![]() |
Қора ариқдан нари олиб кетадиган сўқмоқда кучли туёқ товуши эшитилди, қоронғиликдан елдай учган буғу отилиб чиқди. Ўзини сайёҳлар гуруҳига урган жонивор гномларни ҳар томон сочиб ташлаб, бироз тўхтади-да, чиранганча тургач, куч-ла сакраб, ҳавога кўтарилди. Бироқ бир сакрашда нариги соҳилга ўтган буғу ерга соғ-саломат тушмади. Торин соҳилга тушиши билан камонини таранг тортиб, жангга шай бўлиб турган эди. Тўғрисини айтганда, у, қайиқнинг шу яқин ўртада бекиниб олган соҳибини кутган эди. Шу боис Торин ўзини идора қилиб, оёқда турганча қолган ягона гном бўлиб, буғуни ишонч-ла нишонга ола билди. Нариги қирғоққа сакраб ўтиб, гандираклаган жонивор зимистонда кўздан ғойиб бўлди. Бироздан сўнг қоқинаётган туёқ товуши батамом тинди.
Мерган камончини мақтаб олқишлаш учун кўпчилик эндигина оғиз жуфтлаган эди-ки, Бильбонинг чинқириши ҳаммани буғу гўшти орзусини унутишга мажбур қилди: - Бомбур сувга тушиб кетибди! Бомбур чўкяпти! Зимистондан сакраб чиққан буғу кўпчилик қатори бир оёғини эндигина қирғоққа босган Бомбурни ҳам туртиб юборган эди. Йиқилар экан, семиз гном қайиқни оёғи билан беихтиёр итариб юборди, ўзи эса дарахт илдизини тутиб олишга уринди-ю, сирпанчиқ илдиз тутқич бермай, Бомбур сувга шалоплаб тушди, қайиқ Қора ариқнинг тезоқар сувида оқиб кетди. Ариқ бўйига югуриб келганлар Бомбурнинг қора сувда чайқалаётган қайтарма қалпоғини кўриб, унга илгакли арқон ташлашди. Арқонни маҳкам ушлаган семиз гном зудлик билан сувдан тортиб чиқарилди. Бомбур, табиийки, ич-ичигача шалаббо бўлган, лекин бу ҳали ҳолва: у арқонни қўлини очиб бўлмайдиган даражада қаттиқ сиқиб олганча, тарашадек қотиб ухлаяпти. Шериклари ҳарчанд уринишса ҳам, Бомбур уйғонмади. Улар ҳамон Бомбурнинг устида энгашиб туришар экан, унинг бесўнақайлиги, ўзларининг паст толеларини лаънатлашди, қайиқни ариқ оқизиб кетгани боис буғу гўштидан маҳрум бўлишгани учун йиғлаб юборгудек бўлишди. Шу пайтда узоқдан бурғу янграб, ит акиллаши эшитилди. Ҳамма жим бўлиб, чўкка тушди. Уларга сўқмоқнинг шимол томонида катта ов шовқини эшитилди-ю, ҳеч нарса кўринмади. Сайёҳлар қилт этмай узоқ ўтиришди. Шерикларининг оғир аҳволига энди бефарқ бўлиб қолган Бомбур кулимсираб, ғам-ташвиш нима эканлигини билмай тарашадек қотганча ухлаб ётибди. Кутилмаганда сўқмоқда ҳар бири биттадан бола етаклаган, ариқдан сакраб ўтган анави эркак буғу қанчалик қора бўлса, шунчалик оппоқ урғочи буғулар пайдо бўлди. Бильбонинг назарида улар қоронғида бироз ёришиб кўрингандай бўлди. Торин огоҳ қилганча бақиришга улгурмай, гномларнинг уч нафари сакраб туриб, камонларидан ўқ узишди. Бирорта ҳам ўқ нишонга тегмади. Урғочи буғулар қандай пайдо бўлишган бўлса, ортга бурилиб, дарахтлар орасига кириб кетганча, шундай гум бўлишди. Гномлар эса беҳуда ўқ узишни давом этишмоқда. - Тўхтанг! Бас қилинг! - бақирди Торин. Кеч бўлди: овга берилган гномлар сўнгги ўқларини отиб тугатишди. Энди Беорн туҳфа этган ушбу камонлар бефойда буюмга айланди. |
Кечки овқат хомуш ўтди. Сайёҳларнинг кўнглини қамраган умидсизлик сўнгги кунларда баттар кучайди. Қора ариқдан кейин на иланг-биланг давом этган сўқмоқ, на охири кўринмаётган Ёвуз ўрмон ўзгарди. Агар йўловчилар ўрмон ҳақида сал кўпроқ маълумотга эга бўлиб, шикор ва оқ буғуларнинг пайдо бўлиши нимани англатиши ҳақида бироз фикр юритишганида Ёвуз ўрмоннинг шарқий чегарасига яқин келишганини фаҳмлашган, яна бироз сабр қилишганда ўрмон сийраклашиб, қуёш нури ёритган қисмига етган бўлишар эди. Таассуфки, буни улар фаҳмлашмади.
Боз устига, Бомбурни навбат билан кўтариб кетишга тўғри келмоқда. Тўрт киши Бомбурни кўтарган бўлса, қолганлар уларнинг юкини олишган. Агар юклари сўнгги кунларда батамом бўшаб тугамаганида, бу ишни улар уддалай олишмас эди. Юзида табассум қотган зил-занбил гномни кўтариб юргандан кўра, егуликка тўла ўша юкларнинг оғирлиги яхши эди. Ниҳоят егулик ва ичимлик суви захираси адо бўлган кун етди. Ўрмонда истеъмолбоп нарса ўсмайди, дарахт замбуруғи, ҳиди нохуш, япроғи хира алафдан бошқа егуликбоп нарса топилмайди. Қора ариқдан ўтилгандан кейин тўрт кун ўтгач қора қайин ўрмони бошланди. Йўловчилар бундай ўзгаришдан бироз қувонишди: етилмаган дарахтлар кўринмай, зимистон у қадар қалин бўлмай қолди, яшил тусдаги табиий ёруғлик кучайди. Бироқ ғира-шира ёритилган катта зал устунлари каби юксалиб турган кулранг дарахт таналарининг чексиз қаторигина ёришмоқда холос. Енгил сабо ҳам эсиб, барглар шитирлай бошлади, аммо ушбу шитир-шитир ҳам қандайдир ғамгин эшитилмоқда. Юқоридан тўкилиб тушаётган барглар куз яқинлашганидан далолат бермоқда. Оёқ остида эса ўтган кузлардан қолган хазон шалдирамоқда. Бомбур донг қотиб ухлаганча ётибди, қолганлар жуда толиққан. Баъзан қулоққа кимнингдир қўрқув тўла кулгиси чалинади, баъзан эса узоқда биров орклар овозидан кўра ингичкароқ овозда куйлаётгандай бўлади. Қўшиқ чиройли эшитилгани билан оҳанги қандайдир ғалати, мудҳиш бўлиб, йўловчиларни ваҳима босмоқда. Улар сўнгги кучини йиғиб, қадамларини тезлатишди. Яна икки кундан кейин Ёвуз ўрмон сўқмоғи қияликдан пастлаб, кўп ўтмай йўловчилар қадимий эманлар ўсган сойликка тушишди. - Бу лаънати ўрмон тугайдиган кун борми ўзи?! - хитоб қилди Торин. - Қани, кимдир дарахтга тирмашиб, бошини шох-шаббалар орасидан чиқарганча, атрофни ўргансин-чи. Мана бу сўқмоқ четидаги энг баланд дарахтни танланг. Ҳеч шубҳа йўқ-ки, ўша «кимдир» Бильбо бўлади. Дарахтга тирмашганга яраша учидаги шохларгача етиш керак. Бунинг учун эса дарахтга чиқадиганнинг вазни енгил, кўзи ўткир бўлиши талаб этилади. Шўрпешана мистер Бэггинс дарахтга чиқиш устаси эмас, бироқ илож қанча – уни баҳайбат эманнинг қуйи шохларига чиқариб қўйишди ва истайдими энди у, йўқ-ми, юқорига тирмашишига тўғри келади. Бир-бирига чирмашган қалин шох-бутоқлар орасидан ўтаётган хоббитнинг юзига новдалар урилиб, кўзига қадалмоқда, қадимий пўстлоқ кийимини тўқ яшил доғ қилмоқда, баъзан сирпаниб тушиб кетишига сал қолмоқда. Ниҳоят Бильбо бирон нимани ушлаб олишнинг иложи бўлмаган энг қийин жойни енгиб ўтиб, дарахт учига етди. Бу ерга етгунча эса «Ишқилиб, бу дарахтда ўргимчаклар йўқмикан?», «Ерга қулаб тушмасмиканман?» - деган ўй хаёлидан нари кетмади. |
Бильбо бошини шох-шабба қатлами орқали юқорига чиқарди. Биринчи бўлиб кўрган нарса капалак овига чиққан майда ўргимчаклар бўлди. Ёруғлик хоббитнинг кўзини қамаштирди. Пастда қолган гномлар бақир-чақир қилишмоқда, кўзини чирт юмган хоббит эса уларга жавоб бермай, новдаларни маҳкам ушлаб олган.
