| Nigora Umarova |
30.03.2011 18:07 |
Зуҳриддин Исомиддинов.ТАРАС БУЛЬБА. ОШКОР ВА ПИНҲОН ҚИЁФА
Цитата:
Кирдюг бу «маслаҳатлашув»дан сўнг бир соат ичида бутун Сечни йиғиб, уруш бошлашга олиб келган сабабларни бир оз андавалагач, лўнда қилиб: бойиш учун бошқа бирон юртни талаш керак, ҳозир анча қашшоқлашиб қолдик, ҳатто, ибодатхонамиз ҳам ғарибгина, демак, лоақал «ёшларнинг ўзини қайиққа ўтқазиб жўнатсак дейман. Наталия бўйларини бир алғов-далғов қилиб келсинлар» (38) дейди. Аммо бутун Сечь жойидан қўзғалади, урушга тайёргарлик қизиб кетади, тез орада аллакимлардан эшитилган бир иғвога учиб, Гетман юрти деб аталган Польшага юришга отланишади, ундан аввал эса, жуҳудлар бизни хонавайрон қилди, деган яна бир ғалва чиқариб, жами яҳудийларни тутиб, сувга чўктиришга киришиб кетишади – қатлиом бошланади.
Муҳтарам ўқувчининг ёдидан чиқмаган бўлса, асарнинг бирон жойида Гоголь польшаликларнинг ё татарларнинг, турклар ёки яҳудийларнинг, Тарас таъбирича, «христианлар»га, яъни казакларга ёки уларнинг юртига нисбатан бирон бир хуружини кўрсатмаган.
Шу тариқа, запорожьеликлар моҳир идеолог, ашаддий бузғунчи Тарас Бульбанинг қутқуси билан йўлга отланиб турганларида аллақайдан бировлар: «Бизни польшаликлар хароб қилди» дея «ёрдам» сўраб келиб қолишади (асарда бу гапнинг ростлиги тасдиқлаб кўрсатилмаган). «Наталия»дан (Туркия Онадўлиси) воз кечиб, ғарбга йўл олишади («тез орада Польшанинг ғарби-жанубий қисми бошдан-оёқ ваҳима ичида қолди» – 47) – уруш бошланади. Асосий муддаоси қирғин қилиб, тинч аҳолини талашдан иборат бу бебош қароқчиларни ҳеч ким тўхтата олмас эди. «Аксари улар кутилмаган жойлардан чиқиб қолиб, бор-йўқни вайрон қилар, қирон келтирар эдилар. Қишлоқларга ўт тушар, аскарлар ҳайдаб кетиш имкони бўлмаган молларни шу ердаёқ сўяр эдилар. ...У ваҳший замонда запорожьеликларнинг қилган бедодликлари эндиги одамларнинг тепа сочини тик турғизар эди. Гўдаклар қирғини, кўкраги кесилган хотинлар, тиззасигача териси шилиниб, қўйиб юборилган одамлар, хуллас, бу каби ваҳшатлар кўп эди» (48).
Бу урушда Тарас Бульба каби эски қароқчилар ўз уйида юргандек ва ўз касбини давом эттираётгандек бўлса, илгари бундай баттолликларни кўрмаган ёшлар ҳам хоҳ-нохоҳ зулм қила-қила ўзларида янги сифатлар орттиради – уларнинг юзига золимлик нуқси-муҳри урилади: «Яқиндагина темирқанот чиқариб, учирма бўлган қушлардек бир ой ичида чиниқиб, тамомила ўзгарар ва вояга етар эдилар. Шу чоққача юзларида йигитларга хос бўлган юмшоқлик зоҳир бўлиб турган кишилар юзида энди бир даҳшат, салобат, ўзларида куч кўринар эди» (49). Тарасга эса худди шу нарса керак эди – мана шундай даҳшатли одамлар билан у истаган бузғунчиликка, вайронкорликка қўл ура олар эди.
Ана энди асосий «ов» бошланади: «Аскар тўппа-тўғри Дубно шаҳрига қараб юришга қарор берди; овоза гапларга қараганда бунда мол ва хазина, давлатманд бойлар кўп эди» (50). Эътибор беринг: асосий муддао – ҳеч қанақа дин-пин ҳимояси эмас – бойликни талаш. Шаҳар қамал қилинади. Бир неча ойлик қамал натижасида тинч аҳолининг кўпи очликдан қирилиб кетади, фақат ҳокимнинг оиласи, оз сонли аскарларгина сўнгги умидларига таяниб, жон сақлаб туради.
Аммо зулм – фақат мазлумлар учун эмас, золимларнинг ўзи учун ҳам ҳалокатли. Қамал қилиб, шаҳарни ўраб олган казаклар маънан тамомила айнишга юз тутади: «Бекорчиликдан зерикиб, атроф-теваракдаги қишлоқларни талон ва торож қилишга, экин ва хирмонларга ўт қўйишга, ўроқ тегмаган буғдойларни молларга оёқости қилишга тутиндилар; ...яхши унган, кўкариб турган буғдойларга йилқиларни қўйиб юбордилар» (51).
