хайрли эканини даъво қилмоқчимисиз? Ёхуд бу тонгда ҳамма марҳаматли бўлиши шартлигини назарда тутяпсиз-ми?

- Унисини ҳам, бунисини ҳам, учинчисини ҳам назарда тутяпман, - жавоб берди Бильбо. - Бундан ташқари, ушбу ажиб тонгнинг очиқ ҳавосида киши бир трубка тамаки чекиб олса, зўр иш бўлишини назарда тутяпман. Трубкангиз бўлса, марҳамат, ўтиринг, менинг тамакимдан тотиб кўринг! Олдинда ҳали бутун бошли бир кун бор, тонг энди отди, шошилманг!

Эшик яқинидаги курсига ўтирган Бильбо бир оёғини иккинчисининг устига ташлади-да, кўкимтир тутуннинг чиройли ҳалқасини пуфлаб чиқарди. Ҳалқа юқорига кўтарилиб, Дўнглик узра учганча кўздан ғойиб бўлди.

- Ҳалқангиз жуда чиройли чиқди! - деди Гэндальф. - Бироқ сиз билан тутун-ҳалқа пуфлаб ўтиргани бекорчи вақтим йўқ менинг. Ўзим ташкиллаштираётган саргузаштга иштирокчи қидириб юрибман. Топиш осон бўлмаяпти.

- Бизнинг ўлкамизда-я! Топилмаслиги турган гап! Биз хоббитлар тинчгина ҳаёт кечирадиган оддий халқмиз, бўлар-бўлмас саргузаштлар керак эмас бизга. Жонсараклик, кўнгилсизликдан ўзга нарса келтирмайди ундай ишлар! Тушликдан қуруқ қолиш ҳам ҳеч гап эмас! Нимаси яхши экан, ўша саргузаштларнинг, ҳеч тушунмайман, - деди мистер Бэггинс, бош бармоғини трубканинг сархонасига босганча, оғзидан янада чиройли ҳалқа чиқариб.

Почта қутисидан эрталабки почтани чиқарган Бильбо ўзини хат ўқишга киришиб, қария ҳамон шу ерда эканини унутган кўйга солди. Кўзига шубҳали кўринган анави чол йўлидан қолмаслигига умид қилди. Бироқ нари кетишни хаёлига ҳам келтирмаган мўйсафид қўлидаги асосига таянганча, бир сўз айтмай, хоббитга узоқ қараб қолди.

Shokir Dolimov 17.06.2018 13:27

- Хайрли тонг! - деди ниҳоят, бироз хижолат тортиб, аччиқланган Бильбо. - Биз бу ерда саргузаштларга эҳтиёж сезмаймиз, миннатдорман! Дўнглик ортида ёки Дарёнинг нариги соҳилида қидириб кўринг саргузаштингизнинг бўлажак иштирокчисини.

Бу билан Бильбо суҳбат якунига етганига шама қилди.

- «Хайрли тонг» деганинг пурмаъно экан, - хулоса қилди Гэндальф. - Охирги талаффузинг замирида эса «туёғингни шиқиллат» маъносини аниқ уқса бўлади.

- Нималар деяпсиз, сэр! Маъзур сананг, исмингизни билиш шарафига муяссар эмас эканман...

- Биласан, азизим, жуда яхши биласан. Мен ҳам сени танийман, Бильбо Бэггинс, гарчи сен мени мен эканлигимни унутган бўлсанг-да. Мен – Гэндальфман, Гэндальф эса – мен бўламан! Қаранг-а, қандай кунларга қолганимни! Белладонна Тукнинг ўғли ўзининг «Хайрли тонг»и ила мендан осонгина қутулмоқчи бўлса-я, худди мен кўчама-кўча юриб, тугма сотадиган одамдай!

- Гэндальф! О, марҳаматли Худо! Гэндальф! Наҳотки сиз ўша жаҳонгашта сеҳргар, Қария Тукка ўзи қадалиб, буйруқ берилсагина очиладиган бир жуфт бриллиант илматугма туҳфа қилган киши бўлсангиз? Наҳотки сиз ўртоқлик зиёфатларида аждарлар, гоблинлар ва девқоматлар ҳақида, маликаларнинг тутқунликдан халос бўлиши-ю, бева аёлларнинг омади чопган ўғиллари ҳақида ажойиб ҳикоялар айтиб берган ўша эртакчи бўлсангиз? Тенги йўқ мушакбозлик устаси сиз бўласиз-да? Эсимда отган мушакларингиз! Қария Тук «Ёз ўртаси куни» байрамини нишонлаш учун мушакбозликка буюртма беришни ёқтирар эди. Роса кўркам чиқар эди-да, мушакларингиз! Оловдек порлайдиган ситоралар, лолагул-у, мойчечаклар осмонга тикка отилиб чиқиб, бутун оқшом давомида ҳавода муаллақ осилганча турар ва охири тилла ёмғирдай тўкилар эди!

(Кўриб турганиздай, мистер Бэггинс унчалик содда эмас, гарчи ўзи шуни истаса-да. У гул ишқивози ҳамдир).

- О, Худо! - яна хитоб қилди Бильбо. - Наҳотки сиз ўша Гэндальф бўлсангиз? Қўй оғзидан чўп олмаган кўпдан-кўп йигит-қизлар сизнинг шарофатингиз ила дарахтга чиқиш, эльф кўргани бориш каби саргузаштларни ўз бошига орттирганча уйини ташлаб, узоқ-узоқларга кетиб қолганидан хабарингиз борми? Кемага ўтириб, ёт юртларга кетворганлар ҳам бўлди! Э Худойим, ўша даврлар нақадар қизиқ... йўғ-е, айтмоқчиман-ки, ўлкамизга келиб, ҳамма ёқни алғов-далғов қилиш бобида устаси фаранг эдингиз! Узр сўрайман-у... қиладиган ишингиз ўша эски ҳунар деб ўйламаган эдим.

- Хўш, бошқа нима билан шуғулланишим керак, сенингча? - сўради сеҳргар. - Мен ҳақимда ҳеч йўқ шу гапларни эслаб қолганинг чиндан ҳам қувонарли ҳолатдир. Отган мушакларим ёдингда қолибди-ю, ҳар қалай. Демак сен ҳали ўта маҳол бўлиб кетмагансан. Бинобарин, бобонг Тук ва бечора Бэлладоннанинг хотираси ҳурмати мендан сўраганингни тортиқ қилганим бўлсин сенга.

- Узр сўрайман-у, мен сиздан ҳеч нарса сўрамадим

- Йўқ, сўрадинг. Ҳозир ҳам, шу билан мана иккинчи марта узримни сўрашинг. Сенга ҳадя қилганим бўлсин узримни. Бундан-да марҳаматли бўламан-да, уюштираётган саргузаштим иштирокчиси сифатида сафарга жўнатаман сени. Бу иш менинг вақтимни чоғ қилса, сен учун фойдали бўлади, балки даромад ҳам топарсан, агар сафар охирига етсанг.

- Кечирасиз! Сафарга чиқиш ниятим йўқ, раҳмат, бугун эмас. Яхши боринг! Истаган кунингиз бир пиёла чойга келишингиз мумкин! Дейлик, эртага. Нима дедингиз? Келишдик-ми? Демак эртага келасиз! Кўришгунча!

Тескари ўгирилган хоббит лип этганча яшил эшигининг ортига ўтиб, ичкаридан тез бекитди. Айни вақтда, қўполлик қилиб қўймаслик учун эшикни имкон қадар қарсиллатмай ёпишга ҳаракат қилди, - нима қилган тақдирда ҳам, сеҳргар сеҳргар-да. «Нега чойга таклиф қилдим уни, ўзи?» - сўради Бильбо ўзидан ўзи омборхона томон йўл олар экан. Яқиндагина нонушта қилганига қарамай, бундай ҳаяжонли суҳбатдан сўнг бир жуфт кулча еб, чой ичиб олмаса бўлмайди.

Эшик ортида қолган Гэндальф овозсиз кулганча бироз турди. Сўнг яқинроқ бориб, чиройли яшил эшик сиртини ҳассасининг ўткир учи билан тимдалаганча ғалати белги қўйиб, йўлини давом этди. Бильбо эса бу пайтда, иккинчи кулчасини еб, саргузаштдан устомонлик-ла қутулиб қолгани ҳақида фикр юритди.

Shokir Dolimov 17.06.2018 13:29

Бильбо орадан ҳали бир кун ҳам ўтмай Гэндальфни унутишга улгурибди. Хотираси ёмон бўлгани учун алоҳида юритилган меҳмондорлик китобига тегишли ёзувлар киритишга, масалан: «Гэндальф, чоршанба, чой» каби эслатмаларни қайд этиб боришига тўғри келмоқда. Чой ичиш ниятида эндигина жойлашиб ўтирган эдики, эшик қўнғироғи жиринглаб, уйига меҳмон келиши кераклигини эслади! Бильбо ошхонага учиб ўтиб, оловга чойнак осди-да, овқатхонадаги стол устига яна битта ликопчали чашка билан иккита кулча қўйиб, эшик очгани югурди. «Куттириб қўйганим учун узр!» демоқчи бўлиб оғиз жуфтлаган эдики, остонада Гэндальфни эмас, кўк соқолининг учини тилла қайишига қистириб олган, ялтироқ кўзи тўқ-яшил кийимининг қайтарма қалпоғи остида чақнаб кўринган нотаниш гномга рўбару келди. Эшик қия очилиши билан гном, биров уни кутаётгандай, остона ҳатлаб ўтиб, ечган плашини девордаги илгаклардан бирига осди.

- Двалин, хизматингизга мунтазирман, - чуқур таъзим бажо этди у, ўзини таништириб.

- Бильбо Бэггинс, мен ҳам! - одоб-ла жавоб қайтарди хоббит, таажжубдан нима сўрашни ҳам билмай.

Орага чўккан сукунат узоқ чўзилганидан бироз хижолат тортган Бильбо қўшимча қилди:

- Чой ичиш ниятида эдим, шерик бўласизми менга?

Таклифи бироз зўрма-зўраки эшитилган бўлса-да, мистер Бэггинс ўзини илтифот кўрсатаётган кишидай тутишга уринмоқда. Тўғри-да, унинг ўрнида нима қилган бўлар эдингиз сиз, агар уйингизга мутлақо нотаниш гном таклифсиз, энасининг уйига келгандай кириб келиб, бирон-бир тушунтириш бермай, кийимини девор илгагига осганча, бақрайиб турса?

Иккаласи чойхўрликка ўтириб, эндигина учинчи кулчага қўл узатишган эдики, эшик қўнғироғи янада баланд жиринглади.

- Узр! - деди эшик очгани югурган хоббит.

Гэндальфни қарши олмоқчи бўлиб: «Ва ниҳоят етиб келдингиз!» дейиш учун оғиз жуфтлаган эдики, остонада сеҳргарни эмас, ниҳоятда кекса, бошига қизил қайтарма қалпоқ ташлаган, соқоли оппоқ гномни кўрди. Буниси ҳам, биров таклиф қилгандай, эшик қия очилиши билан лип этиб ичкарига кирди.

- Бизникилар йиғила бошлашибди-да, - деди у, Двалиннинг яшил кийимига имо қилиб.

Қизил плашини бўш илгакка осган гном қўлини кўксига қўйиб, ўзини таништирди:

- Балин, хизматингизга мунтазирман.

- Миннатдорман! - жавоб берди ҳайрон бўлган Бильбо.

Хоббитнинг жавоби бироз ўринсиз чиқди, албатта. Чунки чақирилмаган меҳмоннинг: «Бизникилар йиғила бошлашибди-да» - деган гапи мистер Бэггинсни сал эсанкиратиб қўйди. У табиатан меҳмондўст, албатта, лекин ўзи танийдиган меҳмонларни биров орқали эмас, шахсан таклиф қилишни афзал кўради. Хаёлидан лип этиб мудҳиш бир фикр ўтди: кулчалар захираси ҳаммага етмай қолса-чи! Илож қанча, ўзи кулчасиз қолади-да. Зеро, мистер Бэггинс мезбоннинг қисматига тушадиган бурчни билади ва нима қилган тақдирда ҳам, ўз бурчини муносиб адо этади.

- Чойга марҳамат қилсинлар! - дея олди у ниҳоят, ўпкасига ҳаво олиб.

- Чойдан кўра бир стакан пиво берсангиз яхши бўлар эди-да, марҳаматли сэр, агар малол келмаса, албатта, - истак билдирди мўйсафид Балин. - Майизли кулчадан ҳам бош тортмас эдим, мабодо топилиб қолса.

- Истаганингизча топилади! - деди Бильбо, ўз жавобидан ўзи таажжубланиб ва ўз ҳаракатидан янада ҳайрон бўлганча вино сақлаш хонаси томон югурди.

Идишга бир пинта пиво сирқитиб олган Бильбо омборхонага ўтиб, кечки овқатдан кейин ейиш мақсадида ўзи учун ёпган майизли кулчадан бир жуфт олиб, овқатхонага югурди. У ерда Балин билан Двалин қадрдон дўстлардай (аслида иккаласи ака-ука) суҳбат қуриб ўтиришибди. Пиво тўла кўза билан кулчани столга қўйган эдики, эшик қўнғироғи боз жиринглади, яна чалинди, такрор янгради!

«Гэндальф келдиёв», - хаёлдан ўтказди Бильбо, эшик томон ошиқиб. Йўқ, Гэндальф эмас. Остонада эгнига қайтарма қалпоқли кўк плаш кийган, белига кумуш қайиш таққан, бир эмас, икки нафар сариқ соқолли гном турибди. Ҳар бири елкасига қандайдир асбоб-ускуна ва белкурак солинган қоп осган. Эшик очилиши билан иккаласи остона ҳатлаб, умумий йўлакка киришди.

Ажабо, бундай ҳолатдан Бильбо энди ҳайрон бўлмай қўйди.

- Хизмат, қадрли гномлар? - сўради у.

- Кили, - ўзини таништирди гномлардан бири.

- Ва Фили, - қўшимча қилди иккинчиси.

Икковлон плашини ечиб, хизматга мунтазир эканлигини намоён этганча, баравар таъзим бажо айлади.

- Соғ-саломатмисиз, бола-чақангиз омонми? - жавобан саломлашган бўлди Бильбо, одоб меъёрларини эсга ола бошлаб.

- Ие, Двалин билан Балин етиб келишибди-ю, - деди Кили ичкарига қараб. – Юринглар, оломонга қўшилайлик.

Shokir Dolimov 17.06.2018 13:29

«Оломонга?! - хаёлдан ўтказди Бэггинс. - Ёқмади-да менга, шу гапи. Бир ерга ўтириб, хаёлни жамлаб, бирон пиёла чой ичиб олмасам бўлмади, шекилли». Бурчакка ўтириб, бир ҳўплам чой ичган Бильбо дастурхон атрофида йиғилган тўртовлон гном ҳар хил конлар, олтин захиралари, гоблинлар-у троллар билан кечган жанглар, босқинчи аждарларнинг кирдикорлари каби, Бильбо муқаддам билмаган ва буларнинг баридан саргузашт ҳиди келаётгани боис, билишни ҳам истамайдиган ишлар ҳақида алжирай бошлашди. Шу пайт эшик қўнғироғи, худди ташқарида аллақандай хоббит бола шўхлик қилиб, қўнғироқ ипини узиб олишга уринаётгандай, боз дингиллай бошлади.

- Яна кимдир келди, шекилли! - деди Бильбо, кўзи пирпираб.

- Қўнғироқ товушига қараганда тўрт кишига ўхшайди, - тахмин қилди Фили. - Сал наридаги тепаликда туриб кўрган эдим уларни. Узоқда келишаётган экан. Жуда орқада қолиб кетишибди.

Шўрлик хоббит ўзини даҳлиздаги курсига ташлаб, бошини чангаллаганча чуқур ўйланди: нима бўлди, яна нималар бўлади ва наҳотки чақирилмаган меҳмонларнинг бари кечки овқатга қолишса?! Кимдир қўнғироқ ипини баттар силтаб, Бильбони эшик томон югуришга мажбур қилди. Эшик дастасидан тортган эдики, марҳамат, йўлак тўла меҳмон! Бари навбат билан таъзим қилиб, хизматга мунтазир эканликларини изҳор эта кетишди. Йўлакда тўрт нафар, йўқ, энди беш нафар гном турибди. Бильбо хаёлини йиғиб олгунча бешинчиси ҳам етиб келди. Уларнинг исми Дори, Нори, Ори, Ойн ва Глойн экан.

Бироздан сўнг девор илгакларига қайтарма қалпоқли иккита бинафшаранг, битта кулранг, битта жигарранг ва битта оқ плаш осилди. Плаш эгалари эса кенг кафтларини кумуш ва тилла қайишлар ортига суқиб, олдин ҳозир бўлган шерикларига қўшилиш учун овқатхона томон йўл олишди.

Бу ерда энди чиндан ҳам бутун бошли халойиқ йиғилди. Кимдир пиво, қайсидир бири вино, яна бири қаҳва сўраса, ҳаммаси бирдай майизли кулча талаб қилишди. Шўрпешана хоббит қўли қўлига тегмай, меҳмонларга хизмат қила бошлади...

Камин оловида қаҳва қайнатиш чойнаги савлат тўкар, кулча тугаб, навбат ёғ суртилган арпа нонига етар экан, эшик яна... йўқ, бу сафар қўнғироқ эмас, қаттиқ зарба янгради. Кимдир мистер Бэггинснинг яшил рангли чиройли эшигини таёқ билан қаттиқ уриб тақиллатяпти!

Эзилиб, силласи қуриган Бильбо ҳовлиққанча йўлак томон югурди. Бунақанги бемаъни чойхўрлик ҳали ҳаётда бўлмаган! Аччиғи чиққан Бэггинс эшик дастасини кескин тортди. Афтидан, эшикка қулоқ босиб суянган кўринади, остонада турган гномларнинг бари бир-бирининг устига қулади. Яна тўрт нафар гном! Сал нарида турган Гэндальф хандон отмоқда. Бильбонинг кўркам эшигини қўлидаги асо билан аямай тақиллатган ҳам ўша бўлса керак. Гэндальф кеча эрталаб тимдалаган сирли белгини гум қилди.

- Вазминроқ бўл, Бильбо, вазминроқ! - деди Гэндальф. - Дўстларни остонада куттириб қўйиб, бу ҳам камлик қилгандай, эшикни зарда ила очиб, ҳаммани ерга қулатиш – сенга ярашадиган иш эмас! Ижозатинг билан таништириб ўтсам: Бифур, Бофур, Бомбур ва диққат, Торин!

- Хизматингизга мунтазирмиз! - дейишди бир қатор саф тортган Бифур, Бофур ва Бомбур.

Қайтарма қалпоқли иккита сариқ, битта хира яшил плаш ва Ториннинг кумуш попукли мовий плаши йўлак деворидаги илгакларга осилди. Торин жуда дўкай шахс бўлиб, халқ орасида Торин Эманқалқон деган ном олган. Эшик остига тўшалган оёқ артиш гиламига йиқилгани, устига эса Бифур, Бофур ва Бомбур қулагани Торинга ёқмади. Бомбур деганлари эса роса семиз экан, лекин. Иззати нафсига тегилган Торин қаттиқ хафа бўлган кўринади, хизматга мунтазирлик изҳор этиладиган анъанавий гномча саломни бермади. Бильбо такрор ва такрор узр сўраб, қилмишидан афсус қилаётганини кўп такрорлагач, охири Торин «Ҳеч қиси йўқ» деганча, қовоғини сал очиб ўтирди.

Shokir Dolimov 17.06.2018 13:30

- Хўш, мана ниҳоят жамоат жам! - деди Гэндальф, деворга осилган ўн учта байрамона плаш билан ўзининг чўққидор шляпасига разм солиб. - Қувноқ жамоа йиғилди! Умид қиламан-ки, кечикканларга ҳам егулик билан ичкилик топилади. Нима бу, чойми? Йўқ, раҳмат! Менга қизил винодан қуйинг.

- Менга ҳам, - деди Торин.

- Қулупнай мураббоси ва олма пироги бўлса ҳам, яхши бўлар эди, - қўшимча қилди Бифур.

- Гўштли пирог билан совуқ газак ҳам олиб келинг, - буюртма берди Бомбур.

- Сухари, эль ва қаҳвадан кўпроқ келтираверинг, малол келмаса, албатта, - бақиришди овқатхонада ўтирган қолган гномлар.

- Илтимос, тухумдан ҳам бир нечта қўшиб кел, - бақириб қолди Гэндальф, омборхона томон йўл олган хоббитнинг ортидан. - Совуқ дудланган товуқ билан тузланган бодрингни ҳам дариғ тутма!

«Омборхонамда сақланаётган озиқ-овқат захирасини мендан кўра яхшироқ билишадими, нима бало!» - пўнғиллади гангиб қолган мистер Бэггинс, ишқилиб энг бемаза саргузаштга аралашиб қолганидан ташвишланиб. Тегишли шишалар, буюртирилган егуликлар, санчқи, пичоқ, қошиқ, ликопларни йиғиб, катта патнисларга тергунча мистер Бэггинснинг ранги қизариб, жиққа терга ботди.

- Бўкиб, тиқилиб ўлгур гномлар! - деди у, ғазаби қайнаб. - Ёрдам беришса ҳақи ўтиб кетиб қолармикан!

Қаранг-ки, Балин билан Двалин ошхона эшиги ёнида ёрдамга шай туришган экан. Иккаласининг ортида эса Фили билан Кили турибди. Бильбо сўз айтгани оғиз жуфтлашга улгурмай, гномлар унинг қўлидан олган патнисларга қўшиб бир жуфт столни кўтарганча овқатхонага чиқишди-да, у ерда йиғилган халойиққа янгитдан дастурхон тузашди.

Зиёфат зўр. Гэндальф дастурхон тўрига ўтирди, қолган ўн уч нафар гном айланасига жойлашди. Иштаҳаси батамом йўқолган Бильбо эса камин олдидаги курсига ўтириб, сухари кемириш билан қаноатланди. Мистер Бэггинс ўзини уйида айтарли ҳеч нарса юз бермаётган, бу ишларнинг бари саргузаштларга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган кўйга солиб олган. Вақт ўтаётганига қарамай, гномлар жағи тинмай овқатланиб, тили тинмай гап сотишмоқда. Ниҳоят улар дастурхондан нари тисланишди. Бильбо бўшаган ликоп ва стаканларни олиш учун яқинроқ борди.

- Кечки овқатдан воз кечмайсиз, деган умиддаман? - одоб юзасидангина сўраб қўйди у мулойим оҳангда.

- Йўқ, албатта! - жавоб берди Торин. - Кечки овқатдан кейин ҳам ҳеч қаёққа кетмаймиз. Узоқ чўзиладиган гап бор. Дастлаб бироз қўшиқ айтамиз. Қани, дастурхонни йиғиштиринг!

Торин дўкай киши бўлгани учун ўтирган жойида қолиб, Гэндальф билан суҳбатни давом этди. Қолган ўн икки нафар гном эса ирғиб туриб, кир ликопларни устма-уст теришди, дастурхонда қолган нарсаларни олишди ва ҳар бири олдинга узатилган қўлида ликоплар тахини ушлаб, тах устига шиша қўйганча ошхона томон баравар ҳаракат бошлашди. Шўрлик хоббит уларнинг атрофида зир югуриб, қўрққанидан чириллади:

- Илтимос, идишларни эҳтиёт қилинг! Ўтинаман, овора бўлманг, ўзим йиғиштираман.

