uForum.uz

uForum.uz (https://uforum.uz/index.php)
-   Ижод хусусида сўз (https://uforum.uz/forumdisplay.php?f=463)
-   -   Адабиётдан ахволлар кале :) (https://uforum.uz/showthread.php?t=6271)

Nigora Umarova 25.01.2013 15:23

Биз излаётган ҳикматлар. Ёзувчи, санъатшунос, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби, Нодир Норматов билан Ўзбекистон Миллий университети доценти, филология фанлари номзоди, адабиётшунос Абдулла Улуғов суҳбати
 
Цитата:

А.У: Журналистик фаолиятингиз қандай бошланган?
Н.Н: Журналистлик фаолиятим 1974 йил – “Саодат” журналида ишлаётган кезларимда бошланган. Унгача, Ўзбекистон илмий-оммабоп ва ҳужжатли фильмлар киностудиясида ишлаб юрган пайтимда “Саодат” журналида “Тиниқгул” деган ҳикоям эълон қилинган. Шундан сўнг, таниқли шоира Зулфия мени журналда ишлашга таклиф этди. У ерда ишлайдиган хотин-қизлар ҳамиша ҳам хизмат сафарига чиқа олмас эди. Менга эса, бундай сафарлар сувдай зарур эди. “Саодат”га ишга ўтгач, республикамиз вилоятлари, туман, қишлоқларини кезиб, очерклар, эсселар ёздим. Яқинда ўшанда ёзганларимни кўриб чиқдим. Кўпроқ қишлоқ одамларининг меҳнатини қаламга олган эканман. Шукрки, уларга сиёсат сингмаган экан, шундан қувондим. Қаҳрамонларимнинг бари оддий кишилар – тиканзорда юрганлар, саратонда ғўза чопиқ қилаётганлар, туя боқаётганлар...
А.У: Илк қиссангиз “Муқаддас балиқлар эгаси” нинг ёзилишига нима туртки берган? “Бисот”, “Исмоил тоғанинг тарозиси”, “Жазо”, “Дарахт тагидаги одам” қиссаларининг яратилиши тўғрисида гапириб берсангиз.
Н.Н: Илк қиссам “Муқаддас балиқлар эгаси” эмас, балки “Бисот”. У дастлаб ҳикоя эди. Пошхурдда Қурбон ўғри, Қурбонча дегани ўтган. Унинг ҳаётини озроқ бадиийлаштириб, ҳикоя ёздим. Ҳикояни “Ёшлик” журналига берган эдим, ёзувчи Хайриддин Султон ўқиб, бундан қиссани ҳиди келиб турибди, ривожлантириб, қисса қилиб беринг, деди. Гапи маъқул бўлди. Энди қўшимча тафсилот излай бошладим. Нимагадир қишлоғимизнинг энг сулув қизи бурнидаги холи яраланиб, саратонга айланиб вафот этганини эсладим. Ана шуни хаёлан тирилтирдим. Унга бўлган эҳтиромим сифатида бадиий образини гавдалантирдим.
“Муқаддас балиқлар эгаси” нинг ёзилишига туртки берган нарса – қадимий ховузларимизни динамит билан портлатиб, балиқ овлашганлигидан ғазабланганим... Қиссада илк севгисига гувоҳ бўлган балиқларга, ўзининг хотирасига хиёнат қилганини билмай қолган одамнинг тавбасини ифодалагим келди.
“Исмоил тоғанинг тарозиси” қиссасининг ёзилиши қийин кечган. Унда ҳужжатлилик мени чегаралаб ташлаган.
“Жазо” да ҳам ҳужжатларга асосланганман. Аммо мавжуд далилларга ижодий ёндашганман. Умуман, деярли барча асарларимда ҳужжатлиликка таянаман. Бундай сифатлар “Дарахт тагидаги одам” қиссасида ҳам мавжуд. Агар китобимни ўқиб кўрган қишлоқдаги ўқувчидан сўрасангиз, у сизга асарларимдаги қаҳрамонларимни осон топиб бера олади. Ёзганларингиз ҳужжатли асарми, бадиий асарми, деган савол туғилади. Менимча, бундай саволга ҳожат йўқ. Қаҳрамонларнинг номи ўзгарар экан, демак, бадиий асар. Асарнинг ҳужжатли ёки бадиий асар эканлиги эмас, унинг завқ-шавқ билан ўқилиши, фикрлашга ундаши аҳамиятли.
А.У: Романингиз “Баригал” деб номланади. Бу сўз хоразмликлар шевасига хос. Асарда шу машҳур қўшиқ билан боғлиқ сюжет чизиғи бор. Романингиз нега шундай номлангани кўпчиликни қизиқтиради. Шуни ўзингиз изоҳлаб берсангиз.
Н.Н: Аввало роман ҳақида икки оғиз сўз. Кўҳитанг тоғ оралиқларини кезсангиз, ботил бўлиб қолган қадимий қишлоқларнинг харобаларига кўзингиз тушади. Мозийнинг ҳиди келиб турган бу жойларда қандай мусибату кулфатлар кечганлиги, ўтган аср иккинчи ярмидаги турли воқеалар, маҳаллий халқ орасида юрадиган турли ривоятлару ҳақиқатлар мени қизиқтириб келарди. Тўплаган материалларимни саралаб кўриб, фожиа илдизи халқнинг, одамларнинг бирикмаганлигида, анъаналарнинг унутилганида эканини англадим. Тўғри, дангона деб аталган урф-расмда ҳам бирикишга уриниш бор. Аммо ҳамжиҳатликка интилишнинг заиф, мўртлиги ҳали одамларимизда имон мустаҳкам эмаслигида кўринади. Асар муҳокамасида кўпчилик, шулар қаторида Усмон Азим, Асад Дилмурод шу ном қўйилиши тузук, дейишди. “Баригал” номини танлашим – аслида қўшиқнинг мазмунига ишора эди. Чунки бери кел, деган чорлов ҳам бирлашувнинг, аҳилликнинг гўзал бир бир тимсоли эмасми! Устоз Саид Ахмад бу номнинг юки енгилдай деди. Куни кеча романни ўқиган Иброҳим Ғафуров “Баригал” деб аталиши тўғри. Унда биргина чорлов эмас, қўшиқ билан боғлиқ улкан фожеалар тафсилоти ётибди, деган маънода тасалли берди. Романни яқинда қайта ишлаб, аввалги нашрда тушиб қолган бобларни қўшдим. Гарчи ном асар кўрки саналса-да, бу чиройли ном ночор асарни бекаму кўст қилиб қўяди, дегани эмас.

