![]() |
Мухтарам форумдошлар!
АбуМуслим ваъдаларига вафо килиб ардокли ёзувчимиз Тохир Маликнинг веб сахифаларини кайта тикладилар. Бу хакида форумимизнинг Www.tohirmalik.com - Tohir Malik sayti мавзуси оркали танишишингиз мумкин. |
Цитата:
|
Тохир ака бугунги кунда негадир одамлар назарида устозларнинг макеи тушиб кетаётгандек...
|
Цитата:
Айламак бўлмас адо онинг ҳақин юз ганж ила. Устозлар ҳақида гап кетганда ҳазрат Алишер Навоийнинг бу байтларидан ошириб бир сўз айтмоқ мумкинмикин? Дунёда исбот талаб этилмайдиган ҳақиқатлар кўп, буни илм тилида “аксиома” деймиз. Устоз ҳазрати олийларининг улуғлиги ана шундай аксиомалардан бири. Ҳозир ўқувчилар, талабалар ўқитувчиларни “устоз” деб шарафлашади. Биз ўқиган пайтда ундай эмасди. Шу боис илм даргоҳларида бу одоб мени кўп хушнуд этади. Мен оиламизни “муаллимлар оиласи” деб ҳамиша фахрланиб юраман. Раҳматли дадам ва аям ўқитувчи бўлганлар. Опаларим ҳам ўқитувчилик қилишди, акаларим институтда устозлик қилдилар. Аҳли аёлим қирқ йилдан бери мактабда ўқитувчилар, қудаларим ҳам ўқитувчи, қизларим ўқитувчи, ва ниҳоят камина ҳам ўқитувчи...Набираларим ҳам шу касбни танлашса ажаб эмас. Демоқчиманки, ўқитувчилик заҳмати ва шарафи бизга бегона эмас. Баъзан менга нотаниш йигит-қизлар тўйга таклиф қилиб келишади. “Булар кимлар?” деб сўрайман аҳли аёлимдан. “Ўқувчиларим”, дейди у фахр билан. Мактабни битирганларига беш-олти йил бўлса-да, устозларини эслаб, тўйга таклиф қилиб келишларида мен икки ҳил саодат кўраман: биринчиси, устознинг шодлиги – демак, унинг меҳнати самарасиз кетмабди, иккинчиси – шогирднинг одоби, гўзал фазилати – демак, устознинг ҳақини унутмабди. Мана шу фазилат уни ҳаётда камолотга етказувчи бир қанотдир. Киши ҳаёти давомида кўп одамлар билан учрашади, танишади, вақт ўтиши билан эса айримларининг ўзини ҳам, исмини ҳам унутади. Лекин боғчадаги мураббиянинг, илм даргоҳидаги устознинг исмини ҳеч ким унутмаса керак. Афсус шундаки, исмини унутмаслик баробарида “у мени дарсда қийнарди, ҳеч яхши баҳо қўймас эди”, деб таъна билан эслайди. Арзимаган кичик бир хизмат билан кўнглини олишни ўйламайди. Устознинг талабчанлиги ўқувчилик кезлари ҳаммага “қийнаш” бўлиб туюлади. Ҳолбуки, ўша “қийнаш” оқибатда ширин мева беради. Камина мактабда ўқиб юрган кезларим ҳикояларим матбуотда босилиб турарди. Аммо адабиёт фанидан устозим раҳматли Саъдулла ака Исматов кўпинча “уч” баҳо қўярдилар. Дадамнинг шу мактабда директор ўринбосари, яна устоз билан улфат эканликларига қарамай “аъло” баҳо олмаслигим менга ҳам ортиқча қийнаш бўлиб кўринарди. Бу хулосанинг хато эканини Университетга имтиҳон топшириб “аъло” баҳо олганимда англаган эдим. Мени ёки аҳли аёлимни шогирдлар иззат қилиб йўқлаб келишса ёки тўйга таклиф этишса “мен устозларимни иззат қила олдимми?” деб ўзимни ўзим сўроққа тутаман. Ҳа, ҳазрат Навоий айтмоқчи, кичик бир қийинчилик ила ҳарф ўргатган устознинг ҳақини дунё бойлиги билан адо этиб бўлмайди. Зотан устоз биздан дунёнинг жавҳару олтинларини талаб этмайди. Уларни бир салом билан йўқлаб қўйсак ҳам бошлари осмонга етади. Қайсидир йили устозларимдан бирининг туғилган кунларида радио орқали синфдошлар номидан табриклаб, мусиқали