| Nigora Umarova |
16.11.2011 11:20 |
Жамол КАМОЛ, Ўзбекистон халқ шоири.АДАБИЁТ – НУРЛИ СЎЗ
Цитата:
Мен адабиётимизда Шарқ адабиёти анъаналари давом этишини истардим. Шарқ адабиётининг мағзини ташкил этадиган нарса – ҳикмат. Хўш, ҳикмат нима? Ҳикмат – моҳият, аниқроғи моҳиятга етакловчи фикр.
“Маснавийи маънавий”да юзлаб ҳикояту ривоятлар бор. Биттасини айтиб берай. Бир дарвеш узоқ бир шаҳарда машҳур авлиё яшашини эшитиб, унинг зиёратига отланибди. Йўл юриб, йўл юрса ҳам мўл юриб, дашту саҳролар оша авлиёнинг манзилига етиб, унинг эшигини қоқибди.
“Ҳай, ким?” овоз берибди болахона даричасидан аёл киши.
“Мен фалон юртдан ҳазратимнинг зиёратларига келган дарвешман” дебди мусофир.
“Овора бўлибсан, дарвеш, — дебди аёл. — Мен унинг хотиниман. Дунёда иккита аблаҳ бўлса, биттаси ўша. Дунёда иккита беномус, алдоқчи бўлса, биттаси ўша шайтони лаин. Зиёратингга арзимайди у”, дея бор ҳақорату маломатларни ёғдириб, эрининг бошига мағзава тўкибди. “Келган йўлингга қайт” деб гапини тугатибди.
Дарвеш ҳанг-манг бўлиб қолибди. Эътироз этмоқчи бўлиб оғиз жуфтлабдию яна ўзини тийибди. “Майли, нима бўлса ҳам кўрай, чақиринг” деб оёқ тирабди.
“У уйда йўқ, чиқиб кетган” дебди аёл.
Шунда дарвеш чор-ночор эшикдан йироқлашиб, тўрт-беш қадам нари кетибди. Бир одам учрабди. “Мабодо фалон авлиёни кўрмадингизми?” сўрабди дарвеш ундан. “Кўрдим, — дебди ҳалиги киши, — ўтин тергани ўрмонга кетди”.
Дарвеш ўрмонга қараб юрибди. Бир пайт ўрмондан авлиё чиқиб келибди. Арслонга ўтин ортиб, устига ўзи ўтириб олганмиш. Йўғон бир илонни қамчи қилиб, боши узра айлантириб келаётганмиш.
“Ҳай, дарвеш! — дебди йироқдан. — Кўнглингдан нима гаплар кечганини айтайми?”
“Айтинг” дебди дарвеш.
“Шундоқ авлиё одам шундай жоҳил хотин билан қандай тирикчилик қиларкин?” деб ўйладинг.
“Тўғри” дебди дарвеш.
“Ўйлаб қара, бир хотиннинг жаврига чидай олмасам, нечук авлиё бўлдим? Ўшанинг жаврига чидадимки, арслонни эшшак қилиб, устига ўтин ортиб, илонни қамчи қилиб юрибман” дебди авлиё.
Хўш, бу ривоят билан Мавлоно нима демоқчи? Ҳалиги аёл – шунчаки аёл эмас, дунё. Мавлоно айтмоқчики, бу дунёга келдингми, бас, у сени аяб ўтирмайди. Машаққатларга дучор қилади, бошингга таҳқиру ҳақоратлар ёғдиради. Ана шунга чидай олсанг, марра сеники, бир нимага эришасан. Чидамасанг, нарёғини ўзингдан кўр. Ҳа, дунёни чидаганга чиқарган. Мана, сизга ривоят замиридан келиб чиқадиган ҳикмат.
Адабиётимизни ҳикмат руҳи тарк этмасин дейман.
