Истиқлол йилларида мамлакатимиз дунёларга бўйлади. Бошқа юрт халқлари юртимизга келди, ўз навбатида биз ҳам дунё кезиб, дунёдаги барча миллатлар билан яқиндан танишиш имконига эга бўлдик. Бу халқимизга хос қадриятларнинг одамийлик деб аталмиш меъзонга не чоғли уйғун эканини кўрсатиб берди. Айниқса, Миллий давлатчилигимизнинг энг кичик бўғини маҳалла институти нақадар ноёб ва фойдали эканини бугун ҳамма эътироф этмоқда. Маҳалла нафақат ўзини ўзи бошқариш муассасаси, балки миллий урф-одатларимизнинг бешиги ҳам саналади. Бир болага етти қўшни ота-она, деган нақл бежиз пайдо бўлмаган. Оилада фарзанд тарбиясининг пойдевори қўйилса-да, айнан маҳаллада сайқал топади. Шу жумладан катталарга хурмат кўрсатиш, кичикларни эъзозлаш каби анъаналар ҳам маҳаллада шаклланади, шу ерда камол топади. Кўча бошида катталар кўринса, ёшлар дарров ўйинидан тўхтаб, салом беради, уларни ўтказиб юборгач, ўйинни давом эттирадилар. Бирор нима кўтариб келишаётган бўлса, қўлларидан олишга ошиқилади. Йўриқ-йўсинда, тўй-маъракаларда ҳам уй тўри, шубҳасиз, катталарники. Бундай ёзилмаган қоидалар қон-қонимизга сингиб кетган. Бирор сабаб туфайли катталардан тепага чиқиб олсангиз, рости, ноқулайликдан ўтирганча бўлмайсиз. Бу бизга берилган тарбия натижасидир.
Ишдан қайтаётганимда учинчи қаватда турадиган қўшнимиз қўлида челак билан пастга тушаётган экан. Ҳадича ая ёлғиз яшайди. Фарзандлари турмаган дейишади. Ёши саксонларга яқинлашиб қолганига қарамай, рўзғор ишларини ўзи қилади. Бошқаларга юк бўлгиси келмаса керак-да. Қўлларидан челакни олиб сув олиб келиш учун пастга йўналдим. Кўп қаватли уйимиз ҳовлисида ўйнаётган қўшни бола ёнимга югуриб келди-да: «менга беринг, амаки», деб қўярда-қўймай қўлимдан олиб, ариқ томонга кетди. Уйга кириб кетсам, бўлаверарди. Аммо кўнглим бўлмади. Чунки қўшнимни ўғлини аядим. Сув тўла челакни учинчи қаватга олиб чиқишга қийналмасин, дедим.
("дилдаги қуёш" эшиттиришидан.) (с)
|