Қуёш шу даража ёрқин порлаяпти-ки, Бильбо кўзини анчагача оча олмади, очгач эса шабадада тебранаётган тўқ яшил барглар денгизини ва ушбу денгиз устида қанот қоқаётган капалаклар галасини кўрди. Афтидан, улар дарахт учида кун кечирадиган «қирмизи император» зотига мансуб кўринади. Аммо мана бу капалаклар қирмизи эмас, бирон-бир қашқага эга бўлмаган қоп-қора тусга эга. Хоббит «қора император»ларни узоқ томоша қилиб, юзи ва сочини силаб ўтаётган шабададан завқланди. Ниҳоят, унинг қулоғига ер тепалаб, сабрсизликдан ёрилиб кетишига сал қолган гномларнинг қичқириқлари чалиниб, дарахтга чиқишдан кўзланган мақсадни эслади. Теварак-атрофга разм солган Бильбо яшил денгиздан бошқа ҳеч нарсани кўрмади. Унинг саъй-ҳаракатлари бефойда бўлди. Қаёққа қарама, баргдан бошқа нарса кўринмайди. Қуёш ва шабададан қувонган юраги яшил денгизнинг бепоёнлигидан яна сиқилди. Пастда егулик топилишига ҳеч қандай умид йўқ. Аслида эса юқорида айтганимдай, ўрмон чегарасига ҳеч қанча қолмаган. Агар Бильбонинг фаҳм-идроки сал ўткирроқ бўлганда, ҳозир у сойлик ўртасидаги энг баланд дарахт учида ўтиргани, бошқа дарахтлар баланд кўриниб, ўзига хос коса ҳосил бўлганини, ушбу дарахтдан улкан косанинг ташқарисини кўриб бўлмаслигини англаб етган бўлар эди. Аммо бунга ақли етмаган Бильбо умидсизликка юз тутганча пастга тушди. Аъзойи-бадани тимдаланган, жиққа терга ботган, кийими баттар кир бўлган, ўзини бахтсиз деб топган хоббит Ёвуз ўрмоннинг қоронғи қаърига тушиб, теварак-атрофдаги нарсаларни анча вақтгача илғай олмай ўтирди. Унинг жавоби эса ҳаммага умидсизлик руҳини бахш этди. - Ўрмоннинг охири кўринмайди! Охири йўқ унинг! - хулоса чиқарди Бильбо. - Энди нима қиламиз? Хоббитни дарахтга чиқариб нима наф топдик? - эътироз-ла хитоб қилишди айрим гномлар, худди ўрмоннинг охири кўринмаганида Бильбо айбдордек. Гномлар капалакларга тупуришган, албатта, лекин шабаданинг завқлилигини эшитиб, уни ҳис этиш учун юқорига чиқа олмасликларидан баттар аччиқланишди. Бу кеча улар сўнгги увоқларни еб тугатишди, эрталаб уйғониб, ич-этларини еяётган очликни ҳис этишди. Ёмғир ёғаётганига қарамай, дарахт шохлари бир-бирига зич чирмашиб кетгани боис, ерга яккам-дуккам томчи етиб келмоқда холос. Ушбу ҳолат йўловчиларнинг ташналигини баттар кучайтирди, чунки чанқовни қора қайин остида оғиз очиб турганча босишнинг иложи бўлмади. Таскин топишнинг ягона учқуни кутилмаганда Бомбурдан чиқди. |
Дафъатан уйғониб кетган Бомбур ерга ўтириб, энсасини қашлади. Қаерда ва нима учун оч ўтирганини ҳеч тушунмади: хоббитнинг уйида май ойи тонгида ўтган зиёфатдан кейин нималар бўлганини умуман эслай олмади. Бўлиб ўтган ҳодисаларни айтиб бериб, буларнинг бари рост эканлигига уни ишонтириш жуда қийин кечди. Егулик йўқлигини эшитган Бомбур йиғлаб юборди. Уйқу жараёнида у ҳолсизланиб, оёғида базўр турадиган ҳолатга келиб қолибди.
- Нега уйғондим! - хитоб қилди у. - Ажойиб тушлар кўраётган эдим-а! Тушимда ўрмонда изғиб юрган эканман, дарахтларга машъалалар маҳкамланган, шохлардан фонуслар осилиб тушган, ялангликнинг ҳар жойида гулхан ёқилган. Ўрмон яланглигида кимдир зиёфат уюштирган бўлиб, базмнинг охири кўринмайди. Ўрмон қироли барглардан ясалган тож кийган, ҳамма қувноқ қўшиқ айтяпти, дастурхонга тортилган таом ва ичимликлар тури ҳақида гапирмасам ҳам бўлаверади! Таърифга сўз ожиз. - Тўғри қиласан гапирмай, - деди Торин. - Модомики, егуликдан бошқа нарса ҳақида гапиришга қодир эмас экансан, чиндан ҳам жим бўлганинг маъқул. Шундоқ ҳам сенинг дастингдан адабимизни едик. Уйғонмаганингда бугун сени ўрмонга ташлаб кетишга мажбур бўлар эдик, ётаверар эдинг аҳмоқона тушларинг оғушида. Шунча вақт туз тотмай сендай семизни кўтариб юриш осон кечди, деб ўйлайсанми бизга? Илож қанча, йўлни давом этиш керак. Йўловчилар оч қорин устидан камарни зичлаб тортиб, юкни елкага ташлашди-да, ўрмондан омон чиқишга умид ҳам қилмай, сўқмоқ бўйлаб одимлай кетишди. Улар сўнгги кучларини йиғиб кун бўйи аста-секин юришди. Ўлганнинг устига тепгандай, Бомбур инграшини қўймади, оёғи итоат қилмаётганига шикоят қилиб, ўзини ерга шартта ташлаб, уйқуга кетиши билан пўписа қилди. - Хаёлингга ҳам келтирма! - дейишди унга. - Сенинг оёғинг ҳам ишласин-да, ҳазилакам кўтариб юрдикми сени. Бомбур ўзиникини қўймади, шартта ерга ётиб, керишганча чўзилди. - Сизга керакми, сиз юринг! - баёнот қилди у. - Мен эса, агар ўнгимда овқат емас эканман, тушимда егулик кўриб шу ерда ётавераман. Балки энди уйғонгим келмас. Олдинда бораётган Балин кутилмаганда овоз кўтарди: - Анави нима? Дарахтлар орасида олов кўрингандай бўлди! Ҳамма Балин кўрсатган томон ўгирилди. Дарҳақиқат, узоқда қизил учқун кўринди, ана яна биттаси ялт этди, яна битта. Гулхан ёққанлар гоблинларми, тролларми, оркларми аниқлашни хаёлига ҳам келтирмаган йўловчилар гулхан томон ошиқишди, ҳатто Бомбур ҳам жонланиб кетди. Ёруғлик манбаси олдинда, чап томонда кўринди. Йўловчилар сўқмоқ бўйлаб юриб, манба рўбарусига етгач, ҳақиқатан ҳам машъала ва гулханлар ёнаётганига, фақат ўрмон қаърида, мана бу сўқмоқдан анча узоқда кўринаётганига амин бўлишди. - Тушим ўнгидан келяпти, - ҳарсиллади базўр етишиб юрган Бомбур. Семиз гном гулхан томон чопиб кетишни истади, лекин бошқалар сеҳргар билан Беорннинг огоҳлантирувчи тавсиясини эслашди. - Зиёфатдан наф бўлмайди, агар ундан омон қайтмасак, - ҳикмат қилди Торин. - Лекин зиёфатсиз ҳам омон қолишимиз даргумон, - эътироз билдирди Бомбур. Бильбо ушбу фикрни маъқуллаб бош ирғиди. Йўловчилар узоқ баҳшлашишди ва ниҳоят, гулханга яқинроқ эмаклаб бориб, у ерда нима гаплигини аниқлаб келишлари учун икки кишини истиҳборотга юборишга аҳд қилишди. Бироқ иш яна тутилди: ўрмонда умрбод адашиб, дўстларини ҳеч қачон топа олмаслик имконидан фойдаланиб қолишни ҳеч ким истамади. Охир-пировардида очлик мулоҳазакорликдан устун келди: Бомбурнинг тушини, хусусан, ўрмондаги зиёфат дастурхонига тортилган таомлар тавсифланган ҳикояларини эшитиш ниҳоятда оғир кечди. Оқибатда йўловчиларнинг бари баробар туриб, сўқмоқни тарк этганча, ўрмон қаърига кириб кетишди. |
Зимистонда маълум вақт тентираб, дарахт пайпаслаб юрган сайёҳлар ниҳоят тўлиқ ёритилган, тозаланиб текисланган ялангликка етишди. Яланглик тўла эльф! Эгнига яшил ва жигарранг кийим кийган эльфлар гулхан атрофидаги тўнка ва ғўлаларга жойлашиб ўтиришибди. Ҳар бирининг орқасида дарахтга маҳкамланган машъала ёнмоқда ва энг муҳими улар овқатланиб, ҳар хил ичимлик ичиб, қувнашмоқда.