Nigora Umarova 25.01.2013 15:25

Биз излаётган ҳикматлар. Ёзувчи, санъатшунос, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби, Нодир Норматов билан Ўзбекистон Миллий университети доценти, филология фанлари номзоди, адабиётшунос Абдулла Улуғов суҳбати
 
Цитата:

А.У: Ўқувчилар “Рўзи Чориевнинг сўнгги васияти” роман-эссеингизни илиқ кутиб олишди. Бу машҳур мусаввир тўғрисида дастлаб “Камалак яшайдиган уй” қиссасини яратган эдингиз. Сиз Рўзи Чориевнинг яқин қадрдони бўлгансиз. Бу ажойиб инсоннинг ғаройиб ҳаёти билан боғлиқ талай воқеа-тафсилотлар романга кирмай қолганини айтгандингиз...
Н.Н: Дарҳақиқат, бу инсон ҳақида кўп нарса билсам-да, ёзаётган пайтимда эсимга тушмаган. Бунинг устига, китоб чиққанидан кейин, уни таниганлар ҳам, танимаганлар ҳам рассом ҳақида эшитганлари-ю билганларини менга айтадиган бўлиб қолишди. Китоб сўнггисида, “тугал ҳикояни сиз билан бирга тугатамиз, азиз китобхон” деб ёзганим уларни руҳлантирган, шекилли. Шундай бўлса-да, китобга кирмай қолган бир-иккита лавҳалардан айтай. Рассом ўлимидан сал олдин, ёш рассом Худойшукур Маматалиевга баъзўр суянганча уйидан сал наридаги устахонасига оғир аҳволда, асарларини сўнгги марта кўриш учун бораётганида, олисда ўзидан ёши сал катта бир рассомнинг хотини билан келаётганини кўриб қолади. “Улар мени бу аҳволда кўриши яхши эмас, ёшлари мендан катта” деб Маматалиевнинг кўмагини рад этганча шитоб билан устахонасига томон чопиб кетади. Ичкарига кириши билан ҳолсиз ўтириб қолади. У дўстларию рақиблари олдида ҳеч қачон ночорлигини, ночорлигини кўрсатишни истамас, дардини дастурхон қилишни ёқтирмас эди. Яқинда, термизлик бир санъат мухлиси телефон қилиб: “Ака, Термиз аэропортидаги ресторан биноси таъмирланаётганда Рўзи аканинг 10 та асари бир жойдан чиқиб қолди. Улар ҳеч кимнинг балансида турмайди. Рассом ресторанга вақтинча осишга бериб кетган экан. Шулар талон-тарож бўлиб кетмасидан, Термиздаги музейга ўтказишга ёрдам беринг” дейди. Бу одам бир пайтлар қийналиб қолганида, нотаниш бўлишига қарамай Рўзи акадан беғараз моддий ёрдам олганлигини, унинг улуғ инсон эканлигини таъкидлаб, исми шарифини айтмай, телефон гўшагини илиб қўйди. Мен куни кеча архивимни кавлай туриб, Рўзи ака билан Панжикент, Анзоб довони, Еттикўл, Туркистон тоғлари бўйлаб сайёҳат қилганимизда ёзган кундалигимни топиб олдим. Бир ой давом этган бу кундаликда ғаройиб воқеалар бор. Бир куни Шинг дарёси ёқалаб кетарканмиз, йўлда бир гўзал шаршарага дуч келдик. Рўзи аканинг чизадиган сурп матоси тугаган, аммо бўёқлари етарли эди. Шу қишлоқ дўконига кириб, бир қоп унни бўшаттириб, анча қимматга бўлсаям, халтасини сотиб олди. Уни оби-тобига келтирди, елимлаб, оҳорлаб, эртаси ўшанга шаршарани чизди. Дунёни ишларини қарангки, ижодий сафарларда аъло навли матоларда чизилган кўп манзаралар қолиб, ўша унхалтага чизилган манзара Давлат Санъат музейи учун сотиб олинди.
