Xurshid Dustmuhammad |
30.12.2012 17:25 |
ШАБАДА
Цитата:
Бахт ҳам насиба, у кимларнидир зор қақшаб излаб юради, рўпарасидан, оёғининг остидан чиқиб қучоқ очиб кутади, кимларнидир эса калака қилгандек мудом четлаб ўтади.
Тоғаси Комронни ёмон изза қилди.
− Ҳаётда ношукрликдан ёмон нарса йўқ, − деди у аввалига мулойимлик билан, лекин бу мулойимлик-вазминлик портлаш арафасидаги сокинлик экани тоғанинг феълини биладиганлар учун янгилик эмас эди. Комрон ҳам ўша портлашга шай ҳолда танбеҳу насиҳатга қулоқ тутди. Мирсаййид тоға давом этди: − Хотининг − сенинг насибанг, сен эса − унинг насибаси, ойдай-гулдай яшаб дунё кезиб юрибсан, шу насибангдан юз ўгирмоқчимисан? Айт, юз ўгирмоқчимисан?! Кифтингда кўтариб юрган юм- юмалоқ қовоқнинг ичида ақл-идрок, тоғдек кўксингда диёнат борми, ўзи?!
Комрон ўзини бу гаплардан мутаассир бўлгандек тутиб ўтирса-да, хаёли тақдирми-тасодифми унга рўпара қилган бошқа бир... насибада эди. Хўп, хотини унинг насибаси экан, буниси-чи? Буни кўриб кўрмаганликка олса, қўл чўзса етгулик оралиқда шамшоддек расо қаддини, оққуш бўйнидек нозик бўйни-дудоғи, яноқлари ял-ял нур таратаётган... насибадан кўз юмиб ўтса ношукрлик бўлмайдими?!
Комрон кўнглидан кечган шу ўйларини тоғасидан яширмади. Мирсаййид тоға ҳанг-манг бўлиб қолди, шундай танбеҳлари жиянига кор қилмаганидан лол эди у.
− Бир оиланинг бузилиши аршни ларзага келтиради... Эшитганмисан, шу гапни? − Яна босиқ оҳангга кўчди тоға. Комрон тушунмадими, қулоғи яхши илғамадими, тоғасига савол назари билан қаради. − Аршни ларзага солади, − деяпман, тушунасанми, ўзи, осмонни, кўкни остин-устун қилади! Шуни билиб қўй, бола!..
Зинапоя бўйлаб чиқиб-тушаётганларнинг ҳисоби йўқ эди. Йигитлар қизларга, қизлар йигитларга тўқнашиб-нетаёзган, қувноқ қаҳ-қаҳалар, шодон бақир-чақирлар, салом-аликлару хайр-хўшлар тўлган зинапояда ёшларнинг жони ичига сиғмайди, оёқ-қўллари қанотга айланган − учишмайди, холос.
Комрон зинапоянинг бир чеккасидан бошини хам қилганича юқорига кўтарила бошлади. Иккинчи, учинчи... бешинчи қаватга етдим деганда бошини кўтарди. Нега кўтарди? Яна уч-тўрт пиллапояни босиб ўтганида бешинча қават йўлагига етган, шундоққина чапга бурилса икки эшик наридаги хонага бош суқса − келишилган, уни кутишяпти − зарур юмушини битирса, вассалом, кечга довур мўлжаллаган ишлари бошидан ошиб ётибди, бозор-ўчар, онасининг ёлғиз жигаргўшаси бўлмиш хаста тоғасини зиёрат қилиш, уйга бориб жомадонларни тартибга солиш − ўраб-чирмаш, боғлаш-қулфлаш, уч ҳафталик таътил кунларинг бир кун бемалол дийдорингга тўёлмадим дея хархашадан тинмаётган онасини хумордан чиқариш. Ҳар сафар сафар арафаси аҳвол шу, кун билан туннинг фарқи қолмайди. Бўлак иложи йўқ − меҳр-оқибат деганларидек, яқинлари уни ўз ҳолига қўйишмайди, Комрон буларнинг барига тишини тишига қўйиб чидайди, эртага − саҳарлаб учоққа чиқиб, чиптада кўрсатилган жойини эгаллаб ўтириб олгандагина хотиржам тортади, нафас ростлаб қайишни белидан ўтказадию, пинакка кетади. Ҳозир эса... Нега у бошини кўтарди? Нега кўтарди?.. Кўтарса кўтарибди, нима сабабдан оёқлари мармар зинапояга михлангандек жойидан жилолмай қолди?!
Комроннинг боши айланиб кетди, бошидан оёқларининг учи томон ёки оёғининг учидан боши томон аллақандай тўлқин шувиллаб ўтди, ичига дайди ва телба шамол кириб қолгандек, шамол уни шу ондаёқ мувозанатдан чиқариб ағдарадигандек.
Комрон ранги ўчиб кетганини бети қизиб кетганидан сезди, рўпарасида − уч пиллапоя юқорида тек қотган нотаниш қиздан кўз узолмай қолди. Пахтадай, сутга чайилгандай, қаймоқдай, йўқ, уларнинг барчасидан-да ўзгача − ҳушни ўғирлар даражада ёқимли.
− Нега бунчалар оппоқсиз?