Оловда тобланаётган гўшт ҳиди шу қадар жазб қилдики, йўловчилар беихтиёр қад ростлаб худди олдиндан келишиб олгандай буталар орасидан яланглик томон баробар одимлашди, уларнинг ягона мақсади – овқат тилаб олиш эди. Лекин эльфлар даврасига қадам қўйишлари биланоқ биров сеҳрли таёқчасини силтаган каби барча машъала ва гулханлар баравар ўчди. Эльфлардан бири тепган тараша ҳавога кўтарилиб атрофга учқун сочди. Толеи паст йўловчилар тим-қоронғиликда қолиб, бир-бирини узоқ қидиришди. Зулматда тентираган, дарахтга урилиб, танасини қучоқлаган, тўнкаларга қоқилиб йиқилган, овози борича ҳойҳойлаб, Ёвуз ўрмоннинг бу ерлардан узоқда яшаётган ҳайвонларини уйғотган сайёҳлар ниҳоят бир амаллаб йиғилиб, бир-бирини пайпаслаганча санаб чиқишди. Ушбу ялангликка қайси томондан келишганини билмай фикр-мулоҳазалари батамом чигаллашиб кетган, сўқмоқни йўқотиб, умидни узса ҳам бўладиган даражада адашиб қолишган йўловчиларга эрталабгача шу ернинг ўзида ётиб ухлашдан бошқа чора қолмади. Бир-бирини яна йўқотиб қўйишдан қўрққани боис ялангликдаги зиёфатдан қолган егулик қолдиқларини қидиришга журъат этмаган сайёҳлар узоқ ётишмади. Бильбонинг кўзи эндигина илинган экан, соқчилик қилаётган Дориннинг баланд овозда пичирлагани эшитилди. - Яна машъалалар кўриняпти, ҳўв анави ерда. Олдингидан ҳам кўп. Ётганларнинг бари ўрнидан қалқиб турди. Дарҳақиқат, сал нарида ўнлаб гулхан милтиллаб, қувноқ суҳбат ва кулги эшитилмоқда. Йўловчилар яна ёруғлик томон ошиқишди, бир-бирини йўқотиб қўймаслик учун бу сафар улар бирин-кетин, олдинда югураётган шеригининг елкасидан ушлаб боришди. Оловга яқин қолганда Торин ҳаммани тўхтатди. - Энди уларнинг даврасига ҳаммамиз баробар ёпирилмаймиз! Шу ерда қолинг, ўзим чақирмагунча жойингиздан жилманг. Даврага фақат хоббит киради. Агар эльфлар ундан қўрқиб кетишмаса («Мен-чи, улардан?» - хаёлан эътироз билдирди Бильбо), Бильбо эльфлар билан гаплашиши мумкин. Ишончим комилки, улар мистер Бэггинсга зиён етказишмайди. Йўловчилар хоббитни ялангликка туртишди. Бильбо Сеҳрли узугини тақиб олишга улгурмади. Хоббит базм қурганлар даврасида пайдо бўлиши билан жамики машъала ва гулханлар баравар ўчди ва ўтган галгидек, ҳамма ёқни зулмат қамради. Ўтган сафар йўловчилар гуруҳи бир ерга базўр йиғилиб олган эди, ҳозир эса баттар бўлди. Бир-бирини такрор ва такрор санашар экан, ҳар сафар фақат ўн уч киши бўлиб чиқаверди. Гномлар хоббитни қидириб роса бақир-чақир қилишди: - Бильбо! Бильбо Бэггинс! Ҳой, ноинсоф хоббит, қаердасан? Овоз бер, аҳмоқ! Ер ютсин сени!... - ва ҳоказо. |
Аммо жавоб эшитилмади. Хоббитни йўқотиб қўйган гномлар эндигина тақдирга тан беришган эди-ки, аллақандай ғўлага қоқилиб кетган Дори ерга қулади. Оёқ остида ётган бу «ғўла» мириқиб ухлаётган Бильбо Бэггинс бўлиб чиқди. Уйғониб кетган хоббит жаҳли чиқиб вайсади:
- Ажойиб тушимни буздинг! Зўр зиёфатда ўтирган эдим! - Шуниси камлик қилаётган эди! - ҳайрон бўлишди гномлар. - Гап-сўзи Бомбурнинг ҳикояларига ўхшаб қолибди! Тушингни гапирма бизга. Уйқунгдаги зиёфатни бизга узата олмайсан-у! - Бироқ туш мана бу қабиҳ ўрмондаги энг яхши нарса бўлиб чиқяпти, - эътироз билдирди Бильбо. Хоббит тушининг давомини кўриш илинжида яна уйқуга кетишга уринди. Илож қанча, гномларга унинг атрофида жойлашиб, уйқуга ётишга тўғри келди. Бироқ олов кўриниши тўхтамади. Ярим кечадан ўтган маҳалда уларни Кили уйғотди: - Ҳўв анави ерга ўт кетдими нима бало – сеҳр қўлланилган каби бирданига бир олам машъала-ю, гулхан ёнди. Эшитяпсизми, биров қўшиқ айтиб, арфа чаляпти. Сайёҳлар уйғониб, Кили айтган қўшиқ ва мусиқага эътибор қилишди. Ёрдам сўрашга уриниш истагини енга олмаган йўловчилар яна оёққа туришди. Бироқ бу сафар уларнинг уринишлари ҳалокат ила якун топди. Икки баробар кўп халойиқ йиғилган ушбу зиёфат олдинги зиёфатлардан анча дабдабали, тўкин-чочин бўлиб, тўрида олтинсоч бошига барглардан ясалган тож кийган, Бомбурнинг тушига кўра тавсифланган Ўрмон қироли ўтирибди. Эльфлар қадаҳларни давра бўйлаб узатишмоқда, айримлари арфа чалаётган бўлса, баъзилари қўшиқ айтмоқда. Овози қувончга тўла, юзи яшнаётган, ипакдек майин ялтироқ сочига гул қўшиб ўрган эльфларнинг байрамона кийимидаги ёқалари-ю, камарларида қимматбаҳо тошлар ярқирамоқда. Жуда чиройли, жарангдор янграётган қўшиққа мафтун бўлган Торин эльфлар даврасига беихтиёр қадам босди... Қўшиқ ва мусиқа таққа тўхтади. Гулханлар ўчиб, бир зумда ўлик жимжитлик қарор топди. Ўчирилган оловнинг қора тутуни зулматга сингиб кетди. Кўзи кулга тўлган, дарахтга урилиб ерга йиқилган гномлар айюҳаннос солиб, бақир-чақир қилиб ўрмонни бошига кўтаришди... Бильбо оёғи куйган товуқдек у ёқ, бу ёқ югурганча бақириб, гномларни бирма-бир чақира кетди: - Дори! Нори, Ори, Ойн, Глоин! Фили, Кили, Бомбур, Бифур, Бофур! Двалин, Балин! Торин Эманқалқон!.. Қолганлар ҳам қоронғида кўринмай шундай қичқиришмоқда (фақат уларнинг қичқириқларида баъзан Бильбонинг исми янграмоқда). Аммо уларнинг қичқириқлари негадир аста-секин сўниб, узоқлаша бошлади, сал ўтиб эса, хоббитнинг назарида ёрдам сўралаётган қичқириқ оҳангини касб этди. Яна бироздан сўнг теварак-атроф сув сепгандек жим бўлиб, зулмат қамраган ўрмон яланглигида Бильбо танҳо ўзи қолди. |
Мистер Бэггинс ўзини бу қадар бахтсиз ҳис этмаган эди ҳали. Эрталабгача ҳеч қандай чора кўрмасликка қарор қилди: зимистонда ўрмон бўйлаб изғиб кучдан қолишдан не фойда, боз устига сарф этиладиган ўша куч ўрнини қоплайдиган нонуштага умид йўқ.