салом йўллаганимда уйларига тўпланган меҳмонларига “мен дунёдаги энг бахтли одамман” деган эканлар. Ҳолбуки, радиода ишлаганим сабабли шу хизмат учун икки-уч дақиқа вақт сарф қилган эдим. Қаранг: устоз шогирд учун соатлар эмас, ойлар ҳатто йилларни сарф этадилар, аммо миннат қилмайдилар. Шу меҳнатлари туфайли шогирднинг икки ёки уч дақиқали хизмати учун эса ўзларини дунёдаги энг бахтли одам ҳисоблайдилар. Бир куни дадам раҳматли “Вақтинг бўлса Ҳайитбой акани кўриб келайлик, тоби йўқ экан”, дедилар. Ҳайитбой ака – мактабимиз директори эдилар. Бу вақтда дадам ҳам Ҳайитбой ака ҳам ишламас эдилар. Лекин хизмат чоғидаги қадрдонликлари узилмаганди. Бордик. “Тоҳирни олиб келиб яхши қилибсиз, соғинган эдим”, дедилар. Орадан бир ҳафта ўтиб, жанозаларига бордик... Устознинг менга меҳр билан тикилиб қараганлари ҳали-ҳали кўз олдимдан кетмайди. Энди бу қараш менга “даданг бошлаб келмаганларида ўзингча келармидинг?” деб савол бераётгандай туюлади. Бошқа устозларникига ҳам дадамнинг даъватлари билан борган эдим. Дадам ўзлари ҳам боришлари мумкин эди, мени бошлаб бориш билан зиммамдаги вазифани эслатмоқчи бўлган эканлар. Устозларини йўқлаётган, тўйларига таклиф этаётган шогирдларга ҳавасим келади ва айни дамда армон билан ўкинаман. Чунки менинг йўқлайдиган, тўйга таклиф этадиган устозларим бу фоний дунёни тарк этганлар. Уларнинг руҳларига дуо йўллашдан ўзга хизматим йўқ. Ҳаётда топган савобларимдан ул зотларнинг аъмол номаларига ёзиб қўйишни Аллоҳдан тилайман ҳамиша. Бугун устозлар ва мураббийлар байрами арафасида ўтган устозларни яна дуо қиламиз. Ёшлар орасида баъзи-баъзида бўлса-да, устозлар қадрига етмаётганлар учраб тургани учун шу айём баҳонасида айрим гапларни айтиб ўтишни лозим деб топдим. Саййидимиз Муҳаммад алайҳиссалом устозлар хусусида: “Ким бировга бир нарса ўргатса, ундан ўрганиб, амал қилган одам савобича савоб олади”, деб марҳамат қилганлар. Яна таъкид этганларким: “Инсонларга яхшиликни ўргатиб, ўзини унутган киши инсонларга ёруғлик таратиб, ўзини эритган мум кабидир”. Киши икки турлуг киши отанур Бири ўгратигли, бири ўгранур. Икидин нару борча йилқи сони, Тиласа муни тут, тиласа они. “Қутадғу билиг”да таъкид этиляпти: инсонлар бири ўргатувчи яна бири ўрганувчи деб икки турли бўлур. Бу иккисидин қолганини йилқи санаб, истасанг бу йўлни, истасанг у йўлни тут. Бу фикрнинг баъзи биродарларимизга қўпол туюлиши эҳтимоли бор. Лекин холис ўйлаб кўрайлик, киши бир нарсани бошқаларга ўргатмаса, ўзи ўзгалардан ўрганмаса, унинг ҳайвондан нима фарқи қолади? Инсоннинг бошқа жонзотлардан фарқи айнан шунда эмасми? Бола туғилиб, беш-олти кунлик бўлганида оналари уни бешикка соладилар. Кеча ва кундуз тинмасдан ҳаракат қилиб, кўкрак сутлари ила тарбия қиладилар. Қачонки болалар олти-етти ёшга етсалар, мактабга берадилар. Мактабда муаллимлар юрак меҳрлари билан тарбия қиладилар. Шу боис мактабни “илм бешиги”, деб ҳам атайдилар. Бу бешикда илм ва одоб ўрганиб, ақл ва фикрларини ўстирадилар. Бола учун тан саломатилиги қанча зарур бўлса, ақли ва фикрининг саломатлиги ҳам муҳимдир. Чунки ақл ва фикрсиз тандан на ўзи учун, на бошқлар учун фойда бор. Шунга кўра, биринчи бешикка қараганда иккинчиси