Баъзан учрашувларда “Нега сиз кўпроқ рассомлар ҳақида ёзасиз” деб савол беришади. Мен уларга ўқувчилик пайтларимда пахта чопиғию қишлоқ клуби носозлиги, хуллас кўзим нимага тушган бўлса, шитоб билан ёзаберганларимни айтиб бераман. Кейин... менинг бобом Алимардон кўкчи калава, ип, матоларни бўяш, ранглаш билан шуғулланган, эҳтимол, рангларга қизиқиш шу бобомдан ўтгандир, дейман. Ўқувчилик давримда расм чизиш билан озроқ шуғулланганман. Акварелда тоғу тошларни чизардим. Рассомлар ижоди ҳақида ёзиш эса марҳум рассом Шуҳрат Абдурашидов билан бўлган учрашувдан сўнг бошланган. Шуҳрат адабиёт мухлиси эди, шеър ва ҳикоялар ҳам қоралаб юрарди. Бир куни унга “Санъат” журнали учун мақола буюрдим. У “Йўл бошидаги ўйлар” деган номда журналда босилиб чиқди. Анча-мунча баҳсларимиздан сўнг, унинг тавсияси билан мен рассомлар ҳақида мақолалар ёза бошладим. У менга Европадаги ёзувчилар рассомлар ижоди ҳақида профессионал мақолалар ёзишларини айтиб, бир-икки китоб кўрсатди. Мен жаҳон тасвирий санъати тарихини ўрганишга тушдим. Кўргазмаларни томоша қилишу рассомлар билан бевосита мулоқот асносида замонавий жараён, турли оқимлар билан таниша бошладим. Шу тариқа санаъатнинг ранг-баранг оламига кириб бордим. Ўтган аср 80 йилларида Санъатшунослик институтида аспирантурада ҳам ўқидим. Нашрга таёёрланган “Ранглар, оҳанглар,одамлар” номли катта ҳажмдаги китобим шу тарзда пайдо бўлди. Тасвирий санъат тўғрисида қалам тебратганда, ёзувчининг ўз нуқтаи назари, баҳо бера оладиган илму қуввати бўлиши керак. Акс ҳолда, кулгили аҳволга тушиб қолиш ҳеч гап эмас. Айрим шоира қизларимиз телевизорда рассомлар билан мулоқот қилишади, унда ўзларининг саводсизлигини билдириб қўйишади, чунки улар мисол учун, манзара билан картинани ёки этюд билан портретни фарқламасдан гапиришади. Санъатдан хабардорлар улар устидан кулиб ўтиришганларининг кўп бор гувоҳи бўлганман. Рассомлар ижодига бир хил андоза билан ёндошиб бўлмайди. Айтайлик, Шуҳрат Абдурашидов асарларида рангтасвир шоирона оҳанглар (пластик ечим)га йўғрилган, миллий заминга эга, хотиралар ва таассуротлар асосида чизилган. Рўзи Чориев учун эса ҳаётнинг эпик кўлами муҳим. Унинг асарларида ҳаётнинг ўзидаги дағаллик, дангаллик, хуллас, табиат ва инсоннинг минг бир хил эврилишлари, натура ва рассом ўртасидаги мулоқот акс этган. Улар ўз асарларини мана шу ўз қарашлари асосида яратишган. Шундай ўзига хос қарашлари сабаб, улар, ҳатто, бир-бирларини ёқтиришмас эди... Мен эса буларнинг барини тўла қабул қилган ҳолда, асарнинг бадиий савияси қай даражада эканлиги муҳим деб ҳисоблар эдим. Мен санъат тўғрисидаги бундай суҳбатларни жаҳоннинг қай бурчагида бўлсам, исталган хорижлик рассом билан давом эттира олардим, баъзида қарашларимиз мос келса, баъзида бир-биримизга эҳтиромимизни сақлаган ҳолда, ўз фикримизда қолар эдик.