Бироқ гномлар унга жавобан қўшиқ бошлаб юборишди:

Уринг ликопларни, чойнакни тепинг, эзинг!
Улоқтиринг пиёлани, пичоқни эгинг, букинг!
Шишани полга уриб, сочиқни ўтга ташланг!
Тартиб бўлар шунда зўр, шубҳага асло борманг!

Дастурхонни тортинглар, аямай йиртинг уни!
Ана ёғли қолдиқлар, курсига суртинг буни!
Пўчоқлар ва суякларни оёқ остига ташланг!
Хантал мойини эса деворга чаплаб, булғанг!

Шиша буюмларни сиз йиғиб теринг ўртага,
Темир косов-ла уриб, эришинг зўр мақсадга!
Ким у бекор ўтирган, уялинг сиз озгина,
Чиқиндига тез ташланг, идиш берманг Бильбога!

Табиийки, гномлар ундай қилишмади, аксинча, хоббит ошхонада улардан кўз-қулоқ бўлишга уринганча, оёқ остида ўралашар экан, идиш-товоқлар ювилиб, токчаларга терилиб, ҳамма жой артилган, тоза, саранжом ҳолатга келтирилди.

Shokir Dolimov 17.06.2018 13:31

Шундан сўнг меҳмонлар овқатхонага қайтишди. Бу ерда оёғини камин панжарасига қўйиб олган Торин трубка чекиб ўтирибди. У пуфлаган катта-катта ҳалқалар буйруғига итоат қилиб, бири қувур, иккинчиси камин токчасида турган соат, яна бири стол ости, бошқаси шифт томон учиб, ўша ерда айлана ҳаракат бажармоқда. Бироқ Ториннинг ҳалқалари қай томон учишидан қатъи назар, Гэндальф эпчиллик қилмоқда. Қисқагина сопол трубка чекаётган сеҳргар нисбатан кичикроқ ҳалқа чиқариб, Ториннинг навбатдаги ҳалқаси орқали ўтказмоқда. Катта ҳалқа орқали ўтган ҳар бир кичик ҳалқа яшил тус олганча, Гэндальфнинг боши устига қайтмоқда. Бундай тутун-ҳалқалар бутун бошли булутча ҳосил қилиб, хонанинг ним қоронғи бурчагида ўтирган Гэндальфга қандайдир сирли, ҳақиқий сеҳргарларга хос қиёфа бермоқда.

Буни томоша қилаётган Бильбо роса завқланди. Трубка чекаётганда ҳалқа чиқаришни ўзи ҳам жуда ёқтиради. Ушбу манзарани кўриб, эрталабки сабо Дўнглик ортига олиб кетган ҳалқаларидан қанчалик ғурурланганини эслаб, уятдан қизарди.

- Энди навбат мусиқага! - эълон қилди Торин. - Чолғуларингизни келтиринг.

Кили билан Фили қопларига югуриб, мўъжазгина скрипкачаларини олиб келишди. Дори, Нори ва Ори ички киссадан най ва сурнайларини чиқаришди. Бомбур даҳлизда қолдирган барабанини кўтариб келди. Бифур билан Бофур устки кийим ечган жойга бориб, ҳассалар орасида қолдирилган кларнетлари билан қайтишди. Двалин билан Балин эса ўз чолғуларини ташқи айвонда қолдириб келишганни учун узр сўраб, чиқиш эшиги томон югуришди.

- Менинг чолғумни ҳам ола келинг! - тайинлади уларга Торин.

Иккаласи ташқарига чиқиб, бўйлари баробар виолалари ва Ториннинг яшил ғилофга жойланган арфаси билан қайтишди.

Торин тилла суви юритилган ниҳоятда чиройли арфа торига қўл теккизиши билан қандайдир ажиб, дилбар куй янгради. Гномлар унга жўр бўлди. Мусиқадан маст бўлган Бильбо ҳамма нарсани унутиб, хаёлан узоқ-узоқларга, Дарё ортига, туман қамраган, Дўнгликдаги хоббит кулбаси умуман кўринмайдиган бегона ой остидаги ўлкаларга кетиб қолди.

Ташқарида қош қорайиб, ерости кулбасининг Дўнглик нишабидаги деразаси орқали хонага қоронғилик сингиб кирмоқда. Апрель ойи бўлгани учун ёқилган камин олови ўчаётган бўлишига қарамай, гномлар мусиқа чалишни давом этишди. Гэндальфнинг соқоли деворга кўланка ташлаб тебранмоқда. Камин олови батамом ўчиб, хона қоронғилашди, девордаги кўланкалар йўқолди, гномлар эса мусиқа чалишни қўйишмади.

Кутилмаганда гномларнинг қайсидир бири қадимий масканларининг сирли хилватида айтиладиган ажиб қўшиғини куйлай бошлади, қолганлар бирин-кетин унга жўр бўлишди. Агар мусиқасиз тасаввур эта олсангиз, марҳамат, ўша қўшиқ мисралари:

Ғуборли тоғлар ортига ўтиб,
Аждодлар юртини излаб, қидириб,
Ғорлар-у, жарлар кезади карвон,
Шўрлик гномларни эзади армон.

Сеҳргар-гномлар қадим замонда
Металл болғалашган тоғли Ватанда.
Тўлдирган улар сирли ғорларни
Йиғиб аста ёқут, олмос, лаълларни.

Эльфлар хоқони-ю, инсон султони
Гномдан қурол олган, урушга шоша
Йўқолди Ватан – бойликлар кони,
Излар уни карвон тоғ-у тош оша.

Аждар ўркачидай порлаган тожлар,
Гномлар ясаган тилла буюмлар,
Митрил совутлар ҳам зар-ла безалган,
Излаб юртни карвон сув кеча кетган.

Номи Эребор улуғ Ватаннинг
Кончилар яшаган ажиб масканинг,
Арфа мусиқаси тинмаган унда,
Карвон излар уни кундуз ва тунда.

Тортиб олди юртни даҳшатли аждар,
Ёнар жонзод, олисларга қочмас агар.
Тарқаб кетиб, ватангадо энди гномлар
Карвон етар, ёвни қувиб, гномни йиғар.

Хоббит гномлар қўшиғини тинглар экан, қалбида оқил иш ва сеҳр воситасида ёки моҳир қўллар ила бунёд этилган гўзал ва нафис буюмларга нисбатан муҳаббат уйғонаётганини ҳис қилди, гномлар юрагидаги ўта кучли қизиқиш ва майлни идрок этди. Вужудида она уруғ – Тукларга хос феъл-атвор шаклланиб, муаззам Ғуборли тоғларни томоша қилиш, қарағай ўрмонининг шовқини, шаршаранинг гумбурлашини эшитиш, қоронғи ғорларнинг сирли тубини тадқиқ этиш, умуман айтганда, ҳассани шамширга алмаштириш истаги туғён урди. Деразадан ташқарига қараган Бильбо дарахтлар устидаги қора осмонда ялтираётган ситораларни кўриб, уларни гномларнинг чуқур ғорларда ярқираётган қимматбаҳо тошларига ўхшатди.

Shokir Dolimov 17.06.2018 13:32

Дафъатан Дарёнинг нариги соҳилидаги ўрмон ортида олов тили кўтарилиб (кимдир гулхан ёққан кўринади) Бильбонинг тасаввурида Дўнглик устига макон қуриб, атрофда бор нарсани ёндираётган кафандузд аждарлар гавдаланди. Сесканиб кетган Бильбо шу заҳоти яна ўз қиёфасига – Дўнглик остидаги Бэг-Эндда яшайдиган мистер Бэггинс қиёфасига қайтди.

Вужуди титраётган Бильбо ўрнидан турди. Аслида шам ёки фонус келтиришни истамайди-ю, лекин шу баҳона вино сақлаш хонасидаги пиво бочкалари орасига яшириниб, гномлар гумдон бўлгунча ўша ерда биқиниб ўтиришни истади. Бироқ фаҳмлашича, мусиқа билан қўшиқ ижроси тиниб, кўзи қоронғида ярқираётган гномларнинг бари унга тикилиб туришганини кўрди эмас, танаси ила ҳис этди.

- Йўл бўлсин? - тўхтатди Торин, Бильбонинг ниятини фаҳмлаган бўлиб.

- Фонус олиб келай-ми? - узр оҳангида сўради Бильбо.

- Бизга кўпроқ зулмат ёқади, - баралла жавоб беришди гномлар. - Қоронғи иш қоронғиликда бажарилади. Тонг отишига ҳали анча бор.

- Ҳа, албатта! - деди Бильбо жойига ўтириб.

Бироқ шошиб қолган хоббит курси қолиб камин панжарасига ўтириб олгани боис, темир косов билан хокандозни тарақ-туруқлатганча йиқитиб юборди.

- Жим! - эшитилди қоронғиликда Гэндальфнинг овози. - Сўз Торинга.

- Ҳурматли Гэндальф, гномлар ва мистер Бэггинс! Бугун бизга дўст тутинган ва биз билан тил бириктирган биродаримиз, жасоратга тўлиб-тошган ажойиб хоббитнинг хонадонига йиғилдик. Истагим шу-ки, унинг оёғидаги юнг ҳеч қачон туллаб тушмасин, виноси-ю пивосининг захираси ҳеч қачон қуриб битмасин!

Хоббит жавоб тариқасида боадаб сўз айтиши учун бўлса керак, Торин бироз тин олди. Аммо Бильбо Бэггинс ушбу сўзларни мақтов тариқасида қабул қила олмади. Айниқса «жасоратга тўлиб-тошган» ва «биз билан тил бириктирган биродар» каби сўзларга раддия келтириш учун оғиз жуфтлади-ю, ҳаяжондан овоз чиқара олмади.

- Улуғвор фурсат етди, - давом этди Торин. - Биз бу ерга келгуси режаларимизни, узоқ сафар давомида ушбу режаларни амалга ошириш йўллари, усуллари ва тактикасини муҳокама қилиб, маблағимиз, ниятимиз ва қўллайдиган ҳийла-найрангларимизни яна бир бор кўриб чиққани йиғилдик. Тонг ёришмай йўлга чиқамиз. Таъкидлаб ўтмоқ жоизки, ушбу сафардан айримларимизга, эҳтимол ҳаммамизга ҳам қайтиш насиб этмас балки, катта дўстимиз, оқил маслаҳатчимиз сеҳргар Гэндальфдан ташқари, албатта. Сафарга чиқишдан кўзланган мақсад ўйлайман-ки, ҳаммага яхши маълум. Аммо ҳурматли мистер Бэггинс ва гномларнинг ёш авлодига мансуб вакиллари, яъни адашмасам, Фили билан Кили учун жорий вазият бирмунча ойдинлик киритилишини тақозо этади...

Ториннинг фикр баён этиш тарзи ўзи шунақа. Дўкай шахс-у, ахир у. Ўз вақтида тўхтатилмаса, нафаси тиқилиб қолгунча шу руҳда давом этиб, жамоатга маънили бир янгилик айтмаган бўлар эди. Унинг нутқи ниҳоятда қўпол равишда тўхтатилди. Шўрлик Бильбо «қайтиш насиб этмас»лигини эшитиб, бўғзига қичқириқ тиқилиб қолганини ҳис этди ва ниҳоят унинг туннелдан учиб чиққан паровоз ҳуштагини эслатган қичқириғи қулоқни тешадиган даражада янгради. Сесканиб кетган гномларнинг бари ўрнидан ирғиб, столларни ағдариб юборишди. Гэндальф сеҳрли ҳассасининг учидан милтиллаган мовий олов чиқариб, хонани ёритди.

Боёқиш хоббит камин олдига тўшалган шолчага тиз чўкиб олганча дағ-дағ титрамоқда. Бирдан у: «Чақмоқ чақди! Чақмоқ урди, ўлдирди!» - дея қичқирганча, полга юз тубан йиқилиб чўзилди. Гномлар анча вақтгача у билан овора бўлишди. Ниҳоят хоббитни даст кўтариб кўздан нарига, қўшни меҳмонхонага киритиб диванга ётқизиб қўйишди-да, ёнига бир пиёла чой қўйиб, қоронғиликдаги қоронғи ишларига қайтишди.

Shokir Dolimov 17.06.2018 13:34

- Туйғуси туғён урадиган пакана, - хулоса қилди Гэндальф, ҳамма ўз жойини эгаллар экан. - Парво қилманг, баъзан мана шундай ғалати-ғалати хуружлари тутиб қолади. Аслида у яхшилар орасида энг зўри. Қаттиқ ғазабланганда эса думини эшик қисган аждардан фарқ қилмай қолади.

Агар сизга қачон бўлмасин, думини эшик қисган аждарни кўриш насиб этган бўлса, тушуниб етган бўлсангиз керак, бундай ўхшатишлар ҳар қандай хоббитга нисбатан қўлланилган лофдан ўзга нарса эмас. Ҳатто Қария Тукнинг катта бобоси Буқанаъра Тук исмли хоббитга нисбатан ҳам.

Буқанаъра Тукнинг бўйи оддий хоббит учун ниҳоятда дароз, сал кам одамдай бўлиб, от миниб юрган экан. Яшил Далада кечган қонли муҳорабада Маунт Грэм тоғидан тушган гоблинлар армиясига якка ўзи ҳужум қилиб, қўлидаги йирик сўйили билан уларнинг қироли Гольфимбулнинг бошини уриб учирган хоббит ўша бўлади. Гоблиннинг боши ҳавода юз метрча учиб, бошқа жой қуриб кетгандай, қуённинг инига бориб тушган ва шу тариқа, муҳорабада ғолиб чиқишдан ташқари, гольф ўйини ихтиро қилинган экан.

Ҳозир эса Буқанаъра Тукнинг нозиктабиат авлоди қўшни меҳмонхонадаги диванда асабий ҳаяжондан аста ўзига келмоқда. Чой ичиб, хушини йиғиб олган Бильбо Бэггинс овқатхона эшиги олдига ўғринча келиб, қўрқа-писа гап пойлади.

Сўз Глойнга берилибди.

- «Жасоратга тўлиб-тошган қаҳрамон»имизнинг аҳволини қаранг! - менсимай пишқирди у. - Ростдан ҳам бизга тўғри келади деб ўйлайсиз-ми, уни? Ғазаб отига минганда қанақанги хоббитга айланиб қолишини тавсифлашдан осони йўқ Гэндальфга. Тутқаноғи бемаврид тутиб қолса-чи, нима бўлади? Махлуқ яқинида чирқираб юборса-чи, томдан тараша тушгандай? Анави аждар бутун уруғ-аймоғи билан бирга уйғонади-ю! Онамизни учқўрғонда кўриб қолмаймиз-ми, ўшанда? Менимча, унинг ҳозирги қичқиришига туйғуси туғён уриб кетгани эмас, Ториннинг гапидан ўларча қўрқиб, даҳшатга тушгани сабаб бўлган. Тўғрисини айтаман, агар эшигида сеҳрли белгини кўрмаганимда, манзилни адаштириб қўйибмиз, деган хаёлга борган бўлар эдим. Бу мешқориннинг эшик олдида сапчиб, ҳарсиллаётганини кўрибоқ кўнглимга келган эди-я, бизга тўғри келмаслиги. Назаримда қулфбузар ўғрига эмас, баққолга ўхшайди у.

Мистер Бэггинснинг асаби ортиқ дош бера олмади. Эшик дастасини босиб, ичкарига кирди. Табиатидаги Туклар авлодидан мерос олган хулқ-атвор ҳозир аниқ намоён бўлибгина қолмай, анча устун ҳам келмоқда. Нонушта қилмаса қилмас, ҳақиқий кўрпа-тўшакда ётмаса ётмас-ки, ғазаб отига минганда қанақанги хоббитга айланишини мана буларга кўрсатиб қўяди. Дарҳақиқат, «мешқориннинг эшик олдида сапчиб, ҳарсиллаётгани»ни эшитиб, ростакамига ғазаби қайнади. Кейинчалик унинг Бэггинслар авлодига мансуб томони ушбу бемулоҳаза қилмишига пушаймон бўлиб: «Ғирт аҳмоқсан-да, Бильбо! Ўзинг, ўз ихтиёринг билан бош суқдинг-а, бу ишга-я?!» - дея кўп койиди.

- Маъзур санайсиз, фикрингизни тасодифан эшитиб қолдим, - деди мистер Бэггинс. - Ўзимни гап нима ҳақда кетаётганини тушунган кўйга солиб олмоқчи эмасман, айниқса, «қулфбузар ўғри эмас»лигимга доир эътироз тушунарсиз эшитилди менга. Лекин бир нарсани аниқ тушундим: сизлар қўлидан бирорта иш келмайдиган тўпори сифатида кўрмоқдасиз мени, - имкон қадар ўзини муносиб тутишга уринди у. - Яхши, кўрсатиб қўйганим бўлсин сизларга нималарга қодирлигимни. Ҳеч қанақанги сеҳрли белги йўқ эшигимда. Уни бўяганимга бир ҳафта энди бўлди. Демак, сизлар чиндан ҳам манзилдан адашган кўринасиз. Совуқ турқингизни кўрибоқ, адашиб тентираганингизни фаҳмлаган эдим... Энди адашмадингиз деб ҳисоблайверинг. Айтинг, нима қилиш кераклигини, қиламан, агар бунинг учун Охирги Даштга бориб, махлуқ тусига кирадиган мудҳиш хоббитлар билан жанг қилишга тўғри келса ҳам. Билмоқчи бўлсангиз, боболаримнинг боболари орасида Буқанаъра Тук исмли хоббит бўлган...

- Тўғри, бўлган. Лекин у қадимда яшаб ўтган. Мен эса бугунги кун ва айнан сиз ҳақингизда фикр юритяпман, - гапни бўлди Глойн. - Ва ишонтириб айтаман-ки, эшигингизда белги бор. Ўша белгидан сизнинг касбингиз вакиллари фойдаланишади – ёки қадимда фойдаланишган. У белги: «Тажрибали қулфбузар ўғри қизиқарли, асосан саргузаштли ишга қўл уради. Иш ҳақи келишилади» - деган маънони англатади. Агар сизга «қулфбузар ўғри» номи ёқмаётган бўлса, «олий тоифали хазина қидирувчи мутахассис» деб аташингиз мумкин ўзингизни. Баъзи ҳамкасбларингиз айнан шундай деб аташади ўзларини. Бизга эса фарқи йўқ, нима деб аталишингиз. Гэндальф хабар берди бизга, маҳаллий мутахассислардан бири зудлик билан иш қидираётгани-ю, зиёфат-ла ўтадиган йиғилиш мана шу манзилга, соат бешга тайинланганини.

- Бор эди эшигингда ўша белги, ўзим қўйиб кетганман, - гапга аралашди Гэндальф. - Бунга асосли сабаб бўлган. Ҳурматли гномлар, сафарнинг ўн тўртинчи иштирокчисини қидириб топишни илтимос қилган эдингиз мендан. Мен мистер Бэггинсни танладим. Қани, қайси бирингиз менга янглишганим, нотўғри иштирокчи танлаганимни айтмоқчисиз? Агар бирортангиз мени танловим нотўғри бўлганида айбламоқчи бўлсангиз, марҳамат, ўн уч киши бўлганча қолиб, йўлга чиқинг, шу сон билан кўнгилсизликларни бошдан кечиринг, омадсизликларга дучор бўлинг ёки кўмир қазигани қайтинг!

Гэндальф Глойнга шу қадар аччиқланиб бақирдики, гном индамай жойига ўтириб олди. Савол бермоқчи бўлган Бильбонинг оғиз жуфтлаётганини кўрган сеҳргар қош чимирганча шундай ўқрайди-ки, хоббит оғзини ёпиб, лабини янада маҳкам қимтиб олди.

- Шундоқ бўлсин! - деди Гэндальф. - Бу мавзуда қайта баҳслашмайлик. Мистер Бэггинсни мен танладим, шунинг ўзи етарли бўлиши керак сизларга. Уни қулфбузар ўғри дедим-ми, демак қулфбузар ўғри у ёки вақти келганда қулфбузарлик қилади, шикоятга ўрин йўқ. Унинг табиатида ҳозирча сиз фаҳмлай олмаётган нимадир бор ва у ўзи ўйлаганча содда эмас. Кун ўтиб шундай бир кун келадики, барчангиз мистер Бэггинс учун мендан миннатдор бўласизлар, агар ўша кунгача ўлмай етиб олсангиз, албатта. Энди эса Бильбо, бориб фонусингни олиб кел ўғлим, мана буни ёритайлик.

Гэндальф стол устига қўйилган қизил қалпоқли катта чироқ шуъласи остига пергаментнинг каттагина, харитани эслатадиган бўлагини ёзди.

- Торин, мана бу чизмани бир замонлар бобонг Трор чизган эди, - деди Гэндальф, гномларнинг саволли нигоҳларига жавобан. - Тоғли ҳудуд лойиҳаси.

- Бунинг бизга нима нафи тегиши мумкинлигини тушунмадим, - таажжубланди харитага кўз югуртириб чиққан Торин ҳафсаласи пир бўлиб. - Харитасиз ҳам Сўққа тоғ ва унинг теварак-атрофини яхши эслайман. Ёвуз ўрмон қаерда-ю, аждарлар макон қурган Қуриган сойллик қаердалигини яхши биламан.

- Харитада аждарнинг расми кўрсатилибди-ю, - таъкидлаб қўйди Балин. - Агар Сўққа тоққача ўлмай етиб борсак, харитасиз ҳам топамиз ўша сойликни.

- Сиз эътибор қилмаган яна бир тафсилот бор, - эътироз билдирди сеҳргар. - Тоғнинг ғарбий томонидаги қадимий руна ёзуви ва чап томондаги бошқа руналар устида кўрсаткич бармоғи узатилган панжа тасвирини кўряпсиз-ми? Ушбу бармоқ тоғнинг қуйи қаватига олиб кирадиган махфий эшикка ишора қилмоқда.

- Балким у бир замонлар махфий бўлгандир, бугунги кунда-чи, махфийлигича қолганига ишонч борми? - шубҳа ила қаради Торин. - Қари Қурум лақабли аждар кўпдан буён яшайди у ерда. Бинобарин, Сўққа тоғнинг кириш-чиқиш эшигими, тешигими – барини ўрганиб чиқишга улгурган.

- Ўрганиб чиққан бўлиши мумкиндир, лекин у мен айтаётган эшикдан фойдаланмайди, - деди Гэндальф.

- Нега энди фойдаланмас экан? - сўради Торин.

- Чунки бу эшик унга ҳаддан ортиқ торлик қилади. Руна ёзувида айтилишича «Тоғ эшигининг баландлиги атиги беш тирсак бўлиб, кўпи билан уч киши бир қатор саф тортиб кириши мумкин». Бундай уяга Қурум тухумдан энди ёриб чиққан йили ҳам сиғмаган бўлар эди, қанчадан қанча одам-у гном еб семирган бугунги ҳолати ҳақида-ю гапирмаса ҳам бўлаверади.

Shokir Dolimov 17.06.2018 13:34

Умрида хоббитнинг уясидан бошқа уя кўрмаган, аждар ҳақида оз бўлса ҳам тасаввурга эга бўлмаган Бильбо мавзуга қизиқиб қолди. Хариталарни у жуда яхши кўради. Кулбасининг даҳлизида Теварак-атрофда сайр харитаси осиб қўйилган бўлиб, унда хуш кўрган сўқмоқларини қизил сиёҳ билан ажратиб кўрсатган.

- Менимча бу роса катта уяга ўхшайди, - хитоб қилди у, тилини тийиб ўтиришга аҳд қилганини унутиб. - Шундай катта эшикни қандай қилиб ҳаммадан, айниқса, аждардан сир сақлаб қолиш мумкин?