афзал кўринади. Биринчи бешикда сут ва таом бериб боққан она ва ота қанчалик азиз бўлса, иккинчисида илм ва одоб ўргатиб тарбия берган муаллим ундан ортиқ азиздир. Тарихга шон-шараф берган буюк давлат арбоблари улуғ устозлар парваришида етишган эдилар. Бу устозлар ўз тарбиясидагилар қалбига масъулият ва марҳамат туйғулари жойлаштирганлар. Инсоният тарихида ўтган шоҳу султонларнинг сон-саноғи йўқ. Лекин уларнинг оз қисмигина кишилик хотирасида қолган. Тарих зарварақларида номлари нақш этилган шахслар ҳаётига разм солсак, уларнинг доно устозлардан сабоқ олганларига гувоҳ бўламиз. Доно устоздан сабоқ олмоқ бир масала, бу сабоққа амал қилмоқ янада муҳимроқ масала. Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Мирзо Бобур... ҳазратларининг устозларга кўргазган меҳр-илтифотлари бизга маълум. Мирзо Улуғбек ёшлик чоқларида, гарчи шаҳзодаларга ҳос одат бўлмаса-да, устозлари Қозизодаи Румий ҳазратларининг тўнлари этагини ўпган эканлар. Мирзо Бобур Самарқандга лашкар тортиб келганларида Хўжа Аҳрор валий ҳазратларининг беҳуда қон тўкмаслик хусусидаги ўгитларига амал қилиб, жанг қилмай изларига қайтганлар. Туркиядаги Усмонли давлатининг асосчиси Усмон Ғозийга оталари Эртурғул Ғозий шундай васият қилган эканлар: “Эй ўғил! *Шайх Адабалини асло хафа қилма. *У бизнинг қавмимимзнинг машъалидир. Тарозуси бир дирҳамга ҳам адашмайди. *Менга қарши келсанг ҳам унга қарши келма! *Менга қарши чиқсанг – хафа бўламан. Унга қарши келсанг – кўзларим сенга боқмайдиган, боқса ҳам сени кўрмайдиган бўлади. *Бу сўзларим шайх Адабали учун эмас, сен учундир. *Бу гапларимни васиятим ўрнида кўр”. Бу гапларни ўқиб ўйланиб қолдим: оталаридан сўнг тахтга ўтириб, саройдаги илм аҳлининг, хусусан устозларнинг қадрига етмай, хорлаганлар ва оқибатда ўзлари хорланганларга шундай васият қилинмаганмикин? Қилингандир. Устозларининг қадрига етган подшоҳ уларнинг келажагини ўйлаши табиий ҳолдир. Кўзлари хазинадаги олтин жилосидан кўр бўлган тахт ворислари бу васиятни назар-писанд қилмаганлар. Натижада, тириклик чоқлари элнинг қарғишига қолдилар, ўлгач, номлари қора билан ёзилди... Искандар Румийнинг (Александр Македонский) Арасту (Аристотель) исмли устози бор эди. У билан бемаслаҳат иш қилмасди. Устози саройга кириб келса, ўрнидан туриб, иззат билан кутиб оларди. Ҳатто уни ўз отасидан ҳам ортиқроқ кўрарди. Бир куни Искандар Румийдан: “Нечун Арастуни отангиздан ортиқ иззат қиласиз?” деб сўрадилар. Ул дедики: “Отам гўёки мени осмондан ерга туширди. Аммо устозим Арасту мени ердан осмонга кўтарди. Яъни, отам мени дунёга келмоғимга сабаб бўлди. Устозим илм ва одоб ўргатиб, мартаба ва иззатимнинг ортмоғига сабаб бўлди”. Ислом қўшинлари Истамбулни фатҳ этгач, Фотиҳ Султон Меҳметхон оппоқ отга миниб қўшин бошида Тўпқопи дарвозасидан ҳашамат билан кириб борарди. Бизанс (Византия) халқи ғолибларни олқишлар билан қаршиларди. Қизлар қўлларида гулдаста билан подшоҳни олқишлаш учун пешвоз чиқиб, “Истамбулни забт этган саркарда ким?” деб сўрашарди. Иттифоқо улар оппоқ соқолли, виқорли ва салобатли Оқшамсуддин Ҳазратларини кўриб қолдилар-у уни подшоҳ гумон қилиб гулларни узатдилар. Подшоҳнинг устози бўлмиш Ҳазрат бу қутловдан ҳижолат