Дарахтга суяниб ўтирган Бильбо узоқ-узоқларда қолган кулбасини, ундаги ажойиб омборларни эслади. Дудланган гўшт, тухум ва қовурилган нон ҳақида орзу қилар экан, биров унга тегаётганини ҳис этди. Унинг чап қўлига қандайдир елимшак арқонга ўхшаш нарса ёпишиб, таранг тортилибди. Қимирлаб кўришга уринган хоббит оёғи ҳам анави жирканч арқон воситасида маҳкам боғланганини фаҳмлади, ўрнидан туришга уринганда эса гумбурлаганча ерга қулади. Кутилмаганда орқадан улкан ўргимчак чиқиб, ёпишқоқ арқон туфлаганча мизғиб ётган Бильбони боғлай кетди. Хоббит ўргимчакнинг кўзини кўриб, сертук панжаларини ҳис этди. Тиним билмай ишлаётган ўргимчак эса Бильбога арқон ўрашдан тўхтамади. Хайриятки Бильбо хаёлини йиғиб, уйғонди. Агар яна бирон дақиқа мизғиб ётганда кеч бўлар, оёқ-қўлини қимирлата олмас, ўргимчак эса майда ўргимчаклар тўрига илинган пашшага заҳрини сепгандек, Бильбога заҳар сепган бўлар эди. Ўргимчакни кучи борича муштлай кетган хоббит ханжари борлигини эслади. Ўлжасининг қўлидаги қуролни кўрган ўргимчак ҳуркиб, орқага тисарилди. Фурсатдан фойдаланган Бильбо эса оёғига боғланган арқонни кесди. Ҳамла қилиш навбати энди унга етди. Агар ўргимчак қандай хавфга рўбару келганини билганида орқасига қарамай қочган бўлар эди, аммо у бундай Нишга эга ўлжани ҳали учратмаган. Оёққа турган Бильбо қиличини ўргимчакнинг кўзига суқиб олди. Ҳайвон ҳаккалаб, ирғиб, оёқларини ғайритабиий силтай кетди. Бильбо улкан ўргимчакнинг бошига яна бир бор зарба бериб, тинчитди. Ўзи ҳам ҳушини йўқотиб, ерга қулади. Бильбо атроф хира ёришганда кўзини очди. Ёнида ўргимчакнинг жасади чўзилиб ётибди, ханжар тиғи қора қонга беланган. Улкан ўгимчакни Ёвуз ўрмон қаърида, тим қоронғиликда, сеҳргарнинг, гномларнинг ёки бошқа бировнинг ёрдамисиз яккама-якка курашда ўлдириш – таъкидлаб ўтишим жоизки, мистер Бэггинснинг ҳаётидаги мисли кўрилмаган ҳодиса бўлди. Ҳозир у ўларча оч бўлишига қарамай, ўзини мутлақо бошқача – анча мард ва душманга нисбатан бешафқат ҳис этмоқда. - Сенга ном бераман, - деди у, майсага ишқалаб қондан тозалаган қиличини қинига жойлар экан. - Шу бугундан эътиборан номинг Ниш бўлади. Шундан сўнг Бильбо сукунат ҳукм сурган ўрмонни истиҳборот қилишга киришди. У авваламбор дўстларини қидириб топиши керак. Шуниси аниқ-ки, улар узоққа кета олишмаган, агар ҳозир эльфлар ёки ундан-да баттар махлуқлар тутқунлигида бўлмаса, албатта. Бақириб чақиришдан наф йўқлигини тушунган Бильбо сўқмоқ қаерда бўлиши мумкинлигини, гномларни қидириб қай томон юриш кераклигини ўйлаб, узоқ туриб қолди. |
«Беорн билан Гэндальфнинг насиҳатларига қулоқ тутмаганимизнинг оқибати бу! - ўзини ўзи койиди Бильбо. - Энди биз батамом адашдик! «Биз» эмиш! Қанийди «биз» бўлсак: ёлғиз қолиш қўрқинчли».
Ниҳоят у тунги қичқириқлар қаердан эшитилганини эслади. Унинг омади чопди деса ҳам бўлаверади (омад эса унга туғилганидан буён ҳамроҳ бўлиб келган): ҳаракат йўналишини тўғри белгилади. Ҳикоям бошида айтганимдек, хоббитлар ўрмонда шовқин солмай юришнинг ҳавосини олишган. Бундан ташқари, Бильбо Сеҳрли узугини тақиб олди. Бинобарин, йирик ўргимчаклар уни кўрмайди ҳам, эшитмайди ҳам. У ўғринча юриб, кундуз куни тарқамай қолиб кетган тун бўлагидай кўринган қандайдир ҳаддан ортиқ қоп-қора нарсага рўбару келди. Яқинроқ бориб, бир неча қават тўқилган ўргимчак уяси эканлигини англади. Бошини кўтариб, юқорига қараган хоббит дарахт шохларида ўтирган улкан, ниҳоятда мудҳиш ўргимчакларни кўрди. Сеҳрли узугини тақиб олганини унутган Бильбо даҳшатдан дағ-дағ қалтирай кетди. Ўргимчаклар уни сезиб қолишса-чи? Хоббит дарахт ортига бекиниб, кузатишни давом этди. Кутилмаганда у Ёвуз ўрмон сукунатида ўргимчакларнинг суҳбатини эшитди! Уларнинг овози ингичка ҳуштакка ўхшаётган бўлса-да, гап-сўзларини тушунмоқда. Ярамас ҳайвонлар гномларни муҳокама қилишяпти! - Қизғин жанг қилдик, - деди улардан бири, - лекин ишимиз натижали бўлди. - Териси жуда қаттиқ экан буларнинг. Гўшти ширали чиқади, деган умиддаман, - фикр билдирди иккинчиси. - Тўғри, бироз осилиб турса янада мазали бўлишади, - маъқуллади бошқаси. - Муддатидан ўтказиб юбормайлик-да, ишқилиб, - эшитилди яна бир ҳайвоннинг овози. - Қуриб қотиб қолишмасин дейман-да, жуда ориқ экан булар. - Ҳозир ўлдириш керак уларни, - хириллади бошқаси. - Кейин хавотир олмаса ҳам бўлаверади. Қанча турса тураверади осилиб. - Хавотирга ўрин йўқ, ўлиб бўлишган улар, - эътироз билдирди биринчи ўргимчак. - Ўлмаган, тирик. Ҳозиргина биттаси айланаётган эди, юр кўрсатаман. Семиз ўргимчак арқонда илдам ҳаракатланганча ўн иккитача пилла осилган шох томон югуриб кетди. Дурустроқ разм солиб қараган Бильбо даҳшатдан қотиб қолди: ғира-шира кўринаётган пиллалар арқонда осилганча чайқалмоқда, баъзи пиллаларнинг қуйи қисмидан гном оёғи чиқиб турибди, айримларининг юқори қисмида эса бурун учи, соқол тутами, қайтарма қалпоқнинг чети кўринмоқда. |
Ўргимчак энг йирик пиллага яқинлашиб, бир четидан чиқиб турган бурун учини ниқтади. «Шўрлик Бомбур бўлса керак!» - хаёлдан ўтказди Бильбо. Пилла ичидан бўғиқ инграш эшитилиб, бошқа четидан чиқиб қолган оёқ ўргимчакни келиштириб тепди. Бомбурнинг жони қаттиқ экан. Юқоридан пастлаб келган тўп сингари тепки еган ўргимчак шохдан тушар экан ғазаби қайнаб, ўзи туфлаган арқонни базўр тутиб қолди. Шеригининг аҳволини кўрган ўргимчаклар хандон отишди.