Бильбо жуда майда хоббит эканини унутмаслик даркор.

- Аниқ кўринадиган нарсани кўринмас қилиб қўйишнинг усуллари кўп, - жавоб берди Гэндальф. - Ҳозирча биз ушбу ҳолатда қандай иш тутилганини, токи Сўққа тоққа етиб, ўз кўзимиз билан кўрмагунча билмаймиз. Харитага қараганда ишончли қулфланган махфий эшик тоғ нишаблиги тусида ниқобланган. Ниқоблашнинг бундай усули эса, адашмасам, гномлар орасида кенг тарқалган, шундайми?

- Шундай, - маъқуллади Торин.

- Бундан ташқари, - давом этди Гэндальф, - мазкур харитага ғайриоддий шаклга эга калит илова қилинганини айтиш ёдимдан кўтарилибди. Мана у! Эҳтиёт қил уни!

Гэндальф Торинга узун ўзакли, тили ғалати йўнилган кумуш калит узатди.

- Кўз қорачиғидай асрайман! - деди Торин мўъжазгина калитни бўйнига осилган занжирга илиб, нимчаси остига яширар экан. - Ана энди аҳволимиз анча яхшиланиб, оз бўлса ҳам умид учқуни пайдо бўлди. Бугунги кунгача ишни нимадан бошлаш кераклигини билмай, бошимиз қотаётган эди. Эҳтиётлик-ла Шарқ томон йўл олиб, Узун кўлгача етиб боришни ният қилган эдик. Кўнгилсизликларнинг бари ўша ерда бошланар эди...

- Ўшанда эмас, анча илгари бошланади, - гапни бўлди Гэндальф. - Шарқ томон олиб борадиган йўл нима эканлигини мен яхши биламан, ишонаверинг.

- У ердан биз Тез оқар дарё бўйлаб юқорига ҳаракат бошлашимиз ва Сўққа тоғ паноҳидаги, Қуриган сойликда қад кўтарган шаҳар – Дейл харобаларига етишимиз мумкин, - давом этди Торин Гэндальфнинг гапига эътибор қилмай. - Тўғрисини айтиш керак, Асосий дарвоза орқали кириб боришни истамаган бўлар эдик. Тез оқар дарё бевосита Асосий дарвоза остидан, Сўққа тоғнинг Жанубий чеккасидаги тик қояни тешиб ўтган туннель орқали ўтади. Агар аждар ўз одатини ўзгартирмаган бўлса, ташқарига айнан мана шу дарвозадан учиб чиқади.

- Тўғри, бирон-бир машҳур жангчи ёки афсонавий баҳодир ҳимоя қилиб турмаса, Сўққа тоғнинг Асосий дарвозасидан кириб бўлмайди, - маъқуллади сеҳргар. - Ундай жангчиларни қидириб топишга уриндим. Бирортасини сафаримиз билан қизиқтириб бўлмади. Ҳозир улар ёт ўлкаларда бир-бирига қарши жанг қилиш билан банд, афсонавий баҳодирлар бўлса бу ерларда анқонинг уруғи. Қисқаси, қиличлар ўтмаслашган, жанговар болталар ўтин ёргани ишлатилмоқда, қалқонлардан осма беланчак ёки қозон қопқоғи сифатида фойдаланилмоқда. Аждарлар тупканинг тагида бўлиб, бу ерлик аҳоли учун том маънода афсонавий махлуқларга айланган. Бинобарин, Сўққа тоғнинг Ёнбош эшиги борлиги эсга тушгач, унинг қулфини бузиб киришга, шу мақсадда сизларга пакана бўйли Бильбо Бэггинсни таклиф қилишга аҳд қилдим. Унга ўз марҳаматингиз-у, илтифотингизни кўрсатинг. Зеро, у, танланган ва сайланган Қулф бузар ўғри бўлади. Шундай экан, энди марҳамат қилиб ишларимизни режалаштиришга киришсак.

- Жуда соз. Ундай бўлса, бизнинг тажрибали қулф бузар ўғримиз ўзининг қимматли фикр-мулоҳазаларини баён этиш ёки бамаъни таклифлар киритишдан бошлар? - деди Торин, Бильбога бўрттирилган назокат-ла таъзим бажо айлаб.

- Дастлаб мен сафар ва ундан кўзланган мақсадлар-у, қилиниши керак бўлган ишлар билан батафсил танишмоқчиман, - деди қорни увушиб, миясидаги хаёллар аралашиб кетган, лекин Тукларнинг муносиб авлоди бўлиб қолишга аҳд қилган хоббит. - Олтин захираси ва аждар ҳақида эшитиб, заргарлик буюмлари қандай қилиб Сўққа тоққа кириб қолгани, хазинанинг асл эгаси кимлигини билмоқчиман.

- Қулоғингга тамбур чертдик-ми биз боядан буён?! - аччиқланди Торин. – Мана бу харитани кўриб, қўшиғимизни эшитиб ҳеч нарсани тушунмадинг-ми? Бир неча соатдан буён нималар ҳақида гаплашиб ўтирибмиз ўзи?

- Тушундим. Шундай бўлса-да, бор гапни бошидан, батафсил ва батартиб эшитишни истайман, - қатъий туриб олди Бильбо, ўзининг ишчанлик қобилияти, ақли, эҳтиёткорлик билан иш тута билиши (одатда, бировга қарз бераётганида шундай қиёфа ясаб олади), Гэндальф берган тавсифни, яъни чиндан ҳам йирик мутахассис эканлигини намоён этишга уриниб. - Шунингдек мен, кутилаётган хавф даражаси, кўзда тутилмаган харажатлар, сафарга ажратиладиган вақт, бажарилган иш учун пул мукофоти ва ҳоказолар ҳақида билмоқчиман.

Бу билан Бильбо режалаштирилаётган сафардан қандай манфаат кўришини, уйга омон қайтиш имкони бор йўқлигини билмоқчи бўлди.

Shokir Dolimov 17.06.2018 13:35

- Хўп, яхши. Ундай бўлса эшит, - ҳикоясини бошлади Торин. - Кўп йиллар муқаддам, бобом Трор ҳукм сурган замонларда сулоламизни Узоқ Шимолдаги ўлкалардан сиқиб чиқаришди. Жамики бойлиги ва меҳнат қуролларини кўтарган уруғимиз ортга, мана бу харитада тасвирланган Сўққа тоққа кўчиб ўтишга мажбур бўлди. Бу тоғни бир замонлар бобомнинг бобоси Тўнғич Трейн кашф этган. Уруғимизга мансуб гномлар энди ушбу тоғни жиддий ўзлаштира бошлашди: ичини узунасига-ю, кўндалангига ўйиб, истиқомат масканлари ва устахоналар қуриб, кенгайтиришди. Тоғ қазиш жараёнида улар кўпдан-кўп олтин-у қимматбаҳо тошларни қўлга киритишди. Нима қилган тақдирда ҳам, сулоламиз мисли кўрилмаган даражада бойиб, шуҳрат қозонди, жамики жаҳонга машҳур бўлди, бобом эса Тоғ ости қиролига айланди. Одамлар унга кўп эҳтиром кўрсатишди. Улар Жанубдаги масканларини тарк этиб аста-секин Тез оқар дарёнинг Сўққа тоғ паноҳидаги юқори қисмида ўтроқ ҳаёт кечира бошлашди ва қувноқ шаҳар Дейлни барпо этишди. Дейл қироллари бизнинг темирчи ва заргарларимизга тез-тез мурожаат қилиб, кўрсатган хизматлари учун сахийлик-ла ҳақ тўлаб боришган. Оталар ўз ўғилларини бизга шогирдликка топшириб, ҳунар ўргатганимиз учун яхши ҳақ, айниқса, мўл-кўл егулик беришган. Чунки биз гномлар деҳқончилик, чорвачилик билан ҳеч қачон шуғулланмаганмиз. Уруғимиз учун энг бахтли даври-давронлар келди, ҳаммамиз давлатманд бўлиб, бўш вақтимизда хурсандчилик учунгина ишлаганмиз, ҳайрон қоларли даражада чиройли, нафис буюмлар, бошқа ўлкаларда топилмайдиган сеҳрли ўйинчоқлар ясаганмиз. Бобомнинг ҳашаматли қасри ҳар хил қурол-яроғ турлари, қимматбаҳо тошлар, нақшинкор буюмлар-у пардозланган қадаҳларга тўлиб-тошди. Дейлда ўтадиган ўйинчоқлар ярмаркаси эса Шимол мўжизасига айланди. Табиийки, буларнинг бари аждарнинг эътиборини ўзига тортди. Маълумки, аждарлар имкон туғилиши билан одамлар, эльфлар ва гномларнинг олтин буюмлари, қимматбаҳо тошларини тортиб олиб, қўлга киритган ўлжасини умрининг охиригача кўз қорачиғидай асрашади. Улар эса, агар биров ўлдирмаса, деярли боқий умр кўришади. Бироқ махлуқлар энг арзон узукдан бўлсин, фойдаланишмайди. Ўзлари бирон нарса ясаш, бунёд этиш қобилиятига эга эмас. Ҳатто танасининг зирҳидаги бўшаб қолган тангани ҳам мустаҳкамлаб қўя олмайди. Ўша даврда Шимол ўлкаларида аждарлар урчиб, кўпайиб кетди, олтин эса камайиб бораверди. Чунки гномларнинг бир қисми Жануб ўлкаларга қочиб қутулган бўлса, кўпи аждар чангалида нобуд бўлди. Шундай экан, оммавий хонавайронлик манзараси ва кенг кўлам оладиган қашшоқлик истиқболи тобора аён гавдаланиб борди. Ўша махлуқлар орасида ниҳоятда кучли, фавқулодда очкўзлиги билан ажраб турадиган Қурум лақабли жирканч аждар бўлган. Кунлардан бир кун Шимол томондан довулни эслатадиган кучли шовқин эшитилди. Сўққа тоғдаги қарағайлар шамолдан ғарчиллади. Тоғ ташқарисида, очиқ ҳавода юрган гномлар аъзойи-бадани чўққа айланган аждар тоғимиз чўққисига қўнганини узоқда туриб кўришди (бахтимга, ўша гномлар орасида бўлганим учун омон қолганман). Шундан сўнг Қурум пастга сирпаниб тушиб, олов пуркаганча ўрмонга ўт қўйди. Бу пайтда Дейлнинг барча қўнғироқлари жаранглаб, жангчилар зудлик билан қуролланишга киришишди. Чўчиб кетган гномлар тоғнинг Асосий дарвозаси томон югуришди, аммо Қурум уларни айнан шу ерда кутаётган эди. Тоғ ичидаги гномларнинг ҳеч қайси бири омон қолмади. Тез оқар дарё олов ҳароратидан қайнаб, Дейлни буғ қоплади. Шаҳарни қалин туман қамраган фурсатдан фойдаланган Қурум жангчиларга ҳамла қилиб, деярли битта қолдирмай қириб ташлади – ўша даврда афсуски, тез-тез рўй бериб борган одатий фожиа. Қилмишини қилиб бўлган аждар тоққа қайтиб, Асосий дарвозадан ичкарига кирди. Ички кўчалар, ертўлалар, алоҳида уйлар, бино олдидаги айвонларни гномдан тозалади. Сўққа тоғда бирорта тирик жонзод қолмаганига ишонч ҳосил қилган Қурум жамики хазинани ўзиники қилиб олди. Шубҳа йўқ-ки, Қари Қурум аждарларнинг одатига кўра, хазинани чуқур ғорлардан бирига ташиб ўтиб, устига астойдил жойлашиб олганча хуррак отиб ётибди. Баъзан тунда ташқарига чиқиб, Дейл аҳолисини бир четдан еб тирикчилик қилди. Айтишларича у кўпроқ ёш қизларни тутиб ер экан. Бир неча йил ўтиб Дейл таназзулга юз тутди, аҳолисининг бир қисми ҳалок бўлди, омон қолгани ҳар томон тумтарақай бўлди. Ҳозир у ерда нима бўлаётганидан хабарим йўқ, бироқ биров ўша тоғ яқинида яшашга журъат этганига шубҳа қиламан. Сўққа тоққа яқин яшайдиган аҳоли Узун кўлнинг нариги бошида макон қурган бўлиши мумкин. Аждар келган куни Сўққа тоғдан узоқда бўлиб, омон қолган озгина гномлар нима қилишни билмай, йиғлаб, Қурумга лаънатлар ўқишди. Тоғнинг узоқ қиялигидаги табиий паногоҳда ўтирар эканмиз, кутилмаганда соқол-мўйлови куйган отам билан бобом топилиб келди. Улар камгап, баджаҳл бўлиб, қандай омон қолишганини сўрасам, ҳозирча тилимни тийиб юришим, вақти келса, ҳаммасини билиб олишимни айтишди. Шундан сўнг Сўққа тоғни тарк этдик, дунё кезиб пешана тери ила тирикчилик қилиб юрдик, темирчилик қилдик, кўмир қазидик ва ҳоказо. Аммо ўғирланган хазинамизни унутмадик. Мана ҳозир ҳам, бошимиз қашшоқликдан чиқиб, қора кунга маблағ йиғишга эриша олган бўлсак-да (Торин бўйнига осилган тилла занжирни силаб қўйди), ўз хазинамизни қайтариб олишга, Қари Қурумдан хун олишга қатъий ният қилганмиз, қўлимиздан келса, албатта. Отам билан бобом қандай қилиб омон қолишганига ҳеч ақлим етмаётган эди. Мана энди фаҳмладим. Иккаласининг ихтиёрида биров билмас Ёнбош эшик бўлган. Харитани ҳам ўзлари тузган. Фақат нима учун калит билан харита менга – қонуний валиахдга эмас, Гэндальфнинг қўлига тушди, ҳайронман. Сабабини нима экан бунинг?

Shokir Dolimov 17.06.2018 13:36

- Мен бировдан тортиб олганим йўқ уларни, - жавоб берди сеҳргар. - Бобонг Трор эсингда бўлса керак, Мория конида гоблинлар шоҳи Азогнинг қўлидан ўлим топди...

- Исмига лаънатлар бўлсин! - деди Торин.

- Отанг Трайн эса йигирма биринчи апрель куни – ўтган пайшанбада юз йил бўлди ўша кунга – киши билмас томон чиқиб кетиб, ўшандан буён ҳеч ким уни кўрмади...

- Тўғри, - бош ирғиди Торин.

- Отанг берган эди менга харитани, сени топиб шахсан ўзингга топширишимни илтимос қилиб. Сени излаб топиш эса менга осон бўлмади. Шундай экан, менда ҳеч қандай айб йўқ. Топдим – бердим. Отанг ҳатто исмингни ҳам айтмади менга, чунки у нафақат сенинг исмингни, ўз исмини ҳам унутган эди. Назаримда мен мақтов ва миннатдорликка муносибман! Ма, ол! - деди Гэндальф Торинга харитани узатиб.

- Тушунмадим, - ҳайрон бўлди Торин.

Бильбо ҳам айнан шундай дейишга оғиз жуфтлаган эди. Сеҳргарнинг гапи унга маънисиз, тушунарсиз эшитилди.

- Мория конига йўл олишдан олдин бобонг харитани сақлаши учун ўғлига топширган, - боз тушунтириш беришга киришди сеҳргар, зарда оҳангида шошилмай гапириб, - Бобонг конда ўлим топгач, отанг ўз омадини харита воситасида синаб кўришга аҳд қилди. Оғир мусибатларни бошдан кечирганига қарамай, Сўққа тоққа ета олмади. Мен у билан ёвуз сеҳргар Некромантнинг зиндонида танишдим. У қандай зиндонбанд бўлиб қолганини билмайман.

- Сен-чи, сен нима қилиб юрган эдинг у ерда? - сўради сесканиб тушган Торин.

Қолган гномлар ҳам сесканганидан ўтирган ўринларида бир сапчиб тушишди.

- Мен билан ишинг бўлмасин, - жеркиб берди Гэндальф. - Одатдагидай, айрим нарсаларга ойдинлик киритиб юрган эдим. Нохуш ва хавфли иш эди. Ҳатто мен, Гэндальф бўла туриб, ҳалок бўлишимга сал қолди. Отангни қутқара олмадим: жуда кеч бўлган экан. Ақл-ҳушини йўқотиб, харита билан калитдан ташқари ҳеч нарсани идрок этмас, бирон нимани эслай олмас эди.

- Мориялик орклар қилмишига яраша жазо олишди, - деди Торин. - Энди анави Некромант билан шуғулланиш керак.

- Бемаъни гап! - бақириб берди Гэндальф. - Дунёнинг тўрт томонидаги гномларни бир ерга йиғишга эриша олсанг ҳам, ундай душманни енгиш қўлингдан келмайди. Отанг фақат бир нарсани, у ҳам бўлса, ўғли харита замиридаги сирни фош этиб, калитни амалда қўллай олишини истаган. Шундай экан, Сўққа тоққа етиб, аждарни бир ёқли қила олсангиз ҳам катта гап.

- Диққат, қулоқ солинг! - ёрилиб кетди Бильбо.

- Тинчликми, нима гап? - юзланишди унга гномлар.

- Гапимни диққат билан эшитинг, - хитоб қилди Бильбо, ўзини базўр идора қилиб. - Фикримча сизлар Шарқ томон отланиб, кўзланган манзилга етгач, бор гапни ўша ерда ойдинлаштириб олишингиз керак. Нима қилган тақдирда ҳам, Ёнбош эшик борлиги аниқланди. Аждар ҳам кези келганда уйқуга кетади. Ўша эшик остонасида бироз ўтирсангиз, миянгизга бирон бир маънили фикр келишига шубҳа йўқ. Бугунга эса, назаримда, етар. Эртага эрта туришингиз керак. Эрта туриш учун эса эрта ётиш керак. Йўлга чиқишингиздан олдин мен сизларга тўйимли нонушта тайёрлаб қўяман.

- Йўлга чиқишингиздан олдин эмас, йўлга чиқишимиздан олдин демоқчи бўлдинг чоғи, - тузатиш киритди Торин. - Бош қулфбузар ўғри этиб сен тайинландинг, шекилли? Ўша остонада ўтириб, маънили фикрга бориш бизнинг эмас, сенинг ишинг эмасми энди? Ичкарига кириш масаласини ҳал этиш ҳақида-ю, индамай қўя қолай. Кўрпа-тўшак ва нонуштага доир фикринг эса тўғри. Одатда мен, йўлга чиқишдан олдин, дудланган гўшт ва сариғи билан оқи аралаштирилмай қовурилган олти дона тухум ейман. Такрор айтаман, тухум ўта қовуриб юборилмаган, сариғи бутун сақланган бўлиши шарт.

Бошқа гномларнинг ҳар бири нонуштага доир ўз истагини маълум қилишгач («илтимос» дейиш бирортасининг хаёлига ҳам келмади), ҳамма ўрнидан турди. Хоббитга ҳар бир гномга алоҳида хона ажратиб, диван, кресло ва курсиларга жой солиб беришга тўғри келди. Ўлгудай чарчаган Бильбо ниҳоят ўз каравотчасига ётди-ю, бари-бир ўзини хотиржам сезмади. Аҳд қилган ягона нарсаси – нима қилган тақдирда ҳам, анави текинхўрларнинг қорнини тўйғазиш учун тонг саҳар турмаслик бўлди. Тукларга хос кайфияти тарқади. Тонгда бирон ерга йўл олишига шубҳа ила қаради. Кўрпасида ётган жойида қўшни хонадаги Торин яна қўшиқ бошлаганини эшитди:

Ғуборли тоғлар ортига ўтиб,
Аждодлар юртини излаб, қидириб,
Ғорлар-у, жарлар кезади карвон,
Шўрлик гномларни эзади армон.

Қўшиқни эшитиб, уйқуга кетган Бильбо туни билан алаҳсираб чиқди. Кўзини очганда эса тонг отганига анча бўлганини кўрди.

Shokir Dolimov 21.06.2018 18:04

ИККИНЧИ БОБ. ҚЎЙ ГЎШТИДАН ҚОВУРМА

Ўрнидан ирғиб турган Бильбо халатини апил-тапил кийиб, овқатхонага кирди. Нонуштанинг тўкин дастурхони йиғиштирилмаган хонада ҳеч зоғ йўқ! Ошхонада ҳам ҳамма нарса остин-устун бўлиб, ишлатилган коса-товоқлар устма-уст қалашиб ётибди, кастрюлька ва товаларнинг деярли бари ювилмаган. Бутун бошли халойиқ шоша-пиша овқатлангани кўриниб турибди. Кеча оқшомда ўтган зиёфат туш бўлмаганига Бильбо маъюслик-ла яна бир бор ишонч ҳосил қилди-ю, меҳмонлар уни уйғотишга фурсат топмай йўлга чиққанидан руҳи анча енгиллашди. «Раҳмат деб кетишса ҳам бўлар эди» - хаёлдан ўтказди Бильбо. Бироқ ўзини умиди пучга чиққан кишидай ҳис этиб, ушбу ҳолатидан ўзи ҳайрон бўлди. «Аҳмоқлик қилма, Бильбо Бэггинс, - койиб тийган бўлди у, ўзини ўзи. - Аждар билан кечадиган жанг ва шунга ўхшаш афсонавий бемаъниликлар – ёшингга ярашмайдиган орзудир!»

Ўчоққа ўт қалаб сув қайнатган Бильбо фартугини тақиб, жамики идишларни бир пастда ювиб чиқди. Ошхонада ҳузур-ла нонушта қилиб олгач, овқатхонани йиғиштириб, саранжом-саришта қилишга киришди. Баланд кўтарилган қуёш қувноқ ярқирамоқда, кулба эшиги ланг очиқ, ичкарига илиққина баҳор шабадаси кирмоқда. Ҳуштак чалиб ишлаётган хоббит кечаги оқшомни унутишга улгурди. Ишни қўйиб, овқатхонанинг очиқ деразаси ёнида иккинчи нонуштага эндигина ўтирган экан, қаердандир Гэндальф пайдо бўлиб келди.

- Менга қара дўстим, қачон отланмоқчисан ўзи сафарга? - таажжуб-ла сўради сеҳргар. - Йўлга эрта туриб, эрта чиқиш кераклигини кеча ўзинг тайинладинг-ку! Бамайлихотир нонушта қилиб ўтиришини қаранг буни?! Соат ўн ярим бўлди-ю! Меҳмонлар уйғонишингни кутмай, нома қолдириб кетишди сенга.

- Нома? Яна қанақанги нома? - сўради дақиқа сайин ҳаяжони ошиб бораётган бечора мистер Бэггинс.

- Ана холос! - хитоб қилди Гэндальф. - Нима бўляпти ўзи сенга бугун? Камин токчасини кечаги чангдан тозаламадинг-ми?

- Ўн тўрт нафар тўймас хўранданинг эрталабки зиёфатидан қолган бир уюм коса-товоқни эндигина ювиб, тахладим, ҳозирча бўлар. Камин билан кейин шуғулланаман.

- Агар ишни камин токчасини артиб тозалашдан бошлаганингда, соат остига бостириб кетилган мана бу хатни топган бўлар эдинг!