бўлиб, отларини четга сурдилар-да: -Янги санани очган ҳукмдор Султон Меҳметхон ана удир, гулларни унга беринг,-дедилар. Фотиҳ Султон Меҳметхон эса гул тутаётган қизларга Оқшамсуддин Ҳазратларини кўрсатиб деди: -Боринг-да, бу гулларни оппоқ соқолли муҳтарам ул зотга беринг, бу ҳурмат ул зотнинг ҳақидир. Филҳақиқат, ул менинг устозимдир. Бу эъзозга у зот лойиқдир. Чунки бу фазилатларни, бу жаҳонгирликни, бу қаҳрамонликни мен муҳтарам устозимдан ўргандим. Унинг илми ва фазилати соясида Истамбулни фатҳ этиш шарафига эришдим. Яна ҳукмдорлардан бири Султон Салим Мисрни забт этиб, Истамбулга қайтаётган эди. У қўшин олдида устозлари, мулозимлари, шайхул-исломлар қуршовида эди. Зафар машқлари чалинганда ибн Камолнинг оти ҳуркиб, сакради-ю Султоннинг сут каби оппоқ либосига лой сачради. Буни кўрган ибн Камол қўрқиб кетди. Бошқалар ҳам подшоҳнинг ғазабланишини кутдилар. Аммо Султон Салим дедики: -Бу либосимни олиб, сақлаб қўйинг. Бу либос шундайлигича, лойи билан сақлансин! Вазирлар бу буйруқ ҳикматини, сабабини сўраганларида Султон Салим шундай жавоб берди: -Муҳтарам зот отининг оёғидан сачраган лой бизнинг шарафимиздир, у охиратда васиқаи баротимиз бўладир. Либосимизга теккан лойни кўриб, авлодимиз ҳам ибрат олсинлар, устоз отининг оёғидан сачраган лой бизнинг назаримизда қанчалик қадрли эканлигини дунё тургунча авлодимиз хотирласин. Не афсуски, устозлар ҳақини адо этишни ўйламайдиганлар ҳам бор. Мактабларда устозларни ранжитувчи ўқувчиларни учратиб турамиз. Айрим ота-оналар фарзандлари олдида устозларни ҳақорат қилишдан ҳам тоймайдилар. Устозига меҳр ва ҳурмат кўрсатишни билмайдиган ва ўрганишни истамайдиган бахтсиз талаба бир умр фақат ўзигагина меҳрибон ва фақат ўзинигина ҳурмат қилувчи худбин бўлиб қолади. Саҳро тиконини экиб, гул оламан, деган одам ақлли одам эмасдир. Ўзига илм-ирфон ўргатувчи устозининг қадрини билмаган одам Ватан, миллат учун фойдали бир одам бўла олмайди. Ислом дини нуқтаи назаридан қаралса, адо этиб, тугатиб бўлмайдиган ҳақлар орасида устоз ҳузуридаги қарздорлик ҳам бордир. Шу ҳикоятлар баҳонасида икки мазмун англатувчи бир мақолга изоҳ бермоқ зарурати туғилди. Устозларнинг мавқеи ҳақида гап кетганда айримлар бу мақолни “Устоз отангдан улуғ”, тарзида, бошқалар эса “Устоз отангдек улуғ” шаклида баён қиладилар. Бунга сиз нима дейсиз? Қайси бири тўғри? Фарзанд учун одамлар орасида отанинг мавқеидан баланд зот йўқ. Лекин ота ўрнида кўриб ҳурмат қилинадиганлар бор. Демак, устоз отадек улуғ экан. Лекин масаланинг бошқа томони ҳам бор: ота фарзандини боқишга, тарбия қилишга мажбур. Лекин устоз айнан шу фарзандга илм беришга мажбур эмас. Агар “бу болани ўқитмайман”, деса айбли саналмайди. Шу боис ҳам унинг отага нисбатан улуғлиги мавжуд. Ҳазрат Али (р.а.) “Менга бир ҳарф ўргатган кишининг хизматкори бўлишга тайёрман”, деганлар. Ҳамонки устоз отадан улуғ экан, “Ота рози – Худо рози”, деган мақолни “Устоз рози – Худо рози” деган маънода ҳам англашимиз ва шунга яраша ҳаракат қилишимиз шарт экан. Кимки, устозининг розилигига етишибди, демак, у бахтиёрдир! |
Адиблар уз асарларида ишк-мухаббат хакида куп ёзишади, бу уларнинг хаётнинг кузатувчанлигидан келиб чикади.