Nigora Umarova 25.01.2013 15:26

Биз излаётган ҳикматлар. Ёзувчи, санъатшунос, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби, Нодир Норматов билан Ўзбекистон Миллий университети доценти, филология фанлари номзоди, адабиётшунос Абдулла Улуғов суҳбати
 
Цитата:

А.У: Келинг, тасвирий санъат соҳасида ҳам бирмунча фикр юритсак. Бугунги кунда оқимлар рассомларни сал довдиратиб ташламаяптими? Баъзида санъатшуносларнинг ўзлари ҳам баҳо беришда адашишади. Улар орасида сиз қайси бир оқимни афзал деб биласиз?
Н.Н: Мен бу ўринда Жалолиддин Румийнинг Мавлоно Садриддин Казвинийга айтган “Мен етмиш уч маҳзаб билан бирдирман” деган машҳур гапини эслагим келди. Тўғри, оқимлар орасида шу қадар ғариб, эстетикага жавоб бермайдиганлари ҳам керагича бор. Аммо мен кўпроқ реализмга, унга чатишиб кетган турли хил оқимларга қизиқаман. Бундай олганда, борлиқни ўрта масофада томоша қилсангиз, реализм, ниҳоятда узоқдан қарасангиз, миниатюра, икки –уч сантиметр яқинликдан томоша қилсангиз, авангардга айланади-қолади. Фикримча, оқимларнинг энг мақбулини Вақтнинг ўзи саралайди. Аммо бу жараёнда мухлиснинг ҳам ўзига хос “улуш”и бор. Унинг эса диди турлича, ўзгарувчан. Тасвирий санъат ёки адабий-бадиий асарни қайси ўлчов ва мезонлардан келиб чиқиб баҳоланади деган савол ҳамиша бўлган. Назаримда, бу давр эҳтиёжи билан боғлиқ бўлса-да, асосий талаблар ўзгармай қолаверади. Бу, бадиий талқиннинг юксаклиги, тафаккурнинг теранлиги, бадиий тилнинг пухталиги. Бугунги кунда мана шу хислатга эга бўлмаган баъзи рассомлар матони ранг билан ғайритабиий бўяб, бу янгича оқим, бу авангард деб тақдим этишади. Профессионал рассом ҳам, малакаси бундайроқ, заиф бўлган рассом ҳам авангард билан шуғулланаётганлиги кўзга ташланади. Аммо уларнинг асарларида ер ва осмончалик фарқ бор. Буни қандай фарқлаш мумкин? Заиф рассом асарида рангларнинг кирлиги, чизиқларнинг норавонлиги, композициянинг нотугаллигида кўринади. Шунга қарамай, рангтасвир асарини баҳолашда нафақат томошабин, балки таниқли мутахассислар ҳам адашади. Бундай муаммо санъат турининг ниҳоятда нозик ва сирли эканлиги билан изоҳланади. Адабиётда Жойс, Кафка, Итало Звево, Роберт Мурзиль каби ўнлаб авангард ёзувчиларнинг асарларини ҳазм қилиш учун ўқувчи катта энциклопедик маълумотга эгалиги керак бўлганидек, тасвирий санъатни ҳис қилишда ҳам томошабиннинг махсус тайёгарлиги талаб этилади. Тайёгарлик ва кўникма эса кўргазмаларни кузатиб бориш орқали шаклланиши мумкин. Биргина тасвирий санъат асари эмас, ҳатто халқ амалий санъат асарини баҳолаш учун ҳам шундай малака керак. Халқ орасида шундай кишилар борки, кулоллик ёки гиламдўзлик намунасини бир қарашдаёқ фарқлайди. Момом раҳматли яхши гилам тўқир эди, бошқаларнинг ҳар қандай тўқиган нарсасини ушламай туриб, нуқсонини айтар эди. Демак, малака барча соҳада зарур эканлиги кундай равшан.
Мана яқинда пойтахтимиздаги Марказий кўргазмалар залида “Табиат ва рассом” деб номланган катта кўргазма бўлиб ўтди. Кўргазмада манзара жанридаги асарлар анчагина. Бошқа кўргазмаларда ҳам шуни кузатиш мумкин. Бу ҳам тушунарли. Чунки манзара жанридаги картиналар бугун анча бозорбоп, харидоргир. Аммо санъат бу тарзда бозор талабларига мослашиб бориши мақбул эмас. Сабабими, биринчидан томошабиннинг диди ўтмаслашади, иккинчидан бадиий-фалсафий тафаккур ривожланишдан тўхтайди. Ҳарқалай, бозорбоп асарларни илғор, ҳар томонлама мукаммал деб айтиш қийин.
А.У: Ўзингиз картиналарни баҳолашда қандай мақомда ёндашасиз?..
Н.Н: Кўргазмаларга борганимда, асарларга нафақат томошабин ёки танқидчи кўзи билан, балки дунёдаги энг бадавлат инсон нигоҳи билан қараб баҳолашга интиламан. Масалан, ўзим кўргазмадан қандай асарларни харид қилган бўлардим, деган саволга жавоб излайман. Бунда мавжуд билим, кўникма, бадиий-фалсафий тафаккур захирасидан ташқари, инсонга хос бошқа интуициялар ҳам беихтиёр ишга тушади. Гўзалликка интилиш, унга эгалик қилиш ҳамда завқу шавқ туйиш деймизми, хуллас, том маънодаги «томошабин илҳоми» ана шунда юзага келади.