Гэндальф Бильбога, табиийки, ўзининг ёзув қоғозига битилган номани узатди. Хоббит хат ўқишга киришди:

«Торин ва Ширкат Қулфбузар Бильбога алангали салом йўллайди!
Меҳмондорчилигингиз ва таклиф қилинган профессионал ёрдамингиз учун чин қалбдан миннатдорлик изҳор этамиз.
Шартномамиз шартлари қуйидагича:
- ўлжа қўлга киритилганидан сўнг, олинган даромаднинг ўн тўртдан бир қисми миқдорида пул мукофоти тўланади (агар ўлжадан даромад топилса);
- йўл харажатлари ҳар қандай ҳолатда қопланади;
- дафн харажатлари Ширкат ёки унинг вакиллари зиммасига юкланади (агар бошқа чоралар марҳум томонидан олдиндан кўрилмаган бўлса).
Тотли ҳордиғингизни бузишга журъат этмай, сафарга ҳозирлик ишларини амалга ошириш учун бироз эртароқ йўлга чиқдик. Зоти шарифингизни Байуотердаги овқатхонали «Яшил аждар» меҳмонхонасида эрталаб сот ўн бирда кутамиз.
Вақт борасида аниқлигингизга умид қилганча, хизматингизга мунтазир эканимизни изҳор этиб қоламиз.
Эҳтиром ила Торин ва Ширкат».

- Роппа-роса ўн дақиқа қолибди, - эслатди Гэндальф. - Бироз югуришга тўғри келади.

- Бироқ... - оғиз жуфтлади Бильбо.

- Баҳсга вақт йўқ, - гапни кесди сеҳргар.

- Ахир... - яна бир бор уриниб кўрди Бильбо.

- Ҳеч қандай ахир-пахиринг кетмайди. Бўл, югур!

Shokir Dolimov 21.06.2018 18:06

Қандай қилиб кўчага шапкасиз, ҳассасиз, пулсиз, умуман айтганда, кундалик сайрга чиққанда ҳам ёнида олиб юришга одатланган оддий нарсаларсиз чиқиб кетганини Бильбо кейинчалик ҳам эслай олмади. Иккинчи нонуштасини охиригача емай, коса-товоқларни ювмай дастурхонда қолдирган хоббит кулба калитини негадир Гэндальфнинг қўлига ушлатди-да, юнг қоплаган оёғини кучи борича ишга солиб, катта тегирмон ёнидан елдай учганча, кўприк орқали Дарёнинг нариги соҳилига югурди.

Байуотерга роса ўн бирда, соат зарбаси билан бир вақтда ҳарсилллаб, жиққа терга ботиб етди. Оббо, дастрўмоли уйда қолибди-ю!

- Яша, Бильбо! - мақтади меҳмонхонанинг овқатхонаси олдида кутиб олган Балин.

Қолганлар ҳам қишлоққа олиб борадиган йўл муюлиши ортидан чиқиб келди. Гномларнинг ҳаммаси биттадан пони эгарлаган. Жониворларга бўхча, қоп, кўч-кўрон каби ҳар хил юк ортилган. Энг кичкина пони, афтидан, Бильбога ажратилган кўринади.

- Отланинг! - буюрди иккаласига Торин.

- Маъзур сананг, шляпасиз чиқибман, - деди Бильбо. - Дастрўмолим ҳам уйда қолибди, пул олмабман. Тушунсангиз-чи, мана бу номангизни, агар аниқ айтадиган бўлсам, соат ўндан қирқ беш дақиқа ўтгандагина ўқидим, ахир!

- Бу қадар аниқ бўлиш шарт эмас, - маслаҳат берди Двалин. - Сафар охиригача дастрўмол ва шу каби бисотларсиз амал-тақал қилишингга тўғри келади. Шляпа масаласига келсак, кейим-кечакларим орасида қайтарма қалпоқли битта ортиқча плаш топилади.

Шундай қилиб улар апрель ойи охирида, ҳавоси очиқ тонглардан бирида юкларини пониларга ортганча йўлга чиқишди. Эгнига Двалиндан вақтинча олинган қайтарма қалпоқли, тўқ яшил ранги ўнгган плаш кийган хоббит қандайдир ғалати кўринмоқда. Ушбу бесўнақай қиёфасини отаси кўрганида ҳозир нима деган бўлар эди? Лекин нима қилган тақдирда ҳам, соқоли йўқлиги билан гномдан фарқ қилаётгани Бильбога бироз таскин берди.

Оқ от миниб, атрофдагиларга зўр таассурот қолдираётган Гэндальф ҳам овқатхонадан узоқ кетишга улгурмаган гномларни бир пастда қувиб етди. У Бильбонинг уйда қолдириб келган тамакиси, трубкаси ва бир олам дастрўмолини ҳам олиб келибди. Сайёҳларнинг кайфияти шу заҳоти кўтарилди, тамадди қилиб олиш учунгина қисқа вақтга тўхташгани ҳисобга олинмаса, кун бўйи қувноқ қўшиқлари, қизиқарли ҳикоялари ва ҳазил-мутойибаларини қўйишмади. Улар овқатлангани Бильбо хоҳлагандек тез-тез тўхтаб боришмади, лекин бундай ҳаёт завқига аста-секин кўникиб бораётган хоббит саргузашт унчалик қўрқинчли, ёмон нарса эмаслиги ҳақида фикр юрита бошлади.

Улар дастлаб хоббитлар яшайдиган ўлка – Шир ҳудудида йўл юришди. Ушбу кенг, обод юрт йўллари яхши бўлиб, унда андишали, ҳалол меҳнат-ла кун кўрадиган аҳоли яшайди. Йўлда баъзан ўз юмуши билан қаёққадир шошаётган гном ёки фермер дуч келиб қолади. Ширдан чиқиб, аҳолиси қандайдир ғалати, Бильбо муқаддам эшитмаган тилда сўзлашиб, қўшиқ айтадиган ўлкани кесиб ўтишди. Кўп ўтмай йўловчилар бекор ётган Нообод даштга киришди. Бу ҳудудда на аҳоли, на бирон-бир меҳмонхона ёки овқатхона бўлиб, йўллар яроқсиз ҳолатга келган. Олдинда бири кейингисидан баландлашиб, баъзиларини қалин ўрмон қоронғилаштирган тепаликлар пайдо бўлди. Уларнинг айримларида қандайдир ёвуз ниятли қадимий одамлар қурган бўлса керак, кўринишидан мудҳиш қўрғонлар қад кўтарган. Теварак-атроф нохуш манзара касб этди, об-ҳаво бузилиб, май ойи бўлишига қарамай совиб, рутубатли бўлиб қолди. Сайёҳлар Нообод даштда ҳам тўғри келган ерда тўхтаб боришган, албатта, лекин у ер ҳар қалай бунчалик зах бўлмаган эди.

- Ҳадемай июнь бошланади, ҳавонинг аҳволини қаранг! - вайсади Бильбо.

Унинг пониси йўлчилар гуруҳи ортида кўлмак тепалаб ёки туёғини лойдан базўр суғуриб бормоқда. Қош қорайиб, чой ичиш вақти ўтди, шаррос қуйётган ёмғирнинг эса тинишидан дарак йўқ. Хоббитнинг плаши нам тортиб, сув қайтарма қалпоғидан кўзига оқиб ўтмоқда, толиққан пониси юрган йўлида қоқилиб бормоқда. Кийими батамом ивиб, зардаси қайнаётган гномлар индамай кетишмоқда. «Бошимни кундага қўйиб онт ичаман-ки, ёмғир суви қопни сингиб ўтиб, егулик ва қуруқ кийим захирасини жиққа ҳўл қилди, - хаёлдан ўтказди Бильбо. - Ҳа, ўша қулфбузарлиг-у, ўғрилик билан боғлиқ ишларнинг падарига лаънат! Ўз кулбамда, камин оловида қувноқ қўшиқ айтаётгандай қайнаётган чойнагим қаршисида қолсам, ўлармидим!» Ушбу армонли орзу, битмас-туганмас пушаймон мистер Бэггинсни бутун сафар давомида таъқиб қилиб, кўп қийнади.

Shokir Dolimov 21.06.2018 18:07

Пониларида лўкиллаб бораётган гномлар хоббитни унутиб юборишгандай гўё. Бирортаси Бильбо томон ўгирилиб ҳам қўйгани йўқ. Қорамтир булутлар ортига бекинган қуёш ботган кўринади, эски ўзанида сув шариллаётган чуқур сойликка тушиш чоғида қош қорайди. Энди шамол кўтарилди, қирғоқдаги толлар тебраниб, шитир-шитир товуш чиқармоқда. Хайриятки, кўҳна тош кўприкка шикаст етмаган экан, ёмғир суви тоғ ва тепаликлардан шиддат-ла оқиб тушиб, сатҳи тобора кўтарилиб бораётган қўнғир сойни кечиб ўтишга тўғри келмади.

Сойнинг нариги қирғоғига ўтишганда атрофни қоронғилик қамради. Шамол йиртган қорамтир булут лахтаклари орасидан қир-адирлар узра сузаётган ярим ой кўринди. Ҳамма отдан тушгач, Торин кечки овқат ва тунаш учун қуруқ жой ҳақида кўрсатма берган бўлиб, алланима ғудуллади. Ана шу пайтдагина Гэндальфнинг гум бўлгани билинди. Сеҳргар шу ергача бирга келган бўлса ҳам гномлар сафарида шахсан иштирок этиш-этмаслиги ҳақида ҳали ҳеч нима демади, ҳаммадан кўп овқат еди, баъзан жағи тинмай вайсади, ҳаммадан баланд хандон отди. Энди эса ҳеч кимга сездирмай ғойиб бўлибди!

- Сеҳргарга ишимиз тушганда-я! - инграшди Дори билан Нори.

Шу иккаласи хоббитнинг қарашларини, яъни мунтазам, тез-тез ва имкон қадар кўп овқатланиш даркорлигига доир таклифларини маъқул топишди.

Бироз баҳслашган сайёҳлар шу ерда тунаб қолишга аҳд қилишди. Сафар давомида улар ҳали вақтинчалик истиқоматгоҳ тайёрлашмаган эди. Бундан буён бу ишни тез-тез бажариб боришга тўғри келади. Зеро, улар, Ғуборли тоғларга яқинлашиб, аҳолиси хушхулқ ўлкалардан анча узоқлашишди.

Тун жуда номаъқул, рутубатли бошланди. Гномлар бир тўп бўлиб ўсган дарахтлар гуруҳи панасига жойлашишди. Бу ер нисбатан қуруқ бўлишига қарамай, шамол дарахт баргларидаги ёмғир қатраларини тўкиб, асабга тегмоқда. Боз устига гулхан ҳам ёнмай, инжиқлик қиляпти. Шамол таъсиридан қатъи назар, гномлар, одатда, ҳар қандай шароитда, ҳар қандай нарсадан, ҳар қандай жойда ўт ёқишнинг устаси саналади. Бироқ бу кеча ўт ёқишнинг ҳавосини олган Ойн билан Глойн ҳам гулханнинг уддасидан чиқа олишмаяпти.

Дафъатан ким билсин нимадан, понилардан бири ҳуркиб нари қочди. Ўзини туттирмаган жонивор сойга сакради. Уни сувдан тортиб чиқаришга уринган Фили билан Кили ҳам ғарқ бўлишларига сал қолди. Отни сувдан тортиб чиқаришга чиқаришди-ю, унга ортилган юк оқиб кетди. Ўчакишгандай, егуликнинг асосий захираси айнан ўша қопда эди. Илож қанча, сайёҳларга озгина кечки овқат ва ундан-да камроқ нонуштага қаноатланишга тўғри келадиган кўринади.

Ипидан игнасигача шалаббо бўлган сайёҳлар домангир вайсаб ўтиришди, оғзидан боди кириб, шоди чиқаётган Ойн билан Глойн эса ҳамон гулхан ёқиш билан овора. Бильбо маъюс хаёл суриб, ҳақиқий саргузашт – май ойининг илиқ қуёши остида кечадиган кўнгил очар сайр эмаслигига яна бир бор ишонч ҳосил қилар экан, теварак-атрофни кузатаётган Балин кутилмаганда бақириб юборди:

- Гулхан! Қаранг, ҳу ана, анави томонда!

Сал нарида ўрмони нисбатан қалин ўсган тепалик қорайиб турибди. Дарахтлар орасида чиндан ҳам маҳорат-ла ёқилган гулхан ёки машъаланинг қизғиш олови ярқирамоқда. Бироз тикилиб турган гномлар орасида баҳс бошланди:

- Бу ерда оч-наҳор, жиққа ҳўл ўтиргандан кўра, ўша тепаликка яқинроқ бориб, нима борлигини шунчаки кўрайлик-чи, - даъват этишди баъзилар.

- Бу ерлар нотаниш, Ғуборли тоғ яқин, сайёҳлар бу ўлкалардан камдан-кам ўтишади, эски хариталар алдаши аниқ, ҳамма нарса ёмон томонга ўзгарган, йўлларни ҳеч ким муҳофаза қилмайди, бинобарин, ҳар нарсага бўлса-бўлмаса қизиқавериш одати қанча кам намоён этилса, бирон-бир балога йўлиқиш эҳтимоли шунча паст бўлади, - таъкидлашди қолганлар.

- Биз ахир озчилик эмас, нақ ўн тўрт кишимиз-у, - деди кимдир.

- Анави Гэндальф деганлари қаёққа ғойиб бўлди экан-а? - вайсади яна биров.

Сўнгги саволни ҳамма бир-бирининг оғзидан олиб такрорлашга тушди. Ёмғир жалага, гулхан ўрни кўлмакка айланиб, ўт ёқишнинг уддасидан чиқа олишмаган Ойн билан Глойн аламдан бўлса керак, кутилмаганда ёқалашиб қолишди. Ушбу ҳолат масалани ҳал қилди.

- Гэндальф бўлмаса Қулфбузар ўғримиз бор-у, ҳар қалай, - умумий хулосага келишди ниҳоят гномлар.

Пониларини жиловидан ушлаган сайёҳлар эҳтиёт чораларини кўрганча гулхан томон йўл олишди. Тепаликка етиб, ўрмонга киришгач юқорига кўтарилишди. Бирон-бир уй ёки фермага олиб борадиган сўқмоқ кўринмади. Гномлар чангалзор оралаб қоронғилик ичра одимлашар экан, минг ҳаракат қилишмасин шитирламай, оёқ остидан тарс-турс товуш чиқармай, пояфзалини ғарчиллатмай, домангир жаврамай, жин ва шайтон сўзларини қўллаб сўкинмай юра олишмади.

Shokir Dolimov 21.06.2018 18:09

Кутилмаганда гулханнинг қизил шуъласи зулматдаги дарахтлар орасидан ёрқин ярқиради.

- Навбат Қулфбузаримизга, - дейишди гномлар, Бильбони назарда тутган ҳолда, албатта.

Торин хоббитни ёнига имлаб, кўрсатма берди:

- Бориб бил Бильбо қанақанги ёруғлик экан у, сеҳр-жоду эмасми, нима вазифа бажаради, тинч ва хавфсиз жойми бу ерлар. Имиллама, тинчлик бўлса, тез қайт. Хавф бўлса ҳам тез қайтишга уриниб кўр. Агар қайтиш имконини топа олмасанг, икки марта япалоққуш, бир марта укки товушини чиқариб қичқирасан. Шунда биз бирон чора кўришга ҳаракат қиламиз.

Хоббитга итоат қилишдан ўзга чора қолмади, япалоққуш товушини умрида эшитмагани, кўршапалак сингари уча олмаганидай, укки товушини ҳам чиқара олмаслигини тушунтиришга имкони бўлмади.

Бильбо ҳар қандай хоббит каби ўрмонда шовқин солмай, тез юра билиши билан ғурурланади. Сафар давомида у «гномча шовқин-сурон» устидан кўп кулиб келди. Биз эса, фикримча, шамол эсаётган ушбу ўрмонда гномларнинг бир тўдаси биздан икки қадам нарида ўтса ҳам, ҳеч нарсани пайқамай ўтираверамиз. Бильбога келсак, гулхан томон писиб борар экан, оддий одам нари турсин, ушбу ўрмоннинг энг эҳтиёткор сассиқкузани ҳам унинг юришини сезмайди. Ҳеч нарсани ҳуркитмай олов ёнаётган жойгача етган Бильбонинг олдида қуйидаги манзара очилди.

Танасининг ўлчамига кўра ҳар бири анави дўнгликдай келадиган учта девқомат махлуқ қора қайин таналаридан ёқилган гулхан атрофида кабоб сихига ўтказилган қўй нимталарини қовуриб, қўлига оқиб тушган гўшт сўлини ялаб ўтирибди. Атрофга киши иштаҳасини қитиқлайдиган ҳид таралган. Гулхан яқинида, афтидан, қандайдир мазали шарбатга тўла бўлса керак, бочка турибди. Девқоматлар гоҳ-гоҳида унга коса ботириб боришмоқда.

Троллар! Шубҳа бўлиши мумкин эмас. Ҳатто Бильбо ҳам, шу ёшгача узлатда ҳаёт кечирганига қарамай, ушбу махлуқларнинг дағал башаралари, девқомат ўлчамлари, йирик харсанг оёқларидан ва энг муҳими – оқсуяклар нутқига мутлақо ўхшамайдиган сўзлашувидан тролль эканини дарҳол фаҳмлади.

- Кеча едик падарига лаънат шу қўй гўштини, бугун ҳам қўй гўшти, афтидан, эртага ҳам еймиз шекилли, жин урсин шу қўй гўштини, - эътироз билдирди кўнгли тўлмаган троллардан бири.

- Сасиб қолган бўлса ҳам майли, одам гўштини егим келяпти! - маъқуллади бошқаси. - Нима учун мана бу қовоқ калла Вильям бизни бошқа жойга ўт кетгандай, айнан шу ерларга бошлаб келди? - деди у, косасини оғзига келтирган Вильямнинг биқинига тирсак ниқтаб.

- Ўчир овозингни! - бақирди пивога тиқилиб, нафасини базўр ростлаган Вильям. - Одамлар Берт иккалангнинг олдига ўзлари, ўз оёғи билан келадими: «Мана марҳамат, паққос туширинг бизни», - деб? Тоғдан тушганимиздан буён анави аҳмоқ Берт иккалангиз кам деганда бир яримта қишлоқ аҳолисини еб битирдингиз. Хўш, қаердан топай сизларга яна одам гўштини? Замон шунақа ҳозир. Семизгина архар еб ўтирганингиз учун «Раҳмат, Билл» десангиз-чи, ундан кўра, нонкўрлик қилмай.

Вильям ўтда қовураётган қўй сонининг каттагина бўлагини тишлаб узди-да, оғзини енгига артди. Таъкидлаб ўтмоқ жоизки, тролларнинг бир бошли зоти ҳам ўзини мана шундай маданиятсиз тутади.

Shokir Dolimov 21.06.2018 18:14

Махлуқларнинг гапини суҳбатини эшитган Бильбо бор гапни тушуниб, ишни пайсалга солмасликка аҳд қилди. У ҳозир ортга қайтиб, дўстларини огоҳлантириши, мана бу ерда авзойи бузуқ учта улкан тролль йиғилган бўлиб, қовурилган гном ёки ҳеч бўлмаса пони гўшти билан тамадди қилиб олишдан қайтмаслигини маълум қилади. Ёки қуруқ қўл билан қайтмаслик учун тролларнинг бирон нимасини ўмариб боради. Олий тоифали ўғри ушбу ҳолатда айнан шундай қилган, яъни тролларнинг киссасига қўл солган, қовурилган қўй нимтасини чўғдан илиб кетган, камига пиво бочкасини ҳам кўтариб олган бўлар эди. Троллар эса ҳеч нарсани сезмай ўтираверишади. Жиноятчиларнинг у қадар мағрур бўлмаган тоифасига мансуб, нисбатан омилкор бошқа ўғри эса дастлаб мана бу тролларнинг биқинига ханжар тиқиб, туннинг қолган қисмини тўйимли зиёфат-ла ўтказади.

Бильбо буларнинг барини билади. Ҳаётида кўрмаган, қилмаган нарсалар ҳақида у жуда кўп ўқиган. Ҳозир унинг туйғуси туғён урмоқда ва айни вақтда... ўғрилик касбидан жирканмоқда. Қани энди бу ерлардан юзлаб миля нарида, жондан азиз Ширда бўлса... ҳозир эса Торин билан Ширкат олдига қуруқ қўл билан қайтмоқчи эмас. Бинобарин, қоронғига бекинган хоббит бажариладиган иш режасини фикр тарозисидан ўтказди. Ўғриларнинг унга маълум турли-туман кирдикорлари орасида тролль чўнтагини «тозалаш» амали, яъни киссавурлик ҳунари нисбатан осондай туюлди. Ниҳоят бир қарорга келган Бильбо анави Вильям деганларининг орқасидаги дарахт панасига ўтди.

Берт билан Том бочка олдига боришди. Вильям косасини бир кўтаришда симириб бўшатди. Бильбо бу пайтда кичкина қўлини Вильямнинг кенг киссасига киритишга ботинди. Троллнинг ҳамёни Бильбонинг назарида қопдай туюлди. «Ҳа, бошлаш қийин холос, - хаёлдан ўтказди хоббит, янги ҳунарининг мазасига аста тушуна бориб. - Кўз қўрқоқ – қўл ботир, деб шунга айтадилар-да!»

Дарҳақиқат, ҳар қандай ҳунарнинг бошланиши қийин кечадиган кўринади! Тролларнинг ҳамёни ҳамиша ярамас фирибга эга бўлади. Вильямнинг ҳамёни ҳам бундан истисно эмас.

- Ҳой, сен ким бўласан? - баланд қичқирди ҳамён, соҳибининг чўнтагидан чиқиши билан.

Дарахт ортига ўтишга улгурмаган Бильбо Вильямнинг қўлига тушди.

- Ер ютсин мени, Берт! - хитоб қилди Вильям хоббитнинг ёқасидан тутиб. - Мана буни қара, нима ушлаб олдим мен.

- Нима экан? - баравар сўрашди Берт билан Том, Вильямнинг олдига келиб.

- Қаердан билай. Ҳой, нима балосан сен? - сўради у Бильбодан.

- Мен – Бильбо Бэггинс, Қулф... хоббитман, - жавоб берди бутун вужуди титраётган Бильбо, бўғиб қўйишларидан олдин укки товушини қандай ўхшатиш мумкинлигини чамалай бошлаб.

- Қулф-хоббит? - сергакланди троллар.

Shokir Dolimov 21.06.2018 18:15

Троллар табиатан ҳафтафаҳм, калласи секин ишлайдиган махлуқлар бўлиб, ҳар қандай янги нарсага ўларча бадгумон қарашади.

- Қулф-хоббит нима қилади менинг киссамда? - сўради Вильям.

- Ундан бирон-бир овқат тайёрласа бўлармикан? - қизиқди Том.

- Ҳозир кўрамиз-да, - деди Берт, ерда ётган сихлардан бирини олиб.

- Бир тишлам узсанг, иккинчи тишламга ҳеч вақоси қолмас экан, - тахмин қилди ҳозиргина тўйиб олган Вильям. - Териси шилиниб, суяги ажратиладиган бўлса, ейишга арзийдиган бирон жойи қолмайди.

- Балким шу яқин атрофда шериклари ҳам бордир? Тутсак пирог пиширган бўлармидик, - фикр билдирди Берт. - Ҳой, қўтир қуён, сенга ўхшаганлар кўпми, бу ўрмонда? - сўради у, шўрлик хоббитнинг юнгли оёғидан ушлаганча, енгил силтаб.

- Тиқилиб ётибди, - жавоб берди Бильбо ва дўстларни сотиш яхши эмаслигини ўйлаб, гапни айлантирди. - Ҳеч қанақа шеригим йўқ, бир ўзим яшайман.

- Қандай тушуниш керак бу гапингни? - сўради Берт, энди Бильбони сочидан чангаллаганча баланд кўтариб.