Бугунги кунда ёшларимиз уртасидаги мухаббат, бу шунчаки хавасга айланиб колаётгандек... |
Цитата:
Дунёда ишқ-муҳаббатдан бегона одам йўқ. Буни “дард” ҳам дейдилар. Ҳар бир инсон маълум ёшда бу дардга чалинади. Тарихдан, мумтоз адабиётимиздан маълумки, айримлар бу дард туфайли ҳалок ҳам бўладилар. Ким муҳаббат дардига мубтало бўлибди – унга табиблар шифо бера олмайдилар. Унинг бирдан бир шифоси – висол. “Ишқ” дейилганда аввало Аллоҳга бўлган муҳаббат тушунилади. Сўнгра ота-онага, Ватанга муҳаббат, оилага, дўстларга муҳаббат ҳам мавжуд. Буларнинг бири иккинчисини инкор этмайди, балки бир-бирига қувват беради. Ҳар бири ўз ўрнида ардоқли фазилатдир. Бирини деб иккинчисидан воз кечилмайди. Биз айни дамда булар ҳақида эмас, оқибати никоҳ иплари билан боғланувчи икки дил муҳаббат ҳақида сўз юритмоқчимиз. Бугунги кунда айтилаётган қўшиқларнинг сўзларига эътибор берилса, ярмида муҳаббат изҳор этилса, қолган ярмида бевафонинг ташлаб кетганидан нолалар қилинади. Ажабланарлиси шуки, муҳаббат изҳоридан иборат қўшиқларнинг кўпини қизлар ижро этишади. Ҳолбуки, иболи, ҳаёли қиз ҳеч қачон йигитга ўз муҳаббатини очиқ изҳор этмайди. Бу бизнинг талабимиз эмас, табиат шундай яралган. Ҳатто қушларнинг ҳам фақат эркаги сайрайди. Ҳамонки, қиз йигитнинг таърифу тавсифини келтириб “мен сени севаман”, деб овоза қилган экан, демак у ҳеч қачон йигит томонидан қадрланмайди. Демак, унинг ташлаб кетилишига йигит эмас, ўз одобсизлиги, янада аниқроқ айтсак: нафси сабаб. Шаҳар кўчаларида куппа-кундуз куни ҳам бир-бирига суйкалишиб юрган, ҳатто қучоқлашиб, ўпишаётган йигит-қизларни учратиб қоламиз. Дискотека каби жойларни-ку, айтмаса ҳам бўлади. Буни ўша йигит-қизлар ўзларича “муҳаббат” деб ўйлашар? Йўқ, бу муҳаббат эмас! Муҳаббат - покиза туйғудир. Бу пок туйғу кўча-кўйда булғанмайди. Ўз майлини йигитга топшириб қўйган қизни муҳаббат оташи эмас, шайтоннинг ўтли нафаси бошқаради, бошқачароқ айтсак: нафси бошқаради. Шу ўринда оқила қизларимиздан сўраймиз: айтинг-чи, йигитга суйкалишдан уялмаётган қиз ҳақида йигит нималарни ўйлаши мумкин? “Менинг раъйимга қаршилик билдирмаяпти, эҳтимол мендан аввал ҳам бошқа йигит билан шу қилиқларини қилгандир, ҳозир мен билан хайрлашиб бошқасини учратса-чи?” демайдими? Айнан шу фикрда бўлиши аниқ. Демак, у учун қиз муҳаббат олиҳаси эмас, балки бир оз ўйнаб, кўнгил талаби қонганидан сўнг ташлаб юбориладиган бир матоҳ. Ўйлаб кўринг: йигитнинг ўйлари қиз учун ҳақорат эмасми? Қўполроқ бўлса ҳам айтайлик: йигит қизни бир фоҳиша ўрнида қабул қилмаяптими? Бу қиз учун ҳақорат эмасми? Албатта ҳақорат, ўлим билан тенг ҳақорат! Ҳатто ўлимдан ҳам аянчлироқ ҳақорат. Чунки ўлимдан сўнг тупроқ тортилади, кўп нарсалар унутилади. Бундай ҳақорат юзига эса тупроқ тортиб бўлмайди. Унутиш ҳам мумкин эмас. Ким шундай ҳақоратга дуч келибди, бу дунёда неча йил яшаса ҳам, то ўлгунига қадар шу юрак