Қамал, очлик шиддати зўрлигидан шаҳар ҳокими қизининг оқсочи таваккал қилиб тунда лаҳм орқали келиб, Андрийга шаҳар ҳокимининг фарзандидан – бир вақтлар Киевда унинг оромини ўғирлаган соҳибжамолдан салом етказади. Андрий ҳам лаҳм орқали шаҳарга ўтиб бориб, қиз билан топишади, қилаётган ишларининг мудҳиш натижаларини – ўз тирикчилиги билан юрган тинч шаҳар аҳолисининг даҳшатли очлик ва азоб-уқубат ичра ўлим топаётганини ўз кўзи билан кўради, буларга қай айби учун мунча зулм қилиняпти, дея мулоҳаза юритади (ёдингизда бўлса, Андрий аввалдан ҳам Остап каби шартаки эмас, онасига тортган, мулоҳазали эканини Гоголь бот-бот эслатиб туради). Ва Андрий бир қарорга келади – севган маликаси ва бегуноҳ аҳолини ҳимоя қилиб, ўз дўстларига қарши қурол кўтаришга жазм этади.
Оқибати эса маълум: Тарас ўғлини жанг маҳали чакалак ичида тутиб олиб, отиб ўлдиради – ота ўз қўли билан зурриётини йўқ қилади.
Аммо Тарас бу билан тўхтамайди. Ўз фарзандини ўлдиришдай мудҳиш ва аянч бу воқеа унга ҳеч бир таъсир қилмайди – дарҳол отланиб, яна қирғинбарот ичига кириб кетаверади.
Тарасни нима ёки қандай куч олға ундаб, ҳаракатга келтиради? Унинг ғояси, ҳаётдан мақсад-муддаоси нима?
Эътибор қилсак, Тарас нутқида икки нарса: дин ва ватанни ҳимоя қилишга кўп урғу берилади. У ўзини христиан динининг оташин ҳимоячиси, ватаннинг халоскори қилиб кўрсатади. Аммо бутун асар давомида Тарас Бульба бирон марта бўлсин, черков-перковга кириб ибодат қилганини, ё бўлмаса, лоақал ёлғиз қолган бирон маҳали христианлик тўғрисида ўйлаганини, ёки христианга хос бирон хатти-ҳаракат қилганини кўрмаймиз, унинг бутун эътиқоди – оғизда. Дин унинг учун уруш очишга бир баҳона, холос. Христианлик йўлида қилган энг катта хизмати шуки, худди провославлар каби христиан ҳисобланган католик черковларини ёқиб, кулини кўкка совуради, ўзлари каби славян бўлган полякларни талайди, уй-жойини, шаҳру қишлоғини вайронага айлантириб, ўзларини қириб ташлайди.
Ўзгалар ватанини вайрон қилган одамдан ўз ватанини обод қилишни кутиш мумкинми? Тарас ватанпарвар бўлиб казаклар юрти Запорожье ва умуман, Россияю Украина учун нима қилди?
Ҳеч нима! Ўз қишлоғида жўнгина тирикчилигини ўтказиб, осуда яшаётган тобе одамларининг ҳаётини остин-устун қилиб, ясовул Товкач билан ортидан етиб боришларини буюрди. Ва уларнинг ҳаммаси, битта ҳам қолмай, жанг йўлларида ўлиб кетди. Демак, Тарас фақат Польшадаги тинч аҳолининг азоб чекиб ҳалок бўлишидагина эмас, ўн минглаб казакларнинг дарбадарликда ўлишида ҳам айбдор: ватанини гуллатиши, оиласи бағрида, ҳаётидан рози бўлиб яшаши мумкин бўлган одамлар беҳудага ўлиб кетди. Улар, худди ўзлари каби тинч яшаши мумкин бўлган одамларни қириш, шаҳар ва қишлоқларни ғорат қилиб, уйларга ўт қўйиш, экинзорларини пайхон қилиш асносида ўлим топди.
Шу ўринда ўғли Остапнинг у бошлаган ишларга муносабатини ҳам айтиб ўтиш жоиз. Остап мард ва диловар йигит. Энг зўр тилаги – жангда ботирлик кўрсатиш. Уруш масаласида эса ўз фикри йўқ, отаси айтганини, атаманлар буюрганини қилади. Фақат, жангда асир олингач, бир неча ой бандилик азобини чеккач, ўзлари очган уруш – ўйин эмаслигини, қилган ишлари марди майдонлик эмас, гуноҳи азим эканлигини, бу эса жазосиз қолдирилмаслигини англайди, отаси уни мудҳиш бир қиморда довга тикканини тушуниб етади... Варшаванинг қатл майдонида суяклари мажақлаб синдирилар экан, ўлими олдида «кўзлари жовдираб тўрт томонга қаради. Ҳолдан кетиб, дармонда бўлиб, ночор ва нотавон: «Отам! Қаердасан? Эшитаяпсанми?» деб қичқириб юборди» (134). Эътибор беринг, Остап отасига – бу майдонда бўлиши етти ухлаб тушга кирмайдиган Тарасга хитоб қилади. Беҳудага эмас, бу ўлим олдидаги фарзанднинг уни чоҳга итарган отага таънаси эди. Ҳа, пировардида Остапнинг кўзи очилди, очилганда ҳам жовдираб очилди, аммо... энди кеч эди.
Бироқ мудҳиш қилмишларининг ажри-жаззасини олган аламзада Тарас шунда ҳам тийилмайди, яна фитналар чиқариб, янги қирғинбаротларга бошлаш учун Сечга тағин қайтиб келади.
|
|