- Қандай айтган бўлсам, шундай тушуниш керак, - ҳаво ютиб жавоб берди Бильбо. - Илтимос, таом тайёрламанг мендан, муҳтарам жаноблар! Мен ўзим уста ошпазман. Ишонтириб айтаман-ки, таом сифатида тайёрлангандан кўра, сифатли таом тайёрлаганим яхшироқ. Тушундингиз-ми гапимни, ўзим сизларга ошпазлик қиламан! Кечки овқатга еб қўймасангиз, зўр нонушта тайёрлаб бераман.

- Жирканч қўқил! - деди тўқ қоринга босиб пиво ичган Вильям. - Берт қўйиб юбор уни!

- Олдин «Тиқилиб ётибди» билан «Бир ўзим яшайман» деганини тушунтириб берсин, - эътироз билдирди Берт. - Биров мени тунда бўғизлаб кетишларини истамайман. Оёғини чўққа боссам тез тилга киради!

- Мен бунга йўл қўймайман, - деди Вильям. - Уни сен эмас, мен тутиб олдим.

- Вильям, сенга илгари ҳам айтганман, ҳозир ҳам айтаман, сен қорин солган аҳмоқсан, - бақирди Берт.

- Сен эса сурбетсан!

- Бу гапинг учун жавоб берасан, Билл Хаггинс! - овози борича ўкирди Берт, қулочкашлаганча Вильямнинг кўзига мушт солиб.

Ваҳшийларнинг муштлашуви бошланди. Берт хоббитни қўлдан чиқариб юборди. Бильбо оёқ остида эзилиб кетмаслик учун тез четга қочди. Махлуқлар бир-бирини баланд овозда ҳар хил, таъкидлаб ўтмоқ жоизки, жисмига мос келадиган лақаблар ила ҳақорат қилишди. Бироздан сўнг Берт билан Вильям ерга қулаб, бир-бирига калла қўйиб, тепиб, ёқасидан маҳкам ушлаганча гулхан томон юмалади. Том эса иккаласига ақл киргизиш ниятида бўлса керак, қўлга кирган энг катта хода билан шерикларини кучи борича дўппослай кетди. Бу эса, табиийки, жони оғриган анави иккала троллни баттар қутуртирди.

Shokir Dolimov 21.06.2018 18:17

Хоббит ҳеч кимга билдирмай қочиб қолиши мумкин эди-ю, тролль эзғилаган пахмоқ оёғи итоат қилмай, гулхан шуъласи тушмаётган кўланкада боши айланиб, инграганча дармонсиз ётди. Муштлашув авжига чиққан фурсатда кутилмаганда Балин пайдо бўлди. Узоқда шовқин кўтарилганини эшитган гномлар Бильбони кўришмагани, унинг қичқириғи ёки укки товушини эшитмагач, гулхан томон битта-битта эмаклашди. Оловнинг шуъласи ёритган Балинни кўрган Том мудҳиш овоз-ла баланд ўкирди. Троллар гномларни кўргани кўзи, отгани ўқи йўқ, пиширилмаган ҳолатда, ҳар қалай. Берт билан Вильям шу заҳоти муштлашишни бас қилиб, вишиллашди:

- Қоп, Том! Қоп топиб кел, тезроқ!

Ушбу югур-югурда Бильбони қаерда излашни билмай, талмовсираган Балин тролларнинг қопига тушди.

- Ё мен қаттиқ янглишяпман, ё бу ҳали ҳаммаси эмас, - фикр билдирди Том. - Қулф-хоббитнинг «Тиқилиб ётибди»си билан «Бир ўзим яшайман»ининг маъносини энди фаҳмладим. Бу ерда гномлар тиқилиб ётган бўлса, қулф-хоббит ёлғиз ўзи яшайди.

- Гапинг тўғрига ўхшайди, - маъқуллади Берт. - Қани қоронғига ўтайлик-чи.

Троллар, одатда, қўй ёки бошқа турдаги ўлжаларини солиб ташийдиган пайпоқларини ушлаганча, кўланкага бекинишди.

Навбат билан ёруққа чиқаётган ҳар бир гном иссиққина гулхан, онтарилган косалар, қўй гўштидан тайёрланиб, охиригача еб тугатилмаган қовурдоққа бақрайиб қолар экан, бадбўй қопга тушиб, тролль ўлжасига айланаверди. Балиннинг ёнига Двалин ва бир қопга солинган Фили билан Кили тушди. Уларнинг устига Дори, Нори, Ори ташланди. Ойн, Глойн, Бифур, Бофур, Бомбурни эса тўғри келганча гулхан ёнига улоқтиришди.

- Қилмиш қидирмиш, - ҳикмат қилган бўлди Том.

Жони кўзига кўриниб қолган фурсатда гномлар қутуриб кетгандай қаршилик кўрсатишади. Шундай экан, Бифур билан Бомбур тролларни бироз сарсон қилишди. Охирги бўлиб Торин пайдо бўлди. Бироқ троллар уни ғафлатда қолдира олишмади.

Нохуш вазиятга шай Торин аҳвол чатоқ эканлигини дарҳол фаҳмлади. Бунинг учун унга шерикларининг қопдан чиқиб турган оёқларини кўриш шарт бўлмади. Сал нарида, ярим қоронғи жойда турганча, баланд овозда сўради:

- Нима гап бу ерда? Ким бир ёқли қилди одамларимни?

- Троллар! - бақирди ҳамманинг эсидан чиққан Бильбо дарахт ортидан. - Улар чангалзорда, қўлида қоп билан бекиниб олишган.

- Шунақа денг! - деди Торин гулхан олдига тез югуриб бориб.

Троллар унинг устига қоп ташлагани улгурмай қолишди. Торин ёнаётган ходалардан бирини гулхандан суғуриб чиқариб, Бертнинг кўзига суқиб юборди. Дод-вой солган тролль бирмунча вақтга сафдан чиқди. Бильбо ҳам тек турмай Томнинг дарахт танасидай келадиган оёғидан маҳкам ушлади. Том ушбу оёғи билан Торин томон чўғ тепгани боис Бильбо махлуқнинг оёғидан нари учиб, ерда умбалоқ ошди. Оғзига ғўла еган Том олд тишларидан бири синиб, ўрмонни бошига кўтарганча дод солди. Орқадан писиб келган Вильям Ториннинг устига қоп ташлади. Шу билан жанг тугади.

Shokir Dolimov 21.06.2018 18:18

Гномлар аянчли аҳволга тушиб қолишди: ҳаммаси қопга солиниб, гулхан яқинида батартиб тахланди, ғазаби қайнаган учта тролль ўлжа устида энгашганча астойдил жойлашиб олди. Уларнинг бир жуфти яхшигина жароҳатланган.

Бироздан сўнг троллар орасида қандай иш тутган маъқуллигига доир тортишув бошланди: гномларни чўғда тоблаб еган яхшими, майдалаб тўғраб, қозонда қайнатган дурустми ёки ҳар бирининг устига сакраб ўтириб, яхшилаб эзғилаганча илвира ҳолатига келтириб еган маъқулми?

Тиканакли буталар орасида осилиб қолган, аъзойи-бадани тимдаланган, кийими тилка-пора бўлган бечора Бильбо эса троллар эшитмаслиги учун қилт этишга журъат эта олмаяпти.

Ниҳоят Гэндальф пайдо бўлиб келди, лекин уни ҳали ҳеч ким кўргани йўқ. Троллар бу пайтда узоқ ўтган баҳсдан сўнг бир тўхтамга келиб, Бертнинг таклифини маъқул топишди: кечроқ тановул қилиш учун гном гўштидан қовурма тайёрлаб қўйишга аҳд қилишди.

- Туни билан овора бўламиз экан-да, қовурма тайёрлаймиз, деб, - эшитилди кимнингдир овози.

- Яна бошладинг-ми, Билл, - жеркиб берди Берт Вильямга. - Бунақада чиндан ҳам туни билан баҳслашиб чиқамиз.

- Нимани бошлабман? - ҳайрон бўлди Вильям. - Ўзинг айтдинг-ку бу гапни.

- Мен эмас, сен айтдинг, - аччиқланди Берт.

- Ёлғон, - эътироз билдирди Вильям.

Чиндан ҳам баҳс қайтадан бошланди. Ниҳоят троллар гномларни майдалаб тўғрагач, қайнатиб пиширадиган бўлишди. Тахта, пичоқ ва қора қозонни ўртага қўйиб, эндигина ишга киришмоқчи бўлишган эдики, яна кимнингдир овози эшитилди:

- Буларни тўғрагандан нима наф? Қайнатгани сув йўғ-у. Қудуқ узоқда... жонга тегди...

Берт билан Вильям ушбу овозни Томнинг овозига ўхшатишди.

- Ўчир овозингни! - бақирди иккаласи баравар. - Бунақада бирон нарса тайёрлай олмаймиз. Яна бир оғиз сўз айтадиган бўлсанг, ўзинг югурасан сувга!

- Ўзинг ўчир унингни! - ўшқирди Том, айбни Вильямдан кўриб. - Сендан бошқа ҳеч ким кекирдак чўзмайди бу ерда.

- Аҳмоқ, - ҳақорат қилди Вильям.

Янада қизғин баҳс бошланди. Ниҳоят улар ҳар бир қопнинг устига сакраб ўтириб, гномларни япалоқлаб тахлаш ва келаси сафар пишириб ейиш учун бир четга тахлаб қўйишга келишиб олишди.

Shokir Dolimov 21.06.2018 18:19

- Қайси биридан бошлаймиз? - сўради кимдир.

- Охирги бўлиб қўлга олинганидан, - жавоб берди Томга, кўзини Торин жароҳатлаган Берт.

- Бас қил ўзинг билан ўзинг гаплашишни, - деди Том. - Охиргисининг устига ўтирмоқчимисан, марҳамат, ўтир. Қайси бири эди ўзи, охирги бўлиб қўлга олингани?

- Сариқ пайпоқдагиси, - жавоб берди Берт.

- Бекор гап, кулранг пайпоққа солдик уни, - эшитилди Вильямнинг овозига ўхшаш овоз.

- Мен атайин эслаб қолганман, сариқ пайпоқда у, - ўзиникини маъқуллаганча туриб олди Берт.

- Тўғри, сариқ пайпоқда, - маъқуллади Вильям.

- Билар экансан, нега тентакка ўхшаб кулранг пайпоқда дейсан? - эътироз билдирди Берт.

- Мен эмас, Том айтди бу гапни, - деди Вильям.

- Нега ўз айбингни менга тўнкаяпсан? - асабий ўкирди Том. - Ўзинг айтдинг-ку, кулранг пайпоқда деб.

- Бир киши икки кишини баҳсда енга олмайди, унингни ўчир! - буюрди Берт.

- Оғзингга қараб гапир! - овоз кўтарди Вильям.

- Бас қилинг! - баралла бақиришди Том билан Берт. - Тун ниҳоясига етиб, ҳадемай тонг отади. Ишга киришайлик!

- Ким-ки тонгни қарши олар – мангу тошга айланар! - ҳикмат қилди Вильямнинг овозига ўхшаш овоз.

Бироқ гапирган Вильям эмас. Айнан шу пайтда тонг шафағи ёришиб, қушларнинг чуғур-чуғури эшитилди. Вильям энди ҳеч нима дея олмайди. Зеро, у, Торин устида энгашганча, улкан харсангга айланди. Унга бақрайган Берт билан Том ҳам шу заҳоти тошдай қотишди. Троллар шу ҳолатда қотганча ҳозир ҳам туришибди. Фақат баъзан уларнинг устига қушлар ўтириб кетишади. Биласизми сиз, йўқми, кун ёруғига дуч келмаслик учун троллар ер остига ўз вақтида бекиниб олиши керак. Акс ҳолда танасига кун ёруғи етган жойида қояга ёки тоғ жинсига айланиб, емирилиб тўкилгунча шу ҳолатда қолишади. Берт, Том ва Вильямнинг умри ҳам шу тариқа поёнига етди.

- Жуда соз! - деди дарахт ортидан чиққан Гэндальф.

Сеҳргарнинг ёрдами билан тиканли буталардан халос бўлган Бильбо нима бўлганини тушунди. Тролларни тонг отгунча баҳслашиш, тортишиш, гап талашишга, охир пировардида шафақ нурлари ила мангу тошга айланишига панада бекиниб турган Гэндальфнинг овози сабаб бўлган!

Shokir Dolimov 21.06.2018 18:20

Қопларнинг оғзини тезроқ очиб, гномларни халос қилиш керак. Троллнинг бадбўй пайпоғи ичида димиқиб ўлишига сал қолган гномлар ниҳоятда дарғазаб. Тўғри-да, кимга ёқади сени қовуриб ейишга ёки тўғраб қайнатишга келишилгани ёхуд сакраб ўтирганча танангни япалоқ-ясси қилиб сақлашга аҳд қилинганини эшитиб ётиш? Улар тинчлангунча Бильбога қандай қилиб панд еганини икки марта айтиб беришга тўғри келди.

- Бировнинг чўнтагини тозалашни машқ қилишга топган вақтингни қара, бадбахт киссадўз! - койиб берди Бомбур. - Бизга троллнинг гапирадиган ҳамёни эмас, гулхани билан егулиги керак эди холос!

- Айнан ўша нарсаларни троллдан жангсиз тортиб ола билмас эдинг! - тушунтириш берган бўлди Гэндальф. - Вақтни бекор бой бермайлик. Шу яқин атрофда троллар қуёш нуридан бекиниб юрган ғор бўлиши керак. Қани, қидириб кўрайлик-чи.

Кўп ўтмай нишаблик бўйлаб юқорига кўтарилиб, ўрмон ичига кирган тош бошмоқлар изи топилди. Қалин ўсган чангалзор орасида эса ғор оғзини ёпган тош эшик кўринди. Гномлар баравар ёпишиб тошни итаришди, Гэндальф эса эшик очиш билан боғлиқ афсунларнинг барини қўллаб чиқди, лекин ғор очилмади.

- Балким мана бу тўғри келар? - сўради Бильбо, ҳамма ҳолдан тойиб сулайиб қолганда. - Троллар муштлашган жойдан топиб олган эдим.

Хоббит ҳали тошга айланмаган Вильямнинг чўнтагидан тушган ғалати калитни узатди.

- Нега индамадинг шу вақтгача, бефаросат? - бақиришди гномлар.

Гэндальф калитни Бильбонинг қўлидан тортиб олиб, қулф тешигига суқди. Ҳамма баробар итарган эшик ланг очилди. Сайёҳлар ичкарига киришди.

Ғор деворига бадбўй ҳид уриб кетган, ерда бир дунё устухон сочилиб ётибди. Мис тугмалардан тортиб, бир четдаги тилла тангага тўла кўзаларгача бўлган турли-туман ўлжалар айқаш-уйқаш уюм ҳосил қилган. Сал наридаги токчаларга ва токча остидаги ерга егулик захираси жамғарилган. Деворда тролларга кичиклик қиладиган, афтидан, уларга ем бўлганларга тегишли ҳар хил кийим-кечак осилган. Ушбу кийимлар олдида турлича безак берилган, шакли ва узунлиги ҳар хил қиличлар ётибди. Уларлар бир жуфти чиройли ишланган қини ва қимматбаҳо тош қопланган дастаси ила ўзига жалб этмоқда. Гэндальф билан Торин ушбу қиличларни ўзаро бўлишиб олишди, Бильбо эса чарм қинли ханжарни афзал кўрди. Мазкур тиғ троллга чўнтак пичоғидай кўриниши мумкин, лекин хоббитга шамшир вазифасини ўтайди.

- Зўр қурол эканлигига шубҳа йўқ, - деди сеҳргар қинидан ярмигача суғуриб чиқарган қиличини катта қизиқиш-ла кўздан кечириб. - Буларни троллар ҳам, қуролсоз одамлар ҳам болғаламаган, умуман айтганда, ушбу қиличлар бизнинг давримизда ясалмаган. Сиртига битилган қадимий руна ёзувларини ўқишга эриша олсак, кўпроқ маълумотга эга бўламиз.

- Тезроқ чиқиб кетайлик бу ердан, - ўтинди Фили. - Жирканч ҳидга ортиқ бардош бера олмайман.

Shokir Dolimov 21.06.2018 18:21

Сайёҳлар тилла танга тўла кўзалар, истеъмолга яроқли кўринган егулик захираси ва пиво тўла бочкаларни олиб, ташқарига чиқишди. Ўларча оч, ўз егуликлари бўлмагани боис, троллар йиққан захирадан юз ўгирмаган сайёҳлар тўйиб овқатланишди. Сур гўштни чўғда қовуриб, нон, пишлоқ ва пиво билан паққос туширишди. Фаол ўтган тундан сўнг ётиб ухлашди. Кечгача дам олгач, пониларни олиб келиб, тилла тўла кўзаларни ортишди. Тоғдан пастга, бу ердан анча нарига тушириб, сой бўйлаб ўтган Катта йўл яқинида чуқур қазишди. Чуқур тубига тилла тангаларни жойлаб, устидан тупроқ тортишди. Кун ўтиб бир кун ушбу олтинни олиб кетишларини ният қилиб, хазина кўмилган жойни яхшилаб сеҳрлашди, кўп тилсим қўллашди. Ишни тугатгач пониларни эгарлашди-да, Шарқ томон олиб борадиган Катта йўл бўйлаб лўкиллашни давом этишди.

- Сир бўлмаса айт-чи, Гэндальф, қаёққа гум бўлдинг? - сўради Торин.

- Олдинга, нима борлигини кўриш учун, - жавоб берди сеҳргар.

- Зарур фурсатда қайтиб келишга нима мажбур этди?

- Орқада нима қолганини кўриб борадиган одатим.

- Ростдан-а?! - ғудуллади Торин. - Тушунарлироқ гапиришнинг иложи борми?

- Йўлни кўздан кечириб чиқиш учун олдинга чиқдим. Ёдингизда бўлсин, сафаримиз ҳадемай қийинлашиб, хавфли тус олади. Егулик захирасини тўлатиб олиш масаласида ҳам бош қотириш керак. Сизлардан эндигина узоқлашган эдим, йўлда Ривенделлдан чиққан иккита танишимни учратдим.

- Ривенделл? Қаерда у? - қизиқди Бильбо.

- Гапни бўлмай тур! - деди Гэндальф. - Омадимиз чопса, ҳадемай у ерга ўзинг бориб, ҳаммасини ўз кўзинг билан кўрасан. Юқорида айтганимдек, Элрондга қарашли одамларнинг икки нафарини учратдим. Учта тролль тоғдан тушиб, Катта йўл яқинидаги ўрмонда макон қуришгани, бу ерларда яшайдиган жамики жонзодларни ҳуркитиб юборишгани, энди йўлтўсарлик билан кун кўришаётганини ўшалар айтиб беришди менга. Шунда мен ортимда қолганлар ёрдамимга муҳтож эканлигини ҳис этдим. Ўгирилиб, ўрмонда ярқираётган гулханни кўриб, тикка олов шуъласига қараб юрдим. Бор гап шу. Бундан буён огоҳ бўлиб юринг, акс ҳолда ҳеч қаерга ета олмаймиз!

- Сендан чексиз миннатдормиз! - деди Торин.

Shokir Dolimov 28.06.2018 02:19

УЧИНЧИ БОБ. ҚИСҚА ҲОРДИҚ

Ҳаво очила бошлаганига қарамай, бу кун қўшиқ куйланмади, қизиқ ҳикоялар айтилмади. Эртанги кун ҳам, ундан кейинги кун ҳам шу руҳда ўтди. Фалокат оёқ остида эканлигини энди ҳамма идрок этмоқда. Юлдузли осмон остида тунаган сайёҳлар ўз пониларичалик овқатлана олишмади: қоплардаги троллар ғоридан олинган егулик захираси тобора камайиб бормоқда, жониворлар эса бошини хам этса бас – майса ҳамма жойда қалин ўсган. Тонглардан бирида тоши тарақ-туруқ думалаб, кўпик ҳосил қилганча оқаётган дарёнинг саёз жойидан кечиб ўтишди. Нариги қирғоқ тик кўтарилган бўлиб, жуда сирпанчиқ экан. Пониларини жиловидан ушлаганча, бир амаллаб қирғоққа чиқиб олишган сайёҳларнинг кўз олдида баланд тоғлар намоён бўлди. Тоғ тизмаси худди улар томон сурилаётган, биринчи тоғ этагига кун охирида етиб борса бўладиган масофа қолгандай туюлди. Гарчи қўнғир қиялигининг баъзи жойларига қуёш нурининг тилимлари тушиб, ортида қорли чўққилар оқариб турган бўлса-да, ушбу қорамтир тоғ қандайдир нохуш кўринмоқда.

Бильбо, кўзини катта очганча, иззат-икром тўла нигоҳи ила тоққа бақрайиб қолди. Хоббит бундай улкан тоғни ҳали ҳаётда кўрмаган.

- Шуми, биз қидириб келган тоғ? - хитоб қилди у.

- Йўғ-е! Ғуборли тоғлар-у бу, - эътироз билдирди Балин. - Уларни ё устидан, ё остидан юриб ошиб ўтсак, Ёввойи ўлка-ю, Ёвуз ўрмон келади. Ўша ўрмонга ўлмай етиб борган тақдиримизда ҳам, хазинамизни Қари Қурум қўриқлаб ётган Шарқдаги Сўққи тоққа ҳали анча узоқ бўлади.

- Шунақа дегин! - ҳафсаласи пир бўлди Бильбонинг.

Балиннинг жавобини эшитган хоббит ҳаётда бунчалик толиқмагани ҳақида ўйланиб, ўзининг ёқимли меҳмонхонасидаги камин қаршисига ўрнатилган ниҳоятда қулай креслоси ва оловда қайнаётган чойнагининг қувноқ қўшиғини маъюс кайфият-ла эслади.

Сафарни энди Гэндальф бошқариб бормоқда.

- Муҳими, йўлдан адашмаслик даркор, акс ҳолда тамом бўламиз, - деди у. - Биринчидан, тўйиб овқатланиб олишимиз, иккинчидан нисбатан хавфсиз жой топишимиз керак. Бундан ташқари, адашиб қолиб, ортга қайтишимизга тўғри келмаслиги учун, қайта олсак, албатта, Ғуборли тоғлар орқали ўтиш йўлини билиб олишимиз лозим.

Гномлар Гэндальфдан қаёққа бошлаб бораётганини сўрашди.

- Фаҳмлаган бўлсангиз, биз Ёввойи ўлка сарҳадига етдик. Шу яқин ўртада Ривенделл дея аталадиган ажиб бир водий ниқобланган. У ерда Элронд ўзининг Сўнгги бошпанасида яшайди. Эски танишларим орқали унга хабар йўлладим. Бизни меҳмонга кутишяпти.

Бу гап хуш келиб, тасалли бергандай эшитилган бўлса-да, Сўнгги бошпанага етиш учун, дастлаб ўша ажиб водийга олиб борадиган йўлни топиш керак. Олдинда кўринаётган ҳудуд дастлабки тоғ бағри томон оғишмай, аста-секин кўтарилиб бормоқда. Унинг бир хил манзарасини ҳеч нарса бузмаган – на бир дарахт, на дара, на алоҳида дўнглик бор, фақат супургигул рангидаги кенг нишаблик, вақт уқалаган қоялар ва улардаги, ушбу ҳудудда намлик борлигидан далолат берадиган майса ва йўсиннинг яшил доғи кўринмоқда.