қийноғида юради. Кўчада йигит билан юрган барча қизларга ҳам бир ҳил кўзда қарамаймиз. Ҳаммасини бир ҳилда айбламаймиз. Кўплари тўғри кўнгилда дўстдирлар, ўқишдан бирга қайтаётгандирлар. Ёки йигитнинг пинжига кириб кетай деяётган қиз уни чиндан ҳам яхши кўрар. Уни ҳам енгилтакликда айбламай турайлик. Дейлик, улар шу ҳолатда турмуш ҳам қуришди. Шубҳа йўқки, айнан шу оилада рашк ўти бошқаларникидан баландроқ ёнади. Эр хотиннинг, хотин эса эрнинг ҳар бир қадамида бевафолик учқунини кўргандек бўлаверади. Биласиз, ёзувчилар кузатувчан бўлишади. Бу одат менда ҳам озми-кўпми бор. Ана шу кузатувларим асосида айтишим мумкинки, кўча-кўйда суйкалишиб юрганларнинг кўпчилиги оқибатда оила қурмайди, қурган тақдирда ҳам бахтли ҳаёт кечира олишмайди. Аммо бу тўхтамни барчага нисбатан деб тушунмаслик керак. Бир-бирларига кўнгил қўйиб, муҳаббатларини пок ҳолда асраб турмуш қурган, бахтли ҳаёт кечирган оилалар ҳам бор. Мен бахтли бўла олмайди, деганда муҳаббатини пок ҳолда асрай олмаган, муҳаббат туйғусига гард туширган йигит-қизларни назарда тутяпман. Яна шундай қизлар борки, улар муҳаббат туйғусини мутлақо қадрламайдилар. Улар учун энг муҳими – йигит билан вақтихушлик қилиш. Агар йигит бойваччалардан бўлса бундайлар учун янада яхши. Халқда бундай қизларни “енгилтак” ёки “суюқоёқ” дейдилар ва нафратланадилар. Бундай қизларнинг оқибатда фоҳишаликни касб қилишдан ўзга чоралари қолмайди. “Ҳадеб қизларни ёмонлаяпсиз, йигитлар-чи?” деб таъна ҳам қилишингиз мумкин. Таъна ўринли. Гапни қизлардан бошлашимизга бир сабаб бор: қиз болани нозик чиннига қиёслашади. Унинг шаънига озгина доғ тушса ҳам, ҳар қанча ювишга уринмасин, кетиши қийин бўлади. Бизнинг одатимиз шу-да: агар қизни бир йигит билан кўриб ота-онасига айтишса, оила исноддан бўғилади. Агар “ўғлингиз бир қиз билан кетаётган экан”, дейилса “ҳа, йигитчилик-да”, деб қўя қолишади. Ҳатто эрдан чиққан жувон билан хотиндан ажрашган эрнинг мавқелари ҳам тенг эмас. Минг йиллардан бери давом этиб келаётган бу одат ҳали бери бекор қилинмайди. Шунинг учун ҳам қизларни ёмон оқибатлардан эҳтиёт қилиш мақсадида гапни улардан бошладим. Йигитлар масаласига келсак, ҳаё ва вафо борасида қизларга қанчалик талаблар қўйилса уларга нисбатан ҳам шу даражада талаб мавжуд. Улар орасида ҳам нафс бандалари бор, эҳтимол, қизларга нисбатан кўпроқдир, буни ҳеч ким санаб кўрмаган. Аммо йигитлар орасида алдамчилари кўпроқ бўлса керак. Бир вақтнинг ўзида бир неча йигитга севги изҳор қилувчи қизларга нисбатан, бир неча қизнинг бошини айлантириб юрувчи йигитлар кўпроқдир, деган ўйдаман. Албатта менинг бу фикримни қизлар қувонч билан тасдиқлашади, бироқ йигитлар инкор этишади. Лекин йигитлар шошилмай турганлари ва бу ҳақиқатни тан олганлари маъқул. Йигитлар орасида қизларни фақатгина нафсни қондириш манбаи деб қаровчилар оз эмас. Демоқ жоизки, бундай йигитларнинг келажагида