- Сен ҳақ бўлиб чиқдинг, тирик экан ҳали! - кулишди шериклари. - Тепишини қаранг-а! - Ҳозир кўрсатиб қўяман унга, тепиш қанақа бўлишини! - вишиллади зарба еб, кулгига қолган ўргимчак, юқорига кўтарилиб. «Кеч бўлмай туриб бирон чора кўрмасам бўлмайди» - аҳд қилди Бильбо. Дарахтга, ўргимчаклар орасига чиқа олмайди, отгани қуроли йўқ. Атрофга қараб қуриган жилға ўзани ва ундаги тошларни кўрди. Энгашиб, қўлига шакли тухумга ўхшаш силлиқ тош олди. Бильбо болаликдан тош улоқтиришнинг ҳавосини олган. Мерган хоббитчани кўрган қуёнлар, олмахон-у, қарғалар боланинг тош олиш учун энгашганини кўриб, жон омонлигида тез қочиб қолишар эди. Хоббит катта бўлиб ҳам тийилмади, тош, ҳалқа, майда найза улоқтиришдек ортиқча шовқинсиз машқларини, кегли ўйинини қўймади. Умуман айтганда, тутун пуфлаш, таом тайёрлаш ва топишмоқ жавобини топиш кабилардан ташқари, Бильбонинг қўлидан бошқа кўп ишлар келади. Фақат сизга бу ҳақда айтиб беришга вақт ажрата олмаган эдим, ҳозир ҳам шу аҳвол. Хоббит жилға ўзанидан тош олар экан, анави ўргимчак Бомбурнинг олдига кўтарилди. Вақтдан ютқазиладиган бўлса, Бомбурни ўлим кутаётгани аниқ. Бильбо улоқтирган тош ўргимчакнинг бошига тегди. Ҳушини йўқотган ҳайвон ерга гурсиллаганча тушиб, оёқлари ҳар томон чўзилди. Иккинчи тош ўргимчак инини ёриб ўтиб, ин ўртасида ўтирган ҳайвонни ер тишлатди. Ўргимчаклар галасида ваҳима кўтарилиб, гномлар вақтинча унутилди. Бирортаси ҳам Бильбони кўрмаяпти, лекин тош қай томондан учиб келганини фаҳмлашди. Шохлар бўйлаб яшин тезлигида югур-югур қилишар экан, ҳар томон арқон туфлаб боришди. Теварак-атроф заҳри қотил ов тўрига тўлди. |
Ҳайвон-ҳашаротларга сездирмай бошқа жойга югуриб ўтган хоббит эса қандай иш тутиш кераклигини ўйлаб топди. Қаттиқ ғазабланган ўргимчакларни гномлардан нарига эргаштириб кетиш, уларнинг жиғига тегиш, жаҳлини чиқариб, чалғитишга аҳд қилди. Ҳозиргина турган жойига элликтача қабоҳат йиғилгач, барининг бошига тош ёғдирди, ортда қолганларини ҳам ҳар эҳтимолга қарши қуруқ қўймади. Шундан сўнг дарахтлар орасида сакраб, ўйинга тушиб, ўргимчакларнинг диққат-эътиборини ўзига жалб этиш, гномларга овозини эшиттириш учун масхараомуз қўшиқ айта бошлади:
Ҳой, аҳмоқ ўргимчак Заҳар томизар чак-чак, Мен томон қара тезроқ Кўзингга киргур бутоқ. Туфлама энди арқон Хомсемизсан, мен чаққон. Тута олмайсан мени, Ўлдираман мен сени. Қорнинг мисли қўвача Миянг йўқдир заррача, Заҳар тўла қопсан сен Жонингни оламан мен. Сакра дарахтдан, тентак! Қув-чи мени ўргимчак, Хомсемизсан, ўл аҳмоқ Қорнинг намунча пахмоқ?! Бильбонинг масхараомуз қўшиғи балким беўхшов чиққандир, лекин шуни унутманг-ки, ушбу қўшиқни у йўл-йўлакай, олдиндан тайёрланмасдан, мураккаб вазиятда тўқиб борди. Муҳими, кўзланган мақсадга эришилди: Бильбо қўшиғини айтиб, тош улоқтириб борар экан, ўргимчакларнинг бари унинг овози эшитилаётган томон ташланди. Баъзилари сакраб тушиб, ерда югураётган бўлса, бошқалари тебраниб дарахтдан дарахтга ирғимоқда, айримлари зулмат ичра арқон туфлаб ҳаракатланмоқда. Дарғазаб ўргимчаклар Бильбо кутгандан ҳам чаққон экан. Биринчидан, тош улоқтирилаётгани уларга ёқмади, иккинчидан эса, «хомсемизсан» дея мазах қилинганидан ўргимчакларнинг ғазаби қайнади, «тентак, аҳмоқ» деган ҳақоратли сўзларни эса умуман ҳазм қила олишмади. Хоббит бошқа жойга ўтиб олишга уринди, бироқ ўргимчаклар яланглик бўйлаб тарқалиб, дарахт таналари орасида арқон торта бошлашди. Афтидан улар хоббитнинг тузоққа илинишига умид боғлашган. Атрофини ҳайвон-ҳашаротлар ўраб олганига қарамай Бильбо яна бир қўшиқ бошлашга журъат этди. Тузоқ қўяр қари аҳмоқ Мени тутиш илинжида, Овора бўлади пахмоқ Қолар ажал пинжида. Имиллама ҳой, семиз Тур тентак, беллашамиз Кичкина дема мени Боплаб ураман сени Арқон тупуриб, ов тўри тўқиётган ўргимчаклар орасида қолган Бильбо атрофга назар солди. Ўргимчак арқони бир жуфт дарахт орасига тўр шаклида эмас, шунчаки апил-тапил тортилганини кўрган хоббит ўша ердан чиқиб қочиш мумкинлигини англади. Ханжар яна асқатди. Бильбо қўшиқ айтиш баробарида арқон кесиб ялангликдан чиқди-да, тез нари қочди. |
Ўргимчаклар қилични кўрди-ю, унинг нималигини фаҳмлашмаган кўринади, бутун галаси билан ер ва шох-шабба бўйлаб югурганча, хоббитнинг орқасидан қувиб кетишди. Ғазабдан ҳарсиллаб, кўзи косасидан чиқиб кетгудай бўлиб қолган ўргимчакларнинг пахмоқ оёқлари лип-лип ўтиб, жағлари шақилламоқда. Ўрмон қаърига чуқур кириб кетаётганини англаган Бильбо тўхтаб, қўшиқ айтишни бас қилди-да, писиб изига қайтди. Қутуриб кетгандай югураётган ўргимчаклар эса таъқибни давом этишди.