Аруз – минг йиллик шеъриятимизнинг етакчи, бош йўли. Унинг юрак-қон томири. Мен арузда битган шеърларим, яъни, ғазаллар, мухаммаслар, рубоийлар, достонларимни саралаб, бир китоб қилдим. Асрор Самад сўз бошиси ила нашр этилди. “Шоирнинг аруз китоби” рукни остида... Истагим, ҳар бир ўзбек шоирнинг аруз китоби бўлсин. Аруз бизнинг қонимизда, жонимизда. Мумтоз наволаримизга қанот бағишлаган аруз эмасми? Бас, уни севайлик, ўрганайлик. Арузда қалам тебратиб, гўзал манзумалар яратайлик.
Тўғри, ҳар бир жабҳада янгиланиш – ҳаёт қонуни. Қолаверса, “Кимки яшаб, янгиланади, ўша мангу яшаб қолади”, дейдилар аҳли билгичлар. Тўлқин ортидан тўлқин келмаса, дарё сассиқ кўлга айланади. Авлод ортидан авлод келмаса, жамият таназзулга юз тутади. Адабиёт ҳам шундай. Изланиш, янгиланиш – доимий жараён. Аммо янгиланиш бошқалардан тўғридан-тўғри нусха кўчириш эвазига бўлмаслиги, адабиёт ўзининг табиий илдизларидан узилиб қолмаслиги керак.
Кейинги йилларда япон учликлари – хаккуларни таржима қилиш урф бўлди. Ўқидим, ёмон эмас. Аммо нимадир етишмайдигандай. Топдим, қофия, оҳанг етишмаяпти. Бир таржимонга шу ҳақда айтсам, япон шеъриятида қофия йўқ деб қолди. Фикримни тушунтиришга ҳаракат қилдим. Ўзбек тили – қофияли тил, бу унинг табиати. Бошқа тиллардан ўгирилган шеър ана шу табиатга бўйсуниши керак, дедим. Барибир фикримга қўшилмади. Айтмоқчиманки, қофияли қилиб ўгирганда, у оҳанг касб этар, жаранглар эди. Шу қофиясиз ҳолида эса у, устоз Миртемир айтмоқчи, шеър эмас, қора сўз... Ёки шоир Николо Буало ёзади:
Гўзал оҳангларсиз шеърият ўлик,
Сўзлар сўлғин боқар, сатрлар сўник.
Яна бир айтмоқчи бўлганим: китоб нашри ва китоб савдосини мукаммал тарзда йўлга қўйиш керак. Янги миллий кутубхона қуриляпти, бундан бениҳоя хурсандмиз. Энди шунга мувофиқ равишда давлат китобни ўз қаноти остига олмоғи даркор. Китоб – маънавиятимиз гавҳари, уни маиший-истеъмол моллари билан бир қаторга қўйиб, битта тарозида тортиб бўлмайди. Шундоқ қилайликки, бизда китоб култи бўлсин. Шундоқ қилайликки, яхши китоб ёзган ёзувчи яхши ҳақ ола билсин, тирикчилик деб бошқа ишларга чалғимасин.
Суҳбатимизга хотима ўрнида яна Мавлонога мурожаат қилмоқчиман.
“Бу дунёнинг туни ва зулмати ўтади. Ундан қолажак нарса – сўзнинг нури, – дейди Мавлоно. – Чунончи, пайғамбарлар умри кечди, бироқ сўзларининг зиёси барҳаёт ва мангу тирикдир”.
“Инсоннинг вужуди бир уюм гўнгга ўхшайди. Аммо ана шу гўнг азиздир. Чунки унинг бағрида подшонинг узуги бор” – дейди яна Мавлоно.
Подшонинг узуги бу – инсон кўнгли демак. Шу ўринда, икки оламни мен битта кўнгил учун яратдим, икки олам битта кўнгилга сиғади, аммо битта кўнгил икки оламга сиғмайди, деган ҳадисни ҳам эсланг...
Адабиёт – инсон кўнгли деб аталмиш илоҳий мўъжизани мадҳ этувчи нурли сўздир. Мен мана шу нурли сўз ичида эканим учун Яратганга шукрлар қиламан. Ва яна бир шукронам: уч қизим, бир ўғлим, беш набирам бор. Касблари тарли-туман: шифокор, рассом, муҳандис, иқтисодчи. Аммо уларнинг ҳаммаси адабиётни севишади, ардоқлашади.
|
|