Tohir Malik |
20.08.2010 15:47 |
Нафс
Цитата:
«Бу дунёдаги энг йирик ёв, билгингки эй кўнгил, ўз нафсингдир, -дейилади «Қутадғу билиг»да,- Унинг тузоғи доимо ёйиқ. Нафсдан жон учун етишадиган нарса – машаққат. Нафси бузуқнинг давосини ўлимдан бошқа ҳеч нарса тополмайди. Шу нафс гоҳ югуртириб, гоҳ елдиради, гоҳ кулдириб, гоҳ йиғлатади. Кўзни суқ қиладиган ҳам шу нафс. У туфайли киши гоҳ тўқ, гоҳ оч бўлади. Бир орзуни топса, бошқаси қолади. Нафс семирса, охир-оқибат эгасини йиқитади. Кишининг нафси овчи итга қиёс: агар у семириб кетса, эгасининг ҳақини ҳам танимайди. Ёки киши нафси ёш болага ҳам ўхшайди. Қорни тўйса бас, чопиб кетаверади. Сен эса унинг орқасидан излаб юрасан».
«Нафсдан ҳам даҳшатлироқ ёв – бойлик», дейишади. Бу фикр унчалик тўғри эмас. Чунки бойлик – нафснинг фарзанди. Аслида, барча иллатлар нафснинг боласи. Аммо бора-бора ёвузликда ўз оналаридан ошиб кетиш ҳоллари ҳам учрайди.
Нафс душманлиги ҳар қандай ёв душманлигидан шиддатлироқ, чунки у инсондан ҳеч айрилмайди. Нафс бир нарсага кўникдими, осонгина ташламайди. Масалан, энг оддийси – сигарет чекишни ташлаш қанчалар оғир. Ичкилик, ёлғон, қимор, ҳийла, ўғирлик, тарозидан уриш ҳам беҳад қабиҳ амал – гуноҳи кабиралардир. Бу хусусда ҳазрат Имом Биргивийдан (раҳматулиллаҳи алайҳ) нақл этилган бир ривоятда: «Аллоҳ таолонинг таъқиқларидан зарра миқдоричалик бўлса-да, бирортасини тарк этмоқ еру осмон аҳлининг нафл ибодатларидан хайрлироқдир», дейилади. Нақадар сермазмун ва ҳикматга бой сўз!
Баъзан мансаб-мартабага, турли неъматларга эга кишиларни ғам-ташвишга чулғанган ҳолда кўрамиз. Қиморбоз қиморсиз ҳаётни тасаввур қила олмайди. Гарчи қимор уни боридан маҳрум қилиб, ўзию аҳлини хароблик ботқоғига ботирса-да, барибир бу «лаззат»дан кечолмайди, қиморсиз туролмайди. Чунки, у узоқ муддат қимор билан улфат тутиниб, жонини шу йўлга тикди. Масалан, каптарвоз ҳам саратонда иссиқни, қаҳратонда эса совуқни сезмасдан, каптарларнинг самога кўтарилиши, ҳавода ҳалқа ясаб ҳаракатланишларига маҳлиё бўлиб, кун давомида оёқда тик туриши мумкин... Бу - узоқ муддат давомий равишда битта машғулотга одатланишнинг ва шу машғулот атрофидагиларга аралашиб, улар билан яқиндан муносабатда бўлишнинг натижаси. «Нафс узоқ муддат ботил, қабиҳ нарсаларга майл этса, бора-бора уларга кўникади, ҳатто бундан лаззат олади, - дейдилар Имом Ғаззолий ҳазратлари. - Агар сен ҳам бир муддат ҳаққа қайтсангу кейин унга муттасил боғланиб қолсанг, қандай қилиб ҳаққа одатланмаслик, ундан лаззат олмаслик мумкин?! Аслида нафснинг ботил, қабиҳ ишларга майл этиши фитратга зиддир, мисоли, баъзи одамлар кесак ейишга одатлангани каби. Аммо фитратнинг ҳикматга, яратган Эгасини таниб, у Зотга муҳаббат қўйиш ва ибодат қилишга бўлган майли, бамисоли унинг таомга ва сувга бўлган майлига ўхшайди. Чунки, қалб табиати бу майлни тақозо этади. Шаҳват эҳтиёжларига бўлган майл қалбга бегона».
Бир учқундан пайдо бўлган ёнғиннинг фалокату фожиалари аён. Кичкинагина тешикча туфайли катта кема ғарқ бўлиши мумкин. Йўғон қозиқ учи ҳам, игна ҳам кўзни кўр қилгани каби кичик гуноҳлар кишида тўпланиб қоладиган бўлса, уни ҳалок қилиши муқаррар. Чунки нафсдан туғилган гуноҳлар иймонни хароб қилади. Гўё микроблар сингари ёпишиб, аввалига иймонни заифлаштиради, кейин эса ўлдиради. Дарвоқе, иймон бир марта заифлашдими, уни йўлдан тойдириш жуда осон бўлиб қолади. Мана шу жиҳатдан нафснинг душманлиги бошқа душманларга қараганда қўрқинчлироқдир.
Шайтон васвасаси билан нафс васвасаси орасидаги фарқни уламолар бундай изоҳлайдилар: шайтон ўйиндан ўйинга ўтаверади. Нафс эса бир нарсани қайсарлик билан талаб қилиб тураверади. Шайтон моҳир ёлғончи ва ҳийлакор бўлгани боис, инсонни Аллоҳ розилигидан чалғитиш мақсадида бир гуноҳга ундолмаса, бошқа бир гуноҳни «таклиф қилади», бир ўйинда инсонни лақиллата олмаса, иккинчи бир ўйинни тадбиқ этади. Аммо нафс қайсар ёш боладек ёпишиб олган нарсаларни хоҳлаб тураверади. Васвасанинг нафсдан эканлиги шу тариқа англашилади.
|
|