Nigora Umarova 25.01.2013 15:27

Цитата:

А.У: Қайси жанр ва йўналишларда ижод қилаётган рассомлар тезроқ мутахассислар, мухлисларнинг назарига тушаяпти?
Н.Н: Мен бир муддат Ўзбекистон Бадиий академиясининг Бадиий салони бўлган “Хамар” Халқаро алоқалар марказида директор бўлиб ишлаган эдим. Шунда сиз сўраётган саволга жавоб топгандай бўлгандим. Тасвирий санъатда ҳар бир оқимнинг ўз мухлиси бор экан. Ҳатто халтура асарларга ўч харидорлар анча-мунча. Жанрлар орасида манзара, натюрморт харидоргир. Асарнинг қайси услубда ишланганлиги ҳам томошабинни қизиқтиради, албатта. Масалан, кўпинча ёши улуғ, ўрта ёшдагилар реализмни афзал кўришади. Ёшлар орасида эса, авангард, модерн услубидаги асарларга ихлосмандлик кўзга ташланади. Биласизми, реализм давр синовларидан ўтган йўналиш. Шуниси ҳам борки, айрим рассомлар собиқ Иттифоқ даврида ҳам, ҳозирги кунда ҳам бу йўналишда чучмал, бемаза, заиф асарлар яратаверишганидан сўнг, томошабиннинг ундан кўнгли «совиган» пайтлар ҳам бўлди. Умуман олганда, бу ерда қайси йўналишда ижод қилиш эмас, савия, сифат, ижро муҳим ҳисобланади. Томошабинни ҳам, танқидчини ҳам биринчи галда натижа қизиқтиради. Шу маънода, бошқа услубларда, авангарддаги каби, реализмда ҳам ғариб, бўш асарлар тўлиб-тошиб ётганлигини таъкидлаш керак. Баъзида шундай ҳолат кўзга ташланади, тасвирий санъат ҳақида жуда билимдон рассом сизга кўп нарсаларни гапириб берадию, ўзи чизган асари эса чучмал, заиф бўлади. Нега? Сабаби аён – рангтасвир нафақат назарий билим, балки ҳар кунги қўл меҳнатини ҳам тақозо этади. Қўл «чиқиб қолса», ҳар қандай билимдонлик ҳам ёрдам бера олмайди!
А.У: Кўргазмалар ҳақида сўз очдингиз. Халқаро, республика кўргазмалари, вилоятларда ҳам бундай кўргазмалар бўлаяпти. Айниқса, Самарқанд, Бухоро, Фарғона, шаҳарларида ... Кўргазма залларида одам гавжумми?
Н.Н: Томошабинни юқорида айтганимдек, тайёрлаб бориш керак. Шунинг учун ҳам, йирик кўргазмаларда Олий ва ўрта махсус ҳамда Халқ таълими вазирликлари томонидан талабаларнинг кўргазмаларга боришлари мунтазам ва режа асосида амалга оширилаётганлиги диққатга сазовор. Ҳозирги кунда ҳорижий меҳмонлар билан бир қаторда вилоятлардан ҳам махсус ташкил этилган саёҳатчилар кўргазмаларга киришаётгани кўзга ташланади. Аммо ўзбек зиёлиларининг, хусусан, адабиёт аҳлининг вакиллари негадир кўринмайди. Бўлса ҳам, бармоқ билан санарли.
А.У: Сиз санъатнинг кўп турларига қизиқасиз. Мана яқинда (2011 йилда) сиз Марказий Осиё ва Корея мамлакатларининг мифлари, эртак ва қаҳрамонлик эпослари – 2011 сценарийлари танловига иштирок этдингиз. “Тўла метражли бадиий фильми тўлиқ матни” номинацияси бўйича “Муҳаббат кузгуси” сценарийингиз учун ғолиб бўлдингиз. Сиз илк меҳнат фаолиятингизни ҳужжатли кинодан бошлагансиз. Ҳатто, диплом ишингиз ҳам ҳужжатли кино тўғрисида бўлиб, у ўша даврда “Ўзбекистон маданияти” (ҳозирги “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”) газетасида кетма-кет босилган. Ҳужжатли кинога қизиқишингиз кейин ҳам давом этдими?