Бильбонинг вақти оз: анави довдир ўргимчаклар ҳадемай хоббитни йўқотиб қўйишганига амин бўлгач, гномларни егани қайтишади. У вақтгача Бильбо дўстларини қутқариб қолишга угуриши керак. Энг қийини пиллалар осилган шохга чиқиб олиш. Ўргимчаклардан бири эҳтиётсизлик ила ташлаб кетган узун елимшак арқон бўлмаганда, хоббит ушбу ишни уддалай олишига шубҳа қилган бўлар эдим. Бильбо арқонга тармашганча, кафти шилиниб бўлса ҳам юқорига кўтарилди. Кўтарилишга кўтарилди-ю, асирларни қўриқлаш учун қолган кекса ўргимчакка рўбару бўлди. Ушбу ниҳоятда жирканч ҳайвон ўлжалардан қайси бири ширалироқ эканлигини билиш учун бўлса керак, вақти-вақти билан уларни ниқтаб, қолганлар етиб келгунча, бирортасини еб тугатиш ниятида экан. Мистер Бэггинс узоқ ўйлаб ўтирмай, қиличини яланғочлади-да, очкўз ўргимчакни сўйиб қўя қолди. Жони узилган ҳайвон-ҳашарот ерга гумбурлаб тушди. Навбатдаги вазифа биринчи гномни озод қилишдир. Аммо қандай қилиб? Пилла осилган арқонни кесадиган бўлса, шўрлик гном ерга гумбурлаб тушиб, жони қаттиқ оғрийди. Шох бўйлаб ўрмалаган хоббит биринчи пиллага бир амаллаб етди (бечора гномлар арқонда осилганча, айлана бошлашди). «Фили ёки Кили, - хаёлдан ўтказди Бильбо, мовий қайтарма қалпоқ четини кўриб. - Фили бўлса керак». Чунки пилла ичидан Филининг бурнига ўхшаш узун буруннинг учи чиқиб турибди. Шох узра энгашган хоббит ёпишқоқ арқонларнинг энг йўғонларини бир амаллаб кесди ва пилла ичидан чиндан ҳам тизза ва тирсакларини кучи борича ишга солган Фили чиқди. Оёқ-қўлини силтаётган гномнинг аҳволини кўрган Бильбо Филини хатти-ҳаракати ип воситасида бошқариладиган ўйинчоққа ўхшатиб, беихтиёр кулиб юборди. Бильбонинг ёрдами билан шохга илашиб олган Фили қолганларни ҳам халос этишга ёрдамлашиб юборди, гарчи у ўзини жуда ёмон ҳис қилаётган бўлса-да: ярим кун-у, ярим тун ўз ўқи атрофида айланиб чиққанидан ташқари, ўргимчак заҳри унинг кўнглини беҳузур қиляпти. Қоши ва кипригига ёпишган қабоҳатни шилиб олиш осон кечмади, соқол-мўйловининг баъзи жойларини эса кейинчалик қийиб ташлашга тўғри келди. Шундай қилиб икковлон ҳар бир пиллани шохга тортиб, ичидаги гномни халос этди. Навбат билан озод бўлаётган гномларнинг ҳаммаси ўзини Филидек ёмон ҳис қилмоқда. Кимдир пилла ичида нафас олишга қийналган, яна кимдир ўргимчак заҳрининг катта дозаси билан заҳарланган ва ҳоказо. Иккаласи Кили, Бифур, Бофур, Дори ва Норини озод қилишга улгуришди. Шўрлик Бомбур шу даражада сўлғинки, шохдан сирпаниб ердаги хазон уюмига дўп этиб тушгач қилт этишга мадори бўлмай, ўша ерда ётганча қолди. Гап шундаки, махлуқлар энг семиз ўлжа сифатида уни ҳаммадан кўп ниқташди. Ғазаби илгаридан ҳам баттар қайнаган ўргимчаклар қайтишмоқда. Беш нафар гном эса ҳамон пиллага ўралганча осилиб турибди. |
Бильбо шох-шабба бўйлаб шу заҳоти сакраб ўтди-да, юқорига ўрмалаётган ўргимчакларни қиличи билан ҳайдашга киришди. Филини халос қилаётганида Сеҳрли узукни ечиб, қайта тақиб олишни унутган экан. Ўргимчаклар уни кўриб, сўлак сачратганча вишиллашти:
- Қўлга тушдингми, кўзга илинмас итвачча! Кўряпмиз энди сени! Ичингдагини сўриб, қуруқ устухонинг-у, терингни қолдирамиз ҳозир! Қаранг-а, Ниши ҳам бор экан унинг! Ҳеч қиси йўқ, бир осилиб турсин, оёғи осмондан келиб! Бу пайтга келиб халос бўлган гномлар қолган асирларнинг арқонларини чопиш билан овора. Яна озгина фурсат ўтса, ҳамма халос бўлади. Кейин-чи? Ўргимчаклар уларни осонгина тутиб олишган эди-ю. Лекин у иш тунда бўлиб, гномлар ғафлатда қолишган эди. Ҳозир эса вазият мутлақо бошқача. Ҳаёт-мамот жанги бўлади чоғи! Бир нечта ўргимчак ерда чўзилиб ётган Бомбурни ўраб олиб, яна боғлашмоқда. Дақиқа ўтиб, тортиб кетишлари муқаррар. Хоббит овози борича бақириб, Ниш-қиличини ўйнатганча, нимага қодирлигини кўрсатиб қўйди. Ниш-қилич ўргимчаклар учун нохуш янгилик бўлди. Қурол дарғазаб ярқираганча, душманни чопиб янчишга киришди. Хоббит ўн иккитача улкан ўргимчакни ер тишлатди. Қолганлар чекиниб, Бомбурни ўз ҳолига қўйишди. - Ҳамма пастга, ерга тушсин! - бақириб буюрди Бильбо. - Ўтирманг у ерда, ов тўрига илинасиз! Ўргимчаклар қўшни дарахтлар бўйлаб гномлар устидаги шохларга қуюқ оқимдай чиқиб келишмоқда. Ўн бир нафар гном шу заҳоти пастга сакради. Энди гномларнинг ҳаммаси, шу жумладан, амакиваччалари Бифур билан Бофурга суянган ҳолсиз бақалоқ Бомбур ҳам ерда туришибди. Ниш-қиличини ўйнатаётган Бильбо у ёқ, бу ёқ сакраб юрибди, юзлаб дарғазаб ўргимчаклар атрофда: ён томонда, пастда, тепада бақрайиб туришибди. Ниҳоятда аянчли вазият қарор топди. Қақшатқич жанг бошланди! Баъзи гномлар пичоқ билан қуролланган, бошқалари қўлга таёқ олди, оёқ остида тош ётибди, Бильбо эса эльфлар ясаган ханжар билан қуролланган. Улар ўргимчакларнинг ҳамласини қайтариб, кўпчилигини ер тишлатди. Бироқ бу узоқ чўзилмаслиги аниқ. Бильбонинг тинкаси қуриб бўлди. Тўрт нафар гномгина оёқда ишончли турибди. Ўргимчаклар уларнинг барини ҳолдан тойган пашшаларни енгган каби осонгина енгиши мумкин. Махлуқлар янгитдан арқон тортишмоқда. Қандай иш тутиш кераклигига боши қотган Бильбо гномларга Сеҳрли узук сирини очишдан ўзга чора қолмаганини тушунди. Илож қанча, бошқа йўл йўқ. - Ҳозир мен кўринмас бўлиб қоламан, - деди у. - Ўргимчакларнинг эътиборини ўзимга жалб этишга уриниб кўраман, сизлар эса ҳаммангиз биргалашиб ҳаракат қилганча, қарама-қарши йўналиш бўйича, чапга, кеча эльфлар гулхани кўринган томонга ёриб чиқинг. Фикр-мулоҳазаси ҳали ёришмаган, хода силтаб, тош улоқтираётган гномларга гап уқтириш қийин кечди. Ялангликда бақир-чақир кўтарилган бўлиб, режа ижросини чўзиб бўлмайди: ўргимчаклар қуршов ҳалқасини ҳосил қилишмоқда. |
Сеҳрли узугини таққан хоббит гномларни ҳайратда қолдирганча кўздан ғойиб бўлди. Ўнг томондаги дарахтлар орасидан «тузоқ қўяётган қари аҳмоқ» «қорни қўвача хомсемиз» ўргимчак ҳақида қўшиқ мисралари янгради. Кутилмаган ушбу ҳолатдан шошиб қолган ўргимчаклар таққа тўхташди. Баъзилари Бильбонинг овози эшитилаётган томон югуришди. «Қари аҳмоқ» сўзларидан ғазаби қайнаган ўргимчаклар ақл-ҳушини йўқотиб, ўз хатти-ҳаракатларини идора қила олмай қолишди.