Shokir Dolimov 28.06.2018 02:20

Тонг вақти ўтиб, кун ярмига етди. Йўловчилар бетоқат. Жимжит чўлда бирон-бир маскан аломати пайдо бўлмади. Кутилмаганда оёқ остидан қирғоғи тик кесилган чуқур жарлик чиқди. Шуниси ҳайратланарли-ки, тубидан сой ўтган ушбу жарлик деворида дарахтлар ўсган. Кейинги жарлик шу қадар торки, бир қарашда сакраб ўтиш мумкиндай гўё. Аммо у ниҳоятда чуқур бўлиб, ичидан шаршара шовқини эшитилмоқда. Бошқа чуқурликлар сакраб бўлмайдиган кенг, қоронғи бўлиб, ичига тушиш мумкин бўлган жойи кўринмади. Кейин эса бир қарашда ям-яшил ўтзордай кўринган ботқоқлик пайдо бўлиб, агар унга юк ортилган пони кирадиган бўлса, изсиз йўқолиши муқаррар.

Кечув жойидан Ғуборли тоғларгача чўзилган Ёввойи ўлка чексиздай кўринмоқда. Бундай бепоёнлик Бильбони ҳайратда қолдирди. Мавжуд ягона йўл оқ тошлар воситасида белгиланган, аммо уларнинг кўпи ё йўсинга ботган, ё шунчалик майдаки, кўз илғаши қийин кечмоқда. Сайёҳлар жуда секин юришмоқда, гарчи олдинда бу жойларни яхши биладиган Гэндальф йўл бошлаб бораётган бўлса-да. Сеҳргар бошини дам чап, дам ўнг томон эгиб, оқ тош қидирганча, соқолини тебратиб бормоқда. Қош қорая бошлади, йўловчилар гуруҳи эса кўзланган манзилга эрталабга нисбатан яқин боргани йўқ. Чой ичиш вақти аллақачон ўтди, кечки овқатга кеч бўлди, сайёҳларни майда чивинлар булути ўраб олган, ой ҳали кўтарилмаган, Бильбонинг пониси чарчаб, ҳар бир тош, дуч келган илдизга қоқилиб бормоқда.

Нишаблик бўйлаб кўтарилиш жараёни кечгача давом этиб, Гэндальфнинг оти пастликка сирпаниб кетишига сал қолган даражада дафъатан ниҳоясига етди.

- Ниҳоят! - хитоб қилди Гэндальф.

Ҳамма унинг атрофида йиғилиб, пастга қаради. Узоқда гўзал водий намоён бўлиб, тошлоқ ўзанида шўх оқаётган сой шовқини эшитилди, енгил эсган шабада янги унган майса ҳидини олиб келди, сойнинг нариги соҳилидаги буталар орасида гулхан шуъласи милтиллади.

Қош қорайган маҳалда пастга, хилватдаги Ривенделл водийсига сирпаниб, тойиб тушишганини Бильбо ҳеч қачон унутмаса керак. Пастлаб боришган сари қарағай ҳиди кишини карахт қиладиган даражада кучайиб бормоқда. Бильбонинг уйқуси келди, пешанаси билан понисининг яғринига бир-икки бор урилиб, эгардан тушиб кетишига сал қолди. Водийга яқин қолган сари йўловчиларнинг кайфияти ҳам кўтарила борди. Қарағайлар ўрнини энди қора қайин билан эман эгаллади. Қоронғи тушиб, йўловчилар гуруҳи текис ерга етган маҳалда майсазор кул рангини касб этган эди. Сал нарида сой шовқин солиб оқмоқда.

- Ҳм, эльф ҳиди келяпти! - деди Бильбо, тепага, ёрқин мовий тусда ярқираб кўриниш бера бошлаган юлдузларга қараб.

Кутилмаганда дарахтлар орасидан биров хандон уриб, қўшиқ янгради:

Қай томон йўл олган мард сайёҳлар карвони?
Тўхтанг энди, тин олинг, бу ер ҳордиқ маскани.
Ўрмонга етдингиз сиз, янграр сойнинг шўх саси,
Емирилиб битибди-ю, отчаларнинг тақаси.

Гулхан боқади сизни, тили ялар қозонни,
Ҳиди узоқ тарқалган эльфнинг мазали нони.
Гангиб қолибди Фили, соқоли гўё байроқ,
Хавотир олма Кили, тоққа эмас, юр бу ёқ.

Хоббит Бильбо хуш келибсан ушбу гўзал ўлкага,
Қорнинг очдир, туз тотмабсан, энди ўтир тўрига.
Двалин ила Балин ҳам толиқиб тушди отдан.
Тонгда чиқарсиз йўлга, ҳозирча олинг чойдан.

Дарахтга чиққан эльфлар хандон отиб, қўшиқ айтишмоқда. Бемазагарчилик дерсиз балким, аммо уларга фарқи йўқ, ушбу гапни уларнинг юзига айтсангиз ҳам бўлаверади, баттар кулиб, қўшиқларини янада баланд айтаверишади. Эльф-ку, ахир булар!

Shokir Dolimov 28.06.2018 02:21

Тун қоронғиси қалинлашиб бораётганига қарамай, хоббит эльфларнинг баъзи бирларини кўриб қолди. Бильбо эльфларни ёқтиради, гарчи уларни камдан-кам ҳолларда учратиб, бироз ҳайиқса-да. Гномлар эса, аксинча, эльфлар билан дўст тутинишмайди. Ҳатто Торин каби мулоҳазали гномлар ҳам эльфларни бу дунёда мавжуд жонзодларнинг ғирт аҳмоқ ва ўта хира тоифаси деб топишади (эльфларни аҳмоқ деб топишнинг ўзи аҳмоқликдан ўзга нарса эмас, аслида). Гап шундаки эльфлар гномларни масхара қилиб, соқоли устидан кулишади.

- Ҳангомани қаранг! - эшитилди эльфнинг овози. - Хоббит Бильбо понини эгарлаб олибди. Зўр-у! Мўъжизанинг ўзгинаси!

Эльфлар юқорида келтирилган қўшиқ каби яна тутуриқсиз, алмойи-алжойи қўшиғини чўзиб қолишди. Ниҳоят новча бўйли ёш эльф йигит дарахтлар орасидан чиқиб, Гэндальф билан Торинга таъзим бажо айлади.

- Водийга хуш келибсиз! - деди у.

- Хуш вақт бўлинг! - бироз дарғазаб оҳангда жавоб берди Торин.

Гэндальф отидан тушиб, эльфлар билан қувноқ суҳбат бошлади.

- Сизлар йўлдан бироз оғдингиз, агар Сўнгги бошпанага кетаётган бўлсангиз, албатта, - деди эльф йигит. - У ёққа эса ягона йўл бўлиб, дарё оша ўтади. Биз сизларга йўл кўрсатиб борамиз. Кўприкдан ўтгунча отдан тушиб пиёда юрганиз маъқул. Тутун ҳидини сезяпсиз-ми? У ерда кечки овқат тайёрлашга киришишган. Балки бироз дам олиб, биз билан қўшиқ айтарсиз?

Бильбо хийла чарчаган бўлса-да, бажонидил қолиб, бироз қўшиқ тинглаган бўлар эди. Июнь ойи тунининг юлдузли осмони остида эльфлар қўшиғини тинглаш кишига ўзгача завқ бағишлайди, агар сиз бундай нарсаларни ёқтирсангиз, албатта. Бильбо, гарчи муқаддам учратмаган бўлса-да, унинг исмини, кимлигини биладиган ушбу махлуқотлар билан бироз суҳбатлашишни истади. Ўз саргузашти ҳақида уларнинг фикрини эшитишни хоҳлади. Айтишларича, эльфлар кўп нарсалардан воқиф бўлиб, ҳар қандай янгиликдан, дунёда нима гап бўлаётганидан ҳаммадан олдин, шаршаранинг суви ерга тушишга улгурмай хабар топишади. Гномлар овқатланиш масаласида якдил бўлишгани боис, илож қанча, хоббит ҳам йўлни давом этишга мажбур бўлди.

Сайёҳлар пониларини жиловидан ушлаб ҳаракат бошлашди. Эльфлар уларга сой бўйлаб кетган ишончли сўқмоқни кўрсатишди. Қуёш тоғ чўққисидаги қорни кун бўйи қиздириб эритганидан сўнг, ёз оқшомида ҳосил бўлган тоғ жилғалари сойда қўшилиб, жўш урганча оқмоқда. Ниҳоятда тор, понилар қўрқа-писа базўр юриб ўтган панжарасиз тош кўприк икки қирғоқни ўзаро боғлаган. Ундан эҳтиётлик билан, битта-битта ўтишга тўғри келди. Меҳмонларнинг йўлини фонуслар билан ёритган эльфларнинг жағи қувноқ қўшиқлардан тинмади.

- Соқолинг сувга тегиб ҳўл бўлмасин, ҳой отахон! - бақиришди эльфлар, кўприкдан уч букилиб ўтаётган Торинга. - Уни намлама, шундоқ ҳам беўхшов ўсиб кетибди.

- Бильбога кулчаларнинг барини еб, қулф тешигига сиғмас даражада семириб кетишига йўл қўйманг, - қичқиришди бошқалар. - Мешқорин хоббит шундоқ ҳам озғин эмас.

- Ҳой, меҳри дарё халқ, секинроқ, секинроқ гапиринг! - тўхтатди эльфларни Гэндальф. - Деворнинг ҳам қулоғи бор-а! Баъзи эльфлар тилини тия олмайдиган кўринади. Хайрли тун!

Шундай қилиб сайёҳлар дарвозаси меҳмондўстона катта очилган Сўнгги бошпанага – Элронднинг қасрига етиб келишди. Қизиқ бир ҳолат: барча яхши нарсалар-у, дилкаш ўтган кунлар ҳақида шунчалик тез ҳикоя қилинадики, эшитишга арзигулик гап бўлмайди, нохуш нарсалар, киши вужудини титратадиган мудҳиш ҳикоялар эса узоқ чўзилиб, тингловчилар қизиқиб эшитишади. Йўловчилар Сўнгги бошпанада кам деганда икки ҳафта меҳмон бўлишди. Энди улар ушбу ажиб водийни истар-истамас тарк этишлари керак. Ихтиёр Бильбонинг ўзида бўлганда, бу ерда бажонидил яна қолган, Ширни соғинганда эса ўзининг қадрдон Бэг-Энди – ерости кулбасига қайтган бўлар эди. Шундай бўлса-да, Сўнгги бошпанада ўтказган кунлари ҳақида айтиб беришга арзийдиган гапнинг ўзи йўқ.

Shokir Dolimov 28.06.2018 02:23

Элронд эльфларга дўст тутинган, аждодлари орасида эльфлар ва Шимол ўлкаларини кашф этган инсонлар бўлган одамларнинг йўлбошчиси, мазкур Бошпана соҳиби саналади. У эльфлар амиридай кўркам ва олиҳиммат, жангчидай кучли, сеҳргардай оқил, гномлар қиролидай улуғвор ва қиздирмайдиган ёз каби меҳри илиқ инсон сифатида эътироф этилган. Элронднинг Сўнгги бошпанаси мукаммалликнинг ўзгинаси бўлиб, бу ерда ҳаммага, хусусан: тўйиб овқатланиб, узоқ ухлашни ёқтирадиганларга ҳам, меҳнат қилишни хуш кўрадиганларга ҳам, бошқаларнинг қизиқ ҳикояларини тинглаб, ўз ҳикояларини айтиб беришни ёқтирадиганларга ҳам, қўшиқ куйлашни ёки шунчаки ўтириб, узоқ ўйга толишни хуш кўрадиганларга ҳам, ҳамма нарсадан оз-оз ёқтирадиганларга ҳам яхши.

Ёвузлик ушбу водийга қадам босмаган. Бизнинг сайёҳларимиз билан уларнинг понилари бу ерда ўтказган кунлар давомида яхшигина ҳордиқ чиқариб, куч тўплашди. Кайфиятлари кўтарилди, кийим-кечаклари ямалди, жароҳатлари даво топди, қопларига енгил, аммо тўйимли егулик захираси солинди, кўп фойдали маслаҳатлар берилди. Сайёҳлар «Ёз ўртаси куни» байрами арафасида ўз сафарларини давом этишга шай бўлиб, байрам куни тонг саҳарда йўлга чиқишга аҳд қилишди.

Элронд қадимий руналарни ўқишни билади. Йўловчилар сафарга чиқишидан бир кун олдин троллар ғорида топилган қиличларини унга кўрсатишди.

- Буларни троллар болғаламаган, - деди Элронд қуролларни диққат билан кўздан кечириб чиқиб. - Ушбу қиличлар қадимий бўлиб, менинг буюк қариндошларим – машҳур қуролсоз эльфлар меҳнатининг узоқ ўтмишдаги маҳсули саналади. Ушбу қуроллар Гондолин устахоналарида, гоблин ва оркларга қарши уруш олиб бориш мақсадида ясалган. Афтидан улар бирон-бир аждар хазинасида узоқ қолиб кетган ёки гоблинлар ўлжасига айланган кўринади. Чунки аждарлар билан гоблинлар кўп асрлар муқаддам Гондолин шаҳрини вайрон қилишган. Масалан, Торинга насиб этган қилич – машҳур қурол Оркрист бўлиб, қадимий Гондолин тилида «Оркни яксон қилувчи» маъносини англатади. Гэндальф қуролланган қилични эса бир замонлар Гондолин қиролининг шахсан ўзи тақиб юрган, «Душман янчиш босқони» маъносини англатадиган Гламдринг деган ном олган. Қуролингизни эҳтиёт қилинг, жаноблар.

- Қизиқ, тролларнинг қўлига қандай тушиб қолди экан, а, улар? - сўради Торин, қиличини катта қизиқиш-ла яна бир бор кўздан кечириб.

- Аниқ айтиш қийин, - жавоб берди Элронд, - бироқ фаҳмлаш мумкинки, ўша тролларингиз «ўғрини қароқчи урди» қабилида иш тутган ёки бировнинг тоғда бекитилган ўлжасини топиб олишган.

Торин ўйланиб қолди.

- Уни мен шараф-ла тақиб юраман, - деди у ниҳоят. - Ҳадемай, орк яксон қилишга яна киришади у.

- Ғуборли тоғларда бу иш ижроси ўзини куттириб қўймайди, - таъкидлаб ўтди Элронд. - Энди харитангизни кўрсатинг.

Элронд узатилган харитани ёзиб, бош чайқаганча кўздан кечириб чиқди. Гномларга, аниқроқ айтганда, гномларнинг олтинга бўлган носоғлом ишқивозлигига Элронд жуда салбий қарайди, бироқ у аждарлардан, уларнинг шафқатсизлиги ва макридан қаттиқ нафратланади. Дейлнинг қувноқ қўнғироқларини юраги ачишиб эслайди, чунки кейинчалик унга ўша шаҳар харобалари ва Тез оқар дарёнинг куйган қирғоқларини кўришга тўғри келган. Харитага ойнинг кумуш тусли кенг шуъласи тушди. Шунда Элронд харитани баланд кўтариб, ой ёруғига тутди.

- Нима бу? - хитоб қилди у. - «Тоғ эшигининг баландлиги атиги беш тирсак бўлиб, кўпи билан уч киши бир қатор саф тортиб кириши мумкин», дея битилган оддий руналар орасидан ой ҳарфлари кўриниш беряпти!

- Яна қанақанги ой ҳарфлари? - тия олмади ўзини хоббит.

Юқорида айтганимдай, Бильбо хариталарни жуда яхши кўради. Шунингдек, у, руналарни ва сирли ёзувларни ёқтиради, гарчи ўзининг ингичка ва илғаб олиш ҳар доим ҳам осон кечмайдиган дастхати ўргимчак инидан кўп фарқ қилмаса-да.

- Ой ҳарфлари оддий руна ёзувларига ўхшаш бўлиб, одатда, кўзга кўринмайди, - жавоб берди Элронд. - Улар фақат ойдин кечада кўзга илиниши мумкин, агар ой нури хатнинг орқа томонидан ўтса. Яна шундай айёр ёзилган ой ҳарфлари бўладики, ойнинг қайси ҳолатида битилган бўлса, фақат ўша ҳолатида ўқиш имкони бўлади. Хат битишнинг бундай усулини гномлар ихтироси бўлиб, кумуш пат-қалам қўлланилади. Мана бу ёзув ўша усулда битилган ва уни фақат бугун тунда, яъни «Ёз ўртаси куни» байрами арафасида ўқиш мумкин холос.

- Нима деб ёзилган экан у ерда? - баравар сўради Гэндальф билан Торин.

Ушбу сирни биринчи бўлиб ўзи эмас, Элронд фош этгани учун Торин бироз аччиқланди. Лекин адолат юзасидан айтмоқ жоизки, шу бугунгача унинг ҳаётида ўхшаш ҳолат юзага келмаган эди.

- Дьюрин куни қораялоқ чириллаган фурсатда кулранг қоя қаршисига бориб тур, - овоз чиқариб ўқиди Элронд. - Ботаётган қуёшнинг сўнгги нури қулф тешигини кўрсатади.

- Ҳа-я, Дьюрин, Дьюрин! - инграб юборди Торин. - Узунсоқол гномлар уруғи оқсоқоллари орасида энг улуғ қабила бошлиғи, уруғимиз асосчиси бўлган. Дьюрин менинг энг биринчи аждодим бўлади. Мен унинг сўнгги авлодиман.

- Дьюрин куни дегани нима? - қизиқди Элронд.

- Ҳаммага маълумки, ой билан қуёш кузнинг сўнгги кунида бир вақтда кўринадиган кунни биз Дьюрин куни, деб атаймиз. Бироқ бундай билимнинг энди нафи йўқ. Зеро, бизнинг давримизга келиб ўша кун, яъни гномлар учун йил алмашадиган кун қачон келишини ҳисоблаш усули унут бўлиб кетган.

- Буни кўрамиз ҳали, - гапга аралашди Гэндальф. - Яна бирон гап ёзилганми?

- Ойнинг бугунги ҳолатида бошқа ҳеч нарса кўринмаяпти, - жавоб берди Элронд харитани Торинга узатиб.

Шундан сўнг улар эльфлар қўшиғини тинглаб, рақс томоша қилгани сув бўйига тушди.

«Ёз ўртаси куни»нинг байрам тонги ҳавас қилгудай даражада ажойиб отди: мовий осмонда парчадай булут йўқ, қуёш нурлари сувда мавжланиб ўйнамоқда. Сайёҳлар хайрлашув қўшиқлари ва яхши тилаклар остида йўлга чиқишди. Улар кейинги саргузаштларга тайёр бўлиб, Ғуборли тоғлар ортидаги ўлкага олиб борадиган йўлни энди аниқ билишади.

Shokir Dolimov 28.06.2018 13:23

ТЎРТИНЧИ БОБ. ТОҒ УСТИ ВА ТОҒ ОСТИ ОРҚАЛИ ЮРИШ

Тоғ тизмасида юқорига кўтарилиб, шарқий йўналиш томон кетган сўқмоқларнинг саноғи йўқ, лекин аксарияти сохта бўлиб, ё боши берк жойда, ё жар ёқасида якун топяпти. Ҳар турдаги қабоҳат макони саналадиган ўша жарликларда йўловчиларни мудҳиш хавф-хатар кутади. Элронднинг оқил маслаҳатлари ва Гэндальфнинг панд бермас хотирасига таянган сайёҳларимиз ҳамиша ўнг томонлаб юришга уринишмоқда. Улар Сўнгги бошпанани тарк этиб, тоққа чиқа бошлашганидан буён кўп кунлар ўтди, кўп миля йўл босилди, бироқ тоққа кўтарилиш жараёнининг охири кўринмайди. Кимсасиз, иланг-биланг, узундан-узоқ йўлни босиб ўтиш машаққатли ва хавфли кечмоқда.

Йўловчилар шу даража баланд кўтарилишди-ки, ортга қараб, яқинда тарк этилган ҳудудни кафтдай кўришяпти. Олис Ғарбда, оч бинафшаранг туман пардаси ортида эса Бильбонинг юрти, хавфсиз ва шинам дунёси, унда мавжуд хоббит кулбаси кўрингандай бўлади.

Ҳаво совияпти, қоялар орасида муздай шамол ҳуштак чаляпти. Қор исканжасидан кундузги қуёш тафти ила халос бўлаётган харсанглар тоғ бағридан пастга думалаб, йўловчилар орасидан ёки боши устидан учиб ўтмоқда. Кечалар рутубатли, оромсиз ўтмоқда. Боз устига сайёҳлар қўшиқ айтиш ёки баланд овозда суҳбатлашиш имконидан маҳрум бўлишган. Чунки сал кўтарилган овоз тоғда мудҳиш акс-садо бермоқда, тоғ сукунати сув шовқини, шамолнинг увиллаши ва тошларнинг тақир-туқуридан ташқари, ҳеч қандай товуш чиқарилмаслигини талаб қилаётгандай гўё. «Пастда ёзнинг энг қизғин палласи кечмоқда, - хаёлдан ўтказди Бильбо. - Ширда ҳозир ўт ўриб, зиёфат уюштириш палласи... Биз тоғдан пастга тушишни бошламай, пакана хоббитларимиз ғалла ўрими, реза мева теримини бошлаб юборишса керак».

Қолганлар ҳам маъюс хаёлларга берилган кўринади. Гарчи ҳаммаси Элронд билан хайрлашар экан, тоғни тез ошиб, ҳадемай нариги томондаги текисликда от чоптиришларига қатъий ишонч билдиришган бўлса-да. Улар ҳатто Сўққа тоғнинг Махфий эшигига кузнинг биринчи ҳилолига қолмай етиб боришга умид қилишган. «Балким Дьюрин кунига етиб борармиз», - дейишди гномлар. Фақат Гэндальфгина бош силтаб, индамаган эди ўшанда. Гномлар бу йўллардан юришмаганига кўп йиллар бўлди. Гэндальф эса кўп юрган. Аждарлар бу ерлардан одамларни қувиб солиб, гоблинлар Мория конида ўтган жангларда гномлар устидан ғалаба қозонгач, ёвуз кучлар Ёввойи ўлкада айш-ишрат қилиб, жазосиз ҳукм суришаётганини сеҳргар яхши билади. Ҳар қандай дақиқада кутилмаган ҳодиса рўй бериши мумкинлигини идрок этаётган Гендальф мазкур баланд тоғ тизмасини, унинг чиқиб бўлмас чўққилари-ю, ёвузлик макон қилган сойликларини тинч, фожиасиз ошиб ўтишга умид қилмоқда. Бироқ унинг умиди пучга чиқди!

Shokir Dolimov 28.06.2018 13:24

Кутилмаганда ниҳоятда кучли момақалдироқ бошланди. Тоғли ҳудуд осмони Ғарб ва Шарққа бўлиниб, бир-бирига чақмоқ улоқтирган тарзда ўзаро уруш очгандай, юзлаб момақалдироқ тўпларидан ўт очиб, даҳшатли жанг бошлангандай гўё. Сон-саноқсиз яшинлар тоғ чўққиларига урилиб, қояларни зир титратса, момақалдироқ мудҳиш гумбурлаб ҳаво силтаяпти. Портлаш садоси тоғ тизмасининг барча ғорлари-ю, жарликларида янграмоқда, қулоқни кар қиладиган гумбур-гумбурга тўлган зулматни эса кўзни қамаштирадиган яшин вақти-вақти билан ёритиб юбормоқда.

