| Shokir Dolimov |
03.10.2012 00:30 |
Госпиталда ётиб, «тиббий жиҳатдан таъмирдан чиқарилар» эканман, ўша ерда даволанаётган таниш ҳарбий пенсионерни учратиб қолдим. Турли мавзуларда суҳбатлашиб ўтирар эканмиз, шогирдларини эсга олди:
- Жуда кўп шогирд тайёрлаганман-у, ҳозирги ёшлар сал оқибатсизроқ эканлигидан ичим ачишади, - арз қилиб қолди у, - Идорангизда ҳам, улардан икки-уч нафари ишлайди. Учратиб қолсангиз, енгилгина дашном қилиб қўйинг, илтимос.
Палатамга қайтиб, тегишли мансабдор шахсларга қўнғироқ қилдим. Устозлари госпиталда даволаниб ётгани, вақт топиб, ҳолидан хабар олиб кетишларини айтдим. Икки-уч соатга қолмай, етиб келишди. Йўл-йўлакай менинг ҳам палатамга кириб ўтишди. Суҳбатларини олдим. Ўша устозлари, унинг ишлари, меҳнатининг самараси, берган билимларининг фойдаси ҳақида суриштирган бўлдим.
Меҳмонларни кузатиб қўйгач, ўйланиб ётдим. Инсон қандай бўлиши, касби, иши, лавозими ва ушбу лавозимига оид хизмат мажбуриятларининг ижросига қандай ёндашиши кераклигини, ҳаёти давомида ўз атрофидаги одамларга дастлаб шахсан ўзи оқибат кўрсатиши, шундан сўнггина «кўп шогирд тайёрлаганман» дейиш, улардан оқибат кутишга ҳақли бўлиши ҳақида ғайриихтиёрий равишда фикр юритиб қолдим.
|