Хоббитнинг режасини ҳаммадан олдин фаҳмлаган Балин гномларни ҳужумга кўтарди. Гномлар жипс саф тортиб, чап томондаги ҳайвон-ўргимчакларнинг устига бир дунё тош ёғдирганча нари қувиб, қуршовни ёриб ўтишди. Ўнг томонда эшитилаётган қўшиқ ва бақир-чақир бирданига тинди. Гномлар Бильбонинг жони омон бўлиб, қўлга олинмаслигига умид қилганча олға илгарилашди. Тинкаси қуриб, базўр каловланаётган гномларнинг ҳаракати жуда секин кечмоқда! Ўргимчаклар эса уларни изма-из таъқиб қилиб келишмоқда. Гномларга баъзан тўхтаб, мудҳиш махлуқларнинг ҳамласини қайтаришга тўғри келмоқда. Ўргимчакларнинг кўпчилиги юқорида шохдан шохга ирғиб, ёпишқоқ арқон туфлашмоқда. Аҳвол чатоқ. Кутилмаганда пайдо бўлган Бильбо эсанкираб қолган ўргимчакларнинг ён томонидан ҳамла қилди. - Қочинг, югуринг, уларни шу ерда ушлаб қоламан! - қичқирди у гномларга. Хоббит чиндан ҳам йирик ҳайвон-ҳашаротларни ушлаб қолди! Орқа-олдинга югураётган Бильбо ўргимчакларнинг оёғини чопиб, арқонларини кесиб, йўғон териларини тешиб борди. Ўргимчаклар шишиб, қутуриб кетишмоқда, вишиллаб, заҳарли кўпик тупуришмоқда, даҳшатли тавқи лаънат ёғдиришмоқда, бироқ Ниш шундай қўрқув туғдирмоқда-ки, хоббитга яқинлашишга бирортасининг юраги дов бермаяпти. Лаънат-у қарғишлар кор бермай, ўлжа аста-секин қўлдан чиқиб кетяпти. Мудҳиш жанг узоқ давом этди. Бир неча соат ўтиб, Бильбо қўлини кўтара олмайдиган, махлуқларга зарба бера олмайдиган ҳолатга етганда афтидан, ҳафсаласи пир бўлган ўргимчаклар тўсатдан жангни тўхтатиб, ўлжани ўз ҳолига қўйганча, келган жойига, Ёвуз ўрмоннинг қоронғи қаърига қайтиб кетишди. Гномлар машъала ёқилиб, эльфларнинг зиёфати уюштирилган ялангликка келиб қолишганини фаҳмлашди. Ўтган тунда кўринган ялангликми бу, йўқми, айтиш қийин, лекин бундай жойларда қўлланилган эзгу жодунинг ижобий таъсири қолади шекилли, ўргимчаклар бу ерларни четлаб ўтишади. Ҳар қалай ўрмоннинг дарахт у қадар зич ўсмаган, қўрқинчли кўринмаётган ушбу қисми ёруғроқ, яшилроқ бўлиб, йўловчилар шу ерда дам олишга аҳд қилишди. Дастлаб улар шунчаки пишиллаб, ҳансираб ётишди, бироз нафас ростлаб олишгач эса Бильбони бир олам саволга кўмиб ташлашди, уларни кўпроқ хоббитнинг кўздан ғойиб бўлиши қизиқтирди. Сеҳрли узук ҳақидаги ҳикоя гномларни шу қадар ҳайратлантирди-ки, мавжуд муаммоларни унутиб қўйишди. Балин зимистондаги топишмоқлар ва Голлум билан боғлиқ ҳодисани бошидан ҳикоя қилиб, Сеҳрли узукнинг ўша ҳодисада тутган ўрнини батафсил тушунтириб беришни қатъий талаб қилиб туриб олди. |
Кун аста-секин хиралашиб, энди саволларнинг бошқа оқими ёғдирилди. Қаерга келиб қолишди? Сўқмоқ қани? Егулик топса бўладими? Қандай иш тутиш керак энди? Ушбу саволлар тинимсиз такрорланиб, афтидан, ҳамма пакана хоббитдан жавоб кутмоқда. Кўриб турганингиздек, гномлар мистер Бэггинсга доир фикр-мулоҳазаларини Гэндальф билиб айтгандек, ўзгартириб, хоббитга ҳурмат-ла қарайдиган бўлиб қолишди. Бильбо бўлмаганда ўргимчак емига айланишини теран англаган гномлар энди унга вайсашмаяпти, аксинча, ўз миннатдорлигини такрор ва такрор изҳор этиб, хоббитдан ажойиб режа чиқишини кутишяпти. Уларнинг қайсидир бири эса Бильбонинг қаршисида икки букилиб таъзим бажо айлашга уриниб кўрди-ю, мадорсизликдан оёқда тура олмай, бурни билан ерга тиралиб қолди.
Сеҳрли узукка доир ҳақиқат Бильбонинг гномлар орасида қозонган обрўйига салбий таъсир кўрсатмади. Зеро, омади чопиб, Сеҳрли узук соҳибига айланганидан ташқари Бильбо ўз зеҳни ва топқирлигини намоён эта билди. Зеҳн-идроксиз эса бундай муваффақиятга эришиб бўлмаслигини гномлар яхши англашмоқда. Улар Бильбони мақтаб, шу даражада кўкка кўтариб юборишди-ки, хоббит ўзини ростдан ҳам жасур саргузаштлар ишқивозидай ҳис этиб, агар бироз тамадди қилиб олганда янада мард бўлиб қолишига амин бўлди. Таассуфки, тамадди қилгани ҳеч нарса йўқ. Йўқотилган сўқмоқ қидирувига туриш учун мадор йўқ. Бильбо Ёвуз ўрмондан олиб чиқадиган сўқмоқни топиш ҳақида узоқ ўйланди, аммо чарчаган мияси иш бермагач, поёни йўқ ўрмоннинг охири кўринмас дарахт қаторига бақрайиб ўтирди. Ҳамма кўз юмиб, жимиб қолди. Фақат Балингина кулимсираб, ғулдурламоқда: - Голлум!... Не хаёлларга борибман-а, мен! Шу тарзда ўта билган экан-да тумшуғим остидан, менга сездирмай! Тақиб олади-да... ҳа, тушунарли! «Ўғринча аста-секин, хоббитчасига эмаклаб келдим» денг, мистер Бэггинс? «Дарвоза остонасида бир олам тугма йўқотдим» денг? Қари тулкисиз, мистер Бэггинс, қари тулкисиз, қар... тул... Балин ҳам ёнбошлаб ётган жойида тарашадек қотиб қолди. Ёвуз ўрмонда жимжитлик қарор топди. Шу ҳолатда улар узоқ ётишди. Кутилмаганда Двалин кўзини катта очиб, атрофга аланглади. - Торин қани? - томдан тараша тушгандай сўраб қолди у. Даҳшат! Улар чиндан ҳам ўн уч киши экан: ўн икки нафар гном ва бир нафар хоббит. Торин-чи, қаёққа гум бўлди у? Қандай қисматга йўлиқди экан? Сеҳр-жоду таъсирида қолдими, ё ўрмон махлуқларига ем бўлдими? Олдинига Бильбо билан гномлар даҳшатдан титраб ётишди, бироздан сўнг яна нотинч уйқуга кетишди. Ҳаммаси босинқираб чиқди. Оқшом тунга уланди. Мана шу ерга келганда ниҳоятда толиққан, ҳатто соқчи тайинламай ухлаб қолган йўловчиларни вақтинча холи қолдирамиз. |
Ториннинг қисмати бошқача кечди. Уни ҳаммадан олдин осонгина қўлга олишди. Бильбо эльфларнинг ёритилган даврасига киргани эсингиздами? Торин ҳам сал ўтиб шундай қилган эди. Ўшанда гулханлар бараварига ўчиб, Торин, худди сеҳр қўлланилгандай ерга тошдай йиқилди. У гномларнинг бир-бирини излаб бақирганини, ўргимчаклар тортиб кетаётганда кўтарган айюҳанноси-ю, тўс-тўполонгини, эртаси куни кечган жангни эшитмади. Чунки уни югуриб келган ўрмон эльфлари қўл-оёғини боғлаганча кўтариб кетишган эди.
