2 Behzod Saidov
Бир қабила бўлган экан. Ён атрофдаги бошқа қабилалар душманлик қилиб, улар яшайдиган қишлоқни қамал қилишибди. Қамал жуда узоқ давом этса ҳам, қабила таслим бўлмасмиш. Шунда душман тарафдан бир одам кечаси амаллаб қишлоқ ичига кириб, яккаю-ягона қудуқ ичига одамни эсдан оғдирадиган оғу солиб кетибди. Қишлоқ ахли бундан хабар топибди ва оқсоқоллар сув ичмасликни буюрибдилар. Бироқ, сув заҳираси тугаган сари ташналик кучлилик қилиб, одамлар қудуқ сувидан яширинча ича бошлабдилар. Бир одам буни сезиб, ҳар куни қишлоқдошларини бу йўлдан қайтишга ундаркан. Лекин, унинг гапларини ҳеч ким қулоғига олмасмиш. Таасуфки, оқсоқоллар ҳам яширинча сувдан ичишаркан. Охир-оқибат қишлоқда шу сувдан ичмаган биргина ўша ақли расо одам қолибди. Қолган ҳамманинг эси оғиб қолганлиги сабабли, энди бу одамнинг тўғри гаплари ҳам бошқаларга нотўғри, ахмоқонадек туюларкан. "Ҳимояни мустаҳкам ушлаш керак, кечаси навбатчилик қилиш керак" деса, бутун қишлоқ аҳли "бу ғалати бўлиб қолибди, эси оғибди" деган хулосага келиб, унинг устидан кулармиш. Оқсоқоллар ҳам ўзларича унга панд-насиҳатлар қиларканлар ;-). Охири уни оқсоқоллар бошчилигида қишлоқ четидаги бир ташландиқ уйга бадарға қилишибди. Ўша одам роса қийналибди...
Хуллас, таҳқирларга ва қийинчиликларга чидай олмаган ўша одам ҳам "майли, мен ҳам сиздақа бўлақолай" деб, қудуқ сувидан ичибди. Эртаси куни қишлоқдошлари "ана, энди тузалиб қолиб, эси кирибди" деб уни яна ўз сафларига қўшишган экан...
Ишончим комилки, нима бўлган тақдирда ҳам Сизнинг ҳеч қачон бу сувдан ичмасликка иродангиз етади! Бу йўлда сизга сабр-қаноат ва куч-ғайрат тилайман!
Омад ва муваффақият!
|