Қиз ўзини йўқотиб қўйди, бегона йигит берган саволни эшитмади, эшитса-да, илғамади, дув қизариб жимгина бош чайқади. Йўқ, деди у, йўқ − шу маънода бош чайқади, фақат овози чиқмади, шу боис йўқ деганини ҳеч ким − Комрон ҳам, қизнинг дугоналари ҳам... қизнинг ўзи ҳам эшитмади. Лекин уч одимлик пиллапоя шоҳид − қиз уч карра айтди: йўқ, йўқ, йўқ!..
− Исмингиз нима?
Кимдир − пастдан чиқиб келдими, юқоридан тушиб келаётувдими − тиккасига Комронга урилди, Комрон жон ҳолатда зина панжарасини тутиб қолмаса, пастга қараб коптокдек думалаб-юмалаб кетиши муқаррар эди.
− Вой-й!
Кўк томон, ой томон, арш томон учди “вой”!
Қиз уч зинани бир қилиб ўзини Комрон томон ташлади, Комрон юз берган ҳолатни кўра туриб кўзларига ишонмаса-да аниқ илғади − қизнинг қадди-қомати навдадек нозик, чеҳраси оппоқ, бармоқлари узун-узун, кўзлари меҳр-шафқатга лиммо-лим...
Комрон шу қадар заиф, иродаси мўрт эдими?.. Шунчалар таъсирчан, ювош, содда-гўл эдими?.. Буларни ҳам, ўзининг буткул бошқа одамга айланиб қолганини ҳам билмади.
У бешинчи қаватга чиқишни-да унутди, изига қайтди.
− Учмайман, − деди у учинчи қаватга тушаётганларида.
Қиз бош ирғади, аммо қай маънода бундай қилганини ўзи ҳам фаҳмламади.
− Эртага учмайман, − деди Комрон иккинчи қаватга тушганларида.
Қиз ҳамон хаёлларини йиғиб ололмаётган, бегона йигитнинг ўзини оқлаётган, ҳатто узрхоҳлик оҳангида илтижолар ила айтаётган сўзлари маъносини мутлақо тушунмаётган эди.
− Ҳар куни шу ерга келаман, − деди Комрон, энди у ўзини хийла қўлга олган, бу унинг овозидаги ишонч, қатъият ва ўктамликдан ҳам сезила бошлаган эди.
Биринчи қават янада гавжум эди.
− Исмингиз нима? − деб сўради Комрон.
Ғала-ғовурда овози эшитилмади. Комрон саволини такрорлади.
− Нозик!..
Қизнинг ўзи айтдими, ёнидаги дугонасими − Комрон пайқамади. У дам-бадам вужудидан кўтарилаётган ҳовурни совутолмаётган, совутиш қаёқ-да, ҳовур уни товага солиб қовура бошлаганди.
Улар кўчага чиқсалар, қизлар ўз йўлларига равона бўлсалар... йўқ-йўқ, Комрон бунга йўл қўя олмайди, ахир рўй берган тасодиф − тасодиф эмас, зинадан кўтарилаётиб одатига хилоф равишда бошини кўтардими, қизнинг кўзига кўзи тушдими, қоққан қозиқдек иккалалари ҳам бир зум тўхтаб қолдиларми, Комрон ҳушидан айрилгудай ҳолатга тушдими, шу жойда тасодифнинг умри ниҳоясига етди, тасодифнинг иззати битди, буёғига жилов тасодиф замиридаги қонуният измига ўтади. Ҳозир қизлар хайр-хўшни насия қилиб жўнаб қолсалар, Комрон қизнинг исми-шарифини билиб олмаса... йўқ, у бундай фожиага йўл қўя олмайди. Эртага учиши белгиланган учоқнинг парвози кечиктирилмайдими!.. Номаълум муддатларга қолдирилмайдими?! Унга деса, парвоз йўналиши тамоман бекор қилинмайдими?!
− Нозик?.. Нозикой?..
− Нозик...
Бу сафар қизнинг ўзи айтди, секин ва беихтиёр айтди, истар-истамас, ажабланиб айтди. Йўлак, кўчага чиқаверишдаги кенггина чорбурчак дахлиз гавжум, ҳамма ўзи билан ўзи овора эди. Тўсатдан издиҳом оралаб яқинлашаётган кўлага кўринди, кимлар ўзларини четга олишга улгуришди, кимлар − йўқ, кўлага Комрон билан Нозикнинг ўртасидан қуюндек елиб ўтди-кетди. Қуюннинг изидан уларнинг орасида қуюқ булут қолди. Нозикнинг шундайига ҳам оппоқ чеҳраси баттар оқарди, буни Комрон пайқамади, Комроннинг ҳам қути ўчди − буни Нозик пайқамади.
Йигит ҳам, қиз ҳам бу сингари ишораларни илғайдиган аҳволда эмасдилар.
− Эртага кетмайман, − деди Комрон.
− Қаерга кетмайсиз? − Ҳайрон бўлиб сўради Нозик.
− Ҳеч қаёққа... − Комрон шундай деб қўлидаги ихчам жомадоннусха сумкасини титкилаб учоқ чиптасини олди, Нозик билан унинг дугонаси ёнига яқинлашиб чиптани кўрсатди.
− Вий-й-й!
Комрон беҳосдан қизнинг оёғини босиб олдим деган хаёлда ўзини орқага олди.
− Чет элга кетяпсизми?! − Ҳайратини яширолмай қарсак чалиб юборди Нозикнинг дугонаси ўзини тутолмай.
− Чет элга, − деди Комрон ва заррача иккиланмай-нетмай чиптанинг қоқ ўртасидан йиртди. − Сизни кўриш учун ҳам ҳеч қаёққа учмайман!..
|
|