Н.Н: Мустақиллик даврида тасвирий ва амалий санъат тўғрисидаги сценарийларим асосида ўттиздан ортиқ ҳужжатли фильмлар яратилди. Жумладан, “Кўнгил камалаги ёҳуд Рўзи Чориевни эслаб” (унда мен маслаҳатчи ), “Чингиз Аҳмаров”, “Малик Набиев”, “Беҳзод ворислари”, “Сурхон кулоллари”, “Бешик”, “Уста Абдуғани Абдуллаев”, “Бойсунлик Гоген”, “Пошхуртнинг олтин пойдеворлари”, “Лангар”, “Омонхона мўъжизалари” (ёзувчи Ш.Холмирзаев ҳамкорлигида), “Қишлоқ рассоми”, “Ҳайкалтарош Азамат”, “Ғозғонлик тоштарошлар”, “Бўхоро сўзаналари”, “Аёллар номидаги обидалар” фильмлари санъат, табиат мўъжизалари ва қишлоқ одамларига бағишланган. Улар орасида мен учун жуда ҳам қадрлиси, албатта, она қишлоғимга бағишланган “Пошхуртнинг олтин пойдеворлари” ҳужжатли фильмидир. Унда мен ўсиб-улғайган гузар, кўчалар, ўқиган мактаб, болалигим ўтган дала-даштлар, энг муҳими, менга таниш одамлар тасвири бор. Нимаики ёзган бўлсам, уларнинг ҳаммасида ҳамқишлоқларим асосий қаҳрамондир. Мен қишлоқдошларимни яхши биламан деб айтолмайман. Аммо ҳамиша уларни англашга, тушунишга интилиб яшайман.
Мен учун Ўзбекистон вилоятлари бўйлаб сафар қилиш айниқса, мароқли. Шу боис вилоятларга тез-тез сафарга бориб тураман. Сурхонга эса йилида беш-олти марта бормасам, кўнглим тинчимайди. Ҳар гал аввал кўрмаган манзилларга боришга ҳаракат қиламан.
А.У: Ҳар бир даврнинг ўзига хос муаммалари бўлиши табиий. Ҳаёт илгарилар экан, унинг ташвишлари ҳам кўпайиб бораверади.
Н.Н: Албатта. Агар бугунги кунда эътибор қилишимиз лозим энг муҳим муаммо урбанизация (қишлоқларнинг шаҳарлашуви) ва дунёда глобаллашувнинг рўй бериши билан боғлиқ масалалардир. Ҳеч шубҳасиз, улар инсоният учун ижобий аҳамиятга эга. Аммо унинг салбий таъсиридан ҳам кўз ҳам юммаслигимиз керак. Бу жараён туфайли халқларнинг, мамлакатларнинг маданияти, яшаш тарзи, меъморлигида ва бошқа нарсаларида бир-бирига тақлиди қилиш кучайиб кетмоқда. Бу ҳолатни эса тўхтатиш керак. Чунки тақлидчиликка, у эса бир хилликка олиб келади. Натижада, мислсиз фожеа рўй беради. Маданиятлар бирхиллашиб кетишининг олдини олиш ҳар бир миллат зиёлиси учун ҳаводай зарур. Албатта, бунда адабиёт ва санъат аҳли зиммасига катта юк тушади. Ранг- барангликка, хилма-хиллика интилиш барча соҳа учун жуда муҳим. БМТ нинг Табиатни муҳофаза қилиш ташкилотлари биохилма -хилликни сақлашга қаратилган катта дастурлар тузишаётганлиги бежиз эмас. Унинг нечоғлик зарурлигини ҳинд мутафаккири Жавоҳарлал Неру ҳам қизи Индира Гандига ёзган мактубларидан бирида: “Уйим деразалари барча халқлар маданияти шамоллари эсиб, ҳавосини янгилаб туриши учун очиқдир. Аммо улар бу ердаги мен учун қадрли бўлган маданий бисотларимни учириб кетмасликлари керак” деб ёзган экан..