Бильбо бундай манзарани илгари кўриш нари турсин, хаёлан тасаввур ҳам қилмаган. Сайёҳлар гуруҳи баланд тоғда, бошни айлантирадиган даражада пастга тик тушган жар ёқасидаги торгина майдончада йиғилиб, осилиб қолган қоя остида тунашга аҳд қилди. Адёлга маҳкам ўраниб олган Бильбо дағ-дағ титраб ётибди. Атрофга адёл остидан бир кўз билан мўралаб қараётган хоббит сойликнинг нариги томонида улкан тоғ девларини кўриб, қўрққанидан сийиб қўйишига сал қолди. Тоғ девлари синган қоя бўлакларини бир-бирига қарата улоқтирмоқда. Қаттиқ зарб билан гумбурлаб тушаётган қоялар тоғ жинсларини чилпарчин қилиб, парчаларини пастга, ўрмон дарахтлари орасига сачратаётгани чақмоқ ёғдусида кўринмоқда.

Шамол кўтарилиб, жала қуйди. Дўл аралаш ёмғир қатралари ҳар томондан савалай кетгани боис, осма қоя паногоҳ вазифасини ўтамай қўйди. Йўловчилар ипидан игнасигача шалаббо бўлишди. Понилар эса қўрқувдан пишқириб бошини хам қилганча думини қисиб олган. Тоғ девлари қаҳ-қаҳ отиб, тоғлар оша бир-бирини чорлашмоқда.

- Бунақаси кетмайди! - деди Торин. - Бизни шамол учириб юбормаган, ёмғир ювиб туширмаган ёки чақмоқ уриб ёндирмаган тақдирда ҳам, анави тоғ девлари ҳар қайси биримизни чангаллаб улоқтириши ёхуд футбол тўпидай тепиб ўйнаши мумкин.

- Хавфсизроқ жойни билсанг, шартта тургин-да, бошла бизни ўша ерга! - жанжалкашлик оҳангида вайсади девлар билан қўшничилик юрагига сиғмаётган Гэндальф.

Бироз беҳуда тортишгач, Фили билан Килини нисбатан қулайроқ жой топишга юборишди. Кўриш қобилияти яхши ривожлангани, қолган гномларга нисбатан кам деганда эллик йилга ёшроқ бўлишгани боис, иккаласи ўхшаш топшириқлар ижросига (Бильбони юборишдан маъни йўқлиги аён бўлган ҳолларда) тез-тез юбориб турилади. «Қидирсанг, албатта топасан», - уқтиради ҳамиша Торин ёш гномларга. Дарҳақиқат, изланар экансан, қидираётган нарсани эмас, мутлақо бошқа нарсани бўлса ҳам, албатта топар экансан. Бу сафар ҳам шундай бўлди.

Кўп ўтмай Фили билан Кили эмаклаганча қайтиб келишди.

- Қуп-қуруқ ғор топдик, - дейишди улар, шамол учириб юбормаслиги учун қояни маҳкам ушлаб. - Анави сўқмоқ муюлиши ортида. Жой кенг, пониларимиз ҳам бемалол сиғади.

- Яхшилаб кўздан кечириб чиқдиларинг-ми? - сўради тоғ ғорлари камдан-кам ҳолларда эгасиз, бўш бўлишини билган сеҳргар.

- Албатта! - ишонтирди иккала гном, гарчи ҳамма уларнинг жуда тез қайтганига қараганда, гапи чин эканлигига шубҳа қилган бўлса ҳам. - Унчалик катта эмас, қояга қаърига ҳам чуқур кириб кетмаган.

Тоғ ғорларининг дасисаси шундан иборатки, ғор қанчалик узоқ чўзилгани, қаёққа олиб чиқиши, ичида нима борлигини ҳеч ким ҳеч қачон била олмайди. Фили билан Кили берган маълумот қониқарлидай кўринди. Илгаригидай кучли эсаётган шамол ва момақалдироқнинг гумбур-гумбури остида, юришни истамай қайсарлик қилаётган пониларни тортиб янги топилган ғорга етиб бориш осон кечмади. Ғор чиндан ҳам узоқ эмас экан. Сўқмоқдан бўртиб чиққан қояга рўбару келишган сайёҳлар тўсиқни айланиб ўтгач, қияликда очилган гумбазсимон туйнукни кўришди. Устидаги юк олиниб, эгари ечилган понилар чиндан ҳам ушбу туйнукдан бир амаллаб ўтишди.

Shokir Dolimov 28.06.2018 13:25

Ёмғир билан шамол шовқинини ичкаридан туриб эшитиш, тоғ девлари ва уларнинг тош тўпларидан хавфсиз жойда бўлиш ниҳоятда ёқимли бўлар экан. Бироқ сеҳргар таваккал қилишни истамай, қўлидаги асосини Бильбонинг кулбасида ёритгандай (орадан юз йил ўтгандай туюлди!) ёритиб, ғорни узунаси-ю, кўндалангига кўздан кечириб чиқди.

Ғор кичик эмас, яширин жойлари йўқ, поли қуруқ, пучмоқлари ётиб дам олгани қулай, лекин унда қандайдир сир борга ўхшайди. Отлар бир бурчакка йиғилди. Сули солинган қоп атрофида тўпланган ушбу жониворларнинг танасидан паға-паға буғ чиқмоқда. Ойн билан Глойн кийим қуритиш учун ғор остонасида гулхан ёқмоқчи бўлишган эди, Гэндальф рухсат бермади. Ҳўл кийимларини ерга ёзган йўловчилар қопдан чиқарган қуруқ кийимини кийиб адёлга ўранишди-да, бироз овқатланиб олгач, трубка чекиб, ҳалқа пуфлашга киришишди. Дўстларининг руҳини кўтаришга уринган Гэндальф тутун-ҳалқаларга ҳар хил ранг бериб, уларни ғор гумбази остида рақсга туширди. Кўп ўтмай момақалдироқ унут бўлиб, ҳар хил мавзуда суҳбат бошланди, хазинани эсга олиниб, ким ўз улушини нимага сарф этишини муҳокама қилишди (уларнинг назарида хазинага қўл узатса етадиган масофа қолган). Толиққан сайёҳлар ўз понилари, юклари, қоп-у кийимларини сўнгги бор кўраётганини хаёлига ҳам келтирмай, бирин-кетин уйқуга кетишди.

Гномлар Бильбони саргузашт гуруҳига қўшиб тўғри қилишганини бугунги тун яна бир бор исботлади (беихтиёр бўлса ҳам, нафи тегди).

У ёнидан бу ёнига ағдарилиб ётган хоббит узоқ вақт ухлай олмади. Кўзи илинганда эса жуда хунук туш кўрди. Тушида ғор бурчагидаги тирқиш чўзилиб, аста кенгая бошлабди. Қўрққанидан қилт эта олмаган Бильбо қичқирай деса овози чиқмабди. Яна бироздан сўнг ғор поли оғиб, Бильбо тобора кенгайиб бораётган тирқиш томон беихтиёр сирпана бошлабди. Уйғониб кетган хоббит қараса туши ўнгидан келяпти! Ғор бурчагидаги тирқиш шу қадар кенгайибди-ки, ичкарида кенг йўлак ва ушбу йўлакка кири кетаётган сўнгги понининг думи кўринди. Бильбо кучи борича қичқирди. Пакана бўлишига қарамай, хоббитларнинг қичқириғи қулоқни батанг қилиб қўйиши ҳеч гап эмас.

Дафъатан тоғ қаъридан жуссаси йирик, бадбашара орклар галаси ёпирилиб кирди (тоғ гоблинлари қабилаларидан бири шундай ном олган). Бир неча сония ўтмай ҳар бир гномни олтита, Бильбони иккита орк маҳкам тутиб, тирқишга тортишди. Гэндальф қаёққа ғойиб бўлганини ҳеч ким тушунмади. Бильбонинг халоскорлик роли айнан шундан иборат бўлди. Гап шундаки, унинг қичқириғидан тез уйғонган сеҳргар қўлидаги ҳассасидан учқун сачратишга улгурди. Орклар Гэндальфга ташланган фурсатда ғорни ёрқин шуъла ёритиб юборди, порох ҳиди чиқиб, оркларнинг бир нечтаси жонсиз йиқилди, қолганлари ўзини ҳар томон ташлади. Тирқиш ёпилди. Гномлар билан Бильбо асир олиниб, ичкарига, зулмат қаърига, фақат гоблинлар-у троллар яшайдиган тоғ марказига судраб кетилди.

Тоғ ичидаги сон-саноқсиз йўллар ўзаро кесишиб, кўп эгилган. Лекин худди сиз-у биз маҳалламиздаги дўконга олиб борадиган йўлни яхши билганимиздай орклар ҳам асирларни туртиб-тортиб қаёққадир тез олиб кетишди.

Shokir Dolimov 28.06.2018 13:26

Ҳаво ниҳоятда дим, орклар хандон отиб, бўғиқ эшитилаётган қандайдир ғалати хирилдоқ овози билан нимадир қичқириб, асирларни тепиб, чимдилаб боришмоқда. Ҳар бир тепки зарбаси Бильбонинг эсига шинамгина хоббит кулбасини солиб, тролль уни оёғидан ушлаб кўтарган фурсатдан ҳам бахтсизроқ ҳис этишга мажбур қиляпти. Ниҳоят уларнинг олдида қизғиш ёруғлик пайдо бўлди. Орклар оёқларининг ясси панжалари ила бир маромда депсиниб, асирларни силтаб, худди қағиллагандек қўшиқ бошлаб қолишди:

Қамчи! Хивич! Қарс-қурс!
Ҳуштак! Гаврон! Ёв маъра!
Ур дадилроқ! Тарс-турс!
Қўрқит уни, торт наъра!

Қани ушланг, маҳкам боғланг
Гномлар тушди тузоққа!
Ие тутинг, қочди қаранг,
Кетиб қолар узоққа!

Қамчи! Хивич! Қарс-қурс!
Ҳуштак! Гаврон! Ёв маъра!
Ур дадилроқ! Тарс-турс!
Қўрқит уни, торт наъра!

Тортинг-туртинг ҳаммасини,
Бошланг ички сўқмоққа.
Қуршанг ёш-у қарисини,
Юринг, тиқинг қамоққа.

Акс-садонинг ўзи киши вужудига даҳшат солмоқда. Йўлак девори асирларни тортиб кетаётган махлуқлар қўшиғининг баланд айтилаётган: «Қамчи! Хивич! Қарс-қурс!» нақаротидан-у, юзлаб гоблинларнинг ниҳоятда хунук янграётган кулгисидан зир титрамоқда. Қўшиқ маъноси тушунарли: «Ур дадилроқ! Тарс-турс!» - дея ўкираётган гоблинлар қўлидаги қамчи-ю, хивич билан асирларни савалаганча тоғ қаърига қувиб кетишмоқда. Оғриқдан инграб, бақириб юборишга сал қолган асирлар ниҳоят бошқа ғорга қаршисида тўхтатилди.

Ўртада катта гулхан ёняпти, оркларга тўла ғор деворларига машъалалар маҳкамланган. Гномларни кўрган орклар қарсак уриб, хандон отишди, асирларни қувиб келганлари эса ҳаво қамчилади (саф кетига қўйилган, демакки, ҳаммадан кўпроқ калтак еган бечора Бильбо охирги бўлиб кириб келди).

Понилар бурчакка қамалибди, қўлга олинган сайёҳларнинг қопи кесилиб, титкиланган нарсалари эса жониворларнинг ёнида уюм бўлиб ётибди. Айрим гоблинлар уларни ҳамон пайпаслаб ҳидлаб, нарса талашганча бир-бири билан жанжаллашяпти. Минг афсуски, гномлар ўз пониларини, шу жумладан, оддий йирик от тоғ сўқмоқларида юра олмагани боис, Элронд Гэндальфга ҳадя этган миттигина бақувват отчани ҳам энди ҳеч қачон кўришмайди, чунки сир сақлаш шарти билан айтаман-ки, еб тўймас гоблинларнинг барча уруғлари от, эшак, пониларни (ва таассуфки, бошқа жонзодларни) пиширмай, хомича ейди. Бироқ ҳозир сайёҳлар учун пониларнинг ғамини ейдиган маврид эмас. Орқага қайрилган қўли кишанбанд қилиниб, узун занжирга турна қатор боғланган асирлар ғор бурчагига қувиб солинди. Шўрлик Бильбо энг охирида тебраниб бормоқда.

Ғорнинг нимқоронғи бурчагидаги ясси тош устида калласи катта гоблин керилиб ўтирибди, унинг атрофида эса болта ва эгри шамшир билан қуролланган қўриқчи орклар турибди.

Shokir Dolimov 28.06.2018 13:28

Таъкидлаб ўтмоқ жоизки, гоблинлар шафқатсиз, дарғазаб ва жуда хунук махлуқлардир. Улар гўзалликдан йироқ бўлиб, ёвузликдан ўзга нарсага ярамайди. Улар туннель қазишда гномлардан қолишмайди, керак бўлганда фойдали қазилмаларга ишлов беришади, лекин ҳамиша ифлос, исқирт юришади. Тўқмоқ, болта, қилич, ханжар, кетмон, каж омбур, қийнаш қуроллари каби асбоб-ускуна ва қурол-яроғларни ўзлари ясашади ёки бошқаларни, яъни ҳоли-жони қолмай чарчаб, ҳаво ва ёруғлик танқислигидан ўлгунча ишлайдиган қуллар ва асирларни ясашга мажбур қилишади. Асрлар оша инсониятга кўп нохушлик, офат келтирадиган машина турлари, айниқса, оммавий қирғин қурол турларини ихтиро қилинган бўлиб, уларнинг кўпини айнан гоблинлар ясаганини рад этиб бўлмайди. Турли механизмлар, ғилдираклар, моторлар ва портловчи моддалар гоблинларни ҳамиша қизиқтириб келган. Бироқ биз ҳикоя қилаётган даврлар ва ёввойи ҳудудларда яшаган гоблинларнинг ақли ҳали унчалик ривожланмаган. Улар нафақат гномлардан, балки ҳаммадан баробар, айниқса, андишали, юртини равнақ топтирган халқ ва элатлардан нафратланишган. Айрим ҳудудларда баъзи виждонсиз, ор-номусни унутиб юборган гномлар гоблинлар билан жиноий тил бириктиришган. Бироқ юқорида тилга олинган, узоқ ўтмишда бўлиб ўтгани боис бу ерда мулоҳаза юритилмайдиган уруш туфайли гоблинлар Ториннинг қабиласидан ниҳоятда кучли нафратланишган. Умуман айтганда, гоблинларга фарқи йўқ кимни тутиши-у, кимни қийноққа солиш, муҳими ўша асирлар заиф бўлиши ёки ғафлатда қолиб, ўзини ҳимоя қила олмаса бўлгани.

- Қанақанги ночор жониворлар экан булар? - сўради Орклар саркори.

- Гномлар билан мана бу! - жавоб берди асирларни қувиб келган орклардан бири қўлидаги занжирни қаттиқ силтаганча, Бильбони тиззасига йиқитиб. - Асосий кириш эшигимиз олдига бекиниб олишган экан.

- Сабаб? - сўради Орклар саркори Ториндан. - Ишончим комилки, бирон-бир жирканч қилиқ кўрсатишни ният қилишган. Шубҳа йўқ-ки, халқимнинг изидан тушиб, жосуслик билан шуғулланишган. Ўғри бўлиб чиқишса ҳеч ажабланмайман! Афтидан қотилликка келишган! Ёки бундан-да баттари – эльфлар билан дўст тутинишган! Хўш, гапиринг! Нима дейсиз?

- Мен гном Торин бўламан, хизматингизга мунтазирман (тушуниб турган бўлсангиз керак, бу оддий хушмуомалаликдан ўзга нарса эмас эди). Сиз санаб ўтган жиноий қилмишларга дахлимиз йўқ, - деди Торин. - Биз қулай ва кимсасиз кўринган ғорда жала ва момақалдироқдан бекиндик холос. Гоблинларни ташвишга қўйиш ниятимиз йўқ ва бўлмаган (Чиндан ҳам шундай бўлган!).

- Ҳм! - овоз чиқарди Орклар сардори. - Шунақа денг! Бу тоғларда нима қилиб юрибсиз, билсак бўладими? Кимсиз, қаердансиз, қай томон йўл олгансиз? Сиз ҳақингизда ҳамма нарсани билишни истайман. Бироқ тўғрисини айтишим керакки, Торин Эманқалқон, ростгўйлигинг бари-бир сенга наф келтирмайди. Қабиланг ҳақида, аждодларинг ишлатган ҳийла-найранглар ҳақида мен шундоқ ҳам яхши биламан. Лекин бор гапни тўкиб сочганинг маъқул, албатта.

- Қариндошларимиз, яъни ушбу меҳмондўст тоғларнинг шарқ томонида яшайдиган жиянларимиз, аммаваччаларимиз, холаваччаларимиз, ака-укаларимиз, опа-сингилларимиз ва бошқа қариндошларимизнинг ҳолидан хабар олгани йўл олганмиз, - вазмин оҳангда жавоб берди Торин, ҳақиқат ўринсиз бўлган бундай вазиятда бор гапни тўкиб сочиш масаласида қийинчилик сезиб.

- Ёлғон гапиряпти, о буюкларнинг буюги! - гапга аралашди асир қувиб келганлардан бири. Ушбу махлуқларга биз билан бирга пастга тушишни таклиф қилаётган эдик дафъатан чақмоқ чақиб, ғордаги шерикларимиздан бир нечтаси шу заҳоти тил тортмай ўлди. Сўранг-чи, мана бу қуролини нима деб изоҳлаб берар экан у?

Орк Ториннинг троллар ғоридан топилган қиличини кўрсатди.

Shokir Dolimov 28.06.2018 13:29

Қуролни кўриб қаҳри қайнаган Орклар саркори юракни музлатиб юборадиган даражада қичқириб юборди. Ҳуркиб тушган жангчи оркларнинг бари тишини ғижирлатиб, қалқонларини тақиллатиши. Улар бир қарашдаёқ ушбу қотил-қилични яхши танишди. Бир замонлар Гондолиннинг сарғиш сочли эльфлари ўз шаҳри бўсағасида гоблинларни чекинишга мажбур қилган. Ўшанда ушбу қилич юзлаб гоблинларни чопиб ташлаган. Эльфлар унга Оркрист, яъни «Оркни яксон қилувчи» дея ном берган, бироқ гоблинлар ушбу қуролни Қопағон деб аташган. Гоблинлар ушбу қуролдан нафратланишган, уни қўллаганни эса беш баттар ёмон кўришган.

- Қотиллар, эльфларнинг дўстлари, мана ким улар! - ўкирди Орклар саркори. - Чопинг уларни! Бошини олинг! Сўйинг! Ғажинг, гўштини титинг! Кун ёруғини ҳаётда кўришмасин, илон тўла хандаққа ташланг!

Бош махлуқ шу қадар қаттиқ ғазабландики, тишини яланғочлатганча Торинга ташланди. Шу фурсатда ғордаги гулханлар бирданига ўчди, қизиган тутун уюрмаси баланд кўтарилиб, ундан ҳар томон чўғ отилди. Гоблинлар куйди. Ушбу махлуқлар орасида кўтарилган қий-чув, дод-вой, ур-йиқитни тавсифлашга қалам ожиз. Агар юзлаб ёввойи мушуклар-у, бўрилар қизиган чўғда тириклайин тоблаб пиширилган тақдирда ҳам, бунчалик фавқулодда шовқин кўтарилмаса керак. Ғорни тўлдирган жизғин тутуни шу қадар қалинлашдики, ҳатто зулмат ичра юришга одатланган гоблинларнинг кўзи ҳам ҳеч нима илғамай қолди. Ҳар томон ташланган махлуқлар тош деворга зарб билан урилганча тўкилиб йиқилишди. Кўп ўтмай жамики гоблинлар ерда ғужанак бўлиб ётганча, оғриқ азобидан бир-бирига ёпишиб, ғажишиб, тепишиб, қутуриб кетгандай дўппослашиб думалашди.

Дафъатан қилич ялт этиб, Орклар саркори ғор ўртасига, турган жойига жонсиз йиқилди. Унинг қўриқчилари эса кучи борича чинқириб, қоронғиликда тумтарақай бўлишди. Қилич қинга қайтди.

- Ортимдан, тезроқ! - эшитилди кимнингдир қатъий оҳангда янграган вазмин овози.

Умумий занжир таранглашиб, қоронғиликда йиқилиб тушмасликка уринган шўрлик хоббит майда қадам ташлаганча занжир тортган томон югура кетди. Олдинда хира мовий чироқ кўринмоқда. Оркларнинг қий-чуви ортда қолиб, аста-секин узоқлаша борди.

- Тезлашинг! - буюрди яна ўша овоз. - Машъалаларини ёқади улар ҳозир.

- Бир дақиқа! - деди Бильбодан олдинда бораётган Дори.

Ушбу ёқимтой гном хоббитни елкасига кўтариб олгач, гуруҳ ҳаракатини тезлатди, қўллар боғланган бўлса ҳам, занжирни жаранглатиб, қоқилиб-туртиниб олға югурди. Анча вақтгача тўхтамай узоқ югурган гуруҳ афтидан, тоғ тизмасининг марказига, энг чуқур ерига бориб етди.

Гэндальф қўлидаги асосини яна ёритди. Буларнинг бари унинг иши, албатта. Бироқ ҳозир уни саволга тутгани, қаердан пайдо бўлиб келгани суриштириб билишга вақт йўқ. Қиндан чиқарилган қилич сеҳргарнинг қўлида яна ёришди. Атрофида орклар бўлган пайтда қилич ғазабдан ёришган бўлса, энди гоблинлар раҳнамосининг жонини суғуриб олганидан мамнун бўлгандай, мовий тусда ялтирамоқда. Занжир узиш ушбу қуролга чўт эмас. Асирларни халос этган қуролнинг номи, ёдингизда бўлса, Гламдринг, яъни «Душман янчиш босқони» бўлиб, гоблинлар уни Тўқмоқ деб аташиб, Қопағондан ҳам баттар ёмон кўришади. Оркрист ҳам қутқарилди. Гэндальф уни серрайиб қолган қўриқчининг қўлидан тортиб олишга улгурибди. Умуман айтганда, Гэндальф кўп нарсаларга бир вақтда улгуради. Ҳар нарсага қодир бўлмаса-да, ҳаёти хавф остида қолган дўстлари учун керагича каромат кўрсата олади.

- Ҳамма шу ердами? - сўради сеҳргар, таъзим бажо айлаганча, қилични Торинга қайтариб. - Қани, ўзим санаб чиқай-чи: Торин бир, икки, уч, тўрт, беш, олти, етти, саккиз, тўққиз, ўн, ўн бир... ие, Фили билан Кили қани? Ҳа, шу ердамисиз?! Ўн икки, ўн уч ва мистер Бэггинс ўн тўрт. Ёмон эмас, бундан-да баттар бўлиши мумкин эди. Лекин бундан-да яхши бўлиши ҳам мумкин эди. Энди на пониларимиз, на егулигимиз бор. Қаерга етганимиз ҳам номаълум. Камлик қилгандай, бизнинг изимиздан дарғазаб орклар қувиб келишяпти. Олға!

Shokir Dolimov 28.06.2018 13:31

Улар яна ҳаракат бошлашди. Гэндальф яна ҳақ бўлиб чиқди: улар ҳозиргина тарк этган жойда гоблинларнинг шовқин-сурони эшитилди. Гномлар янада тезроқ югуришди. Бильбо уларга етиб юришга қийналаётгани боис, гномлар уни навбат билан елкада кўтариб боришди.