ҳам бахт маёғи порламайди. Ҳақиқий эр йигит қадимдан ҳам ўз ор-номусини, ҳам севгилиси шаънини қадрлаб келган. Ор-номус учун жангга кирган, ҳатто жон берган. Европада бундайларни “рицар” дейишади. Бизда эса “жувонмард”. Қизми ёки йигитми бир нарсани аниқ англаб олишлари шарт: бошланиш, яъни ибтидо -муҳаббат, оқибат, яъни интиҳо - оиладир. Оқ дастурхонлар солинган покиза уйга ҳеч қачон ифлос оёқ билан кирилмайди. Яқинда бир оила можаросига гувоҳ бўлдим. Оила қурганига бир йил ҳам тўлмаган эр хотинидан ажрашмоқчи. Сабаб: хотинида гумони бор. Кўп гап-сўзлардан кейин келин бошқа йигитда кўнгли борлигини, уни тўйдан олдин ҳам севганини, тўйдан кейин ҳам учрашиб турганини очиқ айтди ва буни иснод деб қабул қилмади, балки “чин муҳаббат”, деб таърифлади. Чиндан ҳам шундаймикин? Йўқ, асло! Нима учун кескин равишда шундай хулосага келяпмиз? Сиз ҳам ўйланг-чи: агар қиз тўйдан аввал юрган йигитини чиндан ҳам севса нима учун бу йигит билан турмуш қурди? Адашдими? Ота-онаси мажбур қилдими? Агар қизнинг севгиси ҳақиқий бўлганда эди, у муҳаббатини ҳимоя қилишга озгина бўлса-да уриниб кўрарди. Ўша можарода қизнинг ота-онаси фарзандининг бу туйғусидан мутлақ бехабар эканликларини айтишди. Онаси ҳатто “Вой қизим-ей, шунақа дардинг бор экан, айтмайсанми, суйганингга берардим”, деб ўкинди. Энди яна бир нарсани айтиб ўтмасак бўлмас: ҳозир ҳориждан кўп бемаъни қилиқлар билан бирга “эркин муҳаббат” деган аҳмақона “ғоя” ҳам кириб келяпти. Ёшлар бу ҳақдаги бузуқ фильмларни кўриб ётишибди. Эҳтимол улар орасида ҳам шу “ғоя” тарафдорлари пайдо бўлаётгандир. Агар шундай бўлса, биз уларга деймизки: “эсингизни йиғиб олинг. Бу “ғоя” бузуқликнинг ўзгинаси. Бу “эркин муҳаббат” эмас, бу “ҳайвоний муҳаббат”. Ҳатто унга “муҳаббат” деган покиза тушунчани қўллашнинг ўзи ҳам бемаъниликдир.” Бу ҳайвоний туйғунинг нимадан иборат эканини билмаганларга тушунтириб ўтамиз: эр ва хотин гўё бир оила қурадилар аммо эр қачон кимни хоҳласа ўша билан бўлади, хотин эса кўнглига ёққан эркак билан маишат қилаверади. Улар бир-бирларини бузуқликда айбламайдилар. Уларнинг эркинликлари мана шундан иборат. Бу бемаъниликни балки Европа кўтарар, аммо бизда хотинини бировга рашк қилмаганларни “даюс” деб атайдилар ва эр учун бундан ўзга даҳшатлироқ ҳақорат йўқ. Сиз бу “эркинлик”ни нима деб атайсиз? Мазкур баёнда фикрларимизни балки кескинроқ билдиргандирмиз. Бу кескинлик кимнингдир иззат-нафсига ҳам теккандир. Начора, “дўст ачитиб гапирар”, дейдилар-ку? Эҳтимол кексайиш ёшига бораётганим учун фикрларимда ҳам эски қарашлар мавжуддир, балки ёшларнинг ҳаётга, муҳаббатга қарашлари энди бўлакчадир? Марҳамат, шу ҳақда очиқчасига фикрлашайлик. Лозим бўлса, баҳслашайлик. Мана шу фикрлашувимиз, баҳслашувимиз тўғри йўлни белгилашда қийналаётган қайси бир ёш йигит ёки қизга ёрдам бериб қолар? |
Сўз санъати ва сўз қадри ҳақидаги фикрларингиз ...