Nigora Umarova 25.01.2013 15:32

Цитата:

А.У: Бугунги кунда одамларда мол-мулкка ружу қўйиш, ҳар қачонгидан кўра авжланди. Унинг орқасидан рўй бераётган фожеалар эндиликда оддий ҳодисага айланиб қолди. Бозор иқтисодиётининг ўзига хос талаблари ўтган аср 90 йиллари бошида зиёлиларни ҳам бирқадар саросимага солган эди. Ана ўша пайтда ўзингизни қандай ҳис этасиз?
Н.Н: Мен ақлимни таниганимдан буён китоблардан, одамлардан, борлиқдан олган таассуротларимни энг буюк хазинам, деб биламан. Шу боис ҳам ўзимга тегишли ўтмишга бутунлай йўқолган нарса деб қарамайман. “Хотира” бисотимни гарчи турли бўлмағур нарсалар билан тўлдириб ташламаган бўлсам-да, лекин унда кўнглимни беҳузур қиладиган ул-бул нарсалар, тафсилотлару воқеалар анча –мунча. Ўйлайманки, ҳаммада ҳам шундай. Шу хазинани титкилаб, ундаги ниманидир таққослаб, нимадандир ҳикматлар излаш, мен учун кўпинча завқли кечади. Ўшанда кўп нарса эсланади, қадри билинади. Кўнгилни чинакам шодлантирувчи асл нарсалар вужудни соғломлаштиради, руҳни тозартиради, дейишади машойихлар. Бу Яратганнинг бизга берган беқиёс неъмати эмасми?!
Яратганнинг бандасига синовлари кўп: улар кимгадир эрта, кимгадир кеч берилади. Бу ҳикматнинг моҳиятини англашга уринишнинг ўзи катта неъмат. Бир гал қишлоққа борганимда, укаларимдан бири: “Ака, сиз бизга ундан-бундан сақлан, парҳез қилгин, соғлом бўласан деб панду насиҳат қиласиз. Мана, япон олимлари куни кеча телевизорда айтишди- худо ҳар бир кишига умрни белгилаб берган,ундан ортиқ яшай олмас экан.”,-деб иддао қилди. Укамга: “Вужуд деб аталмиш либосни инсонга Яратган муддатга белгилаб бериши тўғри. Аммо уни асрамай-нетмай, ана шу мўлжалнинг ярмини ҳам ўтамай, умри завол топаётганлар қанчалар кўплигини биласанми”,- дедим.
А.У: Ҳорижга чиқиб келганингизда кўнглингиздан нималар ўтади, қандай хулосалар қиласиз?
Н.Н: Бирни кўриб, фикр қил, мингни кўриб зикр қил дейишган. Баъзи одамларнинг айрим мамлакатлар, юртларни идеаллаштириб гапириши, дунёни жўн тушуниши ғашимни келтиради. Билиб атишган экан: “Мусофир бўлмагунча, мусулмон бўлмайсан”.
Бир йили Саудия Арабистонида ўтказилган этнография байрамида иштирок этдим. У ердаги саройларда берилган шоҳона базмларда етти иқлим неъматлари қўйилган бўлса-да, маъданли сув ёки ширин булоқ суви йўқ эди. Сабаби, у ерда шўр сув қайта ишланиб, истеъмол қилинади. Бизда сувни тежаш ҳақида кўп гапирилади. Аммо одамларимизнинг беэътиборлиги ҳаддан ташқари. Вилоятларда хизмат сафарида бўлганимда, деҳқончилик маданияти юксак қишлоқ хўжалиги ходимлари қаторида айримларнинг сувни исроф қилаётганларини кўп кўраман. Ҳозир қайси бир жойларда сонсиз-саноқсиз артезиан қудуқлар қазилиб, тоза сув керакли- кераксиз тарзда ишлатилмоқда. Ер ости сувлари заҳиралари камайиб кетса, катта фалокатлар рўй бериши маълум.
Умуман, сув, қуёш нури, тоза ҳаво инсон учун энг ажойиб таомлардир. Бир пайтлар китобларда ҳиндларнинг белдан юқори қисми ялонғоч юришини кўриб, устига киядиган нарсаси йўқ экан-да, деб ўйлар эдим. Кейин билсам, улар кам таом еб, қолган қувватни қуёш нуридан олишар экан. Таом ейишдан мақсад – қувват олиш. Аммо бизда қоринни шишириб, нафсни лаззатлантириш учун, ейиш учун яшайдиганлар анча-мунча. Эрамиздан аввалги донишмандлар ҳам, бугунги кун олимлари ҳам, нафсни тиймаслик жамиятни ҳам, табиатни ҳам, оилани ҳам, кишининг ўзини ҳам ҳалокатга элтишини таъкидлашганларида ҳақиқат кўп..