Ҳа, гоблинлар гномларга нисбатан тезроқ югуришар экан. Бундан ташқари, улар ўзлари қазиган йўлни яхши билишади, боз устига ҳозир уларнинг ғазаби қайнаётганидан қутуриб кетишган. Шундай экан, қочиб қолишга минг уринишгани билан кўп ўтмай гномларга таъқиб қилиб келаётган гоблинларнинг бақир-чақириғини эшитишга тўғри келди. Муюлиш ортида кўплаб яланг оёқ махлуқларнинг оёқ панжалари тошга шалпиллаб урилмоқда. Орқа томондаги туннелларда эса кўпдан-кўп машъала олови милтиллади.

- Қадрдон кулбамни тарк этмай мен ўлай! - нолиди Бомбурнинг елкасида лўкиллаб келаётган Бильбо.

- Ушбу ожиз, калвак паканани ўзимизга шерик қилмай биз ўлайлик! - жавобан пўнғиллади терга ботган бақалоқ Бомбур.

Гэндальф тўхтаб, кескин ўгирилди. Торин ҳам таққа тўхтади.

- Орт-ГА! - буюрди Гэндальф бақириб. - Торин қилични яланғочлат!

Бошқа чоранинг ўзи йўқ эди-да. Бироқ оркларга бу умуман ёқмади! «Оркни яксон қилувчи» билан «Душман янчиш босқони»нинг шуъласидан муюлиш ортидан отилиб чиққан махлуқларнинг кўзи қамашди. Олдинги қатордаги орклар жони узилишидан олдин қўлдан машъалани туширганча увиллашди. Ўртада келаётганлар: «Қопағон! Тўқмоқ!» - дея янада баланд ўкириб тисланганча, орқада келаётганларни уриб йиқитишди. Омон қолган орклар орасида дунёнинг ваҳимаси кўтарилди, уларнинг кўпчилиги ур-йиқитда оёқ остида эзилиб ўлди.

Қолган орклар мудҳиш муюлишдан бош суқиб қарашга узоқ вақт журъат этишмади. Гномлар эса бу вақтда анча нари кетиб, гоблинлар оламига чуқур киришди. Омон қолган гоблинлар хаёлини йиғиб олиб, машъалаларни ёққач, товуш чиқармайдиган юмшоқ бошмоқларини кийиб олишди-да, таъқибни давом этишди. Энди улар атрофга диққат билан қулоқ тутиб, гномлар изидан сассиқкузандай тез, кўршапалакдай шовқинсиз югуришмоқда. Шунинг учун ҳам уларнинг яқин келганини на Бильбо ва на Гэндальф эшитди. Гоблинлар эса Гэндальфнинг йўл ёритиб хира шуъла таратаётган ҳассасини аниқ кўриб келишмоқда. Бильбони елкасига кўтариб саф ортида бораётган Дорининг оёғини кутилмаганда нимадир маҳкам чангаллади. Гном дод солганча ерга қулади, унинг елкасидаги хоббит эса боши тошга урилиб, хушидан кетганча, тубсиз қоронғиликка тушиб кетди.

Shokir Dolimov 20.07.2018 15:24

БЕШИНЧИ БОБ. ЗИМИСТОНДАГИ ТОПИШМОҚЛАР

Кўзини очган Бильбо кўзи очилганини ҳис этмади: атроф тимқоронғи. Яқин орада ҳеч зоғ йўқ. У қанчалик қўрқиб кетганини тасаввур қилинг! Шўрлик хоббит ҳеч нарса кўрмаяпти, ҳеч нима эшитмаяпти, тагидаги совуқ тошдан бошқа ҳеч нарсани ҳис этмаяпти.

Ётган жойида кафт ва тиззаларига бир амаллаб туриб олган Бильбо бироз эмаклаб туннелнинг силлиқ деворига тақалди. На гномлар, на оркларнинг овози эшитилмоқда. Боши айланган хоббит бу ерга қулаб тушгунча қай томон йўл олишганини фаҳмлай олмаяпти. Назарида тўғри кўринган йўналишни танлаб узоқ эмаклар экан, қўли металли совуқ кичкинагина узукка тегди. Топилмани киссасига солган Бильбо ушбу фурсат ҳаётидаги туб бурилиш эканини хаёлига ҳам келтирмай, муздай ерга ўтирганча ғамгин ўй сурди. Хаёлан қадрдон кулбасида қовурилган гўшт билан тухум еб ўтирганини тасаввур қилди. Ошқозони тамадди қилиб олиш кераклигига боядан буён шама қилаётганини энди тушунди. Қорни очган хоббит ўзини ниҳоятда бахтсиз ҳис этди.

Бильбо нима қилиш кераклигини, нега уни бу ерга ёлғиз ўзини ташлаб кетишганини, нега уни гоблинлар кўтариб кетишмаганини, нима сабабдан боши қаттиқ оғриётганини ҳеч тушуна олмаяпти. Сабаби эса оддий: у юқоридан қоронғи бурчакка йиқилиб, нафаси чиқмай, бировнинг кўзига ташланмай ётган эди.

Бироздан сўнг у киссасидаги трубкасини пайпаслаб топиб, синмаганидан севинди. Тамаки халтасида бир чимдим тамаки ҳам топилди, бу яхши. Бироқ бирор дона бўлсин, гугурт топилмади! Хумор уни ўларча қийнайдиган бўлди-да. Лекин обдон ўйлаб кўриб, гугурт топилмагани яхши бўлганига ишонч ҳосил қилди. Гугурт чақилиб, тамаки ҳиди бурқсийдиган бўлса нима бўлиши Худонинг ўзига аён! Қоронғидан нимадир отилиб чиқиши турган гап. Аммо гугуртнинг йўқлигидан ичи бироз ачишди. Киссаларини яна пайпаслаб чиқар экан, қўли троллар ғоридан ўлжа олиниб, ёнига тақилгани эсидан чиққан ханжар сопига тегди. Хайриятки гоблинлар биқинига тақилган қуролни кўришмади. Бильбо ханжарни қинидан чиқарди. Қурол зулмат ичра хира ёришди.

«Бу ҳам эльфлар меҳнатининг маҳсулоти экан-да, - хаёлдан ўтказди Бильбо. - Модомики ёришар экан, демак, орклар шу яқин ўртада». Хоббит бироз тинчланди. Гоблинларга қарши тилларда достон бўлган уруш учун Гондолинда атайин ясалган қуролга эга бўлиш яхши-да. Бундай қуроллар оркларга ҳайбатли таъсир ўтказишини Бильбо ўз кўзи билан кўрган.

«Изимга қайтай-ми? - фикр юритишни давом этди Бильбо. - Йўқ, ундай қилиш ярамайди. Сўқмоқ йўналишидан оғиб, ён томонда очилган сўқмоқлардан бирортасига бурилай-ми? Бу ҳам бемаъни иш бўлади, чунки қайси йўналиш тўғри эканлигини ўзим ҳам билмайман. Қани, тўғрига юраверайчи».

Shokir Dolimov 20.07.2018 15:25

Хоббит оёққа турди-да, ханжарини олдинга узатиб, бошқа қўли билан девор пайпаслаганча, юраги дукиллаб йўлини давом этди. Тўғри, Бильбо ниҳоятда қийин аҳволга тушиб қолди, лекин шуни унутманг-ки, бундай вазиятда хоббит мен билан сизга нисбатан у қадар қийналмайди. Чунки хоббитлар оддий одамлардан бироз фарқ қилади. Бундан ташқари, гарчи хоббитларнинг уялари чиройли, шинам, қулай, ҳавоси тез-тез алмаштириб бориладиган, гоблинларнинг мана бу туннель-сўқмоқларидан тубдан фарқ қиладиган бўлса-да, сиз билан мендан фарқли ўлароқ, улар ҳар қалай ер остида яшашга, боши билан деворга урилиб, эндигина хушини йиғиб олганига қарамай, ер остида қазилган сўқмоқларда мўлжал олиб юришга мослашган. Хоббитлар шовқин солмай юришади, бекинишни боплашади, йўқотган хушини тез йиғиб оладиган қобилиятга эга бўлиб, жароҳати тез битади. Улар кўтаринки руҳини сақлаб боришлари учун оддий одамлар эшитмаган ёки ўтмишда қолиб, унут бўлиб кетган доно мақол ва маталларнинг битмас-туганмас захирасига эга бўлишади. Шундай бўлса-да, ҳозир мен мистер Бэггинснинг ўрнида бўлишни истамаган бўлар эдим.

Сўқмоқнинг охири кўринмайди. Баъзан йўлдан ўнг ва чап томон бурилган туннеллар учраб бормоқда. Ханжар ёритиб кўрсатган ушбу йўлакларга бош суқиб қарашга журъат этмаган Бильбо бирорта орк ёки бошқа бир қабоҳат сакраб чиқмасдан олдин ўша муюлишлардан тезроқ узоқлашишга ҳаракат қилди. Хоббит ҳеч қаерга бурилмай, тобора пастлаб бораётган сўқмоқ бўйлаб узоқ юрди. Гоҳ-гоҳида учиб ўтаётган кўршапалакнинг қанот қоқишини ҳисобга олмаганда ҳеч қандай товуш эшитилмайди. Бильбо дастлаб кўршапалаклар шовқинидан чўчиб юрди-ю, кўп ўтмай кўникиб қолди. Шу кетганча қанча юргани номаълум-у, лекин мистер Бэггинс жуда чарчади, назарида бир кун ўтиб, эртанги кун ҳам юриб чиққандай бўлди. Наҳотки умрининг охиригача шу йўлдан юраверса.

Шалоп!
Бильбонинг оёғи кутилмаганда сувга тушди. Муздай сув хоббитни руҳан дадиллашиб, хаёлни йиғиб олишга мажбур қилди. Йўлдан чиққан кўлмакми бу, туннелни кесиб ўтган ерости ариғи, ё сирли кўл соҳилими бу, тушунмади. Ханжар деярли ёришмай қўйди, демак хавф йўқ деса ҳам бўлаверади. Турган жойида тек қотган Бильбо атрофга қулоқ тутди: кўринмас томдан чак-чак сув томмоқда. Бошқа ҳеч қандай овоз эшитилмайди.

«Демак бу, тоғости ариғи эмас ҳовуз ёки кўл», - хулоса қилди Бильбо.

Хоббит сувга киришга журъат этмади. Биринчидан, сузишни билмайди, иккинчидан эса, сувда яшайдиган бақакўз қабоҳатлардан қўрқади. Тоғ қаъридаги сув ҳавзаларида ҳанузгача номаълум жирканч жонзодлар – аждодлари бу ерга бурунги замонда келиб қолиб, чиқмай қолиб кетган, оқибатда авлодининг кўзи қоронғиликда кўришга мослашиш учун катталашиб, катталашиб охири ниҳоятда йириклашиб кетган балиқлар ва балиқдан ҳам мудҳишроқ бошқа турдаги жирканч жонзодлар яшайди. Орклар ўзлаштирган ғорлар-у, тоғ ости сўқмоқларида ҳам ҳеч ким билмайдиган жониворлар учрайди. Улар бир замонлар ташқаридан кириб қолиб, шу ерда бекиниб олишган. Айрим ғорлар азалдан бўлиб, орклар уларни бироз кенгайтиришган холос. Даққиюнусдан қолган ғор соҳиблари бурунгидай ҳар томон изғиб, қоронғи бурчаклардаги пистирмаларида ўтирганча ўлжа кутишади.

Shokir Dolimov 20.07.2018 15:27

Тоғ қаъридаги сув ҳавзасида ниҳоятда озғин, танаси силлиқ кекса Голлум яшайди. Бу ерларга у қаерлардан келиб қолгани, ўзи ким бўлгани ёки қанақанги махлуқ эканини тўғрисини айтсам, билмайман. Исми Голлум эканини, танаси зимистондай қоралигини, энсиз башарасида бир жуфт рангсиз йирик кўзи ярқирашини биламан холос. Унинг кичик қайиқчаси бўлиб, йирик ясси оёқ панжаларини икки томонга ташлаб ҳавзаси дарҳақиқат анча кенг, чуқур ва муздай кўлда эшкак сифатида тортганча, сув шапиллатмай, ортиқча шовқин солмай сузиб юради. Ялпоқ идишни эслатадиган бир жуфт кўзи билан топган сўқир балиқни ушбу махлуқ яшин тезлигида ҳаракатланадиган узун бармоқлари ила тутиш ҳавосини олган. Балиқдан ташқари, у, гоблин гўштини ҳам жуда хуш кўради. Бирорта орк тутиб олган куни тоғости дунёсида Голлумдан бахтиёр махлуқ топилмайди. Лекин ўзи огоҳ бўлиб, гоблинларнинг кўзига кўринмасликка ҳаракат қилади. Голлум, одатда, тўдасидан ажраб кўл яқинида ивирсиб юрган оркнинг орқа томонидан ҳамла қилиб, овоз чиқартирмай, маҳкам бўғиб ўлдиради.

Орклар мазкур кўлга нисбатан ғайриихтиёрий совуқ муносабатда бўлишгани боис, сув бўйига камдан-кам ҳолларда келишади. Улар кўлга бир замонлар, мана бу туннелни қазиш ишлари давомида чиқиб қолишган. Сувли тўсиққа дуч келиб, сўқмоқ қазиш ишларини давом этишнинг иложи йўқлигини англагач, бу ерларга келмай қўйишган. Орклар саркорининг кўнгли балиқ гўштини тусаб қолгандагина сув бўйида бирорта гоблин пайдо бўлиб қолиши мумкин. Аксарият ҳолларда Орклар саркори на кўлга юборилган балиқчини, на унинг балиғини кўрар эди.

Голлум кўл ўртасидан бўртиб чиққан силлиқ қоядан иборат оролни ўзига маскан қилиб олган. Ҳозир ушбу қоя устига чиқиб олган махлуқ телескопга ўхшаш хира кўзи билан Бильбони анчадан буён кузатиб ётибди. Бильбо Голлумни кўрмаяпти, Голлум эса оркка ўхшамайдиган жонзодни диққат билан ўрганиб, тутиб ейишга шошмаяпти. Қайиқчасига ўтирган Голлум йўлини, мадорини, ҳатто фикр-мулоҳазаларини ҳам йўқотиб, кўл соҳилига ўтириб олган Бильбо томон сузди.

- Ф-ф-фурсатга ш-шарафлар б-бўлсин, М-малоҳатим м-менинг! - вишиллади Голлум яқинроқ бориб. - Т-тансиқ т-таом к-кутяпти б-бизни! М-маз-зали б-бўлакча, голлм-голлм!

Энтикиб қолган Голлум сўлак ютиб, мудҳиш товуш чиқарди. Айнан мана шу жирканч товуши сабабли Голлум номини олган. Унинг асл исмини гарчи у, ўзини ўзи «Малоҳатим» деб атаса-да, ҳеч ким билмайди.

Вишиллаб, бақрайиб турган бир жуфт хира кўз соҳибини кўрган хоббитнинг ўтакаси ёрилиб, омонатини топшириб қўйишига сал қолди.

- Сен кимсан? - ўдағайлади у, ханжарни иккала кўз ўртасига узатиб.

- Ў-ўзи-чи? Ў-ўзи ким, М-малоҳатим? - вишиллади Голлум.

Гаплашгани шериги бўлмагани учун Голлум ҳамиша ўзига ўзи мурожаат қилиб келган. Ҳозир у ўлжани егани эмас, унинг кимлиги ёки нималигини билиш мақсадида яқинлашди. Қорни оч бўлганда у дастлаб Бильбога чанг солган, шундан сўнггина кимлигини вишиллаб сўраган бўлар эди.

- Мен мистер Бильбо Бэггинс бўламан. Гномларни, сеҳргар шеригимни йўқотиб қўйдим. Ўзим ҳам қаердалигимни билмайман, умуман айтганда, билишни ҳам истамайман. Бу ердан тезроқ чиқиб кетишни исташимни биламан холос.

- Қ-қўлидаги н-нима? - сўради Голлум, кўзига ёқимсиз кўринган ханжарга имо қилиб.

- Гондолинда болғаланган шамшир!

- Э-эшитдинг-ми?! - пичирлади Голлум ва хушмуомала оҳангда давом этди: - Б-балким ў-ўтириб, с-суҳбатини о-оларсан, М-малоҳатим? Т-топишмоқ м-масаласига қ-қандай қ-қарар э-экан у? Ё-ёқтирар?

Shokir Dolimov 20.07.2018 15:28

Голлум ўзини хайрихоҳона тутишга уринмоқда. Ҳар қалай шамшир ва унинг соҳиби ҳақида кўпроқ маълумот олгунча, ёлғиз ўзи келгани, гўштини ҳақиқатан ҳам ейиш мумкинлигини, ўзининг қорни очган-очмаганини аниқлаб олиши керак. Хаёлига келган нарса – топишмоқ бўлди. Топишмоқ айтиб, биров берган топишмоқ жавобини топиш – Голлумнинг бир замонлар чиройли уйчаларда ўтирган ажойиб митти махлуқлар билан ўйнаган ягона ўйини бўлган. Ўша кезларда жамики дўстларини йўқотган, бадарға қилиниб, чуқур-чуқурга, тоғ қаърига бекинган.

- Маъқул, - деди Бильбо, у ҳам рўпарасидаги жонивор ҳақида кўпроқ нарса, хусусан, унинг ёлғиз ўзи келгани, табиатан ёвуз эмаслиги, гоблинлар билан дўст тутиниш-тутинмаслигини билиб олишга аҳд қилиб. - Ўзинг бошла, - тез қўшимча қилди у, хаёлига бирон-бир топишмоқ келмай.
Голлум вишиллай кетди:

Ўқ илдизи йўқ, теракдан баланд,
Чўққилари булутга соладир соя
Йиллар оша юқорилаб, кўтарилади у,
Қани айтчи, борми бир ғоя?

- Бундан осони йўқ, - деди Бильбо. - Тоғ-у, бу.

- Ў-ўйлаб ў-ўтирмай т-топганини қ-қаранг-а! У-ундай б-бўлса, б-беллашамиз. А-агар М-малоҳатим с-сўраса-ю, а-анави ж-жавобини т-топа олмаса, б-биз у-уни п-паққос т-туширамиз. А-агар а-анави с-сўраса-ю, б-биз т-топа о-олмасак, м-майли, и-илтимосини б-бажо а-айлаймиз, к-келишдик-ми? Й-йўл к-кўрсатамизми, у-унга, М-малоҳатим м-менинг?

- Розиман, - деди Бильбо, бировга ем бўлишдан сақлаб қоладиган топишмоқ ўйлаб топишга уриниб, - Эшит:

Қўшни дўнгликларда тизди саф ўттизта оқ от
Пешвоз чиқиб югуришар, йўлга чиқма, четда қот.
Елиб келар оқ отлар, уч-учгача етишиб,
Боз узоқ кетишар, бир-биридан қочишиб.

Бильбонинг топгани шу бўлди. Бировга ем бўлиш истиқболи дурустроқ фикр юритишга тўсқинлик қилмоқда. Унинг топишмоғи қадимдан маълум бўлиб, Голлум жавобини сиз билан мендай яхши билади, албатта.

- Т-тўкилиб б-битган т-тишлар! - вишиллади Голлум. - Т-тиш, М-малоҳатим менинг, т-тиш! А-атиги о-олти д-дона қ-қолди. Э-энди а-анави э-эшитсин и-иккинчи т-топишмоқимизни:

Овози йўқ, хўп бақирар,
Тиши йўқ қаттиқ тишлар,
Қаноти йўқ учади,
Томоқсиз-у, увлайди.

- Бир дақиқа! - бақирди, миясида «биз уни паққос туширамиз» сўзлари янграётган Бильбо.

Ўхшаш топишмоқни бир вақтлар эшитган. Хотирасига зўр берган хоббит ўзи учун кутилмаган тарзда бақириб юборди:

- Шамол! Ҳа, шубҳа йўқ-ки, бу шамол!

У ўзидан шунчалик мамнун бўлдики, кейинги топишмоқни ўзи тўқиди:

Осмон гумбазидан йирик бир кўз мўралар
Унга ўхшаш кўз эса далада тик мўлтирар.
Дер каттаси тепада нигоҳин мамнун тикиб:
«Пастдаги менинг укам – қолади кулиб боқиб!»

Shokir Dolimov 20.07.2018 15:29

- Ж-жим...
Голлум тоғ қаърида шу қадар узоқ яшаб келмоқдаки, хоббит айтган нарсани аллақачон унутиб бўлган. Қабиҳ махлуқ беллашувда ютқизганига умид боғлаган Бильбо янглишди. Голлум узоқ ўтмишни, бувиси билан бирга Дарё соҳилида қазилган уяда яшаган даврини эслади.

- Ж-жим, - яна вишиллади Голлум, - қ-қуёш б-билан к-кунгабоқар ҳ-ҳақида г-гапирди у, М-малоҳатим.

Ер устида кечадиган ҳаётнинг ўрта-миёна топишмоқлари Голлумнинг жонига тегди. Мазкур топишмоқлар унга ҳозиргидай жирканч бўлмаган, танҳо яшамаган, бировдан бекинмаган кунларини ёдга солди. Кайфияти бузилган махлуқ қорни очганини ҳис этди. Шу боис, бу гал у илмоқли савол беришга аҳд қилди.
- К-кейинги т-топишмоқни э-эшитсин анави, - амр этди у:

Кўзга кўринмас, қўлга илинмас, эшитилмас ҳеч қандай саси.
Ёйилган у бутун дунёга – совуқ юлдузларнинг қора макони.
Ундадир ибтидо, хотима унда, оламга вожибдир муқаррар ҳукми.

Голлумнинг бахтига қарши Бильбо эшитган ушбу топишмоқни. Ҳар қалай, топишмоқ жавоби унинг атрофини қамраб олган.

- Қоронғилик! - ўйланиб ҳам ўтирмай жавоб берди у ва шу заҳоти жиддийроқ топишмоқ ўйлаб топиш учун вақт чўзиш мақсадида хаёлига келган биринчи саволни берди:

На қулф бор унда, на зулфин, эшиксиз бир уй,
Нима у, ичи тўла хазина-ю, олтин ёмби, вуй?!

Сийқаси чиққан саволлардан бири деб билган Бильбо ушбу топишмоқни сал бошқача сўзлар воситасида ифода этди холос. Бироқ Голлум учун кутилмаганда жуда мураккаб топишмоқ бўлиб чиқди.

Ҳуштак чиқариб нафас олаётган махлуқ вишиллаб, ҳарсиллаб, топишмоқ жавобини топишга кўп қийналди.

- Хўш, борми жавоб? - сўради тоқати тоқ бўла бошлаган Бильбо. - Сендан чиқаётган товушларга қараганда «қайнаётган чойнак» дея жавоб бермоқчисан шекилли? Адашасан.

- Ў-ўйлашга в-вақт б-берсин, а-анави, в-вақт б-берсин б-бизга, М-малоҳатим.

Бильбо, ўйлаб кўришга етарлича вақт берди.

- Хўш? - такрорлади у. - Жавобини айт.

Шунда Голлум болалигини, қуш инидан тухум ўғирлаб, Дарё соҳилида ўтирганча бувисига тухум сўришни ўргатганини эслади.

- Т-тухум, - пишиллади махлуқ. - Т-тухум. Э-энди а-анави э-эшитсин:

Ҳавосиз макон уйи, танаси иссиқ эмас.
Сувда бўлиб чанқови ҳеч ҳам босилмас.
Овози йўқ, ур кўтариб миқ этмас,
Тангаси бор, лек тангадек жирингламас.


Текущее время: 03:07. Часовой пояс GMT +5.

Powered by vBulletin® Version 3.8.5
Copyright ©2000 - 2025, Jelsoft Enterprises Ltd. Перевод: zCarot
OOO «Единый интегратор UZINFOCOM»