|
Цитата:
Бу ақл маъноларига яна нима деб қўшимча қила олардик? Ҳар бир ёзувчи асарининг умри айнан шу маъноларга қанчалик амал қилганлиги билан, бошқачароқ айтсак, сўз санъатини қай даражада эгаллагани билан ўлчанади. Сўз санъаткори мартабасига етган ёзувчиларнинг асарлари асрлар чегарасини билмайди. Тарих сабоғи, устозлар сабоғи бизга шундан далолат бериб турибди. Афсус шуки, биз сўз сеҳрига баъзан етарли аҳамият бермаймиз. Сўз жилвасини унутамиз, сўзнинг асл маъносини тўғри фаҳм этмаймиз ёки эътиборсизлик қиламиз. Бундай камчилик каминада ҳам бор. Мисол учун, “Шайтанат”нинг бир ерида “басир кўзлар очиларми?” деган жумлани ёзибман. Ҳолбуки, “басир” – кўзи очиқ одамдир. “Сўқир” демоқ ўрнига, хаёлим чалғибми, шундай ёзибман. Муҳаррир ҳам бунга эътибор қилмабди. Албатта, бу хатоликни кейинги нашрда тузатдим. Аммо ўзини ёзувчи деб билгувчи одам бундай хато қилишга ҳақсиздир. Суҳбатимиз баҳонасида мен китобнинг биринчи нашрини ўқиган муҳлислардан узр сўрайман. Тоғам Мирзакалон Исмоилий сўз қадрига ғоят эътиборли устоз эдилар. Сўзнинг мағзини чақа олувчи сўз сеҳргарларидан эдилар. Машқларимни кўрсатганимда асосан нотўғри ишлатилган сўзлар учун танбеҳ эшитардим. Бир куни оддийгина қилиб: “Қуёш нур сочарди”, дейиш ўрнига “Шамсиянинг ўткир тиғлари”, деб ўзимча “зўр”, “шоирона” жумла ёзибман. -“Шамсия” нима, биласанми?-деб сўрадилар тоғам. -Биламан, қуёш,-дедим. -Қуёш – шамс, “шамсия” эса русчасига “зонтик” дегани... Тоғам бадиий асарда “ва” боғловчисини ишлатишга қарши эдилар. “Ва” арабларда ишлатилади. Ўзбек тилида, айниқса жонли сўзлашув тилида ҳеч ким “ва”ни қўлламайди”, дердилар. Тоғам Чўлпонни устоз деб билардилар. Асарларида Чўлпонга ҳос латифлик билан сўз гавҳарларини терардилар. Ҳатто таржима асарларида ҳам сўзга жиддий эътибор берардилар. Маънони қуруқ кўчирмай, жумланинг, иборанинг ёки мақолнинг ўзбекча шаклини топардилар. “Анна Каренина” ни, айниқса “Чолиқуши”ни ўқиганда таржима асарлиги билинмайди. |
Ёзувчи асарларига бўлиб ўтган воқеаларни асос қилиб оладими?
|
Цитата:
|
Текущее время: 05:53. Часовой пояс GMT +5. |
Powered by vBulletin® Version 3.8.5
Copyright ©2000 - 2025, Jelsoft Enterprises Ltd. Перевод:
OOO «Единый интегратор UZINFOCOM»