Ялангликда зиёфат уюштирган маҳлуқлар – ўрмон эльфлари эди, албатта. Улар табиатан бадкирдор, баттол эмас-у, бегоналарга шубҳа ила қараб, ҳамиша эҳтиёткорлик билан иш тутишади. Ўрмон эльфлари олий эьфлар, яъни Олий табақали ғарб эльфлари каби оқил бўлишмаса-да, лекин анча маккор бўлиб, улар ҳам сеҳр-жодуни маҳорат-ла қўллай билишади. Бошқача қилиб айтганда, ўрмон эльфларига дуч келиш хавфлидир. Ушбу эльфларнинг аксарияти, шу жумладан, уларнинг тоғ ва адирларда яшайдиган қариндошлари Ғарб чеккасидаги шонли Сеҳрли салтанатда ҳеч қачон бўлмаган қадимий қабилаларнинг авлоди саналади. Офтоб эльфлари, оқиллиги ила ажраб турадиган ғор эльфлари ва денгиз эльфлари бир замонлар Сеҳрли салтанатга сузиб кетиб, кўпдан-кўп асрлар давомида ўша ерда яшаб тарбия топишган, кўркига кўрк қўшилиб, янада оқил бўлишган, сеҳр-жоду қўллашнинг сир-асрорларини ўрганиб, ниҳоятда гўзал, ажиб нарсаларни ҳосил қилиш санъатини ўзлаштиришган. Кейинчалик уларнинг бир қисми Ўртаерга қайтишган. Ўрмон эльфлари эса шу ерда қолиб, қуёш билан ой яратган ғира-шираликда яшашни давом этишган, улар кўпроқ юлдузли тунларни хуш кўришган. Денгиз ютмаган ҳудудларда азим дарахтлардан ташкил топган бепоён ўрмонлар пайдо бўлган. Ушбу эльфлар ҳамиша улкан ўрмонларнинг четида яшашган, баъзан ов қилиш ёки ойдин кечада юлдузли осмон остида шунчаки сайр қилиб келиш учун очиқ жойларга чиқишган. Бу ерларга одамлар кўчиб кела бошлагач эса ёруғликка чиқмай қўйиб, Марҳаматли халқ бўлганча қолиб, ўрмон қаърида бекиниб олишган. Ўрмон эльфлари қироли Ёвуз ўрмоннинг шарқий чегарасидан бир неча миля наридаги улкан ғорда яшайди. Ўрмонли адирлардан оқиб тушаётган анҳор ушбу ғорнинг ҳайбатли тош эшиги олдидан ўтиб, пастликка, тоғ тизмаси бўсағасидаги дарахт ўсган ботқоқликка бориб қуйилади. Ер остидаги улкан ғор кўпдан-кўп заллар ва юриш йўлакларидан ташкил топган бўлиб, ундан ясси тоғ қаърига кириб кетадиган кўплаб майда ғорлар тармоғи бошланади. Мазкур ғор ҳам, ундаги юриш йўлаклари-ю, майда ғорлар тизими ҳам гоблинларнинг чуқур, мудҳиш, юриш хавфли кечадиган ғор-у йўлакларига қараганда анча ёруғ, яшаш учун қулай, шинам, ҳаётга тўла бўлиб, бемалол юрса бўлаверади. |
Умуман айтганда, Ўрмон қиролининг табаалари аксар вақтни очиқ ҳавода ўтказишади, улар асосан ўрмонда яшаб, шикор билан шуғулланишади, ерда енгил қурилган ёғоч иморатлар ёки дарахт шохларида кун ўтказишади, кўпроқ қора қайинни хуш кўришади.
Ғор асосан қирол саройи, бойликлар сақланадиган хазина, душман ҳужум қиладиган бўлса – қалъа вазифасини ўтайди. У ерда йиғин заллари, зиёфат ўтказиш хоналари, кўплаб ертўла ва омборлар мавжуд. Асир олинганлар сақланадиган зиндонлар ҳам шу ғорда. Торин ўша зиндонларнинг бирига қамалган. Эльфлар гномларни унчалик ёқтиришмагани боис, биров Торинга боадаб муносабат билдирмади. Қадимда гномларнинг аллақайсидир қабиласи билан ўрмон эльфлари ўртасида уруш чиққан. Ўша қабила эльфларга қарашли хазинани ўғирлашда, аниқроқ айтиладиган бўлса, бировнинг бойлигини ғайриқонуний равишда ўзлаштириб олганда айбланган. Адолат юзасидан айтиш жоизки, гномлар ушбу ҳолатга бошқача тушунтириш беришади – улар ўзига тегишли буюмларни олишганини даъво қилишади. Гап шундаки, бир замонлар Эльфлар қироли гномлар қабиласига олтин ва кумуш тақдим этиб, ушбу металлардан ясаладиган қимматбаҳо заргарлик буюмларига буюртма беради. Буюртма бажарилгач эса қирол уста заргарларнинг иш ҳақини тўлашдан бош тортади. Меҳнатига ҳақ олмаган гномлар заргарлик буюмларини ўзларига олиб қолишади. Эльфлар қироли чиндан ҳам ўтакетган нокас бўлган. Кумуш ва оқ тошларни у жуда яхши кўрган. Хазинаси олтин, кумуш, олмосга лиқ тўла бўлишига қарамай, бойлик масаласида эльфларнинг ўтмишдаги буюк ҳукмдорларига тенглашишни истаган. Унинг табааси фойдали қазилма қазимайди, қимматбаҳо металл ва тошларга ишлов бермайди, савдо-сотиқ билан шуғулланмайди, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштирмайди, қимматбаҳо буюмлар эльфлар қасрига четдан кириб келади ва ҳар қандай гном буларнинг барини жуда яхши билади. Ториннинг аждоди юқорида айтилган эски машмашага ҳеч қандай алоқаси йўқ. Унга қўлланилган жоду барҳам топгач, табиийки, қаттиқ ғазабланди. Ўзига бўлган муносабатни ҳақорат деб топиб, Сўққа тоғ, олтин-у, хазина ҳақида ҳеч кимга ғинг демасликка аҳд қилди. Эльфлар қироли ҳузурига туртиб киритилган Торинга ғазаб-ла қараб, кўпдан-кўп савол ёғдирди. Торин эса очдан ўлаётгани, унга егулик беришларини қатъий талаб қилганча туриб олди. - Нима учун сен уч марта анави гномлар билан бирга зиёфат қилиб ўтирган табааларимга ҳамла қилдинг? - сўради қирол. - Ҳамла қилмадим, овқат сўрамоқчи бўлдим, - жавоб берди Торин. - Чунки биз очдан ўлаётган эдик. - Қани ҳозир улар? Нима билан шуғулланишяпти? - Тасаввур ҳам қила олмаяпман. Очдан ўлаётган бўлишса керак. - Ўрмонда нима қилиб юрган эдингиз? - Егулик билан сув қидирдик. Чунки биз очлик ва ташналикдан ўлаётган эдик. - Нима мажбур қилди сизларни Ёвуз ўрмонга кириб келишга? - сўради Ўрмон қироли ғазаби қайнаб. Ушбу саволга жавоб бермасликка аҳд қилган Торин лабини қимтиб олди. - Жуда соз! Олиб кетинг уни. Зиндонга ташлаб қўриқланг. Истаса юз йил ўйлансин, то ҳақиқатни айтмас экан, чиқарманг! - ҳукм қилди қирол. Эльфлар гномнинг оёқ-қўлига кишан солиб, энг чуқур, мустаҳкам ёғоч эшикли зиндонга олиб бориб қамашди, лекин унга сув беришди, тансиқ таом бўлмаса ҳам, кўп овқат олиб келишди. Ўрмон эльфлари асирлар билан мулоқот масаласида орклардан анча фарқ қилиб, нисбатан хушхулқ муносабат намоён этишади, гарчи баттол душман қўлга олинган бўлса ҳам. Улкан ўргимчаклар бундан истисно, албатта. Эльфлар уларни асир олмайди, учратган жойида бешафқат ўлдиришади. Шундай қилиб, шўрлик Торин қирол зиндонига ташланди. Дастлаб у нон, гўшт ва сув учун эльфлардан кўп миннатдор бўлди, лекин қоронғиликда дағал тўшакда ётар экан, бахти қора дўстларини эслаб, миннатдорлик туйғуси хафагарчиликка алмашди, домангирлик ҳисси қайтди. Кўп ўтмай, у бор гапдан хабар топди, бироқ бу ҳақда гап кейинги бобда боради. Унда хоббитнинг ҳаммага яна бир бор нафи теккан янги саргузашти ҳикоя қилинади. |
Қадрли китобхон!
Таржимонлик меҳнатимнинг яна бир маҳсули, сизга «Гарри Поттер» ҳақидаги романлар туркумидан кейин таржима қилиб беришни ваъда қилган навбатдаги асар «Ҳоббит ёхуд бориб қайтиш»нинг ўзбек тилидаги таҳрири мана ниҳоят нашрдан чиқди. Марҳамат, ўқинг ва завқланинг! http://img.uforum.uz/images/dgizwhw6467513.jpg http://https://img.uforum.uz/images/lujtnjo3289948.jpg http://img.uforum.uz/images/frkiydv4458928.jpg |
|
Текущее время: 01:39. Часовой пояс GMT +5. |
Powered by vBulletin® Version 3.8.5
Copyright ©2000 - 2025, Jelsoft Enterprises Ltd. Перевод:
OOO «Единый интегратор UZINFOCOM»