Бежизга: ҳар жойни қилма орзу
Унда ҳам бор тошу-тарози, дейишмаган.
Вашингтонда бўлганимда, шаҳарнинг қайсидир мавзесида тўрт қаватли тураржой уйларнинг баъзи хонадонлари деразалари синиқлигини, ойна ўрнида картон қутилар қўйилганлигини кўрдим. Истамбулдай гўзал шаҳарнинг биз турган меҳмонхонаси ортидаги хонадонларнинг томлари ниҳоятда ночор аҳволда эди. Ҳамма жойда ҳам бундай нуқсон мавжуд. Шу боис пашшадан фил ясаб, дардини дастурхон қиладиган, нажот йўлини изламасдан нолишни хуш кўрадиганлардан ҳафсалам пир бўлади. Турли мамлакатларни кўришда ҳам ҳикмат кўп.
Одамлар сўз хазинасидан, тоза сув ва тоза ҳаводан, қуёш нуридан етарлича фойдалана олмаяпти деб ўйлайман. Бунга давлат пул ажратиши шарт эмас. Аммо, барча ҳикмат сўзда, тоза ҳаво, тоза сув ва қуёш нурида.. Менимча, сўз хазинасидан товламачию қаллоблар кўпроқ фойдаланаётганга ўхшайди. Сўздан ишлаб чиқаришда, оила, кўча ва халқаро миқёсда қандай фойдаланиш кераклиги бўйича амалиёт курслари ташкил этиш, видео дисклар тайёрлаш, жамият эътиборини ана шу муаммога қаратиш лозим. Мен кутилмаган вазиятлар, тўқнашувлар, муаммоларнинг ечими содда ва аниқ мисоллар асосида тушунтирилган рисолалар ёзилишини ва оммага етказилишини истайман. Тўғри, илмий-услубий китоблар кўп ёзилган, Россиялик учувчи -космонавт (у фазога тўрт марта ,очиқ фазода ишлашда ўн марта чиқиб, Гиннесларнинг рекорд китобига кирган), физик-амалиётчи олим Александ Серебров бир суҳбатида “ ...фан тили жуда қуруқ ва Осиё, Африка, Лотин Америкаси, ҳатто Европада яшайдиган кўпчилик одамлар учун кам тушунарли бўлиб бормоқда” деб бекорга таъна қилмаган. Унинг фикрича, фан муаммолари оммалашган ҳолда одамларга, сиёсатчиларга тушунтирилса, глобал фалокатларнинг олдини олиш, ер куррасини экологик эсон-омон сақлаб қолиш мумкин. Бунинг учун амалий машқлару савол-жавоб қилинган рисолалар зарур. Яъни, муаммога “тренинг” тарзда ёндошиш жамиятда катта мақсадларни амалга оширишда қўл келади. Бозордаги муомалага, кўчадаги гап-сўзларга қулоқ солсангиз, кишиларнинг юксак маданиятли қадимий халқ вакиллари эканлигига шубҳа қиласиз.Албатта, барчанинг одоб-ахлоқ, яшаш тарзини бирхиллаштириб бўлмайди Аммо халқ маънавиятининг ҳикматга тўла сирли қутичаларини очиб, улардан баҳраманд бўлинса, ёмон бўлмас эди. Жаҳон ва миллий этика ҳамда эстетикаси хусусида содда, аниқ, амалий мисолларга асосланган ҳужжатли туркум фильмлар яратиш вақти-соати келди. Яратган “Бандам ҳаракат қилса, баракат бераман” деган. Ёруғ хаёл, орзу-умид билан яшайдиган инсон билан суҳбат қурсанг, кўнглинг ёришади. Ундан қандайдир ғайритабий бир қувват келаётганлигини ҳис этасан. Чиройли, нафис гурунглар инсон учун шифобахш эканлиги аллақачон исботланган.
А.У: Менимча, ҳам шундай. Сўз шифобахш экан, унинг ҳикматларини излашда сизга куч-қувват, ижодингизга барака тилаб қоламан.

Sodirjon 26.01.2013 12:56

Цитата:

Сообщение от Sparc (Сообщение 851123)
Лекин боланинг ўзида бўлмаса, уни мажбурлаб китоб ўқийдиган қилолмайсиз.

Kitob o'ish nafas olish kabi instink emas , demak o'qish o'gatiladi. Bolangizga: u xohlamyapdi , deb yaxshi fazilatlardan dars bermaysizmi?


Текущее время: 00:23. Часовой пояс GMT +5.

Powered by vBulletin® Version 3.8.5
Copyright ©2000 - 2025, Jelsoft Enterprises Ltd. Перевод: zCarot
OOO «Единый интегратор UZINFOCOM»